асосий менюАсосий менюМахсус бўлимларҚўшимча бўлимАмал мавсуми |
асосий қисм
Иймондандир пайғамбарни яхши кўрмоқлик!2810 марта кўрилган Бисмиллаҳир роҳманир роҳим «Пайғамбар мўминларга ўзларидан ҳам якинроқ – ҳақдорроқдир...» (Аҳзоб сураси: 6) «Сизларнинг бирингиз, мен унга отасидан, фарзандидан ва барча одамлардан кўра суюклироқ бўлмагунимча мўмин бўла олмайди» (Бухорий ва Муслим) Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва салламни яхши кўрмоқ вожибдир. Аллоҳ Таолога ҳамду санолар, Пайғамбаримиз Муҳаммад Мустафо соллаллоҳу алайҳи ва салламга, аҳлибайт ва саҳобалари ҳамда уларнинг тобиинларига дуруду салавотлар бўлсин! Сўнгра... Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва салламни яхши кўриш диннинг аслидандир. Зеро, киши у зот соллаллоҳу алайҳи ва салламни ўз фарзанди, ота-онаю, ака-укаси ҳамда аёлидан балки, ҳаммадан кўра яхшироқ кўрмас экан, у ҳақиқий мўмин бўла олмайди. Аллоҳ Таоло айтади: «(Эй Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва саллам), айтинг: ″Агар ота-оналарингиз, болаларингиз, ака-укаларингиз, жуфтларингиз, қариндош-уруғларингиз ва касб қилиб топган мол-дунёларингиз, касод бўлиб қолишидан қўрқадиган тижоратларингиз ҳамда яхши кўрадиган уй-жойларингиз сизларга Аллоҳдан, Унинг Пайғамбаридан ва Унинг Йўлида жиҳод қилишдан суюклироқ бўлса, у ҳолда то Аллоҳ Ўз амрини (яъни, азобини) келтиргунича кутиб тураверинглар. (Зеро), Аллоҳ бундай итоатсиз қавмни ҳидоят қилмас». (Тавба: 24) Уламолар ушбу оятнинг шарҳида айтадилар: «Ушбу оят у зот соллаллоҳу алайҳи ва салламни яхши кўрмоқ лозим ва фарз эканига далил ва ҳужжатдир. Яна, бу оятда у зот соллаллоҳу алайҳи ва салламга бўлган муҳаббат жуда ҳам буюк иш эканига ҳамда у киши мана шу муҳаббатга ҳақли эканликларига далолат бордир. Зеро, Аллоҳ Таоло мол-дунёсини, аёл ва фарзандларини У Буюк Зот ва Унинг расулидан маҳбуброқ кўрган кишига: ″у ҳолда то Аллоҳ Ўз амрини (яъни, азобини) келтургунича кутиб тураверинглар″— деб, ваъид қилди, кейин, оятнинг охирида уларга фосиқлик билан ҳукм этиб, улар гумроҳлар эканликларини, У Зот уларни ҳидоят этмаслигини эълон килди». Аллоҳ Таоло айтди: «Пайғамбар мўминларга ўзларидан ҳам якинроқ – ҳақдорроқдир». (Аҳзоб: 6). Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам дедилар: «Мўмин киши борки, дуёю-охиратда мен унга ўзидан ҳам яқинроқ – ҳақдорроқман, хоҳласангиз: ″Пайғамбар мўминларга ўзларидан ҳам яқинроқ – ҳақдорроқдир″ оятини, — ўқинглар». (Бухорий ривояти) Яна айтадилар: «Сизлардан бирор киши, мен унга отаси, боласи ва барча кишилардан кўра суюклироқ бўлмагунимча, мўмин бўла олмайди». (Бухорий ривояти) Яна айтдилар: «Жоним қўлида бўлган Зотга қасамки, бирортангиз мен унга дадасидан ва боласидан кўра маҳбуброқ бўлмагунимча мўмин бўла олмайди». (Бухорий ривояти) Абдуллоҳ ибн Ҳишом розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади, у киши айтади: «Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва саллам билан бирга эдик у зот соллаллоҳу алайҳи ва саллам Умар ибн Хаттоб розияллоҳу анҳунинг қўлларини тутуб турардилар. Шунда Умар: ″Эй Расулуллоҳ, албатта сиз менга ўзимдан бошқа барча нарсадан кўра суюклироқсиз″, — дедилар. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам дедилар: ″Йўқ, эй Умар! Жоним қўлида бўлган Зотга қасамки, мен сизга ўзингиздан ҳам кўра маҳбуброқ бўлмагунимча″. Шунда Умар: ″Ҳозирданоқ, Аллоҳга онт ичаманки, сиз менга ўзимдан кўра суюклироқсиз!″. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам дедилар: ″Эй Умар! Ана энди″». Ибн Ҳажар раҳимаҳуллоҳ дедилар: ″Яъни, эндигина билдингиз бас, лозим – вожиб бўлган нарсани сўзладингиз, эй Умар!″. (Бухорий ва Фатҳулборий) Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтадилар: «Уч нарса борки, кимда мавжуд бўлса, у киши иймон ҳоловатини топибди. Аллоҳ Таоло ва Унинг расули у кишига иккисидан ўзга ҳамма нарсадан кўра суюклироқ бўлса. Бирор кишини яхши кўрса, Аллоҳ Таоло учунгина яхши кўрса. Муртад бўлиб кофирликка қайтишни дўзахга ташланишни ёмон кўргандек ёмон кўрса». Ибн Ражаб ҳанбалий раҳмаҳуллоҳ айтдилар: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламни яхши кўрмоқнинг даражаси иккидир. Яхши кўришнинг биринчи даражаси фарз бўлиб, у пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва саллам Аллоҳ Таоло ҳузуридан олиб келган нарсаларни қабул қилиб, уни розилик, таъзим ва таслим билан олишни, у зотнинг йўлларидан ўзга йўллардан умуман ҳидоят талаб қилмасликни, Парвардигорлари томонидан етказган нарсаларда у зотга гўзал суратда эргашишни, наҳй этган ҳаром нарсалардан сақланишни ва динларига нусрат этиб ҳамда қудрати етганича у зотга хилоф қилганларга қарши жиҳод қилишни тақозо этади. Ушбулар килиниши зарур бўлган амаллардир, буларсиз иймон баркамол бўла олмайди. Яхши кўришнинг иккинчи даражаси фазилатдир яъни, суннат. Бу эса, у зотдан чиройли намуна олишни, ибодатларидаги суннатларига ҳамда ейиш-ичиш, кийиниш ва аёлларига кўрсатган гўзал муомаларидаги покиза ва комил одобларига эргашишни тақозо этади». (Нафаҳоту риёзилқудс: 34, 35-саҳифа) Ҳуматли ўқувчи, энди Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг саҳобалари у зотни қай даражада севиб, ардоқлаганларига далолат қиладиган баъзи бир ривоятларни келтириб ўтмоқчимиз. «Алий ибн Абий Толиб розияллоҳу анҳудан: ″Сизларнинг Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламга бўлган муҳаббатинглар қай даражада бўлган эди?″ — деб, сўралганида: ″Аллоҳга қасамки, у зот соллаллоҳу алайҳи ва саллам бизларга мол-дунёмиз, бола-чақамиз, ота-оналаримиз ва ташналигимизда даркор бўлган муздек сувимиздан кўра маҳбуброқ эдилар″— деб, жавоб берган эканлар». (Шарҳуш-шифо) «Анас ибн Молик розияллоҳу анҳу айтадилар: ″Мадина аҳли Уҳуд жанги воқе бўлган куни (Уҳуд) атрофини айланишди. Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва саллам ўлдирилдилар деган хабар тарқалиб, ҳатто бу ҳақда Мадина атрофида ҳам миш-мишлар кўпайиб кетган эди. Ансорийлар аёлларидан бирлари белига камар боғлаб, Уҳуд томон йўл олди. Йўлда учраганлар унга: ўғли, отаси, эри ҳамда акасининг вафотидан,—хабар бердилар. (Биринчи бўлиб қайси бирининг хабарини эшитганини билмайман, дейди Анас) Уларнинг (жуссалари) олдидан ўтганда, уларни кўриб: булар кимлар,—деб сўради. Булар: отанг, аканг, эринг ва ўғлинг,— деб жавоб берилди унга. У эса: Расулуллоҳ нима қилдилар?!— деб сўради. Мана у зот олдингдалар деб, уни Расулуллоҳга рўбарў қилишди. Шунда у Расулуллоҳнинг этакларидан тутиб: ″Сизга ота-онам фидо бўлсин эй Расулуллоҳ! Сиз саломат экансиз, ҳар қандай қийинчиликни парвойимга келтирмайман″ ва яна бир ривоятда: ″Сиз бор экансиз, барча мусибат (менинг учун) енгилдир″, — деди″». (Ибн Ҳишом ва Ибн Касир) Саҳобайи киромлар – ҳаммаларидан Аллоҳ рози бўлсин – молу-жонларига Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламни ҳоким қилиб қўйган эдилар. Яъни улар молу-жонларини Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламга фидо қилган эдилар. Улар: ″Эй Расулуллоҳ! Мана бу мол-мулкимиз ҳузурингизда, уни сизга фидо қилдик, хоҳлаганингиздек тасарруф қилинг! Жонимизни сизга нисор айлаганмиз, бизни агар денгизга олиб борсангиз кирамиз унга, олдингиз, ортингиз ва ўнгу-чапингизда туриб жанг қилишга тайёрмиз″,— дер эдилар. (Равзатулмуҳиббийн). Уларнинг бу даражадаги фидоийликлари у зот соллаллоҳу алайҳи ва салламга бўлган қаттиқ муҳаббатларининг ифодасидир. Ҳурматли ўкувчи, суҳбатимизга хотима ўлароқ қўйидаги сўзларни айтмоқчимиз: ″Юқорида айтиб ўтилган сўзлардан Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг пайғамбарликларига иймон келтирган мўмин-мусулмон кишига у зотни яхши кўрмоқлик вожиб экани маълум бўлади. Яхши кўришнинг мантиқий тушунчаси шундан иборат; киши бировни яхши кўрса, унинг ҳам муҳаббатини қозонишга ҳаракат қилмоқлигидир. Демак, бизнинг ҳам Расулуллоҳни яхши кўрамиз деган даъвойимиз бўлса, у зотнинг муҳаббатларини қозонишга ҳаракат қилмоғимиз шарт. Биз қачонки, Аллоҳ Таоло Ўзигина шериксиз яккаю-ягоно маъбуди барҳақдир, Ундан ўзга ибодатга ҳақли ҳеч ким, ҳеч нарса йўқдир деб эътиқод қилиб, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг суннатларига эргашиб, бидъату-хурофотларнинг ҳар қандай туридан йироқ бўлиб, у зот Аллоҳ Таоло томонидан олиб келган рисолатлари – ислом динига амал қилиб ҳаёт кечирсак, бир сўз билан айтганда чин мусулмон бўлиб яшасак у зот ҳам албатта бизни яхши кўрадилар ва қиёмат куни ўз шафоатларига оладилар. Аллоҳ Таоло ҳаммаларимизни Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг муҳаббат ва шафоъатларига муваффақ айласин!″. ИНТ |