Шанба 23 Ноябрь 2024 | 21 Жумадул-аввал 1446 Ҳижрий-қамарий

асосий қисм

  • lotinchaga
  • +
  • -
  • |

Ота-онага яхшилик килиш

3865 марта кўрилган

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм

Инсонни йўқдан бор қилган ва унга улкан неъматлар берган Аллоҳга беадад ҳамду санолар бўлсин. Пайғамбарларнинг энг шарафлиси Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва салламга, оилалари ва асҳобларига салоту саломлар бўлсин.

Дарҳақиқат, Аллоҳ таоло инсонга ота-онаси билан яхши муносабатда бўлиш ва доим уларга яхшилик қилишни буюрди.

«Парвардигорингиз Ёлғиз Унинг Ўзига ибодат қилишларингизни ҳамда ота-онага яхшилик қилишларингизни амр этди. Агар уларнинг (ота-онангизнинг) бирови ёки ҳар иккиси сенинг қўл остингда кексалик ёшига етсалар, уларга қараб «уф» тортма ва уларнинг (сўзларини) қайтарма! Уларга (доимо) яхши сўз айт! Улар учун меҳрибонлик билан, хорлик қанотини паст тут-ҳокисор бўл ва: «Парвардигорим, мени (улар) гўдаклик чоғимда тарбиялаб-ўстирганларидек, Сен ҳам уларга раҳм-шафқат қилгин», деб (ҳақларига дуо қил)!». («Исро». 23-оят).

Ибн Аббос разияллоҳу анҳумо: «Уларга қараб «уф» тортма ва уларнинг (сўзларини) қайтарма!» оятини шарҳлаб айтадилар: У нафрат сўзидир.

Муқотил айтади: У қўпол, ёмон сўзларни айтиш.

Банда тарбия бериб вояга етказган ота-онасининг меҳрибонлиги ва қийинчиликларини тушуниб етиши учун Аллоҳ азза ва жалла ушбу сўзида хусусан ота-она тарбиясини зикр қилди.

«Парвардигорим, мени (улар) гўдаклик чоғимда тарбиялаб-ўстирганларидек, Сен ҳам уларга раҳм-шафқат қилгин», деб (ҳақларига дуо қил)!».

Аллоҳ таоло инсонга ота-онасининг ҳаққи хусусида шундай деди:

«Фақат Аллоҳ таологагина ибодат қиласизлар, ота-онага, қариндош-уруғ, етим ва мискинларга яхшилик қиласизлар», деб Бани Исроилдан аҳду паймон олганимизни эсланглар».

Ота-онага яхшилик қилиш амалларнинг афзали ва тоатларнинг энг улуғидир!

Абдуллоҳ ибн Масъуд разияллоҳу анҳу айтади: Эй Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам энг афзал амал қайси, деб сўрадим.

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтдилар: «(Энг афзал амал) ўз вақтида ўқилган намоздир».

Ундан кейинчи?- деб сўрадим.

«Ота-онага яхшилик қилиш».

Ундан кейинчи?

«Аллоҳ йўлида жиҳод қилиш», дедилар».

Ота-онага яхшилик қилиш жаннатга олиб борувчи йўллардандир.

Абу Ҳурайра разияллоҳу анҳу айтдилар: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламдан ушбу сўзларни эшитдим: «Хор бўлсин! Хор бўлсин! Хор бўлсин!». Ким эй Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам?- деб сўрашди. «Ким ота-онасининг бирини ёки иккаласини қарилик чоғида топса ва жаннатга кирмаса»,- дедилар. (Яъни ота-онасини қариган чоғларида хизматларини қилиб уларнинг розиликларини олмаса ва оқибатда жаннатга киролмаса).

Ҳасан айтдилар: «(Биррул волидайн яъни, ота-онага) Яхшилик қилиш Аллоҳга маъсият бўлмаган барча нарсада уларга итоат қилмоқдир. Ота-онага оқ бўлиш уларни қарилик чоғида қаровсиз ташлаб қўйиш ва яхшиликдан маҳрум қилмоқдир».

Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам ҳузурларига жиҳод қилиш учун рухсат сўраб келган бир киши қиссасини эсланг. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам сўрадилар: «Ота-онанг тирикмилар?» - Ҳа - деди. Айтдилар: «Сен уларнинг ҳузурларида жиҳод қил — хизматларини қил!».

Ҳар бир инсонга ота-онасига яхшилик қилиш ҳам фарз, ҳам қарздир. Ота-онага яхшилик қилиш, бу ҳеч қачон уларга қарши чиқмаслик, итоатларидан бўйин товламасликдир. Кўпчилик одамлар ота-онасига яхшилик фақат ўзларига ёқадиган ишларда ва хоҳишларига мувофиқ келган ўринларда, деб ҳисоблайди. Ҳақиқат эса тамомила бунинг аксидир. Яхшилик уларнинг ҳавои хоҳишларига хилоф нарсаларда бўлади. Агар уларнинг ҳавои майлларига тўғри келадиган нарсада бўлганида эди, у яхшилик деб номланмасди. Аллоҳ таоло ота-онага яхшилик қилиш ва уларнинг ҳурматларини жойига қўйишга ундади:

«Улар учун, меҳрибонлик билан, хорлик қанотини паст тут-ҳокисор бўл ва: «Раббим, мени (улар) гўдаклик чоғимда тарбиялаб-ўстирганларидек Сен ҳам уларга раҳм-шафқат қилгин» деб (ҳақларига дуо қил)!».

Азиз биродарим:

Ота-онанинг хизматини қилишда, уларнинг розиликларига етишишда сусткашлик қилманг! Балки қуш каби учинг! Хизматларини қилинг ва улар ҳаққига раҳмат ва мағфират тилаб дуолар қилинг! Шунда ҳам ота-онангизнинг ҳақларини тўлиқ адо эта олмайсиз. Лекин Аллоҳ озига қарамай, савоб бериб, унга барака ато этади. Ота-онага яхшилик қилишга Буюк Аллоҳ азза ва жалла тарафидан чақириқ бўлишига қарамасдан, биз қадриятларнинг тартиби бузилганини кўрамиз. Гоҳо биз ошна-оғайниларини ота-онасидан муқаддам қўядиган кимсаларни учратамиз. Баъзилар ота-онага яхшилик қилиш каби фазилати улуғ амалларни тарк этиб, арзимас амалларни қиладилар. Баъзи кишилар ота-онаси қариб қолганида олдиларидан кетиб қолади ёки ота-онасини узоқ-узоқ вақтда бир зиёрат қилади. Кўпинча ота-онасига бақиради ёки қўпол муомала қилади. Айримлар кўча-кўйда динсизларга хушомад қилади-ю, уйида кекса ота-онасига айтгани бир оғиз илиқ сўз тополмайди. Гўё душмани билан урушаётгандек муомалада бўлади. Аллоҳ уларни ислоҳ қилсин!

Бугун динга этиборсизлик ва аёлларнинг ҳукмрон бўлиши сабабли аёлга итоат қилиш ва ота-онадан уни афзал қуйиш кенг тарқалди. Муоз разияллоҳу анҳу айтдилар: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам менга васият қилдилар: «Агар ота-онанг сенга аҳлинг (хотининг)дан ҳам, молингдан ҳам воз кечишингни буюрсалар ҳам, уларга итоат қил!».

Эрини ота-онасига осий бўлишга ва қариндош-уруғчиликни узишга ундайдиган аёлда бирор-бир яхшилик йўқ!!

Абдуллоҳ ибн Умар разияллоҳу анҳумо айтадилар: «Умар разияллоҳу анҳу менинг аёлимни ёқтирмасдилар. Отам менга уни талоқ қил, деб айтдилар. Мен кўнмадим. Умар разияллоҳу анҳу Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам ҳузурларига бориб устимдан шикоят қилдилар. Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам: «Отангга итоат қил», дедилар.

Абу Дардо разияллоҳу анҳу ҳузурларига бир киши келиб деди:

- Онам хотинимни талоқ қилишимни буюряптилар. Абу Дардо айтдилар:

- Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламдан эшитганман: «Ота-она жаннат дарвозаларининг ўртасидирлар. Агар хоҳласанг бу дарвозани йўқ қиласан ёки сақлаб қоласан». Киши ота-онасига ўз роҳат-фароғатидан кечиб бўлса-да яхшилик қилади, итоат этади. Ким бахт-саодатни истаса, жаннатнинг дарвозаларини бузиб ташламасин. Энди ким Охиратини дунёсига алмаштирса ва ўткинчи ҳаётни афзал билса, у жаннат дарвозасини бузиб ташлайверсин. Юқоридаги ҳукмга кўра агар аёл хулқи ёмон ва итоатсиз бўлса, ота-она ундан ажралишга буюрсалар, фарзанд итоат қилиши лозим. Аммо аёли яхши бўлса, ота-онаси мустаҳкам диндор бўлмасалар, келиннинг диндорлиги туфайли талоқ қилишга буюрсалар, ўғил улар билан чиройли муомала қилади, хизматларини қилади аммо аёлини талоқ қилмайди. Аллоҳдан қўрқадиган муслима эрини ота-онасига яхшилик қилишга ундайди. У мана шу ишда Аллоҳдан савоб умид қилади. Ота-онага яқин бўлиш, уларнинг хизматларини қилиш улкан бойлик ва чиройли хулқлардандир.

Мужоҳид айтадилар: Агар ота боласини ураман деб қўл кўтарса, бола отасининг қўлини қайтармасин. Ким ота-онасига ҳўмрайиб қараса уларга яхшилик қилмабди. Ким уларга (Оллоҳга ва уларга осийлик қилиш билан) ғам келтирса, оқ бўлибди.

Азиз биродар!

Ота-онага оқ бўлишдан эҳтиёт бўлинг. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтадилар: «Уч нарса билан кишининг амаллари унга фойда бермайди. Аллоҳга ширк келтириш, Ота-онага оқ бўлиш, душман бостириб келганда урушдан қочиш». Жуҳайма разияллоҳу анҳу Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам ҳузурларига келиб:

- Эй Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам мен жиҳод қилишни истаб, сиздан маслаҳат сўраб келдим- деб айтди:

- Онанг борми?- дедилар.

- Ҳа- деди.

- Онанг билан бирга бўл. Чунки жаннат унинг оёғи остидадир- деб айтдилар.

Бир киши Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам ҳузурларига келиб деди: Эй Расулуллоҳ, ҳижрат қилиш учун сизга байъат бергани келдим. Лекин ота-онамни йиғлаган ҳолда қолдирдим. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтдилар: «Қайтгин ва уларни қандай йиғлатган бўлсанг, шундай қулдиргин». Бошқа лафзда: «Сен улар олдига қайтиб бориб йиғлатганингдек қулдирмагунингча сендан байъат олмайман».

Бишр ибн Ҳорис айтади: «Бола онасига ҳатто онаси унинг нафасини сезиб турадиган ҳолатда яқин бўлиши Аллоҳ азза ва жалла йўлида қиличи билан жиҳод қилишидан афзал. Ота-она хизмати ҳар қандай ишдан яхшидир. Қатодадан ривоят қилинади, бир кишининг онаси унга фақат фарз намозларини ўқи ва фақат Рамазон рўзасини тут, деб қасам ичирди. Айтдилар: Онасига итоат қилади! Чунки онага итоат қилиш нафл ибодатлардан муқаддам туради.

Ҳишом ибн Ҳассон айтди: Ҳасанга айтдим: Мен кечаси Қуръондан таълим оламан. Онам кечқурунги овқатда мени кутиб қоладилар. Ҳасан айтдилар: Кечқурунги овқатни онанг билан егин. Чунки онанг билан бирга бўлиб, хурсанд қилишинг сенга нафл ҳаж қилишингдан яхшидир: Ибн Умар разияллоҳу анҳумо онасини елкасида кўтариб Каъба атрофини тавоф қилаётган кишини кўрдилар. У киши айтди: Эй Ибн Умар, мен онамнинг ҳаққини адо қилдимми? Ибн Умар айтдилар: «Туғишдаги тўлғоқларидан биттасининг ҳаққини ҳам адо қилганинг йўқ. Лекин сен яхши иш қиляпсан. Аллоҳ озига ҳам кўп ажр-савоб беради.

Азиз биродар: Агар сизга биров бир ёки икки бор яхшилик қилса, сиз уни мақтаб, яхшиликларини эслаб юрасиз. Ота-онангизга эса фақат итоатсизлик ва қўпол муомала билан жавоб берасиз. Сиз уларнинг инкор қилиб бўлмайдиган яхшиликлари эвазига нима қилдингиз?! Субҳаналлоҳ!!! қалб шунчалар қаттиқ, шунчалар яхшиликдан узоқми?!

Азиз биродар:

Биз бирор фарзанд отаси ёки онасини йўқотганда касал бўлиб қолганини кўрмаганмиз? Ёқуб алайҳис-салом қиссаларини эсланг. Ўғиллари Юсуфдан айрилишлари уларга қандай таъсир қилди.

«Ғам-алам ютавериб у зотнинг кўзлари оқарди. (Ожиз бўлиб қолди)». («Юсуф» сураси, 84-оят).

Ота-онага оқ бўлишга уларни йиғлатиш, ҳафа қилиш, узоқ вақтда бир зиёрат қилиш, саломатликлари ва моддий ҳолатларига эътибор бермаслик каби ишлар киради. Шунингдек болаларнинг Аллоҳга итоат қилмаслиги ва мункар ишларга берилиши ҳам киради. Чунки бу ишлар ота-онага ёмон таъсир қилади. Кўпинча фарзандлар қўзга кўринган мансабларга ва молу-дунёга эга бўлганларида шундай оқ-падарликни қиладилар.

Бир киши Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам ҳузурларига келиб деди:

- Ё Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам! Инсонлар ичида менинг чиройли муомаламга ким ҳақлироқ? Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: «Онанг»- дедилар.

- Кейинчи?

- «Онанг».

- Кейинчи?

- «Онанг».

- Кейинчи?

- «Отанг».

Ибн Баттол айтади: Она уч нарсада отадан фарқланиб, афзал туради: Болани қорнида кўтариш қийинчилиги, тўлғоқ азоби ва эмизиш машаққати. Онанинг отадан муқаддам қўйилишида етук ҳикмат бор. Она ўзини боқадиган, яхшилик ва уни парвариш қиладиган кишига муҳтождир. Чунки у заифа, касби йўқ, эътибор ва раҳм-шафқатга муҳтождир.

Муҳтарам биродар:

Ота-она дунёдан ўтганларидан кейин уларнинг ҳақларига раҳмат ва мағфират сўраб дуо қилиш, уларнинг васиятларини бажариш, шунингдек улар номидан садақа қилиш ва уларнинг қариндош-уруғлари билан алоқа қилиш фазилатли ишлардандир. Бир ансорий Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламдан сўради: Эй Расулуллоҳ, мен ота-онамга улар бу дунёдан ўтиб кетганларидан кейин қандай яхшилик қилишим мумкин? Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтдилар: Тўрт ҳислат бор: Уларнинг ҳақларига дуо қилиш ҳамда истиғфор сўраш, аҳдларини бажариш, уларнинг дўстларини ҳурмат қилиш, ота-онанг яхшилик қиладиган кишиларга яқинлик-қариндошчилик қилиш. Мана шу ишлар сенга вафотларидан кейин ҳам улар учун қила оладиган яхшиликлардир.

Ёш биродарим:

Сиз учун Аллоҳ тарафидан, Аллоҳ азза ва жалла китобидан, Пайғамбари соллаллоҳу алайҳи ва саллам суннатларидан васият:

- Ота-онангиз ёнингизда эканида, соч-соқоллари оқариб, беллари букилиб, қўл-оёқлари қалтираб, қийинчилик билан туриб, машаққат билан ўтириб, ҳасталиклар уларга кела бошлаганда сиз уларга хушмуомaлада бўлинг. Улар учун молингиз ва кучингизни сарфлашда бахиллик қилманг. Улар билан ҳаётингизни чиройли суратда ўтказинг.

Эй Аллоҳим менинг ва ота-онамнинг гуноҳларини кечиргин! Уларга биз тарафимиздан яхши мукофoтлар бергин! Аллоҳим уларнинг даражаларини юқори қил. Қадр қимматларини олий эт. Уларга биз тарафимиздан етган солиҳ амалларни гуноҳларини ўчирувчи ва даражаларини кўтарувчи қилгин. Аллоҳим уларга Пайғамбарлар, сиддиқлар ва шаҳидлар билан бирга Олий Фирдавсни маскан қил. Пайғамбаримиз Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва саллам ва оилалари ва саҳобаларига салоту салом йўлла!