асосий менюАсосий менюМахсус бўлимларҚўшимча бўлимАмал мавсуми |
асосий қисм
Ўлим5181 марта кўрилган الشيخ محمد حسان في رحاب الدار الآخرة Охират ҳовлиси силсиласи Шайх Муҳаммад Ҳассон Барча ҳамду санолар Аллоҳга хосдир. Биз Унга ҳамд ва истиғфор айтамиз, Ундан ёрдам ва ҳидоят сўраймиз, нафсимизнинг шумлигидан ва амалларимизнинг ёмонлигидан Унинг Ўзидан паноҳ сўраймиз. Аллоҳ ҳидоят қилган кимсани адаштирувчи, адаштирган кимсани ҳидоят қилувчи йўқдир. Мен ягона, шериксиз Аллоҳдан ўзга ҳақ илоҳ йўқ ва Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва саллам Унинг бандаси ва элчисидир деб гувоҳлик бераман. «Эй мўминлар, Аллоҳдан ҳақ-рост қўрқиш билан қўрқинглар ва фақат мусулмон бўлган ҳолларингда дунёдан ўтинглар!» (Оли Имрон: 102). «Эй инсонлар! Сизларни бир жондан яратган ва ундан жуфтини вужудга келтирган ҳамда у икковидан кўп эркак ва аёлларни тарқатган Роббингиздан қўрқингиз! Яна ораларингиздаги савол-жавобларда ўртага номи солинадиган Аллоҳдан қўрқингиз ва қариндош-уруғларингиз (билан ажралиб кетишдан қўрқингиз)! Албатта Аллоҳ устингизда кузатувчи бўлган зотдир» (Нисо: 1). «Эй мўминлар, Аллоҳдан қўрқинглар, тўғри сўзни сўзланглар! (Шунда Аллоҳ) ишларингизни ўнглар ва гуноҳларингизни мағфират қилур. Ким Аллоҳга ва Унинг пайғамбарига итоат этса, бас у улуғ бахтга эришибди» (Аҳзоб: 70, 71). Аммо баъд... Умр жуда тез ўтиб кетади.. Кўпчилик унинг ўтиб кетганини сезмай, ғафлатда ҳам қолади! Ҳа.. Кимдир дунёга келмоқда.. Кимнидир тупроққа топширмоқдалар.. Бировлар келиб, бошқа бировлар кетмоқда!! Инсонлар ҳаёти худди денгиз тўлқинларига ўхшайди.. Тоғдек улкан тўлқин шовуллаганича келиб, қирғоққа урилади-да, кучи қирқилиб, аста қумга сингиб кетади.. Унинг ортидан яна бири.. Кейин яна бири.. Шу зайлда давом этаверади. Ёки уни тўхтамай оқиб турган дарё оқимига ҳам ўхшатаман. Сув бир хилда оқиб туради.. Бироқ, ҳозир кўриб турган сувингиз бир лаҳза олдин кўрган сувингиздан бошқа сув бўлади.. Бир кун келиб, бутун мавжудот ҳаёти албатта поёнига етади.. Барча одамизот Аллоҳ азза ва жалла ҳузурига тўпланади. «Албатта, Аллоҳ ғолибдир ва (У) ер бошқа ерга, осмонлар (ўзга осмонларга) айланиб қоладиган ҳамда (барча одамлар) ёлғиз ва қудратли Аллоҳга рўбарў бўладиган Кунда (Қиёматда) интиқом олувчидир» (Иброҳим: 48). Ваъз-насиҳат услуби билан илмий асослаш ўртасини, таъсирли воқеа-ҳодисалар билан манҳажийлик ўртасини ўзида бирлаштирган ушбу муҳим илмий силсила бўйлаб мен аввало ўз нафсимни, қолаверса умматимни айни шу ҳақиқатдан огоҳ қилишни истадим. Хусусан, моддапарастлик ва шаҳватларга муккасидан кетиш авж олган, жуда кўп инсонлар Парвардигори олам тоатидан четланиб кетган, диллардан қўрқув йўқолиб, ҳамма ёқни гуноҳ тоғлари ўраб олган бу замонда ажабмаски, уммат бундан таъсирланса... Бугун ўз нафсини сарҳисоб қилган, алдоқчи ҳаёт ҳақиқатидан воқиф бўлиб, охиратдаги ҳақиқий ҳаётга ҳозирланган оқил инсонга жаннат бўлсин. Охират ҳовлиси ҳақидаги бу сўзлар фақат ақлларга тааллуқли қуруқ маълумот олиш ёки совуқ зеҳний билимга эга бўлиш учунгина эмас! Охират кунига иймон келтириш иймон рукнларидан бир рукн бўлиб, усиз кишининг иймони яроқли бўлмайди. Шак-шубҳасиз, охират кунига бўлган иймон ҳақиқати банданинг қалбидан жой олса ва у ўзининг албатта бир куни – «Номаи аъмолингни ўқи! Бугун ўз нафсинг ўзингга қарши етарли ҳисобчидир» (Исро: 14) деб айтиладиган кунда Аллоҳ таоло ҳузурида туришини аниқ билса, бу иймон ва билими уни ҳаётда Аллоҳ ва Расулининг манҳажида устувор ва бардавом бўлишга ундайди. Ўлим ҳақидаги сўз билан бошланиб, жаннат васфи билан ниҳоясига етувчи ушбу муборак силсила имкон қадар мухтасар шаклда, ҳодисалар тартибига риоя қилинган ҳолда бўлишига ҳаракат қилдим. Ҳадислар ва асарлардан фақат саҳиҳ бўлганларига чекландим. Тўғриликка муваффақ бўлган бўлсам, ёлғиз Аллоҳдан. Агар хато, камчилик ва унутишлар содир бўлган бўлса, ўзимдан ва шайтондандир. Мен устидан сизлар юриб, жаннатга ўтиб оладиган, ўзи эса жаҳаннамга улоқтириладиган кўприк бўлиб қолишдан Аллоҳдан паноҳ тилайман. Кейин Аллоҳни эслатувчи бўлганим ҳолда, ўзим Уни эсдан чиқаришдан Унинг Ўзидан паноҳ сўрайман. Ушбу амалимни Унинг розилигига етказувчи холис амал қилишини ва барчамиздан солиҳ амалларимизни мақбул айлашини Аллоҳдан сўрайман. Пайғамбаримиз Муҳаммад ибн Абдуллоҳга ва у зотнинг аҳлу асҳобига Аллоҳнинг саловоту саломлари бўлсин. Абу Аҳмад Муҳаммад ибн ҲассонЎлимЗўравонларнинг бўйинларини ўлим билан хорлаган Аллоҳга ҳамду санолар бўлсин.. Ҳукмдорларнинг орзуларига ўлим билан чек қўйган, уларни ўлим сабабли қасрлардан қабрларга, саройлар ёруғидан мозорлар ёриғига, қиз-жувонлар қучоғидан қурт-қумурсқалар ўчоғига, маишатлар лаззатидан тупроғу лойлар ваҳшатига кўчирган Аллоҳга мақтовлар бўлсин. Гувоҳлик бераманки, бир Аллоҳдан ўзга барҳақ маъбуд йўқ, У ёлғиздир, шериги йўқдир.. Қиёмат куни барча халқлар фанога йўлиққач: «Мен Подшоҳман.. Мен Жабборман.. Мен Мутакаббирман.. Мен Ғолибман..», деб хитоб қилади.. Сўнгра: «Бугун подшоҳлик кимники?!», деб сўрайди ва Ўзи: «Ягона ва Қудратли Аллоҳники!» деб жавоб беради. Уни поклайман.. Иззат ва қудрат Эгасини поклайман.. Мулк ва малакут Эгасини поклайман.. Бутун махлуқотига фано ва йўқликни битган, Ўзи эса ўлмас Барҳаёт Зотни поклайман.. Гувоҳлик бераманки, набийимиз ва ҳабибимиз Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва саллам Унинг бандаси ва элчисидирлар.. Халқлари ичидан танлаб олган софийи ва халилидирлар.. Омонатни адо этдилар, рисолатни етказдилар, умматга холис насиҳат қилдилар, Аллоҳ у зот сабабли зулматларни ёритди, Парвардигорларининг чорловига лаббай дедилар, Унинг жарчиларига ижобат этдилар. Эй Парвардигор! Ўзинг у зотга зиёда саловот ва саломлар йўлла, баракотлар ато эт. Қалбларини Унинг Ўзи мунаввар қилиб қўйди.. Номларини улуғ қилиб қўйди.. Хатоларини Унинг Ўзи аритди.. Барча халқларидан афзал ва ортиқ қилиб қўйди.. Ҳар бир ишларида Ўзи поклади.. Барчасидан сўнг Ўзи унга: «(Эй Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва саллам), ҳеч шак-шубҳасиз, сиз ҳам ўлувчидирсиз, улар хам ўлувчидирлар» (Зумар: 30) деб хитоб қилди.. Эй Парвардигор! Ўзинг у зотга, аҳлу асҳобига ҳамда то қиёмат у зотнинг йўлларига йўлланган, суннатларини тутган, изларидан эргашган кишиларга тўхтовсиз саловоту саломлар йўллагин. Аммо баъд... Севикли дўстларим, барчангиз даврамизга хуш келибсиз, қадамингизга ҳасанотлар бўлсин. Аллоҳ таолодан юзларингизни ёруғ қилишини, қалбларингизни очишини ва дилларингизни поклашини, сизу биздан солиҳ амалларни қабул қилишини, барчамизни дунёда Ўзининг тоатида ва охиратда пайғамбарлар саййиди билан бирга Ўзининг жаннатида жамлашини сўрайман. Зотан, У бунга қодирдир. Аллоҳ йўлидаги дўстларим! «Охират ҳовлиси силсиласи»Ваъз услуби билан илмий асослаш ўртасини, таъсирли воқеа-ҳодисалар билан манҳажийлик ўртасини ўзида бирлаштирган ушбу муҳим илмий силсила ўлим билан бошланиб, жаннат билан ниҳоясига етади. Мавзунинг аҳамиятидан келиб чиқиб, сизлардан бутун диққат-эътиборингизни қаратишингизни сўрайман. Аллоҳ таоло ушбу силсилага кирувчи воқеа-ҳодисалар занжирини ёритиб беришга Ўзи муваффақ қилсин, ушбу амалимизни Ўзининг ризосига етказувчи холис амал қилсин. У бунинг эгаси ва бунга қодирдир. Аллоҳ таолодан барчамизни сўзларни эшитиб, яхшиларига эргашадиган кишилардан қилишини сўрайман. Аллоҳ йўлидаги дўстларим! Ушбу силсилани ўлим ҳақидаги сўз билан бошлайман. Зеро, ўлим бу узоқ сафарнинг бошланишидир. Азиз дўстларим! Аллоҳ субҳанаҳу ва таоло бизларни яратишидан бўлган ғояни баён қилиб, айтади: «Мен жин ва инсни фақат Ўзимга ибодат қилишлари учунгина яратдим» (Ваз-зарият: 56). Бизлар учун синов ва имтиҳон ҳовлиси қилган бу дунё ҳақиқатини баён қилиб, дейди: «Билингларки, бу ҳаёти дунё фақат (бир нафаслик) ўйин-кулги, зеб-зийнат, ўрталарингиздаги ўзаро мақтаниш ва мол-дунё ҳамда фарзандларни кўпайтиришдир, холос. (У) худди бир ёмғирга ўхшарки, унинг (ёғиши сабабли униб чиққан) ўт-ўлани деҳқонларни хайратга солиб (ақлларини банд қилиб қўюр). Сўнгра у қурир, бас уни сарғайган ҳолда кўрурсиз. Сўнгра у қуруқ чўп бўлиб қолур. (Ҳаёти дунёнинг ҳоли ҳам шундан ўзга эмасдир). Охиратда эса (ўша тўрт кунлик дунёга алданиб қолганлар учун) қаттиқ азоб ва (иймон-эътиқод билан ўтганлар учун) Аллоҳ томонидан мағфират ва ризолик бордир. Ҳаёти дунё эса фақат алдовчи матодир» (Ҳадид: 20). Имом Термизий Саҳл ибн Саъд ас-Соидий розияллоҳу анҳудан ривоят қилган саҳиҳ ҳадисда Муҳаммад мустафо соллаллоҳу алайҳи ва саллам ушбу ҳақиқатни таъкидлаб, айтганлар: «Агар дунёнинг Аллоҳ ҳузурида бир искаптопар қанотича қиймати бўлганида, кофирга ундан бир қултум сув ҳам ичирмас эди» (Термизий: №2321, Ибн Можа: №2410, Саҳиҳул-жомиъ: №5292). Дунё Аллоҳ наздида жуда ҳақирдир, уни мўминга ҳам, кофирга ҳам баробар бераверади. Агар дунёнинг Аллоҳ ҳузурида бир искаптопар қанотича қиймати бўлганида, кофирга ундан бир қултум сув ҳам ичирмас эди. Шунинг учун Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам асҳобларини бу ўткинчи дунёга суяниб қолмасликка васият қилардилар. Бу ҳақда Абдуллоҳ ибн Умар розияллоҳу анҳумога васият қилганларидек: «Дунёда бир ғариб ёки йўловчидек бўлгин». Абдуллоҳ ибн Умар розияллоҳу анҳумо айтардилар: «Кун ботса, тонгни кутма (яъни, тонггача яшайман деб ўйлама). Тонг кирса, кеч бўлишини кутма. Касалликдан олдин соғлигингни, ўлимингдан олдин ҳаётингни ғанимат бил». Шеър мазмуни:
Аллоҳнинг хўп оқил бандалари бор,
Дунёни талоқ қилдилар ва фитналардан қўрқдилар. Дунёга боқиб, унинг тириклар учун ватан эмаслигини билдилар, Уни тўлқин билиб, солиҳ амалларини кемага айлантирдилар. Ҳа, оқил ва зийрак зотлар бу дунё ҳовлиси ҳақиқатини англаб етдилар ва унда экиб-тикдилар, ҳосилини эса охиратда йиғиштириб олдилар.. Қуръон ва Суннатда дунёни айблаб келган сўзлар унинг замонини, яъни кеча ва кундузини айблаш маъносида эмас. Аллоҳ таоло эслатма-ибрат олмоқчи бўлган, ёки шукр қилмоқчи бўлган кишилар учун кеча ва кундузни бир-бирининг ўрнини босувчи қилиб қўйгандир. Қуръон ва Суннатда дунёни айблаб келган сўзлар унинг маконига, яъни ерга ҳам тааллуқли эмас. Чунки, Аллоҳ таоло ерни одамзот учун маскан ва қароргоҳ қилиб қўйган. Қуръон ва Суннатда дунёни айблаб келган сўзларни Аллоҳ таоло бу дунёга жойлаб қўйган яхшиликлар ҳақида деб ҳам ўйламанг. Зотан, ушбу яхшиликларни – само, дов-дарахт ва ўт-ўланлар, анҳору-булоқлар, хазиналар ва денгизларни Аллоҳ таоло ўз бандалари ва барча махлуқоти учун ноз-неъмат сифатида яратиб қўйган. Қуръон ва Суннатда келган айбловлар бу дунёда Парвардигор жалла ва ало ҳаққига қилинадган барча гуноҳу маъсиятларга тегишлидир. Демак, шундай экан, барчамиз, хусусан толиби илмлар ва даъват аҳли зеҳнларида ушбу ҳақиқат қарор топмоғи лозим. Чунки, кўпинча бу дунё ҳаётидаги зуҳд моҳиятини тушунишда бироз чалкашликка йўл қўйилади. Биз бирон кишини ҳам бу дунёдан умидсизлантиришни истамаймиз, дунё ишлари билан машғул бўлувчи кишини пайғамбарлар, солиҳлар ва авлиёлар йўлидан тажовуз қилдинг, деб асло айбламоқчи ҳам эмасмиз. Йўқ! Асло ундай эмас! Аксинча, дунё охират учун экинзордир деймиз. Алий ибн Аби Толиб розияллоҳу анҳу айтганларидек: «Дунё унга нисбатан ростгўй бўлган кишига ростгўйлик ҳовлисидир, ундан озуқа олувчи киши учун ғанийлик ҳовлисидир, уни яхши тушунган киши учун неъматлар ҳовлисидир. У Аллоҳнинг ваҳийси нозил бўлган ўриндир, унда пайғамбарларининг намозгоҳлари мавжуд. У Аллоҳнинг дўстларининг тижоратгоҳидир, улар унда раҳматни фойда қилиб олдилар ва жаннатни топдилар». Ушбу ҳақиқатни яхши англаб олмоқ лозим. Чунки, кўпчилик биродарлар дунё ҳақида сўзлаган пайтларида уларнинг сўзларидан дунёда неъмат соҳиби бўлган ҳар қандай одам хорликка гирифтор бўлган ва жарликка қулаган деган маъно чиқади. Бундай дейиш ярамайди, бу чуқур ўйланмай айтилган гап бўлиб қолади. Дунё охират экинзоридир. «Саҳиҳайн»да Анас розияллоҳу анҳудан ривоят қилинган ҳадисда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтганлар: «Қай бир мусулмон киши бирор кўчат ўтқазаркан ё экин экаркан, ундан бирон киши еса ҳам, қуш ё жонивор еса ҳам, у учун садақа (яъни, садақа қилганлик савоби) бўлади» (Бухорий: №2320, Муслим: №1553). Демак, дунё моҳияти ҳақидаги бу ҳақиқатни чуқур англаб олиш зарур, токи бу фоний дунёдан ҳақиқий қароргоҳимиз бўлмиш охират ҳовлисига саломат кўчиб олайлик. Қарор ҳовлисига етиб олиш учун албатта ўткинчи ҳовлидан юриб ўтишдан бошқа чора йўқ. Дунё ўтиш ҳовлиси, охират қарорланиш ҳовлисидир. Дунё манзилга етиб олиш учун миниб кетиладиган аравадир, ўрнашиб қоладиган жой эмас. Дунё фано ҳовлиси, бақо диёри эмас. Бу дунёда эккан экинимизнинг ҳосилини охиратда йиғиштириб олишимиз учун ушбу ҳақиқатни яхши англаб олмоқ зарурдир. Эй дўст, бу ҳақиқатларни яхши тушуниб олинг ва бу дунё ҳаёти вақтинчалик ва муҳлати белгиланган ҳаёт эканини унутманг. Бир кун албатта у ниҳоясига етади, муддат битади.. Солиҳлар ҳам ўлади.. Толиҳлар (ёмонлар) ҳам ўлади.. Мужоҳидлар ҳам ўлади.. Панада ўтирганлар ҳам ўлади.. Ақида билан юксалганлар ҳам ўлади.. Инсонларга бўйин эгиб ўтганлар ҳам ўлади.. Хорликка қарши бош кўтарган содиқ ва мухлис инсонлар ҳам ўлади.. Нима қилиб бўлмасин, яшаб қолишга ҳарис бўлган қўрқоқлар ҳам ўлади.. Улкан ҳиммат ва юксак ғоялар эгалари ҳам ўлади.. Арзон ва енгил-елпи ҳаётни ихтиёр этган пасткаш ва тубан кимсалар ҳам ўлади.. Ҳамма ўлади. Аллоҳ таоло айтади: «(Ер) юзидаги барча жонзот фонийдир. Буюклик ва карам соҳиби бўлган Парвардигорингизнинг юзи — Ўзигина боқий мангу қолур» (Ар-раҳмон: 26-27). Ушбу ҳақиқат қалбда ва ақлда мустаҳкам қарор топиши зарур. У замон ва маконлар аро ҳар бир фикрловчи инсоннинг ақлига ва ҳар бир эшитувчининг қулоғига эълон қилиб, бақо фақат абадий тирик ва ўлмас Зот учун эканини англатиб турувчи ҳақиқатдир. У бутун башарият ҳаётини еру осмонлар Парвардигорига қуллик бўёғи билан бўяйдиган ҳақиқатдир! У – унинг шарбатини пайғамбарлар ва солиҳлар ҳам, золимлар ва осийлар ҳам бирдек тотувчи бўлган ҳақиқатдир! У – сиз билан бизга ҳар лаҳзада Абадий Барҳаёт зотнинг ушбу сўзларини эслатиб турувчи ҳақиқатдир: «Ундан ўзга барҳақ илоҳ йўқдир. Барча нарса ҳалок бўлувчидир, магар Унинг Ўзигина (мангудир). Ҳукм Унинг (ҳукмидир), Ва (барчаларингиз) ёлғиз Унга қайтарилурсизлар» (Қасас: 88). Севикли дўстим! Ушбу ҳақиқатни мудом ёдда тутинг ва асло ғофил бўлманг. Чунки, Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва саллам уни кўп эсга олишга буюрганлар. Термизий, Насоий, Байҳақий, Ҳоким ва бошқалар Ибн Умар ва Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳумдан ривоят қилган саҳиҳ ҳадисда у зот айтганлар: «Лаззатларни кесувчини кўп эсга олинглар!». «Лаззатларни кесувчи нима, ё Расулуллоҳ?» деб сўралганда: «Ўлим», деб жавоб берганлар (Саҳиҳул-жомиъ: №121, Насоий: 1/258, Термизий: 2/50, Ибн Можа: 2/4258, Ибн Ҳиббон: №2559, Ҳоким: 4/321 ва бошқалар ривояти). У – Аллоҳ таоло Ўзининг Қуръонида ҲАҚ-РОСТ деб атаган ҳақиқатдир: Аллоҳ таоло айтади: «Мана ўлим мастлиги (яъни жон чиқар пайти) ҳаққи-рост (етиб) келди. (Эй инсон), бу (ўлим) сен қочувчи бўлган нарсадир. (Қайта тирилишга даъват қилувчи) Сур ҳам чалинди.— Бу (кофирларга азоб) ваъда қилинган Кундир! — Ва ҳар бир жон ўзи билан бирга (уни маҳшаргоҳга) ҳайдовчи (бир фаришта) ва (унинг қилиб ўтган амалларига) гувоҳлик берувчи (бир фаришта) бўлган ҳолда келди. (Эй инсон), аниқки, сен бу (оғир Кун)дан ғафлатда эдинг. Бас, Биз сендан пардангни (яъни мана бу Қиёмат Куни ҳақидаги шак-шубҳаларингни) очиб юбордик. Энди бу Кун сенинг кўзинг жуда ўткирдир» (Қоф: 19-22). Ла илаҳа иллаллоҳ! Аллоҳу акбар! Аллоҳу акбар!Албатта, ўлимнинг мастлиги бордир. Биласизми, ушбу сўзларни оламлар Парвардигорининг ҳабиби бўлган зот ўлим тўшагида ётган пайтларида айтганлар?! Имом Бухорий Оиша розияллоҳу анҳодан ривоят қилади: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам кўкрагимга (бош қўйган ҳолларида) вафот этдилар. Мен Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламни (ўлим ҳолатида) кўрганимдан сўнг ҳеч кимга ўлим аччиғини кариҳ кўрмайман» (Бухорий ва Аҳмад ривоятлари). «Саҳиҳул Бухорий»да Оиша розияллоҳу анҳодан ривоят қилинишича, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг олдиларида бир риквада (яъни теридан қилинган идишда) сув бор эди, у зот қўлларини сувга тиқиб, уни юзларига суртиб туриб: «Ла илаҳа иллаллоҳ, албатта, ўлимнинг мастлиги бордир», дердилар. (Саҳиҳ, «Ал-мишкот» (5959), Бухорий ва Аҳмад ривоят қилганлар). Раҳмоннинг суюклиси бўлган зотки ўлим мастлигини тотган бўлсалар, бизнинг аҳволимиз нима бўларкин?! Термизий ривоятида: «Албатта, ўлимнинг мастликлари бордир. Албатта, ўлимнинг гирдоблари (ёки ғафлатлари) бордир», деганлар. Бир ривоятда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам Аллоҳга дуо қилиб: «Эй Аллоҳ, ўлим мастликларида Ўзинг менга ёрдам бергин», деганлар. «Мана ўлим мастлиги (яъни жон чиқар пайти) ҳаққи-рост (етиб) келди...». Ўлим мастлиги нима, биласизми?! Ўша лаҳзаларда, ўлим мастлиги келган лаҳзаларда қайғу-алам зиёдалашади, аҳвол оғирлашади.. Эй одам фарзанди! Ўлим тўшагида ётган пайтингизда ётган хонангизга шайтон кириб келади.. Уни бир ўзингиз кўрасиз, бошқалар кўрмайди.. Шайтон бош томонингизга ўтириб, сизни ихлос калимасидан адаштиришга, «ла илаҳа иллаллоҳ» айтишдан тўсишга уринади. Сизга: «Яҳудий бўлиб ўл, шу энг яхши дин» дейди, «Насроний бўлиб ўл, шу энг яхши дин» дейди. Уламолар бунга Имом Муслим Жобир розияллоҳу анҳудан ривоят қилган ҳадиснинг бош қисмини далил қилиб келтирадилар. Унда шундай дейилади: «Албатта, шайтон одамзотнинг ҳар бир ишида ҳозир бўлади...». Одамзотга ўлим тўшагида ётган пайтида динларни таклиф қилиниши ҳақидаги масалани Шайхулислом Ибн Таймия раҳимаҳуллоҳдан сўралганда шундай жавоб берганлар: «Айрим одамларга ўлимидан олдин динлар кўндаланг қилинади, айримларга ҳеч нарса кўндаланг қилинмайди... Лекин, бу Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва саллам қуйидаги сўзларида ундан паноҳ тилашимизга буюрган фитналардан саналади: «Эй Аллоҳ, мен Сендан қабр азобидан, жаҳаннам азобидан, тириклик ва ўлим фитнасидан, Масиҳ Дажжол фитнасидан паноҳ тилайман». (Бухорий: №1377, Муслим: №588). Шайтон сизни «Ла илаҳа иллаллоҳ»дан тўсиш учун ўлимингиз олдида ҳузурингизга етиб келиши ҳам ўлим фитналаридан биридир. Бу ҳам жуда катта балодир, бу ҳам одам фарзанди учун жуда катта мастликлардан биридир, ва ла ҳавла ва ла қуввата илла биллаҳ. Аҳли суннат имоми Аҳмад ибн Ҳанбал ўлим тўшагида ётганларида ёнларига шайтонлар келиб, ана шундай сўзларни айтишган экан. Ўғиллари Абдуллоҳ айтади: «Отамнинг вафоти яқинлашган пайт эди.. Қарасам, ўзини билиб-билмай ётган ҳолатида қўллари билан ишора қилиб: «Йўқ ҳали, йўқ ҳали», деяётган экан.. Ўлим мастлиги аро бироз ўзига келган пайт ундан: «Отажон! Нима деяпсиз? Йўқ ҳали, йўқ ҳали, деётган экансиз. Нима бўлди?», деб сўрадим... Шунда у: «Эй ўғлим, шайтон бармоқларини тишлаганича бошим устида ўтириб олиб, менга: «Эй Аҳмад! Агар бугун қўлимдан чиқиб кетсанг, кейин менга бошқа фурсат бўлмайди», дер, шунда мен унга: «Йўқ ҳали, йўқ ҳали, то ла илаҳа иллаллоҳ билан вафот этгунимча», деётган эдим», дедилар. Агар содиқ мўминлардан ва холис муваҳҳидлардан бўлсангиз, шайтон ҳузурингизга келганида оламлар Парвардигорининг Ўзи сизни собитқадам қилади, олдингизга сизга далда бериб, саботли бўлишингизга ёрдам берувчи фаришталарни туширади. Бу ҳақда Бухорий ва Муслим Бароъ ибн Озиб розияллоҳу анҳудан ривоят қилган саҳиҳ ҳадис мавжуд. Мен ҳадисни қуйироқда тўлиғича келтираман. Ҳозир эса мавзуга тааллуқли жойини келтириш билан кифояланаман. Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтадилар: «Мўмин ўлим тўшагида ётаркан, ҳузурига юзлари офтобдек, оқ юзли фаришталар келади. Улар билан бирга жаннат кафанлари ва жаннат хушбўйликлари бўлади. Улар мўмин банданинг кўзи илғар ерга келиб ўтирадилар. Кейин ўлим фариштаси келиб, унинг бош тарафига ўтиради ва унинг пок руҳига хитоб қилиб: «Эй покиза жон, мақтовли ҳолда чиқ, роҳат-фароғат ва ноз-неъматлар билан, сендан рози бўлган ва ғазаб қилмайдиган Парвардигор билан хушхабарлан», дейди. Шунда мўминнинг жони идиш оғзидан сув оқиб чиққани каби осон ва енгил чиқиб келади. Фаришталар уни ўлим фариштаси қўлида бир лаҳза ҳам қолдирмасдан қабул қилиб оладилар, сўнг уни олиб, Аллоҳ азза ва жалла ҳузурига кўтариладилар...». (Муттафақун алайҳ, Бухорий (№1369, 4699), Муслим (№2870), Абу Довуд (3231), Насоий (4/97). Шундай, азиз дўстларим... «Аллоҳ иймон келтирган кишиларни ҳаёти дунёда ҳам, охиратда ҳам устивор Сўз (иймон калимаси) билан собитқадам қилур. Золимларни эса Аллоҳ (ҳақ) йўлдан оздирур. Аллоҳ Ўзи хоҳлаган ишни қилур» (Иброҳим: 27). Муваҳҳидлар учун бўлган ушбу башоратни Аллоҳ таоло Ўзининг Қуръонида қуйидагича нозил қилган: «Албатта: «Парвардигоримиз Аллоҳдир», деб, сўнгра (ёлғиз Аллоҳга тоат-ибодат қилишда) тўғри — устивор бўлган зотларнинг олдиларига (ўлим пайтида) фаришталар тушиб, (дерлар): «Қўрқманглар ва ғамгин бўлманглар. Сизларга ваъда қилинган жаннат хушхабари билан шодланинглар! Бизлар ҳаёти дунёда ҳам, охиратда ҳам сизларнинг дўстларингиздирмиз. Сизлар учун (жаннатда) кўнгилларингиз тилаган нарсаларингиз бордир ва сизлар учун у жойда истаган нарсаларингиз бордир. (Бу) мағфиратли ва меҳрибон зот томонидан бўлган зиёфатдир»» (Фуссилат: 30-32). Аллоҳ таоло айтади: «Аллоҳ иймон келтирган кишиларни ҳаёти дунёда ҳам, охиратда ҳам устивор Сўз (иймон калимаси) билан собитқадам қилур» (Иброҳим: 27). Ибн Аббос розияллоҳу анҳумо айтади: «Устивор сўз – дунё ҳаётида ҳам, охиратда ҳам «ла илаҳа иллаллоҳ» калимасидир». Аллоҳ таоло айтади: «Мана ўлим мастлиги (яъни жон чиқар пайти) ҳаққи-рост (етиб) келди...» (Қоф: 19). Ўлим мастлиги ҳаққи-рост етиб келди. Ҳақ шуки, сиз ўласиз, ёлғиз Аллоҳ таоло абадий ўлмаяжакдир.. Ўлим мастлиги ҳаққи-рост етиб келди. Ҳақ шуки, сиз ўлимингиз пайтида раҳмат фаришталарини ёки азоб фаришталарини кўзингиз билан кўрасиз.. Ўлим мастлиги ҳаққи-рост етиб келди. Ҳақ шуки, қабрингиз жаннат боғларидан бир боғга, ё эса дўзах чоҳларидан бир чоҳга айланади.. «(Эй инсон), бу (ўлим) сен қочувчи бўлган нарсадир».. Бу сен қўрққан нарсадир... |