асосий менюАсосий менюМахсус бўлимларҚўшимча бўлимАмал мавсуми |
асосий қисм
Насия савдо ва пул алмаштириш ҳақида3805 марта кўрилган Маълум муддатга (насияга) ёки бўлиб-бўлиб тўлаш (кредит) баробарига тузиладиган байМаълум муддатга ёки пулини бўлиб-бўлиб тўлаш муқобилига тузиладиган байга шариат томонидан рухсат берилган. Бироқ бу турдаги бай билан муомала юритадиган кишининг мақсади молдан (товардан) фойдаланиш ёки савдогарчилик қилиш бўлмоғи керак. Аммо унинг мақсади фақат пулга эришиш бўладиган бўлса, муомала макруҳ саналади. Масалан, бир молни маълум муддатга аста-секин тўлаш шарти билан бир кишидан сотиб олиб, сўнг уни бошқа кишига нақд пулга арзон баҳога сотиб юборади. Унинг бу олди-соттидан мақсади фақатгина пулга эришиш бўлиб, уни фуқаҳолар тилида “таварруқ”[1] деб номланади. Шайхул-ислом Ибн Таймия айтадилар: «Дарҳақиқат унинг (яъни таварруқнинг) макруҳлиги борасида ихтилоф қилинган. Аҳмад ибн Ҳанбал раҳимаҳумаллоҳ (ундан ривоят қилинган икки қавлнинг бирида) таварруқни кариҳ кўрган. Умар ибн Абдулазиз ҳам шу фикрда бўлиб «Таварруқ рибонинг иниси (укаси), бошқа ривоятда эса рибонинг асли» деб айтган. Бу амалнинг макруҳлиги қувватлироқ». Бўлиб-бўлиб тўлаш шарти билан тузиладиган бай (байъут тақсит) туфайли ҳосил бўладиган ортиқча маблағ, тўлаш учун берилган муддат муқобилида (баробарида) бўлиб унинг ҳеч қандай зарари йўқ. Мисрдаги «Дорул ифто» томонидан нашр этилган фатволар китобида қуйидагилар келтирилган: «...насия байи, яъни молни белгиланган баҳога бир неча муддат ўтгандан сўнг тўлаш шарти билан тузиладиган бай ҳам жоиз байлардан деб эътибор қилинган. Бинобарин шариат бўйича байда пулни ўша заҳоти тўлаш ҳам мумкин ёки маълум муддатга кечиктирилса ҳам бўлаверади.» Саудиядаги фатволар идораси нақд байни маълум муддатга узайтириш ёки бўлиб-бўлиб тўлаш сабабли қўшиладиган зиёда пулнинг ҳукми ҳақида қуйидагича жавоб берган: Агар маълум муддатга белгиланган бай шариат нуқтаи назарида мумкин бўлган шартларни ўз ичига олган бўлса, шак-шубҳасиз бу бай жоиз. Шунингдек пулни бўлиб-бўлиб тўлашнинг ҳам зиёни йўқ. Фақат тўланадиган пулларнинг миқдори ва уларнинг муддатлари аниқ маълум бўлиши лозим. Аллоҳ таоло айтади: ﴿ يَا أَيُّهَا الَّذِينَ آمَنُواْ إِذَا تَدَايَنتُم بِدَيْنٍ إِلَى أَجَلٍ مُّسَمًّى فَاكْتُبُوهُ ﴾ «Эй мўминлар, бир-бирларингиз билан (маълум муддатга) қарз муомаласини қилсангиз, ёзиб қўйинглар!».[2] Ибн Аббос розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: عَنْ ابْنِ عَبَّاسٍ رَضِيَ اللَّهُ عَنْهُمَا قَالَ قَالَ النَّبِيُّ صَلَّى اللَّهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ مَنْ أَسْلَفَ فِي شَيْءٍ فَفِي كَيْلٍ مَعْلُومٍ وَوَزْنٍ مَعْلُومٍ إِلَى أَجَلٍ مَعْلُومٍ (رواه البخاري) Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтдилар: «Кимда-ким бирон нарса учун олдиндан ҳақ тўлаб қўйган бўлса, ўлчови, вазни ва муддати маълум нарсада ҳақ тўласин».[3] Ҳадисда келган «Барира» қиссаси ҳам юқоридаги сўзимизга далил бўла олади. Қиссада Барира исмли чўри аёл ҳар йили бир уқийя (12 дирҳамга тенг) бериш муқобилига ўзини ўзи хўжайинидан тўққиз уқийяга сотиб олган. Бу ҳам бўлиб-бўлиб тўлаш байи деб аталади. Уни Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва саллам инкор этмаганлар.[4] Ушбу муомалада пул молнинг нақд баҳосига тўғри келсин ёки қўшиб белгиланган муҳлат сабабли ундан кўра ортиқроқ бўлсин, унинг фарқи йўқ. Аллоҳ тавфиқ ато этгувчи зотдир. Савол: Битта қўйни иккита ёки учта қўй эвазига, йигирма йил ёки ундан ҳам кўпроққа насияга сотса бўладими? Жавоб: Нақд турган ҳайвонни бир ёки бир нечта ҳайвонга хоҳ яқин, хоҳ узоқ муддатга бўлиб-бўлиб тўлаш билан бўлса ҳам, насияга сотиш жоиз. Фақат бўлиб-бўлиб тўланганда тўловни аниқ белгилайдиган сифатлар билан таъйинлаш лозим. Тўланадиган ҳайвон хоҳ сотилган ҳайвоннинг жинсидан, хоҳ бошқасидан бўлсин, бунинг аҳамияти йўқ. Чунки Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва саллам бир туяни иккита садақа-закот туясига (яъни садақа туялари келганда бериш шарти билан) сотиб олганлар».[5] Бўлиб-бўлиб тўлаш (кредит) байига тегишли муҳим нуқталарБиринчи: Агар кредитга бирон нарса сотиб олсангиз, унинг пули зиммангизда қарз бўлиб қолади. Ана шундан кейин сотувчининг «Агар кредитни ўз вақтида тўламасангиз қарзга яна фоиз қўшилади» деб айтиши ножоиз. ﴿ يَا أَيُّهَا الَّذِينَ آمَنُواْ لاَ تَأْكُلُواْ الرِّبَا أَضْعَافًا مُّضَاعَفَةً وَاتَّقُواْ اللّهَ لَعَلَّكُمْ تُفْلِحُونَ a وَاتَّقُواْ النَّارَ الَّتِي أُعِدَّتْ لِلْكَافِرِينَ وَأَطِيعُواْ اللّهَ وَالرَّسُولَ لَعَلَّكُمْ تُرْحَمُونَ ﴾ «Эй мўминлар, (берган қарзларингизни) бир неча баробар қилиб олиш билан судхўрлик қилмангиз! Аллоҳдан қўрқингиз! (Шунда) шояд нажот топгайсиз. Кофирлар учун тайёрлаб қўйилган дўзахдан қўрқингиз. Аллоҳ ва пайғамбарига итоат қилингиз. Шояд Аллоҳнинг раҳматига мушарраф бўлсангиз».[6] Агар сиз ночор ҳолга тушиб қолсангиз, қўлингизга қарзни ўтайдиган миқдорда пул тушгунига қадар, у кутиб туриши лозим. Аммо сизнинг ночорлигингиз шу даражага бориб етсаки, унда ўша олинган нарсани сотиб қарзни тўлаш керак бўлиб қолса, ўша нарса сотилгандан кейин ҳақдорга қолган ҳаққини берилади, холос. Баъзилар қарздор қарзини ўташдан ожиз бўлиб қолса, дарҳол унга сотган нарсасини бутунлай тортиб олади, гарчи унинг қиймати қолган ҳаққидан кўп бўлса ҳам. Бу иш дуруст эмас, бу бировларнинг молини ҳаром йўл билан ейишдир. У ўз ҳаққини олиб қолганини қарздорга бериши керак. Иккинчи: Айрим кишилар орага товар киритиш йўли билан ҳийла қилишга уринишади, уларнинг асл мақсадлари ўн сўм бериб ўн икки сўм олиш бўлади. Улар ўзича гўё молни насияга сотгандек бўлишади. Аммо бу қилган ишлари пулни пулга сотишдан ўзга нарса эмас. Шайхул-ислом Ибн Таймия раҳимаҳуллоҳга савол беришди: Бир киши бировдан минг дирҳам пулни бир йилга бир минг икки юз дирҳам қилиб қайтариб бериш шарти билан сўради-да унга минг дирҳамга от ёки газлама сотди ва ундан ҳалиги молни насияга бир минг икки юз дирҳамга сотиб олди. Мана шу иши жоизми? Жавоб: Йўқ. Бу саҳобалар ва уламолар жумҳурининг иттифоқи билан ҳаром қилинган рибодир. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг суннатлари ҳам бунга очиқ далолат қилади. Бир киши ипак сотиб, сўнгра ўша ипакнинг ўзини бир дирҳам ошиғига насияга сотиб олган экан. Ана шу киши ҳақида Абдуллоҳ ибн Аббосдан сўрашди. У киши: «Дирҳамлар билан дирҳамлар (олди-сотди қилиниб) орага ипак киритиб қўйилибди», деб жавоб берибдилар. Ушбу саволни Анас ибн Моликдан сўраганларида, у киши: «Бу Аллоҳ ва Расули ҳаром қилган амаллардан», деб айтган эканлар. Оиша розияллоҳу анҳо Зайд ибн Арқам билан шунга ўхшаш савдо қилган аёлга: «Жуда ҳам ёмон олди-сотти қилибсан. Зайдга айтиб қўй, агар у тавба қилмаса, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам билан бирга қилган жиҳодини бекор қилибди», деган эканлар. Демак, кишининг мақсади дирҳамларни дирҳамлар билан насияга айирбошлаш (олди-сотди қилиш) бўлса, ниятига яраша рибо бўлади. Пулни сотиш ёки алмаштиришПулни ўз жинсидан бошқа жинсда бўлган пулга қўлма-қўл топшириш шарти билан сотиш мумкин. Шунинг учун бир Америка долларини ҳозирда 40 қирғиз сўмига ёки ундан озроғи ёки кўпроғига қўлдан-қўлга айнан топшириб сотиш мумкин. Чунки бу бир жинсни ўзидан бошқа бир жинсга сотиш деб эътибор қилинади. Ном жиҳатидан бир хил бўлиш асл ҳақиқатнинг турлича бўлгани учун ҳеч қандай таъсирга эга эмас. Алмаштириш ҳам сотишнинг бир тури. Пул алмаштиришнинг дуруст бўлиши учун ўша ернинг ўзида пуллар қўлдан-қўлга ўтиши шарт. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламдан ривоят қилинган қуйидаги ҳадис бунга далил бўлади. Молик ибн Авс раҳимаҳуллоҳ айтадилар: عَنْ مَالِكِ بْنِ أَوْسِ بْنِ الْحَدَثَانِ أَنَّهُ قَالَ أَقْبَلْتُ أَقُولُ مَنْ يَصْطَرِفُ الدَّرَاهِمَ فَقَالَ طَلْحَةُ بْنُ عُبَيْدِ اللَّهِ وَهُوَ عِنْدَ عُمَرَ بْنِ الْخَطَّابِ أَرِنَا ذَهَبَكَ ثُمَّ ائْتِنَا إِذَا جَاءَ خَادِمُنَا نُعْطِكَ وَرِقَكَ فَقَالَ عُمَرُ بْنُ الْخَطَّابِ كَلَّا وَاللَّهِ لَتُعْطِيَنَّهُ وَرِقَهُ أَوْ لَتَرُدَّنَّ إِلَيْهِ ذَهَبَهُ فَإِنَّ رَسُولَ اللَّهِ صَلَّى اللَّهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ قَالَ الْوَرِقُ بِالذَّهَبِ رِبًا إِلَّا هَاءَ وَهَاءَ وَالْبُرُّ بِالْبُرِّ رِبًا إِلَّا هَاءَ وَهَاءَ وَالشَّعِيرُ بِالشَّعِيرِ رِبًا إِلَّا هَاءَ وَهَاءَ وَالتَّمْرُ بِالتَّمْرِ رِبًا إِلَّا هَاءَ وَهَاءَ (رواه مسلم) Талҳа ибн Убайдуллоҳ розияллоҳу анҳу Умар ибн Хаттоб розияллоҳу анҳунинг ҳузурларида экан. Мен келиб: «Ким (динор-олтинимни) дирҳамга (яъни кумушга) алиштириб беради?», деб сўраган эдим, Талҳа: «Олтинингни бизга бер, хизматчимиз келгач кумушингни берамиз», деди. Шунда Умар розияллоҳу анҳу айтдилар: «Йўқ! Аллоҳга қасамки, ё унга кумушини берасан, ё эса олтинини қайтариб берасан. Чунки, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: «Олтинни кумушга сотиш рибо бўлади, магар ҳа'a ва ҳа'a (яъни, ҳар иккиси бир бирига буни ол, буни ол, дейиш маъносида – қўлма-қўл) бўлсагина (рибо бўлмайди), буғдойни буғдойга сотиш рибодир, магар ҳа'a ва ҳа'a бўлсагина (рибо бўлмайди), арпани арпага сотиш рибодир, магар ҳа'a ва ҳа'a бўлсагина (рибо бўлмайди), хурмони хурмога сотиш рибодир, магар ҳа'a ва ҳа'a бўлсагина (рибо бўлмайди), деб марҳамат қилганлар.»[7] Демак, бировга сўм бериб долларни эртага ёки бирон соатдан кейин оламан, дейиш ҳам, ёки берасан дейиш ҳам дуруст бўлмайди. Гарчи у омонатдор киши бўлса ҳам. Албатта ўша ерда ва ўша вақтнинг ўзида олди-берди қилмоқ даркор. Уламолар олди-соттининг бу турини шарҳлашар экан шундай деганлар: агар сарроф (пул олди-соттиси билан шуғулланувчи) мижоздан пулни олиб унга берадиган алмаштирилаётган пулни олиб келиш учун дўконининг нариги бурчагида турган хизона (сейф) га бориб келса (гарчи икки-уч қадам бўлса ҳам) рибо бўлади деганлар. Чунки бунда олди сотти қўлма-қўл бўлмади. Аммо турган ерида мижоздан пулни олиб чўнтагига солиб, бошқа чўнтагидан алмаштирилаётган пулни чиқариб берса дуруст. Ибн Қудома раҳимаҳуллоҳ айтадилар: «Сарф (яъни пул айирбошлаш) пулларни ўзаро бир-бирига сотиш демакдир. Унинг тўғри бўлиши учун муомала жойида олди-берди қилиш уламолар ўртасида ихтилофсиз шарт қилинган». Ибнул Мунзир раҳимаҳуллоҳ айтадилар: «Аҳли илмлар орасида биз билган барча олимлар иттифоқ қилишганки: Пул алмаштирмоқчи бўлган кишилар олди-берди қилмасдан ажралиб кетишса, шак-шубҳасиз муомала фосид (бузилган) бўлади.» Шу ўринда бугунги кунда анча долзарб бўлган яна бир масалани айтиб ўтсак; ўзга юртда ишлаб юрган бир киши оила аъзоларига пул юбормоқчи бўлиб банкка бориб 1000$ берса, банк бу пулни сўм ҳолида унинг оила аъзоларига маълум муддатдан кейин беришини айтса ва бу хизмат учун ҳақ олса, бунинг кўриниши пул айрбошлаш лекин қўлма-қўл бўлмаётганга ўхшайди. Ундай эмас, бу иш тўғри, чунки банк ўша одамдан пулни олиши билан бугуннинг курси-баҳоси билан шунча минг сўм берилади деб фактура ёзиб унинг қўлига беради. Ана шу фактура олинган пул ўрнига ўтади. Пул эса банкнинг зиммасида то етказиб бергунича омонат бўлиб қолади. Ёки маълум муддатдан кейин 1000 доллар берилади деб ёзиб беради ва бунинг эвазига хизмат ҳаққи олади. Унинг бу иши минг бир олиб минг берганга ўхшайди. Аслида эса у шу хизматни қилганига иш ҳаққи олмоқда, холос. Бу иш ҳаққининг % билан белгиланиши муомалага путур еткизмайди. Шунинг учун бу каби муомалаларни қилувчи кишилар ёзма равишда қилсалар шубҳадан йироқ бўладилар. Хулоса қилиб айтадиган бўлсак, ҳар бир иш нийятга боғлиқ, кимнинг нийяти бузуқ бўлса иши ҳам шундай бўлади, кимнинг нийяти тўғри бўлса иши ҳам шундай бўлади. Мақолани ИНТ тайёрлади. [1] Таварруқ истилоҳи-термини арабча “вариқ” кумуш сўзидан олинган. Бу муомалани қилган кишининг мақсади фақат пул-кумушга эришиш бўлгани учун уни “таварруқ” “кумушга эришиш” деб номланган. [2] «Бақара»: 282. [3] Имом Бухорий ривояти. [4] Бухорий ва Муслим ривояти. [5] Ҳоким ва Байҳақий ривояти. [6] «Оли-Имрон»: 130-132 оятлар. [7] Имом Муслим ривояти. |