асосий менюАсосий менюМахсус бўлимларҚўшимча бўлимАмал мавсуми |
асосий қисм
Намоз ва унинг Исломдаги ўрни3237 марта кўрилган Абдулазиз қори ибн Абдулфаттоҳ Барча мақтовлар Аллоҳгагина хос, У зотни мақтаймиз, Ундан мадад сўраймиз, Унга истиғфор айтамиз, Аллоҳдан нафсларимиз ва амалларимиз ёмонлигидан паноҳ тилаймиз. Аллоҳ кимни ҳидоят қилса уни адаштирувчи йўқ, кимни адаштирса уни ҳидоят қилувчи йўқ. Гувоҳлик бераманки, бир Аллоҳдан ўзга барҳақ илоҳ йўқ, У ёлғиз ва шериксиздир. Яна гувоҳлик бераманки, Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва саллам У зотнинг бандаси ва элчисидир. «Эй мўминлар, Аллоҳдан ҳақ-рост қўрқиш билан қўрқинглар ва фақат мусулмон бўлган ҳолларингизда дунёдан ўтинглар!». (Оли Имрон: 103). «Эй инсонлар, сизларни бир жондан (Одамдан) яратган ва ундан жуфтини (Ҳаввони) вужудга келтирган ҳамда у икковидан кўп эркак ва аёлларни тарқатган Парвардигорингиздан қўрқингиз! Яна ораларингиздаги савол-жавобларда ўртага номи солинадиган Аллоҳдан қўрқингиз ва қариндош-уруғларингиз (билан ажралиб кетишдан сақланингиз)! Албатта Аллоҳ устингиздан кузатувчи бўлган Зотдир». (Нисо: 1). «Эй мўминлар, Аллоҳдан қўрқинглар, тўғри сўзланглар! (Шунда Аллоҳ) ишларингизни ўнглар ва гуноҳларингизни мағфират қилур. Ким Аллоҳга ва Унинг расулига итоат этса, у буюк саодатга эришибди». (Аҳзоб: 70, 71). Дарҳақиқат, сўзларнинг энг яхшиси Аллоҳнинг Китоби, йўлларнинг энг яхшиси Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг йўллари, ишларнинг энг ёмони (динда) янги пайдо қилинганидир. (Динда) янги пайдо қилинган ҳар бир иш бидъат, ҳар бир бидъат залолат, ҳар бир залолат дўзахдадир. Аммо баъд... Аллоҳ таоло иймон тармоқлари ва Исломнинг шаръий қонун-қоидалари ичида тавҳиддан кейин намоздан кўра улуғроқ бўлган бирон ишни фарз қилмади. Намоз – иймоннинг энг улуғ бўлаги, Исломнинг тавҳиддан кейинги иккинчи рукни ҳамда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам хабар берганларидек, диннинг устунидир. Аллоҳ таоло уни Ўзининг Китобида «иймон» деб номлади: «Аллоҳ иймонларингизни (яъни, қибла ўзгаришидан аввал ўқиган намозларингизни) зое қилувчи эмас» (Бақара: 143). Ушбу оятнинг нозил бўлиши сабабида айтишларича, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламга қибла ояти (яъни, қиблани ўзгартирилиши ҳақидаги оят) нозил бўлган пайт аср намози вақти кирган пайт бўлиб, у зот ўз масжидларида асрни Каъба томонга қараб ўқидилар. Қибла ояти Қубо аҳлига фақат эртаси тонг пайтида, бамдод намози ўқиб турган пайтларида етиб келди ва улар намозда турган ҳолларида Каъба томонга қараб бурилдилар. Шундан сўнг айрим саҳобаларни ушбу оят келишидан олдинги ўқилган намозлари ва бу оят нозил бўлмасидан туриб вафот этиб кетган кишиларнинг намозлари ҳукми қандай бўларкин, деган савол қийнай бошлади. Шунда Аллоҳ таоло уларнинг ўтган даврда ўқиган намозлари ҳукмини баён қилиб: «Аллоҳ иймонларингизни (яъни, қибла ўзгаришидан аввал ўқиган намозларингизни) зое қилувчи эмас» (Бақара: 143) оятини нозил қилди.[1] Анас розияллоҳу анҳудан ривоят қилинишича, Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг жон таслим қилар онидаги энг сўнгги васиятлари ҳам: «Намозга (маҳкам бўлинглар), намозга (маҳкам бўлинглар), қўлларингиз остидаги (қул-чўрилар) ҳаққида Аллоҳдан қўрқинглар!», деган сўзлар бўлган экан.[2] Абдуллоҳ ибн Аббос розияллоҳу анҳумодан ривоят қилинади: «Умар розияллоҳу анҳуга тиғ уриб, жароҳат етказилгандан сўнг бир неча ансорийлар билан бирга у кишини кўтариб, уйларига олиб кирдик. У киши бехуш ётдилар. Бамдод вақти чиқиб кетишга яқин бўлди, биз: «Намоз ўқимайсизми?, эй амирал муъминийн», деган эдик, кўзларини очиб: «Одамлар намоз ўқиб бўлдиларми?», деб сўрадилар. Биз: «Ҳа», дедик. Шундан сўнг у киши: «Намозни тарк қилувчи кишининг Исломда улуши йўқ», дедилар ва таҳорат олиб жароҳатларидан қон оқиб турган ҳолда намоз ўқидилар.[3] Қаранг, жанобимиз Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам энг оғир ҳолатларида, жон таслим қилар онларида умматларини намозга васият қилдилар, амирул муъминийн Умар ал-Форуқ розияллоҳу анҳу тиғ зарбидан ўзларини билмай ётган, жон чиқишга яқинлашиб қолган ҳолларида ҳам одамлар намоз ўқидиларми, деб сўрадилар ва уларни намозга маҳкам бўлишга васият қилдилар. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг барча асҳобларининг ҳам одатлари ана шундай, намозни улуғлаш эди, улар намозга ғоят қаттиқ аҳамият беришарди, уни Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва саллам хабар берганларидек диннинг устуни санашарди, улар наздида намозсиз дин йўқ ҳисоб эди. Ахир қандай қилиб бу улуғ фарз ибодатига бу қадар эътибор берилмасин, у банда билан Парвардигори ўртасида ягона алоқа воситаси бўлса!? Банда намоз учун турган вақтида Робби азза ва жалла ҳузурида туради. Қиблага юзланганида Аллоҳ таоло унинг рўбарўсида туради. Банда намозда турганида Роббига тасбеҳ ва ҳамду-санолар билан, қироат, рукуъ, сужуд ва зикрлари билан муножот қилади. Намоз банда билан Парвардигори ўртасидаги алоқадир, шу билан бирга у банданинг Парвардигор азза ва жаллага таслим бўлиши ва бўйсуниши белгисидир. Намоз ўз ичига олган барча ҳаракатлар, барча амаллар билан, қироат, рукуъ, сужуд, тасбеҳ, таҳмид ва азкорлар билан Аллоҳ азза жаллага бўлган таслим ва бўйин эгишнинг ёрқин аломатидир. Кимда-ким намозни тарк қилиш билан Аллоҳ азза ва жаллага осий бўларкан, у кимса бу билан Аллоҳ таолога таслим бўлиш ва бўйсунишдан бош тортган бўлади. Ҳолбуки, таслим бўлиш ва бўйсунишсиз иймон ҳам, Ислом ҳам бўлмайди. Аллоҳ таоло айтади: «Ким чиройли амал қилувчи бўлган ҳолида ўзини Аллоҳга таслим қилса, бас у мустаҳкам халқани ушлабди» (Луқмон: 22). Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: «Ислом – қалбингни Аллоҳга таслим қилишинг (топширишинг)дир», деганлар.[4] Иблиси лаинни Аллоҳнинг раҳматидан маҳрум қилган ва Унинг даргоҳидан абадул-абад қувилишга маҳкум этган нарса нима эди?! У Аллоҳ таолонинг Одамга сажда қилиш ҳақидаги буйруғидан бўйин товлаши билан Аллоҳнинг амрига бўйсуниш ва таслим бўлишдан бош тортди. Бўлмасам, Иблиснинг Аллоҳ таолонинг рубубияти ва улуҳиятига бўлган иқрори бекаму-кўст эди, унда бу ҳақда на шак-шубҳа ва на тараддуд бор эди. Лекин, у Аллоҳни ягона деб билгани ва Уни танигани ҳолда, Унинг амрига бўйсунишдан бош тортди, Унинг Одамга сажда қилиш ҳақидаги фармонидан бўйин товлади. Шу билан кофир бўлди, шу билан иблисга айланди, шу билан Аллоҳнинг раҳматидан абадул-абад бадарға қилинди. Ким намозни тарк қилиш билан Парвардигор азза ва жаллага осий бўлса, унинг ҳоли Иблиснинг ҳолидан яхши бўлмайди. Аксинча, у Иблисдан кўра ҳам ёмон аҳволга дучор бўлади. Иблис Одамга сажда қилишдан бўйин товлаши туфайли кофир бўлди. Намозни тарк қилган бу кимса эса Одамнинг Парвардигорига сажда қилишдан бўйин товлаган бўлди. Шунинг учун у Иблисдан кўра ҳам ёмонроқ бўлди. Шунинг учун ҳам саҳоба розияллоҳу анҳумлар маъсиятлардан ҳеч бирини куфр санамаганлари ҳолда, фақат намозни тарк қилишни куфр деб ҳисоблардилар. Абдуллоҳ ибн Масъуд розияллоҳу анҳудан: «Қуръонда намозни кўп зикр қилинганини, «Улар намозларида доим-барқарор бўлувчи зотлардир» (Маориж: 23), «Улар намозларини (нг арконлари, фарзлари ва суннатларини мукаммал қилиб намозларини вақтида адо этиб, қазо бўлишдан) сақловчи бўлган зотлардир» (Маориж: 34), дейилганини кўрамиз?», деб сўраганларида ул зот: «Бу – намозларни ўз вақтида адо қилиш маъносида, улар намозларини вақтида адо қиладилар, деганидир», дедилар. «Эй Абу Абдурроҳман, биз намозни тарк қилиш маъносида, деб, яъни, намозларини адо қиладилар, уларни тарк қилмайдилар, деб тушунар эканмиз», дейишди. Шунда у киши: «Намозни тарк қилиш куфрдир», дедилар.[5] Абдуллоҳ ибн Шақиқ розияллоҳу анҳу айтадилар: «Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг асҳоблари бирон амални тарк қилишни куфр деб кўрмас, фақат намозни тарк қилишни куфр деб санар эдилар».[6] Уларнинг бундай тушунишларини тасдиқлайдиган саҳиҳ ҳадис ворид бўлган, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: «Албатта киши билан куфр ва ширкнинг ўртасида намозни тарк қилиш туради» деганлар.[7] Яна у зот соллаллоҳу алайҳи ва саллам: «Биз билан улар (кофирлар) ўртасини ажратиб турувчи аҳд-паймон намоздир. Ким намозни тарк қилса, шубҳасиз кофир бўлибди», деганлар.[8] Намозни тарк қилиш оқибатида ҳосил бўладиган куфр бошқа баъзи маъсиятлар билан ҳосил бўладиган куфр билан бир хил эмас. Ҳадисларда айрим гуноҳларни куфр деб айтилган. Жумладан, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтганлар: «Мусулмонни сўкиш – фосиқлик, у билан жанг қилиш – куфрдир».[9] «Қуръон ҳақида талашиб-тортишиш куфрдир».[10] «Ким бир мусулмонни кофир деса, иккаласидан бири у (яъни, куфр) билан кетади».[11] «Ким ҳайзли аёлга яқинлик қилса, кофир бўлибди».[12] Намозни тарк қилган кимсанинг куфри ушбу ҳадисларда зикр қилинган маъсиятларни қилган кишининг куфри билан бир хил эмас. Чунки, бу маъсиятлар билан ҳосил бўлувчи куфр кишини диндан чиқармайдиган «куфрун дуна куфр» - яъни, кичик куфрдир. Зеро, мусулмонга қарши жанг қилган ё мусулмонни кофир деган ё Қуръондаги баъзи масалалар хусусида талашиб-тортишган ё ҳайзли аёлга яқинлик қилган киши гарчи, бу билан Аллоҳ таолога осий бўлган ва катта гуноҳни қилган бўлса-да (Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг куфр деб аташлари унинг катта гуноҳлигига далил бўлади), бу одам шу билан диндан чиқиб кетмайди, унинг куфри диндан чиқарувчи катта куфр эмас. Аммо, намозни тарк қилган кишининг куфри диндан чиқарувчи катта куфрдир. Саҳобалар розияллоҳу анҳумнинг тушунчалари ҳам шунга далолат қилади. Улар куфр деб сифатланган юқорида айтилгани каби гуноҳларни диндан чиқариб юборувчи катта куфр деб санамаганлари ҳолда намозни тарк қилувчи кишининг куфрини диндан чиқарувчи катта куфр деб тушунганлар. Уларнинг бу тушунчалари тўғри эканини Аллоҳ азза ва жалланинг Китоби ҳам тасдиқлайди. Зеро, Қуръони каримда намозни тўкис адо этиш ва закотни бериш Исломнинг ва тавбанинг саҳиҳ-яроқли бўлишига белги-аломат қилиб қўйилган. Аллоҳ таоло айтади: «Энди агар тавба қилсалар ва намозни тўкис адо этишиб, закотни (ҳақдорларга) ато қилсалар, у ҳолда диний биродарингиздирлар» (Тавба: 11). Бунинг маъноси шуки, ким намозни тўкис адо этса ва закотни чиқарса, унинг исломи саҳиҳдир, тавбаси саҳиҳдир. Аммо, ким шундай қилмаса, унинг исломи ҳам саҳиҳ эмас, тавбаси ҳам дуруст эмасдир. Аллоҳ таолодан намозларимизни Ўз даргоҳида мақбул айлашини ва барчаларимизни ўзи яхши кўрадиган ва рози бўладиган амалларга муваффақ қилишини сўраймиз. [1] Имом Бухорий «Саҳиҳ»ида «Намоз иймондандир» деб номланган бобда (1/23, №40) ривоят қилган. [2] Аҳмад (3/117), Ибн Саъд «Табақот»да (2/253), Ибн Можа (2697) ривоятлари. [3] Ибн Саъд «Табақот»да (3/350) ва бошқалар саҳиҳ санад билан келтирганлар. [4] Муснад Аҳмад: 4/114, 5/3. [5] Лолакоий «Шарҳ усули эътиқоди аҳлис-сунна вал-жамоа»да (1532-1534) ва Ибн Абдил-Бар «Тамҳид»да (4/23) келтирганлар. [6] Термизий (5/14, №2622) ва бошқалар саҳиҳ санад билан ривоят қилганлар. [7] Муслим «Саҳиҳ»ида (82) ривоят қилган. [8] Аҳмад (5/346), Термизий (5/14, №2621) ва бошқалар ривоят қилган, саҳиҳ ҳадис. [9] Бухорий «Саҳиҳ»ида (48) келтирган. [10] Аҳмад (2/286, 300, 478), Абу Довуд (4603), Насоий (118), Ибн Ҳиббон (1464), Ҳоким (2/243, №2883) ривоят қилганлар. [11] Бухорий (5/2263, 2264, №6103, 6104) ривоят қилган. [12] Термизий (135), Абу Довуд (3904), Ибн Можа (639) ва бошқалар ривоят қилганлар. |