асосий менюАсосий менюМахсус бўлимларҚўшимча бўлимАмал мавсуми |
асосий қисм
Мусибатлар пайтида ўқиладиган қунут дуоси ҳақида4001 марта кўрилган Доктор Юсуф ибн Абдуллоҳ ал-Аҳмад Аллоҳга ҳамду санолар, пайғамбаримизга ва у зотнинг аҳли ва асҳобига ҳамда то қиёматгача уларга яхшилик билан эргашган кишиларга салавоту саломлар бўлсин. Аммо баъд... Ислом уммати ернинг шарқу ғарбида жуда оғир мусибатларга дучор бўлиб турибди. Мусулмон биродарларимизга уларнинг кофир душманлари зиддига ёрдам беришимиз, бошларидан зулм кўтарилиши йўлида уларга мадад кўрсатишимиз, улар ҳақларига дуо қилишимиз биз мусулмонларнинг зиммамизга шаръан вожиб бўлган ишлардан саналади. Ана шундай ҳолларда қилинадиган дуолардан бири мусибатлар пайтида ўқиладиган қунут дуосидир. Ушбу мавзу ғоят муҳим ва зарур мавзулардан бўлгани ҳамда кўпчилигимиз унга тааллуқли ҳукмларни билмаслигимизни назарга олиб, мен унга доир ҳукмларни мўжаз суратда, Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг суннатларида келганидек баён қилиб бериш мақсадида қўлга қалам олдим ва ушбу ҳукмларни қуйидаги кўринишда тартибладим: Биринчи: Мусибатлар пайтида беш вақт намознинг ҳаммасида қунут дуоси ўқиш машруъдир. Бу ҳақда кўплаб ҳадислар келган. Жумладан; 1) Анас ибн Молик розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам Аллоҳ ва Расулига осий бўлган Раъл, Заквон ва Усайя қабилаларини лаънатлаб бир ой қунут ўқидилар» (Муттафақун алайҳ, лафз имом Муслимга тегишли). 2) Анас ибн Молик розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Раъл, Заквон, Усайя ва Бану Лаҳён қабилалари Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламдан ўз душманлари зиддига мадад сўрадилар. У зот уларга етмиш нафар ансорийни мададга юбордилар, биз уларни ўз замоналарида «қорилар» деб атардик. Улар кундузлари ўтинчилик қилиб, тунлари намоз ўқирдилар. Биър Маъуна деган жойга етиб борганларида уларни ўлдирдилар ва уларга хиёнат қилдилар. Бу хабар Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламга етиб келгач, бир ой бамдод намозида арабларнинг Раъл, Заквон, Усайя ва Бану Лаҳён қабилаларини дуои бад қилиб қунут ўқидилар». Анас айтади: «Биз улар ҳақида (нозил бўлган): «Қавмимизга биз ҳақимизда етказинглар, биз Роббимизга йўлиқдик, у биздан рози бўлди, биз ҳам Ундан рози бўлдик» деган Қуръон (оятларини) ўқидик, сўнг (у оятлар) кўтарилди» (Имом Бухорий ривояти). 3) Анас ибн Молик розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Қунут шом ва бамдод намозларида эди» (Имом Бухорий ривояти). 4) Баро розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам бамдод ва шом намозларида қунут ўқидилар» (Имом Муслим ривояти). 5) Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам хуфтон намозининг охирги ракъатида «Самиъаллоҳу лиман ҳамидаҳ» деганларидан сўнг қуйидагича қунут дуосини ўқирдилар: اللَّهُمَّ أَنْجِ عَيَّاشَ بْنَ أَبِي رَبِيعَةَ اللَّهُمَّ أَنْجِ الْوَلِيدَ بْنَ الْوَلِيدِ اللَّهُمَّ أَنْجِ سَلَمَةَ بْنَ هِشَامٍ اللَّهُمَّ أَنْجِ الْمُسْتَضْعَفِينَ مِنَ الْمُؤْمِنِينَ اللَّهُمَّ اشْدُدْ وَطْأَتَكَ عَلَى مُضَرَ اللَّهُمَّ اجْعَلْهَا عَلَيْهِمْ سِنِينَ كَسِنِي يُوسُفَ «Эй Аллоҳим, Айёш ибн Аби Рабиъага нажот бергин. Эй Аллоҳим, Салама ибн Ҳишомга нажот бергин. Эй Аллоҳим, Валид ибн Валидга нажот бергин. Эй Аллоҳим, заиф-бечора мўминларга нажот бер. Эй Аллоҳим, Музорга азобингни қаттиқ қилгин. Эй Аллоҳим, уни Юсуф (даврида бўлган қаҳатчилик) йилларидек кўп йиллар (қаҳатчилик) қилгин» (Имом Бухорий ривояти). 6) Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади, айтдилар: «Мен Набий соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг намозларига ўхшатиб намоз ўқиб бераман». Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳу пешин, хуфтон ва бамдод намозларининг охирги ракъатида «Самиъаллоҳу лиман ҳамидаҳ» деганларидан сўнг қунут дуосини ўқиб, мўминлар ҳаққига дуо қилар ва кофирларга лаънат ўқир эдилар (Муттафақун алайҳ). 7) Ибн Аббос розияллоҳу анҳумодан ривоят қилинади: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам бир ой узлуксиз пешин, аср, шом, хуфтон, бамдод намозларида ҳар намознинг охирги ракъатида «Самиъаллоҳу лиман ҳамидаҳ» деганларидан сўнг Бану Сулаймнинг Раъл, Заквон, Усайя қабилаларига дуоибад қилиб, қунут ўқидилар, орқадагилар «аамийн» деб турардилар» (Абу Довуд, Аҳмад, Ҳокимлар учови ҳам Собит ибн Язиддан, у Ҳилол ибн Хаббобдан, у Икримадан, у Ибн Аббосдан ривоят қилганлар, бу яхши исноддир. Нававий (Ал-мажмуъ: 3/482) айтади: «Абу Довуд бу ҳадисни ҳасан ёки саҳиҳ санад билан ривоят қилган». Ибнул Қаййим (Зодул-маод: 1/280): «саҳиҳ ҳадис» деган, Ибн Ҳажар (Натаижул-афкар: 2/130): «ҳасан ҳадис» деган, Албоний ҳасан санаган). Бу ҳадислардан бир неча ишлар очиқланади: 1) Мусибатлар пайтида қунут ўқишнинг машруълиги. Ибн Таймия раҳимаҳуллоҳ айтади: «Мусибатлар пайтида қунут ўқиш суннатдир. Аҳли ҳадиснинг фуқаҳолари шу фикрда бўлган ва бу хулафои рошидийндан ҳам маъсурдир» (Мажмуъул-фатава: 23/108). 2) Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам мусибатлар пайтида беш вақт намозда қунут дуоси ўқиганлар. Улардан бамдод, пешин, шом ва хуфтонда ўқиганлари ҳақида «Саҳиҳул Бухорий»да собит бўлган, асрда ўқиганлари ҳақида имом Аҳмад ва Абу Довудда яхши санад билан собит бўлган. 3) Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг қунутлари ҳақида саҳобалар энг кўп ривоят қилгани – юқоридаги ва бошқа ҳадисларда кўриниб турганидек – бамдодда ўқиган эканлари, ундан кейин шом ва хуфтонда, кейин пешинда, кейин асрда ўқиганликлари ҳақидаги ривоятлардир. Ибн Таймия раҳимаҳуллоҳ айтади: «Мусибатлар пайтида бамдод ва бошқа намозларда мўминлар ҳаққига ва кофирлар зиёнига дуо қилиб, қунут ўқиш машруъдир. Умар розияллоҳу анҳу насоролар билан жанг қилаётган паллада ўқиган қунутларида: «Эй Аллоҳим, аҳли китобнинг кофирларини Ўзинг лаънатлагин» деб дуо қилганлар» (Мажмуъул-фатава: 22/270). Яна айтади: «Набий соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг аксарият қунутлари бамдод намозида эди» (Мажмуъул-фатава: 22/269). Ибнул Қаййим раҳимаҳуллоҳ айтади: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг тутган йўллари хоссатан мусибатлар пайтида қунут ўқиш ва мусибатлардан бошқа пайтда тарк қилиш эди. Қунут ўқишларини бамдодга чекламаганлар, балки кўп қунутлари бамдодда бўлган» (Зодул-маъод: 1/273). 4) Мусибатлар пайтида ўқиладиган қунут охирги ракъатда, рукуъдан бош кўтаргандан кейин ўқилади. Иккинчи: Қунут дуоси енгил бўлиши ва узун бўлмаслиги машруъдир. Анас розияллоҳу анҳудан: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам бамдодда қунут ўқиганмилар?» деб сўралди. «Ҳа, рукуъдан кейин енгил қилиб», дедилар (Имом Муслим ривояти). Юқоридаги ҳадислардан зоҳир бўлишича, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг қунутлари озгина жумлалардан иборат эди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг суннатларига муваффақ бўлган киши бахтли инсондир. Учинчи: Дуода ўша пайтда тушиб турган мусибатнинг ўзига чекланиш ва қунутида бошқа дуоларга ўтмаслик. Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам қилганларидек, бошга тушиб турган мусибатнинг ўзига чекланади. Юқорида ўтган ва бошқа далиллардан зоҳир бўлишича, Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам бир ой қунут ўқиганларида ҳамма қунутларида ўша битта дуонинг ўзини такрорлаганлар, баъзи бир енгил фарқлар бўлган бўлиши мумкин. Тўртинчи: Қунутни унинг сабаби мавжуд бўлиб турган вақтда, яъни мусулмонлар бошига мусибат ёғилган пайтда ўқиш машруъ бўлиб, сабаби барҳам топгач, қунутни ҳам тарк қилинади. Аммо, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг бир ой қунут ўқишларидан мурод унинг вақтини чеклаш эмасди. Чунки, у зот ҳақларига қунут дуоси ўқиган кишилар (озод бўлиб) келишлари билан сабаб зоил бўлгач, қунутни тўхтатганлар. Бунга Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинган ҳадис далил бўлади: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам бир ой намозларида рукуъдан сўнг қунут ўқидилар. «Самиъаллоҳу лиман ҳамидаҳ» дегач, қунутларида қуйидаги дуони ўқирдилар: «Эй Аллоҳим, Айёш ибн Аби Рабиъага нажот бергин. Эй Аллоҳим, Салама ибн Ҳишомга нажот бергин. Эй Аллоҳим, Валид ибн Валидга нажот бергин. Эй Аллоҳим, заиф-бечора мўминларга нажот бер. Эй Аллоҳим, Музорга азобингни қаттиқ қилгин. Эй Аллоҳим, уни Юсуф (даврида бўлган қаҳатчилик) йилларидек кўп йиллар (қаҳатчилик) қилгин». Сўнг мен Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг кейинроқ ушбу дуоларини тарк қилганларини кўрдим ва «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам уларнинг ҳақларига дуо қилишни тарк қилганларини кўрмоқдаман» деган эдим, менга : «Билмадингми, улар етиб келишди», дейилди (Имом Муслим ривояти). Ибнул Қаййим раҳимаҳуллоҳ айтади: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам мусибатлар пайтида бир қавмнинг ҳаққига дуо қилиб, бир қавмга эса дуоибад қилиб қунут ўқидилар, сўнг ҳақларига дуо қилган кишилари асирликдан қутулиб келишгач ҳамда дуоибад қилган кишилари тавба қилиб, исломни қабул қилиб келишгач, дуони тарк қилдилар. У зотнинг қунутлари фавқулодда сабаб туфайли бўлиб, у зоил бўлгач, қунутни тўхтатдилар» (Зодул-маъод: 1/272). Аммо, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам Ҳасан розияллоҳу анҳуга таълим берган «Аллоҳуммаҳ-дина фийман ҳадайта» деб бошланувчи қунут дуоси витрдаги қунутда ўқилувчи дуодир, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам мусибатлар пайтидаги қунутларида бу дуони ўқиганлари собит бўлмаган. Шайхулислом Ибн Таймия раҳимаҳуллоҳ айтади: «Мусибат пайтида қунут ўқиш ва унда душманга муносиб келадиган сўзлар билан дуо қилиш суннатдир» (Мажмуъул-фатава: 21/155). Яна айтади: «Қунут ўқувчи киши ҳар бир мусибат пайтида ўша мусибатга муносиб келувчи сўзлар билан дуо қилиши лойиқдир. Агар ҳақларига дуо қилаётган мусулмонларнинг ва зарарларига дуо қилаётган кофир душманларнинг исмларини айтса, яна ҳам яхшироқ бўлади» (Мажмуъул-фатава: 22/271). Яна айтади: «Умар розияллоҳу анҳу мусулмонлар бошига мусибат келганида қунут ўқидилар ва қунутларида ўша мусибатга мос келувчи дуо қилдилар. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам ҳам аввалда қориларни қатл қилган Бану Сулайм қабилаларига қарши дуо қилганларида мақсудларига муносиб келувчи дуо қилгандилар. Сўнг у зот соллаллоҳу алайҳи ва саллам заиф-ночор саҳобалари ҳақларига дуо қилганларида ҳам мақсудларига муносиб келувчи дуо билан дуо қилдилар. Демак, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг ва у зотнинг рошид халифаларининг суннатлари икки нарсага далолат қилади: 1) Қунут дуоси уни тақозо қиладиган сабаб топилган пайтда машруъдир, намоздаги доимий суннат эмасдир. 2) Унда ўқиладиган дуо муайян дуо бўлмасдан, балки ҳар бир қунутда ўзига муносиб бўлган дуо билан дуо қилинади. Зеро, Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва саллам биринчи ва иккинчи қунутларида ана шундай қилганлар. Умар розияллоҳу анҳу ҳам фитна пайтида у кишига қарши жангга кирганлар билан урушаётиб, мақсудга муносиб бўлган дуо билан дуо қилганлар» (Мажмуъул-фатава: 23/109). Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг дуолари билан дуо қиламан деган одам бизнинг ушбу кунларимизда: «Эй Аллоҳим, Ғаззадаги мусулмон биродарларимизга Ўзинг нажот бергин, Парвардигоро, уларга Ўзинг нусрат ато этгин, Парвардигоро, яҳудларга ҳамда уларни қўллаб-қувватлаётган ва уларга ёрдам бераётганларга азобингни қаттиқ қилгин, Парвардигоро, уларни Ўзинг лаънат қилгин, Парвардигоро, уларнинг азобини Юсуф (даврида бўлган қаҳатчилик) йилларидек кўп йиллар (қаҳатчилик) қилгин» деб дуо қилса, энг яхши дуони қилган бўлади. Олтинчи: Мусибат пайтидаги қунут дуосини имом овозини чиқариб қилиши суннатдир. Чунки, Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинишича: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам бировнинг зарарига ёки фойдасига дуо қилмоқчи бўлсалар, рукуъдан сўнг қунут ўқирдилар, кўпинча «Самиъаллоҳу лиман ҳамидаҳ, роббана лакал ҳамд» деганларидан сўнг овозларини чиқариб: «Эй Аллоҳим, Валид ибн Валидга, Салама ибн Ҳишомга, Айёш ибн Аби Рабиъага нажот бергайсан. Эй Аллоҳим, Музорга азобингни қаттиқ қилгайсан. Эй Аллоҳим, уни Юсуф (даврида бўлган қаҳатчилик) йилларидек кўп йиллар (қаҳатчилик) қилгайсан», дердилар (Имом Бухорий ривояти). Имом Нававий раҳимаҳуллоҳ айтади: «Набий соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг қорилар – розияллоҳу анҳум – қатл қилинганда ўқиган қунутлари ҳақидаги ҳадис унинг барча намозларда овоз чиқариб ўқиганларини тақозо қилади. Бу Рофиъийнинг сўзидир. Саҳиҳ ёки тўғрироғи овоз чиқаришнинг мустаҳаблигидир» (Ал-мажмуъ: 3/482). Ибн Ҳажар раҳимаҳуллоҳ айтади: «Менга маълум бўлишича, сажда ҳолати дуолар ижобат бўладиган пайт бўлгани, ҳадисда «Банданинг Парвардигорига энг яқин вақти саждадаги ҳолатидир», дейилгани ва саждада дуога буюрилгани ҳолда мусибат пайтидаги қунут дуосини саждадан аввал тик турган ҳолда ўқишдаги ҳикмат шуки, мусибат пайтидаги қунутдан матлуб (кўзда тутилган иш) муқтадийнинг имомга дуода «аамийн» дейиш билан бўлса-да шерик бўлишидир. Шунинг учун ҳам уни овоз чиқариб ўқилишига иттифоқ қилганлар» (Фатҳул-Борий: 2/570). Еттинчи: Мусибат пайтидаги қунутда муқтадий имомнинг дуосига «аамийн» деб туриши суннатдир. Ибн Аббос розияллоҳу анҳумодан ривоят қилинган Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг қунутлари ҳақидаги ҳадисда айтилишича: «Бану Сулаймнинг Раъл, Заквон ва Усайя қабилалари зарарига дуо қилардилар, у зотнинг орқаларида турганлар «аамийн» деб туришарди» (Имом Аҳмад, Абу Довуд яхши санад билан ривоят қилганлар). Саккизинчи: Мусибат пайтида ўқиладиган қунут дуосида қўлларни кўтариш суннатдир. Анас розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Мен Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламни ҳеч бир ишга уларга (яъни, қориларга) изтироб чекканларича қаттиқ изтироб чекканларини кўрмаганман. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламни ғадот (тонг) намозида қўлларини кўтариб, уларни (яъни, қотилларни) дуоибад қилганларини кўрдим» (Имом Аҳмад саҳиҳ санад билан ривоят қилган, Нававий (Ал-мажмуъ: 3/479): «Байҳақий саҳиҳ ёки ҳасан иснод билан ривоят қилган» деди). Абу Рофиъдан ривоят қилинишича: «Мен Умар ибн Хаттоб розияллоҳу анҳунинг орқасида намоз ўқидим, у рукуъдан кейин қунут ўқиди, қўлларини кўтариб, овоз чиқариб дуо қилди» (Байҳақий (Сунан ал-Байҳақий: 2/212) келтирган ва саҳиҳ деган). Имом Нававий айтади: «Абу Усмондан ривоят қилинишича, Умар розияллоҳу анҳу қунутда қўлларини кўтарар эдилар. Асваддан ривоят қилинишича, Ибн Масъуд розияллоҳу анҳу қунутда қўлларини кўтарар эдилар. Бухорий буни «қўлларни кўтариш ҳақидаги китоб»да саҳиҳ санад билан ривоят қилган, сўнг охирида (яъни, Бухорий): «Бу ҳадислар Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам ва у зотнинг асҳоблари томонидан саҳиҳдир», деган» (Ал-мажмуъ: 3/490). Эслатмалар:1) Қунут дуосидан сўнг қўлни юзга суртиш машруъ эмас. Қўлни юзга суртиш ҳақида келган ривоят заиф, ҳужжатликка ярамайди. Имом Байҳақий раҳимаҳуллоҳ айтади: «Қунут дуосида дуодан фориғ бўлгач, қўлларни юзга суртишни салафлардан бирон кишидан ҳам эшитмадим. Намоздан ташқаридаги дуода баъзи ривоятлар билан заиф ҳадис келган бўлса ҳам, бу намознинг ташқарисидаги дуога хосдир. Аммо, намоз ичида бундай қилиш на саҳиҳ хабар, на собит асар ва на қиёс билан собит бўлган ишдир. Бундай қилмаслик ва салафлар розияллоҳу анҳум қилган ишга чекланиш, яъни намоздаги дуода қўлларни кўтариш ва уларни юзга суртмаслик авлодир» (Сунан ал-Байҳақий: 2/212). Нававий раҳимаҳуллоҳ намоз ичида дуодан сўнг қўлларни юзга суртиш ҳақида келган сўзнинг заифлигини баён қилиб шундай деди: «Унинг – яъни, Байҳақийнинг – шайх Абу Муҳаммад ал-Жувайнийга баъзи ишларини инкор қилиб ёзган машҳур рисоласи бор бўлиб, унинг қунутдан кейин қўлини юзига суртиши ҳам шу жумладандир» (Ал-мажмуъ: 3/480). Ибн Таймия раҳимаҳуллоҳ айтади: «Аммо, қўлларини юзларига суртганлари борасида битта ё иккита ҳадис бор, улар ҳам ҳужжатликка ярамайди» (Мажмуъул-фатава: 22/519). 2) Айрим кишиларнинг қунутда: «Эй Аллоҳим, Ўз раҳматинг билан жиноятчи яҳудларга азобингни қаттиқ қил, эй раҳмдилларнинг раҳмдилроғи» деб дуо қилишаётганига гувоҳ бўлинади. Бундай дуо қилиш, яъни Аллоҳнинг раҳмат ва мағфират сифатини восита қилиб уларга Унинг лаънати ва азобини сўраш муносиб келмайди. 3) Мусибатлар пайтида ўқиладиган қунут дуосининг охирида Набий соллаллоҳу алайҳи ва салламга саловот айтишни лозим тутиш хатодир. Чунки, бу борада Набий соллаллоҳу алайҳи ва салламдан бирон нарса ворид бўлмаган. Ибодатлардаги асл-асос тавқиф (яъни шариат соҳиби белгилаб берган нарсага чекланиш)дир, бирон сабаб топилганда ёки муайян бир вақтда бирор зикр ё дуони қилиш фақат далил билан бўлиши лозим. Аммо, баъзи саҳобалардан (саловот айтиш) содир бўлганлиги, у витр намозининг қунутидадир. 4) Собит бўлган иш – беш вақт жамоат намозида қунут ўқишдир. Аммо, жумъа намозида ва нафл намозларда, шунингдек ёлғиз ўқилган намозда мусибат пайтидаги қунутни ўқиш ҳақида бирон ҳадис ё очиқ асар борлигидан воқиф бўлмадим. Абдурраззоқ ўзининг «Мусаннаф»ида (3/194) «Жумъа куни қунут ўқиш ҳақида боб» деб, Ибн Аби Шайба «Мусаннаф»ида (2/46) «Жумъа кунидаги қунут ҳақида» деб, Ибнул Мунзир «Ал-авсат»да (4/122) «Жумъадаги қунут зикри» деб боб қўйганлар ва баъзи саҳобалардан, шунингдек тобиинлардан жумъада қунут ўқиш яхши эмаслиги ва уни тарк қилиш ҳақида асарларни зикр қилганлар. Лекин, улардан бирортасида ҳам ўқиш яхши бўлмаган ва тарк қилиш керак бўлган қунут мусибат пайтидаги қунут экани очиқ айтилмаган, уларнинг мусибат пайтида ўқиладиган қунутни жумъа намозида ўқишни ман қилишга далолати сариҳ эмас. Мардовий айтади: «Жумъадан бошқа барча фарз намозларда қунут ўқилади, бу мазҳабдаги саҳиҳ ва ҳужжатли сўздир. Мажд шарҳида ва Ибн Абдус «Тазкира»сида шу фикрни танлаганлар, шайх Тақийюддин ҳам шу фикрни айтган. Жумъада ҳам қунут ўқилади, деган сўз ҳам бор. Қозий шу фикрни танлаган, лекин ҳужжат унинг зиддигадир» (Ал-инсоф: 2/175). Ибн Таймия ёлғиз намоз ўқувчи кишининг қунут ўқиши машруълигини ихтиёр қилган (Ал-инсоф: 2/175). Ибодатлардаги асл-асос то машруълик очиқ маълум бўлмагунча тарк қилиб туришдир. Ушбу масала (яъни, жумъа, нафл ва ёлғиз ўқилган намозда қунут ўқиш масаласи) қўшимча баҳс ва текширувга муҳтождир. Валлоҳу аълам. 5) Ибн Таймия раҳимаҳуллоҳ айтади: «Муқтадий ижтиҳод қилса бўладиган ўринларда имомига эргашиши яхшидир, агар қунут ўқиса, бирга қунут ўқийди, қунутни тарк қилса, бирга тарк қилади. Чунки, Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам: «Имом унга эргашилиши учун имом қилингандир» ва «Имомларингизга ихтилоф қилманглар», деганлар, «Саҳиҳул Бухорий»да келганки: «(Имомлар) сизларга (имом бўлиб) намоз ўқийдилар. Агар тўғри ўқисалар, савоби сизларга, агар хато ўқисалар, савоби сизларга, гуноҳи уларга», деганлар» (Мажмуъул-фатава: 23/115-116). 6) Баъзи фуқаҳолар мусибат пайтидаги қунут дуосини мусулмонларнинг имоми (яъни, давлат бошлиғи) қилади, оддий мусулмонлар қилмайдилар, дейишган. Аммо, бу сўз бироз мунозаралидир. Чунки: а) Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам қилган амаллар барча мусулмонлар учун умумийдир, қачонки у зотнинг ўзларига хослашликка очиқ далил келсагина ўша амал умумийликдан мустасно бўлади. Қунутнинг у зотга хос эканлиги ҳақида бирон далил келмаган, демак, бу амал мусулмонлар учун ҳам машруъ эканлигича қолаверади. б) Молик ибн Ҳувайрисдан ривоят қилинган ҳадис борки: «Менинг намоз ўқиганимни кўрганингиздек намоз ўқинглар» (Имом Бухорий ривояти). Бу ҳадис Набий соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг намоздаги амаллари барча мусулмонлар учун умумий эканига очиқ далил бўлади. в) Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳу қунут ўқиганлар, у киши мусулмонларнинг имоми эмас эдилар. «Саҳиҳайн»да келганки: «Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳу деди: «Мен Набий соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг намозларига ўхшатиб намоз ўқиб бераман». Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳу пешин, хуфтон ва бамдод намозларининг охирги ракъатида «Самиъаллоҳу лиман ҳамидаҳ» деганларидан сўнг қунут дуосини ўқиб, мўминлар ҳаққига дуо қилар ва кофирларга лаънат ўқир эдилар» (Муттафақун алайҳ). 7) Замондош уламолардан баъзилари намозда мусибат пайтида ўқиладиган қунут учун имомнинг (давлат бошлиғининг) изни бўлишини шарт қиладилар. Бу борада кўпчилик савол беради. Бу масалани босимлардан холи, илмий жиҳатдан ўртага ташлаш лозим бўлади. Мен баҳс ва текширишлар орқали мутақаддим уламолардан бу шартни қилган кишини топа олмадим, шунингдек, бу гапнинг далилидан ҳам воқиф бўлмадим. Ибодатлардаги асл-асос тавқифдир. Ибодатга бирон бир зиёда шарт, сабаб, адад, кайфият ё васфни Китобу Суннатдан бўлган бирон далилсиз асло қўша олмаймиз. Акс ҳолда, қўшган зиёдалигимиз бидъат бўлиб қолади. Тавфиқ Аллоҳдандир. Сўзимизнинг охирида оламлар Парвардигори Аллоҳга ҳамду санолар айтамиз. |