Пайшанба 21 Ноябрь 2024 | 19 Жумадул-аввал 1446 Ҳижрий-қамарий

асосий қисм

  • lotinchaga
  • +
  • -
  • |

Мени қутқаринг!

4012 марта кўрилган

Бисмиллаҳир роҳманир роҳийм

Гул ёшидаги бир қиздан кетма-кет ҳайқириқлар келди...

Ундан сўнгра ёш жувондан ҳам шундай ҳайқириқлар келди...

Ҳамма хотин-қизлар бир овоздан бир талабни қилмоқдалар: бахт-саодат, қувонч ва нафс барқарорлиги ҳамда сокинлиги қаерда?!

Бизларни қайғулар тутиб, ғамлар қийнай бошлади. Ҳатто, ётоқхоналаримизда ҳам самоларимизда сузган гуноҳ булутлари бизни ўз ҳолимизга қўймаяпти..

Бизларни чор тарафдан шаҳват оловлари қамради, экранлар шаҳвоний ҳирсларимизни қўзғай бошлади... Бироқ, қалбимиз тубида қолган иймон зарралари сизларга қараб ҳайқирмоқда: «Бизларни қутқаринглар!».

Муслима синглим!

Биз, оммавий-ахборот воситалари кўпайиб, дунёни кўнгил очар ва жозибали нарсаларга тўлдирган, натижада, бахт-саодатни чилпарчин қилиб, бахтиқароликни яқинлаштирган моддий маданият билан тўлиб тошган оламда яшамоқдамиз.

Ушбу телба тўлқинлар мавж урган денгиз ўртасида, мусулмон одам, ёйилган шубҳалар ва шаҳватларнинг кўпайганини кўрар экан, ўзининг фитналар гирдобига тушиб қолишидан қўрқади. Зеро, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: «Олдингизда зулматли кечани босиб ўтгандек фитналар бор. Банда у фитналарда мусулмон бўлиб тонг оттирса, кофир бўлиб кечкиртиради. Мўмин бўлиб кечкиртирса, кофир бўлиб тонг оттиради»- деган эдилар (Абу Довуд ривояти).

Кенглиги самовоту ердек бўлган жаннатдан умидвор бўлиб ва тойилишдан қўрқиб, сизларга ёлғизлигингиз ва шайтон васвасаларини кетказадиган ҳамда гуноҳлар зийнатли қилиб кўрсатган пардаларни йиртиб ташлайдиган Аллоҳ таоло ва Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг соф ва тиниқ сўзларидан бир дебочани тақдим этмоқчиман. Шояд бу сабабли сизга аламли азобдан кутқариш учун Аллоҳнинг раҳмати етиб келса ва сизни ҳалокат ва вайронанинг буюк дарвозаларига тушишдан сақлаб қолса!

Муслима синглим!

Муслима хотин-қизларга тахдид солган хатарлардан бири – унинг шаҳвоний ҳирсларини қўзғаш ва олдида шаҳват эшикларининг икки табақасини ланг очишдир. Бу, хотин-қизлар эътибор бермайдиган ибтидолар билан бошланиб, уларни ҳаром қилинган зино – ношаръий жинсий алоқа қилишга олиб боради.

Имом Аҳмад раҳимаҳуллоҳ: «Одам ўлдиришдан сўнг зинодан кўра каттароқ гуноҳ борлигини билмайман»- деган эдилар.

Аллоҳ таоло ва Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам зинони ёмон иш ҳамда хатарли натижалари бўлгани учун ҳаром қилдилар. Аллоҳ таоло зинога сабабчи бўладиган барча нарсаларга яқинлашишни таъкиклади. Чунки бу сабаблар, зино томон биринчи одимлардир:

(وَلا تَقْرَبُوا الزِّنَى إِنَّهُ كَانَ فَاحِشَةً وَسَاءَ سَبِيلاً) (الاسراء:32)

«Зинога яқинлашманглар, чунки у ҳаёсизлик ва ёмон йўлдир» (Исро: 32)

Зино - Аллоҳ таолога шерик қилиш, одам ўлдиришдан кейинги катта гуноҳларнинг каттароғидир. У – ифлослик, ҳаёсизлик, ҳалокатли ва қаттиқ гуноҳдир.

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам дедилар: «Аллоҳ таолонинг ҳузурида Аллоҳ таолога шерик қилишдан кейин, ҳалол бўлмаган раҳм (бачадон) га эркак киши қуйган сувдан кўра каттароқ гуноҳ йўқдир»;

«Зоний мўмин ҳолида зино қилмайди» (Саҳиҳ ҳадис).

Аллоҳ таоло зинонинг ҳаромлигини қуйидаги сўзлари билан таъкидлади:

(وَالَّذِين لا يَدْعُونَ مَعَ اللَّهِ إِلَهاً آخَرَ وَلا يَقْتُلُونَ النَّفْسَ الَّتِي حَرَّمَ اللَّهُ إِلا بِالْحَقِّ وَلا يَزْنُونَ وَمَنْ يَفْعَلْ ذَلِكَ يَلْقَ أَثَاماً (68) يُضَاعَفْ لَهُ الْعَذَابُ يَوْمَ الْقِيَامَةِ وَيَخْلُدْ فِيهِ مُهَاناً (69) إِلا مَنْ تَابَ وَآمَنَ وَعَمِلَ عَمَلاً صَالِحاً فَأُولَئِكَ يُبَدِّلُ اللَّهُ سَيِّئَاتِه& مْ حَسَنَاتٍ وَكَانَ اللَّهُ غَفُوراً رَحِيماً (70) ]الفرقان:[

«... Аллоҳ билан бирон илоҳга ибодат қилмайдилар, Аллоҳ (ўлдиришни) ҳаром қилган жонни ҳақсиз ўлдирмайдилар ва зино қилмайдилар. Ким булар (дан бирортаси) ни қилса уқубатга йўлиқур. Унга қиёмат куни азоблар бир неча баробар қилинади ва у ерда хўрланиб, мангу қолади. Фақат тавба ва солиҳ амаллар қилган кишиларгина бундан мустаснодир. Ўшаларнинггина Аллоҳ ёмонликларини яхшиликка айлантиради. Аллоҳ раҳмли ва мағфиратли зотдир» (Фурқон: 68-70).

Аллоҳ таоло бу оятда зинони Аллоҳга шерик келтириш ва одамни ноҳақ ўлдириш билан боғлади ҳамда унинг жазоси, модомики, банда бунинг сабабини тавба, иймон ва солиҳ амал билан кетказмас экан, кучайтирилган азоблар билан жаҳаннамда мангу қолиш эканини белгилади.

Аллоҳ таоло банданинг нажоти ва бахт-саодатини жинсий аъзосини зинодан сақлашига боғлади. Унинг бундан бошқа иложи йўқдир. Аллоҳ таоло деди:

قَدْ أَفْلَحَ الْمُؤْمِنُنَ ......... غَيرُ مَلومينَ

«... Жинсий аъзоларини жуфтлари ва чўриларидан бошқа кимсалардан сақлаган мўминлар нажот топдилар. Ўшаларгина маломат қилинмаганлардир» (Мўминун; 1 – 6).

Муслима синглим!

Зино – баланд уйларни вайрон қиладиган, кўтарилган бошларни эгадиган ва чечан тилларни соқов қиладиган ордир. Зино – қанчалар кўп бўлмасин, обрў кийимини ечишга қодир турдаги ордир. Зино – бир оилага тушса, унинг бутун оппоқ саҳифаларини бўяб, қараган кўзларга қора нарсадан бошқа нарсани кўрсатмайдиган қора доғдир.

Зинонинг жазоси

Аллоҳ таоло зинонинг жазосини уч хусусият билан хослади:

1) Қаттиқ қийналиш ва хунук шаклдаги ўлим.

А) Аллоҳ таоло зонийларга нисбатан бандаларда раҳм-шафқат бўлишини таъқиқлади.

Б) Аллоҳ таоло зонийларнинг жазоларини ижро этиш асносида мўминларнинг ҳозир бўлишларига амр этди. Бу, жазонинг манфаати ва зино қилмаслик учун берилган дашномнинг энг ҳикматлисидир.

Дунёдаги жазо:

Зоний эркак ва аёл уйланган бўлсалар, жазолари ўлгунларига қадар тошбўрон қилишдир. Токи баданларининг барча ерида аламни ҳис этсинлар. Уларни тош билан уришнинг маъноси, уларнинг оила уйининг бузганликларидан киноядир. Гўё улар ўзлари бузган бинонинг тошлари билан тошбўрон қилинадилар. Агар уйланмаган бўлсалар, дарра билан юз марта саваланадилар ва бир йил юртларидан сургун қилинадилар.

Зинонинг жазоларидан:

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам дедилар: «Кечанинг ярмида само эшиклари очилади ва нидо қилувчи нидо қилади: «Сўраган борми, сўрагани берилса? Қийналган борми, қийналганлари кетказилса?». Дуо қилган барча мусулмоннинг дуоларини Аллоҳ қабул қилади фақатгина, жинсий аъзоси орқасидан кун кечирган зоний аёлнинггина (дуоларини Аллоҳ ижобат қилмайди)...» (Имом Аҳмад ва Табароний яхши ровийлар силсиласи билан ривоят қилдилар).

Зинонинг зарарлари

* Зинонинг ёйилиши билан касалликлар кўпаяди.

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам дедилар: «... Зино бир халқда тарқалиб, уни ошкор қилсалар, ўрталарида вабо ва аввалги аждодларида кўринмаган касалликлар ёйилади» (Ибн Можжа ривояти).

Бу ҳозирги бошбошдоқлик ва разолат ҳукмрон бўлган халқлар ичида очиқ-равшан кўринмоқда.

Абдуллоҳ ибн Масъуд разияллоҳу анҳу деди: «Қайси шаҳарда судхўрлик ва зино пайдо бўлса, Аллоҳ таоло уни ҳалок қилишга изн беради».

* Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам тушларини баён қилган ҳадисларида шундай дедилар: «...Оғзи тандир каби бўлган ердан ўтдик. Унинг таги кенг ва усти тор бўлиб, остидан олов ёқилар эди. Олов гурилласа, унинг ичидаги (одамлар) тепага қараб чиқишар ва чиқиб кетишларига оз қолар, олов сўнса, ичкарига қайтишар эди. У ерда яланғоч эркак ва аёллар бор эди. Мен: «Улар кимлар?»- дедим. (Менинг) икки (ҳамроҳим): «Улар зино қилган эркак ва аёллар»- дедилар».

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам дедилар: «Бир аёлга зино қилган киши ва ўша аёлга қабрда бу (Ислом) Уммат(и) азобининг ярми бўлади».

* Зино ёмонликнинг барча ҳислатлари: Динга кам эътибор бериш, тақвонинг кетиши, мурувватнинг бузилиши, ҳамият ва рашкнинг камайишини ўз ичига олади. Табиийки, зонийда тақво, вафодорлик, ростгўйлик, дўстликка садоқат ва оиласига ҳамият ва ғайратни кўра олмайсиз.

* Юз ва қалбнинг қоп-қора бўлиши, нурининг сўниши, қайғу-аламларнинг кўпайиши, безовталик, умрнинг калта бўлиши, умр баракасининг бўлмаслиги ва фақирлик. Салафлардан келган хабарда: «Аллоҳ таоло золимларни ҳалок ва зонийларни фақир қилади», деган жумлалар бор.

* Зино зинокорнинг иффат, эзгулик ва адолат каби гўзал исмларини тортиб олади. Натижа ўлароқ зинокорга фожир, фосиқ, зоний ва хоин исмларини бадал қилади. Бундан ташқари, зино зонийнинг юзларида ҳам ифодаланган, ёлғизлик, руҳий қийналиш ва руҳий яраларни вужудга келтиради.

* Зинонинг энг хатарли оқибатларидан бири – ҳаётнинг ёмон натижалар билан тугалланишидир. Ибн Қоййим раҳимаҳуллоҳ деди: «Ўлим талвасасидаги кўплаб одамларга қарасангиз, уларнинг қилган ёмон ишлари эвазига улар билан яхши хотима ўртаси тўсиб қўйилганини кўрасиз».

Муслима синглим!

Гуноҳларнинг каттаю кичигини қилишга журъатли бўлишдан сақланинг! Чунки жоҳилият замонида яшаган араб хотин-қизлар зинодан нафратланишар ва хур (чўри бўлмаган) хотин-қизларнинг зино қилишларини тасаввур ҳам қилмас эдилар. Шунинг учун Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам хотин-қизларга Аллоҳга бирон нарсани шерик қилмасликлари, ўғирлик ва зино қилмасликларига байъат қилганларида, Утбанинг қизи Ҳинд таажжуб билан: «Ё Расулуллоҳ, ҳур хотин-қизлар ҳам зино қиладиларми?»- деб савол берган эди.

Арабларнинг: «Ҳур аёл – сийналари билан рўзгор тебратмаган аёлдир», деб айтилган мақоллари ҳам бор.

Муслима синглим, Аллоҳ таоло сизни кўриб турганини унутманг! Аллоҳнинг розилигига хилоф ишларни қилиш ва Аллоҳ ғазаб қиладиган нарсаларга тушиб қолишдан сақланинг!

Нажот йўли

Муслима синглим!

Аллоҳ сизни иффат билан ўз паноҳида сақласин ва тақво зийнатлари билан безасин! Синглим, нажот йўлидан юринг, ғафлатдан уйғонинг, сизни жар томон олиб бораётган ва ботқоқликка тушираётган нарсалардан узоқ бўлинг!

Қутулиш йўлларидан баъзилари:

1. Уйда, машинада, савдо-сотиқ дўконларида, тайёра ва бошқа ерларда бегона эркак билан ёлғиз қолмаслик.

Синглим, сиз Аллоҳ ва Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламга итоат қилган ва ўзининг Аллоҳ ва Расули соллаллоҳу алайҳи ва салламга итоатсиз бўлишга рози бўлмаган аёл бўлинг! Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: «Эркак (бегона) аёл билан ёлғиз қолар экан, уларнинг учинчиси шайтон бўлади»- дедилар.

2. Имкони борича бозорларга камроқ бориш ва Аллоҳ таолонинг:

َّوَقَرْنَ فِي بُيُوتِكُن)ّ)

«Уйларингизда ўтиринглар!» (Аҳзоб: 33) амрига итоат қилиб, уйда ўтиришни лозим тутиш.

Абдуллоҳ ибн Масъуд разияллоҳу анҳу: «Аёл Аллоҳ таолога уйида ўтирганидан кўра кўпроқ яқин бўла олмайди»- деди.

Уйдан чиққанинггиз маҳал ёнингизда эркак маҳрамингиз ёки сизга яқин бўлган ишончли аёллардан бири бўлсин. Сотувчи билан виқор сўзлар билан савдо қилинг. Табиийки, динингиз зарарига сўмларингизни оз сарф бўлишига эҳтиёж йўқ. Аллоҳ сақласин!

3. Уйдан чиқишда безаниб ва очиқ-сочиқ чиқмаслик. Чунки бу – фитна ва одамларнинг нигоҳини жалб қилиш сабабларидан биридир. Зеро, Расулулллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам дедилар: «Умматимнинг икки тоифаси жаҳаннамга кирадилар. ....... кийинган яланғочлар, қоматлари эгилган ва бошқаларни ўзига жалб қилган аёллар....».

Энг яхши пардаланиш - абоя (кенг кийим) кийиш, қўллар ва оёқларни тўсиш ва атир сурмасликдир. Синглим, сиз мўминлариннг оналари бўлмиш пайғамбаримизнинг беназир рафиқалари ва саҳобаларнинг рафиқаларидан ўрнак олинг. Чунки улар қоп-қора кийимларни ўраб чиқишар ва ҳеч бир аъзолари кўринмас эди.

4. Ҳой, муслима, тубан ойномаларни мутолаа қилиш ва ҳаёсиз фильмларни кўришдан сақланинг! Чунки улар шаҳвоний ҳирсларни қўзғаб, фаҳш ишларни қилишни қулайлаштиради, фаҳш ишларни «севги» ва «садоқат» номи билан зийнатли қилиб кўрсатади ҳамда зинони «эркак ва аёл ўртасидаги етилган ҳиссий алоқа» деб баён қилади. Сиз оилангиз, қалбингиз ва ақлингизни ҳаром алоқалар билан бузманг!

5. Аллоҳ таоло деди:

(وَمِنَ النَّاسِ مَنْ يَشْتَرِي لَهْوَ الْحَدِيثِ لِيُضِلَّ عَنْ سَبِيلِ اللَّهِ بِغَيْرِ عِلْمٍ وَيَتَّخِذَها هُزُواً أُولَئِكَ لَهُمْ عَذَابٌ مُهِينٌ) (لقمان:6)

«Одамлар орасида шунақа кимсалар борки, улар жоҳиллик билан одамларни Аллоҳнинг йўлидан адаштириш ва Аллоҳнинг йўлини масхара қилиш учун лаҳвул-ҳадисни сотиб оладилар. Мана шундай кимсаларга Қиёмат кунида жаҳаннамнинг ҳор қилгувчи азоблари бор» (Лукмон: 6).

Муслима синглим, қўшиқ ва куйларни эшитишдан сақланинг. Қуръон оятларини эшитишга, зикр ва истиғфор айтишга одат қилинг. Ўлимни ёдингизга олиб қилган ишларингизни ҳисоб-китоб қилинг. Аллоҳга осий бўлган он, Аллоҳ сизга инъом қилган неъматларга нонкўрлик қилган бўлиб, Аллоҳ сиздан уларни тортиб олишини унутманг.

6. Олий, Қудратли ва барча сирларни билиб турадиган зотдан қўрқиш, хавф турларининг энг буюги бўлиб, гуноҳ ишлардан тўсади. Фараз қилинг: мингдан бир имкониятда адашиб, зино қилиб қўйсангиз ва бу қабоҳатни ота-онангиз, ака-укангиз, ақраболарингиз ва умр йўлдошингиз билиб қолса, нима содир бўлиши мумкин??!! Уларнинг тасаввури ва тилларидан, ҳатто, ўлаётган пайтингизда ҳам: «У – зония эди!», деган фикр ва сўзлар чиқмайдими?!

7. Муслима синглим, дугоналарингиз сизга ёрдамчи ва сизни тўғри йўлга йўлловчи солиҳалар бўлсин. Чунки инсон ўта заиф бўлиб, шайтонлар уни чор атрофдан ўраб олгандир. Ёмон дугонадан узоқ бўлинг! Чунки у, ўғри каби билдирмай келади-да, сизни ҳаром ишга судраб, ўзи қочиб қолади. Сиз Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг амакилари (Абу Толиб) ни эсланг. У - ёши улуғ ва ақли расо инсон эди. Бироқ, ўлими олдида ҳузурига келган ёмон дўст - Абу Жаҳл унинг мушрик бўлиб вафот этишига сабаб бўлди.

8. Муслима синглим, кўп дуо қилинг. Чунки Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва саллам дуо ва истиғфорни кўп қилар эдилар.

9. Муслима синглим, ўтаётган ҳар бир онингизда Қуръон ўқинг ва имкони борича ундан ёд олинг. Агар ҳимматингиз олий бўлса, Қуръон ёдлатиш мадрасаларига боринг ва Қуръон ёдланг! Чунки нафсни тоат-ибодат билан чалғитмасангиз, сизни гуноҳ ишлар билан чалғитади.

10. Синглим, вақтингизни ўтказиш ва ҳирсингизни қондириш учун ҳаром муносабатлар қуриш, руҳан пучлик ва юрак торлиги бўлиб, унинг манбаи тоат ва ибодатдан узоқликдир:

(وَمَنْ أَعْرَضَ عَنْ ذِكْرِي فَإِنَّ لَهُ مَعِيشَةً ضَنْكاً وَنَحْشُرُه يَوْمَ الْقِيَامَة أَعْمَى) (طـه:124)

«Менинг зикримдан юз ўгирган одам учун оғир ҳаёт бор» (Тоҳа: 124).

11. Муслима синглим, тез кунда бу дунёдан ҳаётингиз давомидаги барча нарсаларни ёзган номалар билан сафар қиласиз. Агар бу номалар тоат-ибодат билан тўла бўлса, хурсанд бўлинг, агар бошқача бўлса, ўлимдан аввал тавба қилишга шошилинг. Чунки қиёмат – ҳасрат кунидир..

(وَأَنْذِرْ هُمْ يَوْمَ الْحَسْرَةِ) (مريم:39)

«Уларни ҳасрат кунидан огоҳлантиринг!...» (Марям: 39).

У кун – расво бўлиш, номалар учадиган ва эмизаётган она чақалоғидан воз кечадиган кундир! Бундан ташқари, қабрга ёлғиз қўйилиш даҳшатини ҳам эсланг!

12. Муслима синглим, телефон кўплаб хотин-қизлар учун тузоққа айланди. Сиз улардан бири бўлманг. Агар биронта бўри сифат эркак билан балоланиб, у билан ҳаром алоқа қура бошлаган бўлсангиз, кучайиб кетишидан аввал зудлик билан у алоқани узинг ва унга эркаклар қандай бўлиши кераклигини етказинг. Чунки Аллоҳ таоло сиз учун бир кенглик ва нажот беришини унутманг!

13. Эй, сиз, бахт-саодатни излаб, жаннат сари тиришаётган синглим, излаган нарсангиз – жаннат, Аллоҳга итоат этиш ва Унинг фармонларига бўйинсунишдадир.

(مَنْ عَمِلَ صَالِحاً مِنْ ذَكَرٍ أَوْ أُنْثَى وَهُوَ مُؤْمِنٌ فَلَنُحْيِينَّهُ حَيَاةً طَيِّبَةً) (النحل:97)

«Эркакми ё аёлми – кимда-ким мўмин бўлган ҳолида солиҳ амалларни қилса, биз унга покиза ҳаёт ато этамиз» (Наҳл: 97).

Муслима синглим, гуноҳни тарк қилиш, тавбани излашдан кўра осонроқдир. Мен сизга Расулуллоҳ саллоллоҳу алайҳи ва салламнинг ушбу ҳадисларини эслатмоқчиман: «Агар аёл беш (вақт намоз)ини тўкис адо этса, (рамазон) ойи (рўзас) ини тутса, жинсий аъзосини сақласа ва умр йўлдошига итоат этса, жаннатга хоҳлаган дарвозасидан киради».

Муслима синглим, Аллоҳ таоло сизни ҳидоятланган, бокира, ҳаёли ва иболилар ҳамда даҳшатли маҳшаригоҳда:

)ادْخُلُوا الْجَنَّةَ لا خَوْفٌ عَلَيْكُمْ وَلا أَنْتُمْ تَحْزَنُونَ) (الأعراف:49)

«...жаннатга киринглар сизларга хавф ҳам йўқ, сизлар ҳеч ғамгин ҳам бўлмайсизлар!» деб чақириладиган кунда ибодатгўй солиҳалар қаторида қилсин (Аъроф: 49).

Аллоҳ таоло пайғамбаримиз, Унинг оиласи ва барча саҳобаларига салавот ва саломлар йўлласин.

* * *