Шанба 21 Декабрь 2024 | 19 Жумадул-охир 1446 Ҳижрий-қамарий

асосий қисм

  • lotinchaga
  • +
  • -
  • |

Жаннатларнинг дарвозалари очилди!

5307 марта кўрилган

Муаллиф: Шайх Холид ар-Рошид
Мутаржим: Абу Жаъфар ал-Бухорий

Бисмиллаҳир роҳманир роҳийм

Барча мақтовлар Аллоҳга хосдир. Биз Унга ҳамд ва истиғфорлар айтиб, ундан нафсимизнинг шумлиги ва амалларимизнинг ёмонлигидан паноҳ сўраймиз. Аллоҳ ҳидоят қилган кимсани адаштирувчи, адаштирган кимсани тўғри йўлга солувчи зот йўқдир. Мен «Ягона, шериксиз Аллоҳдан бошқа илоҳ йўқ ва Муҳаммад Унинг бандаси ва расулидир» деб гувоҳлик бераман.

«Эй мўминлар, Аллоҳдан ҳақ-рост қўрқиш билан қўрқинглар ва фақат мусулмон бўлган ҳолларингда дунёдан ўтинглар!» (Оли Имрон: 102).

«Эй инсонлар! Сизларни бир жондан (Одамдан) яратган ва ундан жуфтини вужудга келтирган ҳамда у икковидан кўп эркак ва аёлларни тарқатган Роббингиздан қўрқингиз! Яна ораларингиздаги савол-жавобларда ўртага номи солинадиган Аллоҳдан қўрқингиз ва қариндош-уруғларингиз (билан ажралиб кетишдан қўрқингиз)! Албатта Аллоҳ устингизда кузатувчи бўлган зотдир» (Нисо: 1).

«Эй мўминлар, Аллоҳдан қўрқинглар, тўғри сўзни сўзланглар! (Шунда Аллоҳ) ишларингизни ўнглар ва гуноҳларингизни мағфират қилар. Ким Аллоҳга ва Унинг пайғамбарига итоат этса, бас у улуғ бахтга эришибди» (Аҳзоб: 70, 71).

Сўнг...

Дарҳақиқат, сўзларнинг рости – Аллоҳнинг Каломи, йўлларнинг яхшиси – Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг йўли, ишларнинг ёмони – (динда) янги пайдо қилинганлари, (динда) янги пайдо қилинган барча нарса бидъат, барча бидъат – залолат, барча залолат эса жаҳаннамга элтувчидир.

Осмону ердаги борлиқ мавжудот
Ягона Халлоққа тасбеҳ айтадир.
Инсу жин эгилиб, ҳатто гул, тикан
Шивирлаб Аллоҳга тасбеҳ айтадир.
Ҳаётга келтирдинг, ризқ ато этдинг
Эй йўқдан бор қилган Яратган Эгам!
Ўзингдан айирма ҳиссим, шуурим
Қалбим жўшсин тўлиб ишқинг-ла ҳар дам!

Қадрли биродарлар, муҳтарама опа-сингиллар! Ассалому алайкум ва роҳматуллоҳи ва баракотуҳ.

Сиз билан биз ҳозир Раҳмону Раҳиймнинг зиёфатидамиз... Унинг исми улуғланиб зикр қилинадиган уйидамиз...

Аллоҳга ҳамду санолар бўлсин. Барча яхшилик Унинг қўлида, ошкора-ю махфий барча ишлар ёлғиз Унинг ҳузурига қайтади...

Бугунги муборак кечадаги дарсимиз унвони: «Жаннатлар дарвозалари очилди»дир.

Ҳа, дўстлар, жаннат эмас, балки жаннатлар дарвозалари очилди.

Умму Ҳориса розияллоҳу анҳо ўғли Ҳориса Бадр жангида ҳалок бўлганидан сўнг Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам ҳузурларига келиб: «Ё Расулуллоҳ, ҳозир Ҳориса қаерда, жаҳаннамдами-ки, йиғласам, ёки жаннатдами-ки, севинсам?» деб сўраганида Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: «Эй Умму Ҳориса, бир эмас, бир неча жаннатлар бор. Ҳориса олий Фирдавс жанннатини қўлга киритди», деганлар.

Дўстлар, жаннатни эслаш – қалблар ҳаёти, унутиш эса – қалблар ўлими, демакдир.

Бугунги дарсимиз мавзуси билан қалбларни жонлаштириш ва дилларга шавқ улашишни, ҳимматларни олий мақомларга эришиш сари юксалтиришни мақсад қилдим...

Келинглар, биргаликда Жаннатнинг очиб қўйилган дарвозалари томон сайр қилайлик...

Унутмангларки, хаёлингизга нима келмасин, жаннатдаги нарсалар ундан ўта олий ва ўта мукаммалдир.

Буни Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам очиқ баён қилдилар: «Аллоҳ айтди: Жаннатда кўз кўрмаган, қулоқ эшитмаган ва инсон хаёлига келмаган нарсалар бордир».

Буни Аллоҳ таолонинг ушбу оятлари ҳам тасдиқлайди: «Бас уларнинг қилиб ўтган амалларига мукофот қилиб улар учун беркитиб қўйилган кўзлар қувончини (яъни охират неъматларини) бирон жон билмас» (Сажда: 17).

Эй Жаннатга интилганлар, унга муштоқ бўлганлар!!

Жаннатни қанчалар таърифламайлик, унинг Аллоҳ таоло яратганидек ҳақиқий кўриниши васфига тиллар ожиз қолаверади... Чунки Аллоҳ таоло жаннатни бизнинг тасаввуримиз ва ақлимизга яраша тавсифлаб, тасвирлаб берган, холос...

Ибн Қаййим раҳимаҳуллоҳ айтади: Раҳмон таоло Ўз Қўли билан экиб, аҳбоблари учун мукофот қилиб қўйган, раҳмату ризоси билан тўлдирган, буюк қудрати билан пухта зийнатлаган, унинг неъматларига етишишни буюк зафар, мулкини эса улкан мулк деб васфлаган жаннатнинг қадрини билишга заиф ва қосир ақл қандай қодир бўлсин?!!

Аллоҳ таоло айтди: «У жойда қачон қарасангиз ноз-неъматларни ва катта мулку давлатни кўрасиз. Уларнинг устларида яшил ипак ва шойи либослар бўлиб, улар кумуш билакузуклар билан безангандирлар ва Парвардигорлари уларни ниҳоятда покиза шароб-ла суғоргандир» (Инсон: 20, 21)...

Уларни ким суғоргани ҳақида бир тафаккур қилинг-а: «ва Парвардигорлари уларни ниҳоятда покиза шароб-ла суғоргандир. Албатта бу (жаннат ва ундаги ноз-неъматлар) сизлар учун лойиқ мукофот бўлди» (Инсон: 22, 23).

Бу кунлар - ўша мақом ва жаннатларга эришиш учун энг бебаҳо нарсаларни сарф этиш кунларидир...

Аллоҳ номига онт ичиб айтаманки, у неъматлар – инсон хаёли тасаввур қилишдан, тили эса таъбир қилишдан ожиз неъматлардир.. Зотан, минг эшитган бир кўрганча бўлмайди. Кутинг: «Жаннат (тақводор зотларга) яқин қилинганида» (Таквир: 13).

Ҳа, у жаннатдир, осудалик, мангулик, ва абадий ҳаёт диёридир.

У – маъво жаннати, омонлик ўрни, Адн жаннатлари ва ноз-неъматлар жаннатларидир.

У - Қодир Подшоҳ ҳузуридаги рози бўлинган ўриндир.

У – Фирдавс жаннатидир. Фирдавс жаннати қандай эканини биласизми?!!

Имом Бухорий ва имом Муслимнинг «Саҳиҳ» китобларида Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг ушбу ҳадис шарифлари бор: «Аллоҳдан жаннатни сўрасангиз, Фирдавс жаннатини сўрангиз! Чунки у – жаннатнинг энг тепаси ва ўртасидир. Жаннат дарёлари ўша ердан отилиб чиқади. Унинг устида Раҳмоннинг арши бордир».

Эй муштоқ, агар Фирдавс аҳлидан бўлмоқчи бўлсангиз, уларнинг Мўъминун сурасидаги ушбу тавсифларига қулоқ беринг:

«Дарҳақиқат мўминлар нажот топдилар. Улар намозларида (қўрқув ва умид билан) бўйин эгувчи кишилардир. Улар беҳуда – фойдасиз (сўз ва амаллар)дан юз ўгиргувчи кишилардир. Улар закотни (адо) қилгувчи кишилардир. Улар авратларини (ҳаромдан-зинодан) сақлагувчи кишилардир. Магар ўз жуфту-ҳалолларидан ва қўлларидаги чўриларидангина (сақланмайдилар). Бас улар маломат қилинмаслар. Энди ким шундан ўзгани (зино ва шу каби шариати Исломийяда ҳаром қилинган нарсаларни) истаса, бас ана ўшалар ҳаддан ошгувчилардир. Улар (яъни мўминлар) ўзларига ишонилган омонатларга ва (ўзгаларга) берган аҳду паймонларига риоя қилгувчи кишилардир. Улар (барча) намозларини (вақтида адо этиб қазо бўлишдан) сақлагувчи кишилардир» (Мўъминун: 1 – 9).

Агар улар шу сифатлар билан безансалар, уларга қандай мукофотлар берилади?! «Ана ўшалар Фирдавс (жаннати)га меросхўр бўлгувчи ворислардир. Улар ўша жойда мангу қоладилар» (Мўъминун: 10).

Аллоҳим, бизларни қилган ёмонликларимиз бадалига Ўз ҳузурингдаги яхшиликлардан маҳрум этма!!

Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳу айтди: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтдилар: «Жаннатга кирган илк гуруҳнинг юзи – ўн тўрт кунлик тўлин ойдек, кейингиси самода порлаган юлдуздек (нурафшон бўлади). Улар на катта ва на кичик қазои ҳожат қиладилар, тупурмайдилар, бурун қоқмайдилар. Тароқлари тилло, терлари мушк, тутатқилари уд, жуфтлари эса ҳури айн бўлади. Уларнинг барчаси бир одам – оталари Одам (алайҳиссалом) шаклида бўладилар» (Муттафақун алайҳ).

Каъб розияллоҳу анҳу айтди: «Аллоҳ таоло жаннатга ҳар боққанида: «Аҳлинг учун хушбўйлан», дейди. Жаннатнинг хушбўйлиги аҳли киргунига қадар кундан-кун зиёдалашиб бораверади».

Тингланг эй муштоқ ва шавқу башоратларни зиёда қилинг!

Алий ибн Абу Толиб розияллоҳу анҳу айтди: Жаннат дарвозалари шундай бир-бири устидадир - шундай деб Аллоҳ таолонинг ушбу оятларини ўқиди: «То қачон улар дарвозалари очилган ҳолдаги (жаннатга) келиб етганларида» (Зумар: 73). - Баногоҳ дарвозалар олдида остидан икки чашма оқиб чиқаётган дарахтни кўрадилар. Чашмаларнинг биридан сув ичадилар: ичларидаги ифлослик ва озорларни чиқариб ташлайди. Иккинчи чашма сувларида ювинадилар: (баданларида) порлоқлик ёйилади, шундан кейин сочлари тўзғимайди, юзлари буришмайди. Сўнгра Аллоҳнинг ушбу оятларини ўқиди: «Сизларга тинчлик-омонлик бўлсин! Хуш келдингиз! Бас унга мангу қолгувчи бўлган ҳолларингизда кирингиз» (Зумар: 73).

Жаннатга кирар экан инсон ўз манзилини яхши билади. Уларни болалар кутиб оладилар. Олис сафардан қайтган сайёҳ яқинларини кўрганида севинганидек, болаларни кўриб қувонадилар. Сўнгра жуфтлари томон равона бўладилар. Уларга аҳбобларининг келаётганидан хабар берилади. Жуфтлари (хабарчига): «Сен уни ўз кўзинг билан кўрдингми?!!», дейишади. Одам уйига кириб, сўрисига суянади ва уйининг пойдеворига кўз ташлайди: уй пойдевори инжу-марваридга асосланган. Кўзи яшил, қизил ва сариқ рангларга тушади. Нигоҳини шипга тикади: агар у буни кўришга яралмаган бўлса эди, гўзалликдан кўзлари қамашар эди. (Буларни кўриб): «Бизларни бу (неъматларга) йуллаган зот Аллоҳга ҳамду сано бўлгай. Агар бизни Аллоҳ ҳидоят қилмаганида ҳаргиз йўл топа олмас эдик. Ҳақиқатан Роббимизнинг пайғамбарлари ҳақ динни келтирган эканлар», дейдилар ва уларга: «Қилиб ўтган (яхши) амалларингиз сабабли сизларга мерос қилиб берилган жаннат мана шудир», деб нидо қилинади» (Аъроф: 43).

Нақадар хуш маъвосан, жаннат!
Муздек шароб, туганмас лаззат!

Эй севинч муждасига кўз тиккан! Эй жаннат муштоқи! Қулоқ солинг: Аллоҳ таоло жаннатда ичи ташидан, таши ичидан кўринадиган шаффоф, юлдуздек порлаган, кенг ва саришта хоналарни яратди...

Жаннат қасрлари тиллодан. Дунё тиллолари бу тиллога тенглашиш у ёқда турсин, яқинига ҳам йўлай олмайди. Зеро у ўта шаффоф жавоҳирдан...

Ерига тўшалган майда тошлар ёқут ва гавҳардан...

Тупроқлари мушк ва заъфарон...

Оёқ остига тўшалган тўшаклари мулойим шойи-атлас ва ипак матолардан..

Унинг атрофидан дарёлар, ўртасидан эса ирмоқлар оқиб ўтади...

Аллоҳ таоло айтди: «Лекин Парвардигорларидан қўрққан зотлар учун (жаннатда) устма-уст қурилган хоналар бўлиб, уларнинг остидан дарёлар оқиб турар. (Бу) Аллоҳнинг ваъдасидир! Аллоҳ ваъдасига хилоф қилмас» (Зумар: 20).

Имом Термизий «Жомеъ» китобида Алий розияллоҳу анҳудан ривоят қилган ҳадисда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: «Жаннатда шундай хоналар борки, ичидан ташқариси, ташқарисидан ичкариси кўриниб туради», дедилар. Шунда бир аъробий ўрнидан туриб: «Ё Расулуллоҳ, у хоналар кимлар учун?», деб сўради. «Ширинсухан, таом берган, мудом рўза тутган ва кечалари одамлар уйқуда эканида (ибодат билан) бедор бўлган кишилар учун», дедилар...

Бу – бадалдир. Бас, модомики имконимиз бор экан, уни берайлик!!

Жаннатдаги энг буюк неъмат – Аллоҳнинг жамолини кўришдир...

Бунинг хабари Қуръон ва ҳадисда мавжуддир. Аллоҳ таоло айтди: «Аллоҳ тинчлик диёри – жаннатга даъват қилади ва Ўзи хоҳлаган зотларни тўғри йўлга ҳидоят қилади. Чиройли амал қилган зотлар учун гўзал оқибат ва зиёда неъматлар бордир. Уларнинг юзларини на қаролик ва на хорлик қоплар. Ана ўшалар жаннат эгалари бўлиб, у жойда мангу қоладилар» (Юнус: 25, 26).

«Гўзал оқибат» - жаннатдир.

«Зиёда неъматлар» - Аллоҳнинг жамолига қарашдир.

Бу ҳақда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам ҳам хабар бердилар. Имом Муслим «Саҳиҳ»ида Суҳайб розияллоҳу анҳудан ривоят қилинган қуйидаги ҳадисни келтирган: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: «Чиройли амал қилган зотлар учун гўзал оқибат ва зиёда неъматлар бордир» оятини ўқидилар ва айтдилар: «Жаннат аҳли жаннатга, жаҳаннам аҳли жаҳаннамга кирганидан сўнг бир жарчи: «Ҳой жаннат аҳли, сизлар учун Аллоҳнинг ваъдаси бор. Уни муҳайё қилмоқчи», деб нидо қилади. (Жаннат аҳли): «У нима экан? Ахир Аллоҳ бизнинг мезонимизни оғир, юзимизни ёруғ қилмадими?! Бизни жаннатига киритиб, жаҳаннамдан узоқлатмадими?!», дейдилар. Шунда парда очилади ва улар Аллоҳга боқадилар. Аллоҳ уларга Ўзига қарашдан кўра севимлироқ бошқа неъмат бермагандир. Бу Аллоҳ таолонинг оятидаги «зиёда неъматлар»дир».

Ҳа... Улар Роббиларини кўрадилар ва юзлари ёруғлик ва нурафшонликка асир бўлади..

Уларга Роббилари тажаллий қилади: уларга кулади, уларнинг ҳар бири билан гаплашади... «У Кунда (мўминларнинг) юзлари яшнаб, Парвардигорларига боқиб тургувчидир!» (Қиёмат: 22, 23).

У боқиш юзларни айлар мунаввар,
Мисоли зулматни ёритган офтоб.
Ошиқлар қувончи зиёда бўлар
Аллоҳим салом-ла қилганда хитоб.
Аллоҳни кўради аниқ у кўзлар
На парда бор ва на малолдан бўзлар!

Аллоҳ номига қасамки, Аллоҳ таоло ҳам, «ҳавосидан гапирмайдиган, юборилган ваҳийнигина айтадиган» Зот ҳам хабар берган.

Тез кунда Роббингизни кўрасиз... Ҳа, кўрасиз...

Тез кунда Сизни яратган ва сизга шакл берган, едириб, ичирган ва кийдирган Роббингизни кўрасиз...

Тез кунда сизни иймон ва Исломга муваффақ қилиб, ҳидоят айлаган Зотни кўрасиз... «(Мўминлар Аллоҳга) рўбарў бўладиган кунда уларга (Аллоҳ томонидан йўлланадиган) салом тинчлик-омонлик тилаш бўлур. (Аллоҳ) улар учун улуғ мукофот (яъни жаннат) тайёрлаб қўйгандир» (Аҳзоб: 44).

Имом Муслим ва имом Бухорийнинг «Саҳиҳ» китобларида Жарир ибн Абдуллоҳ розияллоҳу анҳудан ривоят қилинди: У айтди: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам тўлин ойли кечада Ойга қараб: «Сизлар Роббингизни шу Ойни кўрганингиздек кўрасизлар», дедилар»...

Биласизми, бу неъматнинг бадали нима?!! Биласизми?!!...

Билмасангиз, қулоқ солинг...

Сўнгра Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам сўзларини давом эттириб: «Агар Қуёш чиқиши ва ботишидан илгари намоз ўқишга қодир бўлсангизлар, ўқинглар!», дедилар...

Бомдод ва аср намози эгалари, бу башорат сизлар учун!! Бу пайтда ғафлат уйқусига ботганлар ёхуд намозга бепарво бўлганлар зарару-зиёндадирлар!!...

Абдуллоҳ ибн Масъуд розияллоҳу анҳу айтди: «Сизларнинг ҳар бирингиз Қиёмат кунида Роббиси билан худди тўлин ойлик кечада Ой билан ёлғиз қолганидек ёлғиз қолади»...

Абдуллоҳ ибн Умар розияллоҳу анҳу айтди: «Жаннатдаги энг паст мақомни олган киши ўз мулкига икки минг йил қарасагина бошдан оёқ кўра олади... Жаннатдаги энг афзал мақом эгаси Роббисини ҳар куни икки марта кўра олади!!...

Ҳасан Басрий раҳимаҳуллоҳ айтди: «Дунёдаги обидлар охиратда Роббиларини кўрмасликларини билсалар эди, қалблари бу дунёда эриб, қайғудан пора-пора бўлар эди...

Эй Аллоҳнинг бандалари!

Аллоҳ таоло айтади: «Ким Аллоҳга рўбарў бўлишдан умидвор бўлса, бас, албатта, Аллоҳ (белгилаган мукофот ва жазо) фурсати шак-шубҳасиз келгувчидир. У эшитгувчи, билгувчидир. Ким жиҳод қилса, фақат ўз (фойдаси) учун жиҳод қилур (яъни ким Аллоҳ йўлида саъй ҳаракат қилса, бундан Аллоҳ эмас, балки ўша кишининг ўзи учун манфаат бўлур). Зеро Аллоҳ барча одамлардан беҳожатдир» (Анкабут: 5, 6).

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг дуолари ичида ушбу сўзлар бор: «Аллоҳим, мен сендан Юзингга боқиш лаззатини, зарар бергувчи қабоҳат ва адаштирувчи фитналарсиз Сен билан учрашиш шавқини сўрайман».

Аллоҳим, бизларни Ўзинг билан учрашиш ва Юзингга боқишдан маҳрум қилма!!

Эй сен, шундай неъматни чақаларга алмашган!
Кўп ўтмасдан биласан не эмиш унга қиймат.
Агар билмаган бўлсанг, билмаслик ўзи кулфат,
Билиб алмашган бўлсанг, энди бу зўр мусибат!

Бу – буюк неъматдир...

Жаннатдаги энг улкан неъмат Аллоҳ азза ва жаллани кўриш бўлгани каби, жаҳаннамдаги энг оғир жазо – Аллоҳ таолонинг жамолига боқишдан маҳрумликдир: «Йўқ!! Улар у кунда Роббиларидан пардаланган бўладилар» (Мутоффифийн: 15).

Бу – улар учун энг оғир азобдир...

Жаннатдаги неъмат ва савоблар-чи?!!

Жаннат аҳли унда ўлмайдилар, касал бўлмайдилар, қаримайдилар, унда мангу қоладилар. Жаннатда кўнгиллар тусаган ва кўзлар лаззат оладиган барча нарса муҳайё... Ҳовлилару қасрлар... Дарёлару дов-дарахтлар... Хурмозору узумзорлар...

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам кунларнинг бирида саҳобаларига шундай дедилар: «Тушимда кўрдимки, жаннатда эканман. Бир аёл бир қаср четида таҳорат қилар эди. «Бу қаср кимники?», деб сўрадим. «Умар ибн Хаттобники», дейишди. Эй Умар, мен сизнинг рашкингизни эсга олдим-да, ортимга қайтдим». Шунда Умар ибн Хаттоб йиғлади ва: «Мен Сизга рашк қилармидим Ё Расулуллоҳ?!», деди.

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтдилар: «Мўъминнинг жаннатда узунлиги олтмиш миллик бир инжудан ўйиб ясалган чодири бўлиб, унинг ичида оиласи ҳам бўлади. У уларга айланиб юради, бироқ улар бир-бирларини кўрмайдилар».

Дарахтлари-чи?!!

Аллоҳ таоло улар ҳақида шундай деди: «(Улар) тикансиз бутазорларда, тизилган бананзорларда, ёйилган соя (ости)да, оқизиб қўйилган сув (усти)да, тугаб қолмайдиган ва манъ этилмайдиган кўпдан-кўп (турли-туман) мева-чева (ости)да» (Воқеа: 28 – 33).

Имом Бухорий ва имом Муслим ривоят қилдилар: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтдилар: «Жаннатда бир дарахт бор, чопқир от устидаги чавандоз унинг остида юз йил чопса ҳам, дарахт соясидан чиқиб кета олмайди».

Мевалари-чи?!

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламдан ривоят қилинишича, у Зот кунларнинг бирида жаннатнинг баъзи меваларини таърифладилар: «Менга жаннат ва ундаги гул-чечак ҳамда яшилликлар кўрсатилди. Мен бир бош узумни сизларга олиб келиш учун олдим. Бироқ бу ишимга тўсқинлик қилинди. Агар уни сизларга олиб келсам ва Осмону Ер ўртасидаги барча (махлуқлар) еса ҳам тугата олмас эдилар».

Жаннат аҳлининг кийимлари шойи ва ипакдандир.

Суҳбатлари бўладиган жойларда: «У жойда оқар булоқ бордир. У жойда баланд сўрилар; Ва (булоқ буйига) қўйиб қўйилган қадаҳлар. Тизиб қўйилган ёстиқлар. Ва тўшалган гиламлар бордир» (Ғошия: 12 – 16).

Аллоҳ таоло айтди: «Шак-шубҳасиз яхшилар (яъни мўминлар жаннат) неъматларидадирлар. Улар сўриларда (Аллоҳ таоло ўзларига ато этган неъматларга) боқиб (ўтирадилар). Сиз уларнинг юзларида неъматларнинг жилвасини танирсиз кўрасиз. Улар (жаннатда) муҳрланган майдан суғорилурларки, У (май)нинг муҳри мушк бўлади. Бас, баҳслашгувчи кишилар (мана шундай мангу неъматга етиш йўлида) баҳслашсинлар» (Мутоффифун: 22 – 26).

Бу – уларнинг мукофотларидир... Бу – уларнинг савобларидир...

Кўп вақт уларнинг таналари очлик ва чанқоқликдан қийналган эди...

Кўп вақт ўзларини ўйин-кулгу ва кибру ҳаводан сақлаган эдилар...

Кўпинча саҳар пайтлари Қуръон тиловати билан машғул эдилар...

Сўнгра, тиловатлари ортидан кўз ёшлари, истиғфорлар, дуо ва зикрларни аяшмаган эди...

Бу – уларнинг мукофотлари... Бу – уларнинг савоблари...

Улар «(Жаннатдаги) сўриларда» Аллоҳ таоло ато этган неъматларга ҳамда душманларининг азобланишларига «боқиб турадилар» (Мутоффифун: 35)...

Уларнинг чиройини таърифлаш учун сўз йўқ!! Гўдаклар уларни ўраб, олдиларида турадилар... Улар хатардан қутилиб, омонликка эришдилар...

Улар: «Улар бир-бирларига боқишиб, басти-жавоб қилишиб, дейдилар: «Ҳақиқатан бизлар илгари (ҳаёти дунёда) аҳли-оиламиз орасида (бўлган чоғимизда охиратда Аллоҳнинг азобига дучор бўлишдан) қўрқар эдик. Мана, Аллоҳ бизларга марҳамат кўрсатди ва бизларни самумдан (яъни баданларни илма-тешик қилиб юборадиган дўзахий шамолдан) сақлади. Дарҳақиқат бизлар илгари (ҳаёти-дунёда) У зотга дуо-илтижо қилар эдик. Албатта Унинг Ўзигина марҳаматли, меҳрибондир». Бас, (эй Муҳаммад) сиз (инсонларга Қуръон оятлари билан) панд-насиҳат қилаверинг! Чунки сиз Роббингизнинг неъмат-марҳамати билан коҳин-фолбин ҳам мажнун ҳам эмасдирсиз» (Тур: 25 – 29).

Ҳадис қудсийда Аллоҳ таоло айтди: «Иззатим ва буюклигимга қасамки, Мен бандамга икки хотиржамлик ва икки қўрқувни жам қилмайман: Мендан бу дунёда хотиржам бўл(иб, ибодатлар қилма)ган кишини охиратда қўрқитаман. Бу дунёда Мендан қўрққан кишини (эса) охиратда (амну-омонда) хотиржам қиламан».

Улар хоналарда хотиржам (амну-омонда) бўладилар...

Эй ғофил!

Одамлар фойда қилмоқдалар, сен эса зарар қилмоқдасан!!

Улар Ҳабибга ошиқмоқдалар, сен эса ...

Улар Аллоҳнинг амрларини бажо келтирмоқдалар! Сен-чи, уларни зое қилмоқдасан!!

Ўша қаср ва уйлар остидан оқиб ўтган чашма ва дарёларни биласизми?!

Улар жаннат аҳлининг бўстонлари, уйлари ва қасрлари остидан оқиб ўтадилар...

У дарёлардан бир қултум ичган одам мудом чанқамайди...

Уларнинг суви - сутдан оқ, асалдан ширин, муздан совуқ, мушкдан хушбўй бўлиб, ичиш билан туганмас, узоқ туриш билан айнимас...

Уни ичиш юз ва баданнинг нурафшонлигини зиёда қилади: қалблар, руҳлар ва баданлар нурдек порлайди...

Ундан ичган киши билим, (Аллоҳга) яқинлик, шавқ ва ишончни зиёда қилади...

Аллоҳ таоло айтди: «Тақво эгалари учун ваъда қилинган жаннатнинг мисоли-сифати (будир): «Унда айнимаган сувдан бўлган дарёлар ҳам, таъми ўзгармаган сутдан бўлган дарёлар ҳам, ичгувчилар учун лаззатли (яъни бадтаъм ва ақлдан оздиргувчи бўлмаган) майдан бўлган дарёлар ҳам, мусаффо асалдан бўлган дарёлар ҳам бордир. Улар учун у жойда барча мевалардан бордир ва (улар учун у жойда) Роббилари томонидан мағфират бордир. (Ана шундай жаннат аҳли бўлган тақво эгалари) жаҳаннамда мангу қоладиган ва (у жойда) қайноқ сув билан суғорилиб, у (сув) ичакларини бўлак-бўлак қилиб ташлаган (кофир) кимсалардек бўладими?!» (Муҳаммад: 15);

«Ва (уларга Роббилари тарафидан мукофот қилиб берилган) остларидан дарёлар оқиб ўтадиган жаннат-боғлар бордир» (Оли Имрон: 136).

Имом Бухорий раҳимаҳуллоҳ Анас розияллоҳу анҳудан ушбу ҳадисни ривоят қилди: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтдилар: «Мен жаннатда юрар эканман икки қирғоқида ўйилган лўълўъдан ясалган гумбазлар (терилган) дарё олдидан ўтдим ва: «Эй Жибрил, бу нима», дедим. «Бу – Роббингиз Сизга ато этган Кавсар», деди. Фаришта унга бир урган эди, лойларининг бўйи ўткир мушк экан».

Бу – дарёлар ҳақида...

Чашма-булоқлар-чи?!..

Аллоҳ таоло айтди: «Тақводорлар боғлар ва чашмалар ичидадир» (Зориёт: 15, Ҳижр: 45);

«Албатта (ҳаёти-дунёдан Аллоҳ таолонинг амру фармонларига итоат қилиб ўтган) яхшилар (жаннатда) мизожи-аралашмаси кофувр Аллоҳнинг (яхши) бандалари ичадиган (жаннатий) чашма бўлган майкосалардан (май) ичурлар. Улар у (чашмани ўзлари хоҳлаган жойдан) чиқариб-оқизиб олурлар» (Инсон: 5, 6).

Уларнинг қулликдаги насабига қаранг: «Аллоҳнинг (яхши) бандалари»... Бу – буюк нидолардан биридир...

Менинг шарафимни кўкка кўтарган,
Ҳатто юлдузларга етказган пойим -
Сенинг «Бандам!» дея қилган хитобинг,
Аҳмадга қилганинг уммат, Худойим!

Аллоҳ таоло айтди: «Албатта (ҳаёти-дунёдан Аллоҳ таолонинг амру фармонларига итоат қилиб ўтган) яхшилар (жаннатда) мизожи-аралашмаси кофур Аллоҳнинг (яхши) бандалари ичадиган (жаннатий) чашма бўлган майкосалардан (май) ичадилар»...

«(Жаннат аҳли) у жойда мизожи-аралашмаси занжабил бўлган майкосалар (жаннатлардаги) салсабил-ўтимли деб аталадиган чашма би­лан суғорилурлар» (Инсон: 17, 18).

Аллоҳ таоло жаннат аҳлининг майлари кофур ва занжабил билан аралаштирилган бўлишидан хабар бермоқда. Кофурнинг табиати совуқлик бўлиб, хушбўйдир. Занжабил эса табиати иссиқлик бўлиб, хушбўйдир. Бу иккисининг пайдар-пай келиши мукаммал лаззат ва хушбўйлик ифодасидир...

Мужоҳид раҳимаҳуллоҳ Аллоҳ таолонинг «Улар у (чашмани ўзлари хоҳлаган жойдан) чиқариб-оқизиб олурлар» оятини: «Уни қаерда ва қачон бўлмасин, хоҳлаганларидек ишлата оладилар. Чунки чашмалар қасрлари, мажлислари ва кетган ҳар ерларида бордир», деб тафсир қилган.

Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва салламни ҳақ билан юборган Зотга қасамки, агар шу дарёлар лабидан сизга бир ҳовли берамиз дейилса, қувончингизнинг чеки бўлмасди...

Аллоҳга қасамки, сизга бу дунёда дарё лабидан бир ҳовли берамиз, дейилса хурсанд бўласиз...

Остларидан дарёлар оқиб ўтадиган қасрларга нима дейсиз?!!

Бу – катта башорат ва мукофотлар эмасми?!..

Бу ҳовлилар, бу қасрлар, бу боғлар, бу дарахтзорлар ва бу булоқ ва дарёлар лабида туриш ҳурларни қучиш ва бокираликларидан лаззатланишдан холи бўлмайди...

Ҳурлар – гўзал ва шаҳло кўздирларки, уларга (жаннат аҳлидан) илгари на бир инс ва на бир жин тегингандир (Раҳмон: 56; 74).

Аллоҳ таоло уларни: «Гўё улар ёқут ва маржондирлар» дея таърифлади.

Куйлашларини кўриш ва тинглаш нақадар ёқимли!!

Сизга ҳамроз ва ҳамётоқ бўлса, ундай суҳбат ва лаззат бошқа ерда йўқ!!

Ундан бўса олсангиз, унинг ҳароратини ҳеч қаердан топа олмайсиз!! Бу бўсанинг лаззати ва тоти дунёда йўқ!!

Агар уни қучоқласангиз, унинг лаззатига бас келадиган нарса бу дунёда йўқ!!

Агар у билан суҳбатлашсангиз, суҳбатнинг тугашини хоҳламайсиз!!

Эрининг юзига қараб табассум қилса кулгу ва табассумидан жаннат порлаб кетадиган хотин ҳақида нима дейсиз?!!

У бир қасрдан иккинчисига кўчса: «Қуёш ўз фалакининг буржида кўчиб юрибди», дейсиз!!

Аллоҳ таоло уларни «Ҳур айн» деб номлади...

«Ҳур» - «ҳавроъ» сўзининг кўплик шакли бўлиб, гўзал, оппоқ ва қаро кўз қиз, демакдир.

Унинг кўзлари... Шаҳло кўзлар... Уларнинг чиройига эркаклар маҳлиёдир...

Терисининг юпқалиги ва рангининг шаффофлиги кўзларни қамаштиради...

Болдирлари кийимлари остидан кўриниб туради... Унинг юзига қараганлар тиниқлигидан унда ўз аксини кўради. Чунки унинг ранглари ёқутнинг тиниқлиги ва маржоннинг оқлигидадир...

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтдилар: «Агар жаннатдаги хотинлардан бири ерга нигоҳ ташласа, чор атрофни ёритган ва хушбўй ҳидга тўлдирган бўлар эди. Улардан бирининг бошидаги рўмоли дунё ва дунёдаги барча нарсадан кўра яхшироқдир»...

Ла илаҳа иллаллоҳ! Ла илаҳа иллаллоҳ! Агар рўмоли шунчалар бўлса, рўмолни ўраган нозанин қандай экан?!!..

Аллоҳ таоло айтди: «Дарвоқеъ Биз уларни (оҳу кўз ҳурларни) дафъатан пайдо қилдик (яъни улар онадан туғилмадилар, балки Аллоҳнинг қудрати билан дафъатан пайдо бўлдилар). Сўнг уларни ўнг томон эгалари учун (ёшда ҳам, ҳусну жамол ва қадду қоматда ҳам) бири-бирига тенг, эҳтиросли бокира қизлар қилиб қўйдик» (Воқеа: 35 – 38);

«Бас, (эй инсонлар ва жинлар), Роббингизнинг қайси неъматларини ёлғон дея оласизлар?! У (жаннат)ларда хушхулқ ва гўзал юзли (аёл)лар бордир. Бас, (эй инсонлар ва жинлар), Роббингизнинг қайси неъматларини ёлғон дея оласизлар?! (Улар) чодирларда асралган ҳурлардир. Бас, (эй инсонлар ва жинлар), Роббингизнинг қайси неъматла­рини ёлғон дея оласизлар?! Уларга (жаннат аҳлидан) илгари на бир инс ва на бир жин тегингандир. Бас, (эй инсонлар ва жинлар), Роббингизнинг қайси неъматларини ёлғон дея оласизлар?!» (Раҳмон: 69 – 75).

Собитдан ривоят қилинади: «Отам тунлари Аллоҳга ибодат билан машғул бўлган кишилардан бири эди. У шундай дер эди: «Кечаларнинг бирида тушимда дунё хотинларига ўхшамаган бир хотинни кўрдим ва унга: - Эй Аллоҳнинг чўриси, кимсан? - дедим.

У: - Мен жаннат ҳурларидан бир ҳурман - деди.

- Менга турмушга чиқмайсанми? - дедим.

- Мени Ҳожамдан сўраб, маҳримни бер! - деди.

- Маҳринг нима? - дедим.

- Узун таҳажжуд намозлари ўқиш ва кечаларни бедор ўтказиш - деди.

Эй ғафлат уйқусига чўмганлар, бу сўзларни эшитинглар!!

Эй жаннатий ҳурларга совчи қўйган,
Уларга етишмоқни дилга туккан!
Ўрнингдан тур, асло бўлма эринчоқ,
Нафсинг ила кураш олиб бор ҳар чоқ!
Маҳри учун тунлари бўлгин бедор,
Ҳам кундузлар рўзалар тутгин бисёр.
Юришларин кўрсанг эди мастона,
Кўксидаги қўш анори фаттона.
Кириб келса бир тўп тенгдошлар ичра,
Қимматбаҳо жавоҳир-тошлар ичра.
Бу дунёда кўрганинг гул-чечаклар,
Гўёки асли йўқ, хаёл чўпчаклар...

Омир ибн Абдулвоҳид айтди: «Менга айтишларича, Жаннат аҳлидан бўлган эркак бир жойда етмиш йил қолиб кетади. Сўнгра нигоҳ ташласа, ўзи билан бирга бўлган хотинлардан кўра нозанин ва уни: «Эй Аллоҳ танлагани! Бизнинг сен билан бирга бўлиш пайтимиз келмадими?!», деб чақираётган бир хотинга кўзи тушади. У: «Эй Аллоҳнинг чўриси, сен кимсан?!», деб сўрайди. У: «Аллоҳ таолонинг: «Ҳузуримизда зиёдаси ҳам бор», деб айтгани мен бўламан», деб жавоб беради.

У бу хотин билан етмиш йил бирга бўлади. Сўнгра (атрофга) бир нигоҳ ташласа, кўзи ўзи билан бирга бўлган хотиндан ҳам чиройли бўлган ва: «Эй, Аллоҳнинг дўсти! Бизнинг сен билан бирга бўлиш пайтимиз келмадими?!», деб чақираётган бир хотинга кўзи тушади. У: «Эй Аллоҳнинг чўриси, сен кимсан?!», деб сўрайди. У: «Мен Аллоҳ таоло: «Бас уларнинг қилиб ўтган амалларига мукофот қилиб улар учун беркитиб қўйилган кўзлар қувончини (яъни охират неъматларини) бирон жон билмас» деганиман», деб жавоб беради.

Сиз Ёсин сурасида баён қилинган жаннат аҳлининг тавифларини эшитганмисиз?! «Шак-шубҳасиз жаннат эгалари бу Кунда ўзлари истаган (орзу қилган) иш(лари) билан шод-хуррам бўлгувчидирлар. Улар ўз жуфтлари билан бирга барча соя-салқин жойлардаги сўриларда ястаниб ўтирадилар. Улар учун у жойда (ҳар турли) мева-чева мавжуддир ва улар учун чорлаган – истаган нарсалари ҳозирдир. (Уларга) Меҳрибон Роббилари томонидан салом айтилар» (Ёсин: 55 – 58).

Муфассирлар «ўзлари истаган (орзу қилган) иш(лари) билан шод-хуррам бўлгувчидирлар» оятини: «Бокиралигини кетказиш билан шод-хуррам бўладилар» дея тафсир қилдилар. Чунки, ҳар бир қовушишдан сўнг яна бокирага айланаверади!!...

Бир одам Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламдан: «Жаннатда хотинларимиз билан қовуша оламизми?», деб сўради. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам бунга жавобан: «Бир эркак бир кунда юзта бокира қиз билан қовушади. Жаннатдаги мақомларга қараб аёллар сони фарқли бўлаверади», дедилар.

Сиз бундан ҳайратга тушманг... Чунки жаннатда бир эркакка юз эркак қуввати берилади!!

Хўш, ҳурнинг маҳрини бердингизми?!!

Ҳурнинг бадалини тўладингизми?!!

Молик ибн Динор айтди: «Мен ҳар кеча Қуръондан бир неча ҳизб ўқиш одатим бор эди. Бир кеча ухлаб қолибман. Тушимга гўзал бир нозанин кирибди. Унинг қўлида қоғоз бор эди. У менга: «Ўқишни биласанми?», деди. Мен: «Ҳа», дедим. Менга қоғозни узатди. Унда шу сатрлар ёзилган эди:

«Уйқудасан, бироқ мўл-кўл орзулар,
Умидингда доим жаннатий ҳурлар.
У ерда ўлим йўқ, мангудир ҳаёт,
Ҳурларга тўладир чодирлар, ҳайҳот!
Уйқудан уйғонгин, эй ғофил, шу он
Афзалдир уйқудан намоз-ла Қуръон!»

Сўзларнинг пурмаъноси – Аллоҳнинг каломидир: «Албатта тақводор зотлар (У Кунда) осойишта жойда, боғлар ва чашмалар устида бўладилар. Улар бир-бирларига рўбарў бўлган ҳолларида ипак-шойидан либослар кийиб (ўлтирурлар). Мана шундай! Яна Биз уларга оҳукўз ҳурларни жуфти ҳалол қилиб қўйгандирмиз. Улар у жойда тинч-хотиржам бўлган ҳолларида (хизматкорлардан) барча мева-чевани чақирадилар. Улар (жаннатда) биринчи ўлимдан (яъни ҳаёти дунёдан кўз юмганларидан) бошқа ўлимни тотмаслар. (Аллоҳ) уларни жаҳаннам азобидан сақлагандир. (Бу) Роббингиз томонидан бўлган фазлу марҳаматдир. Мана шу улуғ бахтдир. Бас, (эй Муҳаммад), дарҳақиқат, шояд улар эслатма-ибрат олсалар, деб Биз (бу Куръонни) сизнинг тилингиз билан осон-енгил қилиб бердик. (Лекин улар Қуръон панд-насиҳатларини қабул қилмадилар). Бас, энди сиз (уларнинг ҳоллари не кечишига) кўз тутинг! Улар ҳам албатта (сизнинг ҳалокатингизга) кўз тутгувчидирлар» (Духон: 50 – 59).

Сиз уларнинг ажиб оҳангдаги куй-қўшиқларини тинглайсиз... Бу куй-қўшиқларнинг оҳанги ақлларни асир этади...

Улар мудом: «Бизлар мангумиз, йўқ бўлмаймиз! Мулойиммиз, қўпол бўлмаймиз! Розимиз, ғазаб қилмаймиз!», дея такрорлаб турадилар...

Муҳтарама сингилжон, ушбу сўзларга қулоқ беринг!

Аллоҳ таоло етти қат осмон устидан поклиги ва иффатли эканини баён қилган Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг севимли жуфти ҳалоллари Оиша розияллоҳу анҳо айтдилар: «Ҳури айнлар ундай десалар, дунёдаги мўъминалар: «Биз намоз ўқидик, сиз ўқимадингиз! Биз рўза тутдик, сиз тутмадингиз! Биз таҳорат қилдик, сиз қилмадингиз! Биз садақа бердик, сиз бермадингиз!», деб жавоб берадилар-да, ҳури айнларга ғолиб келадилар.»

Синглим, сиз Аллоҳ ҳузурида ҳури айндан кўра мукаррамасиз!! Сиз ундан кўра гўзалсиз!!

Аёл киши ҳаё қилмаса эди, Аллоҳ таоло жаннатда у учун тайёрлаб қўйган нарсаларини таърифлаб берар эди...

Аллоҳ таоло айтди: «Улар учун бурчлари баробарида ҳуқуқлари ҳам бордир» (Бақара: 228).

Эй муштоқ, эй хушхабарга интиқ инсон, мен сизга биздан аввал жаннат сари отланган зотлар ҳақида хабар бермоқчиман...

Амр ибн Жамуҳ розияллоҳу анҳу чўлоқ эди. Унинг тўртта ўғли бор эди. Улар Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам иштирок этган барча жангларда ҳозиру-нозир эдилар. Уҳуд кунида оталарини жангга чиқармасликка қаттиқ ҳаракат қилдилар ва: «Аллоҳ таоло сизга жангга чиқмасликка рухсат берди: «(Жиҳодга чиқмай қолишларида) кўзи ожиз кишига хараж-танглик йўқдир, чўлоққа хараж йўқдир (яъни улар жиҳодга чиқмаганлари учун айбланмас)» (Нур: 61; Фатҳ: 17)- дедилар».

Бироқ, саҳобалар кўтаринки руҳда эдилар. Амр ибн Жамуҳ розияллоҳу анҳу Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам ҳузурларига бориб: «Фарзандларим мени Сиз билан бирга жангга чиқишдан тўсмоқчи бўлаяптилар. Лекин мен шу чўлоқ оёқларим билан жаннатни босишни истайман!», деди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: «Аллоҳ таоло сизни узрли санади, жиҳод қилиш сизга фарз эмас», дедилар, ўғилларига: «Уни тўсманглар, шояд Аллоҳ унга шаҳидликни насиб этса!», дедилар...

Амр ибн Жамуҳ розияллоҳу анҳу қурол-аслаҳаларини олиб, урушга чиқди. Сафлар тизилганида қиблага қараб: «Аллоҳим, шаҳидликни насиб эт ва мени оиламга қайтарма!», дея дуо қилди. Сўнг орқага чекинмай, мардларча жанг қилди ва ўша куни шаҳид бўлди...

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтдилар: «Жоним қўлида бўлган Зотга қасамки, ичингизда бир киши борки, Аллоҳга қасам ичса Аллоҳ унинг қасамини оқлайди. Амр ибн Жамуҳ улардан бири эди. Мен унинг чўлоқ оёғи билан жаннатни босиб юрганини кўрдим».

Улар Аллоҳга содиқ қолдилар! Аллоҳ ҳам уларга садоқат кўрсатди!

Эй, жаннат муштоқи! Бизни улар карвонига қўшилиш учун чақираётган ушбу нидога қулоқ солинг: «Эй мўминлар, Аллоҳдан қўрқингиз ва иймонларида ростгўй бўлган зотлар билан бирга бўлингиз!» (Тавба: 119).

«Чунки Аллоҳ барча кибр-ҳаволи, мақтанчоқ кимсаларни суймас» (Луқмон: 18) ояти нозил бўлганида, ансорларнинг ва Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг хатиблари - Собит ибн Қайс розияллоҳу анҳу дарвозасини беркитиб, уйидан чиқмай қўйди. У шу ҳолатда йиғлаб, узоқ қолиб кетди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламга бунинг хабари етганида уни чақиртирдилар. Собит ибн Қайс розияллоҳу келиб: «Ё Расулуллоҳ, мен чиройли кийим-кечакларни ёқтираман. Шунинг учун Аллоҳ таоло: «Чунки Аллоҳ барча кибр-ҳаволи, мақтанчоқ кимсаларни суймас» деганида мутакаббирлардан бири бўлиб қолишдан қўрқиб кетдим!!», деди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам унинг бу сўзларини эшитиб, кулдилар ва: «Сиз улардан бири эмассиз. Сиз яхшилик билан яшайсиз ва яхшилик билан ўлиб, жаннатга кирасиз!», дедилар.

Аллоҳ таоло улар ва улар изидан кетган кишилар ҳақида шундай деди: «Муҳожир ва ансорларнинг биринчи пешқадамлари ва уларга чиройли амаллар билан эргашган зотлар – Аллоҳ улардан рози бўлди ва улар ҳам Ундан рози бўлдилар. Яна (Аллоҳ) улар учун остидан дарёлар оқиб турадиган, улар абадий қоладиган жаннатларни тайёрлаб қўйди. Мана шу буюк бахтдир» (Тавба: 100).

Жаннат муштоқи бўлган синглим, сизга ҳам аввал яшаб ўтган садоқатли аёллар ҳаётидан хабарларим бор.

Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳу айтди: «Жибрил алайҳис-салом Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам олдиларига келиб: «Ё Расулуллоҳ! Хадича қўлида идиш билан келяпти, унда ёғ, овқат ёки ичимлик бор. Кириб келгач, унга Роббисидан ва Мендан салом айтинг!», дедилар...

«Кириб келса унга Роббисидан ва Мендан салом айтинг!!!».

Сўнг Жибрил алайҳис-салом Хадича онамизга жаннат қамишларидан қилинган ва қайғу-алам, тўполон бўлмаган уйдан башорат бердилар. «Бу Аллоҳнинг фазлу марҳамати бўлиб, Ўзи хоҳлаган кишиларга беради. Аллоҳ улуғ фазлу марҳамат соҳибидир» (Ҳадид: 21; Жумъа: 4).

Синглим, бу сўзларга қулоқ беринг!

Осия Музоҳим қизи Фиръавн ва унинг қавми қийноқларига сабр қилди..

Фиръавн унинг мусулмон бўлганини билиб қолгач, азоблай бошлади...

У қавми олдига чиқиб: «Осия Музоҳим қизи ҳақида фикрингиз қандай?», деб сўради. Ҳамма унга мақтовлар ёғдирди. Бироқ Фиръавн: «У мендан бошқа парвардигорга ибодат қилаяпти» дейиши биланоқ: «Уни ўлдиринг!», дедилар.

Фиръавн унинг қўл-оёқлари тирноқларини суғурди. Бечорани шундай абгор ҳолатида Қуёш жазирамасига ташлаб, устига тегирмон тошини қўйдирди!!

Ё Аллоҳ, улар қанчалар сабр қилдилар! Қийноқларга солиндилар, бироқ ғояларидан воз кечмадилар!!

... Унинг тирноқларини суғуриб, Қуёш жазирамасига ташлаб, устига тегирмон тошини қўйганларида, бечора заиф аёлга фаришталар қанотларини соябон қилган эдилар!!

Фиръавннинг қийноқлари, таҳқирлари ва зулми кучаяр экан, Осия розияллоҳу анҳо: «Парвардигорим, Ўзинг мен учун ҳузурингда – жаннатда бир уй бино қилгин, менга Фиръавн ва унинг қилмишидан нажот бергин ва менга бу золим қавмдан нажот бергин», деди» (Таҳрим: 11).

Аллоҳ таоло унга жаннатдаги ўрнини кўрсатди. У кўзлари ўнгида – ривоятларда айтилишича, луълуъ-инжудан – қурилаётган уйини кўрди ва беихтиёр кулиб юборди...

Унинг кулиши Фиръавннинг келишига тўғри келди. Фиръавн халққа: «Шубҳасиз, бу телба бўлиб қолган! Қаранглар, биз қийнаяпмиз, у эса кулаяпти!», деди.

Осия кўз кўрмаган, қулоқ эшитмаган ва инсон хаёлига келмаган нарсани кўрган эди...

У ўз матонати ва садоқатининг мукофотини кўрган эди... Аллоҳ таоло унга бу дунёда эканидаёқ охиратда берилажак неъматларини кўрсатган эди..

Аллоҳ таоло унинг руҳини олди... Золим инсонлардан қутқарди... Жаннатга кўтарди.. У Роббул-Оламийн ҳузуридадир...

Жаннат безанган ҳолида мавжуд ва дарвозалари ланг очиқ эканини билган, сўнг унга кириш учун тиришиб, ошиқмаган одамнинг ҳоли ҳайратли!!...

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтдилар: «Қўрққан одам кечаси йўлида давом этади. Кечаси йўлида давом этган одам манзилига етади. Унутманглар, Аллоҳнинг матоси бебаҳодир! Унутманглар, Аллоҳнинг матоси – жаннатдир»..

У жаннатдирки, Аллоҳнинг юзини восита қилиб ундан бошқаси сўралмайди!..

У жаннатки, унинг муштоқи солиҳ одамлардир!!

Садоқатли инсонлар унинг «маҳри»ни бердилар!!

Жаннатни Жаъфарут-Тайёр, Умайр ибн Ҳимом, Ҳаром ибн Малҳонлардан сўранг...

Жаннатни Анас ибн Назр, Омир ибн Абу Фуҳайралардан сўранг...

Жаннатни Амр ибн Жамуҳ, Абдуллоҳ ибн Абу Равоҳалардан сўранг...

Жаннатни Хаттоб ва Абу Валидлардан сўранг...

У – жаннат-ки, Аллоҳнинг эҳтиром диёридир...

Унга кириш учун енг шимарганлар борми?!!

Бу шундай жаннаттки, унда қанча турмоқчи бўлсангиз, ўшанга яраша амал қилиб қолинг!!..

Жаннат – Аллоҳнинг тақводорлар учун марҳаматидир, унга кириш учун енгларни шимаринг!!..

У ерда қанча қолишингизга, унга бўлган иштиёқингизга кўра амал қилинг!!..

У – Аллоҳ тақводорлар учун, кечаларни ибодат ва кундузларни рўза тутиш билан ўтказишга тиришганлар учун ваъда қилган диёрдир...

Шериксиз ягона бўлган Аллоҳ номига онт ичиб айтманки, жаннат бошқа бирон уммат учун Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг умматига безанганидек безанмади, зийнатланмади...

Шундай бўлса-да, жаннат ошиқларини на кўраяпмиз ва на эшитаяпмиз...

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг ушбу сўзларига қулоқ солинглар: «Рамазон ойи келгач жаннат дарвозалари очилади, жаҳаннам дарвозалари бекилади ва шайтонлар занжирбанд қилинади»...

Ҳа! Жаннатлар дарвозалари хаёлда эмас, ҳақиқатда очилиб, бир нидо қилгувчи: «Ҳой яхшиликни излаган, кел! Ҳой ёмонликни истаган, бас қил!», деб нидо қилади.

Жаннат учун енг шимарган эркаклар ва аёллар қани?!!...

«У – Биз бандаларимиздан тақводор бўлган кишиларга мерос қилиб берадиган жаннатдир» (Марям: 63).

Агар жаннат аҳлининг сифатларини ўрганмоқчи бўлсангиз, мана ўша сифатлар, улар билан безанинг: «Ва Роббин­гиз томонидан бўлғувси мағфиратга ҳамда тақводорлар учун тайёрлаб қўйилган эни осмонлар ва Ер (баробарида) бўлган жаннатга шошилингиз! (У тақводор зотлар) яхши-ёмон кунларда инфоқ-эҳсон қиладиган, ғазабларини ичларига ютадиган, одамларнинг (хато-камчиликларини) афв этадиган кишилардир. Аллоҳ бундай яхшилик килувчиларни севади. (У тақводор зотлар) қачон бирон-бир нолойиқ иш қилиб қўйсалар ёки (қандайдир гуноҳ иш қилиш билан) ўзларига зулм қилсалар, дарҳол Аллоҳни эслаб, гуноҳларини мағфират қилишни сўрайдиган, – Ҳар қандай гуноҳни ёлғиз Аллоҳгина мағфират қилади, – билган ҳолларида қилган гуноҳларида давом этмайдиган кишилардир» (Оли Имрон: 133 – 135).

Ҳа, улар гуноҳ ишларга қўл урадилар, бироқ, бу ишда давом этмайдилар: тавба қилиб, истиғфор айтадилар: «Уларнинг мукофотлари Роббилари томонидан мағфират ва тагларидан дарёлар оқиб тургувчи жаннатлар бўлиб, улар ўша жойда абадий қолажаклар. Яхши амал қилгувчиларнинг ажрлари нақадар яхши ажр!» (Оли Имрон: 136).

Бир саҳройи «Албатта, Аллоҳ мўминларнинг жонларини ва молларини улардан жаннат баробарига сотиб олди» (Тавба: 111) оятини ўқиётган Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг олдидан ўтиб қолди ва: «Бу кимнинг сўзлари?», деб савол берди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: «Раҳмон (Аллоҳ)нинг сўзлари», деб жавоб бердилар. «Ундай бўлса, бундай улкан фойдали тижоратни чошгоҳгача қўймайлик», деди-да, Аллоҳ йўлида жиҳодга чиқди ва шаҳид бўлди. Ҳақиқатан ҳам савдоси фойдали бўлди..

Аллоҳ номига онт ичиб айтаманки, бу – Аллоҳнинг каломидир: «Бас, (эй мўминлар), қилган бу савдоларингиздан шод бўлингиз. Мана шу ҳақикий буюк бахтдир» (Тавба: 111).

Агар жаннат аҳлидан бўлмоқчи бўлсангиз, азобдан қўрққан ва савобни умид қилганлар сафида бўлинг! Аллоҳ таоло айтди: «Роббиси (ҳузурида) туришидан (яъни ўзининг Аллоҳ олдида туриб ҳаёти дунёда қилиб ўтган барча амалларига жавоб беришдан) қўрққан киши учун икки жаннат бордир» (Раҳмон: 46).

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтдилар: «(Бу) икки жаннатнинг идишлари ва ичидаги нарсалари кумушдан ва икки жаннатнинг идишлари ва ичидаги нарсалари тиллодандир. (У ердаги) одамлар билан Роббиларини кўришлари ўртасини Адн жаннатидаги Аллоҳнинг юзидаги парда тўсиб туради, холос»...

Ё, Аллоҳ!

Аллоҳ таоло айтди: «Бас, ана ўшанда ким (ҳаёти-дунёда куфру исён билан) туғёнга тушган, Ва ҳаёти-дунёни (охиратдан) устун қўйган бўлса, У ҳолда фақат жаҳаннамгина (унинг учун) жой бўлади! Энди ким (ҳаёти-дунёдалик пайтида Қиёмат Куни маҳшаргоҳда) Роббисининг (ҳузурида) туриши (ва У зотга ҳисоб-китоб бериши)дан қўрққан ва нафсини ҳавойи хоҳишлардан қайтарган бўлса У ҳолда фақат жаннати маъвогина (унинг учун) жой бўлади» (Нозиот: 37 – 41).

Хўш, Маъво жаннати қаерда? «Қасамки, (Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва саллам Жаброил алайҳиссаломни ўзининг аслий суратида) иккинчи бор (жаннат) четидаги Нилуфар олдида кўрди. Жаннати маъво ҳам ўша (Нилуфар)нинг олдидадир. Ўшанда Нилуфарни ўраган нарса (яъни Аллоҳ таолонинг файзи илоҳийси) ўраб олган эди. (Пайғамбарнинг) кўзи (ўнгу сўлга) оғгани ҳам йўқ, ўз ҳаддидан ошгани ҳам йўқ. Дарҳақиқат у (ўша соатда) Роббисининг буюк оятларини (яъни У зотнинг қудрати илоҳийсига далолат қиладиган жуда кўп аломатларни), кўрди» (Нажм: 14 – 18).

Севинчли хабарлар кутган ва жаннатга муштоқ бўлган синглим, сиз ҳам жаннат аҳлидан бўлмоқчи бўлсангиз, у ердаги аёлларнинг айрим сифатларига қулоқ беринг...

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтдилар: «Мен сизларга жаннати хотинларингиз ҳақида айтиб берайми: улар севимли, серфарзанд, эрига зулм қилиб қўйса: «Мана бу қўлим сенинг қўлингда, сен рози бўлмагунингча на мижжа қоқаман ва на ухлайман» деб пушаймон қилувчи аёллардир»...

Бундан ташқари, садоқатли, обида ва итоатли аёлларга қуйидагича башорат бердилар: «Хотин киши беш вақт намозини ўқиса, рўзасини тутса, номусини сақласа ва эрига итоат этса, жаннат дарвозаларининг хоҳлаганидан киради!»...

Бундан ортиқ марҳамат бўлиши мумкинми?!!

Сиз Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг ушбу ажойиб хушхабарларига ҳам қулоқ солинг: «Оиша розияллоҳу анҳу айтдилар: «Олдимга бир хотин тиланчилик қилиб келди. У билан бирга икки қизи ҳам бор эди. Уйда бир дона хурмодан бошқа нарса йўқ эди. Мен уни хотинга бердим. Хотин хурмони ўзи емай, қизларига бўлиб берди. Кейин туриб, чиқиб кетди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам келганларида бу ҳақда айтиб бердим. Шунда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: «Аллоҳ таоло унинг бу ишидан ҳайратланди ва шу иши сабабли унга жаннатни насиб этди ва жаҳаннамдан қутқарди», дедилар...

Бир дона хурмо сабабли ... Ё Ҳалим!.. Ё Ғаффор!..

Синглим, жаннат аҳлидан бўлмоқчи бўлсангиз Хадича, Фотима, Умм Аммора, Ғумайсо розияллоҳу анҳуннадан сўранг!

Ироқ, Фаластин ва Чеченистондаги аёллардан сўранг!

Сиз садоқатли мўъминалардан сўранг ва уларнинг йўлларидан юринг! Аллоҳни сизни ўзи муваффақ қилсин!!

Эй, муштоқлар! Эй севинчли хабарни кутганлар, билингларки, жаннатдаги манзиллар бу дунёда қилинган ҳаракатларга қараб бўлади...

Ажабо, инсоннинг қанчалаб вақтлари зое бўлмоқда! Ҳолбуки, бир лаҳзада айтилувчи битта тасбиҳ учун сизга жаннатда мева ва соялари мудом қоладиган битта дарахт экилади!!

Имом Бухорий ва имом Муслимнинг «Саҳиҳ» ларида ривоят қилинди: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: «Жаннат аҳли тепаларидаги хона аҳлларини худди сизлар машриқ ёки мағрибда уфққа ботаётган ёрқин юлдузни кўриб турганинглар каби кўриб турадилар. Бу ўрталаридаги тафовут сабаблидир», дедилар. Саҳобалар:

- Ё Расулуллоҳ, бу пайғамбарларнинг манзилларими? Бошқалар унга эриша олмайдиларми?- деб сўрашди.

- Йўқ! Жоним Қўлида бўлган Зотга қасамки, улар Аллоҳга иймон келтирган ва пайғамбарларни тасдиқлаган кишилардир,- дедилар.

Узоқ масофаларда қолиб кетишдан қўрққан одам, қалбингизни умид билан шижоатлантиринг!

Руҳ чиқиши биланоқ, жаннат дарахтларига осилган қушлар жиғилдонига ўрнашгунича бу манзилларни кўриб туради...

Шошилинг... Шошилинг...

Умр Қуёши сарғайиб, ботгунича... шошилинг!

Ибн Жавзий раҳимаҳуллоҳ айтди: «Жаннатдаги лаззатнинг мангулиги ҳақида ўйлагани сайин бандага бу дунёдаги бало ва қийинчиликлар енгил бўлаверади».

Аллоҳим, Сендан раҳмат ва мағфиратинг сабабларини, ҳар гуноҳдан омонда бўлиш ва ҳар бир яхшиликдан ғанимат олишни, жаннатга эришиш ва жаҳаннамдан қутилишни сўраймиз...

Эй раҳлилар раҳмлиси, гуноҳимизни мағфират қил, қайғуларимизни кетказ, қарзларимизни уз, Ўзинг рози бўлган дунё ва охират эҳтиёжларимизни бароридан келтир...

Аллоҳим, Сендан жаннатни сўраймиз... Аллоҳим, Сендан жаннатни сўраймиз...

Аллоҳим, Сендан жаннатни ва жаннатга олиб борадиган сўз ва амалларни сўраймиз...

Аллоҳим, камоли нуринг ила бизни ҳидоят қилдинг, Сенга ҳамдлар бўлсин...

Ҳилминг буюк бўлиб, гуноҳларимизни мағфират қилдинг, Сенга ҳамдлар бўлсин...

Гуноҳкор бандаларинг учун қўлингни узатдинг, Сенга ҳамдлар бўлсин...

Сенга итоат қилганлардан рози бўлдинг, осийларни кечирдинг, музтарларнинг дуоларини ижобат қилдинг, зарарларни кетказдинг, гуноҳларни пардаладинг, тавбаларни қабул қилдинг...

Юзинг энг карамли юздир, улуғлигинг энг буюк улуғликдир, атоларинг энг афзал атодир...

Эй, гуноҳ билан жазоламайдиган, махфий сирларни очмайдиган Зот!

Сен биз турган жойларни кўраяпсан, сўзларимизни эшитаяпсан, сиру ошкора ишларимизни билиб турибсан! Биз Сендан гўзал исмларинг ва олий сифатларинг билан бизни, ота-онамизни, оиламизни, зурриётимизни ва барча мусулмонларни Ўзинг тарафингдан эзгуликлар берилиши ёзилган кимсалар қаторида қил!

Бизга жаннатдаги олий мақомларни қийинчиликсиз ва фитнасиз насиб эт!

Эй, яхшиликлари бизга тушган ва ёмонликларимиз унга кўтарилган Зот!

Эй, биздан беҳожат, бироқ неъматларини беришни суйган Зот!

Биз Сендан қилган гуноҳларимиз сабабли узоқлашдик ва Сенга муҳтожмиз... Сенга муҳтожмиз... Сенга муҳтожмиз... Сенгина зикр ва ибодат қилинишга лойиқсан. Сенгина талаб қилинишга лойиқ энг буюк, подшоҳларнинг энг меҳрибони, сўралувчиларнинг саховатпешаси ва ато этувчиларнинг қўли очиғисан.

Сен – Аллоҳсан... Сен – Аллоҳсан... Сен – шериксиз подшоҳ ва тенгсиз танҳосан...

Сенинг марҳаматингни қайтарувчи, ҳукмингни кечиктирувчи бирон кимса йўқ... Сен тез ҳукм қилувчи ва ҳукм қилувчиларнинг энг ҳакимисан...

Сен Ер ва Осмонларни тутиб тургувчи Зотсан...

Сендан нури билан Еру Осмонлар порлаган Юзингнинг нури ва Сенга лойиқ бўлган барча нарса билан бизни Ўз қудратинг билан жаҳаннамдан қутқаришингни сўраймиз... жаҳаннамдан қутқаришингни сўраймиз... жаҳаннамдан қутқаришингни сўраймиз...

Ўз раҳматинг билан эса жаннатингдан жой беришингни сўраймиз... жаннатингдан жой беришингни сўраймиз... жаннатингдан жой беришингни сўраймиз...

Эй, Азиз! Эй, Ғаффор! Эй, Зул-Жалол вал-Икром!

Аллоҳим, динингга ёрдам берганларга ёрдам бер! Муваҳҳид бандаларингни ёрдамсиз ташлаб қўйганларга ёрдам берма!

Аллоҳим, йўлингда сўзларингни олий қилиш учун курашаётган бандаларингга ёрдам айла! Уларга ёрдам бераётганларга ёрдам бер, ғайратларига ғайрат қўш, қалбларини барқарор қил, сабр бер, оёқларини собитқадам қил ва уларни ёрдамсиз ташлаб қўйганларга ёрдам берма!

Аллоҳим, мусулмон бўлганлиги учун қамоқларда ётган маҳбусларни Ўзинг озод қил!... Ўзинг озод қил!... Ўзинг озод қил!...

Улар кирганидан буён қанча рамазонлар ўтиб кетди... Уларга ёрдамчи, мададкор ва қўлловчи бўл!... Уларга ўз раҳматингни ёғдир, ишларини тўғрила, қулайлик эҳсон айла!...

Каҳф-ғордаги йигитлар билан бирга бўлганингдек маҳбус дўстларимиз билан бирга бўл!...

Аллоҳим, уларни озод қилиш учун ҳаракат қилган кишиларни жаҳаннамдан озод қил!... Озод қилиш учун ҳаракат қилаётган кишиларга ёрдам бермаган одамларга Сен ҳам ёрдам берма!...

Аллоҳим, Ироқ, Чеченистон, Кашмир ва дунёнинг барча еридаги мазлумларга омонлик бер...

Аллоҳим, Покистон, Судан ва бошқа ўлкаларда зилзила ва қурғоқчилик сабабли офатзада бўлган мусулмонларнинг мушкулларини осон қил!...

Аллоҳим, ватанимизни амну омонда сақла, дин пешволаримизни ҳидоятингдан айирма!...

Етакчилигимизни Сендан қўрқадиган, тақво қиладиган, Сени рози қилиш учун ғайрат кўрсатадиган раҳбарларга бер!...

Аллоҳим, Сендан раббоний уламолар, солиҳ раҳбарлар, мухлис даъватчилар, солиҳ йигитлар ва солиҳа қизлар сўраймиз!...

Эй Оламлар Роббиси, бизларни аҳли аёлларимиз билан ошкор ва яширин фитналардан сақла!

Аллоҳим, ўлкамизни ва барча мусулмон ўлкаларни осуда ва неъматларга мўл қил!...

Аллоҳим, тутган рўзаларимиз ва ўқиган таровиҳ намозларимизни қабул эт ҳамда камчилик ва гуноҳларимизни кечир!...

Аллоҳим, қилган амалларимиздан рози бўл!... Қилган амалларимиздан рози бўл!... Қилган амалларимиздан рози бўл!...

Аллоҳим, била туриб Сенга шерик келтиришдан паноҳ беришингни, билмаган нарсаларимиз учун кечиришингни сўраймиз!... Бизни камчиликларимиз сабабли жазолама, гуноҳларимизни афв эт ва озгина амалларимизни даргоҳингда қабул қил!...

Сен қандай яхши ҳожа ва қандай яхши ёрдамчисан...

Аллоҳим, бизни мана шу пок ва муборакли маконда жамлаганингдек Адн жаннатида Қудратли Подшоҳ ҳузурида рози бўлинган ўринда ҳам жам қил!...

Аллоҳим, ёмонликларимиз сабабли ҳузурингдаги яхшиликлардан бизларни маҳрум этма, ё Раҳим, ё Қаҳҳор!...

Аллоҳим, бизга Сен ўзингга лойиқ бўлган нарсалар билан муомала қил, биз лойиқ бўлган нарсалар билан муомала қилма! Ҳолбуки Сен тақво қилинишга лойиқ ва мағфират эгасисан!...

Аллоҳим, пайғамбаримизга ҳаводаги қушлар сонича, саҳарларда истиғфор айтганларнинг истиғфорлари сонича, кеча ва кундузнинг айланиши сонича дуруду салавотлар йўлла...

Аллоҳим, Уни кўришдан ва суннатларига эргашишдан бизни маҳрум этма"... Маҳрум этма!... Маҳрум этма!...

Аллоҳим, бизни Унинг даъватига кўмакчи қил! Унинг Ҳавзига олиб бор! Унинг қўлидан суғор! Биз У кирган жаннатга кирмагунимизча биз билан Унинг ўртасини айирма!... Ё Роббал-Оламийн!...

Аллоҳим, бизни Абу Бакр, Умар, Усмон, Алий ва барча саҳобалар, уларнинг изидан кетганлар билан жаннатингда бирга ва уларга яхшиликлар билан эргашганлар қаторида қил!...

Аллоҳим, Сени (мушриклар сифатлаётган сифатлардан) ҳамдинг билан поклайман. Сендан бошқа илоҳ йўқдир. Аллоҳим, Сендангина гуноҳларимизни кечиришингни сўраймиз ва Сенгагина тавба қиламиз...

Ва сўнгги дуомиз: Барча Оламлар Роббиси бўлган Аллоҳга ҳамду санолар бўлсин...

Аллоҳ пайғамбаримиз, Унинг оиласи ва барча саҳобаларига салавоту саломлар йўлласин...

Арабчадан ўзбекчага ўгириш 1427 ҳижрий йил рамазон ойининг 9 куни (2 / 10 / 2006) да ниҳоясига етди.

Оятлар таржимасида шайх Алоуддин Мансурнинг «Қуръони Карим» изоҳли таржимасидан баъзи ўзгартишлар билан фойдаланилди