Жума 1 Ноябрь 2024 | 28 Рабиул-охир 1446 Ҳижрий-қамарий

асосий қисм

  • lotinchaga
  • +
  • -
  • |

Жаннатга элтувчи амаллар

4556 марта кўрилган

Бисмиллаҳир роҳманир роҳийм

Аллоҳ Таолога ҳамду санолар, У Буюк Зотнинг Пайғамбари ҳазрати Муҳаммад ва аҳли байтларига, саҳобаларига ҳамда тобеийнларига дуруду салавотлар бўлсин!

Кейин...

Абу Ҳурайра разияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: У зот айтадилар: «(Бир кун) Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам (саҳобаларга савол қилиб): ″Бугун қайси бирингиз рўзадор бўлиб тонг оттирди?″ — дедилар. Абу Бакр разияллоҳу анҳу: ″Мен″, — дедилар.

— ″Бугун қайси бирингиз жанозага эргашди? (яъни, жаноза маросимига иштирок этди?)″ — дедилар. Абу Бакр разияллоҳу анҳу: ″Мен″, — дедилар.

— ″Бугун қайси бирингиз камбағал – бечорани таомлантирди?″ — дедилар. Абу Бакр разияллоҳу анҳу: ″Мен″,— дедилар.

— ″Бугун қайси бирингиз касал кўргани борди?″ — дедилар. Абу Бакр разияллоҳу анҳу: ″Мен″ — дедилар. Шунда, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: ″Қайси бир кишида мана шу амаллар жамланса, албатта у жаннатга киради″ — дедилар». (Имом Муслим ривояти)

Бу ўзида гўзал хислатларни жамлаган буюк бир ҳадисдир. Ҳадиси шарифда баён қилинган мана шу гўзал хислатларга эга бўлган шахс (Аллоҳнинг марҳамати билан) албатта жаннатга киради. Жаннатга элтувчи бу гўзал хислат (амал)лар Аллоҳ Таоло осон қилган кишиларга осондир. Инсон нафсини жиловласа бас, бу каби нафснинг қаршисига амал қилишнинг натижаси жаннатдир. Жаннат эса, Аллоҳ Таолонинг матоси. ″Огоҳ бўлинсин! Аллоҳнинг матоси қимматбаҳодир! Огоҳ бўлинсинки, Аллоҳнинг матоси жаннатдир!

Шундай экан, эй азиз биродарлар! Раҳмон Таолонинг қимматбаҳо матоси жаннатни харид қилиш учун саъй-ҳаракат қилайлик!

Дўстлар! Нафл рўза, жанозага қатнашиш, бечора – камбағални таомлантириш ва касал кўриш каби солиҳ амаллар буюк фазл соҳиби бўлмиш Аллоҳ Таолонинг биз муъмин бандаларига бўлган фазли карамидандир. Юқоридаги ҳадиси шарифда айтиб ўтилганидек, қайси бир мусулмон шахс ушбу улуғ амалларни бир кун ичида амалга оширса, у шубҳасиз жаннатга киради.

Муҳтарам ўқувчи! Инша-Аллоҳу Таоло, биз ушбу суҳбатимизда, мана шу тўрт хислат; рўза, жаноза, камбағал–бечорани таомлантириш, касал кўриш ҳақида алоҳида-алоҳида тўхталиб, уларнинг фазилати ҳақида сўз юритмоқчимиз.

Биринчи: Рўза.

Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинган ҳадисда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтадилар:

«Аллоҳ азза ва жалла айтди: ″Одам фарзандининг барча амали музоаф этилади (яъни, савобини зиёда этиб, кўпайтирилади) – қилинган биттагина солиҳ амал ўн баробардан етти юз баробаргача музоаф этилади. Магар рўза (ундай эмас). У Мен учундир, унинг мукофотини Ўзим бераман, (чунки, бандам) Мен учун шаҳватини, таомини тарк этади. Рўзадорга икки шодлик бор: бир шодлик ифтор пайтида, яна бири Парвардигорига учраган пайтда. Унинг оғзидаги (рўза сабабли пайдо бўладиган) ҳид Аллоҳ Таоло наздида мушк-анбар ҳидидан кўра хушбўйроқдир». (Бухорий ва Муслим ривоятлари)

Абдуллоҳ ибн Амр ибн ал-Ос розияллоҳу анҳумодан ривоят қилинган ҳадисда Расуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтадилар:

«Рўза ва Куръон қиёмат куни бандани шафоат қилади. Рўза айтади: ″Эй Роббим! Мен бу (банданг)ни кундузлари таоми ва шаҳватидан ман қилдим. Энди мени унга шафоатчи қилгин!″. Қуръон айтади: ″Мен уни тунлари уйқудан қўйдим (яъни, тунлар мени тиловат қилиб уйқудан қолган) менинг унга қилган шафоатимни қабул қилгин (Эй Роббим)!″. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтадилар: ″Иккисига ҳам шафоатга рухсат берилади». (Имом Аҳмад ривоятлари)

Абу Саид ал-Худрийдан ривоят қилинган ҳадисда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтадилар:

«Қайси бир банда Аллоҳ йўлида (яъни, холис Аллоҳ Таоло учун) бир кун рўза тутса, Аллоҳ Таоло шубҳасиз, мана шу кун баробарига унинг юзини дўзахдан етмиш хариф (яъни, етмиш йиллик масофа) йироқлаштиради». (Муттафақун алайҳ)

Саҳл ибн Саъд розияллоҳу анҳудан ривоят қилинган ҳадисда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам дедилар:

«Жаннатда бир эшик бор, уни ″Раййон″ дейилади. Қиёмат куни ана шу эшикдан фақатгина рўзадорлар киришади, улардан бошқа биров (бу эшикдан) кирмайди. Рўзадорлар қаерда деб нидо қилинади, улар ўринларидан турадилар улардан бошқа биров (бу эшикдан) кирмайди. Улар киришгач (бу эшик) ёпилади ундан бошқа биров кирмайди». (Муттафақун алайҳ)

Қаранг дўстим?! Аллоҳ Субҳанаҳу ва Таоло ушбу солиҳ амал бўлмиш рўзанинг ажру-савобини Ўзим бераман деб ваъда қилди. Ушбу ибодат нақадар буюк ибодат эканлиги ва унга бериладиган ажру-савобнинг нақадар улканлиги ҳақида сира сўраманг! Бу Аллоҳ Таолонинг мўъмин бандаларига ато этган буюк фазли-карамидир! Аллоҳ Таоло ″Рўзанинг мукофотини Ўзим бераман″ — деди.

Рўзанинг фазилатлари жуда кўп бўлиб, улардан:

1 – Рўза дўзахдан қалқон.

2 – Рўза шаҳватни жиловловчи омил.

3 – У жаннатга элтувчи йўл.

4 – У рўзадорни қиёмат куни ўз шафоатига олади.

5 – Рўза гуноҳларнинг мағфират этилишига сабаб ва уларга каффорат ҳамдир.

6 – Рўза банданинг икки дунёда бахт-саодат топмоғига сабаб бўладиган омиллардандир.

7 – Рўзадор оғзида пайдо бўладиган ҳид Аллоҳ Таоло наздида мушки-анбардан ҳам кўра хушбўйроқ.

8 – Рўзадорлар то ифтор қилгунларига қадар Фаришталар уларнинг гуноҳларига мағфират тилаб, дуо қилиб турадилар.

Иккинчиси жанозага эргашишнинг фазилати:

Ибтидо интиҳо билан, учрашув айрилиқ билан тугамоғи ва тирик жонзотнинг бир кун келиб вафот топмоғи бўлиши муқаррар, инкор этиб бўлмайдиган ҳақиқатдир. Аллоҳ Таоло айтади: «Ҳар бир жон ўлимни тотгувчидир». (Оли Имрон: 185) Ўлим барча тирик жонзотнинг ниҳоясидир. Инсон ўлимдан кейин бу дунёда қилган амаллари қошига, ҳақиқий манзилига равона бўлади. Шундай экан, ″Доно ўзини ўзи тергаган, ўлимдан кейинги ҳолат учун амал қилган кишидир ″. Ушбу ҳикмат Расул соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг муборак сўзларидир.

Аллоҳ Таоло айтади: «Бас, ким (ҳаётида) зарра мисқолича яхшилик қилса, (Қиёмат Куни) ўшани кўрур. Ким зарра мисқолича ёмонлик қилса уни ҳам кўрур!» (Залзала: 7, 8)

Мусулмон кишининг ҳуқуқларидан бири вафот топганидан кейин унинг жанозасида ҳозир бўлишдир (яъни, бу тирикларнинг вазифаси).

Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳу ривоят қилган ҳадисда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтадилар:

«Мусулмоннинг (бошқа) мусулмон (биродари) устидаги ҳаққи олтидир:

1 – Унга учрашганингда салом бер!

2 – Сени (зиёфат учун) чақирса, унга ижобат эт!

3 – Сендан насиҳат сўраса, унга (холис) насиҳат қил! (яъни, унга холис маслаҳат бер!)

4 – Атса уриб, «алҳамду лиллаҳ» деса, сен унга (жавобан) «ярҳамукаллоҳ» де!

5 – Агар тоби қочиб касал бўлса, уни кўришга боргин!

6 – Агар вафот топса, ун(инг жанозаси)га эргаш! (яъни, унинг жанозасида иштирок эт!). (Муслим ривоятлари)

Яна Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинган ҳадисда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтадилар:

«Кимки, иймон билан, савоб умидида мусулмоннинг жанозасига унга намоз ўқилиб, дафн қилингунга қадар қатнашса, икки қийрот савоб билан қайтади. Ҳар бир қийротнинг миқдори Уҳуд тоғичадир. Жаноза намозини ўқиб, дафндан аввал қайтса, унинг савоби бир қийротга тенгдир». (Бухорий ривоятлари)

Ҳурматли ўқувчи! Мана ўзингиз гувоҳ бўлганингиздек Аллоҳ Субҳанаҳу ва Таоло мусулмоннинг ҳаққини шу даражада эътиборга олдики, ҳатто унинг ўлганидан кейин ҳам қолган мусулмонлар устиларида ҳаққи бор эканлигини баён қилди. Улар ана шу ҳақни адо этишларига тарғиб этиб, уни бажаришга саъй-ҳаракат қилган мусулмонга ажри азийм ваъда қилди.

Учинчиси: Камбағал – бечорани таомлантиришнинг фазилати.

Аллоҳ Таоло айтади:

«Ва таомни суюб-хоҳлаб турсалар-да, (ўзлари емасдан) мискин, етим ва асирларни таомлантирурлар. (Улар айтурлар): ″Биз сизларни Ёлғиз Аллоҳнинг Юзи учун таомлантирурмиз. Сизлардан (бу ишимиз учун) бирон мукофот ва миннатдорчилик истамасмиз – кутмасмиз. Албатта бизлар Раббимиз томонидан бўладиган, (даҳшатли азобдан юзлар) тиришиб, буришиб қолувчи бир Кундан қўрқурмиз″. Бас, Аллоҳ уларни ўша Куннинг ёмонлигидан сақлади ва улар(нинг юзлари)га жилва – нур, (дилларига) сурур бахш этди». (Инсон: 8 – 11)

Салафи солиҳлар таомлантириш (хоҳ очни тўйдириш, хоҳ солиҳ биродарни таомлантириш)ни бошқа кўп ибодатлардан олдинги ўринга қўйишарди. Таомлантиришда таомлатирилувчи шахснинг фақир бўлиши шарт эмас. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтадилар: «Қайси бир мўъмин киши бошқа мўъминни очлигида таомлантирса, Аллоҳ Таоло уни жаннат меваларидан таомлантиради. Кимки, мўъминни чанқоқлигида суғорса (яъни, сув ичириб қондирса), Аллоҳ Таоло уни ″ар-Раҳиқ ал-Махтум″дан суғоради (яъни, Қиёмат Кунида)». (Имом Термизий ҳасан санад билан ривоят қилдилар)

Баъзи салафлар айтган экан: «Дўстларимдан ўн кишини чақириб, уларни ўзлари ёқтиришган таом билан таомлантирмоғим, менга Исмоил алайсаломнинг авлодларидан бўлган ўнта кулни озод қилганимдан кўра яхши – афзалроқдир». Салафлар кўплари, ўзлари рўзадор бўла туриб, ифторликларини муҳтожларга эҳсон қилиб юборишарди. Улардан баъзилари; Абдуллоҳ ибн Умар ибн ал-Хаттоб розияллоҳу анҳумо, Довуд ат-Тоий, Молик ибн Динор, Аҳмад ибн Ҳанбал ва булардан бошқа кўплар...

Ибн Умар розияллоҳу анҳумо фақат мискин, етим-есирлар билан бирга ифтор қилардилар, агар аҳллари улар (мискин, етим-есирлар)га рухсат этмаганлигини билиб қолсалар ўша кеча ифтор қилмас эканлар.

Салафлардан яна баъзилари, ўзи рўзадор ҳолатида дўстларини таомга таклиф этиб, уларга хизмат қилиб, кўнгилларини олар эди. Ҳасан Басрий, Абдуллоҳ ибн Муборак ана шулар жумласидан.

Абу Суввор Адавий айтади: «Мана шу масжидда номоз ўқийдиган Баний Адий қабиласининг одамларидан биронталари уйларида меҳмонсиз ифтор қилмасди, унга меҳмон бўлиб ифтор қиладиган бирор киши бўлмаса, таомини масжидга олиб чиқиб масжид аҳли билан бирга ифтор қиларди».

Абдуллоҳ ибн Салом розияллоҳу анҳудан ривоят қилинган ҳадисда Расуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтадилар:

«Эй, Одамлар! (ўрталарингда) саломни ошкор қилинглар, таом едиринглар, тунда одамлар ухлаб ётган пайтида (туриб, таҳажжуд) намоз ўқинглар (шундай қилсанглар, мукофотига) тинчлик - омонлик билан жаннатга кирасизлар». (Имом Термизий ривоят қилди ва бу ҳасан саҳиҳ ҳадисдир дедилар)

Тўртинчиси: Касал кўришнинг фазилати.

Аллоҳ Субҳанаҳу ва Таоло инсонга санаб тугатиб бўлмайдиган, ҳисобсиз неъмат ато этди. Ана шу неъматлардан бири тан сиҳатлик неъматидир. Инсон эртаю-кеч тан сиҳатлик неъмати ичига бурканиб юрса, у ушбу неъматдан ажрамагунча унинг қадрига асло етмайди. Бухорийда собит бўлган саҳиҳ ҳадисда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтадилар: «Икки неъмат – тан сиҳатлик ва бекорлик(бўшлик)дан кўп одамлар бепарводирлар (яъни, ушбу икки неъматдан фойдаланишдан маҳрумдирлар)».

Салафлардан бири айтган эди: «Тан сиҳатлик соғломлар бошидага тождир, уни фақатгина беморлар кўра оладилар».

Мана шунинг учун Ислом динимиз, соғлом кишиларни Аллоҳ Таолонинг неъмати ичида хотиржам юрганликларини ҳис этиб ва у неъматнинг қадрига етишлари ва бу неъмат учун Аллоҳ Таолога шукр қилмоқларига ҳамда бемор биродарлари учун тан сиҳатлик, хотиржамлик тиламоқларига тарғиб қилди.

Касал кўришда ибратланиш, одам ўзининг тан сиҳатлигини эслаши булардан ҳам муҳимроғи касал кўриб, унинг кўнглини кўтарган кишига ваъда қилинган ажри азим бор.

Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинган ҳадисда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтадилар:

«Аллоҳ азза ва жалла Қиёмат Куни дейди: ″Эй Одам фарзанди! Касал бўлдим, мени кўргани келмадинг″.

У айтади:

″Эй Роббим! Қандай қилиб сени кўришга борайин, Сен бутун оламнинг Рабби бўлсанг?″.

— ″Фалон бандам касал бўлди. Билмадингми? Уни кўришга бормадинг, агар сен уни кўришга борганингда, унинг ҳузурида Мени топган бўлардинг. Эй Одам фарзанди! Сендан таом талаб қилдим, сен Мени таомлантирмадинг″.

— ″Эй Парвардигор! Мен Сени қандай қилиб таомлантираман, Сен Ўзинг бутун оламни тарбият қилгувчиси бўлсанг?!″.

— ″Фалон бандам таом талаб қилди. Билмадингми? Сен эса уни таомлантирмадинг. Агар сен уни таомлантирганингда унинг ажрини Менинг ҳузуримда топган бўлардинг″. Эй, Одам фарзанди! Сендан сув талаб қилдим, сен Мени суғормадинг.

— Эй Роббим! Қандай қилиб мен Сени суғорайин, Сен Ўзинг бутун оламнинг парвардигори бўлсанг!?.

— Фалончи бандам сендан сув талаб қилди, сен эса, уни суғормадинг, сен уни суғорганингда эди ана шуни (савобини) Менинг ҳузуримда топардинг!». (Имом Муслим ривоятлари)

Абу Мусо розияллоҳу анҳудан ривоят қилинган ҳадисда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтадилар:

«Касални кўришга боринглар, очни таомлантиринглар, қулни озод қилинглар!». (Бухорий ривоятлари)

Алий розияллоҳу анҳудан ривоят қилинган ҳадисда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтдилар: «Қайси бир мусулмон киши, (бошқа бемор) мусулмонни кундуз кун кўришга борса, то кеч киргунча етмиш минг фаришта унинг ҳаққига дуо қилиб туради. Агар оқшом зиёрат қилса, етмиш минг фаришта то тонг отгунча унинг ҳаққига дуо қилиб туради ва жаннатда унга бир бўстон (боғ) бўлади». (Имом Термизий ривоят қилиб, ҳасан ҳадисдир дедилар)

Яна Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтадилар: «Кимки, бир касални кўришга борса, ёки Аллоҳ йўлидаги дўстини зиёрат қилса, унга бир жарчи нидо қилади: ″Пок – хуш бўлдинг, босган ерларинг ҳам пок – хуш бўлди ва жаннатдан ўзинга жой ҳозирладинг!″». (Имом Термизий ва Ибн Можа ривоят қилдилар ва Термизий бу саҳиҳ ҳадис дедилар)

Эй азиз дўстим, касалхоналардан бирига бориб, у ерда ётган касалларни ҳеч кўрганмисан?! Қара! Мана бу касалнинг юраги ҳаста, бунисининг буйрагида тош бор, мана бунинг бутун бадани куйиб кетган ва мана бу беморнинг эса оёк-қўли шол бўлиб қолган ва ҳоказо... Умуман олганда бу беморларни ушбу даргоҳга етаклаб келиб тўшакка михлаган касаллик юзларидаги табассум ўрнига хафачилик, нур ўрнига сўлғинликни алиштирган ҳамда кундалик ҳаётларини ҳам издан чиқариб юборганлининг гувоҳи бўласан. Ўзинг ўйлаб кўр! Ҳозир сен соғломсан, бола-чақанг билан шод-хуррамликда ҳаёт кечирмоқдасан. Қани айтчи? Сенинг асло касал бўлмаслигингга ҳамда бу тан сиҳат, хотиржамлигинг абадий эканлигига ким кафолат бера олади? Ўша беморларни касалхонага келтирган ҳасталик сени ҳам уларнинг қаторига кўшиб қўйишлиги мумкин эканини ҳеч ўйлаб кўрдингми? Дўстим! Сўзларимни оғир олма, модомики сен ҳозир соғ-саломат экансан, бу неъматнинг қадрига ет! Аллоҳ Таолодан савоб умид қилган ҳолингда ҳаста-беморларни зиёрат қилиб, уларнинг кўнгилларини кўтар! Ушбу амал жаннатга етакловчи амаллардан эканида асло шубҳа йўқдир.

Хотима ўрнида:

Ушбу муборак ҳадисда бу фоний дунёда яшашдан мақсад нима эканини идрок этиб, дунёларидан охиратлари учун захира ҳозирлаган, Аллоҳ Таоло белгилаб қўйган чегарани босиб ўтмай, бутун аъзоларини маъсиятдан тийиб, ҳаром ва шаҳвониятдан ўзларини узоқ тутиб, бу дунё ҳақида оқилона фикр юргизган, ″маданият″ деб аталмиш бемаъни сафсата бўрони ва унинг макри ҳийлаларидан таъсирланмаган олий ҳиммат, ақли расо кишиларга ўз умматлари учун ота-оналариданда меҳрибонроқ бўлган ҳазратимиз Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва саллам томонларидан оталарча қилинган панду насиҳат ва жаннатга элтувчи йулга тарғибу ташвиқ мавжуддир.

Саҳобайи киром розияллоҳу анҳумлар ушбу панд-насиҳатларни у муборак зот соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг ўзларидан бевосита эшитиб, бу фоний дунёнинг қадрсиз бир нарса эканлигини идрок этиб, иймон ва ишонч, ихлос ва ростгўйлик билан охират томонга одим отиб, Аллоҳ Таолонинг тоъат-ибодатида жидди-жаҳд қилиб, хайрли ишларни амалга оширишда – худди аҳли дунёлар дунё устида мусобақалашганлари каби балки, ундада кучлироқ – мусобақалашиб натижада Аллоҳ Таолонинг ризосига сазовор бўлдилар.

Муҳтарам ўқувчи! Юқорида сиз билан биргаликда жаннат боғларида сайр этиб, солиҳ амаллар соясида сояланиб, у боғ сайридан фориғ бўлганимиздан кейин, энди сизнинг фикрингизни бир муҳим нуқтага қаратмоқчимиз. У қандай нуқта эканлигини биласизми?! У ихлос... Ҳа! У солиҳ амаллар охиратда бандага фойдали бўлиши учун ана шу амалларни ихлос билан холисаллиллоҳ бажаришдир!

Қанча-қанча рўзадорлар борки, рўзаларидан кўрганлари фақатгина очлигу ташналик ва қанча-қанча касал кўрган, очни тўйдирган – таъомлантирган кишилар борки, улар бу қилган ишлари билан фақатгина кийналиб уйқудан қоладилар, холос. Сизни ҳам, мени ҳам шундай кишилардан бўлиб колишдан Аллоҳ Таоло Ўзи сақласин!

Салафи солиҳин амаллари ҳабата бўлиб кетишидан қўрққанлари боис, амалларини яширишликка қаттиқ ҳаракат қилишарди.

Улуғ тобеин Айюб ас-Сихтиёний ҳақида Ҳаммод ибн Зайд шундай дейди: ″Гоҳида Айюб ас-Сихтиёний бир ҳадисни айтиб, (таъсирланиб) қалби юмшаб, (кўзига ёш келарди) четга қайрилиб (бу ҳолатни яшириш учун) бурнини артиб, тумов жуда ёмон иллатда!, деб, ўзида содир бўлган йиғини яшириш мақсадида, гўё ўзини тумовлаган киши қилиб кўрсатарди″.

Муҳаммад ибн Восеъ айтади: ″Мен шундай зотларни кўрганманки, баъзилари аёли билан бир жойда – бир ёстиққа бош қўйиб ётган пайтида, (охиратни эслаб, кўнгли юмшаб) кўз ёши қилар бироқ буни аёли ҳам сезмасди.

Баъзилари сафда туриб, кўзининг ёши соқолини юварди бироқ, буни ёнидаги кишига сездирмасди.

Айюб ас-Сихтиёний кечанинг ҳамма қисмида бедор бўлиб махфий равишда – бировга сездирмай, ибодат қилиб, тонг отган пайтда уйқудан ҳозир уйғонган киши каби овозини баланд қилиб кўярди.

Ибн Абу Адий ўз ривоятида айтади: ″Довуд ибн Аби Ҳинд қирқ йил нафл рўза тутди аммо бундан аҳли оиласи бехабар эди. У киши бўзчи эди, тонг саҳар оиласи ҳозирлаб берган тушлик таомини, уларнинг кўз ўнгида ўзи билан бирга олиб чиқиб кетар, йўлда эса уни садақа қилиб юборар, кечга қайтиб келиб, улар билан биргаликда кечки овқатда ифтор қиларди″.

Суфён ас-Саврий айтадилар: ″Менга етиб келган (хабарда) айтилишича: ″Банда амални яширинча – бировларга кўрсатмай амалга оширса, уни бу каби яхши ҳолатда қолишини хоҳламаган Шайтон уни васваса қилади натижада (у банданинг баъзи бир нотўғри ҳатти-ҳаракати сабабли) унинг амаллари ошкора қилинган амаллар қаторига ёзилади. Кейин, Шайтон яна васваса этишда давом этади, натижада банда мана шу амали устида уни мақталишини хуш кўриб қолади, охир оқибат бу амал ошкор қилинган (холис) амаллар жумласидан маҳв этилиб, риё билан қилинган амаллар қаторидан жой олади″. Аллоҳ Таоло сизни ҳам, бизни ҳам бу каби зиёнкорликдан Ўз паноҳида асрасин!

Ҳурматли, қадрдон ўқувчи! Сўзимиз охирида Аллоҳ Таолонинг Ўзига илтижолар қилиб, фойдали сўзларни эшитганда унга сидқи дилдан холисаллиллоҳ амал қилишни ҳаммамизга ҳам, У Буюк Зотнинг Ўзи насиб этмоғини ва нафсимизнинг ёмонлиги, лаънати шайтоннинг макри ҳийласидан Ўзи паноҳ бериб, розилиги ва муҳаббатига мушарраф айламоғини сўраймиз ҳамда пайғамбаримиз Ҳазрати Муҳаммад, аҳли байтлари, саҳобалари ва Қиёмат кунигача уларга яхшилик билан эргашган зотларга дуруду салавотлар айтамиз ва сизларга эса, Ассаламу алайкум ва роҳматуллоҳи ва барокатуҳу деб суҳбатимизни якунлаймиз!