Шанба 21 Декабрь 2024 | 19 Жумадул-охир 1446 Ҳижрий-қамарий

асосий қисм

  • lotinchaga
  • +
  • -
  • |

Агар жамоат бўлмаса, қандай қилиш керак?

7596 марта кўрилган

بسم الله الرحمن الرحيم

الحمد لله رب العلمين، و الصلاة و السلام على محمد وعلى آله وأصحابه أجمعين، أما بعد:

11-باب كيف الأمر إذا لم تكن جماعة

من صحيح البخاري، كتاب الفتن.

7084- حَدَّثَنَا مُحَمَّدُ بْنُ الْمُثَنَّى، حَدَّثَنَا الْوَلِيدُ بْنُ مُسْلِمٍ، حَدَّثَنَا ابْنُ جَابِرٍ، حَدَّثَنِي بُسْرُ بْنُ عُبَيْدِ اللَّهِ الْحَضْرَمِيُّ أَنَّهُ سَمِعَ أَبَا إِدْرِيسَ الْخَوْلانِيَّ أَنَّهُ سَمِعَ حُذَيْفَةَ بْنَ الْيَمَانِ يَقُولُ كَانَ النَّاسُ يَسْأَلُونَ رَسُولَ اللَّهِ صَلَّى اللَّهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ عَنْ الْخَيْرِ وَكُنْتُ أَسْأَلُهُ عَنْ الشَّرِّ مَخَافَةَ أَنْ يُدْرِكَنِي فَقُلْتُ: يَا رَسُولَ اللَّهِ إِنَّا كُنَّا فِي جَاهِلِيَّةٍ وَشَرٍّ، فَجَاءَنَا اللَّهُ بِهَذَا الْخَيْرِ فَهَلْ بَعْدَ هَذَا الْخَيْرِ مِنْ شَرٍّ؟ قَالَ: "نَعَمْ". قُلْتُ: وَهَلْ بَعْدَ ذَلِكَ الشَّرِّ مِنْ خَيْرٍ؟ قَالَ: "نَعَمْ وَفِيهِ دَخَنٌ". قُلْتُ: وَمَا دَخَنُهُ؟ قَالَ: "قَوْمٌ يَهْدُونَ بِغَيْرِ هَدْيِي تَعْرِفُ مِنْهُمْ وَتُنْكِرُ". قُلْتُ: فَهَلْ بَعْدَ ذَلِكَ الْخَيْرِ مِنْ شَرٍّ؟ قَالَ: "نَعَمْ دُعَاةٌ عَلَى أَبْوَابِ جَهَنَّمَ مَنْ أَجَابَهُمْ إِلَيْهَا قَذَفُوهُ فِيهَا". قُلْتُ يَا رَسُولَ اللَّهِ صِفْهُمْ لَنَا؟ قَالَ: "هُمْ مِنْ جِلْدَتِنَا وَيَتَكَلَّمُونَ بِأَلْسِنَتِنَا" قُلْتُ: فَمَا تَأْمُرُنِي إِنْ أَدْرَكَنِي ذَلِكَ؟ قَالَ: "تَلْزَمُ جَمَاعَةَ الْمُسْلِمِينَ وَإِمَامَهُمْ" قُلْتُ: فَإِنْ لَمْ يَكُنْ لَهُمْ جَمَاعَةٌ وَلاَ إِمَامٌ؟ قَالَ: "فَاعْتَزِلْ تِلْكَ الْفِرَقَ كُلَّهَا وَلَوْ أَنْ تَعَضَّ بِأَصْلِ شَجَرَةٍ حَتَّى يُدْرِكَكَ الْمَوْتُ وَأَنْتَ عَلَى ذَلِكَ".

11 - Агар жамоат бўлмаса, қандай қилиш кераклиги тўғрисидаги боб

(Саҳиҳул Бухорийнинг Фитналар китобидан)

(Ушбу ҳадиснинг маъноси Ибни Хажар Асқалоний раҳимаҳуллоҳнинг “Фатҳул-Борий” китобидан қисқача таржима қилинади.)

Ҳузайфа розияллоҳу анҳу айтади: Одамлар Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва салламдан яхшилик ҳақида сўрашар эди. Мен эса, ёмонликнинг менга келиб қолишидан чўчиганим боис, у ҳақида сўрардим. (Ибни Аби Шайба ривоятида Ҳузайфа разияллоҳу анҳу бундай деган: “Яхшиликдан мен ҳеч қачон қолиб кетмаслигимни билганим сабабли ёмонлик ҳақида сўрардим”.) Мен айтдим: Эй Расулуллоҳ, саллаллоҳу алайҳи ва саллам биз жоҳилият ва ёмонлик ботқоғида эдик. (Ҳузайфа бу сўзлари билан исломдан олдинги куфрга, бир-бирларини қатл қилишлару талон-тарожлар ва фоҳишабозликларга ишора қилдилар.) Шунда Аллоҳ бизга бу яхшиликни (яъни, иймон, омонлик, жамият салоҳияти ва иффатлик ҳолатини) берди. Айтингчи, бу яхшиликдан кейин бирор ёмонлик борми? Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Ҳа”, дедилар (ушбу ёмонликдан мурод – Усмон разияллоҳу анҳу қатл қилинганидан кейин содир бўлган фитналар). Мен яна айтдим: У ёмонликдан кейин бирор яхшилик бўладими? Ул зот: “Ҳа, унда камчилик бор” - дедилар (унинг камчилигини хақни кўролмаслик, баъзилар қалбнинг бузуқлиги дейишди). “Унинг камчилиги нима?”, деганимда, айтдиларки: “Бир қавм бўлиб, улар менинг ҳидоятим билан йўналмайдилар. Улар (нинг тўғри амаллари)ни биласан ва (нотўғриларини) инкор қиласан”. Мен айтдим: “Бу яхшиликдан кейин (яна) бирор ёмонлик борми?” Ул киши айтдилар: “Ҳа, жаҳаннам дарвозалари олдидаги чақирувчилар бўлади. Кимки уларнинг чақириқларини қабул қилса, улар уни жаҳаннамга ташлаб юборадилар”. (Чақирувчилар ноҳақ нарсага даъват қилгувчилардир. Жаҳаннам дарвозалари деган сўз ишлатилди, чунки уларнинг ҳоли ўшанга олиб боради. Бунинг мисоли ҳаром ишни қилган киши ҳақида “жаҳаннам ёқасида туриб қолди” дейилганидек.) Мен айтдим: “Эй Расулуллоҳ, уларни бизга сифатлаб беринг”. Ул зот айтдилар: “Улар бизнинг териларимиздан (яъни бизнинг қавмимиздан) ва бизнинг тилимизда гапиришади”. (Яъни улар бизнинг тилимиз аҳли ва бизнинг миллатимиз бўлади. Бунда уларнинг араблардан эканлигига ишора бор. Довудий айтадики: Улар Бани Одам яъни инсонлардан. Ал-Қобисий айтадики: “Бу иборанинг маъноси, улар зоҳирида бизнинг миллатимиздан, ботинида эса мухолиф бўлишади”. Абул-Асвад ривоятида: “Уларнинг орасида шундай кишилар бўладики, уларнинг қалблари инсон жасади ичидаги шайтонларнинг қалбларидир”. Иёз айтадики: “Биринчи ёмонликдан мурод Усмондан кейинги содир бўлган фитналардир. У ёмонликдан кейинги яхшиликдан мурод Умар ибн Абдулазиз халифалик замонида воқеъ бўлган (гўзал) ишлардир. Уларни биласан ва инкор қиласан деган сўздан мурод Умар ибн Абдулазиздан кейинги амирлардир. Чунки улар орасида суннатни мустаҳкам тутиб адолат қилганлари бўлди ва бидъатга чақириб зулм қилганлар ҳам бўлди”. Мен айтаманки, жаҳаннам дарвозаларига чақирувчилардан мурод мулк-мол-дунёни талабида халифаларга карши турган хавориж ва улар кабилардир. Шунинг учун “мусулмонлар жамоати ва уларнинг имомини лозим тут” деган сўзлари бунга ишорадир.) Мен айтдим: “Агар шу нарсалар бошимга тушса, менга нималарни буюрасиз?” Ул зот айтдиларки: “Мусулмонлар жамоати ва имомини (яъни, амирларини, халифаларини) лозим тутасан”. (Абул-Асвад ривоятида: “Қулоқ соласан ва итоат қиласан, гарчи орқангга урилиб, молинг тортиб олинса ҳам” деган зиёдаси бор. Табароний ривоятида эса: “Агар халифани кўрсанг, уни лозим тут, гарчи орқангга қамчи билан урилса ҳам. Агар халифа бўлмаса, унда қочмоқ керак (яъни, фирқалар ва ҳизблардан ўзингни йироқ тутишинг керак – таржимон изоҳи)”. Мен айтдим: “Агар уларда жамоат ҳам, имом ҳам бўлмаса-чи?” Ул зот айтдиларки: “Гарчи сенга ўлим етгунга қадар бир дарахтнинг танасини тишлаган ҳолда қолиб кетишинг билан бўлса ҳам, бу фирқаларнинг барчасидан четлангин”. (Ибни Можа ривоятида: “Бу фирқалардан бирор кишига эргашганингдан кўра дарахт танасини тишлаган ҳолингда қолиб ўлишинг сенга яхшироқдир” дейилган. Байзовий айтади: “Бунинг маъноси, агар ер юзида халифа бўлмаса, унда ёлғиз бўлиш ҳамда ўша замон оғирлигини кўтаришда сабр қилиш сенга лозимдир”. Табарий айтадики: “Бу буйруқ ва жамоат тўғрисида ихтилоф қилинди. Бир қавм айтдики: “Буйруқ вожибликни ифода қилади, жамоат эса - саводи аъзамни”. Муҳаммад ибн Сийрин айтади: “Усмон қатл қилинганларидан кейин савол сўраб келган одамларга Абу Масъуд (розияллоҳу анҳу): “Жамоатни тутиш сенга вожибдир, чунки Аллоҳ Муҳаммад умматини залолат устига жамлагувчи эмас” деб васият қилган”. Бошқа бир қавм айтдики: “Жамоатдан мурод саҳобалардир. Улардан кейингилар эмас”. Яна бир қавм айтдики: “Жамоатдан мурод илм аҳлидир, чунки Аллоҳ уларни халқ устига ҳужжат қилди. Одамлар дин ишларида уларга эргашади”. Табарий айтадики: “Тўғриси шуки, жамоатни лозим тутиш хабаридан мурод одамлар бир инсонни амир-халифа бўлишига жамланиб ўша амирга итоат қилишларидир. Шунда кимки (ўша амирга берган) байъатини бузса, жамоатдан чиқиб кетади.

Бу ҳадисдан хулоса қилинадики, қачон одамлар устида имом бўлмасдан одамлар ҳизбларга бўлиниб кетса, фирқалардан бирортасига эргашилмайди. Ёмонликка тушиб қолмаслик учун агар қўлидан келса, барчаларидан четланади”. Ушбу ҳадис хулосаларидан яна бири шуки, динда Китобу Суннатга хилоф бўлган бир асл-қонунни тузиб олиш ва Китобу Суннатни ўша пайдо қилган асллари сабабли бўш ташлаб қўйиш қораланади. Яна ботилни рад этишнинг вожиблиги ҳамда пайғамбарлик йўналишига қарши бўлган ҳар қандай нарсани, гарчи уни одамларнинг катталари ёки кичиклари айтган бўлишидан қатъий назар, рад этишнинг вожиблиги хулоса қилинади.)

“Фатҳул-Борий” китоби 14-жуз 531-саҳифа

(Баъзи биродарларимизнинг ҳадис шарҳига берган мулоҳазалари сабабли маъносини янада чуқурроқ англашимиз учун ҳадис шарҳига қуйидаги китобнинг нақлларини илова қилдик.)

Ушбу ҳадиснинг остида “Сабийлул-жаннат би шарҳи Усулис-суннат” китобининг муаллифи Ал-Валид Ибн Сайф Ан-Наср қуйидаги сўзларни келтирадилар:

“Бу ҳадисда қачон мусулмонларда жамоат - жамоатдан мақсад илм аҳли – бўлса ва уларда имом бўлса, уламолар имомни лозим тутишиб унинг тоатидан чиқиб кетмасликларига ишора бор. Яна бу ҳадисда баъзан жамоат бўлиб имом бўлмаслиги мумкинлигига ишора бор. Бу сўз ҳадиснинг “агар уларда жамоат ҳам, имом ҳам бўлмаса-чи” деган лафзидан олинган. Бундай ҳолда аҳли илм ва суннат имомларидан бўлган жамоатни лозим тутиш вожибдир. Бордию юртда имом ҳам, жамоат ҳам топилмасдан, уларни бошқа бир маконда топиш имконияти бўлса, ўша ерга кетсин. Агар топилмаса, ёки суннат олимларини лозим тутишга кучи етмаса, ундай ҳолда фирқаларнинг барчасидан четлансин. Бу шундай фирқаларки, улар изтироб ва беқарорликдан келиб чиққан ва уларда залолат, оғиб кетиш ва жаҳолатлар бор.

Бу гапларни ифтироқ ҳадисида келган сўзлар қувватлайди. Расулуллоҳ صلى الله عليه و سلم у ҳадисда айганларки: “Яқинда менинг умматим етмиш уч фирқага бўлиниб кетади. Уларнинг биттасидан бошқа барчалари дўзахда бўлади”. Эй Расулуллоҳ, ўша биттаси ким, деб савол берилганда: “У жамоат”, деб жавоб бердилар. (Ҳадис саҳиҳдир.)

Таҳовия ақидасининг шарҳловчиси айтадики, жамоат: мусулмонлар жамоатидир. Улар саҳобалар ва уларга Қиёмат кунигача яхшилик билан эргашувчи кишилардир. (“Таҳовия ақидасининг шарҳи”, 430-бет.)

Ибни Ҳиббон айтади: “Жамоатга бўлган буйруқ лафзи умумийдир, аммо ундан бўлган мақсад хосдир. Чунки жамоат – бу Расулуллоҳ صلى الله عليه و سلم саҳобаларининг ижмосидир. Кимки саҳобалар юрган йўлни лозим тутиб улардан кейин келган (яъни саҳобаларда бўлмаган нарсаларни пайдо қилиб бошқа йўлларга эргашиб кетган) кимсаларнинг йўлларига қарши бўлса, жамоатга қарши чиққан ҳисобланмайди ва жамоатдан ажралган дейилмайди. Кимки саҳобалар йўлига қарши чиқиб, улардан кейингиларнинг кетидан эргашиб кетса, шу одамни жамоатга қарши чиққан дейилади”.

Саҳобалардан кейинги жамоат гарчи уларнинг сони оз бўлса ҳам уларда дин, ақл ва илм жамланган ҳамда кучлари етгунча ҳавои нафсни тарк этишни лозим тутган қавмлардир. Жамоат фирқаланган инсонлар ва уларга эргашган жоҳиллар эмас, гарчи кўп бўлишса ҳам. (Ал-Мифзол Салимул-Ҳилолий (ваффақаҳуллоҳ) биродаримизнинг “Басоиру завиш-шараф” китоби, 102-бет.)”.

Эргашиш вожиб бўлган жамоат саҳобалардир (улардан Аллоҳ рози бўлсин). Ҳужжатлар шунга далолат қилади. Шу билан бирга ҳадис, фиқҳ ва асар борасида саҳобалар минҳожи-йўлига эргашган илм аҳллари ҳам.

“Иқтидо қилиниш лозим бўлган жамоат кимлар бўлади?” деб Абдуллоҳ ибн Муборакка савол қўйилганида: “Абу Бакр ва Умар” деб жавоб бердилар. “Абу Бакр ва Умар вафот этиб кетишган” дейилганида, “фалончи” дедилар. “Фалончи ҳам вафот этиб кетган дейилганида, “Абу Ҳамза Ас-Суккарий (Муҳаммад ибн Маймун) жамоатдир” дедилар.

Абу Ийсо Ат-Термизий айтади: “(Абдуллоҳ ибн Муборак) бу гапни (Абу Ҳамза) нинг ҳаётлик чоғида айтдилар”.

Исҳоқ ибн Роҳавайҳ (Бу киши катта имом, машриқ шайхи ва ҳофизлар саййиди бўлади. (Бухорийнинг ҳам шайхларидан бири; 161-238-ҳижрий йилларда яшаган). “Сияри аълами нубала” китоби 11-жуз, 358-бет.) айтади: “У замонда Абу Ҳамза бўлса, бизнинг замонимизда Муҳаммад ибн Аслам ва унга эргашган кишилардир”. Кейин Исҳоқ айтди: “Агар мен, жоҳиллардан саводул-аъзам ким деб сўрасам, одамларнинг жамоати, деб жавоб берган бўлишарди! Улар билишмайдики, жамоат Пайғамбар صلى الله عليه و سلم нинг асарлари ва йўлларини мустаҳкам тутган олимдир. Бас, кимки шундай олим билан бирга бўлиб унга эргашса, у жамоатдир. Кимки унинг ишида унга мухолиф бўлса, жамоатни тарк этгандир” (“Ал-Ҳилйа”, 9-ж, 239-бет.).

Жамоат тўғрисидаги сўзларга мулоҳаза билдириб Аш-Шотибий айтади (Бу киши Ибни Абдил-Бар вафот этган 463-ҳижрий санада туғилгандир. Аш-Шотибий ҳадис ҳофизи, унинг иллатларини билгувчи ва ровийлар соҳасида олим бўлган. 505-ҳижрий санада вафот этган. Аллоҳ у кишини Ўз раҳматига олсин! “Сияри аълами нубала” китоби 19-жуз, 421-бет.): “Ушбу сўзлар суннат ва иттибоъ аҳлининг доирасига тааллуқлидир. Ҳадисларда мақсад қилинган зотлар шулар бўладилар. Бундай бўлишига сабаб, барча (олим)лар иттифоқ қилишадики, улар илм ва ижтиҳод аҳли бўлгани учундир. Омма одамлар уларга хоҳ қўшилишсин, хоҳ қўшилишмасин. Агар омма одамлар уларга қўшилишмаса, муаммо йўқ. Чунки эътибор, ижтиҳодлари тан олинган уламолардан бўлган саводи аъзам биландир. Кимда-ким бу олимларга қарши чиқиб ўлса, унинг ўлими жоҳилият ўлимидир. Агар омма одамлар уларга қўшилсалар, (олимларга яхшилик билан) эргашгувчилар деб ҳукм қилинадилар. Зеро омма одамлар шариат маърифатидан узоқдадир. Улар динларида уламоларга қайтишлари (мурожаат қилишлари) лозимдир. Бордию омма одамлар уламоларнинг уларга белгилаб қўйган чегараларига қарши бўлишга жамлансалар, умматнинг зоҳирига қараганда уламоларнинг озлиги ва жоҳилларнинг кўп бўлганлари учун, улар ғолиб ва улар саводи аъзам бўлиб кўринадилар. Ҳолбуки, уламолар саводи аъзамдирлар, гарчи оз бўлишса ҳам. Агар омма одамлар уларга мухолиф бўлишса, уларга жамоатдан ажралганлар дейилади. Агар мувофиқ бўлсалар, ўзи мана шу иш уларга вожибдир”. Қисқартирилган ҳолда. (”Ал-Эътисом” китоби, 2-жуз, 776-бет.)

Усмон Аҳмад таржимаси