Жума 1 Ноябрь 2024 | 28 Рабиул-охир 1446 Ҳижрий-қамарий

асосий қисм

  • lotinchaga
  • +
  • -
  • |

Иймон ва устиворлик

3103 марта кўрилган

الإيمان والإستقامة

Шайх Муҳаммад Ҳассон
Ислом Нури таржимаси

Барча ҳамду санолар Аллоҳга хосдир. Биз Унга ҳамд ва истиғфор айтамиз, Ундан ёрдам ва ҳидоят сўраймиз, нафсимизнинг шумлигидан ва амалларимизнинг ёмонлигидан Унинг Ўзидан паноҳ сўраймиз. Аллоҳ ҳидоят қилган кимсани адаштирувчи, адаштирган кимсани ҳидоят қилувчи йўқдир. Мен ягона, шериксиз Аллоҳдан ўзга ҳақ илоҳ йўқ ва Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва саллам Унинг бандаси ва элчисидир деб гувоҳлик бераман.

«Эй мўминлар, Аллоҳдан ҳақ-рост қўрқиш билан қўрқинглар ва фақат мусулмон бўлган ҳолларингда дунёдан ўтинглар!» (Оли Имрон: 102).

«Эй инсонлар! Сизларни бир жондан яратган ва ундан жуфтини вужудга келтирган ҳамда у икковидан кўп эркак ва аёлларни тарқатган Роббингиздан қўрқингиз! Яна ораларингиздаги савол-жавобларда ўртага номи солинадиган Аллоҳдан қўрқингиз ва қариндош-уруғларингиз (билан ажралиб кетишдан қўрқингиз)! Албатта Аллоҳ устингизда кузатувчи бўлган зотдир» (Нисо: 1).

«Эй мўминлар, Аллоҳдан қўрқинглар, тўғри сўзни сўзланглар! (Шунда Аллоҳ) ишларингизни ўнглар ва гуноҳларингизни мағфират қилур. Ким Аллоҳга ва Унинг пайғамбарига итоат этса, бас у улуғ бахтга эришибди» (Аҳзоб: 70, 71).

Сўзларнинг рости Аллоҳнинг Китоби, йўлларнинг яхшиси Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг йўллари, ишларнинг ёмони (динда) янги пайдо қилинганлари, (динда) янги пайдо қилинган барча нарса бидъат, барча бидъат залолат, барча залолат эса жаҳаннамга элтгувчидир.

Аммо баъд...

Аллоҳ йўлидаги дўстларим!

Кунлар ўтмоқда, кетидан ойлар, ортидан эса йиллар кетиб боради. Йиллар ўзи билан инсон умрини ортмоқлаб боради, бир авлод ортидан иккинчи авлод ҳаётини олиб кетади.

Дунёда бизларни Ўзининг муҳаббати ва тоати устида бирлаштирган Аллоҳга ҳамдлар бўлсин. У Зотдан сиз-у бизни Ўзининг улуғлик диёрида, жаннатида ҳам саййидимиз Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва саллам билан бирга қилишини сўрайман.

Аллоҳ учун севган дўстларим! Келинг, бир оз Қуръон карим оятлари билан бирга, ҳамнафас яшаб кўрамиз. Зеро, Қуръон абадий неъмат, етук ҳужжат, сақловчи қалқон, узил-кесил далилдир, у дилларнинг шифосидир, келишмовчиликлар пайтида адолатли ҳакамдир, у зиёси сўнмас офтобдир, нури ўчмас юлдуздир, унинг балоғату фасоҳати ақлларни лол қолдиради, унинг ҳукмлари барча ҳукмлардан устундир..

Аллоҳ таоло уни Ўз Расулига у билан умматни вужудга келтириши учун, у билан давлат барпо қилиши учун, у билан жамият ташкил қилиши учун, у билан ақллар, қалблар, кўнгиллар ва ахлоқларни тарбия қилиши учун туширгандир.

Аллоҳ таоло бу Қуръонни на токчаларни зийнатлаш ва кўкрак чўнтакларни безаш учун ва на қабрлар устида ўқилиш учун туширган.

Балки, У бу Қуръонни ҳаёт йўлига айланиши учун туширган, уммат уни ҳарфма-ҳарф, сўзма-сўз, вазифама-вазифа, ҳукмма-ҳукм ижро қилиши учун туширган.

Бироқ, Қуръон уммати бугунга келиб Қуръонни бутунлай ташлаб қўйди. Ўз дардидан ўзини тағофилга солган, унинг давосидан юз ўгирган ва шифосига интилмаган, бахтсиз ва танг ҳаётда давом этаверишни афзал кўрган кимсалар нақадар бахтсиздир!!

Ундан ўзга барҳақ маъбуд йўқ бўлган Аллоҳга қасамки, уммат ўзининг йўқотган шахсиятини, улуғлигини ва йўлбошчилигини фақат Аллоҳ азза ва жалланинг Китобига қайтиш ва уни ҳаёт манҳажига айлантириш билангина қайтариб олиши мумкин бўлади, Аллоҳдан шуни сўраймиз, У бунга қодирдир.

Аллоҳ учун севган дўстларим! Келинг, бугун сизлар билан «Фуссилат» сурасининг қуйидаги ояти карималари ичига бор вужудимиз билан кириб кетамиз, улар ҳақида тафаккур қиламиз, улар билан ҳамнафас бўламиз:

«Албатта: «Парвардигоримиз Аллоҳдир», деб, сўнгра (ёлғиз Аллоҳга тоат-ибодат қилишда) тўғри устивор бўлган зотларнинг олдиларига (ўлим пайтида) фаришталар тушиб: «Қўрқманглар ва ғамгин бўлманглар. Сизларга ваъда қилинган жаннат хушхабари билан шодланинглар! Бизлар ҳаёти дунёда ҳам, охиратда ҳам сизларнинг дўстларингиздирмиз. Сизлар учун (жаннатда) кўнгилларингиз тилаган нарсаларингиз бордир ва сизлар учун у жойда истаган нарсаларингиз бордир. (Бу) мағфиратли ва меҳрибон зот томонидан бўлган зиёфатдир», (дерлар)» (Фуссилат: 30-32).

«Албатта: «Парвардигоримиз Аллоҳдир», деб...». Аллоҳ азза ва жаллани ягона билиб, Унга бирон кимсани шерик қилмай, ибодатни Унинг Ўзига ихлос билан қилиб, Ундан ўзга барча сохта илоҳлар, арбоблар, тоғутларни инкор қилиб, динларини фақат Унинг Ўзига холис қилган кишилар...

«Албатта: «Парвардигоримиз Аллоҳдир», деб...». Аллоҳ таборака ва таолони Унинг Ўзи: «Огоҳ бўлингизким, яратиш ва буюриш фақат Уникидир. Барча оламлар Парвардигори Аллоҳ буюкдир» (Аъроф: 54) деб айтганидек, яратиш, буюриш, подшоҳлик, раззоқлик, бошқариш ва тасарруф қилишда ягона деб билган ва ёлғизлаган кишилар.. Ягона Аллоҳнинг Ўзигина яратувчи, Ундан ўзга барча яралмишдир деб, ёлғиз Угина раззоқ, Ундан бошқаси ризққа муҳтождир деб, ёлғиз Угина бошқарувчи, Ундан ўзга барча бошқарилувчидир деб, ёлғиз Угина молик, Ундан ўзга барча Унинг мулкидир днб иқрор бўлган кишилар..

«Албатта: «Парвардигоримиз Аллоҳдир», деб...». Ёлғиз Унгагина бандалик қилган ва ибодат қилган кишилар.. Зеро, диннинг асли-асоси шудир, Аллоҳ таоло пайғамбарларни шунинг учун юборган, шунинг учун китоблар туширган, жаннат ва дўзахни шунинг учун яратган.. Бўйсуниш фақат Аллоҳнинг Ўзигадир.. Итоат фақат Аллоҳнинг Ўзигадир.. Муҳаббат фақат Аллоҳнинг Ўзигадир.. Қўрқув фақат Аллоҳнинг Ўзидандир.. Умид фақат Аллоҳнинг Ўзидандир.. Таслим фақат Аллоҳнинг Ўзигадир.. Инон-ихтиёрни топшириш фақат Аллоҳнинг Ўзигадир.. Таваккул фақат Аллоҳнинг Ўзигадир.. Сабр-бардош фақат Унинг эшиги остидадир.. Умидворлик фақат Унинг карамлик Қўлларидаги нарсадандир.. Қасамёд қилиш фақат Унинг Ўзигадир.. Назр фақат Аллоҳнинг Ўзигадир.. Жонлиқ сўйиш фақат Аллоҳнинг Ўзи учундир.. Сўраш фақат Ундандир.. Мадад фақат Унинг Ўзидандир.. Ёрдам сўраш фақат Аллоҳдандир.. Тавоф фақат Унинг уйига хосдир..

«Айтинг (эй Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва саллам): Албатта, намозим, ибодатларим, ҳаёту мамотим бутун оламларнинг Парвардигори бўлмиш Аллоҳ учундир. У зотнинг биронта шериги йўқдир. Мана шунга (яъни ягона Аллоҳга ихлос-ибодат қилишга) буюрилганман. Ва мен бўйсунувчиларнинг аввали пешқадамиман» (Анъом: 162, 163).

«Албатта: «Парвардигоримиз Аллоҳдир», деб...» фақат Аллоҳ субҳанаҳу ва таолонинг Ўзини жалолат исмлари ва камолот сифатлари билан ёлғиз деб билганлар.. У Зот ўхшаш ва тенгдан пок, беназир ва бемисл деб, Унинг зидди ва рақиби йўқ, отаси йўқ, боласи йўқ, жуфти йўқ деб, ақллар Уни идрок қилишдан, тушунчалар Уни шакллантиришдан ожиздир деб эътиқод қилган кишилар.. Аллоҳ таоло айтганидек: «Бирон нарса У зотга ўхшаш эмасдир. У эшитувчи ва кўриб турувчидир» (Шўро: 11).

«Албатта: «Парвардигоримиз Аллоҳдир», деб...», жамики тоғутлар, арбоблар ва олиҳаларни инкор қилган, фақат Аллоҳнинг Ўзини ягона деб билган, дўстлик ва душманликларини Аллоҳ учун қилган ва Аллоҳ учун дўст тутиб, Аллоҳ учун душман билган, шу билан Аллоҳ таоло барча махлуқотини унинг учун яратган ва пайғамбарларини бутун инсониятни шунга даъват қилиш учун юборган, жаннат ва дўзахни фақат шу сабабли яратган ТАВҲИД КАЛИМАсини рўёбга чиқарган кишилар...

«Албатта: «Парвардигоримиз Аллоҳдир», деб, сўнгра (ёлғиз Аллоҳга тоат-ибодат қилишда) тўғри устивор бўлган...», мана шу комил ва буюк тавҳидда устивор бўлган, мунофиқларга ўхшаб, амалсиз қуруқ сўз билан чекланиб қолмаган кишилар... Чунки, Аллоҳга иймон келтириш – тил билан айтиш, қалб билан тасдиқлаш ва аъзолар билан амал қилишдир..

Ҳасан Басрий раҳимаҳуллоҳ айтганларидек: «Иймон таҳаллий (зийнатланиш) ҳам, таманний (орзу-хаёл қилиш) ҳам эмасдир, балки у қалбларда ўрнашган ва амаллар уни тасдиқлаган нарсадир. Ким яхшиликни гапирса ва яхши амал қилса, ундан қабул қилинади. Ким яхшиликни гапирса ва ёмон амал қилса, ундан қабул қилинмайди».

Имом Муслим Аббос розияллоҳу анҳудан ривоят қилган саҳиҳ ҳадисда Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам: «Аллоҳни парвардигор деб, Исломни дин деб, Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва салламни расул деб рози бўлган киши иймон мазасини тотган бўлади», дедилар (Муслим (34), Термизий (2758) ривояти).

Имом Муслим Абу Амр – ёки Абу Амра – Суфён ибн Абдуллоҳ розияллоҳу анҳудан ривоят қилади: «Мен: «Ё Расулуллоҳ, менга Ислом тўғрисида шундай бир сўз айтинг-ки, бу ҳақда бошқа ҳеч кимдан сўрамай», дедим. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам дедилар: «Аллоҳга иймон келтирдим» дегин, сўнг (ҳақ устида) устивор-тўғри бўл!», дедилар. (Саҳиҳ Муслим: №38, Термизий: №2410).

Термизий ривоятида: «Мен: «Ё Расулуллоҳ, менга бир ишни айтинг, шуни маҳкам тутай», дедим. У зот: «Раббим Аллоҳ», дегин, сўнг (ҳақда) устивор бўл!», дедилар. Мен: «Ё Расулуллоҳ, сиз мен учун энг қўрқадиган нарса нима?», дедим. Шунда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам ўз тилларини ушлаб: «Мана бу», дедилар.

Ибн Муборак, Саид ибн Мансур, Аҳмад «Зуҳд»да, Ҳаким Термизий, Ибн Мунзир ривоят қилишларича, Умар ибн Хаттоб розияллоҳу анҳу минбарда туриб, ушбу: «Албатта: «Парвардигоримиз Аллоҳдир», деб, сўнгра (ёлғиз Аллоҳга тоат-ибодат қилишда) устивор бўлган зотлар...» оятини ўқиб туриб: «Улар Аллоҳнинг тоатида устивор бўладилар, тулкига ўхшаб айёрлик қилмайдилар», дедилар.

Ҳофиз Ибн Ражаб Ҳанбалий «Жомиъул-улуми вал-ҳикам»да 21-ҳадис шарҳида айтади: «Устиворликнинг асли қалбнинг тавҳидда устивор бўлишидир». Абу Бакр Сиддиқ ва бошқалар «Албатта: «Парвардигоримиз Аллоҳдир», деб, сўнгра (ёлғиз Аллоҳга тоат-ибодат қилишда) тўғри устивор бўлган зотлар...» ояти тафсирида айтганлари каби, улар Аллоҳдан ўзгага бурилмайдилар, қачонки қалб Аллоҳнинг маърифати, Ундан қўрқув, Уни улуғлаш, Ундан ҳайбатланиш, Унга муҳаббат қўйиш, Ундан умидвор бўлиш, Унга дуо қилиш, Унга таваккул қилиш, Ундан ўзгасидан юз ўгириш устида устивор бўлса, барча аъзолар Аллоҳнинг тоатида устивор бўлади. Зеро, қалб аъзолар устидан подшоҳдир, аъзолар унинг лашкаридир, подшоҳ устивор бўлса, лашкар ва раият ҳам устивор бўлади.

Имом Бухорий ва Имом Муслим Нуъмон ибн Башир розияллоҳу анҳудан ривоят қилган ҳадисда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтганларидек: «Огоҳ бўлинглар, жасадда бир парча гўшт бор, агар у яхши бўлса жасаднинг ҳаммаси яхши бўлади, агар у бузилса, жасаднинг ҳаммаси бузилади. Огоҳ бўлинглар, у қалбдир».

У билан Аллоҳ таоло ҳар қандай гуноҳни кечирадиган комил тавҳид шудир. У бир заррасини гуноҳлар тоғига қўйилса, уларни эритиб юборадиган, балки уларни яхшиликларга айлантириб қўядиган буюк иксирдир. Чунки, тавҳиднинг гуноҳлар тумани ва булутини тарқатиб юборадиган нури бор. Аллома Ибн Қаййим раҳимаҳуллоҳ айтганларидек, кишининг битоқаси (бир парча қоғози)ни оғирлаштириб, уни катта-катта китоблардан ҳам оғир қилиб қўядиган катта сир шудир.

Абдуллоҳ ибн Амр ибн Ос розияллоҳу анҳумодан ривоят қилинган ҳадисда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтадилар: «Қиёмат куни Аллоҳ таоло умматимдан бир кишини халқлар орасидан ажратиб олади, унинг тўқсон тўққизта дафтари (журнали) очилади, ҳар бир дафтар кўз илғамас даражада улкан бўлади. Сўнг унга: «Шу (дафтарларда ёзилган амалларинг)дан биронтасини инкор қиласанми?! Менинг амалларни ёзувчи фаришталарим сенга зулм қилибдиларми?!», дейди. Банда: «Йўқ, эй Раббим», дейди. «Бирон узринг борми?», деб сўрайди. У: «Йўқ, эй Раббим», дейди. Шунда Аллоҳ таоло: «Огоҳ бўл, ҳузуримизда сенинг битта ҳасананг (савобли амалинг) бор, бугун сенга зулм қилинмайди», дейди ва бир битоқани (яъни, бир парча қоғозни) чиқаради, унда: «Ашҳаду ан ла илаҳа иллаллоҳу ва ашҳаду анна Муҳаммадан абдуҳу ва росулуҳ» деб ёзилган бўлади. Сўнг: «Тарозингни ҳозирла», дейди. У: «Эй Раббим, шунча катта дафтарлар олдида бу битоқа нима бўларди?!», дейди. «Сенга зулм қилинмайди», дейилади унга. Сўнг дафтарлар бир паллага, битоқа иккинчи паллага қўйилади, шунда дафтарлар енгил келиб, битоқа оғир келади. Зеро, Аллоҳнинг исми бўлган ҳолда унда бирон нарса оғир келолмайди» (Ҳоким ривоят қилиб, Муслимнинг шартига кўра саҳиҳ, деган, Заҳабий унга мувофиқ келган, Термизий (2/106, 107) ривоят қилиб, ҳасан, ғариб ҳадис деган, Албоний саҳиҳ санаган).

Эй Аллоҳнинг бандалари, сир тавҳиднинг комиллигидадир!

Имом Муслим Абу Зар розияллоҳу анҳудан ривоят қилган, шунингдек Имом Термизий Анас розияллоҳу анҳудан ривоят қилган ҳадисда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтганлар: «Аллоҳ таоло деди: «Эй Одам фарзанди, мудом Менга дуо қилар экансан ва Мендан умид қилар экансан, нима қилган бўлсанг ҳам (қандай катта гуноҳ бўлишидан) қатъий назар кечираман. Эй Одам фарзанди, агар гуноҳларинг осмондаги булутларга қадар етиб борса ва Мендан мағфират сўрасанг, (қандай катта гуноҳлигидан) қатъий назар, мағфират қиламан. Эй Одам фарзанди, агар Менинг ҳузуримга ер юзичалик гуноҳлар билан келсанг-у, Менга ҳеч нарсани шерик қилмаган ҳолда йўлиқсанг, Мен сенга ер юзичалик мағфират билан рўбарў бўламан» (Термизий: (2/270), Доримий (2/322), Аҳмад (5/172) ривоятлари).

Бу ким унинг устида вафот этса жаннатга кирадиган ва ким унда яшаса малоикаларнинг улуғ башоратига сазовор бўладиган комил тавҳиддир. Аллоҳ таоло ўқиётганимиз оят давомида айтади: «Албатта: «Парвардигоримиз Аллоҳдир», деб, сўнгра (ёлғиз Аллоҳга тоат-ибодат қилишда) устивор бўлган зотларнинг олдиларига (ўлим пайтида) фаришталар тушиб...» Фаришталарнинг тушиш вақти ҳақида бир неча хил сўзлар айтилган. Қуйида шу ҳақда сўз боради.

Иккинчи хутба

Барча ҳамду санолар Аллоҳга хосдир. Мен ягона, шериксиз Аллоҳдан ўзга ҳақ илоҳ йўқ ва Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва саллам Унинг бандаси ва элчисидир деб гувоҳлик бераман.

Аллоҳим, Ўзинг у зотга, аҳли ва асҳобига, то қиёмат у зотни севган ва йўлларида юриб, суннатларини тутган ҳар бир кишига кўпдан-кўп саловоту саломлар йўллагин.

Аммо баъд...

Севикли дўстларим! Аллоҳ таоло айтади: «Албатта: «Парвардигоримиз Аллоҳдир», деб, сўнгра (ёлғиз Аллоҳга тоат-ибодат қилишда) устивор бўлган зотларнинг олдиларига (ўлим пайтида) фаришталар тушиб...». Яъни, ўлим пайтида. Мужоҳид, Суддий, Зайд ибн Аслам шундай деганлар.

Ҳа.. Умр муддати тугаб, ажал фурсати яқинлашиб, ўлим тўшагида ётган пайтларида.. Бошга энг оғир кун келган, томирларни узиб юборадиган ва тинкани қуритадиган, аъзоларни емириб юборадиган шиддатли иш тушганда.. Ҳатто, Оиша розияллоҳу анҳо халқларнинг саййиди ва Ҳақ субҳанаҳунинг ҳабиби Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва салламга ўлим соати келган ва ўз бағрларида жон бераётган пайтда у зотга қаттиқ раҳмлари келган эди.

«Саҳиҳул Бухорий»да Оиша розияллоҳу анҳодан ривоят қилинади: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам қорним ва томоғим оралиғига (бош қўйган ҳолларида) вафот этдилар. Мен Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламни (ўлим ҳолатида) кўрганимдан сўнг ҳеч кимга ўлим аччиғини кариҳ кўрмайман» (Бухорий ва Аҳмад ривоятлари).

«Саҳиҳул Бухорий»да Оиша розияллоҳу анҳодан ривоят қилинишича, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг олдиларида бир риквада (яъни теридан қилинган идишда) сув бор эди, у зот қўлларини сувга тиқиб, уни юзларига суртиб туриб: «Ла илаҳа иллаллоҳ, албатта, ўлимнинг сакароти-мастлиги бордир», дердилар. Сўнг қўлларини тиклаб: «Рафиқи аълога», дея бошладилар, охири жон таслим қилиб, қўллари эгилиб қолди» (Саҳиҳ, «Ал-мишкот» (5959), Бухорий ва Аҳмад ривоят қилганлар).

Ўлим аччиғи ва мастлиги тушиб турган ана шу лаҳзаларда «Парвардигоримиз Аллоҳдир», деб, сўнгра (ёлғиз Аллоҳга тоат-ибодат қилишда) тўғри — устивор бўлган зотларнинг олдиларига фаришталар тушиб келадилар ва уларга Аллоҳнинг уларга бўлган фазлу марҳамати ва каромати билан хушхабар берадилар.

Имом Аҳмад «Муснад»ида ва Ибн Можа «Сунан»ида саҳиҳ санад билан Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилган ҳадисда Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтдилар: «Фаришталар ҳозир бўладилар. Агар киши солиҳ бўлса: «Чиққин эй покиза жасадда бўлган покиза жон, мақтовли ҳолатда чиққин, роҳат-фароғатлар ҳамда рози бўлган ва ғазаб қилмайдиган парвардигор билан хурсанд бўл», дейдилар, то жон чиққунича ана шундай деб турилади».

Ўша ҳолатда мўмин банда шодланиб, Аллоҳ азза ва жалла билан йўлиқишга муштоқ бўлади.

Бухорий ва Муслим Оиша розияллоҳу анҳодан ривоят қилган ҳадисда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтдилар: «Ким Аллоҳга учрашишни яхши кўрса, Аллоҳ ҳам унга учрашишни яхши кўради. Ким Аллоҳга учрашишни ёмон кўрса, Аллоҳ ҳам унга учрашишни ёмон кўради». Мен дедим: «Ё Расулуллоҳ, ўлимни ёмон кўришни айтаяпсизми? Ҳаммамиз ҳам ўлимни ёмон кўрамиз-ку?!». «Ундай эмас, балки мўмин кишига (ўлим соати етгач,) Аллоҳнинг раҳмати, розилиги ва жаннати билан хушхабар берилганда у Аллоҳга учрашишни яхши кўради, шунда Аллоҳ ҳам у билан учрашишни яхши кўради. Кофир кимсага Аллоҳнинг азоби ва ғазаби хабари берилганда у Аллоҳга учрашишни ёмон кўради, шунда Аллоҳ ҳам у билан учрашишни ёмон кўради», дедилар (Бухорий (11/308), Муслим (№2683), Термизий (№1066) ривояти).

Ибн Касир раҳимаҳуллоҳ мазкур оят тафсирида айтади: «Малоикалар мўминларга жон таслим қилишлари пайтида: «Биз ҳаёти дунёда сизларга ҳамроҳ бўлган, сизларни Аллоҳнинг амри билан тўғрилаб, муваффақ қилиб, асраб юрган эдик. Худди шунга ўхшаш, энди охиратда ҳам сизлар билан бирга бўлиб, сизлардан қабрлардаги ва сур чалинган пайтдаги қўрқувни юмшатамиз, қайта тирилиш кунида сизларни омонликда қиламиз ва сизларни сироти мустақиймдан олиб ўтамиз ва жаннатга етказиб қўямиз», дейдилар» (Ибн Касир, Тафсирул-қуръанил-азийм: 4/99).

Ибн Аббос, Қатода ва Ибн Аби Ҳотим айтганлар:

«Қабрларидан чиққан – яъни Исрофил сурни чалган – кунда фаришталар уларга тушиб келадилар, одамлар қабрларидан яланғоч, ялангоёқ ва хатна қилинмаган ҳолда чиқиб келишади. Ўша пайтда жуда оғир ва даҳшатли ҳолатлар гувоҳи бўласиз». — Аллоҳдан барчамизга офият тилайман.

Имом Муслим Жобир ибн Абдуллоҳ розияллоҳу анҳудан ривоят қилган ҳадисда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтганлар: «Ҳар бир банда нимада вафот этса, шунда тирилтирилади» (Муслим (№2878) ривояти).

· Айримлар юзидан, аъзоларидан, ўнг томонидан ва олди тарафидан нур ёғилган ҳолда туради: «Уларнинг нурлари олдиларида ва ўнг томонларида юрур» (Таҳрим: 8).

Абдуллоҳ ибн Масъуд розияллоҳу анҳу ушбу оят шарҳида айтадилар: «Улардан баъзиларининг нурлари тоғдек, баъзиларининг нурлари хурмо дарахтидек, баъзиларининг нурлари тик турган одам бўйидек бўлади, улар ичида энг кам нурли бўлганининг нури бош бармоғида бўлиб, гоҳ ёниб, гоҳ ўчиб туради» (Имом Суютий «Ад-дуррул-мансур»да айтишича, Ибн Аби Ҳотим, Ибн Мунзир, Ибн Мардавайҳ ривоят қилганлар, Ҳоким «Мустадрак»да: «Икки шайх шартига кўра, исноди саҳиҳ», деган).

· Айримлар чор атрофини зулмат чулғаб олган ҳолда туради.

· Айримлар қони оқиб турган ва мушк ҳиди таралиб турган ҳолда туради. Улар Бухорий ва Муслим ривоят қилган ҳадисда келганидек, Аллоҳ йўлидаги шаҳидлардир.

· Айримлар Бухорий ривоят қилган ҳадисда келганидек, талбия айтган ҳолда, «Лаббайкаллоҳумма лаббайк» деб туради. Улар эҳром кийимида вафот қилган кишилардир.

· Айрим аёллар эгнида Аллоҳнинг лаънатидан бўлган ёпинчиқ ва ўтдан бўлган совут билан туради, қўли билан бошини чангаллаб: «Воҳ, шўрим қурсин!», дейди. Улар ўлим-мусибат пайтида фарёд кўтариб йиғлайдиган аёллардир. Бу ҳақда Муслим, Насоий, Ибн Можалар ривоят қилган ҳадисда айтилган.

· Айримлар қоринлари шишган, худди жин чалган одамдек мажнунсифат бўлиб турадилар. Улар судхўрлардир. Аллоҳ таоло айтади: «Судхўр бўлган кимсалар (Қиёмат Кунида қабрларидан) турмайдилар, магар жин чалган мажнун каби турадилар. Бунга сабаб уларнинг: «Байъ (олди-сотди) ҳам судхўрликнинг ўзи-ку?» деганларидир. Ҳолбуки, Аллоҳ байъни ҳалол, судхўрликни ҳаром қилган. Бас, кимга парвардигоридан мавъиза насиҳат етгач (судхўрликдан) тўхтаса, у ҳолда аввал ўтгани ўзига ва унинг иши Аллоҳга (топширилади). (Яъни Ўзи хоҳласа афв қилар). Ва ким (судхўрликка) қайтса, ўшалар жаҳаннам эгаларидир ва унда абадий қолажаклар» (Бақара: 275).

· Айримлар бўйнида маст қилувчи ичимлик косаси осилган ҳолда туради.

Етимларнинг молларини зулм билан еган кимсаларни атрофларига етимлар йиғилиб, уни туртиб-суртиб, маҳшаргоҳда Аллоҳ ҳузурига ҳисоб-китоб учун олиб боришларини кўрасиз. Аллоҳ таоло айтганидек: «Етимларнинг молларини зулм йўли билан ейдиган кимсалар ҳеч шак-шубҳасиз қоринларига олов еган бўлурлар. Ва албатта дўзахга киражаклар!» (Нисо: 10).

Бирор нарсани ўғирлаб олган киши қиёмат куни ўша нарсани елкасига ортган ҳолда келаётганини кўрасиз: «Ким хиёнат қилса, Қиёмат Кунида (Аллоҳнинг ҳузурига) қилган хиёнати билан бирга келур» (Оли Имрон: 161).

Аммо, «Парвардигоримиз Аллоҳдир», деб, сўнгра (ёлғиз Аллоҳга тоат-ибодат қилишда) бардавом бўлган зотларнинг олдиларига фаришталар тушиб келадилар ва уларга Аллоҳнинг уларга бўлган фазлу марҳамати ва каромати билан хушхабар бериб, айтадилар: «Қўрқманглар ва ғамгин бўлманглар. Сизларга ваъда қилинган жаннат хушхабари билан шодланинглар! Бизлар ҳаёти дунёда ҳам, охиратда ҳам сизларнинг дўстларингиздирмиз. Сизлар учун (жаннатда) кўнгилларингиз тилаган нарсаларингиз бордир ва сизлар учун у жойда истаган нарсаларингиз бордир. (Бу) мағфиратли ва меҳрибон зот томонидан бўлган зиёфатдир» (Фуссилат: 30-32).

Имом Муслим Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилган ҳадисда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтганлар: «Аллоҳ азза ва жалла: «Солиҳ бандаларим учун кўз кўрмаган, қулоқ эшитмаган, одамзотнинг хаёлига ҳам келмаган нарсаларни ҳозирлаб қўйдим», деди. Бунинг тасдиғи Аллоҳнинг Китобидаги: «Бас уларнинг қилиб ўтган амалларига мукофот қилиб улар учун беркитиб қўйилган кўзлар қувончини (яъни охират неъматларини) бирон жон билмас» (Сажда: 17) оятидир» (Муттафақун алайҳ).

Анас ибн Молик розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам дедилар: «Жаннатда бир бозор бор, жаннат аҳллари бу бозорга ҳар жума куни борадилар. У ерда шимол шамоли эсиб юзлари ва либосларига тегади. Шунда улар янада чиройлироқ бўлиб кетадилар. Аҳллари ёнига қайтсалар, улар ҳам ҳусн-чиройда зиёдалашган бўладилар. Шунда аҳллари уларга: «Аллоҳга қасамки, биз кўрмагандан бери ҳусн ва чиройда зиёда бўлиб кетибсизлар», дейди. «Аллоҳга қасамки, сизлар ҳам биз кўрмагандан бери ҳусн ва чиройда зиёда бўлиб кетибсизлар», дейди жаннат аҳли» (Муслим (№2833), Аҳмад, Доримий, Абу Нуъайм ривоятлари).

Аҳмад, Термизий, Баззор, Табароний, Ибн Ҳиббон Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилган, Мунзирий «Ат-тарғиб ват-тарҳиб»да ҳасан санаган ҳадисда айтилади: Биз: «Ё Расулуллоҳ, бизга жаннат ҳақида сўзлаб беринг, у қандай қурилган?», деб сўрадик. Айтдилар: «Бир ғишти олтин, бир ғишти кумуш, лойи мушк, майда тоши инжу ва ёқут, тупроғи заъфарондир. Унга кирган киши ноз-неъмат ичида бўлади, машаққат кўрмайди, абадий яшайди, ўлмайди, кийимлари эскирмайди, ёшлиги йўқолмайди».

Шуни яхши билингки, жаннатнинг ҳақиқий неъмати унинг сутида, ичимлигида, асалида, қасрларида, ҳарир ва ҳурларида эмас. Балки, унинг ҳақиқий неъмати Парвардигор азза ва жалланинг жамолини кўришдадир.

Суҳайб ибн Синон розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам дедилар: «Жаннат аҳли жаннатга киргач бир фаришта: «Эй жаннат аҳли, Аллоҳнинг сизларга бир ваъдаси бор, уни муҳайё қилмоқчи!» деб нидо қилади. Шунда улар: «Яна қандай ваъда? Ахир Аллоҳ бизнинг мезонимизни оғир қилиб, юзларимизни ёруғ қилмадими?! Бизларни жаннатга киргизиб, дўзах ўтидан қутқармадими?!» дейдилар. Кейин парда кўтарилади ва улар Аллоҳга қарайдилар. Аллоҳга қасамки, Аллоҳ уларга бундан-да севимлироқ ва қувончлироқ бирон неъматни бермагандир» (Имом Муслим ривояти).

Аллоҳ таолодан барчамизга иймон ва устиворлик ато этишини, хотималаримизни саодатли қилишини, бизларни жаннатига киритишини ва Ўз жамолидан маҳрум қилмаслигини сўраймиз.

Эй Аллоҳим, бизни ҳидоят қилгин ва биз сабабли бошқаларни ҳидоят қилгин, бизни ҳидоятланувчиларга сабабчи қилгин.

Эй Аллоҳим, бизларга ўлимдан аввал тавба қилиб қолишни, ўлим пайтида шаҳидликни, ўлганимиздан сўнг жаннатинг ва розилигингни насиб айлагин. Сен бунинг эгаси ва бунга қодир Зотсан.

Аллоҳ таоло Пайғамбаримизга, у зотнинг аҳли ва асҳобига саловоту саломлар йўлласин.