Пайшанба 21 Ноябрь 2024 | 19 Жумадул-аввал 1446 Ҳижрий-қамарий

асосий қисм

  • lotinchaga
  • +
  • -
  • |

Ҳисоб-китобсиз жаннатга кириш

3661 марта кўрилган

الشيخ محمد حسان

في رحاب الدار الآخرة

إلى الجنة بغير حساب

Охират ҳовлиси силсиласи

Шайх Муҳаммад Ҳассон
Ислом Нури таржимаси

Барча ҳамду санолар Аллоҳга хосдир. Биз Унга ҳамд ва истиғфор айтамиз, Ундан ёрдам ва ҳидоят сўраймиз, нафсимизнинг шумлигидан ва амалларимизнинг ёмонлигидан Унинг Ўзидан паноҳ сўраймиз. Аллоҳ ҳидоят қилган кимсани адаштирувчи, адаштирган кимсани ҳидоят қилувчи йўқдир. Мен ягона, шериксиз Аллоҳдан ўзга ҳақ илоҳ йўқ ва Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва саллам Унинг бандаси ва элчисидир деб гувоҳлик бераман.

«Эй мўминлар, Аллоҳдан ҳақ-рост қўрқиш билан қўрқинглар ва фақат мусулмон бўлган ҳолларингда дунёдан ўтинглар!» (Оли Имрон: 102).

«Эй инсонлар! Сизларни бир жондан яратган ва ундан жуфтини вужудга келтирган ҳамда у икковидан кўп эркак ва аёлларни тарқатган Роббингиздан қўрқингиз! Яна ораларингиздаги савол-жавобларда ўртага номи солинадиган Аллоҳдан қўрқингиз ва қариндош-уруғларингиз (билан ажралиб кетишдан қўрқингиз)! Албатта Аллоҳ устингизда кузатувчи бўлган зотдир» (Нисо: 1).

«Эй мўминлар, Аллоҳдан қўрқинглар, тўғри сўзни сўзланглар! (Шунда Аллоҳ) ишларингизни ўнглар ва гуноҳларингизни мағфират қилур. Ким Аллоҳга ва Унинг пайғамбарига итоат этса, бас у улуғ бахтга эришибди» (Аҳзоб: 70, 71).

Сўзларнинг рости Аллоҳнинг Китоби, йўлларнинг яхшиси Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг йўллари, ишларнинг ёмони (динда) янги пайдо қилинганлари, (динда) янги пайдо қилинган барча нарса бидъат, барча бидъат залолат, барча залолат эса жаҳаннамга элтгувчидир.

Аммо баъд...

Аллоҳнинг тавфиқи билан «Охират ҳовлиси» силсиласидан сизлар билан бугунги суҳбатимиз ўн еттинчи суҳбат бўлади.

Аллоҳ йўлидаги дўстларим! Рухсатларингиз билан бироз ортга қайтиб, аввалги суҳбатларимизда сўзлашиб ўтган мавузларни бир сидра эсга олиб ўтсак. Охирги тўртта суҳбатимизда маҳшар майдонида, Аллоҳ таоло ҳузурида ҳисоб бериш мавзусида сўз юритган, қиёмат куни Аллоҳ таоло бандаларини унинг асосида ҳисоб қиладиган энг муҳим адолат мезонлари билан танишиб ўтган, энг сўнгида эса бандаларнинг ҳақ-ҳуқуқлари борасида биринчи бўлиб ажрим қилинадиган ишлар ҳақида сўзлаб ўтган эдик.

Маҳшаргоҳ... Ўта оғир ва даҳшатли ҳолат.. Башариятнинг ҳаммаси адолат маҳкамасида, Қаҳҳор ва Жаббор Зот ҳузурида ўта синиқ ва хор ҳолатда, қўрқув ва даҳшат ичида турибди..

Кимгадир номаи аъмоли ўнг томонидан берилади ва Аллоҳ таоло уни жуда енгил ҳисоб қилади. Яна кимгадир номаи аъмоли чап томонидан берилиб, оғир ҳисоб-китобга дучор бўлади. Баъзилар эса ҳеч қандай ҳисобсиз ва азобсиз, тўппа-тўғри жаннатга қараб йўл олади.

Ким экан у бахтли инсонлар?!

Бугунги суҳбатимиз мавзуси шунга бағишланади. Суҳбатимизга диққат-эътибор билан қулоқ соласиз деб умид қиламан. Аллоҳ субҳанаҳу ва таолодан сизу бизни сўзларни эшитиб, яхшисига эргашадиган кишилардан қилишини сўрайман.

Келинг, бу саволни суҳбатимиз бошиданоқ, бевосита Содиқ ва Масдуқ зотдан, пайғамбаримиз Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва салламдан сўраб қўя қоламиз.

Жавобни эса Бухорий, Муслим, Аҳмад, Термизий, Насоий, Байҳақий ва бошқалар ривоят қилган саҳиҳ ҳадисдан топамиз. Ибн Аббос розияллоҳу анҳумодан ривоят қилинган бу ҳадисда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтдилар:

«Менга умматлар кўрсатилди. – «Сунанут-Термизий»да келган саҳиҳ ривоятга кўра, бу кўрсатилиш Исро кечасида эди. – Бир пайғамбарни кўрдим, у билан бир неча киши бор эди. Бир пайғамбарни кўрдим, у билан биргина киши бор эди. Яна бир пайғамбарни кўрдим, у билан икки киши бор эди. Бир пайғамбарни кўрдим, у билан бирон киши йўқ эди. Тўсатдан менга катта бир қоралик кўринди. Улар менинг умматим бўлса керак деб ўйладим. Шунда менга: «Бу Мусо ва унинг қавми. Лекин, сиз уфққа қаранг», дейилди. Қарасам, жуда катта бир қоралик кўринди. Менга: «Шу сизнинг умматингиз, улар ичидан етмиш минги борки, жаннатга ҳисобсиз ва азобсиз кирадилар», дейилди».

Кейин Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам ўринларидан туриб, уйларига кириб кетдилар. Саҳобалар жаннатга беҳисоб кирадиган ўша кишилар ҳақида баҳсга шўнғиб кетдилар.

Баъзилар: «Улар Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламга ҳамсуҳбат бўлганлар (саҳобалар) бўлса керак», дейишди.

Бошқалари: «Улар Исломда туғилиб, Аллоҳга бирон нарсани ширк келтирмаганлар бўлса керак», дейишди. Ва ҳоказо, бир қанча нарсани зикр қилдилар.

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам улар ҳузурига чиқиб: «Нима ҳақида баҳслашаяпсизлар?», дедилар. Улар (ўрталарида бўлган баҳсдан) у зотни хабардор қилишди. Шунда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: «Улар руқя қилдирмайдиган (дам солдирмайдиган), куйдириб даволанмайдиган, шумланмайдиган ва Раббиларига таваккул қиладиган кишилардир», дедилар.

Шунда Укоша ибн Миҳсон ўрнидан туриб: «Ё Расулуллоҳ, Аллоҳга дуо қилинг, мени ўшалардан қилсин», деди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: «Сиз ўшалардансиз», дедилар. Кейин яна бир киши туриб: «Аллоҳга дуо қилинг, мени ҳам ўшалардан қилсин», деган эди, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: «Унга Укоша сиздан ўзиб кетди», дедилар (Бухорий: №5752, Муслим: №220, Термизий: №2448).

«Саҳиҳайн»да Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинган ҳадисда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: «Умматимдан етмиш минг кишилик бир жамоат юзлари тўлин ойдек нур сочган ҳолда жаннатга киради», дедилар (Бухорий: №6542).

Яна бир гўзал ва меҳр-муҳаббат руҳи уфуриб турган олийжаноб бир ҳадисни бирга кўриб чиқайлик. Аҳмад «Муснад»ида, Байҳақий «Сунан»ида ривоят қилган, Ҳофиз Ибн Ҳажар «Фатҳ»да санадини яхши деган, шайх Албоний «Ас-силсилатус-саҳиҳа»да саҳиҳ санаган, Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинган бу ҳадисда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтганлар: «Раббимдан шафоат сўрадим. У: «Сен учун етмиш минг (кишининг шафоатига ижозат), улар жаннатга ҳисобсиз ва азобсиз кирадилар», деди. Мен: «Ё Раббим, яна зиёда қилгин», дедим. Шунда менга икки қўли билан ўнг ва чап тарафига икки марта ҳовучлади». (Ас-силсилатус-саҳиҳа: №1879).

Аллоҳу акбар!! Нақадар эҳтиром!! Нақадар эътибор!!

Мана бу мазмундаги шеър соҳибини Аллоҳ раҳматига олсин:

«Эй Парвардигор! Сенинг «Эй бандаларим!» деган хитобинг остига киришим ва менга Аҳмадни Пайғамбар қилиб юборганинг менинг фахру ифтихоримни ошириб юборди»..

Эй тавҳид аҳлидан бўлиб яралган ва Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва салламга уммат бўлиш шарафига ноил бўлган мўмин биродар! Бу неъмат шукронасига пешонангни саждага қўй..

Жаннатга ҳисоб-китобсиз ва азобсиз кирадиган у бахтиёр инсонлар ким бўлди экан?!

Маҳшар ерида ҳисоб-китоб учун турмайдиган ва ҳеч қандай азобсиз жаннатга кириш бахтига мушарраф бўладиган инсонлар хабарини Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва салламдан эшитган асҳоби киром ўша бахтли инсонлар ким бўлишлари ҳақидаги баҳсга машғул бўлдилар. Баъзилар уларнинг Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламни кўриш ва у зотга ҳамсуҳбат бўлиш бахтига мушарраф бўлган саҳобалар бўлишини тахмин қилдилар. Дарҳақиқат, у зотга саҳоба бўлиш жуда катта шарафли мақомдир.

Бошқалари эса, Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва саллам жаннатга ҳисоб-китобсиз ва азобсиз киришларини хабар берган у бахтли инсонлар Исломда туғилган ва Аллоҳга асло ширк келтирмаган кишилар бўлишини айтдилар. Бу ҳам аслида, жуда катта шарафдир. Ким Исломда ўсиб-улғайса ва тавҳид бўстонида тарбия топган бўлса, иймон гулу райҳонлари ҳидига тўйиб, Қуръону Суннат сувидан суғорилган бўлса, жуда катта зафарга эришибди. Нега ҳам шундай бўлмасин?! Аллоҳ таоло айтиб қўйган: «Албатта Аллоҳ Ўзига (бирон нарсанинг) шерик қилинишини кечирмас. Шундан бошқа гуноҳларни Ўзи хоҳлаган бандалари учун кечирур» (Нисо: 48).

Аллоҳ субҳанаҳу ва таоло муваҳҳидлар имоми, муҳаққиқлар пешвоси ва пайғамбарлар саййиди Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва салламга хитоб қилиб деди: «Дарҳақиқат сизга ҳам, сиздан аввалги (пайғамбарларга ҳам шундай) ваҳий қилингандир: «Қасамки: агар мушрик бўлсанг, албатта қилган амалинг беҳуда кетур ва албатта зиён кўрувчилардан бўлиб колурсан! Йўқ, сен ёлғиз Аллоҳгагина ибодат қилгин ва шукр қилувчилардан бўлгин!» (Зумар: 65-66).

«Саҳиҳул Бухорий»да Ибн Масъуд розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва саллам: «Ким Аллоҳга бирон нарсани ширк келтирган ҳолда ўлса, дўзахга киради», дедилар. Мен айтаман: «Ким Аллоҳга бирон нарсани ширк келтирмаган ҳолда ўлса, жаннатга киради». (Бухорий: №1238, Муслим: №92).

«Саҳиҳайн»да Убода ибн Сомит розияллоҳу анҳудан ривоят қилинган ҳадисда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтдилар: «Ким: Бир Аллоҳдан ўзга илоҳ йўқ, У ёлғиз ва шериксиздир, Муҳаммад Аллоҳнинг бандаси ва расули, Исо Аллоҳнинг бандаси, расули, чўрисининг ўғли ва Марямга туширган сўзидир, жаннат ва дўзах ҳақдир деб гувоҳлик берса, амали қараб, Аллоҳ уни жаннатга киритади».

Итбон ибн Молик ривоятида: «Албатта, Аллоҳ Ўзининг юзини истаб «Ла илаҳа иллаллоҳ» деган кишини дўзахга ҳаром қилгандир» (Бухорий: №3435, Муслим: №29).

Шундоқ экан, тавҳид жуда катта фазлдир, баъзи саҳобаларнинг мазкур бахтли инсонлар Исломда туғилган ва ширк келтирмаган кишилар бўлиши ҳақидаги гапларидан асло таажжубланмаслик керак.

Улар шу зайлда мубоҳаса қиларканлар, тўсатдан улар ҳузурига Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам чиқиб келдилар.

«Нима ҳақида баҳс қилаяпсизлар?», деб сўрадилар у зот.

Улар нима ҳақида баҳс қилаётганларини айтишгач, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: «Улар руқя қилдирмайдиган (дам солдирмайдиган), куйдириб даволанмайдиган, шумланмайдиган ва Раббиларига таваккул қиладиган кишилардир», дедилар.

Демак, улар тавҳидни тўла-тўкис рўёбга чиқарган, ширкнинг ҳаммасини, каттасини ҳам, кичигини ҳам бирдек тарк қилган, барча ҳожатларини фақат Аллоҳ субҳанаҳу ва таолодан сўраган зотлар экан.

«Улар шумланмайдилар...» Биз шумланиш (ирим қилиш) деб таржима қилганимиз калима араб тилида «татойюр» (қуш учиши) сўзидан олинган бўлиб, жоҳилият даври араблари одатда, бирон сафар олдидан қуш учиришар, агар қуш ўнг томонга учиб кетса, йўлимиз очиқ экан деб, хурсанд бўлиб йўлга отланишар, мабодо қуш чап томонга қараб учса, бундан шумланиб, сафарни қолдиришар эди.

Ислом келгач, бундай шумланиш одатини бекор қилди ва фойда етказувчи ҳам, зарар етказувчи ҳам ёлғиз Аллоҳ эканини, барча иш Аллоҳнинг қўлида эканини одамларга таълим берди. Шундай қилиб, улар на макон, на замон билан шумланадиган бўлдилар. Чунки, макон ва замонлар яратувчиси ягона Аллоҳ эканини, Аллоҳгина маконлар ва замонларни бошқариб турувчи Зот эканини яхши тушуниб олган эдилар. Аллоҳ таоло айтганидек: «Айтинг (эй Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва саллам): «Бутун иш Аллоҳнинг (қўлида) (Оли Имрон: 154).

Имом Термизий ривоят қилган ҳадисда Ибн Аббос розияллоҳу анҳумо шундай дейди:

«Бир куни мен (уловда) Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг орқаларига мингашиб кетаётган эдим, у зот менга айтдилар: «Эй бола, мен сенга бир неча калималарни таълим бераман. Аллоҳни ёдда тут, сени Аллоҳ ёдда тутади, Аллоҳни ёдингда тут, У зотни рўпарангда топасан. Агар сўрасанг, Аллоҳдан сўра, агар ёрдам истасанг Аллоҳдан иста. Билгинки, бутун уммат агар сенга фойда етказамиз деб тўпланишса, Аллоҳ сенга ёзган нарсадан бошқа бирон нарса билан фойда етказиша олмайди. Агар сенга зарар етказиш учун тўпланишса, Аллоҳ сенга ёзган нарсадан бошқа бирон нарса билан зарар етказиша олмайди. Қалам (то қиёматгача бўладиган нарсаларни) ёзиб бўлган ва саҳифалар қуриган» (Термизий: №2518, Саҳиҳул-жомиъ: №7958).

«Улар руқя қилдирмайдиган (дам солдирмайдиган), куйдириб даволанмайдиган... кишилардир». Бу билан уларнинг нақадар улкан таваккул эгалари эканига ишора қилинди. Аслида, бирон киши руқя қилмоқчи бўлса, бунга ҳеч қандай монеълик йўқ. Бироқ, гап шундаки, улар бировдан бу нарсани талаб қилмайдилар, ҳожатларини ёлғиз Аллоҳга боғлайдилар, бандалардан биронтасига боғламайдилар. Қалблари халқлардан холий ва ёлғиз Парвардигорга боғлангандир.

Уларни бундай қилишга ундаган нарса Аллоҳга бўлган таваккуллари ғоят кучлилиги, фойда ҳам, зарар ҳам фақат Аллоҳ томонидан, барча иш Аллоҳнинг қўлида, деган эътиқодлари ғоят мустаҳкамлиги бўлди.

«Раббиларига таваккул қиладиган кишилардир». Ҳақиқий таваккул – қалбнинг Аллоҳга чинакамига боғланишидир. Таваккул иймоннинг боғичидир, таваккул тавҳиднинг чўққисидир. Сабабларни ушлаш таваккулга зид келмайди, таваккулни нуқсонли қилиб қўймайди.

Шотибий айтадилар: «Сабабларга киришиш шаръан вожиб ишдир».

Ибн Қаййим айтадилар: «Тавҳид сабабларга бевосита киришиш билангина комил бўлади, сабабларни ушлаш таваккулга нуқсон етказмайди».

Жумҳур салаф сўзларига кўра, қачонки, банда Раббига қаттиқ ишонса ва барча ишлар фақат Унинг қўлида эканини билса, сўнгра суннатни ушлаб, бевосита сабабларга киришса ва шу билан бирга, сабабларнинг ўзи уларни натижаларга боғлаб қўювчи Зотнинг амрисиз ҳеч нарса қилолмаслигига эътиқод қилса, шундагина таваккул ҳосил бўлади.

Ҳақиқий таваккул – сабабларни ушлашимиз ва сабабларни натижаларга боғлаб қўювчи Зотга суянишимиз ва сабабларнинг ёлғиз ўзи Аллоҳ жалла ва алонинг амрисиз ҳеч қандай фойда ҳам, зарар ҳам етказолмаслигига аниқ ишонч устида бўлишимиздир. Аллоҳ таоло таваккул қилувчиларнинг саййиди бўлган Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва салламни айни шу таваккулга буюрган: «Ва ўлмайдиган тирик Зотга таваккул қилинг, хамда У зотга ҳамду сано айтиш билан покланг!» (Фурқон: 58).

Таваккул қилувчиларнинг пешвоси бўлган Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг ўзлари ҳам ҳижратга чиққан кунлари сабабларни ушлагандилар. Ўзлари сабабларнинг ёлғиз ўзи фойда ҳам, зарар ҳам беролмаслигини яхши билардилар. Шу боис йўл кўрсатувчиликка бир кишини ёлладилар, сафар учун озуқа ва улов ҳозирладилар. Уҳуд жанги куни урушга чиқарканлар, икки қават совут кийиб чиқдилар. Таваккул қилувчиларнинг саййиди бўлганлари ҳолда қавмларига ва аҳли-оилаларига озиқ-овқат жамғарардилар. Демак, ҳақиқий таваккул сабабларни ушлаш билан бўлар экан. Биз ерга уруғ қадаймиз, экинга ишлов берамиз ва суғорамиз, шундан кейингина қалбларимизни сабабларга эмас, балки сабабларни натижаларга боғловчи Зотга боғлаймиз. Аллоҳ таоло Ўз пайғамбарига буюрган таваккул шудир.

«Ва ўлмайдиган тирик Зотга таваккул қилинг, хамда У зотга ҳамду сано айтиш билан покланг!» (Фурқон: 58).

«Энди (маслаҳат қилгач, бирон ишни) қасд қилсангиз, Аллоҳга суянинг — таваккул қилинг! Албатта Аллоҳ Ўзига таваккул қилувчиларни севади» (Оли Имрон: 159).

Аллоҳ таоло Ўзининг қуйидаги сўзларни айтган элчилари ва пайғамбарларини мақтади:

«(Ахир) бизни (тўғри) йўлимизга ҳидоят қилган Аллоҳга нечун таваккул қилмаймиз. Албатта, биз сизлар етказган озорларга сабр қилурмиз. Таваккул қилувчилар ёлғиз Аллоҳга таваккул қилсинлар» (Иброҳим: 12).

Аллоҳ таоло Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг асҳобларини мақтади:

«Ундай зотларга айрим кимсалар: «Қурайш одамлари сизларга қарши (саноқсиз лашкар) тўплаган; қўрқингиз!», деганларида бу гап уларнинг иймонларини зиёда қилди ва: «Бизга ёлғиз Аллоҳнинг Ўзи кифоя. У зот энг яхши ишончли вакилдир!», дедилар» (Оли Имрон: 173).

Аллоҳ таоло Ўзининг қуйидаги сўзларни айтган дўстларини – валийларини мақтади:

«Парвардигоро, ёлғиз Ўзингга таваккул қилдик ва Ўзингга инобат-тавба қилдик. Ёлғиз Сенгагина қайтишимиз бордир» (Мумтаҳана: 4).

Аллоҳга таваккул қилиш набийлар шиоридир, пайғамбарлар амалидир.

«Саҳиҳул Бухорий»да Ибн Аббос розияллоҳу анҳумодан ривоят қилинади: «Бизга ёлғиз Аллоҳнинг Ўзи кифоя. У зот энг яхши ишончли вакилдир!» деган сўзларни Иброҳим алайҳиссалом ўтга ташланган пайтда айтганлар, Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва саллам ҳам у кишига: «Қурайш одамлари сизларга қарши (саноқсиз лашкар) тўплаган, қўрқингиз!», деганларида бу гап уларнинг иймонларини зиёда қилди ва: «Бизга ёлғиз Аллоҳнинг Ўзи кифоя. У зот энг яхши ишончли вакилдир!», дедилар» (Бухорий: №4563).

Таваккулнинг самарасини кўринг! Аллоҳга таваккул қилишнинг натижаси ва самараси нима?!

Иброҳим алайҳиссалом қўл-оёқлари боғланиб, ўтга ташланган пайтларида «Бизга ёлғиз Аллоҳнинг Ўзи кифоя. У зот энг яхши ишончли вакилдир!» дедилар. Натижа ва самара шу бўлдики, Улуғ Подшоҳ жалла жалолуҳу ўтга амр қилди: «Эй олов, сен Иброҳим учун салқин ва омонлик бўл!». (Анбиё: 69).

Дарҳақиқат, Аллоҳнинг қудрати билан ўт Иброҳимнинг қўл-оёқларидаги боғловлардан бошқа ҳеч нарсани ёндирмади, Иброҳим ўт ичида соғ-саломат ўтирдилар.

Заиф ривоятга кўра, Иброҳим алайҳиссалом ўтга отилган пайтларида ҳавода у кишига Жибрил алайҳиссалом рўбарў келиб: «Бирон эҳтиёжингиз борми?» деб сўрадилар. Шунда Иброҳим алайҳиссалом: «Агар сизга бўлса, йўқ. Агар Аллоҳга бўлса, Унинг Ўзи менинг ҳолимни яхши билади, менинг сўрашимдан беҳожатдир», деб жавоб бердилар.

Мардлар саййиди Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва саллам Уҳуд ғазотида, жароҳатлар ва қонлар ичида туриб: «Бизга ёлғиз Аллоҳнинг Ўзи кифоя. У зот энг яхши ишончли вакилдир!», дедилар.

Саҳобалар розияллоҳу анҳум мазкур ғазотда жуда оғир имтиҳонларга дучор бўлдилар. Урушнинг эртасига, Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва саллам уларни душман ортидан чиқиб боришга буюрдилар, улар чиқиб бордилар. Натижа ва самара кутилганидек бўлди.

Аллоҳ таоло айтади: «Бас, у юришдан бирон нохушлик етмай Аллоҳнинг неъмат ва фазли билан қайтдилар. Улар Аллоҳнинг ризолигини истадилар. Аллоҳ эса улуғ фазлу марҳамат соҳибидир» (Оли Имрон: 174).

Ҳақиқий таваккулни Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламдан ўрганамиз. «Саҳиҳайн»да Жобир ибн Абдуллоҳдан «Зотур-риқоъ» ғазотида бўлиб ўтган бир воқеа ривоят қилинади. У киши айтадилар:

«Биз Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам билан «Зотур-риқоъ» ғазотига чиққан эдик. Бир сояли дарахт олдига етиб келиб, уни Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламга қолдирдик, у зот ўша ерга тушдилар. Одамлар бутазорга тарқалиб, буталар соясига тушдилар. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам қиличларини дарахт шохига илиб қўйиб, дам олгани ётдилар. Биз ухлаб ётганимизда мушриклардан бир киши келиб, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг қиличларини (билдирмасдан) суғуриб олиб кейин: «Мендан қўрқасанми?», деб сўрабди. У зот: «Йўқ», деб жавоб берибдилар». «Сени ким мендан ҳимоя қила олади?», деб сўрабди. «Аллоҳ», дебдилар. Бир вақт Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам бизларни чақириб қолдилар. Борсак, олдиларида бир аъробий ўтирибди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: «Бу одам мен ухлаётган пайтда келиб, қиличимни суғуриб олибди. Уйғонсам, у қилич яланғочлаб турибди. Шунда у мендан: «Сени мендан ким ҳимоя қила олади?», деди. Мен: «Аллоҳ», дедим. Мана, у олдимда ўтирибди», дедилар. Сўнг Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам унга ҳеч қандай итоб қилмадилар». Абу Авона ривоятида: «Шунда унинг қўлидан қилич тушиб кетди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам уни қўлларига олиб: «Сени мендан ким ҳимоя қила олади?», дедилар. У: «Менга шафқат қилинг», деб илтимос қилди. «Аллоҳдан ўзга барҳақ маъбуд йўқлигига ва менинг Аллоҳнинг элчиси эканимга гувоҳлик берасанми?», дедилар. Аъробий: «Йўқ, бироқ мен сизга қарши урушмасликка ва сиз билан урушадиган қавм билан бирга бўлмасликка аҳд бераман», деди. Шундан сўнг Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам уни қўйиб юбордилар. У қавмига бориб: «Мен ҳозир одамларнинг энг яхшиси олдидан келдим», деди».

Таваккул мақомларининг энг юксак ва энг олий кўринишларидан яна бири Ҳожар ва Исмоил алайҳимассаломда содир бўлган ҳодисадир. «Саҳиҳул Бухорий»да Ибн Аббос розияллоҳу анҳумодан ривоят қилинади:

«Сўнгра Иброҳим уни ва унинг эмизаётган ўғли Исмоилни олиб келиб, Байтнинг ўрнига, Замзам устидаги катта дарахт остига, Масжиднинг юқори тарафига қўйиб кетди. Ўша пайтда Маккада бирор киши ҳам, сув ҳам йўқ эди.

У икковларининг олдиларига хурмо солинган бир халта ва сувли меш қўйди. Сўнгра Иброҳим ортига қайтиб кетди. Исмоилнинг онаси унга эргашиб:

«Эй Иброҳим! Бизни инс ҳам йўқ, жин ҳам йўқ, бирор нарса ҳам унмайдиган водийга ташлаб қаёққа кетмоқдасиз?!» деди. У буни бир неча марта такрорлади. У эса унга ўгрилиб қарамас эди. Шунда:

«Аллоҳ сизни шунга амр қилдими?» деди.

«Ҳа», деди.

«Ундоқ бўлса бизни зое қилмайди», деди-да ортига қайтди.

Иброҳим эса ўз йўлида давом этди. Қачонки у тепалик йўлидан ўтганида, улар уни кўрмайдиган бўлганда Байтга юзланиб ўша калималар ила дуо қилди ва икки қўлини кўтарди:

«Эй Роббимиз, ҳақиқатда, мен ўз зурриётимдан, Сенинг Байтул Ҳароминг ёнига, гиёҳсиз водийга жойлаштирдим», деб айтди...».

Ҳожар Исмоилни эмизиб, ҳалиги сувдан ичиб турди. Таом ва сув тугади.. Лекин Ҳожарнинг қалбида Аллоҳ жалла ва алога нисбатан тоғлар ҳам кўтаролмайдиган улкан ва битмас-туганмас таваккул бор эди.

Бу Аллоҳга бўлган ҳақиқий таваккулдир.. Аллоҳга бўлган чин ишончдир.. Ким Аллоҳга таваккул қилса, Унинг Ўзи кифоя қилади. Ким Аллоҳ билан паноҳланса, албатта нажот топади. Ким ўз ишини Аллоҳга топширса, Аллоҳ уни албатта ҳидоят қилади.

Аллоҳ таоло айтади: «Ким Аллоҳга таваккул қилса, бас, (Аллоҳнинг) Ўзи унга етарлидир» (Талоқ: 3).

Аллоҳга ҳақиқий таваккул қилишнинг яна бир гўзал кўриниши Мусо алайҳиссалом оналари томонидан кўрилди. Муштипар аёл кишидан содир бўлган бу таваккул эҳтимолки, эрларнинг ҳам қўлидан келмас, тоғлар ҳам унга бардош беролмас эди. Уни сифатлаб беришга тиллар ожиз.. Аллоҳ субҳанаҳу ва таоло бу воқеани Қуръони каримда шундай баён қилади:

«Биз Мусонинг онасига (Мусони туғиб, уни ҳам Фиръавн одамлари келиб ўлдиришларидан қўрқиб турган пайтида) ваҳий қилдикки: «Уни эмизавергин. Бас қачон (Фиръавн одамлари ўғил кўрганингни билишиб қолиб, уни ўлдириб кетишларидан) қўрқсанг, уни дарёга ташлагин ва қўрқмагин ҳам, қайғурмагин ҳам. Зеро Биз уни сенга (яъни тирик ҳолида) қайтарувчидирмиз ва уни пайғамбарлардан қилувчидирмиз» (Қасас: 7).

Боласининг жонига хавф қилган қайси она уни дарёга ташлайди?! Одатда, боласига хавф туғилган пайтда она уни олиб, бағрига босади, эмизади ва бутун меҳрини бериб, уни ҳар қандай бало-қазодан асрашга тиришади.

Лекин, бу ерда сиз билан биз билгандан бутунлай бошқа иш содир бўлмоқда. Аллоҳ таоло Мусонинг онасига, агар у боласининг жонига хавф қилса, уни дарёга ташлашга буюрмоқда. Чунки, ўшанда Фиръавн янги туғилган ўғил болаларни ўлдириб, қизларни қолдиришга буюрганди. Аллоҳ таоло айтади: «Сизларни оғир азоблар билан қийнаган, ўғилларингизни сўйиб, хотинларингизни тирик қолдираётган Фиръавн одамларидан қутқарганимизни эсланглар. Ана ўша ишларда Парвардигорингиз томонидан буюк синов бор­дир» (Бақара: 49).

Бироқ, Аллоҳ жалла жалолуҳ ушбу покиза гўдак Фиръавннинг қасрида ва Фиръавннинг бағрида ўсиб-улғайишини ирода қилди.

Аллоҳ таоло айтади: «Бас уни Фиръавн хонадони (ўсиб-улғайгач) ўзларига душман ва ғам-ташвиш бўлиши учун тутиб олдилар. Албатта Фиръавн, Ҳомон ва уларнинг лашкарлари хато қилувчи бўлдилар» (Қасас: 8).

Субҳаналлоҳ! Субҳаналлоҳ! Фиръавн Мусони тарбияласа?!! Мусо Фиръавн хонадонида ва унинг бағрида ўсиб-улғайса?!! Аллоҳнинг чексиз куч-қудрати ва иродаси намоён бўлмоқда бу сўзларда! Аллоҳ таоло Ўз пайғамбари Мусони сон-саноқсиз лашкар билан ё танклар ва самолётлар билан эмас, айримлар ҳатто тасаввур ҳам қилолмайдиган жуда ҳам юпқа парда билан ҳимоя қилмоқда! Аллоҳ таоло Фиръавн аёлининг дилига Мусога нисбатан меҳр-муҳаббат солиб қўйди ва у Мусога чиппа ёпишиб қолди. Аллоҳ таоло Фиръавн аёли ҳақида шундай ҳикоя қилади: «Фиръавннинг хотини (унга): «(Бу бола) мен учун ҳам, сен учун ҳам кўз қувончидир. Уни ўлдирманглар. Шоядки, унинг бизларга нафи тегса ёки уни бола қилиб олсак», деди. Улар (ўзларининг ҳалокатлари шу гўдак қўлида эканини) сезмаган ҳолларида (уни бола қилиб олдилар)» (Қасас: 9).

Ҳамма гўдакларни бирма-бир тиғдан ўтказаётган Фиръавн Аллоҳнинг чексиз изни-иродаси билан аёлининг сўзини қабул қилади ва Аллоҳнинг қудрати билан Мусо ашаддий душмани қўлида ўсиб-улғаяди.

Аллоҳ таоло айтади: «Бирон нарсани (яратишни) ирода қилган вақтида Унинг иши фақатгина «Бўл», демоқлигидир. Бас у (нарса) бўлур — вужудга келур» (Ясин: 82).

Аллоҳ Фиръавннинг аёли дилига Мусога нисбатан меҳр-муҳаббат солди, шу билан бу муборак гўдак тарбиясига шахсан Фиръавннинг ўзи бош-қош бўлди.

Мусонинг онасидан содир бўлган таваккулнинг самараси шунгагина чекланиб қолмади. Балки, Мусо ўз онасидан бошқанинг сийнасидан сут ҳам эммади. Аллоҳ таоло бу ҳақда шундай ҳикоя қилади:

«Биз аввал (Мусога барча) эмизувчи аёлларни ҳаром килдик (у бирон аёлни эммади), шунда (унинг опаси келиб): «Мен сизларга унга кафил бўлиб (эмизадиган) ва унга холис (тарбия берадиган) бир оилани кўрсатайми?» деди. Шундай қилиб, Биз (Мусонинг онасининг) кўзлари шодланиши ва ғам чекмаслиги учун ҳамда Аллоҳнинг ваъдаси ҳақ эканини билиши учун уни онасига қайтардик. Лекин кўп (одамлар Аллоҳнинг ваъдаси хақ эканини) билмайдилар» (Қасас: 12-13).

Унинг таваккули жуда катта самара берди, Аллоҳ унга фарзандини қайтарди ва у хавф-хатардан омонда, бемалол боласини эмизадиган бўлди. Ваҳоланки, бунгача у боласини Фиръавндан қўрққанидан фақат яширинча эмизишга мажбур эди.

Аллоҳ қудрати ва чексиз иродасини кўрингки, энди она боласини Фиръавн қасрида эмизмоқда! Аллоҳ таоло айтмадими ахир: «Зеро Биз уни сенга (яъни тирик ҳолида) қайтарувчидирмиз ва уни пайғамбарлардан қилувчидирмиз» деб?! (Қасас: 7).

Аллоҳнинг ваъдаси албатта ҳақдир. Аллоҳ Мусони онасига қайтарибгина қўймади, балки унга пайғамбарлик ҳам ато этди.

Севикли дўстларим! Аллоҳга чин таваккул қилиш ҳаловатини тотиш учун бу кўринишлар олдида бироз тафаккур қилиш лозим бўлади.

Ишонаманки, агар таваккул қилувчилар бўстонида сайр этсак, умрнинг ҳаммасини ўтказиб юборган, бироқ ҳар бир гул ва ҳар бир райҳон олдида тўхтаб, унинг хушбўй ҳидларидан тўйиб ҳидлашга фурсатимиз етмаса керак эди. Зотан, ул покиза зотлар замоннинг умри ва ҳаётнинг уриб турган юракларидир, замоннинг нафасларини санашга ва ҳаётнинг юрак уришларини ўлчаб чиқишга эса имкон етмайди.

Бу бахтли уммат, Муҳаммад Мустафо соллаллоҳу алайҳи ва саллам уммати ўз тарихида Аллоҳга таваккул қилувчи чин эрларни етиштириб чиқардики, улардан ҳар бири хусусида тўхталмоқчи бўлсак, бунга инсон умри кифоя қилмайди.

Бу умматдаги сиддиқлик ўркачининг энг баланд чўққиси Абу Бакр Сиддиқ эдилар.

Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва саллам асҳобларини инфоққа буюрганларида, Абу Бакр ҳамма молларини олиб келдилар. Бу жуда буюк иш ва ғоят улкан жўмардлик эди! Қани, қай биримиз шундай қила олади?! Ичимиздан ким чорак молини бера олади?! Уни қўйинг, қай биримиз молининг салмоқли бир қисмини инфоқ қила олади?!

Умар розияллоҳу анҳу ярим молларини олиб келдилар. Бу ҳам жуда катта жўмардлик эди. Сиддиқ эса ҳамма молларини келтирдилар. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: «Аҳли-оилангизга нима қолдирдингиз, эй Абу Бакр?», деганларида у киши: «Аллоҳ ва Расулини қолдирдим», деб жавоб бердилар.

Аллоҳга қасамки, ер юзининг энг сўзга уста кишиси ҳам сифатлаб беролмайди бу таваккул даражасини!!

Умар розияллоҳу анҳу Яманлик бир қанча кишиларни кўриб: «Сизлар кимсизлар?», деб сўраганларида, улар: «Мутаваккиллар (таваккул қилувчилар)», деб жавоб беришди. Шунда Умар: «Йўқ, сизлар муттакилларсиз (яъни, суяниб қолганларсиз). Чунки, таваккул қилувчи уруғни ерга қадаб, кейин Аллоҳга таваккул қилади», дедилар.

2011-12-02