асосий менюАсосий менюМахсус бўлимларҚўшимча бўлимАмал мавсуми |
асосий қисм
Ҳисоб куни3091 марта кўрилган Охират ҳовлиси силсиласи الشيخ محمد حسان في رحاب الدار الآخرة يوم الحساب Шайх Муҳаммад Ҳассон Барча ҳамду санолар Аллоҳга хосдир. Биз Унга ҳамд ва истиғфор айтамиз, Ундан ёрдам ва ҳидоят сўраймиз, нафсимизнинг шумлигидан ва амалларимизнинг ёмонлигидан Унинг Ўзидан паноҳ сўраймиз. Аллоҳ ҳидоят қилган кимсани адаштирувчи, адаштирган кимсани ҳидоят қилувчи йўқдир. Мен ягона, шериксиз Аллоҳдан ўзга ҳақ илоҳ йўқ ва Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва саллам Унинг бандаси ва элчисидир деб гувоҳлик бераман. «Эй мўминлар, Аллоҳдан ҳақ-рост қўрқиш билан қўрқинглар ва фақат мусулмон бўлган ҳолларингда дунёдан ўтинглар!» (Оли Имрон: 102). «Эй инсонлар! Сизларни бир жондан яратган ва ундан жуфтини вужудга келтирган ҳамда у икковидан кўп эркак ва аёлларни тарқатган Роббингиздан қўрқингиз! Яна ораларингиздаги савол-жавобларда ўртага номи солинадиган Аллоҳдан қўрқингиз ва қариндош-уруғларингиз (билан ажралиб кетишдан қўрқингиз)! Албатта Аллоҳ устингизда кузатувчи бўлган зотдир» (Нисо: 1). «Эй мўминлар, Аллоҳдан қўрқинглар, тўғри сўзни сўзланглар! (Шунда Аллоҳ) ишларингизни ўнглар ва гуноҳларингизни мағфират қилур. Ким Аллоҳга ва Унинг пайғамбарига итоат этса, бас у улуғ бахтга эришибди» (Аҳзоб: 70, 71). Сўзларнинг рости Аллоҳнинг Китоби, йўлларнинг яхшиси Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг йўллари, ишларнинг ёмони (динда) янги пайдо қилинганлари, (динда) янги пайдо қилинган барча нарса бидъат, барча бидъат залолат, барча залолат эса жаҳаннамга элтгувчидир. Аммо баъд... Аллоҳ йўлидаги дўстларим! «Охират ҳовлиси» силсиласидан бугунги суҳбатимиз ўн учинчи суҳбат бўлади. Бундан аввалги суҳбатимизда Аллоҳ жалла жалолуҳунинг Ўзининг камоли ва жалолига мос ва муносиб суратда маҳшаргоҳга келган пайтидаги ҳолат устида тўхтаган эдик. Аллоҳ таоло айтганидек: «Улар (ҳақ йўлни инкор этувчилар Қиёмат Кунида) боқмайдилар, магар уларга булутдан бўлган соябон остида Аллоҳ ва фаришталар (ҳисоб-китоб учун) келади-да, иш тамом бўлади (яъни улар куфрлари сабабли дўзахга ҳукм қилинурлар). Ва барча ишлар ёлғиз Аллоҳга қайтарилажак» (Бақара: 210). Шундан сўнг бандаларнинг ҳисоб-китоби бошланади. Сизлар билан бугунги суҳбатимиз айни шу мавзуда давом этади. Вақтдан унумли фойдаланиш учун одатдагидек, суҳбатимизни бир неча моддаларга бўлиб оламиз.
Суҳбатимизга диққат-эътибор қаратасиз деб умид қиламан. Аллоҳ субҳанаҳу ва таолодан сизу бизни ер юзида ҳам, ер остида ҳам, ҳисоб кунида ҳам Ўз карами билан ўрашини сўрайман. Албатта, У Ҳалим, Меҳрибон ва Раҳмли зотдир. Биринчи: Бугун зулм йўқдирСевикли биродарларим! Қасамки, агар Аллоҳ таоло бутун осмон аҳлини ва бутун ер аҳлини азобласа, уларга асло зулм қилган бўлмас эди. Чунки, улар Унинг Ўз мулкидаги қулларидир. Мулк эгаси ўз мулкида ўзи истаганича тасарруф қилишга ҳақлидир. Лекин, У субҳанаҳу ва таоло Ўзининг раҳмати, карами ва бандаларига меҳр-шафқати туфайли Ўзига зулмни ҳаром қилди, бандалари орасида ҳам зулмни ҳаром қилди. Аллоҳ таоло айтади: Шубҳасиз, Аллоҳ зарра мисқолича ҳам зулм қилмас» (Нисо: 40). Аллоҳ таоло айтади: «Парвардигорингиз бандаларига зулм қилувчи эмасдир» (Фуссилат: 46). Аллоҳ таоло айтади: «Ҳолбуки, Аллоҳ ўз бандаларига зулм қилишни истамас» (Ғофир: 31). Имом Муслим Абу Зар ал-Ғифорий розияллоҳу анҳудан ривоят қилган ҳадиси қудсийда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам Парвардигорларидан ҳикоя қилиб айтганлар: «Аллоҳ таоло деди: Эй бандаларим, Мен зулмни Ўзимга ҳаром қилдим. Уни сизларнинг ўртангизда ҳам ҳаром этдим. Бас, бир-бирларингизга зулм қилмангиз» (Муслим: №2577, Термизий: №2497). Аллоҳ жалла ва ало одилдир, олийжанобдир, карамлидир, меҳрибондир, халқларидан биронтасига ҳам зулм қилмайди, бандаларидан бирон кишига ҳам зулм қилмайди. Шунинг учун Аллоҳ жалла ва ало қиёмат куни бандаларини қуйидаги қоидалар асосида ҳисоб-китоб қилади: Биринчи қоида: Ҳеч қандай зулм аралашмаган тўла адолат.Аллоҳ таоло айтади: «Биз қиёмат куни учун адолатли тарозилар қўюрмиз, бас, бирон жонга заррача зулм қилинмас. Агар хардал (ўсимлигининг) уруғидек (яхши ёки ёмон амал қилинган) бўлса, ўшани-да келтирурмиз! Биз Ўзимиз етарли ҳисоб-китоб қилувчидирмиз» (Анбиё: 47). Шуни яхши билингки, охиратда сиз бу дунёда бўладиган маҳкамаларга ўхшаган маҳкамага тортилмайсиз. Бу дунё маҳкамаларида судлашувчилар ёлғонлар ва сохта гувоҳлар ёрдамида ҳукмни ўз фойдаларига чиқариб олишлари мумкин. Бироқ, билингки, қиёмат кунида сизнинг маҳкамангизни Аллоҳ таолонинг шахсан Ўзи олиб боради. У шундай зотки: «Кўзларнинг хиёнатини (яъни қараш ҳаром қилинган нарсага ўғринча кўз ташлашни) ҳам, диллар яширадиган нарсаларни ҳам билур. Аллоҳ ҳақ (ҳукм) билан ҳукм қилур. Улар (Аллоҳни), қўйиб дуо-илтижо қилаётган бутлари эса бирон нарсага ҳукм чиқара олмаслар. Албатта Аллоҳнинг Ўзигина эшитувчи ва кўриб турувчи зотдир» (Ғофир: 19-20). Аллоҳ таоло айтади: «47. Биз тоғларни (булутлар янглиғ) юргизадиган ва сиз (барчангиз) Ерни очиқ-яланғоч (тоғ-тошларсиз, боғ-роғларсиз) кўрадиган Кунни (яъни, Қиёматни эслангиз)! (У Кунда) Биз улардан биронтасини қўймай йиғдик. 48. Улар саф тортган ҳолларида Парвардигорингизга рўбарў қилиндилар (ва Биз уларга айтдик): «Мана, сизларни аввал-бошда қандай яратган бўлсак, шундай ҳолда (яъни, мол-дунё, бола-чақаларингизни тарк қилиб, яланғоч ҳолингизда) ҳузуримизга келдингиз. Балки Бизни, сизларга ваъда қилинган Кунни (яъни, Қиёматни пайдо) қила олмас, деб ўйлагандирсизлар?!» 49. (Сўнг ҳар бир кишининг) номаи аъмоли ўртага қўйилур. Бас, гуноҳкорларнинг унда (битилган) нарсалардан даҳшатга тушиб: «Бизларга ҳалокат бўлғай, бу қандоқ китобки, на кичик ва на катта (гуноҳни) қолдирмай, барчасини ҳисоблаб-битиб қўйибди», дейишларини кўрурсиз. Улар қилиб ўтган барча амалларини ҳозиру нозир ҳолда топурлар. Парвардигорингиз ҳеч кимга зулм қилмас» (Каҳф: 47-49). Аллоҳ таоло айтади: «Бас, ким (ҳаёти-дунёдалик пайтида) зарра мисқоличалик яхшилик қилса (Қиёмат Кунида) ўшани кўрур. Ким зарра мисқоличалик ёмонлик қилса уни ҳам кўрур!» (Залзала: 7-8). Хуллас, одамзотнинг барча амали Аллоҳ жалла ва алонинг ҳузуридаги китобга ёзиб, сақлаб қўйилгандир, Раббим асло адашмайди ва унутмайди. Шуни яхши билингки, инсон унутиб юборади, бироқ Аллоҳ таоло унутмайди!
Ғўрлик даврингда ўтган
Ишларингни қўй энди, Гуноҳларингни эслаб, Кўзингдан ёш қуй энди. Гарчи сен эдинг ғофил, Икки фаришта огоҳ, Сен маъсиятга машғул, Улар ёзишга, эвоҳ! Бу жон сенга берилган Омонатдир билсанг гар. Эгасига у бир кун Албатта қайтарилар. Сен алданиб, ортидан Елиб-югурган дунё Ҳовлидир бир ўткинчи, Алдамчи мисли рўё. Билки, кечаю кундуз Олганинг ҳар бир нафас Ҳисоблидир барчаси, Кетмагай беиз, абас. Ҳа, Аллоҳ таоло айтганидек: «Шубҳасиз, Аллоҳ зарра мисқолича ҳам зулм қилмас» (Нисо: 40). Иккинчи қоида: Биров бировнинг юкини (яъни гуноҳини) кўтармас.Аллоҳ таоло айтади: «13. Биз ҳар бир инсоннинг амалини бўйнига илиб қўйгандирмиз (яъни, унинг қилган ҳар бир амали икки дунёда унга ажралмас ҳамроҳ бўлур). Биз Қиёмат куни унга очиқ ҳолда рўбарў бўладиган бир китобни (яъни, номаи аъмолини) чиқариб кўрсатурмиз. 14. (Ва унга дейилур:) «Номаи аъмолингни ўқи! Бугун ўз нафсинг ўзингга қарши етарли ҳисобчидир». 15. Ким ҳидоят йўлига юрса, бас, ўзи учун юрар. Ким (ҳидоят) йўлидан озса, у ҳам ўз зиёнига озур. Ҳеч бир кўтарувчи (яъни, гуноҳкор жон) ўзга жоннинг юкини (яъни, гуноҳини) кўтармас. Биз то бирон пайғамбар юбормагунча (у орқали Ўзимизнинг амру фармонларимизни юбориб, унга итоат қилишдан бош тортмагунларича, бирон кимсани) азобловчи эмасмиз» (Исро: 13-15). Аллоҳ таоло айтади: «36-37. Ёки унга Мусонинг ва (аҳдига) вафодор зот бўлган Иброҳимнинг саҳифаларидаги сўзлар хабари берилмаганмиди?! — 38.— Ҳеч бир кўтарувчи (яъни гуноҳкор жон) ўзга жоннинг юкини (яъни гуноҳини) кўтармас. 39. Инсон учун фақат ўзи қилган ҳаракатигина бўлур (яъни унга ўзининг ҳаракати билан қилган яхши амалларининг савоби ҳосил бўлур). 40. Унинг қилган саъй-ҳаракати эса яқинда (Қиёмат Кунида) кўринур. 41. Сўнгра у (ўша саъй-ҳаракати учун) тўла-тўкис жазо-мукофот олур» (Ан-нажм: 36-41). Ҳеч бир киши бошқа бировнинг гуноҳини кўтармайди. Балки, қиёмат куни фарзанд отасининг олдидан ўтади, шунда отаси унга: «Эй болам! Мен сенинг отангман, мен сенга жуда яхши оталик қилган эдим, энди бугун ҳасанот (савоблар)ингдан бирозгина бергин», деса, бола отасига ҳам, онасига ҳам: «Ўзим савобга муҳтожман!», деб жавоб беради. Тўғрида, ахир... У куни ҳатто пайғамбарлар ҳам: «Жоним, жоним», яъни жонимни қутқаришга муҳтожман, деб қолади! Учинчи қоида: Аллоҳ бандаларига узр қолдирмаслиги.Шубҳасиз, Аллоҳ субҳанаҳу ва таоло Одам алайҳиссаломдан тортиб қиёматгача яшаб ўтган ҳар бир инсоннинг қилган барча амалини билади. Шундай бўлса-да, У ҳузурида бирон кишининг бирон узри қолиб кетмаслиги учун Ўзининг буюк адолати, фазли ва марҳаматидан келиб чиқиб, қиёмат куни бандаларига ўзларининг амалларини бирма-бир кўрсатади. Аллоҳ таоло айтади: «Ҳар бир жон ўз қилган яхши амалларини ҳозиру нозир ҳолда кўрадиган, ёмон амалларининг эса олис-олисларда қолиб кетишини истайдиган КУНни (эсланглар)! Аллоҳ сизларни Ўзининг (азобидан) огоҳ қилур. Аллоҳ бандаларига меҳрибондир» (Оли Имрон: 30). Аллоҳ таоло айтади: «(Ана ўша Кунда ҳар бир) жон ўзи (мана шу Кун учун) ҳозирлаб келган нарсани (яъни барча яхши-ёмон амалларини) билур!» (Таквир: 14). «(Ана ўша Кунда ҳар бир) жон ўзи (ҳаёти дунёдалик чоғида) қилиб ўтган ва (ўзидан кейин) қолдирган (барча) нарсаларни (яъни яхши-ёмон амалларини) билур!» (Инфитор: 5). Тўртинчи қоида: Қиёмат куни бандаларга гувоҳлар келтирилиши.Қиёмат куни бандаларга қарши энг катта гувоҳ – ошкору махфий ҳамма нарсани билувчи, бўлиб ўтган ва энди бўладиган нарсалардан ҳам хабардор Буюк Подшоҳнинг Ўзи бўлади. Аллоҳ таоло айтади: «Албатта Аллоҳ ҳамма нарсага гувоҳ бўлган зотдир» (Нисо: 33). Кейин пайғамбарлар келиб, барча умматларга (Аллоҳнинг аҳкомлари етказилганига) гувоҳлик берадилар. Ҳар бир пайғамбар ўз умматига гувоҳ бўлади. Кейин Пайғамбаримиз Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг умматлари келиб, ўтган барча умматлар устидан гувоҳлик берадилар. Охирида эса аввалгилару охиргиларнинг энг яхшиси бўлган зот барча-барча устидан гувоҳлик берадилар. Аллоҳу акбар!! Аллоҳу акбар!! Аллоҳ таоло айтади: «Шунингдек (яъни ҳақ йўлга ҳидоят қилганимиз каби), сизларни бошқа одамлар устида гувоҳ бўлишингиз ва пайғамбар сизларнинг устингизда гувоҳ бўлиши учун ўрта (адолатли) бир миллат қилдик» (Бақара: 143). Аллоҳ таоло Ўз Расулига хитобан айтади: «(Эй Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва саллам), биз ҳар бир умматдан (ўша умматнинг пайғамбарини) гувоҳ келтирганимизда ва Сизни ана уларга қарши гувоҳ қилганимизда уларнинг ҳоли не кечур?!» (Нисо: 41). «Саҳиҳул Бухорий»да Абу Саид ал-Худрий розияллоҳу анҳудан ривоят қилинган ҳадисда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтганлар: «Қиёмат куни Нуҳни чақирилади. «Эй Нуҳ!», дейилади унга. У: «Лаббай, амрингга ҳозирман, эй Парвардигор», дейди. Шунда Аллоҳ: «Қавмингга (Менинг рисолатимни) етказдингми?», деб сўрайди. У: «Ҳа, эй Роббим», деб жавоб беради. Шундан сўнг унинг умматини чақирилиб: «Нуҳ сизларга етказганми?», деб сўралади. Улар: «Йўқ, бизга ҳеч қандай огоҳлантирувчи (пайғамбар) келган эмас», дейишади. «Сенга ким гувоҳ бўлади, эй Нуҳ?», деб сўрайди Аллоҳ таоло. «Муҳаммад ва у кишининг умматлари», деб жавоб беради Нуҳ. Шундан сўнг сизлар чақириласиз ва унга гувоҳлик берасизлар, сўнгра мен сизлар устингизда гувоҳлик бераман. Бу Аллоҳ таолонинг: «Шунингдек (яъни ҳақ йўлга ҳидоят қилганимиз каби), сизларни бошқа одамлар устида гувоҳ бўлишингиз ва пайғамбар сизларнинг устингизда гувоҳ бўлиши учун ўрта (адолатли) бир миллат қилдик» (Бақара: 143), деган ояти маъносидир». (Бухорий: №4487, Термизий: №2965). Сўнгра малоикалар гувоҳлик берадилар. Аллоҳ таоло айтади: «Ва ҳар бир жон ўзи билан бирга (уни маҳшаргоҳга) ҳайдовчи (бир фаришта) ва (унинг қилиб ўтган амалларига) гувоҳлик берувчи (бир фаришта) бўлган ҳолда келди» (Қоф: 21). Шундан сўнг Ер унинг юзида қилинган яхши ва ёмон амалларга гувоҳлик беради. Имом Термизий Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилган саҳиҳ ҳадисда айтилишича, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам бир куни Аллоҳ таолонинг: «Ана ўша Кунда Ер Парвардигорингиз унга ваҳий қил(иб, сўзлашга буюр)гани сабабли ўз хабарларини сўзлар!» (Залзала: 4) оятини ўқидилар ва: «Биласизларми, унинг хабарлари нима?», дедилар. (Саҳобалар:) «Аллоҳ ва Расули билувчироқ», деб жавоб бердилар. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: «Унинг хабарлари шуки, Ер ҳар бир эркак ва аёл банда унинг юзида нима қилганига гувоҳлик бериб: «Эй Раббим, у фалон-фалон куни фалон-фалон ишни қилган», дейди. Шу унинг хабарларидир», дедилар (Саҳиҳ, Термизий: №3350). Шунда лаим (пасткаш) банда Улуғ Парвардигори билан тортишиб: «Эй Раббим, мен бу гувоҳликларни ҳам, бу гувоҳларни ҳам ҳаммасини рад этаман, мен ўз нафсимдан бошқанинг гувоҳлигини қабул қилмайман», дейди. Имом Муслим Анас розияллоҳу анҳудан ривоят қилган саҳиҳ ҳадисда айтилади: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг ҳузурларида эдик, у зот кулдилар, сўнг: «Нега кулганимни биласизларми?», деб сўрадилар. Биз: «Аллоҳ ва Расули билувчироқ», деб жавоб бердик. Шунда дедилар: «Банданинг Рабби билан сўзлашувидан (кулдим). У: «Эй Раббим, менга зулмдан паноҳ бермаганмисан, ахир?!», дейди. (Рабби) айтади: «Ҳа, шундай». Шунда у: «Мен ўзимга қарши ўзимдан бошқа гувоҳ (келтирилиши)га ижозат бермайман», дейди. (Рабби:) «Бугун сенга қарши ўзингнинг гувоҳлигинг ва Киромун Котибийн (яъни амалларни ёзиб турувчи улуғ фаришталар) гувоҳлиги етарлидир», дейди. Сўнг унинг оғзи муҳрланади ва аъзоларига: «Гапир!», дейилади. (Аъзолари унинг қилган) амалларини айтиб беришади. Сўнгра унга гапиришга имкон берилади. Шунда у (аъзоларига): «Қуриб кетгурлар, йўқ бўлиб кетгурлар! Мен сизларни ҳимоя қилаётган эдим-ку», дейди» (Муслим: №2969). Аллоҳ таоло деди: «Бу кун Биз уларнинг оғизларини муҳрлаб қўюрмиз. Ва Бизга уларнинг қилиб ўтган ишлари ҳақида — уларнинг қўллари сўзлар ва оёқлари гувоҳлик берур» (Ясин: 65). Аллоҳ таоло деди: «19. Аллоҳнинг душманлари дўзахга (ҳайдалиш учун) тўпланиб, тизилиб турадиган Кунни (эсланг). 20. Энди қачонки улар (дўзахга) келишгач, (ҳаёти дунёда қилиб ўтган куфру исёнлари ҳақида сўралади, лекин улар ўз қилмишларидан тонишга уринадилар. Шунда) уларнинг қулоқлари, кўзлари ва терилари улар қилиб ўтган нарсалари ҳақида ўзларига қарши гувоҳлик беради. 21. Улар териларига: «Нима учун бизга қарши гувоҳлик бердинглар?»— дейишганида, (терилари): «Бизларни барча нарсани сўзлатган зот Аллоҳ сўзлатди. Сизларни дастлаб У яратган ва сизлар яна Унинг Ўзигагина қайтарилурсизлар», дедилар. 22. Сизлар (ҳаёти дунёда гуноҳ ишларни қилганларингда шарманда бўлишдан қўрқиб, одамлардан яширинар эдинглар-у, аммо) қулоқларингиз, кўзларингиз ва териларингиз ўзларингизга қарши гувоҳлик беришидан (сақланиш учун улардан) яширинувчи эмас эдинглар, (чунки сизлар Қиёмат Кунида аъзойи баданларингизга ҳам забон берилишини билмасдинглар). Лекин сизлар Аллоҳ қилаётган амалларингиздан кўпини (яъни одамлардан яширинча қилган гуноҳларингизни) билмайди, деб ўйладинглар. 23. Ва Парвардигорларингиз ҳақида ўйлаган мана шу гумонларингиз сизларни ҳалок қилди (яъни дўзахга тушишларингизга сабаб бўлди). Бас сизлар зиёнкор кимсаларга айланиб қолдинглар. 24. Энди агар улар (азобга) чидасалар, ана ўша дўзах жойларидир (яъни азоб-уқубатни тортаверадилар), агар ортга қайтишни талаб қилсалар, энди улар қайтарилувчи эмаслар» (Фуссилат: 19-24). Бешинчи қоида: Иймон аҳлига ҳасанотлари (савоблари) бир неча баробар кўпайтирилиши.Тавҳид ва иймон аҳлига ҳасанотлари бир неча баробар қилиб кўпайтириб берилиши - «Бу (яъни ваъда қилинган мағфират ва жаннат) Аллоҳнинг фазлу марҳамати бўлиб, уни Ўзи хоҳлаган кишиларга ато этур. Аллоҳ улуғ фазлу марҳамат соҳибидир» (Ҳадид: 21). Аллоҳ субҳанаҳу ва таоло бир яхшиликни ўн баробарга кўпайтиради. Аллоҳ таоло айтади: «Ким бирон чиройли амал қилса, унга ўн баробар қилиб (қайтарилур). Ким бирон ёмон иш қилса, фақат ўшанинг баробарида жазоланур ва уларга зулм қилинмас» (Анъом: 160). Имом Аҳмад «Муснад»ида, Ҳоким «Мустадрак»ида Абу Зар розияллоҳу анҳудан ривоят қилган, шайх Албоний ҳасан санаган ҳадисда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтганлар: «Аллоҳ таоло ҳадис қудсийда деди: Ҳасана (яхшилик) ўн баробарича ёки ундан ҳам зиёда қиламан, саййиа (ёмонлик) эса бир баробарича ёки кечириб юбораман». (Аҳмад: №21212, Муслим: №2687, Ибн Можа: №3821). Имом Термизий Ибн Масъуд розияллоҳу анҳудан ривоят қилган, шайх Албоний саҳиҳ санаган ҳадисда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтганлар: «Ким Аллоҳ китобидан бир ҳарф ўқиса, унга битта яхшилик-ҳасанот ёзилади. Ҳасанот(га) ўн баробар зиёдаси билан (ажр-мукофот берилади). Мен «Алиф, лам, мим» битта ҳарф деб айтаётганим йўқ. Балки, "алиф" бир ҳарф, "лом" бир ҳарф ва "мим" бир ҳарфдир» (Термизий: №2912, Саҳиҳул-жомиъ: №6469). Айрим ҳолларда Аллоҳ таоло бир ҳасанага етти юз баробар ва ундан ҳам ортиқроқ ажру савоб ҳам беради. Аллоҳ таоло айтади: «Аллоҳ йўлида молларини инфоқ-эҳсон қиладиган кишиларнинг мисоли худди ҳар бир бошоғида юзтадан дони бўлган еттита бошоқни ундириб чиқарган бир дона донга ўхшайди. (Яъни, қилинган бир яхшилик етти юз баробар бўлиб қайтишига ишора қилинмоқда.) Аллоҳ истаган кишиларига бир неча баробар қилиб беради. Аллоҳ (фазлу карами) кенг, билувчидир» (Бақара: 261). Баъзи ишлар борки, уларнинг савобини Аллоҳдан бошқа ҳеч ким билмайди. «Саҳиҳайн»да келтирилган ҳадис қудсийда Аллоҳ таоло айтади: «Одам фарзандининг ҳар бир амали ўзи учун, фақат рўза (мустасно), у мен учундир ва унинг мукофотини Ўзим бераман» (Бухорий: №1894, Муслим: №1151). Энди фазлу карами кенг, саховатли Зотнинг сабрга берадиган мукофотини ўзингиз тасаввур қилаверинг. Аллоҳ таоло айтади: «Ҳеч шак-шубҳа йўқки, сабр-тоқат қилувчиларга ажр-мукофотлари ҳисоб-китобсиз тўла-тўкис қилиб берилур» (Зумар: 10). Олтинчи ва сўнгги қоида: Ёмонликларни яхшиликларга алмаштириш.Албатта, Аллоҳ таборака ва таоло Ўзининг фазлу карами билан мўминларнинг ёмонликларини (гуноҳларини) яхшиликларга (савобларга) алмаштириб беради. Аллоҳ таоло айтади: «68. Улар Аллоҳ билан бирга бошқа бирон илоҳга илтижо қилмаслар ва Аллоҳ (ўлдиришни ҳаром қилган) бирон жонни ноҳақ ўлдирмаслар ҳамда зино қилмаслар. Ким мана шу (гуноҳлардан биронтасини) қилса уқубатга дучор бўлур. 69. Қиёмат кунида унинг учун азоб бир неча баробар қилинур ва у жойда хорланган ҳолида мангу қолур. 70. Магар ким тавба қилса ва иймон келтириб яхши амаллар қилса, бас Аллоҳ ана ўшаларнинг ёмонлик-гуноҳларини яхшилик-савобларга айлантириб қўюр. Аллоҳ мағфиратли, меҳрибон бўлган зотдир» (Фурқон: 68-70). Имом Муслим Абу Зар розияллоҳу анҳудан ривоят қилган саҳиҳ ҳадисда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтадилар: «Мен, шубҳасиз, жаннатга охирги бўлиб кирувчи ва дўзахдан охири чиқувчи кишини биламан. Бир кишини қиёмат куни олиб келинади ва : «Унга кичик гуноҳларини рўбарў қилинглар, катта гуноҳларини ундан кўтаринглар!», дейилади. Шунда унга кичик гуноҳларини рўбарў қилиниб: «Фалон куни фалон-фалон (гуноҳ)ни қилгансан, фалон куни фалон-фалон (гуноҳ)ни қилгансан», дейилади. У: «Ҳа, (тўғри)», дейди, инкор қила олмайди. Ваҳоланки, катта гуноҳлари рўбарў қилинишидан қўрқиб туради». Мана шундай оғир қўрқинч ичида турганида унга айтилади: «Албатта, сенга ҳар бир ёмонлик (гуноҳ) ўрнига бир яхшилик (алмаштириб берилади)». Шунда банда айтади: «Эй Раббим! Мен ўзим қилган баъзи ишларни (гуноҳларни) бу ерда кўрмаяпман». Абу Зар айтдилар: «Шундай деб Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам кулдилар, ҳатто озиқ тишлари кўриниб кетди» (Муслим: №190, Термизий: №2599). Бу Аллоҳ жалла ва алонинг мўмин бандаларига бўлган фазлу марҳаматидир. Юқорида айтиб ўтилган қоидалар Аллоҳ таоло қиёмат куни бандани улар асосида ҳисоб қиладиган қоидалардир. Иккинчи: Аллоҳга рўбарў бўлиш ва номаи аъмолни қабул қилиб олишАллоҳ таоло Ўзининг улуғ Қуръонида айтади: «21. Ва ҳар бир жон ўзи билан бирга (уни маҳшаргоҳга) ҳайдовчи (бир фаришта) ва (унинг қилиб ўтган амалларига) гувоҳлик берувчи (бир фаришта) бўлган ҳолда келди. 22. (Эй инсон), аниқки, сен бу (оғир Кун)дан ғафлатда эдинг. Бас, Биз сендан пардангни (яъни мана бу Қиёмат Куни ҳақидаги шак-шубҳаларингни) очиб юбордик. Энди бу Кун сенинг кўзинг жуда ўткирдир. 23. Унинг (кофирнинг) яқини-ҳамроҳи (бўлган, унинг қилиб ўтган гуноҳларини ёзиб-гувоҳлик берувчи фаришта) деди: «Мана бу (номаи аъмол) менинг ҳузуримда ҳозиру нозир бўлган нарсадир». 24-25. (Шундан кейин дўзах ходимларидан икки фариштага айтилур): «Барча (Ҳаққа қаршилик қилувчи) қайсар, яхшиликни ман қилувчи, зўравон ва (Аллоҳнинг динига шак келтирувчи) кофир-кўрнамакни жаҳаннамга ташланглар! 26. (Қай) бир кимса Аллоҳ билан бирга бошқа бир «илоҳ» қилиб олган бўлса (яъни ёлғиз Аллоҳга бирон нарса ё кимсани шерик қилиб олган бўлса), бас, уни қаттиқ азобга ташланглар!» 27. Унинг яқини (бўлган шайтон): «Парвардигоро, уни мен туғёнга солганим йўқ, лекин унинг ўзи (ҳақ йўлдан) йироқ-залолатда бўлди», деди. 28. (Аллоҳ кофир ва унинг шайтонига) айтди: «Менинг даргоҳимда талашиб-тортишманглар, аниқки, Мен илгари сизларга (кофир бўлганларингиз сабабли охиратда азобга гирифтор бўлишларингиз тўғрисида) ваъда қилганман. 29. Менинг даргоҳимда (ваъда қилинган) сўз ўзгартирилмас ва Мен бандаларга зулм қилувчи ҳам эмасдирман» (Қоф: 21-29). «Саҳиҳайн»да Оиша розияллоҳу анҳодан ривоят қилинади: Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам дедилар: «Ким (Аллоҳ ҳузурида) ҳисобга тортилса, у азобга дучор бўлади». Мен дедим: «Аллоҳ таоло: «Бас, у осон ҳисоб билан ҳисоб-китоб қилинажак» (Иншиқоқ: 8), демаганми?!» У зот дедилар: «У бир арз (амалларга иқрор қилдириш) холос. Ким тўла-тўкис ҳисоб қилинса, албатта ҳалок бўлади» (Бухорий: №103, Муслим: №2876). «Саҳиҳайн»да Адий ибн Ҳотим розияллоҳу анҳу ривоят қилган ҳадисда у зот айтадилар: «Сизлардан ҳар бирингиз билан Парвардигори қиёмат кунида ўртада таржимон бўлмаган ҳолда гаплашади. У (банда) ўнг томонига қараб, фақат ўзи қилиб ўтган ишларни кўради, чап томонига қараб ҳам фақат ўзи қилиб ўтган ишларни кўради, олди томонига қараб, рўпарасида дўзахдан бошқа нарсани кўрмайди. Бас, шундай экан, яримта хурмо (ни садақа қилиш) билан бўлса-да дўзахдан сақланингиз!» (Бухорий (№7512), Муслим (№1016) ривоятлари). Малоикалар нидо қилади: «Фалончининг ўғли фалончи қаерда?!». Ким?!.. Ахир бу менинг исмим-ку!.. Ҳа, бу менман! Чорланаётган киши сиз эканингиз аниқ бўлгач, чақириқ юрагингизни тешиб юборгандек бўлади.. Рангингиз сарғайиб кетади.. Юрагингиз қинидан чиқиб, бўғзингизга қадалиб қолади.. Сизга вакил қилинган фаришталар сизни халойиқлар ичидан етаклаб олиб кетадилар. Ҳамманинг кўзи сизга тикилган.. Сиз одамлар оралаб, Аллоҳ таоло ҳузурида туриш ва ҳисоб-китобга тортилиш учун кетиб борасиз. Эй Аллоҳнинг бандаси! Аллоҳ ҳаққи, мана шу ҳолатда туришингизни бир тасаввур қилиб кўринг.. Маҳшаргоҳ узра малоикалар сафлари орасидан ўтасиз.. Инсу-жин сафлари оралаб ўтасиз.. Ва ўзингизни Аллоҳ жалла жалолуҳ ҳузурида, У зотнинг ҳисобига тортилиш ва амалларингиз саҳифасини қабул қилиш учун турганингизни кўрасиз!! Ушбу саҳифада сиз ҳамманинг кўзидан яшириб қилган тирноқча амалингиз-да қолдирилмай битилган бўлади!! Эсингиздан чиқиб кетган қанча-қанча маъсиятларингизни Аллоҳ таоло эслатиб қўяди!! Қанча-қанча яшириб ўтган гуноҳларингизни Аллоҳ таоло очиб юборади!! Дунёдалик пайтингизда Парвардигорингиз тоатида сустлик қилганингизга қаттиқ ҳасрат-надоматлар қиласиз у пайт!! Агар банда дунё-ю охиратда Аллоҳнинг розилигини топган саодат аҳлидан бўлса – эй Аллоҳим, бизларни ҳам Ўз фазлу караминг ила ўшандай кишилардан қилгайсан я арҳамар-роҳимийн – Аллоҳ унга китобини ўнг томонидан беради, унга китобининг зоҳирини ҳасанот (яхшилик-савоблар), ботинини эса саййиот (гуноҳлар) қилиб кўрсатади. Сўнг унга китобини ўқишни буюради. Банда ўқишни бошлайди ва китобининг бошки саҳифаларига битилган ўз гуноҳларини ўқиб, ранги сарғайиб, юзи ўзгариб, баданини титроқ босади. Ўзининг барча гуноҳларини ўқиб тугатгач, охирида «Бу сенинг гуноҳларинг эди, Мен уларни кечирдим» деб ёзилганини кўради. Қувончдан юзи ёришиб кетади, ортидан энди ҳеч қачон бахтсизликка юз тутмайдиган олий бахт оғушига кўмилади. Кейин китобини ўқишда давом этиб, савоблар саҳифаларини ўқий бошлайди. Қувончдан юзи порлаб, севинчига севинч қўшилади. Сўнг Буюк Подшоҳ жалла жалолуҳ унга хитоб қилади: «Бор, яқинларинг ва тавҳиду иймон аҳли бўлган дўст-ёрларинг ёнига бор, уларга ҳам худди ўзингга берилганидек шодлик хабарини бер!!». Шундан сўнг у номаи аъмолини қўлида тутганича, шодликдан юз-кўзи порлаб, бутун вужудидан нур ёғилиб, ёр-дўстлари ёнига келади. Ёр-дўстлари уни таний олмайдилар. «Мени танимаяпсизларми?!», дейди у уларга. «Сен кимсан, бутун вужудингни Аллоҳнинг каромати чулғаб олибди?!», дейишади улар. «Мен фалончининг ўғли фалончиман, мана, кўринглар менинг номаи аъмолимни!!. Китобимни ўқинглар!! Мана у, қўлимда!! Менинг шодлигимга ва бахтимга шерик бўлинглар!! Ўқинглар!! Мана бу менинг тавҳидим, буниси намозим, буниси закотим, буниси садақаларим, буниси ҳажжим, буниси тунги намозларим, буниси эҳсонларим, буниси ота-онамга қилган яхшиликларим, буниси аҳли-аёлим ва қўни-қўшниларимга қилган яхшиликларим, буниси маъруфга буюрганларим, буниси мункардан қайтарганларим, буниси ғийбат ва чақимчиликдан узоқ бўлганим, буниси бандаларга зулм қилишдан тийилганим... «Бас, энди ўз китоби — номаи аъмоли ўнг қўлидан берилган кишига келсак, у: «Мана менинг китобимни ўқинглар. Дарҳақиқат мен ҳисоб-китобимга (яъни охиратдаги ажр-мукофотга) рўбарў бўлишимни билган эдим», дер. Сўнг у розилик ҳаётида, мевалари (аҳли жаннат учун) яқин бўлган юксак жаннатда бўлур. (Жаннат аҳлига) «Ўтган кунларда (яъни ҳаёти дунёда) қилиб ўтган (эзгу) амалларингиз сабабли (ушбу ноз-неъматларни) пок билиб еб-ичаверинглар», (дейилур)» (Ал-Ҳааққо: 19-24). Аммо, банда агар дунё-ю охиратда Аллоҳнинг ғазабига дучор бўлган бадбахт кимсалардан бўлса – Аллоҳ сизу бизни шундайлардан бўлиб қолишдан сақласин – уни «Фалончининг ўғли фалончи қаерда?!» деб чақирилади. Субҳаналоҳ!! У учун ҳар қандай овозлар-у, ҳеч бир тил нотаниш бўлмаган, барча махлуқотнинг исм-у сифатларини адашмай таниб-биладиган Зотни поклайман!! Фалончи ўғли фалончи қаерда?!! Ким?!.. Ахир бу менинг исмим-ку!.. Ҳа, бу менман! Нима истайсиз эй Аллоҳнинг малоикалари?! Қани, юр, Аллоҳ азза ва жалла ҳузурига, ҳисоб учун!! Сафлар оралаб бориб, охири ўзини Аллоҳ таоло ҳузурида кўради. Шундан сўнг унга номаи аъмоли чап тарафидан ё орқа тарафидан берилади. Китобини ўқигач, унинг юзи қорайиб кетади. Кейин эса унга қорамойдан кийим кийдирилади. Унга: «Бор ўзингга ўхшаганлар ёнига!! Уларга ҳам худди сенга берилган нарсанинг хабарини бер!!», дейилади. Шундан сўнг у маҳшаргоҳ узра қаро юз билан, вужудини хорлик ва шармандалик ўраб олган ҳолда, номаи аъмоли чап қўлида, кетиб боради. Дўстлари ва яқинлари ёнига келиб: «Мени танимаяпсизларми?!», дейди. Улар: «Йўқ, сен кимсан?! Бутун вужудингни хорлик ва шармисорлик ўраб олганини кўрмоқдамиз?!», дейишади. «Мен фалончиман. Мана бу қўлимдаги номаи аъмолим, ҳар бирингизни худди шундоқ оқибат кутмоқда», дейди у. Дарҳақиқат, энди у ҳеч қачон саодатга эришолмайдиган ҳақиқий бадбахт кимса бўлди!! Бор овози билан дод-фарёд қилади: «25. Энди ўз китоби чап қўлидан берилган кимсага келсак, бас, у дер: «Эҳ, қанийди, менга китобим берилмаса эди! 26. Ва мен ҳисоб-китобим (яъни оладиган жазойим) нима эканлигини билмасам эди! 27. Эҳ, қанийди, ўша (биринчи ўлим барча нарсани) тугатувчи-узувчи бўлса (ва Қиёматдаги мана бу қайта тирилиш бўлмаса) эди! 28. Менга (не машаққатлар билан топган) мол-дунёйим асқотмади-я! 29. Мулку салтанатим ҳам ҳалок бўлиб кетди-я!» 30. (Бас, Аллоҳ жаҳаннам қўриқчиларига дер): «Уни ушлаб, кишанланглар! 31. Сўнгра дўзахга ташланглар! 32. Сўнгра узунлиги етмиш газ бўлган занжирга солиб боғланглар!» 33. Чунки у (ҳаёти дунёдалик пайтида) Улуғ Аллоҳга иймон келтирмас эди. 34. Ва мискин-бечорага таом беришга (ўзини ҳам, ўзгаларни ҳам) тарғиб қилмас эди. 35. Бас, Бугун, бу ерда унинг учун бирон дўст-мададкор йўқдир! 36. Ва бирон таом ҳам йўқдир! Фақат йирингдан бўлган (бир «таом» борки), 37. Уни фақат (йўлдан) адашган (кофир)ларгина ерлар!» (Ал-ҳааққо: 25-37). Мана бу сўзларни айтган шоирни Аллоҳ раҳматига олсин:
Тасаввур қил, ҳисоб кун маҳшаргоҳ ичра,
Туришингни даҳшатдан вужудинг титраб.. Жаҳаннам ғазабла ўкирар, ўрлар, Гуноҳкор бандани бағрига чорлар. Арш соҳиби қаҳру ғазаб ила дер: «Эй банда, номангни ўқи бирма-бир! Кўргинчи, бормикан унда лоақал, Сен қилиб ўтмаган биргина амал?!» Номанг ўқиб, бўлганингда барига иқрор, Дўзах посбонларига амр этур Жаббор: «Эй фаришталарим, ушлангиз уни, Дўзахнинг қаърига ташлангиз уни!». Мушриклар эртага дўзахда ёнарлар, Мўминлар абадий жаннатда қоларлар. Иккинчи хутбаБарча ҳамду санолар Аллоҳга хосдир. Мен ягона, шериксиз Аллоҳдан ўзга ҳақ илоҳ йўқ ва Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва саллам Унинг бандаси ва элчисидирлар, у зот омонатни адо этганлар, рисолатни етказганлар, умматга холис насиҳат қилганлар, Аллоҳ таоло у зот сабабли зулматларни ёритган, у зот Аллоҳ йўлида то ўлим келгунича ҳақиқий жиҳод қилганлар деб гувоҳлик бераман. Аллоҳим, Ўзинг у зотни энг яхши мукофотлар билан мукофотлагин. Аллоҳим, Ўзинг у зотга, аҳли ва асҳобига, то қиёмат у зотни севган ва йўлларига йўлланиб, суннатларини тутган ҳар бир кишига кўпдан-кўп саловоту саломлар йўллагин. Аммо баъд... Учинчи: Ҳисоб қилинмасдан туриб ўзингизни ҳисоб қилингБу ҳисоб кунининг менинг қосир илмимча тасаввур қилганим кичик бир кўриниши эди. Сиз юракларни ёриб юборгудек бу кўринишлар ичра қалбингиз ва бутун вужудингиз билан яшаб кўринг.. Зотан, фақат қалби тирик инсонларгина панд-насиҳат билан таъсирланади, оят ва ҳадисга ижобат қилади. Аллоҳ таоло айтади: «Албатта бунда (огоҳ) қалб эгаси бўлган ёки ўзи ҳозир бўлган ҳолда (яъни, сидқидилдан) қулоқ тутган киши учун эслатма-ибратлар бордир» (Қоф: 37). Севикли биродарим! Ҳасрат ва надомат фойда бермайдиган Кунда Улуғ Хожангиз ҳузурида ҳисобга тортилмасдан туриб бугун ўзингизни ҳисоб қилинг. Имом Аҳмад ва Термизийлар саҳиҳ санад билан ривоят қилишларича, Умар ибн Хаттоб розияллоҳу анҳу айтганлар: «Эй одамлар! Ҳисоб қилинишдан олдин ўзингизни ҳисоб қилингиз, (амаллар) тарозига қўйилишдан олдин нафсингизни тарозига қўйингиз! Чунки, (бугун) нафсингизни ҳисоб қилишингиз эртага (қиёматда) ҳисобингизни енгиллаштиради. Катта ҳисоб-китоб кунига ўзингизни ҳозирлангиз!». Нафсингизни сарҳисоб қилинг ва билингки, нафс ёмонликка буюрувчидир. Аллоҳ таоло Қуръони каримда нафсни уч хил сифат билан; хотиржам нафс, маломатчи нафс, ёмонликка буюрувчи нафс деб васф қилган. Хотиржам нафс ҳақида Аллоҳ таоло шундай дейди: «(У Кунда ҳаёти дунёдан Аллоҳ таолонинг ваъдасига ишониб иймон ва эзгу амаллар билан ўтган мўминларга хитоб қилиниб, дейилур): «Эй хотиржам-сокин жон, сен (Аллоҳ ато этган неъматлардан) рози бўлган (ва Аллоҳ таоло томонидан сенинг амалларингдан) рози бўлинган ҳолда Парвардигоринг (ҳузури)га қайт! Бас, (солиҳ) бандаларим қаторига киргин. Ва Менинг жаннатимга киргин!»» (Вал-фажр: 27-30). Хотиржам нафс Аллоҳни Парвардигор деб, Исломни дин деб, Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва салламни пайғамбар ва расул деб рози бўлган нафс-жондир. У Аллоҳнинг буйруқ ва қайтариқларига хотиржам бўлган нафсдир. У Аллоҳнинг ваъдасига хотиржам бўлган ва Унинг ваъидидан (азоб хабари билан қўрқитувидан) қўрқувчи нафсдир. У Аллоҳнинг зикри ва ибодати билан, Унга бандалик қилиш билан хотиржам бўлган нафсдир. У Парвардигори азза ва жаллага муштоқ бўлувчи нафсдир. Маломатгўй нафс ҳақида Аллоҳ таоло марҳамат қилиб ва унга қасамёд қилиб, шундай деган: «Мен Қиёмат Кунига қасам ичурман. Ва Мен маломатгўй нафсга қасам ичурманки, (ҳеч шак-шубҳасиз қайта тирилиб, ҳисоб-китоб қилинурсизлар)!» (Қиёмат: 1, 2). Маломатгўй нафс ўз эгасини яхши-ёмон ишлар устида маломат қиладиган нафсдир. У ўз эгасини яхшилик устида нега шу яхшиликни кўпроқ қилмадинг, деб маломат қилади. У ўз эгасини ёмонлик устида нега шу ёмонликка қўл урдинг, деб маломат қилади. Ҳасан раҳимаҳуллоҳ айтади: «Аллоҳга қасамки, мўминни сиз ҳар доим ва ҳар бир ҳолатида нафсини маломат қилишини кўрасиз, фожир эса нафсини умуман айбламай умр ўтказади». Мўмин киши нафсини муҳосаба қилади, уни маломат қилади. Фожир эса ўз нафсини энг олий юксакликларда ва комиллик даражаларининг энг чўққисида деб кўради. Ёмонликка буюрувчи нафс (нафси аммора) ҳақида Аллоҳ таоло шундай дейди: «Чунки нафс – агар Парвардигоримнинг Ўзи раҳм қилмаса – албатта барча ёмонликларга буюрувчидир. Дарҳақиқат, Парвардигорим мағфиратли, меҳрибондир». (Юсуф: 53). Нафси аммора ўз соҳибини мудом ёмонликка ва маъсиятга чорловчи нафсдир. У ўз соҳибини ҳидоят йўлидан чиқариб, залолат йўлига, жаннат йўлидан чиқариб, жаҳаннам йўлига, суннат йўлидан чиқариб, бидъат йўлига, ҳалол йўлдан чиқариб, ҳаром йўлга солишни истайди. Бу нафс агар соҳиби унга бепарво қараса ва муҳосаба қилиб туришга аҳамият бермаса, уни дунё-ю охиратда ҳалокат ва зиёнга етаклайди. Бу нафсни сиз агар Аллоҳнинг тоати билан машғул қилмасангиз, у сизни маъсиятга машғул қилади. Агар уни тақво тизгини ила тизгинлаб олмасангиз, у сизни ботилга машғул қилиб қўяди. Нафс бамисоли гўдак боладир, гўдакни она кўкрагидан ажратсангиз, у ажралиб кетаверади. Нафсни ҳам Аллоҳнинг маъсиятидан айирсангиз, тоат ва тақво тизгини билан тизгинлаб олсангиз, у албатта бўйсунади. Қачонки, Аллоҳ жалла ва алодан мадад сўраб, нафсни қаттиқ кузатув остига олсангиз, у билан худди хасис шериклардек ҳисоб-китоб қилиб турсангиз, шундагина у сизни дунё ва охират бахт-саодатига олиб боради. Инсоний заифлик туфайли нафсингиз тойилса – албатта, ҳеч биримиз на фаришта, на пайғамбармиз – иймонингиз ва ўз нафсингизни билишингиз сизни дарҳол тавбага ва Аллоҳга қайтишга ундайди. Ҳар қандай ҳолатда ҳам сиз Аллоҳ таолога ва пайғамбаримиз Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва салламга итоат йўлига қайтасиз. Севикли биродарим, ҳозироқ, хоҳ катта, хоҳ кичик ҳар бир ишдан олдин ва ҳар бир ишдан кейин нафсингизни сарҳисоб қилинг. Ҳар бир ишдан олдин нафсингизга савол қилинг: Нега бораман? Нима учун гапираман? Нега жим тураман? Нима учун яхши кўраман? Нима учун ёқтирмайман? Нега кираман? Нега чиқаман? Ҳар бир ишдан сўнг нафсингизни сўроққа тутинг: Шу иш Аллоҳ учун холис бўлдими? Муҳаммад Мустафо соллаллоҳу алайҳи ва саллам йўлларига мувофиқ бўлдими? Зеро, амал мақбул бўлиши учун унда иккита шарт топилиши лозим. Биринчи шарти ихлос, иккинчи шарти Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва саллам йўлларига мувофиқ бўлишидир. Шайхулислом Ибн Таймия раҳимаҳуллоҳ айтади: Аллоҳнинг дини бўлмиш Ислом икки асл-асос устига қурилган: Биринчиси: Шериксиз, ягона Аллоҳнинг Ўзига ибодат қилиш. Иккинчиси: Аллоҳ таолога Унинг ўзи пайғамбарининг тилида машруъ қилган нарсалар билан ибодат қилиш. Мана шу улкан икки асл-асос бизнинг «Бир Аллоҳдан ўзга барҳақ маъбуд йўқлигига ва Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва саллам Унинг элчиси эканига гувоҳлик берамиз» деган сўзимизнинг моҳиятидир. Мусулмон биродар! Агар охиратда ҳисобингиз енгил бўлишини истасангиз, ўз нафсингизни худди хасис шерикдек ҳисоб қилинг. Маймун ибн Меҳрон раҳимаҳуллоҳ айтганидек: «Банда ўз нафси билан худди хасис шериклардек ҳисоб-китоб қилмагунича тақво даражасига етолмайди». Қилаётган тоатингиз билан асло-асло мағрур бўлиб қолманг, илмингиз билан асло-асло мағрур бўлиб қолманг, доим қўрқув устида бўлинг. Зеро, фақат хотималар эътиборлидир. Ўз илмлари, зоҳидликлари ва парҳезкорликлари билан оламни ёритган зотлар сўзига қулоқ тутинг. Бир киши Оиша розияллоҳу анҳодан сўради: «Эй онажон, менга Аллоҳ таолонинг қуйидаги оятларини тушунтириб беринг: «Сўнгра Биз бу Китобга бандаларимиздан Ўзимиз танлаган зотларни (яъни сизнинг умматингизни) ворис қилдик. Бас уларнинг орасида ўз жонига жабр қилувчи ҳам бор, уларнинг орасида ўртача амал қилувчи ҳам бор ва уларнинг орасида Аллоҳнинг изну иродаси билан мудом яхшиликларга шошилувчи ҳам бордир» (Фотир: 32)». Оиша розияллоҳу анҳо айтдилар: «Эй болам, яхшиликларга шошилувчилар Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам билан бирга ўтган ва у зот улар ҳақларида жаннат билан хушхабар берган кишилардир. Ўртачалар эса Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг ортларидан эргашиб, уларга етиб олган саҳобалардир. Ўз жонига жабр қилувчилар эса сен билан бизга ўхшаганлардир». Воажаб.. Қаранг, Оиша розияллоҳу анҳо ўзларини сизу биз билан бир қаторга қўймоқдалар! Биз бўлсак ҳаммамиз жаннатга кирамиз деб даъво қиламиз! Жаннатга биз кирмасак, ким кираркан, деб катта гапирамиз!! Оиша розияллоҳу анҳо на ўз насл-насаблари билан, на Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламга умр йўлдоши бўлиш шарафлари билан мағрур бўлдилар. Ваҳоланки, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг оғизларидан жаннатилик башоратини эшитган эдилар! Ҳа, у зот нафснинг миқдорини ва хатарини шу қадар яхши англаган эдилар. Умматнинг Форуқи (ҳақ ва ботил ўртасини ажратувчиси) бўлган Умар розияллоҳу анҳу ўлим тўшагида ётарканлар, Ибн Аббос у кишининг шаънларида яхши мақтов сўзлар айтадилар. Шунда Умар айтадилар: «Аллоҳга қасамки, агар ер юзи тўла олтиним бўлса, Аллоҳнинг азобини кўрмай туриб, ундан шу билан қутулишга жон деб рози бўлардим. Истардимки, дунёдан на фойда, на зиён кўрган ҳолда чиқиб кетсам!». Мустафо соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг севикли кишилари бўлган, у зот қасам билан таъкидлаб: «Эй Муоз, Аллоҳга қасамки, мен сизни яхши кўраман», деган, ёшлари ҳали ўттиз учга ҳам етмаган Муоз ибн Жабал розияллоҳу анҳу Шомда тоун (ўлат)га чалиниб, ўлим тўшагида ётганларида асҳобларидан: «Тонг отдими?», деб сўрадилар. Улар: «Йўқ ҳали», дейишди. Бироздан кейин яна: «Тонг отдими?», деб сўрадилар. Улар: «Йўқ ҳали», дейишди. Бироздан кейин яна: «Тонг отдими?», деб сўрадилар. Улар: «Йўқ ҳали», дейишди. Шунда у киши: «Тонги дўзах сари юзланиш бўладиган тундан Аллоҳ паноҳ берсин», дедилар!!!. Зуҳд, тақво ва ҳадис бобида дунёнинг имомига айланган Суфён Саврий ўлим тўшагида ётганларида ҳузурларига Ҳаммод ибн Салама кириб: «Хурсанд бўлинг, эй Абу Абдуллоҳ! Сиз ўзингиз Ундан мудом умидвор бўлган, раҳмлиларнинг раҳмлироғи бўлган Зот ҳузурига йўл олмоқдасиз», деганида Суфён раҳимаҳуллоҳ йиғлаб: «Аллоҳ номини ўртага қўйиб сўрайман эй Ҳаммод, сиз менга ўхшаган одамни дўзахдан нажот топади, деб ўйлайсизми?!», дедилар!!!. Эй мусулмон! Илмингизга мағрур бўлманг, амалингизга мағрур бўлманг, мудом қўрқув устида бўлинг. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламдек ўтган-у келажак гуноҳлари кечирилган зот ҳам ана шундоқ ҳолатда бўлганлар. Ҳар бир амалдан олдин ва ҳар бир амалдан кейин ўз нафсингизни сарҳисоб қилинг. Нафсингизни ҳар қандай маъсият ва ҳар қандай қосирлик устида сарҳисоб қилинг. Халифа Сулаймон ибн Абдулмалик салаф уламоларидан Абу Ҳозим номли бир олимдан: «Эй Абу Ҳозим! Айтингчи, нега биз ўлимни ёмон кўрамиз?!», деб сўради. Шунда Абу Ҳозим шундай жавоб берди: «Чунки, сизлар дунёнгизни обод, охиратингизни эса хароб қилдингиз. Шу боис обод ўлкадан харобазорга ўтишни ёқтирмайсиз». Сулаймон ибн Абдулмалик деди: «Эй Абу Ҳозим, Аллоҳ таоло ҳузурида аҳволимиз не кечади?!». Абу Ҳозим жавоб берди: «Аллоҳнинг Китобига қараб кўринг, ўзингизни унда топасиз». «Қаерида топаман?!», сўради Сулаймон. «Шак-шубҳасиз, яхшилар жаннат неъматларидадирлар. Шак-шубҳасиз, фисқ-фужур қилувчи кимсалар дўзахдадирлар!» (Инфитор: 13-14) оятларида», жавоб берди Абу Ҳозим. Шунда Сулаймон ибн Абдулмалик: «Аллоҳнинг раҳмати қаерда қолди, эй Абу Ҳозим?!», деб хитоб қилди. «Албатта, Аллоҳнинг раҳмати муҳсинларга (эзгу амал қилувчиларга) яқиндир» (Аъроф: 56), деб жавоб берди Абу Ҳозим. «Эртага Аллоҳга рўбарў бўлишимиз қай суратда бўлади?», сўради Сулаймон ибн Абдулмалик. «Муҳсин – эзгу амал қилувчи киши худди узоқ сафардан ўз аҳли ҳузурига қайтиб келган ва аҳли уни шод-хуррамлик билан кутиб олган кишидек, мусиъ – гуноҳга ботган киши эса худди хожаси ҳузурига қайтарилган қочоқ қул каби ҳолатда бўлади», деб жавоб берди. Буюк арш соҳиби бўлган Улуғ Аллоҳдан барчамизнинг хотимамизни чиройли қилишини сўрайман. У бунга қодир Зотдир. Дуо... 2011 йил 6-октябр |