асосий менюАсосий менюМахсус бўлимларҚўшимча бўлимАмал мавсуми |
асосий қисм
Гуноҳкорлик баракотни маҳв этувчи иллат4165 марта кўрилган Бисмиллаҳир роҳманир роҳим Аллоҳ таолога ҳамду санолар, Пайғамбари ва унинг оиласи, саҳобалари ва тобиинларга – ҳаммаларига дуруду-салавотлар бўлсин! Ибнул Қаййим раҳимаҳуллоҳ айтади: Гуноҳкорлик барча нарсадаги – умрдаги, ризқдаги, илмдаги, тоат-ибодатдаги барча баракотни ўчириб юборади. Умуман олганда, дину-дунёдаги бирор баракотни қолдирмай барчасини батамом маҳв этади. Аллоҳ таолога гуноҳкор бўлган банда, динию-дунёсидаги барча баракотдан маҳрум этилган кишидир деб айтилса, хато бўлмайди. Ер юзидан баракотнинг кўтарилиб кетишининг бирдан-бир сабаби ҳам бандалар тарафидан содир этилган гуноҳлардир. Аллоҳ таоло дейди: «Агар у қишлоқларнинг (жойнинг) аҳли иймон келтириб, тақводор бўлганларида эди, албатта Биз уларга осмону Ердан баракот (дарвозаларини) очиб қўйган бўлур эдик. Лекин улар (пайғамбарларимизни) ёлғончи қилдилар, бас, уларни ўзлари қилган гуноҳлари сабабли ушладик». (Аъроф сураси: 96). Ва яна айтади: «Албатта агар (инсонлар ва жинлар Тўғри) Йўлда устивор турганларида, албатта Биз уларни имтиҳон қилиш учун мўл ёмғир билан суғорган бўлур эдик (яъни, уларга мўл-кўл ризқ ато этган бўлур эдик). Кимки Парвардигорининг Зикридан – Қуръондан юз ўгирса, У Зот уни қаттиқ азобга йўллар». (Жин сураси: 16-17). Банда гуноҳи туфайли баракотли ризқдан маҳрум қилинади. Бир ҳадиси шарифда шундай ривоят қилинган: «Руҳулқудс – Жаброил алайҳиссалом қалбимга нафҳ қилдики (яъни илҳом қилиб қалбимга солдики): Ҳар жон ўз ризқини тўла қилиб олмагунича ҳаргиз ўлмас, Аллоҳдан қўрқинглар ва талабни чиройли қилинглар (яъни ризқни талаб қилишда тўғри йўл тутинглар) зеро Аллоҳнинг ҳузуридаги нарсани унга тоат этиш билангина топилади. Аллоҳ таоло шоду-ҳуррамликни розилик ва ишончда (яъни Ўзи рози бўлиб, банда иймону-ишончда бўлганида), қайғу ва хафачиликни эса шубҳа ва ғазабда (яъни банда шубҳаю-ишончсизликда бўлиб Аллоҳ Ўзи ғазабланганида) қилди». Абу Наим ″Ҳиля″да Абу Умомадан ривоят қилди, ″Саҳиҳул Жомиуссағирда ушбу ҳадисни саҳиҳ дейилди. Имоми Аҳмад ″Зуҳд″ номли китобида қуйидаги ″асар″-"нақл"ни келтиради: «Мен Аллоҳман! Агар рози бўлсам баракот бераман, баракотим чексиздир. Агар ғазаб қилсам лаънатлайман, лаънатим эса етти пуштга етади». Банданинг ҳаёти фаровон бўлгани учун ризқи кенг, амали кўп бўлгани учун амаллари хайрли, кўп ойу-йиллар яшагани учун умри узун дейилмайди, балки, ризқида, амалида, ҳаётида баракот бўлсагина, унинг ризқи кенг, амаллари хайрли, умри узун дейилса бўлади. Банданинг умри дейилганда унинг ҳаёт кечирган муддати тушинилади, бироқ у бу муддатда Аллоҳ таолога бўйсуниб – ибодат билан яшамоғи шартдир. Агар у Аллоҳдан юз ўгириб, бошқа билан овора бўлиб, Буюк Зотни унутиб яшаса, унинг ҳаётини ҳаёт деб ҳисобланмайди, тўрт оёқлик ҳайвонларнинг ҳаёти унинг ҳаётидан яхшироқдир. Зеро инсоннинг қалби ва руҳи тирик бўлса, ўзи ҳам тирик ҳисобланади. Қалбининг тириклиги эса, ўз яратувчисини таниши, Уни яхши кўриши, Унга сидқи дилдан ибодат қилиши ҳамда Уни зикр қилиб қалби ором олиши билангина бўлади. Мана шундай яхшиликлардан маҳрум бўлган одам барча яхшиликлардан маҳрум бўлибди. Банда бу дунё матоларидан йўқотган нарсаларини қайта топишлиги мумкин. Бироқ ҳақиқий ҳаётни, яратувчиси бўлмиш Аллоҳ таолони йўқотган банда неча ойу-йиллар умр кўриб, бутун дунёга эга бўлганда ҳам, аслида у барча яхшиликлардан, ҳақиқий ҳаётдан маҳрумдир. (Таржимон томонидан илова: «Мана шу ўринда шоирнинг қуйидаги рубоъийсини эслашни муносиб кўрдим: Кўп қувонма кўрмишам деб, неча ойу-йил ҳаёт
Суд йўқдир юз мунингдек, бўлса бе ҳосил ҳаёт Кўрганинг бори абас, фармони Раҳмон тутмасанг Чунки, Шайтон ҳам, кўрар то сури Исрофил ҳаёт. Эътибор берган бўлсангиз шоир ҳам, бе самар, бемани ҳаёт ҳар қанча узоқ бўлса ҳам, аслида ҳақиқий ҳаёт эмаслигини тушинтиради») Гуноҳкорлик ризқдаги ва умрдаги баракотни ўчириб юборишининг сабаби шуки, гуноҳкор шахсларни шайтон жиловлаб олади. Улар эса, ўзларини шайтонга бутунлай топшириб кўядилар, натижада у уларнинг устиларидан ҳокими мутлаққа айланади. шайтон эгалик қилган ўринлардан баракот батамом ўчиб кетади. Шунинг учун ҳам, ейиш, ичиш, кийиниш, жинсий алоқа ва бошқа барча хайрли ишларни бажариш вақтида, Аллоҳнинг зикри баракотга сабаб бўлгани учун Унинг номини зикр қилиб "Бисмиллаҳ" дейиш суннат этилди. Чунки, Аллоҳ таолонинг номини зикр этиш Шайтонни қувади натижада у жойда беҳисоб баракот ҳосил бўлади. Аллоҳнинг номи зикр қилинмаган ўринда эса баракот бўлмайди. Баракот ато этувчи парвардигорнинг Ўзидир. Унга нисбат этилган барча нарсалар муборакдир. Масалан: Каломи, Расули, мўъмин бандаси, байтуллоҳ, баракот это этилган шом ерлари – барчаси муборакдир. Яъни Унинг Ўзига, улуҳийятига, муҳаббатига, розилигига нисбат этилган нарсаларгина муборакдир. Рубубиятига, холиқлигига нисбат этилган нарсалар эса, ҳаммаси ҳам муборак эмас. (Яъни: аслида ҳамма нарсани Аллоҳ таоло яратгани учун Унга нисбат берилади, лекин ҳамма яратган нарсаси ҳам муборак эмас) Ўзидан йироқлаштирган шахслар, амаллар, сўзлар барчаси номуборак уларда яхшилик йўқдир. Баракот ва яхшилик Ўзига нисбатини берган, Ўзига яқинлаштирган нарсалардадир. Баракотнинг зидди лаънатдир. Аллоҳ лаънатлаган ерлар, Аллоҳ лаънатлаган шахслар, Аллоҳ лаънатлаган амаллар ва буларга алоқадор бўлган ҳамма нарсалар ҳам, барчаси баракотдан йироқ, хайрсиз нарсалардир. Аллоҳ таоло ўз душмани Иблисни лаълатлади ва махлуқларининг ичидан Ўзидан энг узоғи қилиб қўйди. Шайтонга боғлиқлиги бўлган барча нарсаларга Аллоҳ таоло томонидан лаънат бордир. Юқорида айтиб ўтганларимиздан умр ва ризқдаги, илм ва амалдаги баракотнинг ўчирилишида гуноҳкорликнинг катта таъсири бор экани маълум бўлади. Аллоҳга гуноҳкор бўлиш йўлида сарфланган вақт, молу-дунё, обрў-иззат, илм ва амаллар буларнинг барчаси банданинг фойдасига эмасдир. Банда Аллоҳ таолога итоат этиб, ибодат қилиб, гуноҳ ишлардан сақлансагина ўтказган умри, сарфлаган молу-дунёси, куч-қуввати, обрў-иззати ва ҳосил қилган илми, қилган амали унинг фойдасига бўлади. Баъзи одамлар бу дунёда юз йил яшаши мумкин, лекин унинг бу умри самарасиз, бебарака бўлгани учун баракали ўн йилга тенг кела олмайди. Баъзиси ҳисобсиз тилло, кумушга эга бўлар, бироқ, унинг ҳисобсиз бебарака молу-дунёси баракалик ўн дирҳамга баробар бўла олмайди. Обрў-иззат, илм ва қилинган амаллар ҳам шу кабидир. ″Термизий″да Расул алайҳис-салоту вас-саломдан ушбу ҳадис ривоят қилинган: «Дунё ва ундаги нарсалар – Аллоҳнинг зикри ва унга эргашганлари (яъни қолган ибодатлар), олим ва толиби илимдан бошқа – барчаси лаънатлангандир». (Албоний ушбу ҳадисни саҳиҳ деб айтган). Яна бошқа бир ҳадисда эса: «Дунё ва ундаги нарсалар – Аллоҳ таоло учун бўлганидан бошқасининг – барчаси лаънатлангандир» -дейилган. Демак, Аллоҳ учун бўлган нарсалардагина баракот ва яхшилик бор. Аллоҳ учун бўлмаган барча нарсалар эса бехайр ва бебаракадир. Аллоҳ таоло Ўзи мададкоримиз бўлсин! Омийн. Ибнул Қаййимнинг ″Алжавабул-кафий″ китобидан эркин услубда таржима қилинди. Таржимон: Ибн Сирож Убайдуллоҳ |