Шанба 21 Декабрь 2024 | 19 Жумадул-охир 1446 Ҳижрий-қамарий

асосий қисм

  • lotinchaga
  • +
  • -
  • |

ҒАМ-ҚАЙҒУГА БОТГАН БИРОДАРГА МАКТУБ

5157 марта кўрилган

Муҳаммад ибн Абдурраҳмон ал-Арифий
Исмоил Ёқуб таржимаси

Ҳамду сано бутун оламлар хожаси, меҳрибон ва раҳмли, жазо (қиёмат) кунининг эгаси бўлмиш Аллоҳ учундир.

Аввалгилару охиргиларнинг парвардигори бўлмиш шериксиз, ягона Аллоҳдан ўзга барҳақ маъбуд йўқлигига, У осмонлару ерларнинг бошқарувчиси эканига гувоҳлик бераман.

Аммо баъд…

Мўмин биродар! Аллоҳ таоло дунё ҳаётини яратди ва уни ғам-ташвишлар, дард-аламлар, меҳнату машаққатлар ҳовлиси қилди. Жаннатни эса барча меҳнат-машаққатлар ва ғам-аламлардан саломатлик ҳовлиси қилди. Аллоҳ таоло айтади: «У жойда уларга бирон чарчоқ етмас ва улар у жойдан чиқарилувчи ҳам эмаслар!» (Ҳижр, 48).

Жаннат аҳли ғам-қайғу нималигини билмайди: «У жойда улар бирон беҳуда сўз эшитмаслар, магар (аҳли жаннат томонидан) салом (эшитурлар холос)» (Марям, 62).

Инсон бу дунёда яшаб тураркан, ишхонасида бўлсин ё аҳли аёли, фарзандлари ё маҳалла-кўй ва қўни-қўшниси билан бўлсин, кўнгилсизлик ва ташвишларга дуч келиб туришдан холи бўлмайди.

Аллоҳ таоло айтганидек: «Дарҳақиқат, Биз инсонни меҳнат-машаққатга яратдик» (Балад, 4). Дарҳақиқат, инсон ўтган ҳаётидан ғам-ҳасратда ва келгуси кунларининг ташвиши билан яшаб ўтади.

Қалблар уларга тушадган ғам-ташвишлар борасида тафовутли бўлади, одамларга етадиган ғам-ташвишлар кучли-кучсизлиги ва яхши-ёмонлиги жиҳатидан фарқли бўлади.

Олийҳиммат зотларнинг ғам-ташвишлари ҳам олий бўлади.

Масалан, олим кишининг ғами бирон чигал масаланинг ечимини топишга қаратилган бўлса, масжид имоми жамоатнинг аҳволидан ташвиш қилади. Қалбида ихлоси бор раҳбар эса доим фуқароларнинг ғамида юради. Ҳазрат Умар розияллоҳу анҳу айтганларидек: «Аллоҳга қасамки, агар Ироқда бир хачир йўлда қоқилса, Аллоҳ таоло у ҳақда мени сўроққа тутишидан, “Нега унинг йўлини тўғрилаб қўймадинг, эй Умар?!” деб итоб қилишидан қўрқаман».

Умар розияллоҳу анҳу адолатли ва доно сиёсат олиб борганлари ҳолда раиятнинг аҳволини яхшилашга шунчалар қайғурардилар.

Абу Бакр розияллоҳу анҳу ташвиш билан айтардилар: «Мен фақат Аллоҳгина ёрдам берадиган, унинг устида кексалар вафот қилган, унда ёшлар кексайган, у билан ажамнинг тили бурро бўлган, аъробий унда ҳижрат қилган, ҳамма уни дин деб ҳисоблаб, ундан бошқа нарсани (дин деб) кўрмайдиган бир ишга киришиб турибман».

Абдурраҳмон ибн Авф розияллоҳу анҳу Умар розияллоҳу анҳу ўзларининг вафотларидан кейин халифа сайлаш ишини у кишининг зиммаларига топширганларидаги ҳолатларини шундай баён қиладилар: «Аллоҳга қасамки, ғамнинг қаттиқлигидан уч кунгача кўзимга уйқу қўнмади, ҳамма билан бирма-бир маслаҳатлашиб чиқдим, ҳатто уйларида ўтирган кампирларнинг ҳам олдиларига кириб, мусулмонлар учун халифаликка ким лойиқроқ экани ҳақида сўраб чиқдим».

Баъзиларнинг ғамлари гуноҳлардан келиб чиқади, Аллоҳ таоло айримларни маъсиятлар ғамига ботгани ортидан жазолайди.

Шеър (мазмуни):

«Аллоҳга қасамки, уларнинг қалбларига назар ташласангиз, уларни ёниб турган олов устидаги қозонлардек кўрасиз.

У оловнинг ёқилғиси шаҳватлару ҳасратлардан, битмас-туганмас ғам-ташвишлардан иборат бўлади».

Ҳа... Аллоҳ таоло айтади:

«Шак-шубҳасиз, яхшилар (яъни мўминлар) жаннат неъматларидадирлар. Шак-шубҳасиз, фисқ-фужур қилувчи кимсалар (яъни Қуръон ва пайғамбарни ёлғончи қилувчи, жазо Куни ва қайта тирилишни инкор қилувчи кимсалар) дўзахдадирлар!» (Инфитор, 13-14).

«Аллоҳ кимни ҳидоят қилишни истаса, унинг кўнглини ислом учун кенг қилиб қўяр. Кимни адаштиришни истаса, унинг кўнглини худди осмонга кўтарилиб кетаётгандек, тор ва танг қилиб қўяр» (Анъом, 125).

Мақтовга сазовор ғамлардан яна бири даъватчининг қалбидаги одамларнинг ҳидоятларини истаб чекилган ғам бўлиб, бировнинг намозни тарк қилиб юрганидан ҳафа бўлади, яна бировнинг гуноҳларга қўл ураётганидан қалби изтиробга тушади, насиҳатини қабул қилмаганларидан қайғуради. Бундай ғам ўз эгасини ажру-савобга сазовор этади. Имом Бухорий ривоят қилишларича, Ойша розияллоҳу анҳо Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва салламдан: «Ё Расулуллоҳ, Уҳуд кунидан кўра ҳам оғирроқ кун бошингизга келганми?» деб сўрадилар. Биласиз, Уҳуд жанги кунида Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг муборак бошлари ёрилган, юзлари жароҳатланиб, тишлари синиб тушган эди. Уҳуд кунида энг яхши саҳобалардан етмиш киши шаҳид бўлган эди. Ойша розияллоҳу анҳо у кунги оғир машаққатларни яхши билганлари учун ҳам ўша кундан кўра ҳам оғирроқ кун бўлганми, деб сўрадилар.

«Эй Ойша – дедилар Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам – қавмингдан жуда кўп ёмонликларга йўлиқдим. Улардан йўлиққан ёмонликлардан энг қаттиғи Ақаба куни ўзимни (яъни мен чақираётган дин ёйилгунига қадар мени ҳимоя қилишларини) Ибн Абдуёлилга арз қилган куним бўлди».

Яъни, у зот соллаллоҳу алайҳи ва саллам Абдуёлил бошлиқ бўлган Сақиф қабиласидан ёрдам сўраб Тоифга борганларида улар даъватларига ижобат қилиш у ёқда турсин, у зотни жуда хунук суратда қайтаришган эди. Улар: «Аллоҳ элчи қилиб юбориш учун сендан бошқасини топмабдими?!» дейишиб, нодон кимсаларни ва ёш болаларни у кишининг йўлларига чиқаришиб, у зотга тошлар оттиришган эди.

У зот соллаллоҳу алайҳи ва саллам ўша кунлари ҳақида шундай ҳикоя қиладилар: «Мен қаттиқ қайғуга чўмганимча кетиб борардим, бир вақт қарасам Қорнус-саъалибга етиб қолибман».

Яъни, ёшлари элликка яқинлашиб қолган зот Тоифдан чиқиб, тоғлар ва водийлар оралаб яёв юриб, шунча масофани босиб ўтганлари ҳолда ғам-аламнинг зўридан йўлнинг узоқлигини пайқамай ҳам қолибдилар.

Мана шундай ғам-алам ва ташвишлар ўз эгасига ажр олиб келади.

У зот соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг бошларига келган ғам-аламлардан яна бири – Исро ва Меърож кечаси бўлиб ўтган воқеалардан сўнг тонг отгач, бу ҳодисани, яъни Байтул Мақдисга борганларини қавмларига сўзлаб берганларида Қурайш у зотни ёлғончига чиқаришган, «Қанақасига бир кечада Байтул Мақдисга бориб келишинг мумкин, биз бунинг учун ҳафталар йўл босамиз-ку?!» дейишган эди.

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтадилар: «Мен Каъба ёнида ўтиргандим, Қурайш мендан тунги сайрим ҳақида ва Байтул Мақдисга доир ўзлари кўрган-билган ва менга аниқ бўлмаган нарсалар ҳақида сўрай бошлади». Яъни, улар Байтул Мақдиснинг нечта эшиги бор, деворларининг ранги қанақа, деганга ўхшаш саволларни беришарди.

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтадилар: «Мен у нарсаларни аниқ исботлай олмасдим, шу боис жуда қаттиқ аламландим. Шунда бирдан Аллоҳ таоло Байтул Мақдисни кўтариб, кўз олдимга келтириб қўйди, мен унга қараб туриб, улар нимани сўрашса, ҳаммасини аниқ-тиниб кўриб, жавоб бердим» (Имом Муслим ривояти).

Ростгўй кишини агар ёлғончига чиқарсалар, унинг қалбига ботадиган алам-оғриқ жуда қаттиқ бўлади. Зайд ибн Арқам розияллоҳу анҳу билан ҳам худди шундай ҳолат содир бўлганди. У ўспирин йигитча бўлиб, бир ғазотда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам билан ҳамроҳ бўлганди. У мунофиқлар ўтирган даврада мунофиқлар раиси Абдуллоҳ ибн Убайнинг: «Қасамки, агар Мадинага қайтсак, албатта азизлар хорларни ундан қувиб чиқарадилар», деганини эшитиб қолиб, бу ҳақда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламга хабар беради. Мунофиқ азиз деганда ўзини, хор деганда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламни назарда тутганди.

Зайд розияллоҳу анҳу айтадилар: «Мен унинг гапини амакимга айтиб бердим, амаким мени Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам ҳузурларига етаклаб бориб: “Ё Расулуллоҳ, мана бу боланинг гапини эшитинг”, деди. “Нима гап эшитдинг?” сўрадилар Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам. Мен айтдим: “Ё Расулуллоҳ, Абдуллоҳ ибн Убайнинг: «Мадинадан азизлар хорларни қувиб чиқарадилар» деганини, яна: «Итингни семиртирсанг, ўзингни ейди, оч қолдирсанг, кетингдан эргашиб юради» деганини эшитдим”.

Шундан сўнг Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва саллам Абдуллоҳ ибн Убайни чақиртириб, эшитган гаплари ҳақида ундан сўрадилар. У жон-жаҳди билан қасам ичиб, бу гапларни айтганидан тонди.

Шундан сўнг Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва саллам менга қарадилар, бироқ индамадилар. Амаким: «Нега бировнинг устидан ёлғон гапирасан, бу гапинг билан фақат Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг сени ёмон кўриб қолишларига эришдинг, холос», деб мени ёзғирди.

Шунда менга шу пайтгача ҳеч қачон етмаган жуда қаттиқ ғам-алам етди. Туяда борарканман, қаттиқ аламдан бошимни эгиб олгандим. Тўсатдан Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам ёнимдан ўтиб қолдилар ва қулоғимни чўзиб қўйдилар. Бошимни кўтариб, юзларига қараган эдим, менга қараб табассум қилдилар. Сўнг йўлларида давом этдилар. Мен у зотнинг муродларини тушунмай қолавердим.

Сўнг Абу Бакр ёнимга яқинлашиб: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам сенга нима дедилар?» деб сўради.

«Аллоҳга қасамки, ҳеч нарса демадилар, бироқ муомалаларидан хурсанд бўлиб кетдим», дедим.

Кейин Умар ёнимдан ўтатуриб: «Хурсанд бўлавер», деб ўтиб кетди.

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам асҳоблари йиғилган пайтларида уларга «(Эй Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва саллам), қачон мунофиқлар сизнинг олдингизга келсалар: «Гувоҳлик берамизки, сиз шак-шубҳасиз Аллоҳнинг пайғамбаридирсиз» дерлар» деб бошланувчи «Мунофиқун» сурасини ўқиб бердилар, ушбу сурада Аллоҳ таоло ҳалиги мунофиқни шармандаи шармисор қилди: «Улар: «Қасамки, агар Мадинага қайтсак, албатта кучлилар кучсизларни ундан қувиб чиқарур», дерлар. Ҳолбуки куч-қудрат Аллоҳники, Унинг пайғамбариники ва мўминларникидир. Лекин мунофиқлар (буни) билмаслар» (Мунофиқун: 8)».

Ғам-аламлар ичида ёлғон туҳматга қолиш сабабли, ўғирлик, порахўрлик ё обрў-номусни бадном қилувчи бўҳтон сабабли ҳосил бўладиган ғам-алам ҳам оғир бўлади. Уммул-муъминийн Ойша розияллоҳу анҳога нисбатан худди ана шундай ғам-алам ҳосил бўлган, машҳур туҳмат воқеасида у зотнинг пок номларини бадном қилмоқчи бўлишганда Аллоҳ таолонинг Ўзи унинг поклигини эълон қилганди.

Азиз биродарлар! Тоат-ибодатдан бенасиб қолиш натижасида ҳосил бўладиган ғам-алам ҳам эгасига ажр келтирувчи ғам бўлади. Бир гуруҳ фақир саҳобалар Табук ғазотида Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам билан бирга жангга чиқиш умидида келишганида у зот уларга от-улов ва қурол-яроғ топиб беролмай, ортларига қайтарганларида улар қаттиқ ғамга тушиб, изтироб билан йиғлаб, ортга қайтгандилар. Аллоҳ таоло улар ҳақида оят нозил қилди: «Яна сизга (жангга миниб бориш учун) от-улов сўраб келган вақтларида, уларга: «Сизларни миндириб юборадиган улов йўқ-ку», деганингизда (жиҳод учун) ишлатиладиган бирон нарса топа олмаганлари учун ғамгин бўлишиб, кўзларидан ёш тўкиб, қайтиб кетган кишиларни ҳам айблашга ҳеч қандай йўл йўқдир» (Тавба, 92).

Демак, улар ёлғизгина йиғилари ва ғам чекканлари учунгина Аллоҳ таоло томонидан ажрга эга бўлдилар.

Соғлом ақида ғам-ташвишларни аритиш ва алам-оғриқларни кетказишнинг энг биринчи иложи-давосидир. Кимнинг ақидаси бузуқ бўлса, унинг ғам-ташвиши зиёда бўлади. Шунинг учун кофирларни кўрасизки, ораларида ўзини ўлдириш, руҳий хасталикларга чалиниш кенг тарқалган, улар алам-оғриқларидан халос бўлиш илинжида маст қилувчи ичимликлар ва наркотик моддалар истеъмол қилишга ружу қўйишади, бошларига келган мусибатдан ажр умид қилишмайди, мусибатлари гуноҳларига каффорат бўлишга ярамайди.

Мусулмон биродар! Бу дунёда ғами йўқ одамнинг ўзи йўқ. Ҳатто, дунёни қўлида ўйнатган катта подшоҳлар ҳам баъзан қалбларига тушган ғам-аламдан ўзларини қўярга жой топа олмай қолишади, на мол-дунёлари, на тиббиётлари, на маслаҳатчилари уларнинг ғамини даф қилиша олади.

Инсон агар бирон яқин кишисининг вафоти ё молининг зое бўлиши каби бошига келган мусибатга сабр қилса, унинг ҳоли Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтиб ўтган кишининг ҳолидек бўлади: «Мўминнинг иши қизиқ, унинг барча ишлари яхшиликдир. Бу мўминдан бошқасига насиб бўлмайди. Агар унга бир хурсандчилик етса, шукр қилади ва бу унга яхшиликдир. Агар бирон кулфат етса, сабр қилади ва бу ҳам унга яхшиликдир» (Имом Муслим ривояти). Яъни, сабр билан шукр ўртасидаги мувозанатни фақат мўмин кишигина сақлаб туради.

Мусулмон киши ўзига етган ғам-ташвишлар унинг гуноҳларига каффорат ва даражалари кўтарилишига сабаб эканини ҳис қилиши ҳам ғам-ташвишларига даво бўлади. Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтганларидек: «Мусулмон кишига етган машаққат, касаллик, ғам-ташвиш, ҳафагарчилик, азият, ҳатто баданига кирган бир тикан сабабли ҳам Аллоҳ таоло унинг гуноҳларидан ўчиради» (Муттафақун алайҳ).

Имом Аҳмад раҳимаҳуллоҳ айтади: «Агар устимизга мусибатлар ёғилиб турмаганида эди, қиёмат куни муфлис (ҳеч вақоси йўқ, қашшоқ) ҳолда борган бўлардик».

Бу дунёнинг ҳақиқатини англаш, унинг матоси оз, лаззатига аччиқлик аралаш эканини, у ҳеч кимга абадий кулиб боқмаслигини, хурсандчилигидан хафагарчилиги кўпроқ эканини, озгина бериб туриб, кўпроқ қилиб қайтариб олишини, мўмин киши унда гўё бир маҳбус эканини билиш ҳам ғамларга яхши даво бўлади. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтганларидек: «Дунё мўминнинг зиндони ва кофирнинг жаннатидир» (Имом Муслим ривояти).

У меҳнат-машаққат, озору азиятлардан иборат. Мўмин киши фақат дунёдан ажралиш билангина ундан роҳатланиши мумкин. Абу Қатода ибн Рибъий розияллоҳу анҳу ривоят қилган ҳадисда айтилганидек, у бир куни Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам билан бирга турганида бир жаноза (маййит) олиб ўтилди. Шунда у зот: «(Бу маййит) қутилувчи ва бошқалар ҳам ундан қутилувчидир», дедилар. «Ё Расулуллоҳ, буни қандай тушунишимиз керак?» деб сўралганида айтдилар: «Мўмин банда дунёнинг машаққат ва озорларидан қутулиб, Аллоҳ таолонинг раҳматига боради, фожир бандадан эса бандалар ҳам, диёрлар ҳам, дов-дарахту ҳайвонлар ҳам қутулади» (Имом Бухорий ривояти).

Пайғамбарларнинг балоларга сабр қилишларидан ўрнак олиш ҳам ғам-аламларга яхши даво бўлади. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтганлар: «Одамларнинг энг қаттиқ синовга дучор бўладиганлари пайғамбарлардир, улардан кейин солиҳ зотлар, кейин уларга яқинлар, кейин уларга яқинлардир. Киши динига қараб имтиҳонга солинади, агар динида салобат бўлса, балоси ҳам зиёда қилинади, агар динида енгиллик бўлса, балоси ҳам енгил қилинади. Бандага синовлар келаверганидан, охир бориб ер юзида гуноҳи қолмаган ҳолда юрадиган бўлади» (Термизий ривояти, ҳасан ҳадис).

Агар балолар сиздан олдин пайғамбарлар ва солиҳларга ҳам етганини билсангиз, анча енгил тортасиз.

Ўлимни эсга олиш ҳам ғам-аламлар учун яхши даво бўлади. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтганлар: «Лаззатларни кесувчини – ўлимни кўп эсга олинглар! Зеро, бир киши танглик пайтида уни эсласа, у учун кенгайтириб қўяди» (Имом Баззор ривояти, ҳасан ҳадис). Яъни, банда агар касаллиги ё балоси доимий эмаслигини, балки мабодо кўтарилиб кетмаганда ҳам ўлими унга барҳам беришини ва унинг ортидан Аллоҳнинг ажрига эга бўлишини, шу билан бир қаторда гуноҳларига каффорат қилинишини билса, ўзи тортиб турган меҳнат-машаққат ва бало у учун анча енгил бўлиб қолади, танглиги бартараф бўлади.

Ҳадис давомида Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтганлар: «Агар кенг-мўллик ҳолида уни эсласа, торайтириб қўяди». Яъни, агар кишининг мол-дунёси кўпайиб, обрў-эътибори кучайиб, бировларга зулм қилмоқчи ё фужур ишга қўл урмоқчи бўлиб турганида ўлимни эсласа, бу уни туғёнга кетишдан тўсиб қолади.

Аллоҳга дуо қилиш ва ғам-ташвишлардан паноҳ сўраш ҳам ғамларнинг аришига энг яхши чоралардан саналади. Имом Бухорий Анас розияллоҳу анҳудан ривоят қилишларича: «Мен Набий соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг хизматларини қилардим, у зотнинг жуда кўп марта: «Эй Парвардигор! Мен Сендан ғам-ташвиш, маҳзунлик, ожизлик, ялқовлик, бахиллик, қўрқоқликдан, қарз юкидан ва одамларнинг зўрлигидан паноҳ тилайман» деб дуо қилганларини эшитардим».

У зот соллаллоҳу алайҳи ва саллам яна шундай деб ҳам дуо қилардилар: «Аллоҳим, мен учун ишимнинг тутқичи бўлган динимни, тирикчилигим бўлган дунё ҳаётимни, оқибатим бўладиган охиратимни ислоҳ этгайсан! Ҳаётни мен учун барча яхшиликларнинг зиёдаланиши, ўлимни мен учун барча ёмонликлардан роҳат қилгайсан!» (Имом Муслим ривояти).

У зот соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтганлар: «Қай бир банда ўзига ғам-ташвиш етганида: «Эй Аллоҳим! Албатта, мен Сенинг қулингман, қулингнинг ўғлиман, чўрингнинг ўғлиман. Пешонам Қўлингда (яъни, мен Сенинг салтанатинг-ҳукминг остидаман). Ҳукминг менинг устимда жорийдир. Қазо (амр-ҳукминг) менинг устимда адолатдир. Сенинг учун бўлган ҳар бир исм билан Сендан сўрайман. У исм билан Ўзингни номлаган эдинг ёки Китобингда нозил қилган эдинг ёки уни бирон бандангга билдиргандинг ёки Ўз олдингдаги ғайб илмида олиб қўйган эдинг. Шу исмларнинг ҳаммаси билан сўрайман. Қуръонни қалбимнинг баҳори, кўнглимнинг нури, маҳзунлигимни кетказувчи ва ғам-ташвишимни аритгувчи қилгин» деб дуо қилса, албатта Аллоҳ таоло унинг ғам-ташвиши ва маҳзунлигини кетказади ва ўрнига шодликни алиштириб беради». Дуонинг арабча матни:

«اللَّهُمَّ إِنِّي عَبْدُكَ ابْنُ عَبْدِكَ ابْنُ أَمَتِكَ ، نَاصِيَتِي بِيَدِكَ ، مَاضٍ فِيَّ حُكْمُكَ ، عَدْلٌ فِيَّ قَضَاؤُكَ ، أَسْأَلُكَ بِكُلِّ اسْمٍ هُوَ لَكَ ، سَمَّيْتَ بِهِ نَفْسَكَ ، أَوْ أَنْزَلْتَهُ فِي كِتَابِكَ ، أَوْ عَلَّمْتَهُ أَحَدًا مِنْ خَلْقِكَ ، أَوِ اسْتَأْثَرْتَ بِهِ فِي عِلْمِ الْغَيْبِ عِنْدَكَ ، أَنْ تَجْعَلَ الْقُرْآنَ رَبِيعَ قَلْبِي ، وَنُورَ صَدْرِي ، وَجَلاءَ حُزْنِي ، وَذَهَابَ هَمِّي«

Саҳобалар: «Ё Расулуллоҳ, бу дуони ўрганиб олсак бўларкан», дейишганида: «Ҳа, уни эшитган киши ўрганиб олиши лозим», деганлар (Имом Аҳмад «Муснад»да ривоят қилган).

Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам бошларига бирон ташвиш тушганда: «Эй барҳаёт ва абадий турувчи Зот! Сенинг раҳматинг билан мадад сўрайман. Аллоҳ менинг Роббимдир, мен Унга ҳеч бир нарсани шерик қилмасман», деб дуо қилардилар (Абу Довуд ва Термизий ривоятлари).

Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва салламни бирон иш ташвишга туширса, намозга шошилардилар.

Инсон вақтини бирон иш билан банд қилиши ҳам ғам-ташвишни унутишига ёрдам беради. Чунки, бекорчилик кўп ўйланишни ва ҳаёт ташвишлари билан сиқилишни олиб келади.

Қолаверса, мусулмон мусулмоннинг биродаридир, ғам-ташвишларига шерик бўлади, унга ҳамдард бўлади: «Албатта, мўмин мўмин учун бир-бирини маҳкам тутиб турувчи бино (қисмлари) кабидир» (Имом Бухорий ривояти).

Аллоҳ таолодан ғамлардан паноҳ беришини, қалбларимиздан ташвишларни аритишини, ишларимизни осонлаштиришини, аҳволимизни ислоҳ қилишини сўрайман.

Эй Парвардигор! Бизларни яхшиликларга муваффақ эт, ёмонликлардан Ўзинг асра, бандаларингга бирон фитна истасанг, бизларни фитналанмаган ва шарманда бўлмаган ҳолда жонимизни олгин.

Аллоҳ таоло пайғамбаримизга ва у зотнинг аҳлу асҳобига саловоту саломлар йўлласин.

Манба: Ислом Нури (www.islamnuri.com)