Шанба 21 Декабрь 2024 | 19 Жумадул-охир 1446 Ҳижрий-қамарий

асосий қисм

  • lotinchaga
  • +
  • -
  • |

Дунёвий муомалаларда салафлар билан бизнинг фарқимиз

4274 марта кўрилган

Муҳаммад ибн Солиҳ ал-Усаймин
Ислом Нури таржимаси

Барча мақтовлар Аллоҳгагина хос, У зотни мақтаймиз, Ундан мадад сўраймиз, Унга истиғфор айтамиз, Аллоҳдан нафсларимиз ва амалларимиз ёмонлигидан паноҳ тилаймиз. Аллоҳ кимни ҳидоят қилса уни адаштирувчи йўқ, кимни адаштирса уни ҳидоят қилувчи йўқ. Гувоҳлик бераманки, бир Аллоҳдан ўзга барҳақ илоҳ йўқ, У ёлғиз ва шериксиздир. Яна гувоҳлик бераманки, Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва саллам У зотнинг бандаси ва элчисидир.

Аммо баъд...

Эй одамлар, Аллоҳ таолодан тақво қилингиз ва билингки, мол-мулкларингиз ва бола-чақаларингиз сизлар учун фитна-синовдир, буюк ажру-савоблар фақат Аллоҳнинг ҳузуридадир.

Аллоҳнинг бандалари! Мол-дунёни топиш ҳам синов, сарфлаш ҳам синовдир. Билим ва ҳикмат соҳиби бўлган Аллоҳ таоло бандалари учун мол-дунё топишнинг адолат ва мўътадилликка қурилган, зулм, ҳаддан ошиш ва ҳақдан тажовуз қилишсиз йўлларини тузиб берган, шу билан бир қаторда мол-дунёни банданинг дини ва дунёсига фойдали кўринишда сарфлаш йўлларини ҳам кўрсатиб берган. Одамлар бу борада турли-туман йўлларни тутишади. Мол-мулк хусусида энг бахтли инсон уни шаръий йўллар билан топиб, дини ва дунёсига фойдали ишларга сарфлай олган киши, энг бахтсиз кимса эса уни ношаръий йўллар билан топиб, сўнг фойдали ишларга сарф қилишдан бахиллик қилган ё эса зарарли йўлларга ишлатган одамдир. Бу икки меъёр ўртасида бир неча меъёрлар бор.

Мусулмон биродарлар! Ҳам дунё тизгини, ҳам охират калитлари қўлларида бўлган илгариги биродарларингиз бу мол-дунёнинг қадрини жуда яхши билишар, уларни фақат тўғри йўл билан ҳосил қилиб, фақат фойдали ишларга сарфлар эдилар. Уларни топишда парҳезкорлик йўлини, сарфлашда эса саховатпешалик йўлини маҳкам ушлаган эдилар.

Абу Бакр розияллоҳу анҳунинг бир ғуломлари бор эди. У бир куни бир егулик келтирди, Абу Бакр ундан едилар. Ғулом унга: «Бунинг нималигини биласизми?» деди. «Нима эди?» дедилар. «Жоҳилият пайтида бир одамга фолбинлик қилган эдим, аслида фолбинликни яхши билмас, бироқ уни алдаган эдим, ўшанинг ҳаққини энди берди, бу еганингиз ўшандан эди», деди. Шунда Абу Бакр қўлларини оғизларига киритиб, еган барча нарсаларини қусиб юбордилар. (Бухорий ривояти).

Умар ибн Хаттоб розияллоҳу анҳу бировнинг қўлидан сут ичдилар ва сут у кишига маъқул келиб, уни қаердан олганини сўрадилар. У сув бўйида турган садақа туялари ёнидан ўтиб қолиб, уларнинг сутидан соғиб олганини айтди. Шунда Умар қўлларини оғизларига тиқиб, ичган сутларини қусиб юбордилар. Ҳа, азизлар, салафларимиз ҳаромдан ана шундай ҳазар қилишар, ҳатто билмай еб қўйган бўлсалар, қайтариб чиқариб юборар эдилар. Улар шундай қилганлари боис дунё хазиналарига ва шу билан бир қаторда охират калитларига эга бўлдилар, ҳаётлари покиза, оқибатлари гўзал бўлди.

Мусулмон биродарлар! Қаранг, биз у зотлардан нақадар узоқлашиб кетганмиз! Билмай еб қўйган ҳаром таомни қусиб чиқариб юборган зотлар қаёқда-ю, ҳаромлиги очиқ кўриниб турган нарсани ҳам тортинмай еб кетаверадиган кишилар қаёқда!! Кўпчилигимиз пулни ҳалолдан топаяпмизми, ҳаромданми, кўпам суриштириб ўтирмаймиз, ҳалол деганда қўлимизга тушган нарсани тушунамиз, дунё топишнинг ҳалол йўли деганда нафс-ҳаволаримиз кўрсатган йўлни тушунамиз! Бу Аллоҳнинг Китобига ва Пайғамбарининг суннатларига мувофиқ келадими, йўқми, буниси биз учун қизиқ бўлмайди. Одамларнинг молларини ботил йўл билан ейишдан қўрқмаймиз, алдов, хиёнат, ёлғон орқали бировнинг мулкини ўзлаштириб олишдан тортинмаймиз! Одамлардан бирон нарсани ўлчаб олган вақтда тўла қилиб оламиз, уларга ўлчаб ёки тортиб берган вақтимизда эса кам қилиб берамиз!

Мусулмон биродарлар! Айрим сотувчилар бўладики, сотаётган молининг энг яхши сифатда бўлганини юзага чиқариб, ҳамма кўрадиган қилиб қўяди, айбли ва бўлмағур жойларини эса ичига яшириб қўяди, бу билан одамларни алдайди. Алдов ва хиёнат гуноҳи кабиралардан бўлиб, Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва саллам ундан безорлик эълон қилганлар: «Ким бизга хиёнат қилса, у биздан эмас». Бир лафзда: «Ким хиёнат қилса, у мендан эмас» (Имом Муслим ривояти). Айрим сотувчилар савдолашган пайтингизда: «Ўзим шунчага олганман» ё «Ўзи шунчага тушган» каби ёлғон сўзларни айтишади ва шу билан молини ортиқроқ нархга пуллашга эришишади, аммо ёлғон сўзлаб топган молнинг баракаси бўлмайди, ўша мол унинг қорнига дўзах ўтидан бир парчаси бўлиб киради.

Баъзи одамлар бўладики, мардикор ишлатиб ё бировга бир хизмат қилдириб, ҳаққини тўла бермайди, ана бераман, мана бераман билан еб кетади. Ваҳоланки, Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва саллам: «Мардикорнинг ҳаққини пешона териси қуримай туриб беринглар», деганлар, «Беришга қодир киши (бировнинг ҳаққини) чўзиб юриши зулмдир», деганлар. Бунинг муқобилида айрим мардикор ва хизматчилар ҳам бўладики, ўзига топширилган ишни тўла-тўкис қилмайди ё суст қимирлаб, ўта кечиктириб юборади, бўйнидан боғланган ит овга ярамайди, дейилганидек имиллаб, истар-истамас ишлайди, кейин эса ҳаққини тўла қилиб олишга талашиб-тортишади. Ўзинг аввал ишни дўндириб қўй, кейин ҳаққингни тўла қилиб беришларини талаб қил! Ахир зулм эмасми бу қилмишинг, бировнинг молини ноҳақ ейиш эмсми?! Бундай мардикор ё хизматчи Аллоҳнинг динига кўра, бажарган ишига яраша ҳақни олишгагина ҳақли, ундан ортиғини талаб қилиши ҳаром бўлади.

Аллоҳдан қўрқингиз эй мусулмонлар, одамлар сизларга қандай муомала қилишларини истасангиз, сизлар ҳам уларга худди шундай муомала қилингиз. Ҳалолдан касбу тижорат қилингиз, топган-тутганингизни ўзингиз учун Аллоҳнинг тоатига ёрдам берадиган қилиб олингиз, уни ўзингизнинг зиёнингизга айлантириб олмангиз, акс ҳолда баракасидан маҳрум бўласиз ва Аллоҳнинг азобига дучор бўласиз. Ҳадисда келганидек, банда ҳаромдан мол топиб, садақа қилса садақаси мақбул бўлмайди, инфоқ-эҳсон қилса баракот берилмайди, орқасида қолдирса, дўзахга зод (озуқа) бўлади. Аллоҳ таоло ёмонликни ёмонлик билан ўчирмайди, У ёмонликни яхшилик билан ўчиради. Нопок нарса нопок нарсани ўчиролмайди. Ҳеч бир жон эгаси ризқи ва муҳлатини тўла қилмагунича ўлмайди. Аллоҳдан қўрқингиз ва дунё талаб қилишда мўътадил бўлингиз.

Аллоҳ таоло айтади: «Мол-дунёларингизни ораларингизда ноҳақ ҳаром йўллар билан емангиз! (Яъни, бир-бирингизнинг ҳаққингизни еманг!) Ва (гуноҳ қилаётганингизни) билиб туриб, одамларнинг молларидан бир қисмини ҳаром йўл билан ейиш учун (молларингизни пора қилиб) ҳокимларга узатманг!» (Бақара: 188).

08.09.2009.