Шанба 21 Декабрь 2024 | 19 Жумадул-охир 1446 Ҳижрий-қамарий

асосий қисм

  • lotinchaga
  • +
  • -
  • |

Бидъат

7612 марта кўрилган

Муқаддима

Биcмиллаҳир Роҳманир Роҳийм

Оламларнинг Парвардигори бўлмиш Аллоҳ таолога ҳамду санолар бўлсин. Бизларни Ўз йўлига эргашишга буюрди ва бидъатларни ўйлаб топишдан қайтарди. Инсонлар эргашиб, итоат қилишлари учун юборилган Пайғамбар Муҳаммад ибн Абдуллоҳга, у кишининг оила аъзолари, саҳобаи киромлар ва у кишига эргашганларга салавоту саломлар бўлсин.

Ушбу китобчада бидъат турлари ҳақида баҳс юритилади. Биз ушбу китобчани Ислом оламига фойдали қилишини ва холис Ўзи учун бўлишини Аллоҳдан сўраб қоламиз.

Биринчи фасл
Бидъат ўзи нима? Унинг турлари ва ҳукмлари

Таърифи: «Бидъат» арабча сўз бўлиб, луғатда «ўтмишда мутлақо бўлмаган нарсани ихтиро қилиш» деган маънони англатади. Қуръони Каримда Аллоҳ таоло айтадики:

«(У) Еру осмонларни (аввалда мисли бўлмаган кўринишда) пайдо қилувчидир...». (Бақара: 117)

Мазкур оятда «пайдо қилувчи» сўзи «бидъат қилувчи» ибораси орқали ифодаланган. Бундан мурод эса Еру Осмонни илгари бўлмаган эканлиги ва бу иккисини Аллоҳ таоло Ўз илми азалийси билан яратганлигидир. Яна бир оятда эса: «(Эй Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва саллам), айтинг: «Мен пайғамбарлардан янги-биринчиси эмасман (яъни мендан аввал ҳам Аллоҳнинг пайғамбарлари ўтганку, нега сизлар менинг пайғамбарлигимга хайрон бўлиб, инкор қилмоқдасизлар?!)...». (Аъроф: 9)

Араб тилида агар бир киши янгилик ўйлаб топса ва бу янгилик ўтмишда мутлақо учрамаган бўлса, уни ҳам «бидъат қилди», яъни янгилик чиқарди дейилади.

Янгилик яратиш икки хил бўлади: Одатдаги нарсаларда янгилик яратиш. Ҳозирги илмий кашфиётлар орқали ихтиро қилинган асбоб-ускуна ва техника жиҳозлари каби. Буларни ихтиро қилиш таъқиқланмаган. Чунки, одатлар динга зарар бермаса ёки зид бўлмаса, уларга қаршилик кўрсатилмайди. Иккинчиси эса динда янгилик яратиш ва бу ҳаромдир. Чунки динда борига амал қилиб, йўғидан тийилиш буюрилган.

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам дедилар: «Кимки динимизда йўқ нарсани чиқарса, у янгилик қабул қилинмайди – рад қилинади». (Муттафақун алайҳи)

Яна бир ривоятда: «Кимки динда бўлмаган ишни қилса у рад қилинади». дейилган.

Бидаътнинг турлари

Динда бидъат чиқариш икки хил бўлади

Биринчиси; Оғзаки ва эътиқодий бўлиб, Жаҳмийя, Мўътазила ва Рофиза каби адашган тоифаларнинг сўз ва эътиқодлари бунга мисол бўла олади.

Иккинчиси; Ибодатларда бўлиб, шаръий бўлмаган ва одамлар ўйлаб топган ибодатлар бунга мисолдир. Иккинчи турдаги бидъатнинг бир неча хил кўринишлари бор:

1. Ибодатнинг ўзи бидъат бўлади. Яъни шариатда бундай ибодатнинг ўзи йўқ бўлади. Бунга шариатда кўрсатилмаган намозлар ва рўзалар, шунингдек туғилган кун ва бошқа шариатда йўқ бўлган байрамлар мисол бўла олади.

2. Ибодатга бирон нарса қўшиш билан бўлади. Пешин ёки аср намозини беш ракат ўқиш каби.

3. Ибодатнинг тартиби ёки кўринишини ўзгартириш билан бўлади. Шариатда кўрсатилган тасбеҳ ва бошқа зикрларни жамоат билан жўр бўлиб айтиш ёки Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам суннатларидан ташқаридаги ибодатларни ўзига оғирлаштириб олиш каби.

4. Шаръий ибодатга шариатда кўрсатилмаган вақтларни белгилаб олиш. Шаъбон ойининг ўртасини белгилаб, шу куни рўза тутиш ва кечаси ибодат қилиш каби. Нафл намозлар ўқиш ва Рамазондан бошқа ойларда нафл рўза тутиш шариатда мумкин. Лекин уларнинг вақтини тайин қилиш учун далил керак.

Изоҳ: Ҳадисларда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг душанба ва пайшанба кунлари кўпинча рўза тутганлари, Рамазон ҳайитидан кейин олти кун рўза тутганлари ривоят қилинган. Шу кунлари ихтиёрий рўза тутиш суннат, мустаҳаб саналади. Шаъбон ойининг ҳам кўп кунларини Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам рўза тутиш билан ўтказганлар, аммо куни белгиланган эмас. Шунинг учун ўзича кунини тайин қилиб қўйиш дуруст эмас. Нафл намозлар масаласида ҳам шундай.

Бидъатнинг барча турларига нисбатан диннинг ҳукми

Диндаги ҳар бир бидъат ҳаром ва залолатдир. Чунки Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: «Янги топилган ишлардан сақланинглар, ҳар бир янги топилган иш бидъатдир ва ҳар бир бидъат адашишдир», деганлар. (Абу Довуд ва Термизий ривояти.)

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламдан: «Кимки бизнинг ишимизга биз қилмаган нарсани киритса у қайтарилгандир», деган ривоят ҳам бор.

Бу ҳадислар диндаги ҳар бир янгилик бидъат эканига, бидъат эса дин томонидан рад этилган залолат эканига далолат қилмоқда. Демак ибодат ва эътиқоддаги ҳар бир бидъат ҳаром экан. Бидъатнинг турига қараб унинг ҳаромлик даражаси ва ҳукми турлича бўлади. Авлиёларга яқин бўлиш учун уларнинг қабрини тавоф қилиш, улар йўлига садақалар бериш ва қурбонликлар сўйиш, қабр эгаларидан ёрдам сўраб, уларга дуо қилиш каби бидъатлар очиқ-равшан куфрдир. Бунга – Жаҳмийя, Мўътазила каби буткул адашган фирқаларнинг гап-сўзлари мисол бўлади. Бу бидъатларни қилувчи шахс эса кофирдир. Қабрлар устига мақбара ва сағаналар қуриш, ўша ерга бориб намоз ўқиб, дуо қилиш каби бидъатлар эса ширкка (Аллоҳга бошқаларни тенг қилишга) олиб борувчи йўлдир. Хавориж, Қадарийя ва Муржиа каби тоифаларнинг шаръий далилларга тўғри келмайдиган эътиқодлари ва сўзлари каби бидъатлар эса эътиқодий тойилишдир. Тарки дунё қилиш, иссиқ кунда атайлаб рўза тутиб, офтоб тагида туриш ёки ўзича тақво қилиб ўзини бичдириш каби бидъатлар эса гуноҳдир.

Эслатма: Бидъатни яхши ва ёмон, яъни, савоб ва гуноҳ бидъатга ажратувчи хато қилади. Чунки бу Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг: «Ҳар бир бидъат залолатдир», деган сўзларига хилофдир. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам бу ҳадисларида ҳамма бидъатни залолат деб атадилар. Бидъатларни яхши-ёмонга ажратган киши эса ўз сўзи билан: «Бидъатнинг ҳаммаси ҳам адашиш эмас, балки яхши бидъат ҳам бор» демоқчи бўлади. Ҳофиз ибн Ражаб «Арбаъийн» шарҳида шундай дейди:

«Ҳар бир бидъат адашишдир», деган Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг сўзлари умумий бўлиб, диндаги биронта бидъат ундан мустасно бўлиши мумкин эмас. Бу ҳадис диннинг буюк асосларидан биридир. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг ушбу сўзлари: «Кимки дин ишимизда динимизда бўлмаган ишни яратса, у рад қилингандир», деган сўзларига ўхшайди. Кимки динда асли йўқ бўлган бир янгиликни ўйлаб топса ва уни динда бор деб даъво қилса, у адашгандир. Дин ундай кимсаларнинг гап-сўзларидан покдир. Бу бидъат эътиқод, амаллар маҳфий ёки ошкора сўзлар масаласида бўлишидан катъий назар, залолатдир.

Бидъатни «Яхши ва ёмон» деб тақсим қилувчилар ўзларига фақат битта далилни топиб олишган. У ҳам бўлса халифа Умар розияллоҳу анҳунинг мусулмонлар унинг буйруғига биноан таровиҳ намозига йиғилиб турган пайтларида: «Қандай яхши бидъат», деб айтган сўзларидир. Яна улар «Қуръон бир китобга жамлаб ёзилганида, олимлар қайтармадилар. Ахир бу Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва салламдан кейин ўйлаб топилган ишлар-ку», демоқчи бўладилар. Бу далиллар уларнинг тақсимотларига далил бўлолмайди. Умар розияллоҳу анҳунинг «Қандай яхши бидъат», деган сўзидан «бидъатнинг» луғавий маъноси тушунилмоғи лозим. Чунки шаръий маъноси тушуниладиган бўлса, бу ишга динда асос бўлмаслиги лозим эди. Лекин таровиҳ намозини ўқишга ҳам, уни масжидларда жамоат бўлиб ўқишга ҳам асос бор. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва саллам саҳобалар билан таровиҳни катта жамоат бўлиб ўқиганлар. Кейинчалик инсонлар буни фарз деб ўйламасин деган ниятда алоҳида ўқиганлар, бошқалар ҳам ўз уйларида ўқишган. Бир неча йиллардан сўнг Умар розияллоҳу анҳу бу ишни қайта тиклаганлар. Бу эса динда янгилик яратиш эмас.

Қуръонни ёзишга ҳам динда асос бор. Чунки Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам Қуръонни ёзишга буюрардилар, лекин оятлар ёзилган саҳифалар тарқоқ ҳолда эди. Кейинчалик саҳобалар (Аллоҳ улардан рози бўлсин) уни сақлаб қолиш учун уларни бир китоб қилиб жамлаганлар.

Ҳадисни ёзишга ҳам динда асос бор. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам баъзи ҳадисларни талабларга биноан ёзиб олишга буюрганлар. Ҳадисларнинг ҳаммаси ёзилса Қуръон билан аралашиб кетишидан қўрқиб, Пайғамбаримиз ҳаёт вақтларида улар тўлиқ ёзилмаган. Кейинчалик одамлар Қуръон билан ҳадиснинг фарқига бориб, Пайғамбаримиз вафотларидан кейин Қуръон мукаммал бўлгач, ҳадислар ҳам йўқолиб кетмаслиги учун мусулмонлар томонидан тўпланган. Аллоҳ таоло уларга Ислом йўлидаги фидоийликлари, Роббиларининг китоби ва пайғамбарларнинг ҳадисини йўқолишдан ва бузғунчилар қўлида бузилишдан сақлаганлари учун улуғ мукофотлар насиб этсин.

Иккинчи фасл
Мусулмонлар ҳаётида бидъатларнинг келиб чиқиши ва уларнинг сабаблари

Биринчи: Мусулмонлар ҳаётида бидъатларнинг пайдо бўлиши. Бу ерда иккита масалага тўхталамиз:

Биринчи масала: Бидъатларнинг келиб чиқиш вақти:

Шайхулислом Ибн Таймийя ёзади: «Илм ва ибодат масалаларидаги бидъатлар хулафои рошидинлар халифалигининг охирларида пайдо бўла бошлаган. Бу ҳақда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: «Мендан кейин ким яна умр кўрса, кўп ихтилофу келишмовчиликларни кўради. Ўшанда менинг суннатим ва мендан кейинги хулафои рошидинлар суннатини маҳкам ушлангиз», деганлар». (Ибн Таймийянинг «Фатволар мажмуаси» китоби. 10ж. 354-бет)

Энг биринчи бидъат тақдир масаласида чиқарилган Қадарийялар бидъати, Муржиалар бидъати, Шиъалар бидъати ва Хаворижлар бидъатидир. Бу бидъатлар ҳижрий иккинчи асрда вужудга кела бошлаган ва ўша пайтда ҳаёт бўлган саҳобалар бу бидъатни бошлаганларга қаттиқ қаршилик қилишган. Кейинчалик Мўътазила тоифасининг бидъатлари юзага келган, мусулмонлар орасида ҳар хил фикрлар, келишмовчиликлар, фитналар ва баъзи одамларда бидъатларга мойилликлар пайдо бўла бошлаган. Кейин тасаввуф бидъати, қабрларга мақбара қуриш ва бошқа бидъатлар келиб чиққан. Шундай қилиб, вақт ўтган сари бидъатнинг турлари кўпайиб борган.

Иккинчи масала: Бидъатларнинг пайдо бўлиш жойи:

Ислом ўлкалари бидъатларнинг келиб чиқишига қараб бир неча тур бўлади. Шайхулислом Ибн Таймийя айтади: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг асҳоби киромлари яшаган, ва улардан илму иймон тарқалган шаҳарлар бешта: Ҳарамайн (Макка, Мадина), Ироқон (Куфа, Басра), Шом, булардан Қуръон, ҳадис, фиқҳ илми ва ибодат аҳкомлари келиб чиққан. Худди шу шаҳарлардан (Мадинадан ташқари) аслий бидъатлар келиб чиққан. Ислом шаҳри сифатида машҳур бўлган йирик шаҳарлардан бири Куфа (Ироқда) бўлиб, унда Шиъа ва Муржиъа тоифаларининг бидъатлари чиққан ва бошқа шаҳарларга тарқалган. Бу шаҳарлардан яна бири Басра бўлиб, ундан Қадарийя, Мўътазила ва нотўғри ибодат қилувчиларнинг бидъатлари чиққан. Кейинчалик бошқа шаҳарларга ҳам тарқалган. Шомда эса Қадарийя ва Носибийя бидъатлари келиб чиққан. Жаҳмийялар эса Хуросон томонларда пайдо бўлган энг ёмон бидъатлардандир. Шаҳарларда бидъатларнинг келиб чиқиши у шаҳарларнинг Мадинадан бўлган узоқлигига ҳам боғлик эди. Усмон розияллоҳу анҳу ўлдирилгандан сўнг Ҳарурийя бидъати келиб чиққан. Мадина шаҳри эса бидъатлардан пок эди. Бу ердаги баъзи бидъатчилар ўз бидъатларини ошкор эта олмас, бордию эҳтиётсизлик туфайли ошкор қилиб қўйишса Мадина аҳли томонидан таъна-ю маломатга қолар эди. Шу сабабли бу ерда Куфа, Шом ва Басра шаҳарларидаги каби бидъат ва бидъатчилар кенг тарқалмаган эди. Саҳиҳ ҳадисларда Мадинага Дажжол кирмаслиги башорат қилинган. Мадинада илм ва иймон имом Молик даврларигача (ҳижрий IV аср) давом этган. Унгача бўлган уч аср ичида Мадинада ҳеч қандай бидъат зоҳир бўлмаган ва бу ердан Ислом асосларини бузадиган бидъатлар ҳам келиб чиқмаган. (Ибн Таймийянинг «Фатволар мажмуаси» китоби. 20-ж. 300-б.)

Юқорида зикр этилган атамалар фирқа ёки тоифа номлари бўлиб, улар ўзларининг бидъатлари ёки уламолар жамоатининг ҳукмидан бошқача ҳукм чиқарганлари сабабли ажралиб қолган тоифа ва фирқалардир.

Иккинчи: Бидъатларнинг келиб чиқиш сабаблари:

Агар Аллоҳ таолонинг китоби ва пайғамбаримизнинг суннати мустаҳкам ушланса, бидъат ва адашишдан ҳеч шубҳасиз саломат қолинади.

«Албатта мана шу Менинг Тўғри Йўлимдир. Бас, шу йўлга эргашинглар! Бошқа йўлларга (тобе бўлманг) эргашмангизки, улар сизларни Унинг йўлидан узиб қўяр...». (Анъом: 153)

Ибн Масъуд розияллоҳу анҳу ривоят қилган ҳадис эса бу оятнинг айнан шарҳидир: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам тўғри чизик чиздилар ва: «Бу Аллоҳнинг йўли»,- дедилар. Кейин унинг икки тарафига қисқа чизиқлар чиздилар ва: «Бу йўлларнинг ҳар бирининг бошида биттадан шайтон туриб, инсонларни унга даъват этиб туради»,- дедилар. Сўнг юқоридаги оятни ўқидилар. (Имом Аҳмад ва бошқалар ривояти)

Кимки Аллоҳнинг китоби ва пайғамбарнинг суннатидан юз ўгирса нотўғри йўлларга ва бидъатларга аралашиб кетади.

Бидъатнинг келиб чиқиш сабабларини тўртга бўлиш мумкин

Биринчи сабаб: Дин қонун-коидаларини яхши билмаслик. Вақт ўтиб, инсонлар дин қонун-коидаларидан узоқлашган сайин илм сусайиб, жаҳолат ва нодонлик юзага келади. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам бу ҳақда шундай хабар берганлар:

«Аллоҳ таоло илмни инсонлар орасидан суғуриб олиб қўймайди, балки уни олимларни олиб қўйиш билан кўтаради. Ҳатто биронта олимни қолдирмайди. Олимлар қолмагач инсонлар нодон кимсаларни бошларига кўтариб, улардан йўл-йўриқ сўрайдилар. Улар ҳам билмай туриб жавоб берадилар. Натижада ўзлари ҳам адашадилар, ўзгаларни ҳам адаштирадилар». (Абу Довуд ва Термизий ривояти.)

Бидъатни фақат илм енга олганидек, бидъатчини ҳам фақат олим енга олади. Илм ва олимлар йўқолиб кетса бидъат ва бидъатчиларга қулай фурсат топилади.

Иккинчи сабаб: Ҳавои нафсга эргашиш.

Кимки Қуръон ва суннатдан юз ўгирса, ўз ҳавои нафсига эргашади.

«Энди агар улар сизга жавоб бера олмасалар, бас, билинки, улар фақат ҳавойи нафсларигагина эргашурлар. Аллоҳ томонидан ҳидоятланмаган ҳолда ўз ҳавойи нафсига эргашган кимсадан ҳам йўлдан озганроқ ким бор?!...». (Қасас: 50)

Бидъатлар ҳавойи нафсга берилиш натижасида келиб чиққан ишлардир.

Учинчи сабаб: Бир одамнинг сўзини маҳкам ушлаб олиб, бошқасини тан олмаслик.

Бундай қилиш ҳақиқатга эргашиш ва далил ҳужжатлар билан иш кўришдан инсонни тўсиб кўяди.

«(Эй Муҳаммад (соллаллоҳу алайҳи ва саллам)), ҳавойи нафсини ўзига «Илоҳ» қилиб олган ва Аллоҳ уни билган ҳолида йўлдан оздириб, қулоқ ва кўнглини муҳрлаб, кўзи олдига парда тортиб қўйган кимсани кўрганмисиз? Бас, уни Аллоҳ (йўлдан оздиргани)дан сўнг ким ҳидоят қила олур?!...». (Жосия: 23)

Ҳозирги кунда баъзи бир тоифалар мазҳабларга ёки тасаввуфга қаттиқ берилиб худди юқоридаги оятда айтилган кишиларга ўхшаб қолмоқдалар. Чунки бу инсонларга Қуръон ва ҳадисга эргашинглар дейилса, улар ўз шайхлари, тариқатлари, мазҳаблари, ота-боболари юрган йўллари ва қилган ишларини рўкач қиладилар.

Тўртинчи сабаб: Кофирларга ўзини ўхшатиш:

Бу амал ҳам бидъатга олиб борадиган энг яқин йўллардан биридир. Имом Термизий ривоят қилган саҳиҳ ҳадисда Абу Воқид ал-Лайсий айтади: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам билан Ҳунайн деган жойга чиқдик. Биз куфрдан исломга янги кирган кишилар эдик. Мушрикларнинг сидр деган дарахтлари бўлиб, соясида ўтирардилар, қуролларини унга осиб кўярдилар. У дарахтни «Зоти Анвот» дейиларди. Биз шу дарахт ёнидан ўтаётганда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламга: «Бизга ҳам уларникига ўхшаган «Зоти Анвот» қилиб беринг» дедик. Шунда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: «Аллоҳу Акбар! Бу сўзингиз ўтмишдагилар одатидир, сизлар уни гапириб қўйдингиз. Жоним Қўлида бўлган Зотга қасам ичиб айтаманки, Бану Исроил қавми ҳам Мусо алайҳиссаломга шундай деган эди».

«Эй Мусо, бизларга ҳам уларнинг илоҳлари каби худо қилиб (ясаб) бер», дедилар. У айтди: «Албатта сизлар билмайдиган қавмдирсизлар». (Аъроф: 138)

Кейин Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам: «Ўзларингиздан олдингиларнинг йўлларига эргашиб кетишингиз аниқ», дедилар.

Мана, кофирларга ўзини ўхшатиш оқибатида Бани Исроил ўз пайғамбаридан худо ясаб беришни сўради ва пайғамбаримиз Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг баъзи саҳобалари Расулуллоҳдан хос дарахт қилиб беришни талаб қилишди. Ҳозир ҳам кўпчилик кишилар кофирларга тақлид қилиб турли байрамлар, туғилган кунлар, юбилейлар, ҳайкаллар, бюстлар, ўликка қилинадиган маросимлар, қабрларга тошлар қўйиш каби ва булардан бошқа турли хил бидъатлар ўйлаб топмоқдалар.

Учинчи фасл
Бидъатчиларга нисбатан Ислом умматининг муносабати

Аҳли сунна вал-жамоанинг бидъатчиларни рад қилиш услуби.

Аҳли сунна вал-жамоанинг бидъатчиларга муносабати:

Аҳли сунна вал-жамоа уламолари ҳозиргача бидъатчиларга қарши туриб, бидъатларни рад қилиб келмоқдалар. Уларнинг далилларидан айримларини келтириб ўтамиз:

1. Умму Дардо айтади: Абу Дардо ғазабланган ҳолда уйга келди. Мен ундан: «Нима бўлди?», деб сўрадим. Аллоҳга қасамки одамлар ичида Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва саллам давридаги ишлардан фақат жамоат бўлиб намоз ўқишнигина кўраяпман, деди Абу Дардо. (Имом Бухорий ривояти)

2. Амр ибн Яҳё айтади: Отам менга отасидан эшитганини сўзлаб берди: Бир кун бомдод намозидан олдин Абдуллоҳ ибн Масъуднинг эшиги олдида уни кутиб ўтирардик. Абдуллоҳ ибн Масъуд уйидан чиққач масжидга кетмоқчи эдик. Абу Мусо Ашъарий келиб: Абу Абдурроҳман чиқмадими?, деб сўради. Биз йўқ дедик. У биз билан ўтириб кутди. У киши чиққач ҳаммамиз ўрнимиздан турдик. Абу Мусо Ашъарий: «Эй Абу Абдурроҳман, ҳали масжидда бир ишни рад этдим. Менимча у яхши иш эди», деди. Абу Абдурроҳман: «У нима экан?», деди. Бир оз турсанг кўрасан, деди Абу Мусо. Биз масжидга келдик. Кишилар қўлларида тошчалар билан ҳалқа-ҳалқа бўлиб намозни кутиб ўтирганларини кўрдим, ҳар бир ҳалқа ўртасида бир киши туриб, уларга юз марта «Ла илаҳа иллаллоҳ», денглар, дер, улар шундай қилардилар. Юз марта «Аллоҳу Акбар» денглар, дер, улар шундай қилардилар. Юз марта «Субҳаналлоҳ» денглар, дер, улар шундай қилардилар. Шунда Абу Абдурроҳман: «Эй Абу Мусо, уларга гуноҳларингизни ҳисобланглар, савобларингиз ҳеч камайиб қолмайди демадингми?», деди. Шундай деб Абу Абдурроҳман ҳалқалардан бирининг ёнига келиб: «Нима қиляпсизлар?», деди. Эй Абу Абдурроҳман, майда тошлар (тасбеҳ) билан такбир, тасбеҳ ва таҳлилларни санаяпмиз, дедилар. Гуноҳларингизни сананглар, мен савобларингиз камайиб қолмаслигига кафолат бераман. Эй Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва саллам уммати, ҳолингизга вой бўлсин, ҳалокатларингиз нақадар яқин келиб қолибди. Пайғамбарнинг саҳобалари ҳали тирик, ул зотнинг кийимлари ҳали эскирмаган, сув ичган кўзалари ҳали синмаган бўлса-ю, сизлар ҳалокат жари ёқасига келиб қолсангиз. Жоним Қўлида бўлган Зотга қасамки, сизлар Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва саллам динидан кўра тўғрироқ дин топибсизлар ёки залолат эшигини очибсизлар..., деди. Улар «Аллоҳга қасамки эй Абу Абдурроҳман, биз яхши ниятда қилдик», дедилар. Шунда у «Кўпчилик яхшиликни хоҳлайди ва яхши ният қилади, лекин унга етолмайди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам бизларга келажакда баъзи бир қавмлар чиқишини, уларнинг Қуръон ўқишини, аммо ўқиганлари халқумларидан нарига ўтмаслиги ҳақида айтганлар. Аллоҳга қасам ичиб айтаманки, уларнинг кўпчилиги сизлардан чиқса керак деб ўйлайман, деди. Улардан юз ўғириб кетди. Амр ибн Салама айтадики: «Наҳрувон жангида ўшаларнинг кўпчилиги Хаворижларга қўшилиб, бизга қарши жанг қилаётганини кўрдик». (Имом Тирмизий ривояти)

3. Имом Молик ибн Анас олдиларига бир киши келиб: «Қаердан эҳромга кираман?», деб сўради. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам белгилаб берган ва ўзлари ҳам эҳромга кирган мийқотдан кирасан, дедилар имом Молик.

У киши: Агар узоқроқдан кирсамчи?

Имом Молик: Бунақасини ҳали кўрмаганман. Бунинг нимаси ёмон? Фитнага сабаб бўлишинг мумкин. Яхшиликни зиёда қилсам қандай фитна бўлиши мумкин? Аллоҳ таоло: «Пайғамбарнинг ишига хилоф иш тутадиганлар бирон фитна бўлишидан ёки ўзлари қаттиқ азобга дучор бўлишларидан эҳтиёт бўлсинлар», дейди. Агар сен Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам белгилаб бермаган яхшиликни ўзингга белгилаб олсанг ундан катта фитна борми?

Аллоҳга ҳамдлар бўлсин, уламолар ҳамиша бидъатчиларга қарши курашиб келганлар.

Бидъат аҳлига аҳли сунна вал-жамоанинг раддия бериш услуби

Аҳли сунна вал-жамоанинг барча иши Қуръон ва ҳадис устига қурилган. Бу энг мустаҳкам аслдир. Улар бидъатчиларнинг бидъатларини баён қиладилар. Сўнг суннатни маҳкам ушлаш ва бидъатларни инкор қилишга Қуръон - ҳадисдан далил келтирадилар. Аҳли сунна вал-жамоа уламолари бу борада кўп китоблар ёздилар ва уларда шиа, хавориж, жаҳмийя, мўътазила ва ашоъира кабиларнинг иймон эътиқоддаги бидъат сўзларини инкор қилдилар. Бу каби бидъатларнинг ҳар бири учун хос китоблар ҳам ёзилган. Мисол учун имоми Аҳмаднинг жаҳмийя тоифасига қарши ёзган китобларини, Усмон ибн Саид ал-Баромий, Ибн Таймийя ва унинг шогирди Ибн Қаййим, шайх Муҳаммад ибн Абдулваҳҳоб кабиларнинг сўфийлар, қабрга сиғинувчилар ва бошқа тоифаларга қарата ёзган китобларини келтириш мумкин. Қадимий китоблардан қуйидагиларни ҳам санаш мумкин:

  1. Китобул иътисом. (Имом Шотибий).
  2. Китобу иқтизоис сиротил мустақийм. (Ибн Таймийя). Бидъатчиларга нисбатан жуда кўп таъна-танбеҳлар бу китобда ёритилган.
  3. Китобу инкорил ҳаводис вал бидаъ. (Ибн Ваззоҳ).
  4. Китобул ҳаводис вал бидаъ. (Тортуший).
  5. Китобул боис ала инкорил бидаъи вал ҳаводис. (Абу Шамма).
  6. Китобул минҳажис суннатин набавийя фиррадди алар-рофиза вал қадария (Ибн Таймийя).

Замонавий китоблар мисолида қуйидагиларни айтиш мумкин:

  1. Китобул ибдоъ фи мазоррил ибтидоъ. (Али Маҳфуз).
  2. Китобус сунани вал-мубтадиъотил мутааллиқати бил-азкори вассалавот. (Муҳаммад ибн Аҳмад).
  3. Рисолатут таҳзийр минал бидаъ. (Абдулазиз ибн Боз).

Аллоҳга шукрким, уламоларимиз ҳали ҳам бидъатни инкор этиб, бидъат аҳлига қарши китоблар ёзмоқдалар. Бу ҳаракатлар мусулмонларни поклашга ва бидъатни йўқолишига катта таъсир кўрсатади, иншоаллоҳ.

Тўртинчи фасл
Ҳозирги кундаги баъзи бидъатлар

Ҳозирги пайғамбар билан бизнинг замонамиз орасида кўп вақт ўтганлиги, илмсизлик, бидъатга чақирувчилар кўпайгани ва кофирларга тақлид қилиш кучайиб кетганлиги сабабли жуда кўп бидъатлар мавжуд. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: «Ўзингиздан олдин ўтган умматларнинг урф-одатига эргашиб кетишларингиз аниқ», деб бекор айтмаганлар. (Имом Тирмизий ривояти)

Бу бидъатларнинг баъзилари билан танишиб ўтамиз:

1 Рабиул аввал ойида пайғамбаримиз туғилган кунлари-мавлудни нишонлаш.

Бу одат христианларнинг ўз пайғамбарларининг туғилган кунини нишонлашларига ўхшайди. Оми мусулмонлар ёки адашган уламолар ҳар йили рабиул аввал ойида Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг туғилган кунлари муносабати билан масжидларда, уйларда ёки маҳсус жиҳозланган жойларда байрам уюштирадилар, уларга кўпчилик ташриф буюради. Бу христианларнинг пайғамбарлари туғилган кунни нишонлашларига ўхшайди. Бундай муносабатлар ширк ва мункар амалларга олиб боради. Мисол тариқасида Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам номларига битиладиган қасидалар тўқилиши ва буларда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам ҳақида ҳаддан ошиш, баъзиларида Аллоҳни қўйиб пайғамбарга дуо қилиш ва ундан ёрдам сўраш ҳолатларини олиш мумкин. Пайғамбаримиз Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва саллам ўзларини ҳаддан ортиқ мақташдан қайтарганлар: «Христианлар Марямнинг ўғлини (яъни ўз пайғамбарларини) ҳаддан ортиқ мақтаб юборганлари каби сизлар ҳам мени ҳаддан ортиқ мақтаманглар. Мен бир бандаман, шунинг учун Аллоҳнинг қули ва элчиси денглар». (Муттафақун алайҳи)

Баъзилар мавлуд бўлаётган жойга Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг руҳлари келади деб ишонишади.

Бу бидъатдаги хунук ҳолатлардан бири – жўр бўлиб қасида айтиш, унга дўмбирани жўр қилиш каби бидъатчи тасаввуф аҳлининг одатларидан. Баъзи ўринларда фитнага сабаб бўладиган эркагу аёлнинг аралашиб кетишига ўхшаш ношаръий ҳоллар ҳам юз беради.

Мазкур ишлардан холи бўлиб, фақат одамлар йиғилиб, овқатланиб, ҳурсандчилик қилиб ўтирадиган маросим бўлган тақдирда ҳам, бидъатдир. (Ҳар бир янгилик бидъат, ҳар бир бидъат залолатдир. Бундан ташқари у байрам ва тантаналарда келиб чиқадиган кўнгилсизликлар ва уларнинг ривожланишига олиб келадиган йўлдир).

Бу ишни бидъат дейишимизга сабаб - Қуръонда ҳам, суннатда ҳам, ўтган уламоларнинг китобларида ҳам бунга асос йўқ. Бу маросимни ҳижрий IV асрда Шиалардан бўлмиш Фотимийлар тоифаси ўйлаб чиқарган. Имом Абу Ҳафс Тожуддин ал-Фокиҳоний ўзларининг (Мавлуд ҳақида ўринли рисола) номли китобларида шундай ёзадилар: "Рабиул аввал ойида ўтказиладиган «Мавлуд» номли тантана ҳақида бир гуруҳ мусулмонлар менга кўп марта савол бериб, асосли жавоб ва мукаммал изоҳ сўрашди. Мен қуйидагича жавоб бердим: Тавфиқ Аллоҳнинг қўлидадир - «Мен бу тантана ёки маросимга Қуръонда ҳам, суннатда ҳам ҳеч қандай асос кўрмаганман. Ислом динида йўлчи юлдуз бўлган олимлардан биронталари бу маросимни ўтказганликлари ҳам ҳеч қаерда айтилмаган. Бу баттол кимсалар ўйлаб топган бидъатдир. Бунинг фақат қорин ғамида юрганлар учун фойдаси бор".

Шайхулислом Ибн Таймийя ўзларининг (Тўғри йўлни топиш) номли китобларида шундай дейдилар: «(Одамлар христианларга тақлид қилиб ёки Пайғамбаримизни яхши кўриб, ҳурмат қилганлари учун мавлуд бидъатини ўйлаб топишди. Аслида Пайғамбаримизнинг туғилган кунлари ҳақида тарихчилар ҳар хил кунларни айтганлар. Агар бу тўғри ва фойдали иш бўлганида эди, ўтмишдаги солиҳ уламолар (Аллоҳ улардан рози бўлсин) шу ишни қилган бўлардилар. Чунки улар Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламни сиз билан биздан кўра қаттиқроқ яхши кўрардилар, кўпроқ ҳурмат қилардилар. Лекин Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламни ҳурмат қилиш ва яхши кўриш у кишига эргашиш, итоат этиш, амрларига бўйсуниш, суннатларини тирилтириш (хоҳ маҳфий суннат, хоҳ ошкор), у киши олиб келган динни ёйиш, шу йўлда қалби, тили ва қўли билан жиҳодда кўринади. Бу йўл ўтмишдаги муҳожир ва Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам ҳижрат қилиб келганларида бошпана бериб, у зотга эргашган ансорийларнинг йўлидир.

Бу бидъатни йўқотиш учун кўп китоблар ёзилган ва ёзилмоқда. Мавлуд маросими бидъатлиги ва христианларга тақлид эканлигидан ташқари авлиёлар, шайхлар, подшоҳлар ва бошқа нуфузли кишилар туғилган кунини нишонлашга йўл очиб беради ва кўп ёмонликларга сабаб бўлади.

2 Баъзи жойларни, қадимий обидаларни ёки инсонларни (хоҳ тирик, хоҳ ўлик) табаррук қилиб олиш:

Табаррук - арабча сўз бўлиб, барака сўраш деган маънони англатади. Барака ҳам арабча сўз бўлиб, яхшиликни зиёда бўлиши ва доимий қолиши маъносини билдиради. Баракани талаб қилиш фақат уни беришга қодир бўлган Зотга қаратилмоғи лозим. У зот ёлгиз Аллоҳ таолодир. Аллоҳдан бошқалар эса (у ким ёки нима бўлишидан катъий назар) барака беришга ҳам, уни давомли қолдиришга ҳам қодир эмаслар. Энди баъзи жойларга, обидаларга ва ҳаёт ёки вафот этган инсонларга бориб, уларни табаррук деб билиш, яъни барака умид қилишга қуйидагича ҳукм чиқариш мумкин: Агар у одам шу нарса ё кимсалар барака беради, деб эътиқод қилса у ширк келтирган бўлади. Агар шу нарса ёки кимсалар сабабли Аллоҳ менга барака беради деган бўлса, у ширкка томон йўл олган бўлади.

Саҳобалар Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг соч ёки соқол толалари, терлари ёки баданларидан чиққан шунга ўхшаш нарсаларни табаррук қилиб олганлар. Бу фақат Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламга хос бўлган ва у кишининг ҳаётлик вақтларида амалга оширилган. Пайғамбаримизга-ки шундай муносабатда бўлинган экан, демак авлиёларнинг ўзини, қабрини ёки улар босган жойларни табаррук қилиб олиш мутлақо мумкин эмас.

Ўтмишдаги солиҳ уламолар ҳатто Абу Бакр ва Умар розияллоҳу анҳу каби ислом оламидаги буюк шахсларни ҳаётлик вақтларида ҳам, вафотларидан кейин ҳам табаррук билишмаган ёки солиҳ уламолардан биронталари Ҳиро ғорига бориб намоз ўқиб ёки дуо қилиб келмаган. Ҳеч бир киши Аллоҳ таоло Мусо соллаллоҳу алайҳи ва саллам билан сўзлашган Тур тоғига бориб намоз ўқиб, дуо қилиб келмаган. Умуман бирон пайғамбар ёки авлиёнинг қадами теккан жойларга бориб табаррук қилишмаган. Мадинаи Мунавварадаги Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам доимий намоз ўқиган жойларини биронталари бориб силаб ўпмаган ёки Маккадаги қадамлари теккан жойларни тавоф қилмаган. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва саллам ўз қадамлари теккан ёки намоз ўқиган жойларини силаб ўпишни умматларига ўргатмаганлар. Қайси асосга биноан бировлар намоз ўқиган ёки ухлаган жойларини ўпиб силаш ёки табаррук қилиш мумкин?! Уламолар бундай ишлар Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг кўрсатмаларидан эмаслигини таъкидлаганлар.

3. Ибодатлар ва Аллоҳга яқин бўлиш мақсадида қилинадиган ишлардаги бидъатлар.

Ҳозир ибодатлар ичида ҳам бидъат амаллари кўпайиб кетган. Ибодатлар масаласида фақат буюрилган ишларни қилиш керак, айтилмаган нарсаларни кўзига яхши кўрингани учун ўзича ибодатга қўшиб олиши мумкин эмас. Буюрилган ишлар эса далил билан исботланади, далил топилмаган ишлар қуйидаги ҳадисга биноан бидъат бўлади:

«Кимки бизнинг ишимиздан бўлмаган бир ишни қилса, у иш рад қилинади».

Ҳозир далил-ҳужжати бўлмаган ишлар кўпдир: Масалан, «Фалон намозни ўқишга ният қилдим» - деб овоз чиқариб ният қилиш. Бу бидъатдир, чунки Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг суннатлари бундай эмас эди. «(Эй Муҳаммад, у аъробийларга) айтгин: «Сизлар Аллоҳга динингларни (иймонларингни, ҳақиқий эканлигини) билдирмоқчимисизлар?! Ҳолбуки, Аллоҳ осмонлардаги ва Ердаги бор нарсани билур. Аллоҳ барча нарсани билгувчидир!». (Ҳужурот: 16)

Ниятнинг жойи қалб бўлиб у тилда эмас, қалбда адо этилади.

Намоздан кейин ўтириб, жамоат бўлиб тасбеҳ ва бошқа зикрларни айтиш ҳам бидъатдир. Чунки шариатда зикр-тасбеҳларни ҳар ким ўзи мустақил айтиши кўрсатилган.

Яна дуодан кейин ёки маросимларда ёҳуд ўликларга атаб «Фотиҳа» сурасини ўқиш ҳам бидъатдир. Ўликларга атаб маросимлар ўтказадиган, таомлар пиширадиган, Қуръон ўқувчиларни ёллаб Қуръон ўқитадиган ва шу билан ўликка бирон фойда етказдим деб ўйлайдиганлар кам эмас. Бу амалларнинг ҳаммаси бидъат бўлиб, динимизда уларни қўллаб-қувватлайдиган асос йўқ. Улар инсонлар ўзлари ўйлаб топган уйдирмалардир.

Баъзи диний саналарни, масалан, исро ва меърож кечаси ёки ҳижрат қилинган кунни байрам қилиб маросим ўтказишлар бидътдир.

Шунга ўхшаш ражаб ойида ражаб умраси деб атайлаб умра қилиш, ўша ерда рўза тутиш, атайлаб ўша куни нафл намозлар ўқиш ҳам бидъатлар жумласидандир. (Бу амалларга бошқа ойда қанча савоб бўлса бу ойда ҳам худди шундай. Бу ойда қурбонлик қилса, қурбон ҳайитидан бошқа ойларда қилган қурбонлик савоби билан баробар ажр бўлади). Шунингдек баъзи тасаввуф аҳлининг ўйлаб чиқарган маълум усулда ва маълум вақтларда айтиладиган зикрлари ҳам бидъатдир. Чунки улар шариатда кўрсатилган зикрлар услуби ва вақтига хилофдир. Шаъбон ойининг ўрта кечасида атайлаб фақат намоз ўқиш ва ўрта кунида атайлаб рўза тутиш ҳам бидъат. (Аммо одатий вақти ва шароити шу кун ёки шу кечага тўғри келиб қолса зарари йўқ).

Бундан ташқари қабрлар устига мақбаралар қуриб, у ерларни масжид қилиб олиш ҳам бидъат саналади. Қабрларни табаррук санаб тавоф қилиш, ўликларга илтижо қилиш ва қабр зиёратига аёлларнинг бориши ҳам шулар жумласидандир. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам қабрларни зиёрат қилувчи аёлларни, у ерни масжид қилиб олиб намоз ўқувчиларни ва қабрларга шам ёки чироқ ёқувчиларни лаънатлаганлар.

Хотима

Бидъат - куфрга олиб борувчи йўл. У Аллоҳ ва Расули соллаллоҳу алайҳи ва саллам кўрсатмаган нарсани динга қўшишдир. Бидъат гуноҳи кабиралардан ёмонроқдир. Шайтон гуноҳи кабирадан кўра бидъат қилувчи билан кўпроқ қувонади. Чунки гуноҳ қилувчи гуноҳ қилаётганини билиб туради ва у вақти келиб тавба қилиши мумкин. Бидъат қилувчи эса қилаётган ишини диний амал, савобга эга бўламан деб ўйлайди ва тавба қилиш у ёкда турсин, қилаётган иши гуноҳ эканини ҳам билмайди.

Бидъат суннат амалларининг йўқолишига олиб келади, бидъатчиларга суннатни ва унга амал қилувчиларни ёмон кўрсатиб кўяди. Бидъат инсонни Аллоҳдан узоқлаштиради, Аллоҳнинг ғазаби ва азобига дучор қилади ва қалбларнинг бузилиб, қорайишига олиб келади.

Бидъатчиларга қандай муомалада бўлинади?

Бидъатчи билан бирга даврада ўтириш ёки унинг зиёратига бориш ман қилинган. Агар унга насиҳат қилиш ёки қилаётган ишидан қайтариш учун борилса, мумкин. Улар билан алоқа қилиш кишига ёмон таъсир кўрсатади ва нафрат-адовати бошқаларга ҳам ўтишига сабаб бўлади. Агар уларни бу йўлдан қайтаришнинг иложи бўлмаса, давлат раҳбарлари бидъатчиларни ман қилишлари ва бу йўлларидан қайтаришлари шарт бўлади. Чунки улар исломга жуда катта хавф туғдирадилар.

Кофир давлатлар бидъатчиларни қўллаб-қувватлаётгани, Ислом дини оёғига болта уриш учун жуда қулай восита бўлгани боис бидъат амалларини халқ ичида тарқатишга катта ёрдам бераётганини ҳам мусулмонлар билишлари лозим.

Аллоҳ таолодан динига ёрдам бериб, шаҳодат калимасини устун қилишини ва душманларини хор этишини сўраймиз. Аллоҳ таоло пайғамбаримизга, У зотнинг оила аъзоларига ва дўст-ёрларига саломлар ва салавотлар юборсин.