асосий менюАсосий менюМахсус бўлимларҚўшимча бўлимАмал мавсуми |
асосий қисм
Баъзи оталарга мактуб5194 марта кўрилган Тайёрлаган: «Ибн Хузайма нашриёти» Бу мақолани кўриб чиққан: Шайх Абдуллоҳ ибн Жибрин Мутаржим: Абу Жаъфар ал-Бухорий Бисмиллаҳир роҳманир роҳим Шубҳасиз, ҳар бир ота ўғлининг ўқишлари муваффақиятли бўлишини умид қилади. Шунинг учун ҳам, ўғлининг муваффақиятга эришиши, тўғри йўлда бўлиши ҳамда сабот билан туришини Аллоҳ таолодан сўраб, дуолар қилади-да, уни имтиҳонлардан муваффақиятли ўтса мукофотлантиришига умидлантиради ва имтиҳонларга тайёрлайди ҳамда имтиҳонлардан йиқилишидан огоҳлантириб, таҳдидлар қилади. Бу – инсониятга қўшиб яратилган табиатдир. Эй меҳрибон ота, сиз ўғлингизнинг ўқиши, келажаги ва дунёвий ишларига бу қадар эътибор бердингиз, ўзингизни бу ишлардан масъул ҳис этдингиз! Кошки унинг охиратига бўлган эътиборингиз, дунёсига бўлган эътибор каби бўлсайди! Кошки унинг ўлимидан кейинги ҳаётига бўлган эътиборингиз, дунё ҳаётидаги роҳати ва саодатига бўлган эътиборингиз каби бўлса! Эй, ота! Сизнинг масъулиятингиз ўғлингизнинг фоний дунё илмларинигина қамради ва боқий охиратини эътиборсиз қолдирди. Сиз унинг ҳаёти билан шуғулландингиз, бироқ, ўлимидан кейинги ҳаётини ўйламадингиз: унга лой ва бетон уйларни қурдингиз, аммо, уни охиратдаги инжу, маржон ва ёқутлардан қурилган уйлардан маҳрум этдингиз! Сизнинг ўғлингиздан кутган ғоя ва мақсадингиз, унинг табиб, ёки муҳандис, ёки учувчи, ёки ҳарбий бўлиши эди. Ахир булар боқий охиратни эътиборга олмай, дунё ҳаёти ортидан қувиш, хуллас, дунёвий орзу-умидлар-ку! Бу ҳолатлар жамиятда нодир эмас. Балки, одамларнинг кўплари бунга мубтало бўлишган. Улар фарзандларининг жисмонан тарбияланишига жиддий ҳаракат қилиб, яшаш ва бахтиёр бўлишлари ёки бахтиқаро бўлиб ҳалок бўлишларига сабаб бўладиган қалб тарбияларига эътиборсиз бўлиб қолдилар. Бу – жамият яшаётган воқеъликдир. Эй, меҳрибон ота, сўзимизнинг мисоли ўлароқ шуни тасаввур қилинг: ўғлингиз имтиҳондан кечикиб қолса, қандай ҳолатга тушасиз? Нималарни ҳис қиласиз? Унинг имтиҳондан кечикмаслиги учун вақт билан мусобақалашмайсизми?! Ёки имтиҳонга ета олмаслигини била туриб, ширин уйқунгизда давом этасизми?! Гўё «йўқ!»- деб жавоб бергандек бўлдингиз! Ўғлингиз бомдод намозидан ухлаб қолган пайтдаги туйғуларингиз, имтиҳондан ухлаб қолган кунидаги туйғуларингизга ўхшайдими?! Сиз унинг имтиҳонда нималар қилгани ва қандай жавоблар бергани, жавоби тўғри ёки нотўғри чиққанини сўрагандирсиз?! Ундай бўлса, ўғлингизнинг диний ишлари ҳақида бирор кун сўраб кўрдингизми? Сиз унинг намоз ўқидими ёки ўқимадими, сўрадингизми?! Сиз унинг ким билан юриб, ким билан тураётганидан хабардормисиз? Ундан уйдан чиққанидан сўнг қаерларда юрганини сўраб кўрдингизми? Ўғлингизнинг имтиҳонларда тўла жавоб бера олмаганини билган пайтингизда руҳан эзиласизми ёки ҳимматингиз кўтариладими? У, диний ишлари ва вазифаларида сустлик қилгани замон руҳан эзиласизми? Имтиҳонга тайёрланиши ва дарсларини такрорлаши учун уйингиздаги чалғитадиган барча нарса: видео, телевизор, рўзнома ва ойнома каби кўнгилочар нарсалардан ўғлингизни ман қилмайсизми? Шундай экан, иккинчи имконияти ва такрори бўлмаган имтиҳон ҳақида нима дейсиз? У имтиҳонда ё муваффақият ва ё йиқилишгина бор, холос! Бунинг маъноси эса, жаҳаннамга тушиш, Аллоҳ сақласин, хорлик ва хўрлик қийноқлари, демакдир. Айтингчи, унинг дипломлари, мартабалари ва молу мулки, амал номалари чап тарафидан берилса ва: «Кошки номам берилмаса ва мен ҳисоб-китобимни билмасам эди. Кошки ўша (биринчи ўлим)– ҳал қилувчи иш бўлса эди! Менинг молу мулким фойда бермади-я! Менинг салтанатим ҳалок бўлди-я!»- деб фарёд чекканида, қандай фойда бериши мумкин?! Менинг дипломларим, мансабларим, салтанатим ва дунёвий илмларим тугаб, битди!.. Зарар ва имтиҳондан йиқилиш.... Ўғлингиз бу дунёда табиб, муҳандис, учувчи ёки муаллим бўлиши мумкин. Охиратда эса ё бахтли, ёки бахтиқаро бўлади. Одамлар икки гуруҳ бўладилар: Бири жаннатда ва бошқаси жаҳаннамда ... Биз ўғилларингизга дунёвий илмларни ўргатманглар ва уларни ўз ҳолига қўйинглар, демоқчи эмасмиз. Йўқ! Биз фақатгина, охиратга бўлган эътибор, дунёга бўлган эътибордан кўра авлороқ, ҳаракат қилишга лойиқроқ ва кўпроқ интилиш керак бўлган нарса эканини эслатмоқчимиз, холос. Эй, оталар! Сизларнинг қайси бирингиз ўз фарзандига Қуръон ва суннатни ўргатадиган муаллимни излади? Бундай қилганлар бармоқларда саналади... Кошки бундай қилмаганлар фарзандларини ёмонлик ва фасодлардан қайтара олган бўлсалар эди! Баъзилар ёмон ниятлар билан ўғли учун машина келтириб, Аллоҳнинг зикри ва тоатидан тўсадиган ҳаром суратлар билан тўлдирилган уйларни тайёрлаб берди! Сизларнинг қайси бирингиз ўғлингиз Қуръоннинг бир порасини ёд олганида, ёки Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллламнинг суннатларидан бирини ўрганганида бирон бир совга олиб берди?! Буни қилганлар жуда ҳам оз. Аллоҳ озликка барака бериб, кўпайтирсин! Баъзи оталар ўғлига, имтиҳондан муваффақиятли ўтса, қайсидир бир мамлакатнинг денгиз соҳилларида таътилини ўтказиш ёки машина сотиб олиб беришни ваъда қиладилар! Аммо муваффақиятга эришса умра қилиш ва Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг масжидларини зиёрат қилиш каби ишларни ваъда қилмайдилар. Бунинг оқибатида Қуръон Карим ўрнини ойномалар, мисвок ўрнини сигаретлар олди ва у фарзанд ҳайвонлар каби улғая бошлади: «Улар ҳайвонлар кабидир. Балки, ҳайвондан ҳам адашгандирлар. Улар ғофиллардир». Жисмонан тарбия қилган фарзандларимизнинг ақли ва қалбини ҳам тарбия қилишимиз ва унинг ўлимидан кейинги ҳаётига ҳам жиддий эътибор беришимиз керак. Бунинг биринчи одими ўлароқ, ўз нафсимизни тузатишимиз керак. Зотан, ўзимизни тарбия қилсакгина, улар ислоҳ бўладилар ва уларга Аллоҳнинг ёрдамлари ёғилади. Аллоҳ таоло деди: «Уларнинг оталари солиҳ инсон эди». Иккинчидан эса, исломий тарбияни ғоя ва мақсад қилиб олишимиз керак. Табиийки, дунёвий илмларни ўрганишга ҳеч бир монеълик йўқдир. Лекин охиратга кўпроқ эътибор берайлик. Аллоҳ таоло деди: «Аллоҳ сизга берган нарсаларда охират ҳовлисини талаб қилинг ва дунёдан бўлган насибангизни ҳам унутманг!». Эй, ота! Аллоҳдан қўл остингиздагилар ҳақида қўрқинг! Сиз улардан Аллоҳ ҳузурида жавобгарсиз! Аллоҳ сизга омонлик бериб, сиз фарзандларингизга фильмлар, серияллар, ҳаёсиз ойномалар ва фасодларни ёядиган жиҳозларни олиб беришда Аллоҳдан қўрқинг! Агар уларни олиб берсангиз, омонатга ва қўл остингиздагиларга хиёнат қилган бўласиз. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: «Аллоҳ қўл остидагилардан масъул қилиб қўйган шахс, ўлган куни қўл остидагиларга хиёнат қилиб ўлар экан, Аллоҳ уни жаннатдан маҳрум қилади»- дедилар. Эй, меҳрибон ота! Мен сизни, ўз фарзандини жонидан севган ва у учун барча нарсани фидо қилишга тайёр бўлган Луқмон алайҳиссаломнинг ўғлига қилган насиҳати ҳақида тафаккур қилишга чақираман. У дунёни васият қилдими? Ёки зийнатларними? Йўқ, У ўғлини покиза ҳаётда яшатадиган ва аламли азобдан қутқарадиган нарсага – Аллоҳга шерик келтирмасликка васият қилди: «Дарҳақиқат, ширк катта зулмдир». У ўғлини Аллоҳнинг азобидан қутқарадиган нарсага далолат қилди. У – намозни барпо қилиш, яхшиликка буюриш, ёмонликдан қайтариш билан Аллоҳ таоло томон келишдир. Ундан сўнгра эса, Луқмон алайҳиссалом ўғилларини аввало нафси, кейин эса мартабаси юксаладиган гўзал хулқларга далолат қилди. Бу билан нафс махлуқларга нисбатан мутакаббир ва хор бўлмайди. Бу эса, виқор билан юриш ва оҳиста сўзлаш эди: «Дарҳақиқат, овозларнинг энг ёмони – эшакларнинг овозидир». Эй, Аллоҳнинг бандаси! Бу – меҳрибон ота қилган васиятнинг хулосасидир. Сиз ўғлингизга бу васиятни ёки унинг баъзисини қилдингизми?! Афсуски, баъзи оталар ўғилларининг ҳимматларини сусайтириш ва умидларини пучга чиқаришдан нарига ўтмаяптилар. Баъзилар Аллоҳ ўғилларини Ислом динига ҳидоятлаб қўйса, уларга бақириб-чақирмоқдалар, турли бўлмагур васвасаларни ижод қилиб, уни руҳий муаммо деб номлаб, ўғиллари устидан масхара қилиб, кулмоқдалар. Бироқ, ҳеч бир кимса бу оталарнинг ўғилларининг устидан кулаяптими, ёки ўғиллари шакллаётган дин устидан масхара қилиб, кулаяптими, била олмайди. Эй, ота, бу омонатдорликми? Бу – қўл остидагилар учун насиҳатми? Аллоҳдан улар ҳаққида қўрқинг! Уларнинг тарбияларида Аллоҳни унутманг! Уларга динлари ва дунёларида манфаатли бўлган нарсаларни ўргатинг! «Бу дунё – ўйин-кулгу ва беҳудаликдангина иборатдир. Агар билсалар, охират диёри ҳақиқий ҳаётдир». Эй, оталар! Сизлар фарзандларингизни дунё имтиҳони учун тайёрламоқдасизлар. Улар ҳаққида Аллоҳдан қўрқингиз ва ўзингиз билиб, уларга ҳам билидиринглар-ки, Аллоҳнинг матоҳи дунё зийнатларидан кўра қийматлироқ ва олийроқдир. Уларга ўргатинглар-ки, ҳақиқий зафар нафснинг Аллоҳ рози бўлган нарсалари олдида бош эгишидир! Эй, оталар! Ўзингиз билиб, фарзандларингизга ўргатинглар-ки, ҳақиқий бахт-саодат Аллоҳнинг тақвосида мужассамдир! Эй, оталар! Унутманглар-ки, қиёмат куни маҳшаргоҳдан зулм қилган ҳеч бир киши қочиб қутула олмайди. У кунда болалар оталардаги, хотин эса умр йўлдошидаги зулмларни кўриб қувонадилар. Фарзандлар қиёмат куни оталари устидан даъво қилиб, Аллоҳ таолонинг ҳузурига келадилар ва: «Роббимиз, бизларни Сениннг розилигингдан чалғитадиган ишлар билан зое қилган ва ҳайвонлардек тарбия қилган, натижада, ушбу ҳалокатларга олиб келган, барча бузуқчиликни олдимизга қўйган ва барча ҳалокатли нарсаларни бизларга муҳайё қилган ушбу золим отадан ҳаққимизни олиб бер!»- дейдилар. Эй, меҳрибон ота, у пайтда нима деб жавоб берасиз?! Эй, оталар! Фарзандларингиз ҳаққида Аллоҳдан қўрқингиз! Модомики, имконингиз бор ва муҳлат тугамаган экан, афсус ва маломат наф бермайдиган кунда ўзингизни маломат қилиб, афсус чекишдан аввал, уларни чиройли тарбия қилиб, фасод ва зоеликдан қутқариб қолингиз!! * * * 15/12/2002 |