асосий менюАсосий менюМахсус бўлимларҚўшимча бўлимАмал мавсуми |
асосий қисм
Аразлашиш аҳкомлари ҳақида5394 марта кўрилган Ислом Нури тайёрлаган Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳим Барча оламлар Робби Аллоҳга хамду санолар бўлсин, У зот бизни гарчи мушриклар ёмон кўрсалар-да, динни фақат Унинг ўзига холис қилган ҳолимизда ибодат қилишга буюрди. Гувоҳлик бераманки, шериксиз, якка-ёлғиз Аллоҳдан бошқа барҳақ маъбуд йўқ ва гувоҳлик бераманки, «Мусулмон киши ўз биродарига уч кундан ортиқ араз қилмоғи ҳалол бўлмайди» деган зот – Мухаммад соллаллоҳу алайҳи ва саллам У зотнинг бандаси ва элчисидир, у улуғ пайғамбарга, унинг аҳли ва асҳобига то қиёмат кунигача Аллоҳнинг кўпдан кўп салавоту саломлари бўлсин. Аммо баъд: Эй ғайбларни билувчи, қалбларни бурувчи Аллоҳим, мен аразлашиш ва қариндошлардан узилишдан, шафқатсизликдан, гина-адоватлардан, ғазабнок бўлишдан, нафратдан ва мўъминлар орасига низо солиб, арзимаган сабаблар ва кичкина ишлар учун улар ўртасида адоватни авж олдирувчи шайтоннинг фитнасидан Ўзингдан паноҳ тилайман. Аллоҳ мўъминларнинг қалбларини иймон билан поклади, Қуръон ва Суннатда баён қилинган одоблар билан юракларидан шайтоннинг насибасини чиқариб ташлади, учрашган пайтларида бир-бирларига салом бериш ва қўл бериб кўришишни суннат қилди. Улардан ҳар бири ўзининг мўъмин биродарига нисбатан ишончда бўлиши учун бир-бирларига ўзаро мухаббат ва дўстликни изҳор қилишга буюрди. Ана шундай бўлса, улар бир-бирларига сирларини ишонишади, махфий ишларидан бохабар қилишади ва ҳар бири ўз биродари сиймосида хақиқатга кўмакчи, ҳаётий вазифалар ва дунё ишларида энг яхши насиҳатчи ва ёрдамчини кўради. Азиз дўстлар! Ислом уммати унинг метин жисмини парчалаб ташлашга ва ИСЛОМ деган ҳимояловчи қўрғонини бузиб ташлашга ҳаракат қилаётган бир неча хасталикларни бошдан кечирмоқда, душманлар бу жисмни заифлаштириш, имкони борича вайрон қилиш устида тинимсиз иш олиб боришмоқда. Душманларнинг феълларидан ажабланмаса ҳам бўлади, чунки улар ўтмишда ҳам душман эди, ҳозирда ҳам душманликларини ошкор қилишмоқда. Аммо мусулмон фарзандлари ўзлари билмаган ҳолда бу жисмни заифлаштиришга ҳисса қўшаётганлари ачинарли ҳол. Мисол учун, дунёвий сабаблар ёки шахсий ғаразлар туфайли ўз биродарига уч кундан ортиқ гина-араз қилаётган киши бу иши билан жароҳатларга тўла бу жисмга янги жароҳат етказаётган бўлади. Зеро гина-араз диндош биродарлар ўртасида алоқанинг узилишига хизмат қилади, метин дўстликни парчалайди, натижада меҳрсизлик, адоват ва нафрат зоҳир бўлади, шайтонга мўъминлар орасига низо солиш учун қулай фурсат туғилади. Абу Айюб ал-Ансорий розияллоҳу анҳу ривоят қилади: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтдилар: «Мусулмон кишига ўз биродарини уч кечадан ортиқ гаплашмай ташлаб қўйиши, учрашсалар униси у ёққа юз ўгириб, буниси бу ёққа юз ўгириши ҳалол бўлмайди. Уларнинг энг яхшиси саломни аввал берганидир» (Бухорий ва Муслим ривоятлари). Ҳадиснинг умумий маъноси шуни ифодалайди-ки, мусулмоннинг араз қилиши уч кеча-кундуздан ортиқ бўлса ва шаръий мақсад учун бўлмаса, бу иш гуноҳи кабира саналади, чунки бунда оранинг узилаб кетиши, озор бордир. Бу маънода кўп хадислар ворид бўлган. Жумладан, юқорида айтиб ўтганимиз Абу Айюб ал-Ансорий ривоятидан ташқари, Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинган ҳадис бор-ки: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтдилар: «Мусулмон киши биродарига уч кеча-кундуздан ортиқ гина қилиши ҳалол бўлмайди, кимки уч кундан ортиқ гина қилган ҳолида ўлиб кетса дўзахга киради» (Абу Довуд ривояти, Албоний саҳиҳ деган). Оиша розияллоҳу анҳодан ривоят қилинган ҳадисда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтдилар: «Мусулмон мусулмонга уч кундан ортиқ гина-араз қилиши жоиз эмас, учрашганида уч марта салом берсин, ҳаммасида алик олмаса, гуноҳи у (алик олмаган)нинг бўйнига бўлади» (Абу Довуд ривояти, Албоний саҳиҳ деган). Абу Харош ас-Суламий розияллоҳу анҳу айтади: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг шундай деганларини эшитдим: «Кимки биродарини бир йил гаплашмай ташлаб қўйса, худди унинг қонини тўккан каби бўлади» (Абу Довуд ривояти, Албоний саҳиҳ деган). Биродарлар орасида кек сақлаш, гина қилиш, гаплашмай қўйиш уч кундан ошиб кетиши ҳаром иш саналади, зеро бундан ижтимоий тарқоқлик, бир-бирини ёмон кўриш ва ўзаро нафрат-адоват келиб чиқади. Агар гаплашмай қўйиш ҳар иккисининг дини учун фойдали бўлса бу ҳаромликдан мустасно, акс ҳолда асло жоиз эмас. Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам ва саҳобаи киромлар уч кишини Табук ғазотидан узрсиз қолганлари учун эллик кеча кундуз гаплашмай ташлаб қўйдилар, ҳатто кенг ер улар учун тор бўлиб кетди, юраклари жуда қаттиқ сиқилди, сўнгра етти қават осмон устидан уларнинг тавбалари қабул бўлганлиги хақида оят нозил бўлди. Аллоҳ таоло бу воқеани сифатлаб айтади: «Яна ўша уч кишининг (тавбаларини ҳам қабул қилдики), то уларга кенг ер торлик килиб қолгунча ва диллари сиқилиб, Аллоҳнинг (ғазабидан) фақат Ўзига тавба қилиш билангина қутулиш мумкин эканини билгунларича (тавбалари) қолдирилган эди (яъни тавбалари қабул бўлмай турган эди). Сўнгра (Аллоҳ) тавба қилишлари учун уларга тавба йўлини очди. Албатта, Аллоҳ тавбаларни қабул қилувчи, меҳрибондир» (Тавба 118). Агар бу ташлаб қўйиш ташлаб қўйилаётган кишининг қилган гуноҳига яраша бўлса ва уни хаққа, хатосини тузатишга қайтара олса, бунда фойда бор. Аммо ташлаб қўйилаётган кишига фойда келтириш у ёқда турсин, аксинча, ёмонлик ва фосиқликни зиёда қиладиган, унинг ёмонларга қўшилиб кетадиган ҳолатга олиб келадиган бўлса, бу бефойда, балки фойдасидан зарари улканроқдир. Оқил мусулмон ҳолатларни муносиб даражада баҳолай олади ва жамиятга фойда келтирадиган ишларга қўл уради. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг «мусулмон ўз биродарини» яъни, мусулмонни «гаплашмай ташлаб қўйишлиги ҳалол бўлмайди» деган сўзлари барча қариндош ва дўст биродарларни ўз ичига олади («Туҳфатул Аҳвазий»). Мановийнинг айтишича «гаплашмай ташлаб қўйиш» бошқа бир инсонни ё тил орқали, ё бадан ё қалби билан ажратиб қўйишидир («Аттавқиф ала муҳимматит-таъарийф»: 242). Имом Нававий айтади: «Мазкур ҳадисдан мусулмонлар бир-бирларини гаплашмай уч кечадан ортиқ ташлаб қўйишларининг ҳаром экани маълум бўляпти, уч кун ичида гаплашмай қўйишлари мумкин эканлиги тушуниляпти, яъни, бу муддатда уни кечириляпти, чунки одамзотда ғазабланиш, бадхулқлик табиати бор, шунинг учун ўша оризий ғазаб ва бадхулқлик сўнишига имконият бериляпти». Абу Аббос ал-Қуртубий айтади: «Бу ўринда эътиборга олинган нарса уч кечадир, хатто агар аразлашиш кундузида бошланган бўлса ўша кундузнинг қолган қисмини эътиборга олинмайди, балки ўша кундузнинг кечасидан бошлаб эътиборга олинади, рухсат ҳам ўша уч кечанинг тугаши билан тугайди». Ибн Ҳажар айтади: «Кечалар деб жазман эътибор қилишдан кундузлар эмаслиги аниқ бўлмоқда. Абу Айюб розияллоҳу анҳунинг Шуайб томонидан ривоят қилинган ҳадисидаги «уч кун» деган лафз билан ривоят қилинишидан уч куннинг кечалари билан бирга рухсат берилганлигига эътимод қилинади, яъни, кечалари дейиш билан кундузлари ҳам, кундузлари дейиш билан кечалари ҳам мақсад қилинган, мутлақ уч кеча-кундузнинг ўтишлиги эътиборлидир. Масалан: шанба кунининг пешинидан бошланса унинг охири сешанба кунининг пешинида бўлади» («Фатҳул Борий»: 10/507). Шайх Усаймин айтади: «Мусулмон киши ўз биродарини уч кундан ортиқ гаплашмай ташлаб қўйиши жоиз эмас, лекин уч кундан кам бўлиши мумкин, аслида бу ҳам мусулмон учун муносиб иш эмас. Чунки кўпинча киши билан биродари орасида кўнгилҳоллик ва иззатталаблик хусусида нимадир бўлиб қолади. Шунинг учун ҳам Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам фақат уч кунга рухсат бердилар, шундан сўнг саломлашиб кетишлиги керак. Агар гаплашмай қўйишда диний манфаат бўлса, яъни бу гаплашмай қўйилаётган кишини динда саботли бўлишига ёки гуноҳларни тарк қилишига сабаб бўлса зарари йўқ, балки бу вожибдир. Дархақиқат Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам Каъб ибн Моликни ва унинг икки шериги Ҳилол ибн Умайя, Марора ибн Робиъни гаплашмай ташлаб қўйишга буюрдилар, сабаби улар Табук ғазотига чиқмаган эдилар. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам ғазотдан қайтганларидан кейин мунофиқлар у зот ҳузурларига келиб, ғазотдан қолганликларига узр баён қилиб қасам ичдилар. Аллоҳ таоло айтди: «Уларнинг олдига қайтиб борган вақтларингизда улардан юз ўгиришларингиз (яъни, айбламасликларингиз учун сизларга уларнинг ростдан ҳам узрли эканликларига) Аллоҳ номи билан қасам ичадилар. Бас, улардан юз ўгиринглар! Чунки улар нопокдирлар ва қилиб ўтган нарсаларини (яъни, мунофиқликлари) жазосига жойлари жаҳаннамдир. Улардан рози бўлишларингиз учун сизларга қасам ичадилар. Агар сизлар улардан рози бўлсангизлар ҳам, Аллоҳ бу итоатсиз қавмдан ҳеч рози бўлмайди» (Тавба: 95-96). Аммо мазкур уч киши эса Аллоҳ таолонинг марҳамати билан рост сўзладилар ва ғазотга узрсиз чиқмаганликларини очиқ айтдилар. Улар ичида энг ёши Каъб ибн Молик розияллоҳу анҳу бўлиб, кучли-қувватли йигит эди. Унинг иккита улови бор бой киши бўлганидан ғазотга чиқишга имкониятли эди, лекин унга сусткашлик ғолиб келиб «ана чиқаман, мана чиқаман» дейиш билан вақтни қўлдан бой берди. Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам қайтгач Каъб ин Молик У зотнинг олдиларига келди ва: «Эй Расулуллоҳ, мен баҳс-мунозарага моҳир одамман, гап топиб, ўзимни оқлаб кетишим мумкин, агар сиздан бошқа кишининг олдида бўлсам эди, нима дейишни ўзим билардим, лекин бугун сизни рози қиладиган ва эртага Аллоҳ таоло ҳузурида шарманда бўладиган сўзни айтмайман» деди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: «Аммо бу тўғри айтди, кетавер, Аллоҳ ўзи сен ва икки шеригинг хусусида ҳукм қилажакдир» дедилар ва одамларга улар билан гаплашмасликни ва улардан алоқани узишга буюрдилар, ҳатто энг яқин қариндошларига ҳам улар билан гаплашишни ман қилдилар. Ҳатто энг гўзал хулқли инсон бўлмиш Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг ўзлари ҳам уларга гапирмас, балки саломига алик ҳам олмас эдилар. Каъб айтади: «Мен Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламга салом берар, бироқ лаблари алик олиб қимирладими, йўқми, била олмасдим». Демак, гуноҳ қилган кимсани фарзни тарк қилгани ёки бирон ҳаром амални қилгани учун унга араз қилишда фойда бор, уни то яхши натижага эришилгунича ташлаб қўйилади. Аммо ташлаб қўйиш ҳеч қандай фойда бермайдиган, балки қаттиқликни ва акс натижани келтириб чиқарадиган бўлса, уни ташлаб қўймаймиз, чунки шариат ислоҳотлар учун келган, бузишлар учун эмас. Унга, гарчи Аллоҳга осий бўлаётган бўлса ҳам, салом берамиз ва алик оламиз. Мўъмин уч кундан ортиқ аразлашмайди, мана шу аразга таъаллуқли ҳукмдир. Мусулмонлар бир-бирларининг олдидан ўтиб, саломлашмасликлари менга ниҳоятда ёмон таъсир қилади. Иккитаси учрашиб қолишса худди ўлимтик ё яҳудий ё насронийни олдидан ўтгандек лом-мим демай ўтадилар, бир-бирининг елкаси елкасига урилиб ўтади, бироқ саломлашмайдилар. Ваҳоланки, у унинг биродари, ахир салом берса ўн ҳасанотни қўлга киритади-ку, иймони қувватланиши, меҳр-муҳаббат ва унс-улфатнинг пайдо бўлиши, охир-оқибат жаннатга кириш фойдаларига эга бўлади-ку?! Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтдилар: «Аллоҳга қасамки, то мўъмин бўлмагунча жаннатга кира олмайсизлар, то бир-бирингизга муҳаббатли бўлмагунча эса мўъмин бўла олмайсизлар. Агар амал қилсангиз ўрталарингизда муҳаббат пайдо қиладиган нарсани айтиб берайми, ораларингизда саломлашишни ёйинглар» (Бухорий ва Муслим ривоятлари). Яъни, саломни кенг ёйиш муҳаббат сабабларидан, муҳаббат иймондан ва иймон эса жаннатга киришга сабаб эканлигини баён қилиб бердилар. Бугунги кунда мусулмонлар бир-бири билан учрашиб салом бермасликлари бизни жуда афсуслантиради. Улар ҳамдарс ўртоқлар бўлиши мумкин, бу ҳамдарслик жомеъада, институтда, ё масжидда ёки қайсидир илм даргоҳида бўлган бўлиши мумкин. Илм олганлари қаёққа кетди, толиб илмликларининг нима фойдаси бор?! Агар толиби илм Китобу Суннат далолат қилган ва Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг хулқлари бўлган чиройли тарбия билан тарбияланмас экан, илм талаб қилишнинг нима фойдаси бор?! Аҳвол шундай бўлар экан, таълим олувчи билан жоҳилнинг нима фарқи бор?! Балки жоҳил ундан яхши бўлиши ҳам мумкин. Шунинг учун сизларни салом беришни кенг ёйишга чақираман, албатта унинг улкан фойдалари бор ва ҳеч қачон зарар қилмайди. Чунки бу тилнинг амали, тил агар эрталабдан кечгача тинмаса ҳам малолланмайди ва чарчамайди. Аллоҳдан ўзимизга ва сизларга ҳидоят, тавфиқ ҳамда гуноҳдан поклашини ва тавбаларимизни қабул қилишини сўраймиз, албатта Аллоҳ таоло ҳамма нарсага қодир зотдир». (Шайх Усаймин: «Риёзуз-солиҳийн шарҳи», 138, 140 с). |