Шанба 21 Декабрь 2024 | 19 Жумадул-охир 1446 Ҳижрий-қамарий

асосий қисм

  • lotinchaga
  • +
  • -
  • |

Аллоҳга ширк келтириш (2)

6265 марта кўрилган

Унинг Ўзи бу ҳақда шундай марҳамат қилади: «Албатта Аллоҳ мўминларга ўзларидан бўлган (яъни одам жинсидан бўлган), уларга Аллоҳнинг оятларини тиловат қиладиган, (ширкдан ва ёмон ахлоқлардан) поклайдиган ҳамда уларга Китоб ва ҳикматни ўргатадиган пайғамбарни юбориш билан яшилик қилди. Зеро улар илгари очиқ хато — залолатда эдилар» (Оли Имрон: 164).

Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва саллам уларни Аллоҳнинг тавҳидига чорлаш ва уларни ўз қўллари билан ёқишган ва алангасида ёнишга интилишаётган бу жаҳаннамдан қутқариш мақсадида келдилар. Улар ичида у зотнинг даъватларидан юз ўгирган ва кофирлик ҳолида қолган ва қуйидаги гапларни айтганлар бўлди:

«(Шунча) худоларни битта худо қилиб олибдими?! Ҳақиқатан бу жуда қизиқ нарса!»

И з о ҳ. Макка мушриклари пайғамбар алайҳис-саломнинг амакилари Абу Толибнинг олдига келиб «Муҳаммадга айтгин, бизларнинг динимизни айблашни ва худоларимизни ҳақорат қилишни бас қилсин», дейишганида, уларнинг талабларидан хабардор бўлган ҳазрат: «У ҳолда менинг биргина сўзимни қабул қилингларки, сизлар у сўз шарофатидан арабу ажамга подшоҳ бўлурсизлар», дейдилар. Шунда мушриклар шодланишиб: «У қандай сўз экан-а? Агар айтганларинг рост бўлса, бир эмас ўн сўзингни ҳам қабул қиламиз», дейишганида пайғамбар алайҳис-салом айтадилар: «У сўз — ла илаҳа иллаллоҳдир - яъни Ҳеч қандай барҳақ илоҳ йўқ, магар ёлғиз Аллоҳгина ҳақдир», Улар бу сўзни эшитишгач, даҳшатга тушадилар ва юқоридаги ояти каримада мазкур бўлган сўзларни айтадилар ва пайғамбар алайҳис-саломнинг олдиларидан чиқиб кетишаркан:

Улардан катталари (бир-бирларига шундай дея тарқалиб) кетдилар: «Юринглар ва ўз худоларингизга (сиғинишда) қаноат қилинглар (яъни устивор бўлинглар)! Албатта бу (яъни «Ла илаҳа иллаллоҳ» дейиш бизлардан) исталадиган (талаб қилинадиган жуда катта) нарсадир. Бизлар бу ҳақда (яъни Аллоҳнинг яккаю ягона эканлиги ҳақида) сўнгги миллат — динда(ги одамлардан ҳам, яъни Исломдан аввалги сўнгги дин бўлмиш Насроний динидаги одамлардан ҳам) эшитган эмасмиз. Бу фақат бир уйдирмадир, холос» (Сод: 5-7).

Ушбу кофир гуруҳ Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам асҳоблари бошига фитналар, озорлар, азоб-уқубатлар ёғдиришга, даъват йўлига тўсиқ ва тўғоноқлар қўйишга жон-жаҳди билан уринди.

Лекин, буларнинг ҳаммаси иймон ҳаловатини тотган мўминларга сабр, салобат ва иймондан бошқа нарсани зиёда қилолмади, ҳатто Аллоҳнинг нусрати келиб, одамлар Аллоҳнинг динига гуруҳ-гуруҳ бўлиб кирдилар.

Уммат анча давргача муваҳҳиддлар имоми ва бутун инсониятнинг устози соллаллоҳу алайҳи ва саллам унга кийдириб қўйган тавҳид либосида юрди. Кейин аста-аста уни фитналар чулғай бошлади ва уммат секин-аста тавҳид ҳақиқатидан узоқлаша бошлади.

Ширк яна янгидан бош кўтарди, унинг суратлари, кўринишлари, шакллари кўпайди, ўзини мусулмон санайдиган жуда кўпчилик одамлар ширк ботқоғига ботиб кетдилар.

Ширк бугунги кунда ўша дастлабки пайтлардаги мушриклар қилганидек, тошлардан ўз қўллари билан ясаб олган бутларига сиғиниш суратидагина сақланиб қолган эмас. Балки, ҳозирда ширкнинг кўринишлари кўпайиб, эътиқодда бўлсин, ибодатда бўлсин, қонунчиликда бўлсин, Аллоҳни қўйиб, бошқаларга сиғиниш авж олган.

Булар ҳақида бирма-бир сўз юритишга вақтимиз етмайди. Бироқ, шу нарсани билиш кифояки, бугун биргина Ҳиндистонда 200 000 000 (икки юз миллион)дан ортиқ сиғиниладиган сигир мавжуд!!

Назрлар ва қурбонликлар олиб келинадиган сон-саноқсиз маҳобатли ибодатхоналар мавжуд. Лекин, энг қизиғи, бу улкан ибодатхоналарда қайси олиҳаларга сиғинишларини биласизми?! Сичқонларга!! Ҳа.. Сичқонларга сиғинадилар!!

Бу эса биз муваҳҳидлар зиммасига Аллоҳ азза ва жалла олдида жуда катта масъулиятлар юклайди.

Хўш, биз нима иш қилиб қўйдик?!

Қай даражада куч сарфладик?!

Маълумки, одамларга ҳукмларни чиқариб қўйиш билан кифояланиб, уларни Аллоҳнинг тавҳидига даъват қилишга ҳаракат қилмаслик умматнинг воқелигини ўзгартира олмайди.

Учинчи: Ширкнинг турлари

Аллоҳ йўлидаги дўстларим! Ширк икки турга – катта ва кичик ширкка бўлинади.

Катта ширкдан тавба қилинмаса, уни Аллоҳ таоло асло кечирмайди.

Катта ширк – Аллоҳ таолодан бошқани Унга тенг кўриш ва уни худди Аллоҳни яхши кўргандек яхши кўриш ва ундан худди Аллоҳдан қўрққандек қўрқишдир. Бу тенглаштириш ширкидир. Аллоҳ таоло дўзахда мушрикларнинг ўз олиҳаларига қиладиган хитобини келтиргани каби: «Аллоҳ номига қасамки, албатта бизлар сизларни (эй бут ва санамлар!) барча оламларнинг Парвардигорига тенглаштирган пайтимизда очиқ залолатда бўлган эканмиз» (Шуъаро: 97-98).

Ҳа, бу тенглаштириш муҳаббат, улуғлаш ва ибодатда бўлганди!

Қолаверса, улар ўша олиҳаларини ўзлари учун қонунлар чиқариб берадиган парвардигорлар қилиб олишган, уларнинг қонунларини ва фикрларини Аллоҳнинг қонунларидан кўра кўпроқ улуғлаб, амал қилишганди!

Шунинг учун ҳам Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳу Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламдан: «Ё Расулуллоҳ, қиёмат куни сизнинг шафоатингиз ила энг саодатли бўлувчи инсон ким?», деб сўраганида у зот: «Эй Абу Ҳурайра, сизнинг ҳадисга бўлган иштиёқингизни кўрганлигим учун сиздан аввал бирор киши бу ҳадис ҳақида мендан сўрамайди, деб ўйлаган эдим. Қиёмат куни менинг шафоатим ила энг саодатли бўлувчи инсон – сидқидилдан, холис: «Ла илаҳа иллаллоҳ» деб айтган кишидир», деб жавоб берганлар (Бухорий: №99).

Яъни, бу ҳадисларида Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам у зотнинг шафоатларига эришишнинг энг катта сабаби Аллоҳ азза ва жаллага тавҳидни холис қилиш эканини баён қилиб бердилар.

Анави ёлғон ва сохта олиҳалар Аллоҳ субҳанаҳу ва таоло ҳузурида мутлақо шафоатчи бўлолмайдлар.

Аллоҳ таоло айтади: «Унинг ҳузурида ҳеч ким (бировни) Унинг изнисиз оқлай олмайди» (Бақара: 255).

Аллоҳ таоло айтади: «Улар (қиёмат қойим бўлган кунда) фақат (Аллоҳ) рози бўлган кишиларнигина шафоат қилурлар – оқлай олурлар» (Анбиё: 28).

Аллоҳ таолони фақат тавҳидга далолат қилувчи сўз ва ишларгина рози қилади.

Аллоҳ таоло айтади: «(Эй Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва саллам, мушрикларга) айтинг: «(Аллоҳдан) ўзга (илоҳ) деб гумон қилган кимсаларингизни чорланглар! Улар сизлардан бирон зиённи арита олмаслар ва (уни сизлардан бошқаларга) буриб ҳам юбора олмаслар» (Исро: 56).

Кичик ширк:

Имом Аҳмад ва Табароний ривоят қилган ва Албоний «Саҳиҳул-жомиъ»да саҳиҳ санаган, Имрон ибн Ҳусойн розияллоҳу анҳудан ривоят қилинган саҳиҳ ҳадисда Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва саллам кичик ширкка шундай таъриф берганлар:

«Мен сизлар учун энг қўрқадиган нарса бу кичик ширкдир», дедилар у зот. «Ё Расулуллоҳ, кичик ширк нима?», деб сўрашди саҳобалар. «У риёдир. Аллоҳ таоло қиёмат куни ҳаммани қилган амаллари учун ҳисоб-китоб қилганда: «Боринглар риё қилган кишиларингизнинг олдига, қарангларчи, уларнинг хузурида бирон мукофот топармикансизлар», деб айтади», деб жавоб бердилар (Аҳмад, Табароний «Ал-кабир»да ривоят қилган ва Албоний «Саҳиҳул-жомиъ»да (№1505) саҳиҳ санаган).

Риё луғатда «кўрмоқ» маъносидаги «ар-руъя» сўзидан олинган.

Шариат истилоҳида эса банда амалларини ёлғиз Аллоҳ азза ва жаланинг розилигини кўзламасдан қилишидир. Риёнинг ҳадди – Аллоҳ таолога ибодат бўлган амал билан бандаларни ирода қилишдир.

Риё амалларни бекорга чиқаради. Чунки, Аллоҳ таоло амаллар ичидан фақат холис ва тўғри бўлганини қабул қилади.

Холис – у билан фақат Аллоҳ азза ва жалланинг розилиги қасд қилинган амалдир.

Тўғри амал эса Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг суннатларига мувофиқ бўлган амалдир.

Аллоҳ таоло айтади: «Бас, ким Парвардигорига рўбарў бўлишидан умидвор бўлса, у ҳолда яхши амал қилсин ва Парвардигорига бандалик қилишда бирон кимсани (унга) шерик қилмасин! (Яъни, қиладиган барча амалларини ёлғиз Аллоҳ учун қилсин)» (Каҳф: 110).

Имом Муслим ва бошқалар Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилган ҳадисда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам шундай дедилар: «Қиёмат куни одамлар ичида энг аввал ҳукм қилинадигани шаҳид қилинган киши бўлади. Уни олиб келинади ва Аллоҳ унга ўз неъматларини танитади, банда уларни тан олади. Сўнг Аллоҳ: «Уларнинг шукронасига нима амал қилдинг?», деб сўрайди. У банда: «То шаҳид бўлгунимга қадар Сен учун уришдим», деб жавоб беради. Шунда Аллоҳ: «Ёлғон айтаяпсан, аслида сен одамлар сени жасур-қўрқмас дейишлари учун уришдинг ва дарҳақиқат, одамлар шундай ҳам дейишди», дейди. Сўнг буйруқ берилади, уни дўзахга ташлаш учун юзтубан судраб олиб кетилади. Кейин илм ўрганган ва уни ўргатган, ҳамда Қуръон ўқиган кишини олиб келинади. Аллоҳ унга ҳам ўз неъматларини эслатади. У банда уларни тан олади. Сўнг Аллоҳ: «Буларнинг шукронасига нима амал қилдинг?», деб сўрайди. Банда: «Сен учун илм ўргандим, уни бошқаларга ўргатдим ва Қуръон ўқидим», деб жавоб беради. Аллоҳ: «Алдаяпсан, сен илмни одамлар “олим” дейишлари учун ўргандинг, Қуръонни эса одамлар “қори” дейишлари учун ўқидинг, дарҳақиқат одамлар шундай ҳам дейишди», дейди. Сўнгра буйруқ берилади, уни дўзахга ташлаш учун юзтубан судраб олиб кетилади. Шундан кейин Аллоҳ унга ризқини кенг қилиб берган, бойликнинг ҳамма туридан инъом қилган кишини олиб келинади. Аллоҳ унга ҳам Ўз неъматларини танитади. Банда уларни тан олади. Сўнг Аллоҳ: «Буларнинг шукронасига сен нима амал қилдинг?», деб сўрайди. «Мол-давлатни Сен хуш кўрган бирон йўлни қолдирмай, ҳаммасига Сен учун сарф қилдим», дейди у. «Ёлғон айтаяпсан, лекин сен бу ишни одамлар сени “сахий” деб айтишлари учун қилгансан, дарҳақиқат одамлар шундай ҳам дейишди», дейди Аллоҳ. Сўнг буйруқ берилади, уни дўзахга улоқтириш учун юзи билан ерга судраб олиб кетилади» (Муслим: №1905, Термизий: №2383, Насоий: 6/23, 24).

Ва ниҳоят, ширк ҳақидаги бу узун ҳадис билан дилларига қўрқув тушган муваҳҳидларга энди тавҳиднинг ва Аллоҳ учун холис амал қилишнинг фазли ҳақидаги қалбларига роҳат бахш этадиган бир неча пайғамбарона башоратларни айтиб ўтиш ҳикматдан бўлса керак:

Бухорий ва Муслим Убода ибн Сомит розияллоҳу анҳудан ривоят қилган ҳадисда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтадилар:

عَنْ عُبَادَةَ - رضى الله عنه - عَنِ النَّبِىِّ - صلى الله عليه وسلم - قَالَ « مَنْ شَهِدَ أَنْ لاَ إِلَهَ إِلاَّ اللَّهُ وَحْدَهُ لاَ شَرِيكَ لَهُ ، وَأَنَّ مُحَمَّدًا عَبْدُهُ وَرَسُولُهُ ، وَأَنَّ عِيسَى عَبْدُ اللَّهِ وَرَسُولُهُ وَكَلِمَتُهُ ، أَلْقَاهَا إِلَى مَرْيَمَ ، وَرُوحٌ مِنْهُ ، وَالْجَنَّةُ حَقٌّ وَالنَّارُ حَقٌّ ، أَدْخَلَهُ اللَّهُ الْجَنَّةَ عَلَى مَا كَانَ مِنَ الْعَمَلِ » .

«Ким: «Бир Аллоҳдан ўзга барҳақ маъбуд йўқ, У ёлғиздир, шериги йўқдир, Муҳаммад Унинг бандаси ва расулидир, Ийсо ҳам Унинг бандаси, расули, Марямга туширган калимаси ва Унинг тарафидан бўлган руҳдир, жаннат ҳақдир, дўзах ҳақдир» деб гувоҳлик берса, Аллоҳ уни нима ишлар қилган бўлса ҳам, жаннатга киритади».

Бир ривоятда: «Аллоҳ уни жаннатнинг саккиз эшигидан ўзи истаганидан киритади». (Бухорий: №3435, Муслим: №29, Термизий: №2640).

Итбон ибн Молик ривоятида: «Ким «Ла илаҳа иллаллоҳ» деса ва бу билан фақат Аллоҳнинг Юзини истаган бўлса, Аллоҳ уни дўзахга ҳаром қилгандир».

عَنْ عَبْدِ اللَّهِ بن عَمْرٍو، عَنْ رَسُولِ اللَّهِ صَلَّى اللَّهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ:"إِنَّ اللَّهَ سَيُخَلِّصُ رَجُلا مِنْ أُمَّتِي لَهُ تِسْعٌ وَتِسْعُونَ سِجِّلا كُلُّ سِجِلٍّ مَدُّ الْبَصَرِ، فَيَقُولُ لَهُ: أَتُنْكِرُ مِنْ هَذَا شَيْئًا؟ أَظَلَمَكَ كَتَبَتِي الْحَافِظُونَ؟ فَيَقُولُ: لا يَا رَبِّ، فَيَقُولُ: بَلَى، إِنَّ لَكَ عِنْدِي حَسَنَةً، وَإِنَّهُ لا ظُلْمَ عَلَيْكَ الْيَوْمَ، فَيُخْرِجُ لَهُ بِطَاقَةً، فِيهَا أَشْهَدُ أَنْ لا إِلَهَ إِلا اللَّهُ، وَأَنَّ مُحَمَّدًا عَبْدُهُ ورَسُولُهُ فَيَقُولُ: احْضُرْ وَزْنَكَ، فَيَقُولُ: مَا هَذِهِ الْبِطَاقَةُ مَعَ هَذِهِ السِّجِلاتِ؟ فَتَثْقُلُ الْبِطَاقَةُ، وَلا يَثْقُلُ مَعَ اسْمِ اللَّهِ شَيْئًا".

Абдуллоҳ ибн Амр ибн Ос розияллоҳу анҳумодан ривоят қилинган ҳадисда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтадилар: «Қиёмат куни Аллоҳ таоло умматимдан бир кишини халқлар орасидан ажратиб олади, унинг тўқсон тўққизта китоби очилади, ҳар бир китоб кўз илғамас даражада улкан бўлади. Сўнг унга: «Шу (китобларда ёзилган амалларинг)дан биронтасини инкор қиласанми?! Менинг амалларни ёзувчи фаришталарим сенга зулм қилибдиларми?!», дейди. Банда: «Йўқ, эй Раббим», дейди. «Бирон узринг борми?», деб сўрайди. У: «Йўқ, эй Раббим», дейди. Шунда Аллоҳ таоло: «Билиб қўй, ҳузуримизда сенинг битта ҳасананг (савобли амалинг) бор, бугун сенга зулм қилинмайди», дейди ва бир битоқани (яъни, бир парча қоғозни) чиқаради, унда: «Ашҳаду алла илаҳа иллаллоҳу ва ашҳаду анна муҳаммадан абдуҳу ва росулуҳ» деб ёзилган бўлади. Сўнг: «Тарозингни ҳозирла», дейди. У: «Эй Раббим, шунча катта китоблар олдида бу битоқа нима бўларди?!», дейди. «Сенга зулм қилинмайди», дейилади унга. Сўнг китоблар бир паллага, битоқа иккинчи паллага қўйилади, шунда китоблар енгил келиб, битоқа оғир келади. Зеро, Аллоҳнинг исми бўлган ҳолда ундан бирон нарса оғир келолмайди» (Ҳоким ривоят қилиб, Муслимнинг шартига кўра саҳиҳ, деган, Заҳабий унга мувофиқ келган, Термизий (2/106, 107) ривоят қилиб, ҳасан, ғариб ҳадис деган, Албоний саҳиҳ санаган).

Маълум бўлганидек, битоқанинг тарозида оғир келиши ва тоғдек-тоғдек амал дафтарларини босиб кетишининг ягона сабаби холис тавҳид эди. Зотан, тавҳиднинг бир заррасини агар гуноҳлар тоғи устига қўйилса, Аллоҳнинг қудрати билан уларни эритиб, парчалаб юборади. Чунки, тавҳиднинг гуноҳлар туманлари ва булутларини парчалаб ташлайдиган ўткир нури бордир.

Муслим ва Термизий Анас розияллоҳу анҳудан ривоят қилган саҳиҳ ҳадисда Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтганлар:

عن أَنَسِ بْنِ مَالِكٍ قَالَ سَمِعْتُ رَسُولَ اللَّهِ -صلى الله عليه وسلم- يَقُولُ « قَالَ اللَّهُ يَا ابْنَ آدَمَ إِنَّكَ مَا دَعَوْتَنِى وَرَجَوْتَنِى غَفَرْتُ لَكَ عَلَى مَا كَانَ فِيكَ وَلاَ أُبَالِى يَا ابْنَ آدَمَ لَوْ بَلَغَتْ ذُنُوبُكَ عَنَانَ السَّمَاءِ ثُمَّ اسْتَغْفَرْتَنِى غَفَرْتُ لَكَ وَلاَ أُبَالِى يَا ابْنَ آدَمَ إِنَّكَ لَوْ أَتَيْتَنِى بِقُرَابِ الأَرْضِ خَطَايَا ثُمَّ لَقِيتَنِى لاَ تُشْرِكُ بِى شَيْئًا لأَتَيْتُكَ بِقُرَابِهَا مَغْفِرَةً ».

«Аллоҳ таборака ва таоло айтади: Эй Одам фарзанди, мудом Менга дуо қилар экансан ва Мендан умид қилар экансан, нима қилган бўлсанг ҳам (қандай катта гуноҳ бўлишидан) қатъий назар кечираман. Эй Одам фарзанди, агар гуноҳларинг осмондаги булутларга қадар етиб борса ва Мендан мағфират сўрасанг, (қандай катта гуноҳлигидан) қатъий назар, мағфират қиламан. Эй Одам фарзанди, агар Менинг ҳузуримга ер юзичалик гуноҳлар билан келсанг-у, Менга ҳеч нарсани шерик қилмаган ҳолда йўлиқсанг, Мен сенга ер юзичалик мағфират билан рўбарў бўламан» (Термизий: №3534, Саҳиҳул-жомиъ: №4338).

عَنْ أَبِى هُرَيْرَةَ عَنِ النَّبِىِّ -صلى الله عليه وسلم- فِيمَا يَحْكِى عَنْ رَبِّهِ عَزَّ وَجَلَّ قَالَ « أَذْنَبَ عَبْدٌ ذَنْبًا فَقَالَ اللَّهُمَّ اغْفِرْ لِى ذَنْبِى. فَقَالَ تَبَارَكَ وَتَعَالَى أَذْنَبَ عَبْدِى ذَنْبًا فَعَلِمَ أَنَّ لَهُ رَبًّا يَغْفِرُ الذَّنْبَ وَيَأْخُذُ بِالذَّنْبِ. ثُمَّ عَادَ فَأَذْنَبَ فَقَالَ أَىْ رَبِّ اغْفِرْ لِى ذَنْبِى. فَقَالَ تَبَارَكَ وَتَعَالَى عَبْدِى أَذْنَبَ ذَنْبًا فَعَلِمَ أَنَّ لَهُ رَبًّا يَغْفِرُ الذَّنْبَ وَيَأْخُذُ بِالذَّنْبِ. ثُمَّ عَادَ فَأَذْنَبَ فَقَالَ أَىْ رَبِّ اغْفِرْ لِى ذَنْبِى. فَقَالَ تَبَارَكَ وَتَعَالَى أَذْنَبَ عَبْدِى ذَنْبًا فَعَلِمَ أَنَّ لَهُ رَبًّا يَغْفِرُ الذَّنْبَ وَيَأْخُذُ بِالذَّنْبِ وَاعْمَلْ مَا شِئْتَ فَقَدْ غَفَرْتُ لَكَ ». قَالَ عَبْدُ الأَعْلَى لاَ أَدْرِى أَقَالَ فِى الثَّالِثَةِ أَوِ الرَّابِعَةِ « اعْمَلْ مَا شِئْتَ ». متفق عليه

Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинган ҳадисда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам Парвардигор таборака ва таолодан ҳикоя қилиб айтадилар: «Банда гуноҳ қилиб, сўнг «Парвардигоро, мен гуноҳ қилиб қўйдим. Ўзинг мағфират қилгин!», деб айтса, Аллоҳ таоло: «Бандам гуноҳ қилди, сўнг гуноҳини кечирадиган ва гуноҳ сабабли ушлайдиган-жазолайдиган Парвардигори борлигини билди», дейди. Сўнг банда яна бир гуноҳ қилиб: «Парвардигоро, менинг гуноҳимни мағфират қилгин!», деб айтса, Аллоҳ таоло: «Бандам гуноҳ қилди, сўнг гуноҳини кечирадиган ва гуноҳ сабабли ушлайдиган-жазолайдиган Парвардигори борлигини билди», дейди. Сўнг банда яна бир гуноҳ қилиб: «Парвардигоро, мен гуноҳ қилиб қўйдим. Ўзинг мағфират қилгин!», деб айтса, Аллоҳ таоло: «Бандам гуноҳ қилди, сўнг гуноҳини кечирадиган ва гуноҳ сабабли ушлайдиган-жазолайдиган Парвардигори борлигини билди. Мен бандамни мағфират этдим. Истаганингни қил, Мен сени кечирдим», дейди» (Бухорий: №7507, Муслим: №2758).

Аллоҳ таоло билувчироқдир. Аллоҳ Пайғамбаримизга ва у зотнинг аҳлу асҳобига саловоту саломлар йўлласин.

2011 йил 14-январ