Шанба 21 Декабрь 2024 | 19 Жумадул-охир 1446 Ҳижрий-қамарий

асосий қисм

  • lotinchaga
  • +
  • -
  • |

Аллоҳ йўлида дўстлашиш одоб ва ҳуқуқлари

6584 марта кўрилган

Муаллиф: Аҳмад Саъдуддин
Таржимон: Муҳаммад Исмоил

Бисмиллаҳир роҳманир роҳийм

Оламлар Рабби Аллоҳга ҳамду санолар, пайғамбаримизга ва у зотнинг аҳли ва асҳобига салавоту саломлар бўлсин.

Аллоҳ субҳанаҳу ва таоло Қуръон Каримда дейди: «Мўминлар ҳеч шак-шубҳасиз оға-инилардир.» (Ҳужурот: 10) Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва саллам эса «Мусулмон мусулмоннинг биродаридир...» деганлар. Бу Исломий биродарликнинг ўзига хос одоб ва ҳуқуқлари бўлиб, уларга амал қилинсагина Аллоҳ ва расули ирода қилган биродарлик рўёбга чиқади. Шунга биноан биз қуйида ана шу одоб ва ҳуқуқларни баҳоли қудрат баён қилишга ҳаракат қиламиз.

1. Яхши ният:

Сўзда бўлсин, амалда бўлсин, ҳар бир нарсада яхши ният қилиш лозим. Зотан, амаллар ниятларга қараб эътибор қилинади. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтганларидек: «Амаллар фақат ниятлар билан (эътиборлидир) ва ҳар бир кишига фақат ният қилган нарсасигина (бўлади)» (Бухорий ва Муслим ривоятлари). Шундай экан, киши дини ва дунёсида ўзига суянч ҳамда Аллоҳнинг тоат-ибодатида унга ёрдамчи бўладиган бир солиҳ инсон билан дўст ва биродар тутинишга ният қилиши лозим. Мана шу ниятларига қараб Аллоҳ таоло ҳар икки дўстни яхшиликка муваффақ қилиб, уларнинг дўстлик ва биродарлигини асрайди.

2. Солиҳ мўмин киши билан дўст ва биродар бўлиш.

Аллоҳ таоло айтади:

«Мўминлар ҳеч шак-шубҳасиз оға-инилардир» (Ҳужурот: 10).

«Сизлар Унинг неъмати сабаб биродарларга айландингиз» (Оли Имрон: 103).

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтганлар: «Фақат мўмин билан дўстлашгин...» (Абу Довуд, Термизий ривоятлари).

Мўмин бўлмаган кишилар билан дўстлашиш эса Аллоҳ учун яхши кўриш ва Аллоҳ учун ёмон кўриш жумласидан бўлмай, аксинча, иймоннинг ушбу тармоғида хатарли иллат борлигига далилдир. Иймонсиз кимса билан дўстлашиш кишига дунёю охиратда фақат зиён келтиради. Дунёдаги зиёни шуки, кофир ёки фожир кимсадан хотиржам бўлинмайди, ҳар қанча дўстлик изҳор қилмасин унга ишониб бўлмайди, бир кун келиб Ислом аҳлига бўлган адовати, ўз дини аҳлига бўлган муҳаббати ва фожир табиати албатта ғолиб келади, мўмин биродарига хиёнат қилади, унга Аллоҳнинг тоатида ёрдам бериши уёқда турсин, аксинча маъсиятга бошлайди. Охиратда эса унга ашаддий душманга айланади. Аллоҳ таоло айтади: «У Кунда дўстлар бир-бирларига душмандир, магар (Аллоҳ йўлида дўстлашган) тақводор зотларгина (мангу дўстдирлар)» (Зухруф: 67).

3. Аллоҳ учун яхши кўриш.

Яъни, дўст ва биродарга бўлган муҳаббат Аллоҳ учун бўлиши, қариндошлик ёки тижорат каби дунёвий манфаатлар учун бўлмаслиги лозим. Анас розияллоҳу анҳудан ривоят қилинган ҳадисда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтганлар: «Кимда учта нарса бўлса, у иймоннинг ҳаловатини топади: ... бир кишини яхши кўрса фақат Аллоҳ учун яхши кўриши...» (Бухорий ва Муслим ривоятлари).

Мана шу ҳақиқий муҳаббат, иймоннинг энг мустаҳкам халқаларидан ва энг улуғ тармоқларидандир. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтганларидек: «Аллоҳ йўлида дўстлашиш ва Аллоҳ йўлида душманлик қилиш, Аллоҳ учун яхши кўриб, Аллоҳ учун ёмон кўриш иймоннинг энг мустаҳкам халқаларидан» (Аҳмад ва Ибн Аби Шайба ривоятлари).

Дунёвий мақсад йўлидаги муҳаббат эса ўша мақсад амалга ошиши билан барҳам топади. Бундай муҳаббат вақтинчалик ва беқарор муҳаббат бўлиб, унда на давомийлик, на яхшилик бўлади. Кўпинча у арзимас сабаблар ва оддий зиддиятлар туфайли адоватга айланиб кетади.

4. Биродарига уни Аллоҳ учун яхши кўришини билдириш.

Дўст дўстига уни Аллоҳ учун яхши кўришини айтиб қўйиши ўртадаги дўстлик ва муҳаббат ришталарининг кучайишига сабаб бўлади. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтганлар: «Агар сизлардан бирингиз биродарини яхши кўрса, яхши кўришини унга билдириб қўйсин» (Аҳмад ва Абу Довуд ривоятлари). Ҳатто, унинг уйига бориб, бу ҳақда айтиб, хабардор қилиши суннатдир. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтганлар: «Агар сизлардан бирингиз дўстини яхши кўрса, унинг уйига бориб, уни Аллоҳ учун яхши кўришини етказиб қўйсин» (Аҳмад ривояти).

Қаранг, қандай гўзал одоб! Дилга нечоғли таъсирли! Бироқ, бунга амал қиладиганлар нақадар кам! Ҳолбуки, мусулмон киши Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг суннатларини ҳаётга татбиқ этишдан, уни ёйиш ва одамлар орасида изҳор қилишдан асло хижолат бўлмаслиги керак. Аслида бу иш унга савоби келиб турадиган солиҳ амаллар ичида энг улуғларидан.

5. Биродарига салом бериш ва унинг саломига алик олиш.

Яъни, учрашган пайтингизда унга салом беришингиз ёки у биринчи бўлиб салом берган бўлса алик олишингиз. Бу, албатта, Исломий салом билан, яъни «Ассалому алайкум ва роҳматуллоҳи ва барокатуҳ» дейиш билан бўлади. Ушбу саломлашув калималаридан воз кечиш, бунинг ўрнига одатда кофирлар ишлатадиган саломлашув ибораларини қўллаш, масалан: «гуд монинг», «привет» каби ажнабий сўзлар билан саломлашиш, ёки бўлмасам уни «хайрли тонг», «салом» каби сўзларга алмаштириш жоиз эмас. Бироқ, аввал исломий салом билан бошлаб, ортидан бошқа салом лафзларини ишлатса – кофирларнинг саломлашуви бўлмаслиги шарти билан – зарари йўқ. Афзали ва яхшиси – ислом саломи билан кифояланишдир. Зеро, бу Набий соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг, саҳобаларнинг ва уларга яхшилик билан эргашган зотларнинг феълларидан. Ушбу одобга далолат қиладиган ҳадислардан бири шуки, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: «Мусулмоннинг мусулмон устида олтита ҳаққи бор», дедилар. «Улар қайсилар, ё Расулуллоҳ?» деб сўрашганда: «Агар учрашсанг унга салом бер, меҳмонга чақирса ижобат қил, насиҳат сўраса насиҳат қил, акса уриб, “Алҳамду лиллаҳ» деса «Ярҳамукаллоҳ» деб ташмит айт, бемор бўлса бориб кўр, вафот этса жанозасига қатнаш» (Муслим ривояти).

6. Биродари акса урса унга ташмит айтиш.

Яъни, чучкириб: «Алҳамду лиллаҳ» деса, юқоридаги ҳадисда айтилганидек, унга «Ярҳамукаллоҳ» деб жавоб айтади. Бунга жавобан чучкирган киши «Яҳдийкумуллоҳу ва юслиҳу болакум» дейди.

7. Бемор бўлганида бориб кўриш. Бу унинг кўнглини кўтарадиган ва биродари учун унинг эътиборли эканини ҳис қилдирадиган, дўстлик ришталарини мустаҳкамлайдиган, беморнинг руҳиятига яхши таъсир қиладиган ишдир. Бироқ, бундай пайтларда касал кўриш одобларига риоя қилиш зарур.

8. Дўстнинг чорловини қабул қилиш. Яъни, дўстингиз сизни бирон таомга чақирса, ақиқа бўлсин, валима бўлсин ё оддий зиёфат бўлсин, унинг чақириғини қабул қилишингиз лозим. Юқоридаги ҳадисда бу ҳақда ҳам сўз ўтди. Бироқ, агар бу зиёфатда сиз ўзгартиришга қодир бўлмайдиган бирон ҳаром ёки мункар иш бўлса, унга бориш жоиз эмас.

9. Дўстга насиҳат қилиш. Яъни, насиҳат талаб биродарга фойдали бўлган холис насиҳат билан насиҳат қилишингиз, бу эса у учун дини ва дунёсида яхшилик бўлган нарсаларни гапириш билан бўлади. Бу юқоридаги ҳадисда айтилганидек, сизнинг зиммангиздаги унинг ҳаққидир. Насиҳат қилишда аччиқ бўлсада ҳақни айтиш, ёлғон сўзламаслик, алдамаслик лозим. Чунки бу унга нисбатан хиёнат бўлади.

10. Дўстнинг ҳадясини қабул қилиш, арзимас ва оз нарса бўлса-да, қўлини қайтармаслик. Зеро, Ибн Масъуд розияллоҳу анҳу ривоят қилган ҳадисда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтганлар: «Чорлаган одамнинг чақириғини қабул қилинглар ва ҳадяни қайтарманглар» (Аҳмад, Табароний, Байҳақий, Бухорий («ал-Адаб ал-Муфрад»да) ривоятлари). Дўстнинг ҳадясини рад этиш кўпинча шайтонга ўртадаги дўстлик ришталарини узиб ташлаши учун имконият эшигини очиб беради.

11. Дўстга ҳадя бериш. Бу ишга беэътибор бўлмаслик, вақти-вақти билан, ҳар хил муносабатларда имконият даражасида дўст дўстига ҳадялар бериб туриши яхши бўлади. Зеро, бу дўстнинг муҳаббатини зиёда қилади. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтганларидек: «Бир-бирингизга ҳадя беринг, муҳаббатларингиз ортади» (Бухорий «ал-Адаб ул-Муфрад»да ривоят қилган).

12. Қайғусига шерик бўлиш. Яъни, дўст бошига мусибат етганда у билан теппа-тенг қайғуриш, ширин сўз билан далда бериш, керак бўлса моддий ёрдам кўрсатиш. Абу Мусо розияллоҳу анҳудан ривоят қилинган ҳадисда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтганлар: «Мўмин мўминга нисбатан чор-атрофи бир-бирини маҳкам тутиб турган бино кабидир» (Бухорий ва Муслим ривоятлари).

13. Шодлигини баҳам кўриш. Яъни, дўстнинг хурсанд бўлганига хурсанд бўлиш, унинг шодлигига шерик бўлиш, бирон неъматга эришган бўлса унга ҳасад қилмаслик, аксинча барака тилаб дуо қилиш.

14. Унга яхшилик тилаш. Яъни, ўзингиз учун яхши кўрган нарсани унга ҳам яхши кўришингиз. Зеро, бу иймоннинг хосиятларидан. Анас розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади, Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам дедилар: «Сизларнинг бирортангиз то ўзи учун яхши кўрган нарсани биродарига ҳам яхши кўрмагунича иймони комил бўлмайди» (Бухорий ва Муслим ривоятлари). Шунингдек, ўзингиз учун ёмон кўрган ёмонлик ва зарарни унга ҳам ёмон кўришингиз. Зеро, иймон бусиз мукаммал бўлмайди ва бу чин муҳаббат ва олижанобликнинг белгисидир.

15. Уни ғийбат қилдириб қўймаслик. Яъни, орқасидан ғийбат қилинганда уни ҳимоя қилиш ва обрўсини сақлаш. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтганлар: «Ким биродари йўқлигида унинг обрў-номусини ҳимоя қилса, Аллоҳ уни дўзахдан озод қилишни Ўз зиммасига олди» (Аҳмад, Табароний ривоятлари). Биров уни орқасидан камситмоқчи бўлса, бунга йўл қўймаслик, балки уни бундан ман қилиш. Шундай экан, энди ўзингиз уни ғийбат қилмаслигингиз эса албатта лозим. Чунки бу унинг сизнинг зиммангиздаги ҳаққидир. Яхши дўст ҳеч қачон дўстини ғийбат қилмайди.

16. Унинг айбу нуқсонини беркитиш. Яъни, барча кўринишларда, хоҳ номусини ҳимоя қилиш билан, хоҳ авратини[1] ёпиш билан, хоҳ айби, хато ва гуноҳини яшириш билан бўлсин, уни ўраш – сатр қилиш. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтганлар: «Ким дунёда мусулмон биродарининг айбини яширса, Аллоҳ қиёмат куни унинг айбини яширади» (Аҳмад ривояти). Бу – ўз нафсингиз учун қай даражада бўлишига рози бўлсангиз, биродарингизга ҳам шу даражада бўлиши лозим.

17. Унга хоҳ золим, хоҳ мазлум бўлсин, ёрдам бериш. Мазлум бўлганда ёрдам бериш – у билан елкама-елка туриб, поймол бўлган ҳақ-ҳуқуқини қайтариб олиш, золим бўлганда ёрдам бериш эса – уни зулм қилишдан тўхтатиш ва тўғриликка қайтариш билан бўлади. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: «Биродарингга золим бўлса ҳам, мазлум бўлса ҳам ёрдам бер», дедилар. «Золим бўлса қандай ёрдам бераман?» деб сўралганда: «Уни зулмдан тиясан, мана шу унга ёрдам бериш бўлади», дедилар. (Бухорий ривояти).

Мусулмон киши мусулмон биродари унинг ёрдамига муҳтож бўлганида уни ёрдамсиз ташлаб қўйиши жоиз эмас, балки тезлик билан унинг ёрдамига шошилиши керак бўлади.

18. Унинг совчилиги устига совчи қўймаслик. Яъни, биродари бирон аёлга уйланиш мақсадида харидор бўлган бўлса, то никоҳлангунича ё эса унга уйланиш ниятидан қайтгунича кутиши, шундан сўнг агар истаса совчи қўйиши лозим. Акс ҳолда икки ўртада кўнгилсизлик келиб чиқишига ва адоват пайдо бўлишига сабаб бўлади. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтганлар: «Мўмин мўминнинг биродаридир. Мўмин ўз биродарининг байи устига бай қилиши ва биродарининг совчилиги устига совчи қўйиши ҳалол бўлмайди» (Муслим ривояти).

19. Байи устига бай қилмаслик. Яъни, бирон нарсага харидор бўлиб турган бўлса у ҳам ўшанга харидор бўлмаслиги, уни сотиб олишини ё сотиб олиш фикридан қайтишини кутиб туриши лозим. Кўпинча мана шу нарса дилларнинг ўзгаришига, муҳаббат ва дўстлик ўрнига адоват ва нафрат ўрнашига сабаб бўлади. Бундай қилишнинг ҳаром эканига далолат қилувчи ҳадис юқорида ўтди.

20. Гап-сўзда ҳам, насиҳат қилганда ҳам, бошқа пайт ҳам биродарига рост сўзлаш ва ёлғон гапирмаслик. Чунки, бундай қилиш – хиёнат ва алдамчилик бўлади. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтганлар: «Мусулмон мусулмоннинг биродаридир, унга хиёнат қилмайди, ёлғон гапирмайди, ёрдамсиз қўймайди. Ҳар бир мусулмоннинг обрўси, моли ва қони бошқа мусулмонга ҳаромдир. Тақво мана бу ердадир – шундай деб қалбларига ишора қилдилар – мусулмон биродарини ҳақир санаш кишининг ёмонлигига кифоядир» (Термизий ривояти).

21. Биродарининг сўзини тасдиқлаш, уни етарли сабабларсиз ёлғон санамаслик. Мусулмон киши мусулмон биродарининг аввалда ёлғон гапирганига гувоҳ бўлмаган бўлса, уни ёлғончи қилиши асло мумкин эмас. Чунки бу унинг дўстлигига путур етказиб, ўртага адоват тушишига сабаб бўлади. Юқорида ўтган ҳадис бунга далолат қилади.

22. Биродарга хиёнат қилмаслик. Яъни, молини ноҳақ олиш билан бўлсин, обрўсига путур етказиш билан бўлсин, унга хиёнат қилмаслик ва унинг сирини фош қилмаслик. Аллоҳ таоло айтади: «Албатта, Аллоҳ хиёнаткор кимсаларни севмас» (Анфол: 58). Мусулмоннинг сирини сақлаш ва уни ёйиб юбормаслик вожиб эканига далил бўлувчи ҳадислардан бири қуйидаги ҳадисдир: «Агар киши бир гапни айтиб, сўнг уёқ-буёққа қараб қўйса, бу (сўзи) омонатдир» (Аҳмад, Абу Довуд, Термизий ривоятлари). Биров эшитиб қолишидан хавф қилиб, қараб қўйишининг ўзи унинг сир эканига далил бўлиб, уни ёйиб юбориш хиёнат бўлади.

23. Биродарни эҳтиром қилиш, уни камситмаслик ёки уни ҳар қандай кўринишда аҳмоқ қилмаслик. 20 - одобда айтилган ҳадис бунга далил бўлади. Чунки бу унинг дилини оғритади. Аксинча, унга иззат-ҳурмат изҳор қилиш, фикрига қулоқ тутиш, устидан кулмаслик, айниқса бировлар олдида ҳурматини ўрнига қўйиш лозим.

24. Ўзингиз учун дуо қилганингизда биродарингизга ҳам ғойибона дуо қилишингиз. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтганлар: «Қай бир мусулмон банда биродари ҳаққига ғойибона (нима деб бўлса ҳам) дуо қилса, фаришта: «Сенга ҳам шундай бўлсин» деб туради» (Муслим ривояти). Яна айтганлар: «Дўстнинг дўсти учун қилган ғойибона дуоси қайтарилмайди» (Баззор ривояти). Бу ҳақиқий дўстлик ва биродарлик аломатларидан. Чунки бунда риёкорлик ёки сохтакорликка ўрин йўқдир.

25. Шаръий сабабсиз биродари билан аразлашмаслик. Аразлашиш ҳалол эмас. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтганлар: «Мусулмон кишига ўз биродарини уч кечадан ортиқ гаплашмай ташлаб қўйиши, учрашсалар униси у ёққа юз ўгириб, буниси бу ёққа юз ўгириши ҳалол бўлмайди. Уларнинг энг яхшиси саломни аввал берганидир» (Бухорий ва Муслим ривоятлари). Аразлашиб гаплашмаслик қанча чўзилса, ҳаромлик шунча зиёда бўлади. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтганлар: «Кимки биродарини бир йил гаплашмай тарк қилса, худди унинг қонини тўккан каби бўлади» (Аҳмад, Абу Довуд ривоятлари). Аммо гаплашмаслиги ундан содир бўлаётган бирон маъсият ё у қилаётган бирон бидъат сабабли бўлса ва биродарининг унга гапирмай қўйиши таъсир қилиб, ўша ножўя ишидан қайтиши умид қилинса, шундай қилиниши яхши бўлади, аксинча, фасод ва гуноҳини зиёда қиладиган бўлса, унинг фойдасидан зарари каттароқ бўлади. Шунингдек, иймонидан воз кечганида ҳам уни гаплашмай ташлаб қўйилиш лозим, бироқ аввал унга яхшилаб насиҳат қилиш, қўлидан тутиб яхшилик ва тўғриликка қайтаришга уриниш керак.

26. Яхши ишларда ҳамкор бўлиш. Яъни, яхшилик ва тақво устида унга ёрдамлашиш, Аллоҳ таолога тоат-ибодатида унга кўмакчи бўлишингиз лозим. Аллоҳ таоло айтади: «Яхшилик ва тақво йўлида ҳамкорлик қилингиз» (Моида: 2). Агар у бирон маъсиятга тушиб қолса, ундан юз ўгириб кетмасдан, тавба қилиш ва тўғриликка қайтишига йўллашингиз, бу йўлда у билан ёнма-ён туришингиз лозим. Умар розияллоҳу анҳу айтганларидек: «Агар бир биродарингизнинг йўлдан тойилганини кўрсангиз уни тўхтатиб ва тўғрилаб қўйинг, унинг тавбасини қабул қилишини Аллоҳдан сўранг, унинг зиёнига шайтонга ёрдамчи бўлманг». Гуноҳ иш қилиб қўйиши билан уни ташлаб қўйиш, қўлидан тутмаслик унинг бутунлай бузулиб кетишига сабаб бўлиши мумкин.

27. Унга фойда етказишга ҳаракат қилиш. Бу унинг диний ва дунёвий ишларида имкони бор бўлган ҳар қандай йўл билан унга манфаат етказиш билан бўлади. Бу сизнинг устингиздаги унинг ҳақларидандир. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтганлар: «Қай бирингиз биродарига фойда етказишга қодир бўлса, етказсин» (Муслим ривояти). Бу диний ва дунёвий манфаат турларининг барчасини ўз ичига олади. Бироқ, унга манфаат етказиш ҳаром ишда ёрдам бериш бобидан бўлса, бундай қилиш асло дуруст бўлмайди.

28. Дўстликнинг давомийлигини сақлаш, уни муҳофаза қилиш, имкони борича гуноҳларсиз давом этишига ҳаракат қилиш. Зеро, гуноҳлар ўз шумлиги билан мўмин биродарлар ўртасини ажратиб юборади. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтганлар: «Икки киши Аллоҳ йўлида дўстлашиб, сўнг ажрашиб кетган бўлса, бу улардан бирининг қилган гуноҳи сабаблидир» (Аҳмад, Бухорий «ал-Адаб ул-Муфрад»да ривоят қилган). Гуноҳлар шумлиги туфайли не-не дўстлар ораси бузилиб кетмаган дейсиз! Чунки руҳлар ҳозирланган аскарлардир, дўстлардан бири тақвосиз ва гуноҳга муккасида кетган бўлса, вақт ўтиши билан дўсти уни ёқтирмай қолиши аниқ.

29. Унинг ҳис-туйғуларини риоя қилиш, сўз биланми, феъл биланми, ишора биланми, ҳатто қасдсиз равишда ҳам унга озор етказмаслик, бунга доим ҳушёр қараш ва бепарво бўлмаслик. Баъзан киши биродарининг олдида ёмонликни қасд қилмасдан бир гапни гапириб қўяди, бироқ биродари уни нотўғри тушуниб қолиб, ўртага совуқчилик тушади. Аллоҳ таоло айтади: «Бандаларимга айтинг-ки, улар (ўзаро сўзлашганларида) энг гўзал сўзлардан сўзласинлар. Зеро, шайтон уларнинг ўрталарида бузғунчилик қилур. Дарҳақиқат, шайтон инсонга очиқ душмандир» (Исро: 53).

30. Унинг сизнинг устингиздаги ҳақ-ҳуқуқларини адо этишда ўртадаги дўстликка суяниб қолиб қосирлик қилмаслигингиз. Имом Шофеий раҳимаҳуллоҳ айтганларидек: «Биродарчиликка суяниб, биродаринг ҳақ-ҳуқуқида қосирлик қилма» (ал-Мажмуъ шарҳул муҳаззаб). Аксинча, ўртадаги дўстликни сақлаб қолиш ва кучайтириш истагида унинг ҳақ-ҳуқуқларига кўпроқ эътибор қаратиш, бу хусусда асло бепарво бўлмаслик керак.

31. Аллоҳ йўлидаги биродарига ўзига ҳохлаган нарсани илиниш. Аллоҳ йўлидаги биродарингизга, хусусан муҳтож бўлса, гарчи ўзингизга керак бўлган нарса бўлса ҳам унга ийсор-ихтиёр қилишингиз, яъни шу нарсани унга илинишингиз. Аллоҳ таоло айтади: «...гарчи ўзларида эҳтиёж бўлса-да, ўзларини қўйиб (ўзгаларни) ийсор-ихтиёр қиладилар» (Ҳашр: 9). Агар уни ийсор қилиш қўлингиздан келмаса, ҳеч бўлмаса ўзингиз учун яхши кўрган яхшиликни у билан баҳам кўринг.

32. Биродарини йўқлаб туриш. Биродарингиз масжидда ё ишхонада кўринмай қолса, у ҳақда сўраб-суриштириш ва аҳволидан бохабар бўлиш, уни йўқлаб бориш. Чунки у сизнинг ёрдамингизга муҳтож бўлиши мумкин.

33. Унинг дўстларини дўст тутиш, хусусан яхшилик ва тақво аҳлидан бўлсалар. Имом Шофеий раҳимаҳуллоҳ айтганлар: «Дўстнинг дўстини дўст тутиш чин дўстнинг белгиларидан» (ал-Мажмуъ шарҳул муҳаззаб). Чунки бу унга бўлган ихлоснинг комиллигидан ва дўстликка вафо қилиш жумласидандир.

34. Унинг арзимас ишлардаги хато ва камчиликларидан кўз юмиш, сизнинг ҳаққингизда қилган хатосини кечириш. Шофеий раҳимаҳуллоҳ айтганлар: «Ким дўстига ҳақиқий дўст бўлса, уни бор камчиликлари билан қабул қилади, нуқсонини тўғрилайди, хатосини кечиради» (ал-Мажмуъ шарҳул муҳаззаб).

35. Дўст билан барча ишларда очиқ-ошкора бўлиш, такаллуфга йўл қўймаслик. Шофеий раҳимаҳуллоҳ айтганлар: «У билан муросаи мадора қилишга мажбур бўлган кишинг ҳақиқий дўстинг бўлолмайди» (ал-Мажмуъ шарҳул муҳаззаб). Муроса қилиш учун кўнгилда бўлмаган сўзларни гапириш чин дўстлик белгиларидан эмас.

36. Биродари ғоиблигида унинг аҳлидан бохабар бўлиш. Биродар уйидан узоқда ё сафарда бўлса, унинг аҳли-оиласига қараб туриш, имкон қадар уларга нафақа бериб, ҳолларидан хабар олиб туриш ва унинг йўқлигини билдирмаслик. Салаф солиҳларимизнинг дўстларга нисбатан одатлари шундай эди.

37. Вафот этса жанозаси ва дафнида ҳозир бўлиш. Бу ҳам сизнинг зиммангизда бўлган унинг ҳақларидан. Бунга далил бўлувчи ҳадис 5 – одобда ўтди.

38. Ҳаётлик даврида ҳам, вафотидан кейин ҳам унинг гуноҳларига мағфират сўраш, ёдга олганда ҳаққига дуо қилиш. Зеро, бу чин муҳаббат белгиларидан ҳисобланади. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам саҳобаларидан бирини дафнидан фориғ бўлгач: «Биродарингиз учун истиғфор айтинг, унга Аллоҳдан сабот беришини сўранг. Чунки у ҳозир сўроқ-саволга тутилади», деганлар (Абу Довуд, Ҳоким ривоятлари).

39. Унинг вафотидан сўнг бола-чақасининг ҳолидан хабар олиб туриш, эҳтиёжларини ўтаб бериш, муҳтож бўлсалар моддий ёрдам кўрсатиш. Бу дўстга унинг вафотидан сўнг вафо қилиш жумласидан ҳамда сизнинг зиммангиздаги унинг ва бола-чақасининг ҳақларидандир. Салафлардан кўпларининг одати шундай эди.

40. Вафотидан сўнг уни фақат яхшилик билан эслаш, ҳузурингизда зикр қилинса унга Аллоҳнинг раҳматини сўраш, шунингдек, вафотидан сўнг ҳеч кимга уни ёмонлашига йўл қўймаслик ҳам дўстликка вафо қилиш жумласидан саналади.

41. Вафотидан сўнг унинг оиласи ва ёр-дўстлари билан борди-келди қилиб туриш ҳам дўстликка тўла вафо қилиш жумласидан. Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам Хадижа розияллоҳу анҳонинг вафотларидан кейин у кишининг ёр-дўстлари билан алоқа қилиб турардилар. «Кўпинча қўй сўйсалар, унинг бир бўлагини Хадича розияллоҳу анҳонинг дугоналарига юборардилар» (Бухорий ва Муслим ривоятлари).

[1] Бу ерда “аврат” сўзи бегоналар ҳузурида у ҳақда гапириш мумкин бўлмаган, кишининг ички сирлари маъносида ишлатилган. Бунга кишининг аёлига қиладиган хос муомалалари, аёлининг умумий сифатлари, умуман олганда бегоналардан сақланиши керак бўлган шахсий ҳолатлар ва ишлар киради.