Шанба 21 Декабрь 2024 | 19 Жумадул-охир 1446 Ҳижрий-қамарий

асосий қисм

  • lotinchaga
  • +
  • -
  • |

Аламларга бурканган неъмат

6602 марта кўрилган

Мутаржим Бобур Ахмад

Ундан ўзга илоҳ бўлмаган Аллоҳга ҳамд бўлсин ва У барча нарсага қодирдир. Пайғамбаримизга саловат ва саломлар бўлсин.

Бу рисолани ёзишимдан мақсад, Аллоҳга ва унинг Расулига ва омма мусулмонларнинг йўлига чақириш, насиҳатдир.

Баъзи дардманд инсонларнинг беморлик, касаллик фойдаларидан хабарсиз бўлган ҳолларида: «Эй Роббим, менга раҳминг келсачи?!» деб нола қилишаётганларини эшитдим. Асарларда келадики, Аллоҳ айтаркан: «Раҳматим туфайли ато этаётган нарсамдан, яна қандай раҳм қиламан?» Шунингдек, баъзи рак каби оғир, бедаво дардга чалинганларни умидсизликка тушиб қолганлари, айримлари сабрлари заифлашиб, жазавалари ортиб, нолишлари зиёдалашиб кетаётгани ва Шайтон васваса қилиб, ўтган камчиликлари, гуноҳларини ёдларига келтириб, уларни Аллоҳнинг раҳматидан ноумид қилаётгани, тушкунликка тушириб қўяётгани ҳақидаги кўнгилсиз ҳолатларни эшитдим ва кўрдим. Лекин у «…ўзаро шивир-шивирлари фақат шайтон томонидан бўлиб, иймон келтирган зотлар (у сабабли) ғамгин бўлишлари учундир» (Мужодала 10) . Аслида эса, токи бемор, тавҳидда мустаҳкам туриб, машаққат чекса ҳам, намозларда қоим бўлар экан, унга хавф-хатар йўқдир. Энди, кимки жони ғарғарага келмасдан олдин тавба қилиб олар экан, ҳатто катта гуноҳлар содир қилиб қўйган бўлса ҳам, Аллоҳ унинг тавбасини албатта қабул қилгувчидир. Аҳлиссунна эътиқодида, барча тавҳидда вафот қилганларни, яъни Аллоҳни якка билиб кетган инсонларни куфрда вафот этмаган деб умид қилинади. Ҳадисда келадики: Пайғамбар дедилар: «Умматимдан кимки, Аллоҳга ширк келтирмаган ҳолда вафот этса жаннатга киради.» Абу Зар разияллоҳу анҳу шунда сўрадилар: «Зино қилган бўлса ҳамми, ўғрилик қилган бўлса ҳамми?» Пайғамбар: «Ҳа, зино қилган бўла ҳам, ўғрилик қилган бўлса ҳам» деб жавоб бердилар. Бошқа ҳадисда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам : «Аллоҳдан фақат яхши гумонда бўлган ҳолингизда вафот қилингиз» деб марҳамат қилдилар. Ҳадиси қудсийда Аллоҳ таоло дейди: «Мен бандамни гумонидаман, яъни бандам Мен ҳақимда қандай гумон қилса шундайдирман.» Мўмин киши балолар қанчалик шидатли бўлмасин сабр қилиши лозим. Албатта қийинчиликдан сўнг, осонлик бордир ва дунё азоби охират азобидан енгилроқдир. Анас разияллоҳу анҳу ривоят қиладилар: «Пайғамбаримиз ўлим тўшагида ётган бир йигитни зиёрат қилдилар ва сўрадилар: «Ўзингни қандоқ ҳис этаяпсан?» Йигит: «Аллоҳнинг раҳматидан умидворман ва гуноҳларимдан қўрқаяпман, ё Расулуллоҳ!» деди. Шунда Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам : «қайси банданинг қалбида мана шу ўринда, шу икки нарса жам бўлар экан, Аллоҳ унга умид қилаётган нарсасини ато этиб, қўрқаётган нарсасидан хотиржам қилади»,- деб марҳамат қилдилар. Лекин сиз бу ҳадисни ҳужжат қилиб, амалларга сусткаш бўлиб қолманг. Ўлим тўсатдан келиб қолиши мумкин. Умуман олганда, мўмин Аллоҳнинг қазосига рози бўлиб, сабр қилиб яшар экан, агар ҳаёти давом этса ажру-савобларга эга бўлади, вафот этадиган бўлса, Аллоҳнинг раҳматига эришади. Пайғамбар марҳамат қилиб: «ўлим-мўминга туҳфадир» деганлар. (Табароний ривояти, санади яхши). Энди юқорида саналган нарсалардан тўғри фикрга келган бўлсангиз, инсонга касаллик етиши туфайли ҳам руҳ, ҳам баданга етадиган улкан фойдалар ва манфаатларни сизга баён қилишга киришамиз. Тафсилотларга киришишдан олдин, муқаддимада тўхтаб ўтамиз.

Муқаддима

Аллоҳ таоло ниманики яратган бўлса, у яратган нарсасида мусибатланган ёки мусибатдан саломат бўлган кишиларнинг ҳар бири учун неъмат бордир. Ҳатто кофирларнинг жаҳаннамда азобланиши ҳам бир неъматдир. Албатта бу, бошқа бандалар ҳаққи учун азобланаётган ҳолатларидадир. Бир қавмга етадиган мусибат бошқа қавм учун кўп фойдалардир. Агар Аллоҳ таоло азоб ва аламларни яратмаганда эди, неъмату-марҳаматларга эришганлар, у неъматларни қадрини билмаган ва кўпгина ато этилган яхшиликларнинг қадрига етмаган бўлишар эди. Бу ўринда, Аллоҳ кўпгина қарама-қаршиликларни яратдики, улар сабабли неъматлар қадри англанади. Агар тун бўлмаганда кундузнинг қадри билинмас, агар касаллик бўлмаганда соғлик-саломатликнинг қадри сезилмас, фақирлик бўлмаганда бойликнинг нафи кўринмас, дўзах бўлмаганда жаннат қадри англанмас эди. Аҳли жаннатнинг сурури, дўзах аҳлининг аламлари ҳақида тафаккур қилишган чоғларида зиёдалашиб кетади. Шунинг учун ҳам жаннат аҳлига дўзах аҳлининг азобланишларини кўрсатиб турилишини неъмат деб санаса ҳам бўлади. Лекин, банда, даф қилишга қодир бўлган балоларга сабр қилиб ўтиришга эмас, балки, ўша балоларни кетказиш учун ҳаракат қилишга буюрилган. Ҳадисда келадики, «Кучи етмайдиган нарсани кўтариб олиб, ўзини хорлаш мўминга хос эмасдир» . Ҳал қилиш ва аритиш имкони бўлмаган аламга қилинган сабргина мақтовга лойиқдир. Шунингдек, неъматларнинг баъзилари кишига бало ҳам бўлиши мумкин. Киши ҳаёти давомида неъматлар ва балоларга рўбарў қилинади. Қанчалар балою мусибатлар борки, у инсонга неъмат сифатида етади. Баъзида банда учун фақирлик ва касаллик неъмат бўлиши мумкин. Чунки у инсон агар соғлом бўлса ва мол-дунёси ортса, ношукрлик қилиши ва туғёнга кетиши мумкин. «Агар Аллоҳ (барча) бандаларининг ризқларини кенг-мўл қилса, албатта улар Ер юзида зулм-тажовузкорлик қилган бўлар эдилар.» (Шуро 27). Баъзи инсонлар борки, иймон ва ҳусну хулқни истисно қилганда, барча неъматлар улар учун балодир. Унинг акси эса, яъни мусибатлар уларга неъматдир. Айтайлик, маърифат ва камолот неъматдир. Гоҳида эса, унинг йўқлиги инсонга фойда бўлади. Масалан, бир кишики, унга қарши одамларнинг пинҳона ғаламислиги, ёмонлиги бор. Агар унга парда кўтарилиб, у булардан воқиф бўлса, унинг ғаму-қайғуси ортиб кетади. Қанча-қанча неъматлар борки, инсон уларга ҳарис бўлиб, интилиб ҳаракат қилади, аслида эса у нарса унинг ҳалокати бўлади. Ўзи аламлар ва касалликлар бўлсада, руҳлар ва баданларга даво бўлган ва инсонга комиллик ато этадиган нарсалар бу оламда кўпдир. Албатта яратувчиси ва вужудга келтирувчиси бўлган Зот бандасига касаллик беради ва албатта шифо ҳам ато қилади, балолантиради ва албатта офият насиб қилади, ўлдиради ва албатта қайта ҳаёт беради. Аллоҳ таоло қанчалаб ато этган улкан лаззатларини турли хил кўнгилсизлик, мусибатлар ичра яшириб қўйганки, улар лаззатларга эришиш йўлида кўприк бўлғусидир. Шунинг учун ҳам донолар айтишганки, «неъматга неъмат билан етилмайди, роҳатга роҳат билан ноил бўлинмайди». Аслида аламлар ва машаққатлар улкан неъматлардир. Чунки улар фароғатлар сабабидир. Масалан, агар аёл ҳомиладор бўлиш, фарзанд туғишнинг аламига қарайдиган бўлса, турмушга чиқмайди, оила қурмайди. Лекин аёл учун она бўлиш туйғусининг лаззати у аламлардан неча-неча марталаб улкандир. Аксинча, агар аёл фарзанд кўрмаётган бўлса, она бўлиш илинжида табибларга қатнашини қўймайди.

Фойдалар

Юқоридагиларни батафсил тушуниб олган бўлсак, энди касалликларнинг фойдалари, хайрли томонлари ҳақида сўзимизни давом эттирамиз. Бу манфаатлар юздан ортиқ бўлиб, қуйида мухтасар баён қиламиз:

1. Касалликнинг фойдаларидан: нафснинг ислоҳ бўлиши ва ёмонликдан покланишидир.

«(Эй инсонлар), сизларга не бир мусибат етса, бас, ўз қўлларингиз қилган нарса-гуноҳ сабабли (етур). Яна У кўп (гуноҳларнинг жазосини бермасдан) афв қилиб юборур». (Шуро 30). Агар бандага мусибат етса, у : «Бу ўзи қаердан келиб қолди? Ким бу дардни менинг бошимга солди?» демасин. Мусибат гуноҳ туфайлигина етур ва бунда хушхабар ва огоҳлантириш бордир. Тузукроқ уйлаб қарасак, дунё мусибатлари гуноҳларимиз учун тортаётган уқубатларимиз, холос. Бир ҳадисларида Пайғамбаримиз: «Мўмин кишига аҳлида, молида, фарзандларида балою-офатлар устма-уст кела бошлайдики, шулар туфайли гуноҳлари кечирилганидан, Аллоҳга ҳеч қандай хатоси қолмаган ҳолда рўбарў бўлади»,- дедилар. Агар бандада ўйламаган, эсидан чиқарган гуноҳлари бўлса, Аллоҳ у сабабли ғам-қайғу ёки касаллик билан балолайди. Бу яна шунга ишоратки, дунёнинг бир соат аччиқлигини кўтариш алами охиратдаги абадий аламни кўтаришдан афзалроқ. Салафларимиз айтишган экан: «Агар дунё мусибатлари бўлмаганда эди, қиёматга ҳеч вақосиз (яъни ҳеч қандай савобларсиз) борган бўлар эдик».

2. Касаллик фойдаларидан: охиратда, кишига етган касалликдан кўра бир неча баробар лаззат ва сурурни келтириши. Чунки дунё аччиқлиги охират халоватидир, бунинг акси эса аксидир. Шунинг учун ҳам Пайғамбаримиз: «Дунё мўмин учун зиндон, кофир учун жаннатдир» деб марҳамат қилганлар. Яна марҳамат қилиб: «Ўлим мўминга туҳфадир» дедилар. (Ибн Аби Дунё ривояти, санади ҳасан). Агар бандага касаллик ёки мусибат етса ва у Аллоҳга ҳамд айтса, у умид қилаётган савобни устига, унга жаннатда «ҳамд уйи» деб аталган бир уй бино қилинади. Жобир розияллоҳу анҳу ривоят қилиб айтадилар: Пайғамбаримиз дедилар: «Одамлар қиёматда бало аҳлига берилаётган савобни кўрганларида, дунёда терилари қайчилар билан қиймаланган бўлишини орзу қилиб қоладилар» (Термизий ривояти)

3. Касаллик фойдаларидан: Аллоҳнинг беморга яқин бўлиши. Бу эса хос яқинликдир. Ҳадиси қудсийда Аллоҳ таоло дейди: «Эй Одам боласи! Фалончи бандам касал бўлди, кўргани бормадинг, агар борганингда уни ҳузурида Мени топган бўлардинг»

(Абу Ҳурайрадан Муслим ривояти)

4. Касаллик фойдаларидан: У билан банданинг сабри билинади.

Айтганларидек: «Агар имтиҳонлар бўлмаганда эди, сабрнинг фазли зоҳир бўлмаган бўлар эди». Агар инсон сабрга эришса, у кўп яхшиликларга эришибди. Агар йўқотса, у ҳолда барча яхшиликларни йўқотибди. Аллоҳ таоло банданинг сабрини ва иймонини имтиҳон қилади, шунда ёки тилла ҳосил бўлади ёки чиқинди. Анас разияллоҳу анҳу ривоят қиладилар: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам дедилар: «Албатта мукофотнинг катталиги, балонинг катталиги биландир. Агар Аллоҳ бир қавмни яхши кўрса, уларни балолантириб қўяди. Кимки рози бўлса, унга ҳам розилик, кимки ғазаб қилса, унга ғазаб насиб бўлади». Агар Аллоҳ бир бандасини яхши кўриб қолса, унинг ғамини зиёдалаштириб қўяди. Агар ғазаб қилса, унинг дунёсини кенгайтириб қўяди, хусусан, банда динини зое қилса. Банда мусибатларга иймон ва сабот ила сабр қилса, у сабрлилар девонига ёзиб қўйилади. Агар ундан розилик ҳосил бўлса, уни рози бўлганлар девонига ёзиб қўйилади. Бандадан ҳамд ва шукр ҳосил бўлар экан, Аллоҳ тақдир қилган барча қазолар унинг учун хайрли бўлиб қолаверади. Суҳайб разияллоҳу анҳу ривоят қиладилар: «Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва саллам дедилар: «Мўминнинг барча ишлари хайрли эканига хайрон қоламан. Агар унга хурсандлик етса шукр қилади. Бу унинг учун хайрлидир. Агар мусибат етса сабр қилади ва бу ҳам у учун хайрлидир. Бу фақат мўмингагина хос. Аллоҳнинг мусулмон учун белгилайдиган ҳар бир тақдири хайрлидир.» (Муслим ривояти), бошқа бир ҳадисда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам : «Мўмин ҳар бир иши учун ажрланади» дедилар (Аҳмад ривояти). Мўмин киши Аллоҳнинг тақдири ила етган барча мусибатларга кўниши, рози бўлиши керак. Аллоҳим! Бизни ато қилсанг шукр қиладиган, гуноҳ қилса Сенга истиғфор айтадиган, агар мусибат етса сабр қиладиган бандаларингдан қилгин.

5. Касаллик фойдаларидан ва Аллоҳнинг бандасига тўкис ато этадиган неъматларидан: Аллоҳ бандасига зарар ва қаттиқликларини нозил этиши сабаби, бандасини Ўз даргоҳига илтижо қилишга, паноҳига қочишга, тавҳидига суянишга ва қалбини динини холис қилган ҳолида Роббисига дуо қилишга ундайди.

Балолар юбориб, дуога ундайдиган, неъматлар ато қилиб, шукрга чақирадиган зот қандай ҳам Пок! Тобеинлардан Ваҳб ибни Мунаббиҳ айтган эканлар: «Балолар, аслида дуоларни юзага чиқариш учун тушади» Аллоҳ таоло шундай дейди: «Қачонки Биз инсонга (неъмат-давлат) инъом қилсак, у (Бизга шукр қилишдан) юз ўгирар ва ўз томонига кетар (яъни, Бизни унутар). Қачон унга ёмонлик (камбағаллик-кулфат) етиб қолса, у узундан-узоқ дуо-илтижо эгасидир». (Фуссилат 51). Мусибат етиши натижасида бандада таваккул, тазарру, ихлос билан дуо қилиш каби иймони ва ишончини зиёда қиладиган ишлар ҳосил бўлади. Яна касалликнинг кетишидан ҳам кўра фойдаси улканроқ бўлган, инобат-Аллоҳга қайтиш, иймон халовати ва уни тотиш лаззати каби ҳолатлар ҳам, шу мусибат туфайли юзага келади. Аллоҳгагина динни холис қилган ҳолида ибодат қиладиган тавҳид аҳли уларга етаётган мусибатларга сабр қилишади, дарров сеҳргар ёки фолбинга югуриб боришмайди, ширк аҳлига ўхшаб қабристонларга бориб, азиз авлиёларнинг қабрларидан мадад сўрашмайди. Балки касаллик ёки муҳтожлик етса, ёлғиз Аллоҳдан ёрдам сўрайдилар, агар паноҳ тилашса, ёлғиз Аллоҳдангина паноҳ тилайдилар. Бу каби якка Аллоҳдангина мадад кутиш намунаси Айюб алайҳиссаломнинг ҳаётларида яққол кўринади: «Айюбнинг Парвардигорига нидо қилиб: «(Парвардигорим), мени бало ушлади. Ўзинг раҳм-шафқат қилгувчиларнинг Раҳмлироғидирсан», деб илтижо қилган пайтини (эсланг)!» (Анбиё 83). Айюб Пайғамбарнинг балою-мусибатларини ўйлаб кўринг, бор мол-мулклари, фарзандларидан ажралдилар, ўзлари оғир дардга йўлиқдилар. Бу аламларнинг улканлигига қарамай, у зот эртаю-кеч Аллоҳга ҳамд айтар, эртаю-кеч Аллоҳдан бу имтиҳонлар учун рози бўлар эдилар. Чунки, у киши барча ишлар Аллоҳнинг қўлида эканини билар, дарду аламлари ҳақида ҳеч кимга шикоят қилмас эдилар. Ниҳоят Роббиларига сидқ ила нидо қилдилар: «Эй Роббим мени бало ушлади, ўзинг раҳм қилувчиларнинг Раҳмлироғисан». Шунда Аллоҳ таоло балони кўтарди ва у зотни мақтаб, шундай деди: «Дарҳақиқат, Биз (Айюбни) сабр қилгувчи ҳолда топдик. У нақадар яхши бандадир.”

Ҳақиқатан, у (Аллоҳ рози бўладиган йўлга) қайтгувчидир. (Сод 44)

6. Касалликнинг фойдаларидан: банда томонидан тааббуд-қулчиликнинг турли кўринишларини зоҳир бўлиши.

Аллоҳ таоло қалбларга убудиятнинг турли кўринишларини жо қилган. Қанчадан-қанча бало ва аламлар, бандаларнинг тўғри йўлга–истиқоматга тушиб олишларига ва Аллоҳ сари юриб, залолатдан узоқ бўлишларига сабаб бўлган. Кўплаб одамлар фақат соғликларини йўқотишгандан кейингина Аллоҳ томон юзланишган, динларига қизиқиб, намозларини бошлаганлар. Демак, бу касалликлар, улар учун улкан бир неъмат бўлган. Шундай эмасми? Лекин «Одамлар орасида Аллоҳга бир четда (яъни, сидқидилдан эмас, тил учида) ибодат қиладиган кимсалар ҳам бордир. Бас, агар унга (диндор бўлгани шарофатидан) яхшилик етса, ўша сабабли хотиржам бўлур, агар бирон фитна-бахтсизлик етса, (диндан) юз ўгириб кетур. У дунё-ю охиратда зиён кўрур». (Хаж 11). Бу шунга далолат қиладики, ибодат бандага хотиржамлик кунларида фарз бўлганидек машаққатли кунларида ҳам фарздир. У ёқтирмаган ҳолатда ҳам, унга ёққан ўринда ҳам фарз. Кўпгина инсонлар ибодатни фақат яхши кунларида, саломат пайтларидагина адо этишади. Қийинчиликка йўлиқсалар тарк қиладилар. Мана бу ўринда бандаларнинг мартабалари тафовут қилади. Шунга қараб, уларнинг Аллоҳ наздидаги манзилатлари–ўринлари белгиланади. Агар жаннат аҳлидан бўлса, унга келаётган кўнгилсизликларга қарамай, ҳидоят йўлида давом этиб бораверади ва дунёдан мусаффо, пок ҳолида чиқади. Ривоят қилишадики, Урва ибн Зубайр гангрена-суяк чириши касалига йўлиқиб, табиблар оёғини кесишадиган бўлганда, айтган экан: «Аллоҳим мени етти ўғлим бор эди, биттасини олиб, олтитасини қолдирдинг. Тўрт мучам бут эди, биттасини олиб, учтасини қолдирасан. Сен нимаики мусибат берсанг, аниқки офият ҳам берасан, нимаики олсанг аниқки, албатта эваз берасан» Амалиёт тугагач эса, кесилган оёқни қўлларига олиб кўрарканлар, дедилар: «Албатта Аллоҳ биладики, мен сен билан бирорта ҳам маъсият бўлган ўринга бормадим» дедилар, сўнгра мадиналик шоир Маън ибн Авснинг қўйидаги байтларини ўқидилар:

Шубҳали нарсаларга чўзмадим ҳеч қўлимни,
Оёқларим фахшдан тўсиб қўйди йўлимни.

Қулоғу кўзларим ҳеч бузуқликни хушламас,
Фикр ҳамда ҳаёлим ифлосликка бошламас.

Менга келган мусибат фақат менга етибми?
Аввал ўтган салафлар ҳеч мусибат кўрмабми?

7. Касаллик фойдаларидан яна бири, Аллоҳ таоло бандасини кибр, ўзига бино қўйиш, мақтанчоқлик каби ёмон сифатларини ундан аритиш учун касаллик бериб, бандасини у иллатлардан поклайди.

Агар банда ўзининг эски ҳолатида давом этаверса, ҳаддан ошади, туғёнга кетади, қаердан келиб, қаерга кетаётганини ҳам унутиб қўяди. Аллоҳ таоло унга касалликлар, дардлар ва офатлар каби мусибатларни ҳукмрон қилиб қўяди. Банда хоҳламасада, Аллоҳ касал қилади, ёқтирмасада, мажбурлаб очлик беради. Инсон ўзига на фойда ва на зиён, на ўлим ва на ҳаёт бера олади. Баъзида инсон бир нарсани билишни хоҳлайди, лекин, Аллоҳ уни билдирмайди. Бир нарсани эслаб қолишга ҳаракат қилади, лекин Аллоҳ уни унуттиради. Баъзида бир нарсани истайди, лекин у нарса унинг фожеаси бўлиши мумкин, бир нарсани ёмон кўради, у нарса унинг ҳаёти бўлиши мумкин. Инсон кеча-кундуз бирор лаҳзасида ҳам хотиржам бўлмасинки, ҳар дакиқада Аллоҳ унга ато қилган кўриш ва эшитиш неъматидан маҳрум қилиб қўйиши, ақлини кетказиб қўйиши, роҳатланиб, баҳраманд бўлиб турган дунёсини тортиб қўйишга қодирдир. Ожизгина инсонча ўзини ҳеч нарса билан ҳимоя қила олмайди. Ўзини бир таниб олсинчи, ундан ҳам ҳақирроқ ким бор?! Шундай экан, нодонлиги сабабли Аллоҳга ва унинг яратган халқига мутакаббирлик қилишга ҳақлимикан? Баъзи инсонларга Аллоҳ фазли ила бойлик ато этса, ўзини беҳожат сеза бошлайди. Бахиллиги ортиб, манмансираши зиёдалашиб кетади ва мутакаббирлик доимий сифати бўлиб қолади. Шунда Аллоҳ таоло унга касалликлар ва офатларни жўнатиб қўяди. Ким бўлишидан қатъий назар бемор кишини қалби синиқ, кўнгли яримта бўлади. Бу кўнгил синиқлиги унда дард ва касалликдан вужудга келади. Инсонда бу мусибат туфайли тазарру ва бўйсуниш, ҳокисорлик юзага келади, Аллоҳга қурбати ортади. Бу касалликнинг катта фойдаларидандир. Аллоҳ: «Мен ҳокисорлар билан биргаман» дейди. Бу ерда уч тоифанинг дуосини ижобат бўлиш сири бордир. Бу тоифалар мазлум, мусофир ва рўзадордир. Булардан ҳар бирининг қалбида синиқлик бордир. Мусофир ғурбатга ўзига бир яқини йўқлигидан кўнгли синиқ, рўзадор очлик машаққатидан, мазлум зулмдан, касал одам дарддан кўнгли синиқдир. Аллоҳ бандасига яхшиликни ирода этса, унинг дардига даво бериб, уни ҳалокатли мусибатдан фориғ қилиб, офият, саломатлик ато қилади.

Бу касалликлар унга парҳез, сақланишдир. Балою-офатлар бериб марҳамат кўрсатган, неъмат бериб, балолаган Зот қандай ҳам улуғдир.

8. Касаллик манфаатларидан бири, бандани енгилликка интизор бўлиши, роҳатга эришишни кутишидир.

Нажотни кутиш ибодатларнинг афзалидандир. Бу банда қалбини ёлғиз Аллоҳга боғлайдиган ишдир. Бу мусибатлар ва дардлар аҳлига малҳам ва юпанчдир. Хусусан, бемор, инсонлар тарафидан шифо топиш умиди узилиб, нажоти кесилган чоғда, ёлғиз Аллоҳдан нажот илинжида бўлиб қолади ва: «Эй Роббим! Касалимга Сендан ўзга шифо истайдиганим ҳеч ким қолмади!» деб нола қилади. Ана шунда Аллоҳнинг изни ила шифо ҳосил бўлади. У ҳожатлар сўраладиган энг улкан сабаблардандир. Зикр қилишадики, бир бемор, табиблар унинг дардига шифо топиш иложсиз, дейишгани ҳақида хабар топади. Бемор рак-саратон касали билан оғриган эди. Аллоҳ уни саҳарларда дуога, илтижога илҳом қилди. Дуоларни сабаб қилиб, бироздан сўнг шифо нозил этди. Бу-нажот билан қаттиқ қийинчилик бир-бирига яқин, боғлиқ эканининг латиф сирларидандир. Банда одамлардан батамом умидини узиб, ёлғиз Аллоҳнинг ўзидан мадад, ёрдам кутади ва шунда Аллоҳдан ёрдам келади. Убудиятнинг бу кўриниши фақатгина шундай шиддатли аламдан сўнггина ҳосил бўлиши мумкин. «Ҳар қачон ўша Пайғамбарларимиз ноумид бўлиб: «Бизлар ёлғончи қилиндик-Пайғамбар эканимизга ишонмадилар», деб ўйлай бошлаганларида, уларга Бизнинг мададимиз-ғалабамиз келиб, биз хоҳлаган кишиларга нажот берилар эди». (Юсуф 110)

9. Касаллик фойдаларидан: Агар банда хотиржамлик кунларида ибодат ва Аллоҳ маърифати йўлида бўлар экан, Аллоҳ таоло бандага, беморлик етган дамларида ҳам унга солиҳ амалларни номаи аъмолига битиб, сақлаб қўяди. Бу Аллоҳнинг карами ва фазилатидир.

Бу гуноҳларнинг каффорат қилиб юборишдан-да юқори турувчи марҳаматдир. Банда хушида бўлмаса ҳам, ёки ақли кетиб қолса ҳам, токи Аллоҳнинг ҳидоятида бўлар экан, унинг ҳаққига ҳасанотлар ёзилиши давом этаверади. Аллоҳни хотиржамлик, осойишталик кунларингизда зикр қилишингиз, ёд қилишингиз, Аллоҳ ҳам сизни оғир мусибатли кунларингизда зикр этишига сабабдир. Гарчи инсон оғир касал бўлиб, ҳатто, ақли-хуши кетиб қолса ҳам, унга маъсият эмас, худди фаровонлик кунларида яхши амаллар қилгани каби яхшиликлар битилгусидир. Абдуллоҳ ибни Умар розиялоҳу анҳумо ривоят қиладилар: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам дедилар: «Одамлардан кимки танасига бир касал етиб, мусибатланар экан, Аллоҳ азза ва жалла унга қўриқчи бўлган малоикаларига шундай буюрар экан: «Бандам учун, худди у соғ кунларида хайрли амаллар қилгани каби кеча-ю кундуз яхшиликларни ёзинглар». (Имом Аҳмад ўз «Муснад»ларида келтирганлар)

10. Касаллик фойдаларидан: Банда жаннатдаги манзиллардан амаллари билан ета олмайдиган даражага, Аллоҳ унинг танасига дард бериб, мусибатлаш билан, ўша манзилга етказади.

Ибни Ҳиббон ўз саҳиҳларида Абу Ҳурайрадан ушбу ҳадисни ривоят қиладилар: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам дедилар: «Киши учун Аллоҳ ҳузурида манзилати, ўрни бўлади. Банда унга амаллари билан эриша олмайди. Ҳаёти давомида, Аллоҳ уни у ёқтирмаган балою-мусибатлар ила балолантириб боради ва оқибатда, уни жаннатдаги манзилига эриштиради, етказади». Салом ибн Мутиъ шундай дер эканлар: «Аллоҳим, Сен солиҳ бандаларингни юксак даражаларингга уларга мусибатлар юбориш билан етказар экансан, мени ўша манзилга офиятинг ила етказгин».

11. Касаллик фойдаларидан: Банда, сиҳат-саломатлиги улкан неъмат эканлигини билиши.

Агар инсон офият ичра улғайса, балоланган инсон бошидан кечирадиган аламларни билмасдан ҳаёт кечиради ва ўзидаги соғлик неъматини ҳис этмайди. Қачонки банда мусибатга йўлиқса, аввалги саломатлик ҳолатига қайтишни ва Аллоҳ таоло уни офият, сиҳат-саломатлик ила неъматлашини орзу қилади. Касаллик бўлмаса, соғликнинг қадри билинмайди, тун бўлмаса кундузнинг қадри сезилмайди. Бу қарама-қаршиликлар бўлмаса кўплаб неъматлар, марҳаматлар танилмасди. Ҳар қандай касал ҳам, агар атрофига қараса, ўзиданда оғирроқ касалга мубтало бўлган касалларни кўриши мумкин. Бас, Аллоҳга ҳамд айтсин. Ҳар қандай манаман деган бой ҳам, мундоқ ён-верига қараса, ўзидан анча бойроқ кишиларни топади. Ҳар қандай ўзини фақир санайдиган инсон ҳам, ўзидан-да фақирроқ минглаб кишиларни кўриши мумкин. Албатта, касалликда кўплаб манфаатлар ва фойдалар бордирки, инсон уларни билишдан ғофилдир. «Шоядки, сизлар ёмон кўрган нарса сизлар учун хайрлидир.» (Бақара-216)

Банда бало-мусибатга йўлиққан инсонни кўрган чоғида: «Сени балолаган (синов берган) нарсадан мени соғлом этган Аллоҳга ҳамд бўлсин» дейди. Аллоҳ уни ҳамд айтгани туфайли балодан саломат сақлайди. Мусибат етган инсон эса сабр қилар экан, улкан ажру-савобга эришади.

Шуниси таажжубланарлики, банда агар дунёсига боқса, ўзидан юқоридагига қарайди. Динига боқадиган бўлса-чи, у ҳолда, ўзидан пастроққа қарайди ва уни:«Биз динда бошқалардан кўра афзалроқмиз» деяётганини эшитасиз. Лекин ушбу сўзларини дунёси хусусида айтмайди. Кимки касаллликлар аламини тортиб кўрар экан, тан-сихатни қийматини билади. Ривоят қилишадики, Фузайл ибни Иёзнинг кичик ёшли қизлари бор эди. Кунлардан бири, қизнинг кафтига бир яра чиқди. Фузайл ундан: «қизим, кафтинг тузукми?» деб сўради. Шунда қиз: «Раҳмат, отажон яхшиман. Аллоҳга қасамки, гарчи Аллоҳ мени танамни оз қисмига дард берган бўлса-да, жисмимни кўп қисмига офият ато этгандир. Кафтимга касаллик берди, қолган аъзоларимни эса соғ қолдирди. Бунинг учун Аллоҳга ҳамд бўлсин» деб жавоб берди.

12. Касаллик фойдаларидан: Касаллик, бандага Роббиси тарафидан ато этилган эҳсон ва раҳматдир.

Аллоҳ бандани азоблаш учун эмас, балки унга раҳм қилиш учун яратгандир. «Агар шукр қилсангизлар ва иймонли бўлсангизлар, Аллоҳ сизларни нега азобласин?! Ахир Аллоҳ (бандаларининг тоат-ибодатларига савоб ато этиш билан) Шукр қилувчи ва Билгувчи бўлган Зот-ку?!» (Нисо-147)

Лекин инсонларнинг кўпчилиги, Аллоҳнинг ҳикматидан жоҳилдирлар. Масалан, ота касал боласига мажбурлаб дори ичираётганда, боланинг инжиқлик қилиб йиғлаётганини кўриб, онаси: «Ахир унга раҳмингиз келса-чи?!» деб маломат қилади. Гарчи бу ишни ота болани яхши кўрганидан, унга раҳми келганидан қилаётган бўлса ҳам. Олий мисоллар эса Аллоҳникидир. Банда ўзига етган мусибат учун Роббисини айбламасинда, балки ато этмиш эҳсони учун У Зотга ҳамд айтсин. Шоир айтганидек:

Балким сенинг машаққатинг ортида ҳамдга лойиқ неъмат бордир,
Ахир баъзида баданлар касалликлар билан ҳам шифо топажак-ку?!

13. Касаллик фойдаларидан: У кўпгина бошқа касалликлардан саломат бўлишга сабабдир.

Аламлар бўлмаса эди, офиятлар ҳосил бўлмас эди. Бу нарсалар касалликлардаги улкан бир ишдир. Булардан, масалан, иситма касаллиги. Ундаги бадан учун манфаатларни қанчалик улканлигини Аллоҳнинг ўзигина билади. Иситма танадан организм учун кераксиз чиқитларни ҳайдаши ва баъзи бир зарарли моддаларни чиқариши билан бирга усиз ана шу касалликдан шифо ҳосил бўлмайди. Баъзи бир тажрибали шифокорларни айтишича, кўпгина касалликлар сабабидан юзага келадиган иситма, бемор учун офият, тузалиш башоратидир. Ўша ҳолатда беморнинг иссиғи чиқиши ва ҳароратининг кўтарилиши унинг учун дори қабул қилишданда фойдалироқдир. Иситма сабабли тузаладиган касалликлардан офтальмия деб номланадиган кўз касаллиги, фалажлик ва юзни тортишиб, фалаж бўлиб қолиши кабилардир. Иситма касалликларга шифо бўлишидан ҳам кўра каттароқ фойдаси, у гуноҳларга каффорат бўладиган энг афзал касалликдир. Муслим Жаброндан ривоят қиладики, Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва саллам бир куни Умми Соибнинг ҳузурига кирдилар ва: «Сизга нима қилди?» деб сўрадилар. У аёл: «Иситма, ундан қийналиб кетдим» деб жавоб бердилар. Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва саллам : «Иситмани ёмонламанг, у одам боласининг хатоларини худди, босқон темирнинг устидаги зангини кетказганидек кетказади» дедилар. Имом Аҳмад саҳиҳ санад билан Ибн Умардан ушбу ҳадисни ривоят қиладилар: «Бир кунлик иситма бир йиллик гуноҳларга каффоратдир». Имом Аҳмад ва Насоий Абу Саид разиялоҳу анхудан ривоят қиладилар: «Кунларнинг бирида бир киши Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламдан сўради: «Ё Расулуллоҳ биз учун касалликларда нима бор? Расулуллоҳ: «Каффорат бор» дедилар. Шу суҳбатда иштирок этаётган Убай ибн Каъб сўрадилар: «Ё Расулуллоҳ оз миқдорда бўлса ҳамми?» Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам : «Бир тикан киришидан бошлаб ундан юқоригача» деб жавоб бердилар. Шунда Убай ўз ҳаққига дуо қилиб, Аллоҳдан ҳаж, умра, жиҳод ва жамоат намозидан тўсмайдиган доимий иситмани сўради. Ровий айтадиларки, Убай ўзига шу дуони қилганидан кейин, унинг қўлини ушлаган киши уни ҳамиша иситма ҳолида топарди. Бу ҳол то унинг вафотигача давом этди.

Лекин ўзига етаётган балоларга нисбатан Аллоҳ таоло ҳозирлаб қўйган мукофотларни тасаввур қилса, боши узра турган балонинг кетмаслигини орзу қилади.

14. Касаллик фойдаларидан: Аллоҳнинг бандани огоҳликка чақириши, қўрқитишидир.

«Мана Биз уларни азоб-очарчилик билан ушладик. Улар эса на Парвардигорга бўйин эгдилар ва на тавба-тазарруъ қилдилар.» (Мўминун-76)

Бошқа оятда эса:«Шояд (куфрдан иймонга) қайтсалар, деб биз уларни (турли) азоб билан ушладик.» (Зухруф-48). Аллоҳ бандага нимаики мусибат бермасин, уни Роббисига қайтиши учун, азобдан огоҳланиши ва қўрқиши учунгина беради. Имом Абу Довуд Омир разияллоҳу анхудан ушбу ҳадисни ривоят қиладилар: «Агар мўминга бир касаллик етиб, сўнгра ундан шифо топса, бу унга ўтган гуноҳларига каффорат, келажак ҳаёти учун эса, бир мавъиза, огоҳлантириш бўлади. Мунофиқ эса касаллик етиб, сўнгра шифо топса, бир туяга ўхшайдики, эгаси уни боғлаб қўйди кейин эса ечиб юборди. У туя нима учун боғлаб қўйишди-ю, нима учун ечиб юборишди, англамайди».

15. Касалик манфаатларидан: Касаллик етиши сабабли бандада шукр қилиш юзага чиқади.

Биринчидан, агар банда саломатликдан сўнг дардга мубтало бўлса, бутун қалби билан офиятга муштоқ бўлади. Иккинчидан, дуо деб аталмиш Аллоҳнинг тортиқларига мушарраф бўлади. Чунки тақдирни фақат дуогина ўзгартириши мумкин. Мўмин Аллоҳга дуо қилишда давомий бўлиши ва жоҳил инсон каби: «Етар дуо қилганим, аҳволимни кўриб турибди!!!» демасин. Аллоҳ бандани дуо қилишга амр этган, агар банда дуо-илтижо қилмас экан, Аллоҳ ундан ғазаб қилади. Аллоҳнинг бандага баъзида офият бериб, баъзида эса касаллик бериши унга шу неъматни қадрини англатиш учундир. Қачонки Роббиси уни касаллик, фақирлик ва хавф торлигидан хотиржамлик, офият ва бойлик кенглигига кўчирар экан, маърифати даражасига қараб, банданинг сурури ва Роббисига бўлган муҳаббати зиёда бўлади. Энди унинг аҳволи офият ва бойлик ичра яшаб, бошқаларнинг ҳолини сезмайдиган ёш бола каби бўлмайди.

16. Касаллик фойдаларидан: Банда ўзининг ожизлиги ва Аллоҳга муҳтожлигини англашидир.

Еру-осмон аҳли ҳаммаси доимо Аллоҳга муҳтождирлар. Улар фақирдирлар, Аллоҳ эса бой-беҳожатдир. Агар Аллоҳ бандасига ушбу касалликларни бериб қўймаса, банда ўзини унутиб қўяди. Ким бўлишидан катъий назар, касал бўлар экан, Аллоҳга муҳтожлигини ҳис этади. Балки, сиз ушбу далилларни ўқиб: «Дунёда етадиган балолар неъматларданда фойдали экан, демак, Аллоҳдан бало сўраш лозим эканда?» дейишингиз мумкин. Биз сизга айтамизки, йўқ ундай эмас, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламни Тоиф аҳли ўз шаҳарларидан тошбўрон қилиб қувишганида, дуо қилган эдилар: «Агар ушбу етган мусибат менга Сенинг ғазабингдан бўлмаса, мен бунга парво қилмасман. Лекин офият ато қилишинг мен учун ёқимлироқдир». Яна ривоят қилишадики, Аббос Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламдан дуо ўргатишни сўраганларида, Пайғамбаримиз: «Аллоҳдан авф ва офият тилагин. Албатта У ҳеч кимга қатъий иймон-ишончдан кейин офиятдан кўра афзал неъмат ато этмади». Ҳасан айтган эканлар: «Ёмонликлардан холи яхшилик, бу-шукри бўлган офиятдир». Қанчалаб неъмат ато этилган инсонлар борки, уларда шукр қилиш йўқдир. Бу нарсалар далилларсиз ҳам очиқ-ойдиндир.

Аллоҳдан дунёда биз учун тамомий неъматлар ато этишини ва биздан балоларни кетказишини сўрашлигимиз даркор. Лекин банда мусибатланиб қолса, у ҳолда сабр ва Аллоҳнинг қазо-тақдирига рози бўлиши лозим. Рисоламни шу билан тугатаманки; касаллик жазо, уқубат эмас, балки неъматдир. Касалликда бир неча хил лаззатлар бор. Улардан:

1. Касал киши бурканиб турадиган ғамхўрлик, яқин кишилари ва қариндошлари тарафидан кўмилиб турадигани яхши кўриш, муҳаббат лаззати.

2. Касал киши Аллоҳга мухлис бўлиб, музтар ҳолатда туриб, илтижо қилаётган соатида топадиган улкан лаззати.

3. Тўшакка михланиб, касал бўлиб ётган қийинчилик лаҳзалари ўтиб, офият дамлари келганда, касаллик интиҳосига етганда, дуолар, илтижолар ва нолалар ижобат этилганда Аллоҳдан миннатдорлик, розилик, хурсандлик лаззати. Касал ёки бечораҳол одамни зоҳирига қараб ҳукм қилмаслик керак. Балки, ҳароб девор ортида ажойиб қаср ёки баҳайбат эшик ортида ҳароба кулба бўлиши мумкин.

4. Мукаммал тенглик лаззати. У ҳаёт қонунидир. Касаллик бой билан фақир ўртасини ажратмайди. Агар касаллик фақат фақирлик ёки муҳтожлик сабабли яхши тўйиб овқатланмасликдан бўлганда эди, касаллигу-дардлар фақат фақирлар олдида тўхтаган бўлар ва бадавлатлар эса бундан халос бўлишган бўлар эди. Лекин касаллик, ҳақир билан обрўлини фарқламайди. Унинг учун барча инсонлар тенгдирлар.

Ушбу рисолани ниҳоясига етказар эканмиз, Аллоҳга ҳамду сано айтамиз. У Зотдан улкан лутфу карамини, дунё ва охиратда гўзал сатр ила бизни айбу нуқсонларимизни беркитишини сўраймиз. Яна Аллоҳдан неъматларини завол топиб, тугаб қолишидан, офиятини кетиб қолишидан, тўсатдан келиб қоладиган иқобидан ва жамики ғазабларидан паноҳ тилаймиз.

Пайғамбаримиз Муҳаммад ва ул зотнинг оила аъзоларига саловот ва саломлар бўлсин. Ассалому алайкум ва роҳматуллоҳ ва барокатуҳ.