асосий менюАсосий менюМахсус бўлимларҚўшимча бўлимАмал мавсуми |
асосий қисм
Ота-она учун фарзанд нима қилиши керак3930 марта кўрилган Эй ўғлон, ота-онанг сенга энг яқин, сени энг кўп яхши кўрадиган ва сенга жуда меҳрибон инсонлардир. Улар сенинг ҳаётга келишинг сабабчиларидир. Сенга ғамхўрлик қилиш, тарбиялаш ва сени барча озорлардан сақлашда уларнинг жуда ҳам катта хизматлари бор. Она фазли1. Онанг сени тўққиз ой қорнида кўтарган ва шу вақт орасида кўп оғриқ ва қийинчиликларни бошидан ўтказган. Кейин сени туғишда ва эмизишда кўп қийналган. 2. У сенинг жисминг ва кийимларингнинг тозалигига эътибор берар эди. Сени эмизганда тепангда узун тунларни бедор ўтказар эди. 3. У сенга қандай ейиш, ичиш, юриш ва ўйнашни ўргатган, сен ўшанда буларнинг биронтасига кучи етмайдиган бир ожиз бола эдинг. Сенга оғриқ берган нарса уни оғритар эди, сени хурсанд қилган нарса уни хурсанд қилар эди. Ота фазли1. Отанг ҳар куни кўчага чиқиб, қийналиб меҳнат қилиб, сенга керакли таом, кийим, ўйинчоқ ва бошқа нарсаларни сотиб олиб келар эди. 2. Сен улғайгач, у сени мактабга юборди. Сенинг таълим олишинг учун кўп пул сарфлади. 3. Агар касал бўлсанг, сени даволаш учун доктор ва соғайишинг учун дори олиб келар эди. Уларга сен нима қилмоғинг лозим1. Уларга итоат қил, яхши кўр ва уларнинг насиҳатларига амал қил. 2. Уларнинг олдида одоб билан ўтир, улар сенинг ҳузурингга келсалар, ўрнингдан тур ва уларнинг овозидан овозингни баланд кўтарма. 3. Улар қувватли вақтларида улар хурсанд бўладиган ишларни қил. Агар қувватлари кетиб ишга яроқсиз бўлиб қолсалар, зиммангдаги уларнинг баъзи ҳақларини адо этишинг учун улар муҳтож бўладиган барча нарсаларда уларга ёрдам бер. 4. Улар сенга қаттиқлик қилсалар, уларга қўпол гапирма. Чунки улар фақат сенинг фойдангни хоҳлашади. 5. Эрталаб турганингда ва кечқурун ётишингдан олдин, уларни кўрганингда уларга салом бер. 6. Уларни ғазаблантирадиган нарсалардан йироқ бўл. Уларнинг узун умр кўришларини яхши кўр. Шуни орзу қил. Чунки улар улар ҳам сенинг саломат бўлишингни ва умринг узун бўлишини орзу қилардилар. 7. Уларга озор етишига сабабчи бўлма. Яъни одамлар билан уришма ва уларнинг ота-оналарини сўкма. Акс ҳолда улар ҳам ота-онангни сўкадилар. ҲикояБир уйга ўт кетди ва уйда яшовчиларнинг ҳаммаси қочиб чиқишди. Фақат бир кичкина гўдак бола қолиб кетди. У хоналарнинг бирида ухлаётган эди. Она боласи ётган жойга олов яқинлашаётганини кўргач, қўрқиб кетди ва ўзига тегаётган оловларга парво қилмай ўша хонага отилиб кириб боласини олиб чиқишга уринди. Лекин чиқолмай қолди. Шу вақт етиб келган ўт ўчирувчилар ўтни ўчиришди ва она-болани қутқаришди. Ана, кўрдингми, она ўз фарзанди учун ўзини ўтга уришдан ҳам қайтмас экан. |