Якшанба 22 Декабрь 2024 | 20 Жумадул-охир 1446 Ҳижрий-қамарий

асосий қисм

  • lotinchaga
  • +
  • -
  • |

Ўйнаш одоби

4633 марта кўрилган

Эй фарзанд, ҳар бир инсон учун ишга сарфлайдиган вақти ва жисмининг қуввати, ақлининг фаолияти ва қалбининг софлиги янгиланиши учун спорт ва ўйинга сарфлайдиган алоҳида вақти бўлиши керак.

Спорт ўйинлари ўқувчиларнинг соғлиги ва ахлоқига кўп фойдаси бўлгани учун Таълим-тарбия вазирлиги унга алоҳида эътибор бериб, дарслик программаларида спорт ўйинлари учун ўқув соатлари ажратади. Унга хос ўйинларни ва ўқувчиларни у билан шуғуллантирадиган ўқитувчиларни тайинлайди. Бу вазирлик ҳар йили мусобақалар уюштириб, унда ютиб чиққанлар учун мукофотлар белгилайди.

Лекин ўйинларнинг фойдаси фақат қуйидаги одобларга риоя қилгандагина бўлади.

1. Ўйнамоқчи бўлган бола ўйин вақтида ўртоқлари билан гўзал ободлар ва улуғ ахлоқларга риоя қилган ҳолда ўйнаши керак.

2. Ўйин вақтида ҳазиллашиб ёмон сўзлар ва уятсиз гапларни айтмасин. Чунки ким ўйин вақтида тилини ёмон сўзларга ўргатиб қўйса, жиддий турган вақтларида ҳам ёмон сўзлар тилига келадиган бўлиб қолади.

3. Агар ўйнаётганлар икки гуруҳ бўлса, агар ютиб чиқса уни мазах қилиши, устидан кулиши учун бири бошқасини ўзига душман санамасин.

4. Ўйнаётганлардан бири бошқасига озор бериш, уни уриш, кийимини йиртиш ёки ерга йиқитишга ҳаракат қилмасин. Чунки ўйновчи арзимас деб санаётган бу ишлар баъзида ўта ачинарли натижалар билан тугайди.

5. Футбол ва баскетбол каби одатий ўйинларни ўйнасин.

6. Ҳар бир ўйинда ўзининг ва ўзи билан ўйнаётган болаларнинг кийимларини йиртиш ва кир қилиб қўйишдан эҳтиёт бўлсин.

7. Овқат егандан кейин дарҳол ўйнамасин. Чунки бу нарса ошқозонга зарар қилади. Жисмни қийнаб қўяди.

8. Ўйновчи ўзини ўйин вақтида мактаб вазифаларини тайёрлашдан тўсиб қўядиган даражада чарчатиб қўймасин.

9. Қурол аслаҳа ёки гугурт каби уй жиҳозларига талофат етказадиган, копток каби дераза ойналарини ва чироқларни синдирадиган нарсаларни ўйнамасин.

10. Ўйин учун муносиб вақт танласин ва одамлар дам оладиган ёки ухлайдиган масалан пешин вақтига ўхшаган вақтларда ўйнамасин.

11. Шунингдек ўйин учун муносиб жой ҳам танласин. Одамлар ва машиналар ўтадиган кўчаларда ўйнамасин. Боғлар ва оқар сувларга яқин, боҳаво жойлар ўйин учун энг яхши жойлардир.

Ҳикоя

Бир бола серқатнов катта кўчада ўйнашга одатланган эди. Бир куни у ўйнаётган коптоги тез келаётган машина ҳайдовчисининг юзига бориб тегди. Машина йўлдан чиқиб, пиёдалар йўлакчасига чиқиб кетди. Кейин бориб бир дарахтга урилиб, олди пачоқ бўлди. Тезда милиционер етиб келди ва ўйнаётган болаларни ушлаб милиция бўлимига олиб борди. Кейин маҳкама машинага етган талофат учун боланинг отасига жарима тўлашга ҳукм чиқарди.