Якшанба 22 Декабрь 2024 | 20 Жумадул-охир 1446 Ҳижрий-қамарий

асосий қисм

  • lotinchaga
  • +
  • -
  • |

Саломлашиш одоби

3681 марта кўрилган

Эй фарзанд, барча инсонларнинг олдида яхши деб саналган ва Ислом дини тарғиб қилган одоблардан бири — саломни ёйишдир. Чунки саломни ёйиш (яъни саломни кўп бериш) қалбларда ҳурсандчилик, хотиржамлик ва муҳаббатни пайдо қилади.

Сен одамларни неча бор кўрсанг, шунча улар билан саломлашишни ўзингга шиор қилиб ол, ислом одоби билан одоблан ва қуйидагиларга риоя қил:

1. Ухлашдан олдин, уйқудан турганингда, уйдан чиқаётганингда ва уйга кираётганингда ота-онангга ва оила аъзоларингга салом бер, уларнинг муҳаббатини қозонасан.

2. Агар уйда хизматчи бўлса, унга салом бер. Агар сендан олдин салом берса, унга алик ол. Шундай қилсанг, у сени яхши кўриб, сенга ихлос билан хизмат қилади.

3. Дуч келган маҳалладошингга салом бер ва очиқ юзли бўл, уларнинг ҳурматига ва қийинчилик вақтларида меҳр-муҳаббатига сазовор бўласан.

4. Агар бир мажлисга кирсанг, ўтирганларга салом бер. Уларнинг ҳар биттаси билан қўл бериб кўришма. Фақат уй соҳиби ёки мажлис бошлиғи билан кўришсанг кифоя. Кейин ўзингга муносиб жойга бориб ўтир.

5. Мактабда ўртоқларингга салом бер, уларни ҳурмат қил, улардан ўзингни катта олма ва мактаб директори ва устозларингга ҳар сафар кўрганингда уларга табассум ва чиройли одоб билан салом бер. Шундай қилсанг улар тарафидан ўз ишингга эътибор ва сенга ёрдам беришга хоҳиш-истак топасан.

6. Агар сенга биров салом берса, унга ундан ҳам гўзалроқ ёки ўшанга ўхшатиб жавоб бер.

7. Кичик каттага, турган ўтирганга ва миниб кетаётган юриб кетаётганга салом бериши одобдандир.

8. Ҳукм мажлисидаги қози, Қуръон ўқиётган, азон чақираётган ва овқат еяётган ҳамда шу каби бирон иш билан машғул бўлган одамларга салом берма.

9. Ота-онангдан бошқа бирон кишининг қўлини ўпма.

Ҳикоя

Аҳмад одобли ўқувчи, бир куни у иситмалаб касал бўлиб қолди ва то тузалгунигача ўрнидан туролмай ётди. Мактабдошлари ва қўшнилар уни кўриш учун уйга киришиб унинг соғайиб кетишини тилаб дуо қилишарди.

Отаси уни кўриш учун уйга келганлар ёки телефон орқали ўғлининг соғлиги ҳақида сўраганларнинг кўплигидан таажжубланиб уларнинг биридан сўради:

- Сен Аҳмаднинг дўстимисан, сен уни яхши кўрасанми?

- Ҳа!- деб жавоб берди у.

- Сенга унинг қайси ахлоқи ёқади?

- Унинг юзидан ҳамиша табассум аримайди, дўстлари билан чиройли одоб билан кўришади, биринчи бўлиб уларга салом беради, уларнинг саломига мулойимлик билан жавоб қайтаради, кўринмай қолган кишилар ҳақида сўрайди ва касалларни бориб кўради.

Шундан кейин отаси ўғли ўз одоби, мулойимлиги ва бошқалар билан чиройли мулоқотда бўлиши билан одамлар муҳаббатига сазовор бўлганини билди.