асосий менюАсосий менюМахсус бўлимларҚўшимча бўлимАмал мавсуми |
асосий қисм
Чиройли муомала3504 марта кўрилган Ислом кучайиб Аллоҳ таоло Ўз пайғамбарига Маккани забт этишга рухсат бергач ва ўзига озор берган мушриклар устидан ғалаба қозониб Маккага кирган вақтида уларга: - Эй қурайш, мени сизларга нима қилмоқчи деб ўйлайсизлар?-дедилар набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам. - Яхшилик қиласиз деб ўйлаймиз! Сиз олийжаноб биродаримизсиз ва олийжаноб биродаримизнинг ўғлисиз,- дейишди улар. - Боринглар, сизлар озодсизлар,- дедилар пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва саллам. Улар Набий соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг олийжаноблиги, кечиримлилиги ва гўзал муомалали эканларини кўргач исломга кирдилар. Мана бу ҳикоятдан кўриниб турибдики, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам Қурайшга юмшоқлик билан муомала қилдилар. Ҳолбуки улардан ўч олишга қодир эдилар. Чунки улар Набий соллаллоҳу алайҳи ва салламга ва саҳобаларга қаттиқ озор бериб уларни ватанларидан ҳайдаб чиқарган эдилар. Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг уларга қилган гўзал муомалалари одамларнинг гуруҳ-гуруҳ бўлиб Аллоҳнинг динига киришларига сабаб бўлди. Гўзал муомала: Бу сен одамларга сабр-тоқат, одоб ва юмшоқлик билан муомала қилишинг, уларнинг ёмонликларини кечириб, яхшиликларига раҳмат айтишинг ва уларга ёрдам бериб улардан зарарни даф этишинг учун бор кучингни сарфлашингдир. Қуйидаги нарсалар гўзал муомала жумласидандир: 1. Тижоратчи одам одамлар билан муомала қилганда омонатли бўлиши. Яъни ёлғон гапирмайди, хиёнат қилмайди, уларга очиқ чеҳрада бўлади ва уларни чиройли қарши олади. 2. Ҳунарманд одамлар берган буюртмаларни пухта қилмоғи ва уларга ваъда қилган вақтига риоя қилиши керак. 3. Табиб касалларга мулойим бўлсин. Уларга ғамхўрлик қилсин, кўп ҳақ сўраб уларни қийнаб қўймасин ва камбағалларнинг касалларига эътибор бериб уларни бепул даволасин. 4. Бажариш вақти келганда ҳар ким ўз зиммасидаги бурчни кечиктирмасдан бажарсин, чунки бу нарса одамлар кўз олдида унинг қадрини кўтаради. 5. Ўқувчи мактабда ўртоқларига нисбатан одобли бўлиши, улардан ўзини катта тутмаслиги ва улардан биронтасига озор етказмаслиги керак. 6. Ҳар бир инсон қўшнисига нисбатан одобли бўлиши, уни ҳурмат қилиши, касал бўлса, уни бориб кўриши, кўринмай қолса, унинг ҳолидан сўраши, ундан бирон нарсани қарзга олган бўлса, уни ўз вақтида қайтариб бериб, бу яхшилиги эвазига унга раҳмат айтиши керак. 7. Инсон ўзига фикрда қарши бўлган одам билан юмшоқлик ва мулойимлик билан мунозара қилсин. Чунки бу нарса унинг қалбини юмшатади. Аллоҳ таъоло Мусо билан Ҳорунга Фиръавн билан гаплашиш хусусида васият қилиб шундан дейди: “Унга юмшоқ сўз гапиринглар. Шояд панд насиҳат олса ёки қўрқса..” 8. Сен ёмонликни яхшилик билан даф қил. Чунки бу нарса душманингни дўстга айлантиради. Аллоҳ таъоло айтади: “Яхшилик билан ёмонлик баробар эмас. Сиз ёмонликка яхшилик билан жавоб қайтаринг. Шунда сиз билан унинг ўртасида адоват бўлган инсон гўёйинки яқин дўстдек бўлиб қолади”. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам дедилар: -Сизларнинг менга энг суюклироғингиз энг ахлоқи гўзалроғингиздир. |