Якшанба 22 Декабрь 2024 | 20 Жумадул-охир 1446 Ҳижрий-қамарий

асосий қисм

  • lotinchaga
  • +
  • -
  • |

Ота-онага яхшилик қилиш

3301 марта кўрилган

1. Пайғамбаримиздан соллаллоҳу алайҳи ва саллам ривоят қилинадики: У киши дедилар:

“Икки хотин бирга эдилар. Улар билан болалари ҳам бор эди. Бўри келиб улардан бирининг ўғлини олиб кетди. Шунда улардан бири дугонасига деди:

- Бўри сенинг ўғлингни олиб кетди.

- Йўқ, бўри сенинг ўғлингни олиб кетди- деди иккинчиси унга.

Кейин улар Довуд алайҳис-саломга ҳукм сўраб боришди. У болани уларнинг ёши каттароғига деб ҳукм чиқариб берди. Бу ҳукмга қониқмаган аёллар Довуд алайҳис-саломнинг ўғли Сулаймон алайҳис-саломнинг олдига бориб отаси чиқарган ҳукмни ва ўзлари бундан қониқмаганликларини айтдилар. Шунда Сулаймон алайҳис-салом уларга дедилар:

- Пичоқ олиб келинглар, болани тенг ярмидан иккига бўлиб, бир бўлагини сенга, бошқасини шеригингга бераман.

Шунда улардан ёши кичикроғи:

- Аллоҳ ўзи сизга раҳм қилсин бундай қилманг, бола уники,-деди.

Сулаймон алайҳис-салом эса болани шу сўзни айтган ёши-кичик аёлга деб ҳукм чиқарди. У болани сўяман деганда, аёлларнинг қайси бири болани ҳақиқий муҳаббат билан яхши кўришини синаб кўрмоқчи бўлганди. Шунда ҳақиқий онанинг раҳм-шафқати маълум бўлди. У болани аяб, уни ўлдиришидан кўра даъво қилаётган одамга беришини афзал кўрган аёлдир.“

2. Бир киши пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва салламга ҳузурига келиб отаси молини олиб қўяётганидан шикоят қилди.

Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва саллам унга отасини чақириб келишни буюрди. Отаси келди. У ҳассага суяниб қолган кекса чол эди. Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва саллам ундан бу ишининг сабабини сўраганларида:

- Мен бақувват бўлган вақтимда бу ўғлим заиф эди. Мен бой бўлган вақтимда у камбағал эди. Мана энди бугунга келиб, у бақувват бўлган пайтда мен заифман, бой бўлган пайтда мен камбағалман. У эса мендан молини қизғанаяпти,- деди чол.

Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг унга раҳмлари келиб ўғлига:

- Сен ҳам молинг ҳам отангники, - дедилар.

Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва саллам бу киши отаси қариб, заифлашиб қолган чоғида ҳаётий эҳтиёжига зарур бўлган молни ундан қизғаниб шикоят қилиб келганини маъқул топмадилар. Ҳолбуки мана шу ота у кучли ва ишлашга, мол топишга қодир бўладиган даражага етгунича емай-ичмай унинг тарбиясига молларини сарфлаб, у роҳат-фароғатда ўтиши учун бутун куч-тоқатини ишлатиб машаққат чекар эди. Мана шу ишлардан кейин фарзанд отасидан молини қизғаниши тўғри бўладими?!

Эй ўғлон, атрофингга қара ва ота-оналарнинг ўз фарзандларига қилган ишларини фикр қил. Ана шунда ота-онанг сени тарбиялаш ва сени касаллардан даволатишда бошларидан кечирган қийинчиликларни билиб оласан.

Онанг сени тўққиз ой қорнида кўтарган вақтида қанча-қанча аламларни тортди. Ва қанча-қанча аламларни бошидан ўтказди. Сени эмизиш, сени ювиб тараш, иссиқ-совуқдан сени ҳимоя қилишда у бечора қанча-қанча кеча ва кундузларни машаққатда ўтказди.

Сен улғайгач, сенга қандай эмаклаш, қандай юриш, қандай ейиш ва ичиш, қандай гапириш, барча-барчасини ўргатди. У ҳар куни сен учун таом ва чой тайёрлайди. Кийимларингни ювади. Сенга ётиш учун жой солади. У сени кўриб кўзи қувонади, қалби шодланиб орзу-умидларга чўмади.

Отанг эса ишлаб Аллоҳ берган ризқни топиш учун ҳар куни уйидан чиқиб кетади. Сенинг роҳатингни ўйлаб қийналади, меҳнат қилади. Сенинг ейишинг, ичишинг, кийинишинг, турар жойинг ва таълим олишинг учун мол жамғаради. У сени яхши кўради ва сени ҳаётингда ютуқларга эришиб, ишларингда муваффақият қозониб яшашингни кўришлигидан кўра кўпроқ бирон нарсани яхши кўрмайди.

Шунинг учун сен ота-онангга итоат қилишинг ва уларга яхшилик қилишинг керак. Чунки Аллоҳ Қуръонда уларга яхшилик қилишни ўзининг тавҳиди билан ёнма-ён зикр қилган:

“Роббингиз ёлғиз Унгагина ибодат қилишингизни ва ота-онага яхшилик қилишни буюрди”.

Ота-онага яхшилик қилишнинг аввали уларга итоат қилишдир. Чунки улар болаларини зарарли нарсага буюрмайди. Агар улар касал бўлиб қолсалар, уларни давола, агар ожизланиб камбағал бўлиб қолсалар, уларга пулдан ёрдам қил. Одамлар ота-онангни сўкмасин десанг, сен уларнинг ота-оналарини сўкма. Уларга мулойимлик билан гапир. Уларнинг сўзидан сиқилма. Агар тирик бўлишса, уларга узоқ умр сўраб, вафот этишган бўлсалар, раҳмат сўраб уларнинг ҳаққига дуо қил. Бу сени тарбия қилганликлари ва ёшлигингда меҳрибон бўлганликлари эвазига уларга мукофот бўлади.