асосий менюАсосий менюМахсус бўлимларҚўшимча бўлимАмал мавсуми |
асосий қисм
Мусо алайҳиссалом қиссаси (6)2837 марта кўрилган 9. СаҳродаФиръавн таъқибидан соғ-саломат қутулган Бану Исроил бехавотир ерга етганларида озод кишилардек енгил нафас олдилар. Бу ерда уларга на Фиръавн ва на Ҳомон хавф соларди. Энди Фиръавн жаллодларидан қўрқмасдан эмин-эркин, хотиржам юришлари мумкин эди. Лекин, ям-яшил водийда ўсган Бану Исроил саҳро қуёшидан озор чекарди. Ҳозир Исроил фарзандлари Аллоҳнинг меҳмони эдилар. Сиз шоҳларнинг ўз меҳмонларига қандай иззат-икром кўрсатишни биласизми? Албатта, азиз меҳмонларни жазирама офтобдан эҳтиёт қилиб шоҳона чодирлар тикилади... Аллоҳ иззат-икроми эса ҳар қандай меҳмоннавозликдан юқори бўлади. Пок Роб амри билан Бану Исроилга булут соябон қилинди. Исроил фарзандларини қуёш тиғидан сақловчи бу булутлар улар билан ҳамиша бирга юрарди. Мусонинг қавми тўхтаса, булут ҳам тўхтар, юрсалар, у ҳам самода суза бошлар эди. Саҳрода на бир қудуқ ва на бир кўл кўзга ташланарди. Бану Исроил Онасидан ёрдам кутган гўдак мисоли Мусога ташналик азобидан шикоят қилди. Мусо алайҳис-салом Роббига илтижо этди. Ахир ундан ўзга мададкор борми?! «Эсланг (эй Бану Исроил) Мусо ўз қавми учун сув тилаганида, «Асоингни тошга ургил», дедик. Бас, ундан ўн икки чашма отилиб чиқди ҳар бир қабилага (улар ўн икки уруғ эдилар) ўз суви маълум бўлди». Қорни очган Исроил фарзандлари яна Мусо алайҳис-салом олдига югуришди: - Сен бизни турли лазиз меваларга бой бўлган ҳушманзара Миср еридан олиб чиқдинг. Энди, мана бу қуп-қуруқ саҳрода бизга ким бирон егулик беради?! Мусо яна Роббига дуо-илтижолар қилди. Ахир ундан бошқа кимга ҳам илтижо қилсин?! Аллоҳ таоло уларга егуликлар туширди. Ҳолва каби лазиз ширинликлар ва бедана гўшти дарахт баргларига қуйилиб туширилди. Мана шу Аллоҳ томонидан берилган «ширинлик ва беданалар» эди. Мана шу – яйдоқ саҳрода Бану Исроилнинг Аллоҳ томонидан меҳмон қилиниши эди. 10. Куфрони неъматЛекин узоқ давом этган қуллик Бану Исроилга ўз таъсирини ўтказган, уларнинг хулқ-атворини анча ўзгартган эди. Бану Исроил бола табиатли бўлиб қолганди. Улар ҳеч бир нарсада узоқ вақт тура олмасдилар. Бесабр, беқарор кишиларга айланишган эди. Шукри кам, нолиши кўп, ноз-зерикиши хўб бу қавм таъқиқланган нарсани хуш кўриб, берилган неъматларни ёқтирмасди. Ҳали ҳеч қанча ўтмасдан туриб улар яна нолишга ўтдилар: Эй Мусо, бир хил таом жонимизга тегди. Гўшту ҳолвалардан зерикдик. Ерда ўсадиган кўк-сабзавотлардан егимиз келяпти. - «Эй Мусо, бир хил таомга ҳеч қаноат қила олмаяпмиз. Роббинга дуо қил, бизга ерда униб-ўсадиган сабзавотлардан, бодринг, саримсоқ, мош, пиёзга ўхшаган ўсимликлардан чиқариб берсин». Мусо уларнинг бу ғалати сўровларидан таажжубга тушиб ҳам инкор, ҳам танбеҳ, ҳам ҳайрат оҳангида деди; - «Яхши нарсани паст нарсага алмаштиришни истайсизларми?» - Қуш гўштлари, ҳолвалар каби инсон қўли тегмаган ноз-неъматларни ташлаб кўк-сабзавотларни орзу қиласизларми? - Шоҳлар таомини деҳқонлар егулигига алмашасизларми? - Эҳ сизларнинг орзу-ҳавасларингиз?! Лекин Бану Исроил ўз талабида қаттиқ туриб олиб қайта-қайта сўрайвергач, Мусо алайҳис-салом уларга деди: - Хоҳлаган шаҳрингиздан айтаётган нарсаларингизни топасиз. «Қайси шаҳарга тушсангизлар сўраган нарсаларингиз турибди-ку?» 11. Қайсар Бану ИсроилИсроил фарзандлари ўжар табиатли болага ўхшардилар. Улар буюрилган ишнинг тескарисини қилишни яхши кўришарди. Бу қавм ўзларига айтилган нарсани албатта алмаштириш керак, деб турарди. Худди ўжар болалар каби: Агар сиз уларга «Тур!», десангиз ўтириб олишади. «Ўтир!», деган буйруқни эшитишлари билан сакраб туришади. «Жим бўл!», дейилганда гапириб, «Гапир!», дейилса жим туришади. Бану Исроилнинг ўжарлигида нодонлик, жинниларча ҳатти-ҳаракат ва мараз ишоралар ҳам бор эди. Улар бир қишлоққа тушиб унинг сабзавотларидан емоқчи бўлдилар. Лекин Аллоҳ таоло изн бергач: «Ушбу қишлоққа (Қуддусга) кирингларда, ундан хоҳлаган жойларингизда еб-ичинглар. Дарвозадан сажда қилган ҳолингизда киринглар ва «афв эт» денглар, биз хатоларингизни мағфират қиламиз ва яхшилик эгаларига зиёда неъматлар ато қиламиз». Бану Исроил ушбу илоҳий амрдан ўзларича дарғазаб бўлдилар. Улар шаҳарга хоҳламасдан истеҳзо қилиб орқалари билан ер супириб-судралиб кирдилар. «Шунда золим кимсалар уларга айтилган сўздан бошқа сўзни алмаштириб айтдилар». Аллоҳ таоло улар устига вабо балосини юборди. Қавм итдек ўлиб кетди. Агар уларга бир нарса буюрилса, титкилаб қайта-қайта савол беришаверарди. Киши бир ишни қилгиси келмаса, турли баҳоналар билан вақтни чўзиб юраверади. Ҳадеб саволлар беради. Бану Исроил орасида қотиллик содир бўлди. Одамлар ҳар қанча уринмасинлар ҳақиқий қотилни топиша олмади. Сўнг Мусо алайҳис-салом ҳузурига келдилар: - Эй Аллоҳнинг Пайғамбари! Мана шу масалада бизга ёрдам бергин. Роббингга дуо қил. Қотилнинг кимлигини билдирсин. 12. Сигир воқеаси.Мусо алайҳис-салом Аллоҳга дуо қилди. Пок Роб Бани Исрол қавмига бир сигир сўйишни ваҳий орқали буюрди. Худди мана шу ерда масала чигаллашди. Бану Исроил яна масхараомуз саволларини бошлаганди. «Эсланг! Мусо ўз қавмига: - «Аллоҳ бир сигир сўйишларингни буюрди, деганда улар: - «Устимиздан куляпсанми?» –дедилар. Мусо деди: - «Ундай жоҳиллардан бўлиб қолишдан Аллоҳ паноҳ беришини сўрайман». Улар дедилар: - «Роббингга дуо қил, унинг қандайлигини баён қилсин». (Мусо деди): - «У зотнинг айтишича, у қари ҳам, ёш ғунажин ҳам бўлмаган ўрта бир сигирдир. Энди фармонни адо этинглар». Улар шу ерда ҳам тўхташмади. Энди сигирнинг рангини суриштира бошлашди. Улар дедилар: - «Роббингга дуо қил. Унинг рангини баён қилсин». (Мусо) айтди: - «У зотнинг айтишича, у очиқ-малларанг сигир бўлиб, кўрганларнинг кўнгли чоғ бўлади». Ҳеч қандай савол топа олмаганларидан кейин умумий қилиб яна бир марта сўрашди: Улар айтдилар: - «Роббинга дуо қил, унинг қандайлигини баён қилсин, бу мол бизга иштибоҳли бўлиб қолди. Иншаоллоҳ, энди йўлимизни топиб оламиз». (Мусо) айтди: - «У зотнинг айтишича, у шундай бир сигирки, хор бўлиб ер ҳайдамайди, у билан (сув ташиб) экин суғормайдилар, айбу нуқсонсиз, унда ўз рангидан бошқа ранг-бўёқ йўқ». Улар: - «Энди ҳақиқатни айтдинг», дедилар». Лекин Бану Исроил ўзига-ўзи оғир қилиб қўйганди. Агар улар ҳадеб савол беравермасдан тўғри келган бир сигирни сўйганларида ҳам кифоя қилган бўларди. Ўзлари қаттиқ олганидан кейин, Аллоҳ ҳам уларга қаттиқ қилиб қўйди. Бану Исроил айтилган сигирни узоқ қидирди. Чунки юқоридаги сифатларга эга бўлган сигир жуда ҳам кам учрарди. Бир сигир очиқ малларанг бўлса-да, ўрта ёшли бўлмасди. Яна бирида кўп сифатлар топиларди-ю, лекин у ер ҳайдарди ёки сув таширди... Қидиравердилар, қидиравердилар... Ниҳоят ўзларининг хато қилганликларини тушундилар. Аллоҳ таоло бир етимнинг бахтини очди. Ваҳийда таърифланган сигир фақат мана шу етимда бор эди. Бану Исроил сигирни жуда катта пулга сотиб олдилар. Аллоҳ таоло ўлдирилган кишини сигирнинг бир бўлак гўшти билан уришни буюрди. Шунда ўлик тирилиб қотилининг номини айтади. Худди шундай бўлди.... 13. ШариатБану Исроил энди одамлардек яшай бошлади. Улар чўлда ҳур, эркин эдилар. Энди бу қавмга илоҳий бир шариат лозим эди. Токи улар мана шу шариат билан ҳукм қилсинлар, ҳаёт йўлларини ёритсинлар. Инсон фақат илоҳий шариат нури остидагина инсондек яшаши мумкин. Олам тим қора зулмат. Бу ерда Роб томонидан берилган машъала зарур. У Пайғамбарлар қўлидаги машъаладир. Кимда-ким мана шу нур ортидан эргашмас экан, ҳаётда мудом кўр туядек адашиб юради. Илоҳий нурдан ташқарида туриб тўқилган ақидалар болаларга эрмак бўладиган эртаклардан бошқа нарса эмас. Сиз мушрику кофирлар - турли адашган кимсалар ақидаларини, хурофотларини эшитмаганмисиз? Уларнинг илми жаҳолат, тахмин ва шубҳа-гумон асосига қурилган. «Улар фақат гумон-тахминга эргашурлар холос. Аниқ-ки, гумон ҳақиқатдан бирон нарсанинг ўрнига ўтмас!» Жоҳилий ахлоқ бу исроф, қосирлик, ҳаддан ошиш ва сусткашликдир. Пайғамбарлар йўлига эргашмаган кимсалар ўзгалар ҳақ-ҳуқуқини бемалол ҳазм қилиб юборадилар. Улар ҳавои нафсларига эргашиб ўз чегараларидан ташқарига чиқиб кетишади. Ҳукм юргизиш, сиёсат эса зулм, истибдод ва кишилар моли-ю ҳақ-ҳуқларини топташдан иборат бўлади. Аллоҳдан қўрқмайдиган подшоҳлар ўз фуқаролари қонини беҳуда тўкишлари, ҳақ-ҳуқуқларини поймол этишлари, омонатларга ҳиёнат қилишларини наҳот билмасангиз?! Қанча-қанча кишилар қуллик занжирига солинди. Инсонлар гуруҳ-гуруҳга ажратиб юборилди. Аёллар тирик қолдирилиб эрлар қилич тиғидан ўтказилди Сиз биринчи ва иккинчи жаҳон урушларида неча миллион инсоннинг ёстиғи қуритилганини биласизми?! Дунё тим қора зулмат. «(Улар) устма-уст зулматлардир. У ўз қўлини чиқариб (қараса) кўришга яқин бўлмас. Кимга Аллоҳ нури (иймон) бермаса, бас, унинг (учун) ҳеч қандай нур бўлмас». Пайғамбарлар инсонларга қандай ибодат қилиш кераклигини ўргатиш билан бир қаторда уларга ўзаро муомала-муносабат ҳақида ҳам таълим берган. Аллоҳ таоло элчиси дин одобидан ҳам, ҳаёт одобидан ҳам таълим берувчи муаллимдир. У инсонларга барча одобларни – ейиш, ичиш, ўтириш, ухлаш... одобларини ўргатади. Гўё меҳрибон ота бўлиб ўзининг азиз жигарбандларига панд-насиҳат қилади. Инсонлар Пайғамбарлар қаршисида гўдак мақомида турадилар. Улар гўдакликда оталари тарбиясига қанчалик муҳтож бўлган бўлсалар, балоғатга етган чоғларида Пайғамбар тарбиясига шунчалик муҳтождирлар. Нубувват таълим-тарбиясидан бебаҳра қолган мана шу кимсалар ёввойи ҳолда ўсган дарахтга ўхшайдилар. Зеро парваришсиз катта бўлган ўсимлик қинғир-қийшиқ бўлиб ўсиши мумкин. 14. ТавротАллоҳ таоло Бану Исроилни китобсиз-ҳидоятсиз қавмлар каби адашиб-улоқиб кетишни истамади. Уларни кўр туядек тентираб юришдан асрамоқни ирода қилди. Аллоҳ таоло Мусо алайҳис-саломга покланиш учун 30 кун рўза тутишни, сўнгра Тур тоғига келишни буюрди. Аллоҳ таоло Тур тоғида Мусо алайҳис-саломга хитоб қилиши ва айнан шу ерда унга китоб нозил этиши керак эди. Мусо алайҳис-салом қавмидан 70 кишини гувоҳ бўлсин деб ўзи билан бирга олиб кетди. Чунки ўжар, ҳадеб ҳар нарсани кавлаштираверадиган Бану Исроил учун тирик гувоҳлар зарур эди. «Мусо акаси Ҳорунга деди: «Қавмим устида менинг ўринбосарим бўлгин ва (агар ёмон амал қилсалар) тузатгин». «Бузғунчи кимсалар йўлига эргашмагин». Албатта, жамоани йўлбошчисиз ташлаб кетиб бўлмайди. Мусо алайҳис-салом Тур тоғига ҳаммадан илгари етиб келди. «Тур тоғи томон кетаётган Мусо йўлда улардан илгарилаб кетади. Шунда Аллоҳ деди; - «Қавмингдан мунчалар кўп илгарилаб кетдинг, эй Мусо!» У айтди: - «Улар ана изимдан келишаётир. Мен эса сен рози бўлишинг учун шошдим, Роббим!». Аллоҳ таоло Мусо алайҳис-саломга аҳдлашилган қирқ кунни тўлиқ қилишни буюрди. Мусо Тур тоғида Робби билан гаплашди. Аллоҳ таоло уни Ўзига яқин кишилардан қилди. Бундан тўлқинланиб кетган Мусо Аллоҳдан жамолини кўрсатишни сўради. Лекин Мусо бунга дош беролмасди. Зеро, «Кўзлар уни идрок қилолмас, У эса кўзларни идрок этар! У меҳрибон ва (ҳар нарсадан) огоҳ зотдир». Ҳатто буюк тоғлар Аллоҳ жамолини қўя туринг, Унинг каломини кўтаришга дош бера олмайди: «Агар биз ушбу Қуръонни бирон тоғга нозил қилганимизда албатта сиз у (тоғ)ни Аллоҳнинг қўрқувидан эгилиб, ёрилиб кетган ҳолда кўрган бўлур эдингиз». - «Сен Мени (бу дунёда) ҳаргиз кўролмайсан. Аммо мана бу тоққа боқ (Мен унга кўринурман). Бас, агар у (Мен кўринганимда) ўрнашган жойида тура олса, сен ҳам мени кўражаксан. Қачонки, Робби у тоққа кўринган эди, уни майда-майда қилиб ташлади ва (бу ҳолни кўрган) Мусо ҳушсиз ҳолда йиқилди. Ўзига келганидан кейин эса деди: - «Пок Робб (ноўрин савол сўрашдан) Ўзингга тавба қилдим. Энди мен (сенинг нақадар буюк зот эканлигингга) иймон келтирувчиларнинг аввали - пешқадамиман». Аллоҳ айтди: - «Эй Мусо, ҳақиқатан мен сени одамлар устида Пайғамбарим бўлишингга ва (бевосита) каломимни эшитишингга танлаб олдим. Бас, сенга ато этган нарсамни (яъни буйруқ ва қайтариқларимни) олгин ва шукр қилгувчилардан бўлгин!». Мусо алайҳис-салом Бану Исроилга зарур бўлган батафсил баён ва маърузалар битилган лавҳларни олди. Аллоҳ таоло уларни етказишга амр қилган эди. Мусо танлаб олган 70 киши ёнига қайтиб Аллоҳ инъоми ҳақида сўз бошлаганида улар сурбетлик билан шундай дедилар; - «Эй Мусо, Аллоҳни очиқ равшан кўрмагунимизча ҳаргиз сенга ишонмаймиз!» Шунда уларни қараб турган ҳолларида чақмоқ урди. Аллоҳ таоло яратган чақмоқни кўтара олмаган кишилар у зотнинг нурига бардош бера олармидилар?! Мусо алайҳис-салом Роббига илтижо қилиб деди: - «Роббим, агар хоҳласанг уларни ҳам, мени ҳам илгари ҳалок қилсанг бўлур эди. Орамиздаги ақлсиз кимсаларнинг қилмишлари сабабли (энди) бизларни ҳалок қиласанми?! Аллоҳ таоло Пайғамбарининг илтижоларини қабул қилди. Уларга қайтадан ҳаёт бахш этди. Шояд энди шукр қилсалар?! 15. Бузоққа сиғинишБану Исроил Мисрда анча вақт мушриклар билан қўшни яшаган эди. Қибтийларнинг жуда кўп нарсага сиғинишларини улар ўз кўзлари билан кўрардилар. Шу боис Исроил фарзандлари аста-секин ширкдан нафратланмай қўйдилар. Худди эски уй деворларидан сув сизиб кирганидек улар қалбига ҳам ширк муҳаббати ин қура бошлади. Озгина фурсат топилиши биланоқ мисли пастликка югураётган сувдек ширкка қараб чопишарди. Қалблар бузилган, хоҳиш-истаклар нотўғри йўналишга бурилган эди. Ҳақ йўлни кўра-била туриб ташлаб кетардилар. Залолатга мудом қучоқ очардилар. Бану Исроил Фиръавн таъқибидан қочиб Қизил денгиздан ўтиб кетди. «Сўнг улар бутларга сиғиниб турган бир қавм олдидан ўтдилар ва: «Эй Мусо, бизларга ҳам уларнинг илоҳлари каби худо қилиб (ясаб) бер», дедилар». Уларнинг бу ноўрин тилакларидан Мусонинг жаҳли чиқди. - «Албатта сизлар билмайдиган қавмдирсизлар!» Во ажаб! Бу не зулм?! Бу не кўрнамаклик?! Ахир Аллоҳ уларга ҳали ҳеч кимга берилмаган неъматларни бермади-ми? Ахир Аллоҳ таоло уларни бутун оламлардан афзал қилиб қўймадими?! Мусо деди: - «Мен, сизларни бутун оламлардан афзал қилиб қўйган Аллоҳдан ўзгани (яъни жонсиз бутни) сизларга худо қилиб бераманми?» Мусо Робби билан сўзлашмоқ учун Тур тоғига қараб кетди. Бану Исроил Мусо кетганидан сўнг шайтоннинг ўлжасига айланди. Уларнинг орасида Сомирий деган бир бадбахт кимса ҳам яшарди. «Сўнг (Сомирий ўша зеб-зийнатларни оловда эритиб, худди тирик бузоқ каби) овози бор ҳайкал-бузоқ (ясаб) чиқариб берди. Сўнг (Сомирий ва унинг шериклари): «Сизларнинг ҳам, Мусонинг ҳам илоҳи шу эди, (Мусо) унутиб, (уни бошқа ердан излагани кетибди»), деди». Бану Исроил қавми мана шу бузоқ билан фитналанди. Улар кўрларча бузоққа юкина (сиғина) бошладилар. «Ахир унинг ўзларига бирон сўз қайтара олмаётганини ва бирон зиён ҳам, фойда ҳам етказишга қодир эмаслигини кўрмайдиларми?! Ҳолбуки (бузоққа сиғинишларидан) илгари Ҳорун уларга: - «Эй қавмим, сизлар бу билан фақат имтиҳон қилиндинглар холос, (бас, у бузоққа сиғинманглар!) Шак-шубҳа йўқки, сизларнинг. Роббингиз ёлғиз Раҳмон Марҳаматли Аллоҳдир. Бас, менга эргашинглар ва амримга итоат қилинглар!»- деганди» Лекин Сомирийнинг сеҳри билан алданган Бану Исроил бу залолатидан қайтмади. «Улар: «То бизларга Мусо қайтмагунича, унга (шу бутга) ибодат қилиб–сиғинишдан ҳаргиз ажралмаймиз», деган эдилар». |