Якшанба 22 Декабрь 2024 | 20 Жумадул-охир 1446 Ҳижрий-қамарий

асосий қисм

  • lotinchaga
  • +
  • -
  • |

Мусо алайҳиссалом қиссаси (2)

4250 марта кўрилган

11. Яна Фиръавн қасрига

Мусонинг эмадиган вақти битиб, сутдан чиқарилгач, яна қасрга қайтарилди.

Мусо подшоҳ саройида ҳудди шаҳзодалардек улғайди.

Шу боис подшоҳлар ва зодагонлардан қўрқиш унинг қалбидан йўқолди.

Мусо Фиръавн ва унинг аҳли қандай нематлар ичида яшаётганига гувоҳ бўлди.

Фиръавн ва унинг аҳлининг фароғати учун Бану Исроилнинг қандай эзилганини, Фиръавннинг ҳайвонлари тўқ юриши учун Бану Исроилнинг қандай оч қолиганини Мусо ўз кўзи билан кўрарди.

Доим қаттиқ меҳнат остида эзиладиган Мусонинг қавми ўта оғир кун кечирарди.

Қавмининг қандай азоблар ичида яшаётганини Мусо эртаю кеч кўриб турса-да лом-мим дея олмасди.

Лекин бу нарсалар албатта изсиз ўчиб кетмас, балки Мусо қалбида ғазаб-нафрат уйғотар эди.

Аҳир улар улуғ пайғамбарлар фарзандлари-ку?! Бану Исроилнинг айби қибтий (маҳаллий миллат) бўлмаганими!?

Уларнинг гуноҳи Канъондан келганлигими!?

Йўқ! Булар асло сабаб бўла олмайди.

12. Ҳал қилувчи мушт

Мусо улғайиб кучли йигит бўлгач, Аллоҳ таоло унга илм ва ҳикмат ато этди.

Мусо золимлардан нафратланар, уларни хуш кўрмас эди.

Барча пайғамбарлар каби мазлум, бечораларни севиб, ҳамиша уларнинг ёнини олиб юрарди.

Ҳамма ўйин-кулгу билан машғул бўлган бир пайтда Мусо Фиръавн шаҳрига кириб келди.

Йўлда у икки кишининг урушаётгани устидан чиқиб қолди. жанжаллашаётганларнинг бири Бану Исроиллик, иккинчиси эса қибтийлардан эди.

Бану Исроиллик киши Мусони ёрдамга чақирди.

Ғазабланган Мусо қибтийни бир мушт уриб ўлдириб қўйди.

Мусо алайҳис-салом қибтийни ўлдириб қўйганига қаттиқ афсусланди. Бунинг шайтон амалидан эканини билиб Яратганга тавбалар қилди.

Албатта, барча пайғамбарлар мана шундай кўп тавба-тазаррулар қилганлар.

«(Мусо) деди: Бу шайтон амалидандир. Албатта у очиқ адаштиргувчи душмандир».

Аллоҳ таоло Мусонинг тавбасини қабул қилди. Чунки у қибтийни қасддан ўлдиргани йўқ эди.

Қибтий тўсатдан биринчи муштданоқ жон берди. Мусо алайҳис-салом Аллоҳга ҳамду-санолар айтди:

- Дарҳақиқат, Парвардигорим менга кўп неъматлар берган ва У мени мағфират қилди. «Бас, (энди) ҳаргиз мужрим-жинояткор кимсаларга ёрдамчи бўлмасман».

Мусо Фиръавннинг жаллодлари келиб қачон олиб кетар экан, дея қўрқиб юрди.

Миршаблар Фиръавн хизматкорларидан бўлган қибтийнинг жасадини топиб олдилар. Лекин қанча уринмасинлар, ким ўлдирганини барибир била олмадилар.

Ахир қотилнинг кимлигини Мусо ва Бану Исроиллик бир кишидан бошқа ҳеч ким билмасди. Рўй берган қотиллик ҳақида ҳамма ёқда дув-дув гап юрарди. Ғазабланган Фиръавн қотилни топиш ҳақида расмий буйруқ берди.

13. Сир фош бўлди

Эртаси куни Мусо ўша Бану Исроилликни яна бир қибтий билан жанжаллашиб турганини кўрди.

Бану Исроиллик уялмасдан яна уни ёрдамга чақирди.

Мусо унга деди:

- Сен ярамас одам экансан. Ҳадеб ҳамма билан уришаверасанми? Яна мени ёрдамга чақирасан?! Нима, ҳамиша ёнингни олишим керакми? «Албатта сен очиқ адашган (кимса)дирсан».

Мусо қибтийга одоб бериб қўйиш ниятида улар томон юрди. Лекин Мусонинг маломатини эшитган, ғазабланганини кўрган Бану Исроиллик «Мусо мени ургани келаяпти» деб ўйлади. У ўзининг кечаги қибтий ҳолига тушишидан қўрқди.

«Бас (Бану Исроиллик киши) деди: - Эй Мусо ! Кеча бир жонни ўлдирганинг каби мени ҳам ўлдиришни хоҳлаяпсани? Аниқки, сен ер (юзи)да зўравон бўлмоқни истайсан. Ва ислоҳ қилгувчилардан бўлишни хоҳламайсан».

Бу сўзларни эшитган қибтий қотилнинг Мусо эканлигини билиб қолди ва Фиръавн миршабларига хабар етказиш учун югурди.

Кечаги қибтийни ўлдирган Мусолигини эшитган Фиръавн қаттиқ дарғазаб бўлди.

- У саройда катта бўлган ҳалиги боқиманда бола эмасми?!

Мусо Аллоҳ иродаси билан Фиръавн ва унинг жаллодлари қўлидан омон қолди. Чунки у қасддан қотилик қилмаган эди. Лекин бу узрни Фиръавн жаллодлари қабул қилмасди.

Аллоҳ таоло Фиръавн мулкини Мусо қўли билан йўқотишни, Бану Исроилни унинг воситасида жабр-зулмдан халос қилишни ирода этганди.

Аллоҳ ёзган тақдирга кўра Мусо инсонларни ўзлари каби ожиз қулларга ибодат қилишдан Ёлғиз, Қудратли Аллоҳга ибодат этишга олиб чиқиши лозим эди.

Фиръавн аъёнлари ўзаро кенгашиб, Мусони қатл қилишга қарор қилдилар.

«Шаҳарнинг нариги тарафидан бир киши шошганча келиб: «Эй Мусо, (Фиръавн) одамлари сени ўлдириш учун тил бириктирмоқдалар. Бас сен бу (шаҳардан) чиқиб кетгин. Албатта мен сенга холис бўлган кишилардандирман», деди. Бас қўрқувга тушиб (ортидан етиб келиб қолишларига) кўз тутган ҳолда у ердан чиқиб, деди: «Парвардигорим, Ўзинг менга бу золим қавмидан нажот бергин».

14. Мисрдан Мадянга сафар

Мусо Фиръавн қўл остида бўлган Миср мамлакатида қололмасди.

Шоҳ жаллодлари ҳамма жойларда уни излаб изғиб юришарди.

Мусонинг олдида фақат битта йўл қолган эди – араб шаҳри Мадянга кетиш. Чунки у ерга Фиръавннинг қўли етмасди.

Саҳрода жойлашган бир қанча қишлоқлардан иборат бу араб диёрида Мисрдагидек ҳашаматли саройлар, катта-катта боғлар йўқ эди. Умуман, Миср маданияти Мадян учун бегона ҳисобланарди.

Шундай бўлса-да, Фиръавн зулмидан озод Мадян бахтли ҳаёт кечирарди.

Адолат ва эркинлик ҳукм сурган қолоқлик адолатсиз тараққиётга қараганда нақадар яхши!

Хорлик ва қуллик билан бўлган маданият кимга ҳам керак?

Мадян аҳли Фиръавн зулмидан бехавотир яшарди.

Улар Фиръавн жаллодларидан қўрқмасдан тинч ухлардилар.

Мадянда болалар сўйилмасди!

Мусо «Орқамдан ҳеч ким қувиб келмаяптимикан» деган хавотир билан қўрқа-писа йўлга тушди.

«Бисмиллаҳ» деб Аллоҳдан мададлар сўраб Мисрдан чиқиб кетди. Ва қачонки Мадян (шаҳри) томонга юзлангач, деди: «Шояд Парвардигорим мени тўғри йўлга ҳидоят қилса...»

15. Мадянда

Мусо ўзи учун бутунлай бегона бўлган Мадян ерларига қадам қўйди.

Бу кеча Мусога ким бошпана беради?

У ҳеч кимни танимаса, билмаса, қаерда ухлайди?

Мана шу каби саволлар Мусонинг бошидан кечса-да Аллоҳнинг Ўзи мададкор эканига заррача шубҳа қилмасди.

Мусо бир қудуқдан мол-ҳолларини суғораётган одамлар ёнида тўхтади.

У ерда одамларнинг молларини суғориб бўлишини кутиб иккита қиз ўз қўйларига қараб турарди.

Меҳрибон қалбли Мусо улардан сўради:

- Нега сизлар қўйларингизни суғормаяпсизлар?

- Биз то одамлар қўйларини суғориб бўлмагунича қудуққа яқинлаша олмаймиз. Чунки улар кучли, биз эса ожизмиз. Улар эр кишилар. Бизлар заифалармиз. «Отамиз кекса чол»,- деди улар.

Оиласида ишга ярайдиган эр кишиси бўлмаган бу қизларга Мусо ёрдам берди.

Уларнинг қўйини суғориб, оталари ҳузурига жўнатиб юборди.

Ҳўш, энди Мусонинг ўзи қаерга боради? Бу бегона шаҳарда унинг бирорта ҳам таниши йўқ-ку?

«Сўнгра (бир четдаги дарахт) соясига бориб (ўтириб) деди: «Парвардигорим! Мен Ўзинг мен учун нима яхшилик (яъни ризқ) туширсанг ўшанга муҳтождирман».

16. Қизларнинг отаси Мусони ҳузурига чорлайди

Қизларининг бугун барвақтроқ қайтганини кўриб отаси ажабланди.

- Бугун эртароқ келибсизларми? Қандай қилиб қўйларни тез суғориб бўлдингиз?

- Аллоҳнинг Ўзи бизга бир солиҳ кишини етказди. У қўйларимизни суғориб берди.

Қизларининг жавобини эшитган чол таажжубга тушди ва билдики, қўйларни суғориб берган киши бу ерлик эмас. Чунки шу кунгача ҳали ҳеч ким қизларга ёрдам бермаганди.

- У йигит қаерда қолди?

- Ўша жойда. У бошпанасиз бир мусофир одам экан.

- Қизларим, сизлар яхши иш қилмабсизлар. Бир бечора мусофир сизларга ёрдам берибди. Унинг бу ерларда ҳеч кими йўқ экан. Бу кеч у қаерда тунайди? Биз уни меҳмон қилмоғимиз лозим. Сизлардан бирингиз бориб уни чақириб келинг.

«Бас, улардан бири ҳаё билан юриб келиб: «Отам сизни бизларга (қўйларимизни) суғориб берганингиз ҳақини бериш учун чақирмоқда», деди».

Дуосини Аллоҳ ижобат қилганини, унга бошпана берганини Мусо тушунди-да, индамай қизнинг олдига тушди.

Қизга кўзи тушиб қолмаслиги учун олдинда кетаётган Мусо улуғвор қадам ташларди.

Улар қизнинг отаси ҳузурига келдилар.

Чол Мусонинг исми, ватани ва нималар қилиб юргани ҳақида суриштирди.

Мусо бошидан ўтганларини бирма-бир ҳикоя қилиб берди.

Мусони жим туриб сабр билан охиригача тинглаган қария деди:

- «Қўрқмагин. Сен золим қавмдан нажот топдинг».

17. Уйланиш

Мусо қизларникида катта ҳурмат-иззат кўрди. Улар бу ғариб йигитни худди ўз фарзандларидек кўриб иззат-икром қилишди.

Кунларнинг бирида қиз отаси ҳузурига келиб маъсумалик билан шундай деди:

- «Эй ота, уни (ишга) ёллагин. Зеро сен ёллаган энг яхши киши кучли, ишончли кишидир».

Чол деди:

- Эй қизим. Унинг кучли ҳамда ишончли эканлигини сен қаердан биласан?

- У одамлар бир неча кишилашиб кўтарадиган қудуқ қопқоғини бир ўзи кўтариб қўйди. Шундан билдимки, у жуда кучли йигит. Энди ишончлигига келсак, уни чақириб келаётганимда олдинда юрди ва йўл бўйи бирон марта менга қарагани йўқ.

Хизматкор кучли ва омонатдор бўлмоғи шарт. Чунки заиф хизматкор яхши ишлай олмайди. Садоқатсиз хизматкор эса кучли бўлса ҳам хиёнати сабабли хожасига зарар етказади.

Қизининг таклифи отасининг ҳам кўнглидан ўтганди. Лекин у масалага ота сифатида, кўпни кўрган кекса киши сифатида ёндошарди.

Чол ўз-ўзига деди:

«Мана шу йигитни ўзимга куёв қилиб олсам-чи?! Ахир ундан муносиброқ йигитни яна қаердан топаман.

Мадянда бундай йигит йўқ.

Шояд Аллоҳ менга уни куёв ва кўмакчи бўлсин, деб юборган бўлса!»

Чол секин, виқор билан сўз бошлади.

«(Эй Мусо, агар рози бўлсанг) менга саккиз йил ишлаб беришинг эвазига мен сенга мана шу икки қизимдан бирини никоҳлаб бермоқчиман. Энди, агар ўн йилни тўлатсанг (яъни тўлиқ ўн йил ишлаб берсанг) сен томонингдан (бизга марҳамат бўлур). Мен сени қийнашни истамайман. Иншааллоҳ, сен менинг солиҳ кишилардан эканлигимни кўрурсан».

Чол ўзининг ёлғиз қолиб кетишидан чўчиди. У Мусони яхшилаб билиб олмоқ ниятида эди.

Аллоҳ таоло Мусони Мадянга, бу нуроний кексага ўзи етказди.

Унинг қалбида бу ғариб йигитга нисбатан муҳаббат ва меҳрибонлик уйғотди.

Мусо чолнинг таклифига рози бўлди. У ўз ҳаққини муҳофаза қилиш ниятида ақл ва ҳикмат билан шундай деди.

«(Мусо) деди: «Мана шу сиз билан менинг ўртамиздаги (битимдир). Икки муддатдан қай бирини адо қилсам бас, менга зўрлик қилинмас. Аллоҳ айтаётган сўзимизга гувоҳдир».