Жума 26 Апрель 2024 | 17 Шаввол 1445 Ҳижрий-қамарий

асосий қисм

  • lotinchaga
  • +
  • -
  • |

Исломни бузадиган амалларнинг шарҳи /8, 9

2990 марта кўрилган

Исломни бузадиган амалларнинг саккизинчиси

Муаллиф раҳимаҳуллоҳ айтадилар: “Саккизинчиси мушриклар билан бир бўлиб, мусулмонларга қарши уларга ёрдам бериш. Бунга далил Аллоҳ таолонинг: “Сизлардан ким уларга дўст бўлса, бас, у ўшалардандир. Албатта, Аллоҳ золим қавмни ҳидоят қилмас”, Моида: 51 – деган сўзидир”.

Мусулмонларга қарши мушрикларга ёрдам бериш кенг тус олган ва оқибат кўзларни кўр қилиб қўйган катта фитна, қулоқларни кар қилиб қўйган улкан бир кулфатга айланди. Бу фитнага, айниқса, жаҳолат кенг тус олиб, шаръий билимлар камайган, фитна сабаблари хилма-хил ва мукаммал бўлган, одамларда ҳавойи нафс мустаҳкам ўрнашиб, улар устидан ғолиб келган, дин, шариат ва суннат таълимотлари йўқолиб кетган ҳозирги замонда мушрикларга маҳлиё бўлган ҳар қандай қалб эгаси эргашиб кетди.

Назаримда, буларнинг барчасига сабаб, шаръий илмларни ўрганишдан юз ўгириб, бизга Юнонлардан кириб келган илм-фанлар ва фалсафа фанларини ўрганишга берилиб кетишдир. Аллоҳнинг ўзи ёрдам берсин, бугун одамлар наздида яхши ишлар ёмон, ёмон ишлар эса яхшига айланиб қолган. Ёшу қари; ҳамманинг дунё қараши шу. Бугун ҳаққа эргашган инсон одамлар орасида, балки, ўз оиласида ҳам “бегона”, ёрдамчиси йўқ. Бундай киши суннатга эргашган кишини узоқ машаққатдан кейингина топиши мумкин. Исломнинг ғариблиги кучайди, у худди ғариб ҳолатда бошланганидек, яна ғариб бўлиб қолди. Инсонларнинг қилган фасод ва бузғунчиликларини ислоҳ қиладиган бундай ғарибларга абадий саодат - жаннат бўлсин!

Уларнинг қилаётган ислоҳотларидан бири – одамларни мусулмонларга қарши мушрикларга ёрдам беришдан огоҳ этмоқлик. Чунки, уларга ёрдам бериш диндан қайтиш демакдир.

Уларга дўстона муносабатда бўлиш билан уларни киши ўзига дўст деб тутиши ўртасидаги фарқ ҳақида аллома Абдуллоҳ Ибн Абдуллатифдан сўралганда, у киши шундай деб жавоб берган: “Дўст тутиш кишини диндан чиқарадиган куфр амал. Бу уларни ҳимоя қилиш, уларга жони, моли ва фикри билан ёрдам беришдир.”

Агар мусулмонлар бу жиноятчи ва ҳаддидан ошган кофирларга қарши бирлашиб, бир ёқадан бош чиқариб, ўзаро бир-бирларига ёрдам бериб, ҳамкор бўлишганларида Исломнинг ҳолати бугунгидан бошқача бўларди ва кофирлар худди Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва саллам ва у кишининг саҳобаларига мутеъларча ўз қўллари ила “жизя” берганидай, бизга ҳам товон тўлашган ва хору-зор ҳаёт кечиришган бўлур эдилар. Шуни ҳам билиб қўйиш лозимки, мусулмонларга қарши мушрикларга ёрдам бериш – одам сони ва қурол-аслаҳа сингари уларнинг куч қувватини оширадиган ҳар қандай нарсалар билан бўлиши мумкин.

Исломни бузадиган амалларнинг тўққизинчиси

Муаллиф раҳимаҳуллоҳ айтадилар: “Кимда ким бирор киши, худди Хизр алайҳиссалом Мусо алайҳиссаломнинг шариатларига амал қилмаганидек, Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг шариатларига амал қилмаслиги мумкин, деб эътиқод қилса, у кофир бўлади”.

Негаки, бундай эътиқод ушбу оятга ишонмасликни ўз ичига олади: “Албатта, мана шу Менинг Тўғри Йўлимдир. Бас, шу йўлга эргашинглар! (Бошқа) йўлларга эргашмангизки, улар сизларни Унинг йўлидан узиб қўяр”. Анъом: 153

Ибн Масъуд разияллоҳу анҳу айтадилар: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам бир куни бизга ерга бир чизиқ чизиб кўрсатдилар ва: “Мана шу Аллоҳнинг йўли”, – дедилар. Кейин унинг ўнг ва чап томонларига кўп чизиқлар чиздилар ва: “Булар эса эгри йўллар. Бу йўллардан ҳар бирининг бошида унга чақириб турадиган шайтон бор”, – дедилар ва мана бу оятни ўқидилар: “Албатта, мана шу Менинг Тўғри Йўлимдир. Бас, шу йўлга эргашинглар! (Бошқа) йўлларга эргашмангизки, улар сизларни Унинг йўлидан узиб қўяр”. Анъом: 153

Кимики Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг шариатларидан чиқишга ошиқса, ёки уни кераксиз деб билса, у ўзидан мусулмонлик номини ўчирган бўлади.

Муаллиф раҳимаҳуллоҳ “Исломнинг фазилати” китобида “Қуръонга эргашиш билан ундан бошқа ҳар қандай нарсадан беҳожат бўлиш вожиблиги тўғрисидаги боб” деган муҳим бир боб ажратиб шундай деди:

“Шак-шубҳасиз Қуръон бизни Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламга эргашиш ва у зотнинг тоатларидан бош тортмасликка буюради. Зеро, у кишининг тоатларидан бош тортиш дўзахга элтувчи сабаблардан биридир. Абу Ҳурайра разияллоҳу анҳудан ривоят қилинган ҳадисда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам шундай дедилар: “Умматимнинг ҳаммаси жаннатга киради. Фақат бош тортганларгина кирмайдилар”. Саҳобалар: “Эй Расулуллоҳ, ким бош тортади?!”, – деб сўраганларида Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Ким менга итоат қилса жаннатга киради, ким менга итоат қилмаса, у бош тортган ҳисобланади”, – деб жавоб бердилар”. Имом Аҳмад ва Имом Бухорий Ривоятлари

Шундан сўнг муаллиф раҳимаҳуллоҳ ушбу оятни келтирдилар: “.. ва сизга — ҳамма нарсани баён қилиб берувчи, ҳидоят, раҳмат ва мусулмонлар учун хушхабар бўлган Китобни – Қуръонни нозил қилдик”. Наҳл: 89

Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва саллам бир куни Умар разияллоҳу анҳунинг қўлида Тавротдан бир саҳифани кўриб қолиб: “Эй Ибн Хаттоб! Бу (дин) борасида ҳали ҳам шубҳадамисизлар?! Қасамки, Мен бу динни очиқ, тоза ҳолатда олиб келдим. Агар Мусо алайҳиссалом тирик бўлиб, сизлар мени қўйиб унга эргашганларингда адашган бўлардинглар”, – дедилар. Насоий ривояти 

Бошқа ривоятда: “Агар Мусо алайҳиссалом тирик бўлганида, у ҳам менга эргашмаслиги мумкин эмас эди”, – дедилар. Шунда Умар разияллоҳу анҳу: “Аллоҳни Раббим, исломни диним ва Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва салламни Пайғамбарим деб рози бўлдим”, – дедилар. Бу ҳадис бирор киши Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг шариатларидан чиқиши мумкин эмаслигига очиқ далилдир. Бунга бошқа далиллар ҳам кўп.

Саҳобалар энг Аллоҳни танувчи, энг иймони бақувват кишилар бўлгани боис, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга эргашиш, у кишини ҳурмат қилиш ва у зотга нозил қилинган Нур - Қуръонга эргашишдан бошқа нарсани билмас эдилар. Зеро, Аллоҳ таоло уларни ўз Пайғамбарига ҳамроҳ бўлиш учун одамлар ичидан саралаб олган эди. Ибн Масъуд разияллоҳу анҳу айтадилар: “Аллоҳ таоло бандаларнинг қалбларига назар солди ва уларнинг ичида Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг қалби қалбларнинг энг яхшиси эканини кўрди ва у кишини Ўзи учун саралаб олди ва расул қилиб юборди. Кейин яна бандаларининг қалбига назар солиб, у зот асҳобларининг қалбларини энг яхши қалблар эканини кўрди ва уларни дини учун курашадиган Пайғамбарига ёрдамчилар қилиб ихтиёр қилди. Шундай экан мусулмонлар нимани яхши деб ўйласалар, у Аллоҳнинг наздида ҳам яхши, нимани ёмон деб ўйласалар, у Аллоҳнинг наздида ҳам ёмондир”. Имом Аҳмад, Баззор ва бошқалар ҳасан санад билан ривоят қилганлар

Аллоҳ таоло барча инсонларга Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга итоат қилишни фарз қилди. Улардан баъзилари итоат қилди, баъзилари эса йўқ.

Уммат иккига бўлинди:

а.     Уммати ижоба — Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга итоат қилиб, Ул зот олиб келган Нурга эргашганлар.

б.     Уммати даъва — У зотга эргашишдан, итоат этишдан бош тортганлар.

Шайхулислом Ибн Таймия раҳимаҳуллоҳ – олдинда шу борада гапириб ўтганларидан сўнг – шундай дедилар “Ал-фатово” (11\ 418 – Тасаввуф):

“Улардан баъзиларининг ўйлашича, "Агар киши “маърифат” ва “ҳол”га эришмаган бўлса, у ҳолда шариатнинг барча буйруқ ва қайтариқларига эргашиши вожиб бўлади. Агар “маърифат” ва “ҳол”га эришган бўлса, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам шариатларига эргашиш унга вожиб эмас. Аксинча, у киши қадарий “ҳақиқат” билан юриши, Қуръон ва суннатга эргашмай, ўзининг “важд”и, “завқ”и, “кашф”и ва “раъй”и тақозоси билан юриши мумкин".

Дарҳақиқат, Аллоҳ таоло бундай кимсаларни турли уқубатларга дучор қилади. Улардан айримларини ўзи эришган “ҳол”дан жудо қилади, оқибатда у номукаммал, ожиз ва маҳрум бўлиб қолади. Баъзиларини эса итоатсиз қилиб қўяди ва у фосиққа айланиб қолади. Улардан баъзиларини эса иймондан маҳрум қилади ва у мунофиқ муртад ёки куфрини ошкор қиладиган кофир бўлиб қолади. Бундай одамлар жуда кўп бўлиб, улар Мусо ва Хизр алайҳимассаломларнинг ҳикояларини ўзларига ҳужжат қилишади”. [1]

Ибн Таймия раҳимаҳуллоҳ юқоридаги гапларидан бир варақлардан кейин шундай дейди: “Улар Мусо ва Хизр алайҳимассаломларнинг ҳикояларини икки хил йўл билан ўзларига ҳужжат қилишади:

Биринчиси:     Айтишларича, Хизр алайҳиссалом “Кавний ҳақиқат” ҳисобланмиш Аллоҳнинг ҳар бир нарсани ўз ичига қамраб олган иродаси ва умумий хоҳишини кўриб турган ва шу боис шаръий буйруқ ва қайтариқларга хилоф иш қилса ҳам маломат қилинмаган. Бундай эътиқод жуда ҳам катта залолат ва жаҳолат, балки катта мунофиқлик ва куфрдир. Чунки, бу гапдан “Ким тақдирга иймон келтириб, Аллоҳ барча мавжудотларнинг Рабби, деб гувоҳлик берса, ундан шаръий аҳкомлар соқит бўлади”, деган хулоса келиб чиқади. Ҳолбуки, бу гап Аллоҳнинг барча китоблари ва пайғамбарларига ҳамда улар олиб келган аҳкомларга кофир бўлиш демакдир...

Иккинчиси:     Бундай кишилардан айримларининг ўйлашича, Хизр алайҳиссаломга Мусо алайҳиссалом шариатига эргашмаслик жоиз бўлгани каби, авлиёга ҳам Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг шариатидан чиқиши мумкиндир. Шунингдек, баъзан авлиёга ғайб пардаси очилиб, у Аллоҳ билан тўғридан тўғри гаплашгани учун аксар ҳолатларида ёки баъзи бир ишларида Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламга эргашишига эҳтиёж қолмайди. Уларнинг кўпчилиги Мусо ва Хизр алайҳимассалом ҳикоясида ўзларига ҳужжат бор деган даъвога таяниб, ҳар томонлама, ё баъзи бир жиҳатлардан авлиёни пайғамбардан афзал деб биладилар.

Бу гапларнинг ҳаммаси катта бир залолат ва жаҳолат бўлибгина қолмай, балки катта бир мунофиқлик, худосизлик ва кофирликдир. Зеро, Муҳаммад Ибн Абдуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг рисолати бутун инсоният: араб ва ажамлар, подшоҳ ва зоҳидлар, уламо ва авомлар, ҳаттоки жинларга ҳам тегишли бўлиб, то қиёмат кунига қадар давом этажаклиги каттаю кичик мусулмонларга маълум ва машҳур нарсадир. Бирор бир киши Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламга эргашиш ва итоат қилишдан,  умматига олиб келган дин ва суннат қилиб қолдирган аҳкомларга риоя қилишдан озод этилиши мумкин эмас. Ҳатто у кишидан олдинги пайғамбарлар тирик бўлган тақдирда ҳам у зотга эргашиб, итоат этишлари вожиб бўлар эди”.

“Саҳиҳ ҳадисларда собит бўлишича, агар Исо Ибн Марям осмондан тушса, у Муҳаммад Ибн Абдуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг шариатларига эргашади.

Агар Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламни кўрган ўзга пайғамбарлар ҳам у кишига эргашиши вожиб бўлса, у ҳолда оддий инсонларга қандай вожиб бўлмасин?!

Ислом динида барчага маълум бўлган нарсалардан бири шуки, даъват етган кишига Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламдан бошқа, Мусо ва Исо каби пайғамбарларнинг шариатига эргашиши жоиз эмасдир. Агар у зотнинг шариатидан бошқа пайғамбарнинг шариатига ўтиш мумкин бўлмаса, у ҳолда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳам ва бошқа пайғамбарларнинг ҳам шариатидан чиқишга нима дейсиз?! ...”.

Улар шариатга хилоф иш тутиш борасида Мусо ва Хизр алайҳимассалом ҳикоясини ҳужжат қилиб катта хатога йўл қўйдилар.  Чунки, Мусо алайҳиссалом Хизр алайҳиссаломга пайғамбар қилиб юборилмаган ҳамда Аллоҳ таоло Ҳизр алайҳиссаломга Мусо алайҳиссаломга эргашишни ва итоат қилишни вожиб ҳам қилмаган эди. “Икки саҳиҳ ҳадислар тўпламида” келган ҳадисда Хизр алайҳиссалом Мусо алайҳиссаломга шундай дейди: “Эй Мусо! Аллоҳ менга шундай илм берганки, сен уни билмайсан. Аллоҳ сенга шундай илм берганки, уни мен билмайман”.  Зеро, Мусо алайҳиссаломнинг рисолати маълум бир қавмга хос рисолат эди.

 Саҳиҳ ҳадисларда бир қанча ривоят йўлларидан собит бўлишича, Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва саллам, Аллоҳ у зотни бошқа пайғамбарлардан афзал қилиб қўйган жиҳатларини санар эканлар шундай деганлар: “Олдинги пайғамбарлар фақат ўз қавмига юборилдилар, мен эсам барча инсонларга пайғамбар қилиб юборилдим”.

Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг даъватлари барча бандаларга тегишлидир. Бирор кишига Хизр алайҳиссалом Аллоҳ унга берган илм сабаб Мусо алайҳиссаломга эҳтиёжи қолмай, унга эргашмаслиги ва итоат қилмаслиги жоиз бўлганидек, Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламга эргашмаслиги, у зотнинг шариатидан чиқиши мумкин эмас. Ўзини Исломга мансуб деб билган бирор бир киши Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга қарата: “Менга Аллоҳ таоло шундай илм берганки, уни сиз билмайсиз”, – дейиши мумкин эмас. Кимда ким бу нарсани мумкин деса, ёки одамлар: зоҳидлар ва ибодатгўй кишилардан биронтаси ёки бошқа бирор бир киши Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга эргашмаслиги мумкин деб эътиқод қилса, бундай кимса бутун мусулмонлар иттифоқи ила кофир бўлади. Бунинг Қуръон ва суннатдаги далиллари бу ўринда айтиб ўтирилмайдиган даражада кўп.

Хизр алайҳиссаломнинг ҳикояларида шариатдан чиқишга далил йўқ. Шунинг учун ҳам Хизр алайҳиссалом Мусо алайҳиссаломга қилган ишларининг сабабини баён қилган чоғида, Мусо алайҳиссалом рози бўлдилар ва улар келишмай қолмадилар. Агар Хизр алайҳиссаломнинг қилган иши Мусо алайҳиссаломнинг шариатига хилоф бўлганида, у киши рози бўлмас эдилар”. (Иқтибос тугади).

Шайхулисломнинг юқоридаги сўзларида бу масала етарлича баён қилинди.

Шундай қилиб, чуқур кетган сўфилар даъво қилишганидек, бирон кимса Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам шариатларидан чиққанини даъво қилиши мумкин эмаслиги равшан бўлади. Улар Аллоҳ таолонинг: “(Шунингдек), то сизга аниқ-нарса (яъни, ўлим соати) келгунича Раббингизга ибодат қилинг!” Ҳижр: 99 – деган сўзидаги “аниқ нарса”ни ўлим деб эмас, Балки, “илм” ва “маърифат” деб тафсир қиладилар. Бинобарин “илм” ва “маърифат”га эришган киши Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг шариатидан чиқиши мумкин ва ундан барча шаръий аҳкомларга рио қилиш соқит бўлади, дейдилар. Бу бутун уламолар иттифоқи ила исломдан чиқиш, кофирликдир.

Аллома Ибнул Қаййим “Нунийя” қасидасида айтган сўзлари нақадар гўзал:

Пайғамбар йўлини рад этибон

Асли қайсарлик қилмоқдир куфр

Кимларнидир сўзини тутибон

Суннатдан юзни бурмоқдир куфр

Агар Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам айтган ҳукмни рад этиш куфр бўлса, у зотнинг шариатидан буткул чиқиб кетишга нима дейсиз?! Аллоҳнинг ўзи сақласин!

[1]"Маърифат", "Ҳол", “Важд” , “Завқ” ҳамда “Кашф” - буларнинг барчаси сўфиларнинг атамаларидан бўлиб, айтишларича, “Ҳол” бу Аллоҳ таолога интилган киши ўз йўлида босиб ўтадиган “мақомлар”дан бирида унинг қалбига тушади. “Важд” ҳам худди шундай. Лекин “Ҳол” ҳаракат қилиб эришилади. “Важд” эса ўзи келади. Бу “мақомлар” ниҳоясига етганида, у киши “Маърифат”га яъни Аллоҳни танишга етишади ва унга ғайб илми “Кашф” бўлади. Шундан кейин у одам Аллоҳнинг коинотни идора қилишдаги хоҳишини гувоҳи бўлиб, пайғамбарлар билмаган илмга эришади ва ундан шариат аҳкомлари соқит бўлар эмиш. Аллоҳнинг ўзи ҳеч биримизни йўлдан оздирмасин!