Чоршанба 24 Апрель 2024 | 15 Шаввол 1445 Ҳижрий-қамарий

асосий қисм

  • lotinchaga
  • +
  • -
  • |

Исломни бузадиган амалларнинг шарҳи /7

3552 марта кўрилган

Исломни бузадиган амалларнинг еттинчиси

    “Сеҳр ва иссиқ-совуқ қилиш. Ким шу ишни қилса ёки шунга рози бўлса, у кофир бўлади. Бунга далил Аллоҳ таолонинг қуйидаги сўзидир: “— Ҳолбуки, у фаришталар: “Биз фақатгина фитнамиз (яъни одамларни алдаб имтиҳон қилиш учун юборилганмиз), бас, (биз айтган нарсаларни қилиб) кофир бўлиб қолма”, демасдан туриб ҳеч кимга ҳеч нарса ўргатмас эдилар”. Бақара: 102

    Араб тилида сеҳр сўзининг луғавий маъноси “махфий” демакдир. Шу сабабдан араблар ўта махфий нарса тўғрисида “сеҳрдан ҳам махфийроқ” деган мақолни ишлатадилар.

    Сеҳр сўзининг шаръий маъноси эса: сеҳргар маълум бир шахсга зарар бериш мақсадида шайтонларни ишга солиш учун қиладиган куф-суф ва “тугун”лардир.

    Сеҳр сўзининг шаръий маъноси борасида бундан бошқа таърифлар ҳам мавжуд. Бу хусусда Шинқийтий раҳимаҳуллоҳ шундай деган: “Шуни билиш лозимки, сеҳр сўзини жуда аниқ таърифлаб бўлмайди. Чунки, унинг ҳар хил турлари кўп. Унинг барча турларини ўзида мужассам қилиб, бошқаларидан ажратиб берадиган аниқ таъриф топиш мушкул. Шу боис уламолар сеҳр сўзини турлича таъриф қилганлар”. Азваул баён 4/444

    Иссиқ-совуқ қилиш сеҳр жумласидандир.

    Совитиш – кишини ўзи хоҳлаган нарсадан буриш, айтайлик, уни хотинига бўлган муҳаббатидан тўсиб, уни ёмон кўрсатишдир.

    Иситиш ҳам совитиш каби сеҳр амалларидан. Лекин у кишини шайтоний йўллар билан истамаган нарсаларига нисбатан мойил қилиш ва қизиқтиришдир.

    Сеҳр барча пайғамбарларнинг динида ҳаром бўлган.

   

Боб

Сеҳр бобининг аҳамияти катта бўлгани ва у ер юзининг аксар жойларида кенг тарқалгани боис, сеҳрга тегишли бир қанча масалалар ва шу масалаларга тегишли уламоларнинг фикрларини келтириб ўтамиз.

    Биринчи масала: сеҳр чиндан ҳам борми?

    Аллоҳ таолонинг: “Мен тонг Раббидан (менга)... ва тугунларга дам солувчи (жодугар)ларнинг ёмонлигидан... паноҳ беришини сўраб илтижо қилурман”, (Фалақ: 4) – деган сўзи сеҳр чиндан ҳам бор эканига далилдир. Акс ҳолда, Аллоҳ таоло ундан паноҳ тилашга буюрмаган бўлар эди.

    Шунингдек Аллоҳ таолонинг: “Ва ўшалардан (Ҳорут ва Морутдан) эр-хотиннинг ўртасини бузадиган нарсалар ўрганадилар”, (Бақара: 102) – деган сўзи сеҳрнинг асли бор бўлиб, у — киши билан унинг аёли ўртасини ажратиб юборишга сабаб бўлишига яққол бир далилдир.

    Сеҳрнинг ростдан ҳам бор эканига яна бир далил – Оиша разияллоҳу анҳодан ривоят қилинган қуйидаги ҳадисдир: “Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва саллам сеҳрландилар. Ҳатто қилмаган ишларини ҳам қилдим, деб ўйлайдиган даражага бордилар. У киши бир куни менга шундай дедилар: “Мени ҳузуримга икки фаришта келиб, бири бош томонимда, бошқа бири эса оёқ томонимда ўтирди. Бири иккинчисига қараб:

-    Бу одамга нима қилган?

-    Сеҳрланган.

-    Ким сеҳрлади?

-    Лабид Ибнил Аъсом. Тароқ, таранди соч ва хурмонинг гулкосасида сеҳрлаб, Зарвон қудуғига ташлаган”, – деди”. Имом Аҳмад, Бухорий ва Муслим ривоятлари.

Сеҳрнинг ҳақ эканлиги аҳли суннат эътиқоди бўлиб, кўпчилик ислом уламолари шу фикрдалар.

Қуръону суннатдан узоқлашиб кетган муътазилий фирқасининг фикрича, сеҳр аслида йўқ нарса. Улар бу фикрларига қуйидаги оятни далил қиладилар: “(Улар қўлларидаги асо ва ипларини ташлаган эдилар) баногоҳ иплари ва асолари сеҳр қилганлари сабабли (Мусога) юриб кетаётгандек туюлди”. Тоҳа: 66. Аллоҳ таоло бу оятда “чиндан ҳам у илонлар қимирлади”, демади, аксинча, “юриб кетаётгандек туюлди”,– деди. Айтишларича, сеҳр бу аслида мавжуд бўлмаган нарсани кишининг хаёлига бор деб кўрсатиш ва у кўзбўямачиликнинг бир туридир.

Аллома Ибнул Қаййим раҳимаҳуллоҳ шундай дейдилар: “Бу фикр (яъни, муътазилий фирқасининг сеҳр тўғрисидаги фикрлари) саҳоба ва салафи солиҳлардан мутавотир тарзда бизгача етиб келган уларнинг сўзларига ҳамда фуқаҳолар, ҳадис, тафсир ва тасаввуф олимлари иттифоқ қилган, шунингдек, барча ақлли инсонлар билган нарсага тескаридир. Касаллик, лоҳаслик, бировни бошқага “иситиш” ёки ундан “совутиш”, севиб қолиш ва ёмон кўриш ҳамда қалбаки қилиб кўрсатиш ва шу каби ишлар билан ўз таъсирини ўтказадиган сеҳр мавжуд бўлиб, уни ҳамма инсонлар билишади...”. “Бадоеъ ал-Фаваид”: 2/227

Имом Қуртубий муътазилий фирқасининг сеҳр борасидаги фикрлари ҳамда уларнинг далилларини зикр қилиб ўтганидан кейин шундай дейди: “Бу далилларда уларга ҳеч қандай ҳужжат йўқ. Биз хаёлда кўрсатиш сеҳрнинг бир тури эканини инкор қилмаймиз. Бироқ, ақл тасдиқлаган ва далилларда келган бундан бошқа ишлар ҳам бор. Шулардан бири сеҳр ва уни ўргатиш тўғрисидаги оят (ушбу оятни назарда тутмоқда: “... Балки, одамларга сеҳр ўргатадиган шайтонлар кофир эдилар. Бобилдаги Ҳорут ва Морут номли фаришталарга туширилган нарсаларга эргашадилар. — Ҳолбуки, у фаришталар: “Биз фақатгина фитнамиз (яъни одамларни алдаб имтиҳон қилиш учун юборилганмиз), бас, (биз айтган нарсаларни қилиб) кофир бўлиб қолма”, демасдан туриб ҳеч кимга ҳеч нарса ўргатмас эдилар” Бақара: 102). Агар сеҳр аслида йўқ нарса бўлганида, уни ўргатиш имконсиз бўлар эди ва Аллоҳ таоло у фаришталар тўғрисида “улар одамларга сеҳрни ўргатадилар”, деб айтмаган бўларди. Демак, бу оят сеҳрнинг ҳақиқат эканлигига далолат қилади.

Шунингдек, Фиръавн ҳикоясидаги ушбу оят: “... ва зўр сеҳр кўрсатдилар”  Аъроф: 116 ва Фалақ сураси ҳам шунга бир далилдир. Муфассирлар бу оятнинг нозил бўлиш сабаби Лабид Ибнул Аъсомнинг Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламни сеҳр қилганлиги эканига иттифоқ қилганлар”.

Шундан сўнг Қуртубий раҳимаҳуллоҳ биз юқорида айтиб ўтган ҳадисни зикр қилиб шундай дейдилар: “... ва ҳадисда келишича, Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва саллам сеҳрни ечганларидан кейин: “Аллоҳ менга шифо берди”, – деганлар. Маълумки, шифо касаллик ва унинг сабаби кетиши билан ҳосил бўлади. Демак, сеҳр ҳақ ва унинг асли бор экан. Аллоҳ ва Расули сеҳрнинг мавжуд экани ҳамда воқеликда содир бўлганини хабар бергани учун қатъий равишда сеҳр бор деб эътиқод қилинади. Зеро, сўзлари мўтабар олимлар шу фикрга иттифоқ қилганлар. Улар иттифоқ қилган бир вақтда муътазилий фирқасининг бундай бир сарқит сўзлари ва ҳақ аҳлига хилоф қилганлари эътиборга олинмайди”.

Иккинчи масала: сеҳргарнинг ҳукми

Уламолар сеҳргар кофир бўлиш-бўлмаслигида ихтилоф қилганлар. Муаллиф раҳимаҳуллоҳнинг сўзларига қараганда, сеҳргар Аллоҳ таолонинг: “— Ҳолбуки, у фаришталар: “Биз фақатгина фитнамиз (яъни одамларни алдаб имтиҳон қилиш учун юборилганмиз), бас, (биз айтган нарсаларни қилиб) кофир бўлиб қолма”, демасдан туриб ҳеч кимга ҳеч нарса ўргатмас эдилар”, Бақара: 102 – деган сўзига биноан кофир бўлади. Бу имом Аҳмад, имом Молик, имом Абу Ҳанифа раҳимаҳумуллоҳ ва жумҳур уламоларнинг ақидасидир.

Имом Шофеий раҳимаҳуллоҳнинг фикрларича, сеҳргарга: “Бизга қандай сеҳр қилишингни айтиб бер!”, – дейилади. Агар унинг гапида куфрни тақозо қиладиган ишлар, масалан, Бобил шаҳри сеҳргарлари каби юлдузларга ибодат қилиш ва бу юлдузлар тилакни бажо қилади, деб билиш каби ишлар бўлса, у ҳолда бундай сеҳр билан шуғулланган киши кофир бўлади. Агар унинг қилган сеҳри куфр даражасига етмасада, бироқ у сеҳрни ҳалол деб билса, у ҳолда ҳаромни ҳалол деб билгани учун кофир бўлади. Бундан бошқа ҳолатларда эса кофир бўлмайди.

Аллома Шинқийтий раҳимаҳуллоҳнинг айтишларича, бу масаладаги тўғри фикр ҳар бир ҳолат тўғрисида алоҳида ва батафсил гапиришдир:

“Агар сеҳр — юлдуз, жин ва шунга ўхшаш Аллоҳдан бошқа нарсаларни улуғлаш каби куфрга олиб борадиган ишлардан иборат бўлса, у ҳолда сеҳргар шак-шубҳасиз кофир бўлади. Бақара сурасида айтилган Ҳорут ва Морутнинг сеҳри шу туркумдан ҳисобланиб ва у оятда айтилганидек, шак-шубҳасиз куфрдир: “Сулаймон кофир эмас эди, Балки, одамларга сеҳр ўргатадиган шайтонлар кофир эдилар. . . — Ҳолбуки, у фаришталар: “Биз фақатгина фитнамиз (яъни одамларни алдаб имтиҳон қилиш учун юборилганмиз), бас, (биз айтган нарсаларни қилиб) кофир бўлиб қолма”, демасдан туриб ҳеч кимга ҳеч нарса ўргатмас эдилар. . . Ахир (Аллоҳнинг китоби ўрнига сеҳрни) алмашган кимсаларга охиратда ҳеч қандай насиба йўқ эканини билган эдилар-ку. . .”, “. . . Сеҳргар эса қаерда бўлмасин зафар топмас”. Бақара: 102

Агар сеҳр куфрни тақозо қилмайдиган, масалан, баъзи бир бўёқ ва шу каби нарсаларнинг хусусиятидан фойдаланган ҳолда амалга оширилса, у ҳолда бундай сеҳрнинг ҳаром эканлиги кўчаяди. Лекин уни қилган киши кофирлик даражасига етмайди.

Уламолар ихтилоф қилган бу масаланинг тадқиқи иншааллоҳ шудир”. (Иқтибос тугади).

Учинчи масала: аёл ва эркак сеҳргарларни қатл қилиш

Бу масалада уламоларнинг икки хил фикрлари бор:

Биринчиси: У қатл қилинади. Бу жумҳур уламоларнинг, жумладан имом Молик ва имом Аҳмаднинг сўзлари.

Иккинчиси: Агар сеҳргарнинг қилган сеҳри куфр даражасига етмаган бўлса, у қатл қилинмайди. Бу имом Шофеийнинг сўзлари.

Биринчи мазҳаб олимларининг далиллари:

-    Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Сеҳргарнинг жазоси қилич билан калласини танасидан жудо қилмоқ”, – дедилар.[1]

-    Бужола розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: “Бизга Умар розияллоҳу анҳу ўлимидан бир йил олдин унинг: “Ҳар бир сеҳргарни ўлдиринглар! Бир-бирига маҳрам бўла туриб никоҳланиб олган мажусийларнинг никоҳини бузиб юборинглар ва уларни “замзама”[2] дан қайтаринглар!”, – деган мактуби келди. Шунда биз учта сеҳргар аёлни ўлдирдик...”. Имом Аҳмад ва бошқалар саҳиҳ санад билан ривоят қилганлар.

-    Ҳафса разияллоҳу анҳодан ривоят қилинишича, у кишини сеҳр қилган ўзларининг чўри аёлларини ўлдиришга буюрганлар .[3]

Шу мазҳаб, яъни сеҳргарни қандай бўлмасин ўлдириш лозимлигини айтган уламоларнинг фикри тўғридир. Чунки, Умар, Жундаб ва Ҳафса розияллоҳу анҳумларга бирор саҳобий қарши чиққанлиги маълум эмас. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Мендан кейинги икки кишига: Абу Бакр ва Умарга эргашинглар!”, шунингдек: “Аллоҳ таоло Умарнинг тили ва қалбига ҳақни солиб қўйган”, Термизий ривояти – деганлар.

Сеҳргарнинг сеҳри куфр даражасига чиқмаса у қатл этилмайди, – деган олимлар ушбу ҳадисни далил қилишган: “Уч нарсани бирисиз мусулмон кишини ўлдириш мумкин эмас: хотин кўрган зинокор, қасос ва динини ташлаган, жамоатдан ажралган киши”.  Бухорий ва Муслим ривояти. Бу ҳадисни ҳужжат келтириш бир қанча жиҳатлардан нотўғри. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва саллам Лабид Ибнул Аъсомни эса фитнадан қўрққанлари учун қатл этмаганлар. Аллоҳу аълам! Айрим уламолар куфр даражасига олиб бормайдиган сеҳр ишини қилган сеҳргарни ўлдирмаслик мусулмонлар ҳимоясида яшаган зиммийлар (яҳуд ва насоролар)га хос дейишган. Бироқ, тўғриси бундай сеҳргарни ўлдириш борасида мусулмон ва зиммийлар теппа-тенгдирлар.

Тўртинчи масала: сеҳрланган кишидан сеҳрни ечиш

Аллома Ибнул Қаййим раҳимаҳуллоҳ шундай деганлар: “Сеҳрни ечиш икки турли бўлади:

1.     Сеҳрни ўзига ўхшаш сеҳр билан ечиш. Бу шайтон амалларидандир. Ҳасан раҳимаҳуллоҳнинг: “Сеҳрни сеҳргар ечади”, – деган сўзидан шу тур сеҳрни ечиш назарда тутилган. Бу ҳолатда сеҳрланган киши ва сеҳрни ечувчи киши шайтонга унинг севган амали билан ибодат қиладилар. Шундан кейин шайтон сеҳрланган кишидан ўз сеҳрини бекор қилади.

2.     Сеҳрни руқя, дам солиш ва дори-дармон ҳамда  дуолар билан ечиш. Бу жоиздир.

Бухорий “Саҳиҳи”да муаллақ тарзда Қатодадан шундай ривоят қилади: “Мен Ибн Мусаййабдан: “Сеҳрланган ёки аёлига яқинлик қила олмай қолган кишидан сеҳр ечиладими?”,- деб сўрадим. У киши: “Ҳечқиси йўқ. Улар одамларга фойда келтирмоқдалар. Одамларга фойдали нарсадан Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва саллам қайтармаганлар”, – деди”.

Ибн Мусайяб бу гапи билан сеҳрни шаръий йўл билан бартараф этишни назарда тутган. Чунки, саҳиҳ ҳадисда келишича, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламдан сеҳрни ечиш тўғрисида сўралганда: “У шайтоннинг амалидан”, – деганлар. Имом Аҳмад ва Абу Довуд ривояти.

Сеҳргар, коҳин, мунажжим ва фолбинларга бориб, улардан бирор нарса ҳақида сўраш жуда катта гуноҳ ва хато ишдир. Бу ишни қилган кишидан қирқ кеча намоз қабул қилинмайди: “Ким фолбинга бориб, ундан бирор нарса ҳақида сўраса, у одамдан қирқ кеча намоз қабул қилинмайди”. Имом Муслим ривояти.

Агар бирон киши уларни олдига бориб, бирон нарса ҳақида сўраса ва уларни сўзини тасдиқласа, у одам Пайғамбаримиз Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг динларига кофир бўлади. Зеро, Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Ким фолбин ёки коҳинга бориб, унинг айтган гапини тасдиқласа, у Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг динига кофир бўлади”, – деганлар. Ҳоким Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан саҳиҳ санад билан ривоят қилган. Ибн Масъуд розияллоҳу анҳу шундай деганлар: “Ким фолбин ёки сеҳргарга бориб, унинг айтган гапини тасдиқласа, у Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг динига кофир бўлади”. Баззор саҳиҳ санад билан ривоят қилган.

[1] Термизий, Ҳоким, Ибн Адий ва Дороқутний Исмоил Ибн Муслим Ал-Маккий орқали Ҳасандан у киши эса Жундаб розияллоҳу анҳудан ривоят қилганлар. Термизий: “Биз бу ҳадисни шу санад орқалигина келганини биламиз. Исмоил Ибн Муслим ал-Маккий ҳадисда заифдир. Саҳиҳи бу ҳадис Жундаб розияллоҳу анҳуга мавқуф экани”, – деганлар.

[2]Мажусийлар овқат ейиш асносида ўзларига-ўзлари пичирлаб гапирардилар ва мана шу Замзама дейилган.

[3]Имом Молик “Муватто”да мунқатеъ санад билан, имом Аҳмаднинг ўғиллари Абдуллоҳ “Масоил”да ва Байҳақийлар саҳиҳ санад билан ривоят қилганлар.