Жума 24 Ноябрь 2017 | 5 Рабиул-аввал 1439 Ҳижрий-қамарий

асосий қисм

  • lotinchaga
  • +
  • -
  • |

279. Залолат йўлларининг кўплиги ва улардан огоҳлантириш

1521 марта кўрилган

عَنْ حُذَيْفَةَ بْن الْيَمَانِ رَضِيَ اللَّهُ عَنْهُ قَالَ كَانَ النَّاسُ يَسْأَلُونَ رَسُولَ اللَّهِ صَلَّى اللَّهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ عَنْ الْخَيْرِ وَكُنْتُ أَسْأَلُهُ عَنْ الشَّرِّ مَخَافَةَ أَنْ يُدْرِكَنِي فَقُلْتُ يَا رَسُولَ اللَّهِ إِنَّا كُنَّا فِي جَاهِلِيَّةٍ وَشَرٍّ فَجَاءَنَا اللَّهُ بِهَذَا الْخَيْرِ فَهَلْ بَعْدَ هَذَا الْخَيْرِ مِنْ شَرٍّ؟ قَالَ: «نَعَمْ» قُلْتُ وَهَلْ بَعْدَ ذَلِكَ الشَّرِّ مِنْ خَيْرٍ؟ قَالَ: «نَعَمْ وَفِيهِ دَخَنٌ» قُلْتُ وَمَا دَخَنُهُ؟ قَالَ: «قَوْمٌ يَهْدُونَ بِغَيْرِ هَدْيِي تَعْرِفُ مِنْهُمْ وَتُنْكِرُ» قُلْتُ فَهَلْ بَعْدَ ذَلِكَ الْخَيْرِ مِنْ شَرٍّ؟ قَالَ: «نَعَمْ دُعَاةٌ إِلَى أَبْوَابِ جَهَنَّمَ مَنْ أَجَابَهُمْ إِلَيْهَا قَذَفُوهُ فِيهَا» قُلْتُ يَا رَسُولَ اللَّهِ صِفْهُمْ لَنَا فَقَالَ: «هُمْ مِنْ جِلْدَتِنَا وَيَتَكَلَّمُونَ بِأَلْسِنَتِنَا» قُلْتُ فَمَا تَأْمُرُنِي إِنْ أَدْرَكَنِي ذَلِكَ؟ قَالَ: «تَلْزَمُ جَمَاعَةَ الْمُسْلِمِينَ وَإِمَامَهُمْ» قُلْتُ فَإِنْ لَمْ يَكُنْ لَهُمْ جَمَاعَةٌ وَلا إِمَامٌ؟ قَالَ: «فَاعْتَزِلْ تِلْكَ الْفِرَقَ كُلَّهَا وَلَوْ أَنْ تَعَضَّ بِأَصْلِ شَجَرَةٍ حَتَّى يُدْرِكَكَ الْمَوْتُ وَأَنْتَ عَلَى ذَلِكَ» (متفق عليه).

Ҳузайфа ибн ал-Ямон розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: Одамлар Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламдан яхшиликлар ҳақида сўрашар, мен эса ўзимга ёмонликлар етишидан қўрққанимдан ёмонликлар ҳақида сўрардим. «Ё Расулуллоҳ, биз жоҳилият ва ёмонлик ичида эдик, Аллоҳ бизга бу яхшиликни (яъни, иймон ва исломни) берди. Энди шу яхшиликдан кейин бирон ёмонлик бўладими?», деб сўрадим. «Ҳа», дедилар. «У ёмонликдан кейин яна яхшилик бўладими?», дедим. «Ҳа, бироқ унда хиралик бўлади», дедилар. «Хиралиги нима?» дедим. «Менинг йўлимдан бошқасига йўллайдиган қавм (бўлади), уларнинг яхши ишларини ҳам, ёмон ишларини ҳам кўрасиз», дедилар. «Бу яхшиликдан кейин яна ёмонлик бўладими?», дедим. «Ҳа, жаҳаннам дарвозаларига чорловчилар (бўлади), ким уларнинг чақириғини қабул қилса, унга улоқтирадилар», дедилар. «Ё Расулуллоҳ, бизга уларнинг белгиларини айтиб беринг», дедим. «Улар бизнинг қавмларимиздан, бизнинг тилларимизда гапиришади», дедилар. «Ўша нарса менга етса, нима қилишга буюрасиз?», дедим. «Мусулмонлар жамоатини ва имомини (раҳбарини) маҳкам тутинг», дедилар. «Агар уларнинг жамоати ҳам, имоми ҳам бўлмаса-чи?», дедим. «Дарахтнинг томирини тишлаб бўлса-да, у фирқаларнинг ҳаммасидан четланинг, то ўлгунча мана шу ҳолатда қолинг», дедилар (Муттафақун алайҳ).

عَنْ عَبْدِ اللَّهِ بْنِ مَسْعُودٍ رَضِيَ اللَّهُ عَنْهُ قَالَ خَطَّ لَنَا رَسُولُ اللَّهِ صَلَّى اللَّهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ خَطًّا ثُمَّ قَالَ: «هَذَا سَبِيلُ اللَّهِ» ثُمَّ خَطَّ خُطُوطًا عَنْ يَمِينِهِ وَعَنْ شِمَالِهِ ثُمَّ قَالَ: «هَذِهِ سُبُلٌ» قَالَ يَزِيدُ مُتَفَرِّقَةٌ عَلَى كُلِّ سَبِيلٍ مِنْهَا شَيْطَانٌ يَدْعُو إِلَيْهِ ثُمَّ قَرَأَ { إِنَّ هَذَا صِرَاطِي مُسْتَقِيمًا فَاتَّبِعُوهُ وَلا تَتَّبِعُوا السُّبُلَ فَتَفَرَّقَ بِكُمْ عَنْ سَبِيلِهِ } (أخرجه أحمد).

Абдуллоҳ ибн Масъуд розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам бизга бир чизиқ чизиб: «Бу Аллоҳнинг йўли», дедилар. Кейин унинг ўнг ва чап томонига бир неча чизиқлар чизиб: «Булар турли-туман йўллар, улардан ҳар бирининг бошида унга чорлаб турадиган бир шайтон бор», дедилар, сўнг: «Албатта, мана шу Менинг Тўғри Йўлимдир. Бас, шу йўлга эргашинглар! (Бошқа) йўлларга эргашмангизки, улар сизларни Унинг йўлидан узиб қўяр» (Анъом: 153) оятини ўқидилар (Имом Аҳмад ривояти).

Шарҳ:

Аллоҳнинг тўғри йўли битта, унда эгрилик йўқ. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам уни баён қилиб берганлар. Шайтоннинг йўллари кўп ва хилма-хил бўлгани учун Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам уларни ҳам баён қилганлар ва улардан огоҳлантирганлар. У йўллар ҳаққа зид ва залолат йўллари ҳамда жаҳаннам дарвозалари эканини айтганлар. Улардан қутилиш йўлини кўрсатиб берганлар, бу эса Аллоҳнинг Китоби ва Расулининг суннатига эргашиш, мусулмонлар жамоатини лозим тутиш билан бўлади.

Бугунги дарсдан олинадиган фойдалар:
  1. Аллоҳнинг тўғри йўли битта;
  2. Залолат йўллари жуда кўп;
  3. Залолат йўллари жаҳаннам дарвозаларидир, ким уларга юрса дўзахга бориб тушади;
  4. Бу йўллардан қутулиш фақат Аллоҳнинг тўғри йўлига эргашиш в мусулмонлар жамоатини лозим тутиш билан бўлади.