Жума 29 Март 2024 | 19 Рамазон 1445 Ҳижрий-қамарий

асосий қисм

  • lotinchaga
  • +
  • -
  • |

280. Фитналардан огоҳлантириш ва улардан узоқ бўлишга буйруқлар

3279 марта кўрилган

عن أَبي هُرَيْرَةَ رَضِيَ اللَّهُ عَنْهُ قَالَ قَالَ رَسُولُ اللَّهِ صَلَّى اللَّهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ: «يَتَقَارَبُ الزَّمَانُ وَيَنْقُصُ الْعِلمُ وَيُلْقَى الشُّحُّ وَيَكْثُرُ الْهَرْجُ قَالُوا وَمَا الْهَرْجُ قَالَ الْقَتْلُ الْقَتْلُ» (رواه البخاري).

Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтдилар: «Замон яқинлашади (яъни кунлар тез ўтади), илм камаяди, (қалбларга) бахиллик ташланади, қатл қилиш кўпаяди» (Имом Бухорий ривояти).

عَنْ أَنَسِ بْنِ مَالِكٍ رَضِيَ اللَّهُ عَنْهُ قَالَ لا يَأْتِي عَلَيْكُمْ زَمَانٌ إِلاَّ الَّذِي بَعْدَهُ شَرٌّ مِنْهُ حَتَّى تَلْقَوْا رَبَّكُمْ سَمِعْتُهُ مِنْ نَبِيِّكُمْ صَلَّى اللَّهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ (رواه البخاري).

Анас ибн Молик розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтдилар: «Сизларга қандай (оғир) замон келмасин, то Роббингизга йўлиққунингизча кейин келадигани ундан ҳам ёмонроқ бўлаверади» (Имом Бухорий ривояти).

عَنْ حُذَيْفَةَ بْن الْيَمَانِ رَضِيَ اللَّهُ عَنْهُ قَالَ كَانَ النَّاسُ يَسْأَلُونَ رَسُولَ اللَّهِ صَلَّى اللَّهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ عَنْ الْخَيْرِ وَكُنْتُ أَسْأَلُهُ عَنْ الشَّرِّ مَخَافَةَ أَنْ يُدْرِكَنِي فَقُلْتُ يَا رَسُولَ اللَّهِ إِنَّا كُنَّا فِي جَاهِلِيَّةٍ وَشَرٍّ فَجَاءَنَا اللَّهُ بِهَذَا الْخَيْرِ فَهَلْ بَعْدَ هَذَا الْخَيْرِ مِنْ شَرٍّ؟ قَالَ: «نَعَمْ» قُلْتُ وَهَلْ بَعْدَ ذَلِكَ الشَّرِّ مِنْ خَيْرٍ؟ قَالَ: «نَعَمْ وَفِيهِ دَخَنٌ» قُلْتُ وَمَا دَخَنُهُ؟ قَالَ: «قَوْمٌ يَهْدُونَ بِغَيْرِ هَدْيِي تَعْرِفُ مِنْهُمْ وَتُنْكِرُ» قُلْتُ فَهَلْ بَعْدَ ذَلِكَ الْخَيْرِ مِنْ شَرٍّ؟ قَالَ: «نَعَمْ دُعَاةٌ إِلَى أَبْوَابِ جَهَنَّمَ مَنْ أَجَابَهُمْ إِلَيْهَا قَذَفُوهُ فِيهَا» قُلْتُ يَا رَسُولَ اللَّهِ صِفْهُمْ لَنَا فَقَالَ: «هُمْ مِنْ جِلْدَتِنَا وَيَتَكَلَّمُونَ بِأَلْسِنَتِنَا» قُلْتُ فَمَا تَأْمُرُنِي إِنْ أَدْرَكَنِي ذَلِكَ؟ قَالَ: «تَلْزَمُ جَمَاعَةَ الْمُسْلِمِينَ وَإِمَامَهُمْ» قُلْتُ فَإِنْ لَمْ يَكُنْ لَهُمْ جَمَاعَةٌ وَلا إِمَامٌ؟ قَالَ: «فَاعْتَزِلْ تِلْكَ الْفِرَقَ كُلَّهَا وَلَوْ أَنْ تَعَضَّ بِأَصْلِ شَجَرَةٍ حَتَّى يُدْرِكَكَ الْمَوْتُ وَأَنْتَ عَلَى ذَلِكَ» (متفق عليه).

Ҳузайфа ибн ал-Ямон розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: Одамлар Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламдан яхшиликлар ҳақида сўрашар, мен эса ўзимга ёмонликлар етишидан қўрққанимдан ёмонликлар ҳақида сўрардим. «Ё Расулуллоҳ, биз жоҳилият ва ёмонлик ичида эдик, Аллоҳ бизга бу яхшиликни (яъни, иймон ва исломни) берди. Энди шу яхшиликдан кейин бирон ёмонлик бўладими?», деб сўрадим. «Ҳа», дедилар. «У ёмонликдан кейин яна яхшилик бўладими?», дедим. «Ҳа, бироқ унда хиралик бўлади», дедилар. «Хиралиги нима?» дедим. «Менинг йўлимдан бошқасига йўллайдиган қавм (бўлади), уларнинг яхши ишларини ҳам, ёмон ишларини ҳам кўрасиз», дедилар. «Бу яхшиликдан кейин яна ёмонлик бўладими?», дедим. «Ҳа, жаҳаннам дарвозаларига чорловчилар (бўлади), ким уларнинг чақириғини қабул қилса, унга улоқтирадилар», дедилар. «Ё Расулуллоҳ, бизга уларнинг белгиларини айтиб беринг», дедим. «Улар бизнинг қавмларимиздан, бизнинг тилларимизда гапиришади», дедилар. «Ўша нарса менга етса, нима қилишга буюрасиз?», дедим. «Мусулмонлар жамоатини ва имомини (раҳбарини) маҳкам тутинг», дедилар. «Агар уларнинг жамоати ҳам, имоми ҳам бўлмаса-чи?», дедим. «Дарахтнинг томирини тишлаб бўлса-да, у фирқаларнинг ҳаммасидан четланинг, то ўлгунча мана шу ҳолатда қолинг», дедилар (Муттафақун алайҳ).

Шарҳ:

Охир замонда фитналар кўпайиб, хилма-хил бўлади, у сабабли кўп одамлар ҳалок бўлишади. Унинг ёмонлигидан фақат Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг суннатларини ушлаган, имкон қадар фитналарга аралашишдан узоқда бўлган ва мусулмонларнинг жамоатини лозим тутган, ва сабр қилиш, Аллоҳдан динда собит қилишини сўраш билан бирга қўлидан келганича ислоҳ қилишга уринган кишиларгина саломат қолишади.

Бугунги дарсдан олинадиган фойдалар:
  1. Охир замонда фитналарнинг кўпайиши;
  2. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам мусулмон кишини улардан узоқлашишга ва улардан эҳтиёт бўлишга чорлаганлари;
  3. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам фитналар вақтида мусулмонлар жамоатини лозим тутишга буюрганлари.