Жума 26 Апрель 2024 | 17 Шаввол 1445 Ҳижрий-қамарий

асосий қисм

  • lotinchaga
  • +
  • -
  • |

019. Фолбин, мунажжим ва коҳинларга боришнинг ҳаромлиги

4526 марта кўрилган

Аллоҳ таоло Намл сурасининг 65- оятида шундай дейди: «Айтинг: Осмонлар ва ердаги ғайбни Аллоҳдан ўзга ҳеч ким билмайди».

Пайғамбаримиз аёлларининг биридан ривоят қилинади, Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам дедилар: «Ким фолбинга борса, ундан бирон нарса ҳақида сўраса унинг намози қирқ кун қабул бўлмайди». Имом Муслим ривоят қилган

Абу Довуд Абу Хурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилган ҳадисда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: «Ким фолбинга борса ва у айтган хабарни тасдиқласа ёки аёлига узрли-ҳайз ҳолатида ёки дубурига-орқа чиқарув йўлига яқинлик қилса Мухаммадга нозил бўлган нарсадан пок бўлибди», дедилар.

Муттафақун алайҳ бўлган ҳадисда Оиша розияллоҳу анҳо шундай дейди: Одамлар Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламдан коҳинлар ҳақида сўрашди.

- Улар ҳеч нарса эмаслар, дедилар.

- Улар бир нарсани айтадилар, гоҳо у рост чиқиб қолади-ку? дейишди.

- Ўша битта рост бўлган калимани жинлардан бири ўғирлаб олади кейин уни ўз дўстининг қулоғига ташлайди. Улар унга юзта ёлғонни қўшишади», дедилар.

Шарҳ

Ғайб илми Аллоҳ таолонинг ўзига хос бўлиб, уни ўзидан бошқа на фаришталар ва на пайғамбарлар билади. Ким ғайб илмини даъво қилса, каззоб, фолбин бўлади, агарчи баъзан унинг гапи тўғри чиқиб қолса ҳам. Шунинг учун ҳам фолбинларга бориш ёки улардан бирон нарса сўраш ҳаромдир. Бандаларнинг биронтаси ғайбни даво қилса ёки бирон махлуқ ғайбни билади деб эътиқод қилса Қуръон ва ҳадисни ёлғонга чиқаргани учун кофир бўлади.

Юқоридаги ҳадисларда келган «Мухаммадга нозил бўлган нарсадан пок бўлибди» маъноси, бир киши ҳақида «гуноҳдан пок бўлди» дейилади, яъни, унда гуноҳдан асар ҳам қолмади. Коҳинга бориб, ундан ғайбга тааллуқли бирон нарса ҳақида сўраса у Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва салламга нозил бўлган нарса — у Ислом дини, Қуръон Карим — дан пок бўлади, яъни унда Ислом динининг асари қолмайди.

«Жинлардан бири ўғирларб олади» яъни, Осмондан хабар олиб тушувчи фаришталар ўзларининг, Ердаги ишларни бошқариб турувчи биродарлари-фаришталарга бўладиган ишларни хабар бераётганларида жинлар эшитишга ҳаракат қилади, гоҳида бирон калима унинг қулоғига тушади, у уни олиб дарҳол фолбин дўстига беради, у эса ҳалиги битта сўзга юзта ёлғонни қўшиб-чатиб одамларга етказади. Ана шу битта гап тўғри келиб қолса, одамлар ана фалончи фолбинни атгани тўғри чиқди, деб унинг бошқа гапларига ҳам ишонадилар. Қуръон Каримда «Дарҳақиқат Биз энг яқин осмонни чироқлар (юлдузлар) билан безадик ва уларни шайтонларга отиладиган тошлар қилиб қўйдик». (Мулк сураси: 5) яъни, кофир жинлар сўз ўғирлаш учун осмонга кўтарилсалар уларга тош отилади, шундай бўлсада гоҳида биттаси ўз мақсадига эришади. Бунинг ортида ётган ҳикматни Ёлғиз Аллоҳгина билади.

Шу ўринда «Ғайб» калимасига ҳам тўхтаб ўтсак. Ғайб икки турли бўлади: 1) Келажакда бўладиган барча ишларга боғлиқ ғайб. 2) Бўлиб ўтган нарсаларга боғлиқ ғайб. Биринчи турдаги ғайбнинг илми фақат Аллоҳгагина хос. Аммо иккинчи турдаги ғайбни бошқалар ҳам билади. Бу ғайб нисбийдир. Масалан: бир киши 10 минг сўм пул йўқотди, бу пул эгасидан ғойиб бўлди. Бу пулни кимдир топиб олди, ёки унинг қаерда турганини кўриб-билди. Бу пулнинг қаердалиги эгасига нисбатан ғайб, аммо унинг ўрнини билган одамга нисбатан ғайб эмас. Демак, фолбинга бориб, йўқолган нарса ҳақида сўралса, у жавоб берса ва жавоби тўғри чиқса, бундан ажабланишга ҳожат йўқ, чунки у йўқолган нарсани ўзи билан бирга ишлайдиган жиндан сўраб билиши мумкин. У жин дарҳол ўзи ва бошқа шериклари билан у нарсани излашга тушади, ёки нарсанинг ўрнидан бирортаси хабардор бўлади, у келиб фолбинга хабар беради. Кўп ҳолларда улар ҳам йўқолган нарсани тополмайдилар.

Бугунги дарсдан олинадиган фойдалар
  1. Ғайб илмини даъво қилган фолбин ёки мунажжимларга бориш ҳаром.
  2. Фолчи, коҳинларнинг баъзан гапи тўғри чиқиб қолади, лекин улар битта рост сўзга юзта ёлғонни қўшиб гапиришади.
  3. Экстрасенслик, кафтдан келажакни ўқиб бериш, гороскоп, хуллас, барча шу қабилдаги нарсалар фолбинлик ва мунажжимликка киради.