Жума 24 Ноябрь 2017 | 5 Рабиул-аввал 1439 Ҳижрий-қамарий

асосий қисм

  • lotinchaga
  • +
  • -
  • |

016. Ширк

2393 марта кўрилган

Олоҳ таоло Луқмон сурасининг 13- оятида шундай дейди: «Албатта ширк катта зулмдир».

Нисо сурасинг 48-оятида: «Албатта Аллоҳ ўзига (бирон нарсанинг) шерик қилинишини кечирмас, Шундан бошқа гуноҳларни Ўзи хоҳлаган бандалари учун кечирур. Ким Аллоҳга (бирон кимса ёки нарсани) шерик қилса, бас, у буюк гуноҳни тўқиб чиқарибди».

Зумар сурасинг 65- оятида эса: «Дарҳақиқат сизга ҳам, сиздан аввалги (Пайғамбарларга) ҳам (шундай) ваҳий қилингандир: "Қасамки, агар мушрик бўлсанг, албатта қилган амалинг беҳуда кетур ва албатта зиён кўргувчилардан бўлиб қолурсан».

Имом Муслим Жобир розияллоҳу анҳудан ривоят қилган ҳадисда Расуллуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: «Ким Аллоҳ таолога унга бирон нарсани шерик қилмай йўлиқса, жаннатга киради ва ким унга бирон нарсани шерик қилиб йўлиқса дўзахга киради», дедилар.

Абу Хурайра розияллоҳу анҳу ривоят қилган муттафақун алайҳ ҳадисда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам:

- Еттита ҳалок қилувчи - катта гуноҳлар-дан четланинглар, дедилар.

Сахобалар:

- Ё Расулаллоҳ, улар нималар? деб сўрашди.

Пайғамбар айтдилар:

- Аллоҳ таолога ширк келтириш, сеҳр, Аллоҳ таоло ҳаром қилган жонни нохақ ўлдириш, судхўрлик, етимларнинг молларини ейиш, душман бостириб келганда орқага қочиш ва гуноҳ-маъсиятлардан пок бўлган содда мўъмина аёлларга бузуқ деб туҳмат қилиш».

Муттафақун алайҳ бўлган яна бир ҳадисда Муоз розияллоҳу анҳу Расуллуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам билан бир эшакка мингашиб олган эдим, дейди. Ул зот дедилар:

- Эй Муоз, Аллоҳнинг бандалар устидаги ҳаққи ва бандаларнинг Аллоҳ устидаги ҳаққини биласанми?

- Аллоҳ ва Расули билувчироқ, дедим.

- Аллоҳнинг бандалар устидаги ҳаққи Унинг Ўзигагина ибодат қилишлари ва бирон нарсани унга шерик қилмасликлари. Бандаларнинг Аллоҳ устидаги ҳаққи Унга бирон нарсани шерик қилмаган бандасини азобламаслиги», дедилар.

Шарҳ

Аллоҳга ширк келтириш дегани: Аллоҳ таолога бошқа нарсаларни тенг қилиш ёки Аллоҳ билан бирга уларга ҳам ибодат қилишдир. Ибодат деганда фақат намоздаги каби бошини ерга қўйиб сажда қилишнигина тушунилмасин, бу ҳам ибодат, лекин ибодатнинг маъноси бундан анча кенгдир. Аллоҳ таъоло буюрган ибодатларнинг турлари: ислом, иймон ва эҳсон кабилар. Дуо, қўрқув, умид, таваккул, (савобни) умид килиш ва (азобдан) қўрқмоқ, ҳокисорлик, тавба қилиш, мадад сўраш, қурбонлик ва назр қилиш ва булардан бошқа Аллоҳ буюрган ибодатларнинг барчаси Аллоҳ таъолога хосдир. Бу ибодатлардан бирортасини Аллоҳдан бошқасига қилган кимса мушрик ва кофир бўлади. Бунга далил: «Кимки Аллоҳ билан бирга бошқа илоҳга -унинг хақиқатда маъбуд эканига далилсиз- унга ибодат қилса, унинг ҳисоби парвардигорининг ҳузуридадир. Албатта кофирлар нажот топмаслар» (Муъминун:117).

Ширк энг катта ва хатарли гуноҳдир. Пайғамбарларнинг ҳаммаси ўз умматларини тавҳидга буюриб, ширикдан қайтариш учун жўнатилган. Ким ширк амалини қилиб, тавба қилмай дунёдан ўтиб кетса, жаҳаннамда абадулобод қолади.

Бугунги дарсдан олинадиган фойдалар
  1. Ширк жуда хатарли гуноҳ, ундан ҳазар қилиш вожиб.
  2. Аллоҳ таоло ширкдан бошқа ҳар қандай гуноҳ қилган бандани хоҳласа кечириб, хоҳласа азоблаши мумкин. Аммо ширкни тавба қилган бандасигагина кечиради.
  3. Ким ширк амали устида ўлса, унинг ҳамма амаллари ҳабата бўлади.
  4. Ширк амали жаҳаннамда абадий қолиб кетишга сабабдир.

Ибодат ва ширк ҳақида кўпроқ маълумот олиш учун бу ерга босинг 1»»» | 2»»»