Жума 26 Апрель 2024 | 17 Шаввол 1445 Ҳижрий-қамарий

асосий қисм

  • lotinchaga
  • +
  • -
  • |

Исломда дўст ва душман тушунчаси

6209 марта кўрилган

Муаллиф: Солиҳ ибн Фавзон

Муқаддима

Аллоҳ таолога ҳамду санолар, Расулуллоҳга, у зотнинг аҳли-оилалари ва асҳобларига ҳамда ҳидоятга эргашган барча мўминларга салоту саломлар бўлсин!

Албатта Аллоҳ ва Расулини яхши кўриш билан бирга, Аллоҳнинг дўстларини яхши кўриш ва душманларини ёмон кўриш ҳам лозим бўлади.

Ҳар бир мусулмоннинг ислом аҳлини дўст билиб, душманларини душман тутиши исломий ақида асосларидандир. Бу тавҳид ва ихлос аҳлини яхши кўриб уларни дўст тутиш ва ширк аҳлини ёмон кўриб, уларни душман тутиш демакдир. Биз эргашишга буюрилган Иброҳим соллаллоҳу алайҳи ва саллам ва издошларимизнинг йўли мана шудир.

"Сизлар учун Иброҳим ва у билан бирга бўлган кишиларда (уларнинг кофирларга қилган муносабатларида) гўзал намуна бордир. Эслангиз, улар ўз кавмларига: "Дарҳақиқат, бизлар сизлардан ва сизлар Аллоҳни қўйиб ибодат қилаётган бутларингиздан безормиз. Бизлар сизлар (ишониб ибодат қилаётган бут-санамлар)ни инкор этдик. Токи сизлар ёлғиз Аллоҳга иймон келтиргунларингизгача сизлар билан бизнинг ўртамизда мангу адоват ва ёмон кўриш зоҳирдир",- дедилар".[1]

Бу Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг динидир.

"Эй мўминлар, яҳудийлар ва насронийларни дўст тутмангиз! Уларнинг баъзилари баъзиларига дўстдирлар. Сизлардан ким уларга дўст бўлса, бас, у ўшалардандир. Албатта, Аллоҳ золим қавмни ҳидоят қилмас".[2]

Юқоридаги оят аҳли китобларни дўст тутмоқнинг ҳаромлиги ҳақида эди. Барча кофирларни дўст тутмоқнинг ҳаромлиги хусусида Аллоҳ таоло айтади:

"Эй мўминлар, Менинг душманим ва сизларнинг душманларингиз (бўлган мушриклар)ни дўст тутманглар!".[3]

Мўминга, хатто энг яқин қариндоши бўлса ҳам - кофирни дўст тутиш ҳаромдир.

"Эй мўминлар, агар иймондан куфрни афзал билсалар, ота-оналарингиз ва ака-укаларингизни (ҳам) дўст тутмангиз! Сизларнинг ичингизда кимда-ким уларни дўст тутса, (яъни уларни деб иймондан куфрга қайтса) бас, улар золимлардир".[4]

"Аллоҳга ва охират кунига иймон келтирадиган қавмнинг Аллоҳ ва Унинг пайғамбари чизган чизиқдан чиққан кимсалар билан – гарчи улар ўзларининг оталари ёки ўғиллари ёки оға-инилари ёки қариндош-уруғлари бўлсаларда – дўстлашаётганларини топмассиз".[5]

Дарҳақиқат кўпчилик бу муҳим қоидани билмайди. Хатто баъзи илмли ва даъватчи кишиларнинг "Насоролар бизнинг биродарларимиз",- деяётганларини эшитиш мумкин. Одамлар бу сўзнинг динлари учун қандай хатарли эканини тушинсалар эди!

Аллоҳ таоло мўминларни дўст тутишни ва яхши кўришни вожиб қилди.

"Сизларнинг дўстингиз фақат Аллоҳ, Унинг пайғамбари ва таъзим-тавозеъ қилган ҳолларида намозни тўкис адо этадиган, закотни (ҳақдорларга) ато этадиган мўминлардир. Кимки Аллоҳни, Унинг пайғамбарини ва мўминларни дўст тутса (нажот топгай), зеро фақат Аллоҳнинг ҳизби-гуруҳигина ғолиб бўлгувчидир".[6]

"Муҳаммад Аллоҳнинг пайғамбаридир. У билан бирга бўлган (мўъмин)лар кофирларга қаҳрли, ўз ораларида (мўъминлар билан) эса раҳм-шафқатлидирлар".[7]

"Мўминлар ҳеч шак-шубҳасиз оға-инилардир".[8]

Мўминлар – насл-насаблари, ватанлари ва замонлари узоқ яқинлигидан қатъий назар – диндош биродардирлар.

"Улардан кейин дунёга келганлар айтдилар: "Парвардигоро, Ўзинг бизларни ва бизлардан илгари иймон билан ўтган зотларни мағфират қилгин ва калбларимизда иймон келтирган зотлар учун бирон ғиллу ғаш қилмагин. Парвардигоро, албатта Сен меҳрибон ва раҳмлидирсан".[9]

Одам соллаллоҳу алайҳи ва салламдан бошлаб то Қиёматга қадар мўминлар — замонлари ва ватанлари узоқлигидан қатъий назар — бир-бирларини яхши кўрувчи биродардирлар. Уларнинг кейин келганлари аввал ўтганларга эргашадилар ва бир-бирлари учун дуо қилиб, истиғфор айтадилар.

Муҳаббат ва нафрат турлари

Кофирлар билан дўстлашиш нималарда кўриниши мумкин?

1. Кийиниш, сўзлашиш ва бошқа нарсаларда ўзини кофирларга ўхшатиш. Чунки бу ҳислатлар яхши кўриш аломатидир.

Пайғамбар саллаллоҳу алайҳи ва саллам айтдилар:

"Кимки ўзини бирон қавмга ўхшатса, бас, у - ўшалардан". (Абу Довуд ривояти)

Кофирларга хос бўлган одат, ибодат ва хулқларда уларга тақлид қилиш – ҳаром. Масалан, соқол олиш, мўйловни узун қилиб қўйиш, уларга ўхшаб кийиниш, еб-ичиш ва ҳакозо.

2. Динини сақлаб қолиш учун мусулмонлар юртига ҳижрат қилмасдан кофирларнинг шаҳарларида яшаш.

Чунки дин учун ҳижрат қилиш вожибдир. Куфр шаҳарларида яшаш уларни дўст тутишни билдиради.

"Албатта (мусулмонлар билан бирга ҳижрат қилмасдан кофирлар қўл остида яшашга рози бўлиш билан) ўз жонларига жабр қилган кимсаларнинг жонларини олиш чоғида фаришталар уларга; "Қандай ҳолда яшадингиз?"- деганларида; "Биз бу ерда чорасиз бечоралар эдик", дедилар. (Шунда фаришталар); "Ҳижрат қилсанглар Аллоҳнинг ери кенг эди-ку?! (Нега дину иймонларингиз йўлида бу юртдан ҳижрат қилмадинглар?)"-дейишди. Бундайларнинг жойлари жаҳаннамдир. Қандай ёмон жойдир у! Фақат бирон чора топишга қодир бўлмай, ҳижрат йўлини истаб топа олмай чорасиз қолган (кекса ёки ногирон) кишилар, аёллар ва болалар борки, бундайларни шояд Аллоҳ афв этса. Зотан, Аллоҳ афв этгувчи, мағфират қилгувчи бўлган зотдир".[10]

Фақат Аллоҳга даъват қилиш, исломни ёйиш каби диний манфаат ёки чорасизлик важидан кофир юртида яшаб туриш мумкин.

3. Саёҳат ва кўнгилхушлик учун куфр шаҳарларига сафар қилиш.

Куфр шаҳарларига сафар қилиш – ҳаром. Фақат даволаниш, тижорат ва фойдали касб-ҳунар ўрганишдек зарурий ҳолатлар бундан мустасно. Зарурат битгач дарҳол мусулмонлар шаҳрига қайтиш вожиб.

Мўмин киши сафарда динини зоҳир қилиши, исломи билан азиз бўлиши, нопок жойлардан узоқ юриши ва душманларнинг ҳийлаларидан огоҳ туриши шарт. Албатта, Аллоҳ динига чақириш ва исломни ёйиш учун ҳам куфр шаҳарларига сафар қилиш мумкин.

4. Мусулмонлар зиёнига кофирларга ёрдам бериш, уларни мақташ ва ҳимоя қилиш.

Бу исломни бузадиган муртадлик сабабларидандир. Аллоҳ асрасин!

5. Кофирлардан ёрдам сўраш, уларга мусулмонлар тақдирига алоқадор бўлган мансабларни ишониб топшириш ва уларни сирдош қилиб олиш.

"Эй мўминлар, ўзларингдан бошқаларни (яъни, ғайридинларни) сирдош-дўст тутманглар! Улар сизларга зарар етказишда кучларини аямайдилар ва сизларнинг қийинчилик-машаққатларга тушишингизни орзу қиладилар. Уларнинг сизларни ёмон кўришлари оғизларидан ошкор бўлди. Дилларидаги адоватлари эса янада каттароқдир. Агар ақл юргизсангизлар сизлар учун оят-аломатларни аниқ равшан қилиб бердик. Ҳой (мўминлар), сизлар уларни яхши кўрасизлар-у, улар сизларни суймайдилар. Сизлар ҳамма китобларга иймон келтирасизлар-у (улар сизларнинг китобингизга иймон келтирмайдилар). Сизларга йўлиққанларида; "Иймон келтирдик", дейишади. Ўзлари холи қолишганда эса сизларни қаттиқ ёмон кўрганлари сабабли бармоқларини тишлайдилар. (Эй Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва саллам, уларга); "Шу адоватларинг билан ўлиб кетинглар!"- деб айтинг! Албатта Аллоҳ дилларни эгаллаган сирларни билгувчидир. Агар сизларга бирон яхшилик тегса, бу уларни ҳафа қилади. Агар сизларга ёмонлик етса, бундан улар хурсанд бўладилар".[11]

Бу ояти карима кофирларнинг сирларини, мусулмонларга нисбатан бўлган нафратларини ва мусулмонларнинг зарарига қилаётган макр - хиёнатларини очиб беради. Кофирлар мусулмонларга ҳар қандай йўл билан бўлсин, озор етказишга интиладилар. Мусулмонлар ишончига кириб олиб, уларга зарар етказиш режаларини тузадилар.

Абу Мусо Ашъарий разияллоҳу анҳу айтдилар: «Мен Умар разияллоҳу анҳуга:

- Мени насроний котибим бор, - деб айтдим. Умар разияллоҳу анҳу айтдилар:

- Сенга нима бўлди, Аллоҳ ҳалок қилгур, Аллоҳнинг: "Эй мўминлар, яҳудий ва насронийларни дўст тутмангиз! Уларнинг баъзилари баъзиларига дўстдирлар"- деган сўзини эшитмаганмисан?! Ишончли мўминни олсанг бўлмасмиди?

- Эй амирул-мўминин, ёзиши – менга, дини – ўзига.

- Мен уларни ҳурмат қилмайман ва эъзозламайман, чунки Аллоҳ уларни ҳор қилиб қўйган. Уларни яқинлаштирмайман, чунки Аллоҳ уларни узоқлаштириб қўйган".[12]

Пайғамбар саллаллоҳу алайҳи ва саллам Бадр ғазотига чиққанларида бир мушрик у кишига эргашди ва Ҳарро деган жойга етганда:

- Сиз билан бирга бориб, ўлжадан улуш олмоқчиман- деди.

- Аллоҳ ва расулига иймон келтирасанми?,- дедилар Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам.

- Йўқ- деб жавоб берди.

Шунда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам:

- Қайтиб кетавер, мушрикнинг ёрдами керакмас,- дедилар.[13]

Демак мўминларнинг ишларини кофирларга топшириб қўйиш ҳаром экан. Чунки кофирлар мўминларнинг аҳволлари ва сирларидан воқиф бўлиб, уларга зарар етказишга ҳаракат қиладилар.

Ҳозирги пайтда мусулмонларнинг шаҳарларига, ҳатто Макка ва Мадинага кофирларни олиб келиш кўпайди. Кофирлар ишчи, ҳайдовчи, хизматчи ва тарбиячи бўлиб ишлаяптилар. Натижада уларнинг оилалари мусулмонларнинг оилалари билан аралашиб кетяпти.

6. Йиллар, ойлар ва кунларни белгилашда кофирларнинг саналаридан фойдаланиш. (Милодий санага ўхшаш).

Милодий сана Масиҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг туғилган кунларини эслашдан иборат. Бу санани кофирлар ўзларича тўқиб олишган. Ушбу санани ишлатиш кофирларнинг шиор ва байрамларини тирилтиришга ёрдам беришдир.

Саҳобийлар Умар разияллоҳу анҳу даврларида мусулмонлар учун сана белгилаганларида кофирларнинг саналаридан юз ўгирдилар. Улар Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг ҳижратларини сана қилиб белгиладилар.

7. Ғайридинларнинг байрамларида иштирок этиш, ўтказишга ёрдам бериш ва байрам муносабати билан табриклаш.

"Улар (яъни Раҳмоннинг суюкли бандалари) ботил ва ҳаром ишларга қатнашмайдилар".[14]

Муфассирлар бу оятни; "Раҳмоннинг суюкли бандалари кофирларнинг байрамларига қатнашмайдилар"- деб тафсир қилдилар.

8. Ботил ақидалари ва бузуқ динларига қарамасдан кофирлар маданиятини мақташ, хулқлари ва маҳоратларини ёқтириш.

"Сиз кўзларингизни Биз (кофирлардан айрим) тоифаларини фитнага солиш учун баҳраманд қилган – ҳаёти дунё гўзалликларидан иборат нарсаларга тикманг! Парвардигорингизнинг ризқи яхшироқ ва боқийроқдир".[15]

Албатта, мусулмонлар саноат, мубоҳ бўлган иқтисодни тиклаш ва ҳарбий билимларни ўрганишга буюрилганлар. Бу ерда ғайридинларнинг куфр одатларини ёқтириш ва ботил ишларида уларга тақлид қилиш қораланган.

"(Эй мўминлар), улар учун имконингиз борича куч-қувват таёрлаб қўйингиз".[16]

Бу манфаатлар ва борлиқ сирларини кашф этиш аслида мусулмонлар учундир.

"Айтинг (эй Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва саллам): "Аллоҳ бандалари учун чиқарган безак (либосларни) ва ҳалол-пок ризқларни ким ҳаром қилди?!" Айтинг: "Улар (яъни, безак ва ҳалол ризқлар) хаёти дунёда иймон эгалари учун (бўлиб, кофирлар ҳам уларга шерик бўлур), Қиёмат кунида эса фақат (мўминларнинг) ўзларига хосдир".[17]

"У Ўз томонидан (яъни, Ўз хоҳиш-иродаси билан) сизларга осмонлардаги ва ердаги барча нарсаларни бўйсундирди".[18]

"У шундай зотки, сизлар учун ердаги барча нарсани яратди".[19]

Мусулмонлар барча фойдали соҳаларда илғор бўлишлари ва бу илмларда кофирларга қарам бўлмасликлари лозим.

9. Кофирларнинг исмларини олиш.

Баъзи бир мусулмонлар фарзандларига ажнабий исмларни кўядилар. Мусулмонларнинг исмлари уларга кифоя қилмасмикан?!

Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва саллам: "Исмларнинг яхшиси Абдуллоҳ ва Абдурраҳмондир"- дедилар.

10. Кофирларга истиғфор айтиш ва марҳамат кўрсатиш.

"На пайғамбар ва на мўминлар, — агар мушриклар қариндошлари бўлса ҳам — уларнинг дўзах эгалари эканликлари аниқ маълум бўлганидан кейин, у мушриклар учун мағфират сўрашлари жоиз эмасдир".[20]

Чунки бу уларни яхши кўриш ва қилаётган ишларини тўғри деб тан олиш демакдир.

[1] "Мумтаҳана"- 4.

[2] "Моида"- 51.

[3] "Мумтаҳана"- 1.

[4] "Тавба"- 23.

[5] "Мужодала"- 22.

[6] "Моида"- 55,56.

[7] "Фатҳ"- 29.

[8] "Ҳужурот"- 10.

[9] "Ҳашр"- 10.

[10] "Нисо"- 97-99.

[11] "Оли-Имрон"- 118,120.

[12] Имом Аҳмад ривояти.

[13] Имом Аҳмад ва Муслим ривояти.

[14] "Фурқон"- 72.

[15] "Тоҳа"- 131.

[16] "Анфол"- 60.

[17] "Аъроф"- 32.

[18] "Жосия"- 13.

[19] "Бақара"- 29.

[20] "Тавба"- 113.