Пайшанба 25 Апрель 2024 | 16 Шаввол 1445 Ҳижрий-қамарий

асосий қисм

  • lotinchaga
  • +
  • -
  • |

Исломда дўст ва душман тушунчаси (2)

3354 марта кўрилган

Мўминлар билан дўстлашиш кўринишлари

1. Куфр шаҳарларидан ислом юртларига ҳижрат қилмоқ

Ҳижрат деб — динини сақлаш мақсадида куфр диёридан ислом диёрига кўчишга айтилади. Шу мақсадда ҳижрат қилиш ҳар бир мусулмонга вожиб бўлиб, ушбу ҳукм то Қиёматга қадар боқийдир.

Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам мушриклар орасида яшайдиган мўминлардан пок-безор эканликларини эълон қилганлар. Шу боис, мусулмон кишига кофирлар ўлкасида яшаш ҳаром. Фақат ҳижратга қодир бўлмаган ёки Аллоҳ йўлига даъват қилиш, исломни ёйиш каби диний ишлар учун куфр диёрида истиқомат қилишга мажбур бўлган кишиларга ҳижрат қилмасликка рухсат этилади.

"Албатта (мусулмонлар билан бирга ҳижрат қилмасдан кофирлар қўл остида яшашга рози бўлиш билан) ўз жонларига жабр қилган кимсаларнинг жонларини олиш чоғида фаришталар уларга: "Қандай ҳолда яшадингиз?"- деганларида: "Биз бу ерда чорасиз бечора эдик", дедилар. (Шунда фаришталар): "Ҳижрат қилсангиз Аллоҳнинг ери кенг эмасмиди?! (Нега дину иймонларингиз йўлида бу юртдан ҳижрат қилмадинглар?)"- дейишди. Бундайларнинг жойлари жаҳаннамдир, қандай ёмон жойдир у! Фақат бирон чора топишга қодир бўлмай, (ҳижрат) йўлини истаб топа олмай чорасиз қолган кишилар, аёллар ва болалар борки, бундайларни шояд Аллоҳ авф этса. Зотан, Аллоҳ авф этгувчи, мағфират қилгувчи бўлган зотдир". (Нисо: 97-99)

2. Мусулмонларга зарур бўлган диний ва дунёвий ишларда жони, моли ва тили билан ёрдам бермоқ

"Мўмин ва мўминалар бир-бирларига дўстдирлар". (Тавба: 71)

"Агар улар дин йўлида сизлардан ёрдам сўрасалар, ёрдам қилиш зиммангиздадир. Магар уларга ўрталарингизда (урушмаслик ҳақида) аҳду-паймон бўлган қавмга зарар етказиш билан ёрдам қилмайсиз". (Анфол: 72)

3. Мусулмонларнинг қайғу-ғамларига шерик бўлиб, улар қувончидан қувонмоқ

Пайғамбар саллаллоҳу алайҳи ва саллам айтдилар: "Мусулмонлар бир-бирларига меҳр-муҳаббат ва раҳмдилликда бир танага ўхшайди. Агар танадаги бир аъзо касал бўлса, бошқа аъзолар иситма ва бедорлик билан унга шерик бўладилар".

"Мўмин мўмин учун бир-бирини мустаҳкамлаб турадиган бино кабидир". Пайғамбар саллаллоҳу алайҳи ва саллам бармоқларини бир-бирининг орасига киргизиб, бирлаштиб кўрсатдилар.

4. Мусулмонларга насиҳат. Яъни уларга холис бўлиш ва улар учун фақат яхшиликни раво кўрмоқлик

Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам айтдилар: "Ҳеч бирингиз то ўзи учун яхши кўрган нарсани биродари учун ҳам яхши кўрмагунича (комил) мўмин бўлолмайди".

"Мусулмон мусулмоннинг биродаридир. Уни ҳақорат қилмайди, ёрдамсиз қолдирмайди ва душман қўлига топшириб қўймайди. Мусулмон биродарини ҳақорат қилиш кишининг ёмон бўлиши учун кифоя қилади. Ҳар бир мусулмоннинг қони, моли ва обрўси бошқа мусулмонга ҳаромдир".

"Бир-бирингиздан дарғазаб бўлиб юрманглар, ўзаро адоват қилманглар, сотиб олиш ниятингиз бўлмаган нарсанинг баҳосини бекорга оширманглар ва бирортангиз бошқа биродарининг савдоси устига савдо қилмасин! Бир-бирларингизга худди ака-укадек бўлинглар!".

5. Мусулмонларни ҳурмат қилиш ва айбламаслик

"Эй мўминлар, (сизлардан бўлган) бир қавм (бошқа) бир (мўмин) қавм устидан масхара қилиб кулмасин – эҳтимол, (ўша масхара қилинган қавм) улардан яхшироқдир. Яна (сизлардан бўлган) аёллар ҳам (бошқа мўмина) аёллар устидан масхара қилиб (кулмасинлар) – эҳтимол, (ўша масхара қилинган аёллар) улардан яхшироқдир. Ўзларингизни (яьни бир-бирингизни) мазах қилманглар ва бир-бирингизга лақаблар тўқиб олманглар! Иймондан кейин фосиқлик билан номланиш (яъни мўмин кишининг юқорида ман қилинган фосиқона ишлар билан ном чиқариши) нақадар ёмондир. Ким тавба қилмаса, бас, ана ўшалар золим кимсалардир. Эй мўминлар, кўп гумон(лар)дан четланинглар! Чунки айрим гумон(лар) гуноҳдир! (Ўзгаларнинг айблари ортидан) жосуслик қилиб юрманглар ва айримларингиз айримларни ғийбат қилмасин! Сизлардан бирон киши ўзининг ўлган биродарининг гўштини ейишни яхши кўрурми?! Ваҳоланки буни ёмон кўрурсиз! (Бас гуноҳи бундан-да ортиқ бўлган ғийбатни ҳам ёмон кўрингиз!) Аллоҳдан қўрқингиз! Албатта Аллоҳ тавбаларни қабул қилгувчи, меҳрибон зотдир". (Ҳужурот: 11, 12)

6. Яхши-ёмон кунларда мўминлар билан бирга бўлмоқ

Мунофиқлар тинч-хотиржамлик пайтларида мўминлар билан бирга бўлиб, қийин кунлар келганда ўзларини олиб қочадилар.

"Улар (яъни мунофиқлар) сизларга кўз тикиб турадилар. Агар сизларга Аллоҳ томонидан фатҳу зафар бўлса (Ғазотдан ғалаба ва ўлжалар билан қайтсангизлар, сизларга): "Биз ҳам сизлар билан бирга эмасмидик?!", дейдилар. Агар (ғалаба) кофирларга насиб бўлса (уларга): "Биз сизларнинг устингизда туриб, сизларни мўминлардан ҳимоя қилган эмасмидик?", дейишади". (Нисо: 141)

7. Мусулмонларни зиёрат қилмоқ ва улар билан учрашиб туришни яхши кўрмоқ

Ҳадиси кудсийда Аллоҳ таоло: "Менинг йўлимда бир-бирини зиёрат қилувчиларга муҳаббатим вожиб бўлди",- дейди.

Бошқа бир ҳадисда: "Бир киши Аллоҳ йўлидаги биродарини зиёрат қилмоқчи эди. Аллоҳ унинг йўлига бир фариштани жўнатди. Фаришта ундан:

- Қаерга кетаяпсан?"- деб сўради.

- Аллоҳ йўлидаги биродаримни зиёрат қилмоқчиман",- деди у.

- Унда сенинг бирон ишинг борми?

- Йўқ, лекин мен уни Аллоҳ йўлида яхши кўрганман,- деди ҳалиги киши.

Шунда фаришта:

- Мен Аллоҳнинг элчисиман. Биродарингни яхши кўрганингдек Аллоҳ ҳам сени яхши кўрди",- деб айтди.

8. Мусулмонларнинг ҳақ-ҳуқуқларини ҳурмат қилмоқ

Мусулмон биродарининг савдоси устидан савдолашмайди ва совчиси устидан совчи қўймайди. Хуллас мубоҳ ишларда ундан олдинроқ ҳаракат қилган мўмин кишига эътироз билдирмайди, аралашмайди.

Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам айтдилар: "Огоҳ бўлинглар! Ҳеч ким биродарининг савдоси устидан савдо қилмасин, совчиси устидан совчи қўймасин". Бошқа бир ривоятда: "Нархи устига нархлашмасин"- дейилган.

9. Заифларга меҳрибон бўлмоқ

Пайғамбар саллаллоҳу алайҳи ва саллам айтдилар: "Катталаримизга ҳурмат кўрсатмаган, кичикларимизга меҳрибон бўлмаган киши биздан эмас".

"Сизларга заифларингиз туфайли ёрдам келади ва ризқланасизлар".

"Сиз ўзингизни эртаю-кеч Парвардигорининг юзини истаб, Унга илтижо қиладиган зотлар билан бирга тутинг! Кўзларингиз ҳаёти дунё зийнатларини кўзлаб, улардан ўтиб (ўзга аҳли дунёларга боқмасин)!". (Каҳф: 28)

10. Мусулмонлар ҳаққига дуо қилмоқ ва истиғфор айтмоқ

"(Эй Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва саллам), ўз гуноҳингиз учун ҳамда мўмин-мўминалар(нинг гуноҳлари) учун мағфират сўранг!". (Муҳаммад: 19)

"Парвардигоро, Ўзинг бизларни ва бизлардан илгари иймон билан ўтган зотларни мағфират қилгин". (Ҳашр: 10)

Танбеҳ

"Аллоҳ сизларни динларингиз тўғрисида сизлар билан уришмаган ва сизларни ўз диёрларингиздан ҳайдаб чиқармаган кимсалардан – уларга яхшилик қилишларингиздан ва уларга адолатли бўлишингиздан қайтармас. Албатта Аллоҳ адолат қилгувчиларни севар". (Мумтаҳана: 8)

Яъни: Мусулмонларга зарар етказмаган, улар билан уришмаган ва уларни ўз диёрларидан қувиб чиқармаган кофирларга дунёвий ишларда адолат ва яхшилик билан муомала қилинаверади. Лекин уларни яхши кўриб бўлмайди.

"Уларга яхшилик қилишингиздан ва уларга адолатли бўлишингиздан қайтармас".

Аллоҳ таоло "Дўст тутишингиз ва яхши кўришингиз мумкин", - демади.

"Агар улар (яъни, ота-онанг) сени ўзинг билмаган нарсаларни Менга шерик қилишга зўрласалар, у ҳолда уларга итоат этма! Уларга (гарчи кофир бўлсалар-да), дунёда яхши муомалада бўлгин ва ўзинг менга ижобат-тавба қилган кишиларнинг йўлига эргашгин!". (Лукмон: 15)

Асмо разияллоҳу анҳо мушрика онаси билан муомала қилиш хусусида Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламдан сўради. Набий саллаллоҳу алайҳи ва саллам унга ўртадаги алоқани тиклашни буюрдилар.

"Аллоҳга ва охират кунига иймон келтирадиган қавмнинг Аллоҳ ва Унинг пайғамбарига мухолифлик қилган кимсалар билан – гарчи улар ўзларининг оталари, ёки ўғиллари, ёки оға-инилари, ёки қариндош-уруғлари бўлсалар-да – дўстлашаётганларини топмассиз". (Мужодала: 22)

Силаи-раҳм ва чиройли муомала билан яхши кўриш айри нарса. Чунки силаи-раҳм ва чиройли муомала билан кофир исломга тарғиб қилинади. Кофирларни яхши кўриш ва уларни дўст тутиш эса улар қилаётган ишларга рози бўлишдир.

Бироқ кофирларни дўст тутишнинг ҳаромлиги улар билан тижорат қилмаслик, маҳсулот айирбошламаслик ёки уларнинг тажрибалари ва ихтироларидан фойдаланмаслик дегани эмас.

Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам Ибн Урайқит Ал-Лайсийни йўл кўрсатувчи қилиб олдилар. Ваҳоланки у кофир эди. Набий саллаллоҳу алайҳи ва саллам баъзи яҳудийлардан қарз ҳам олганлар.

Мусулмонлар кофирлар билан маҳсулот айирбошлар эдилар. Бу савдо-сотиқ бобидан. Бу кофирлар мусулмонлардан афзал дегани эмас. Бу кофирларни яхши кўриш ва улар билан дўстлашиш дегани эмас.

"Албатта, иймон келтирган, ҳижрат қилган ва молу жонлари билан Аллоҳ йўлида курашган зотлар ва (Маккадан ҳижрат қилиб келган муҳожирларга) уй-жой бериб, ёрдам қилган зотлар – ана ўшалар бир-бирларига дўстдирлар". (Анфол: 72)

"Кофир бўлган кимсалар бир-бирларига ҳамкордирлар. (Бас, эй мўминлар, сизлар уларни ўзингизга душман тутингиз). Агар шундай қилмасанглар (яъни, мўминга дўст, кофирга душман бўлмасанглар), ерда фитна ва катта фасод бўлур". (Анфол: 73)

Ҳофиз Ибн Касир ушбу оят тафсирида айтадилар: "Яъни, агар мушриклардан четланиб, мўминларни дўст тутмасанглар, инсонлар орасида фитна пайдо бўлади. Бу ишнинг чалкашиб кетиши ва мўминлар кофирлар билан аралашиб кетишидир. Натижада инсонлар орасида фасод-бузғунчиликлар тарқалади".

Ҳозирги замонда айнан шу нарса кенг ёйилган. Аллоҳул-Мустаъон Аллоҳ ёрдам сўралгувчи Зотдир.

Кимни қандай яхши кўрмоқ лозим?

1- қисм: Фақат ва фақат яхши кўриш лозим бўлган инсонлар.

Булар пайғамбарлар, сиддиқлар, шаҳидлар ва солиҳлардан иборат бўлган холис мўминлардир. Ушбу саф аввалида Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам турадилар. Мўмин одам Набий соллаллоҳу алайҳи ва салламни ўзи, фарзанди, ота-онаси ва ҳамма-ҳаммадан кўпроқ яхши кўриши вожиб.

Кейин мўминларнинг оналари бўлмиш Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг аёллари, аҳли байтлари, тўрт халифа, жаннат башорати берилган ўн саҳоба, муҳожирлар, ансорлар, Бадр ва Байъатур-ризвон қатнашчилари ва бошқа саҳобаларни яхши кўриш лозим. Улардан кейин тобеинлар, фазилатли асрларда яшаганлар, умматнинг салафлари ва имомларини (тўрт мазҳаб имомларига ўхшаш) яхши кўриш шу жумладандир.

"Улардан кейин (дунёга) келган зотлар айтурлар: "Парвардигоро, ўзинг бизларни ва бизлардан илгари иймон билан ўтган зотларни мағфират қилгин ва қалбларимизда иймон келтирган зотлар учун бирон ғилли-ғаш қилмагин. Парвардигоро, албатта Сен меҳрибон ва раҳмлидирсан". (Ҳашр: 10)

Саҳоба ва салафи солиҳинларни иймонли киши ёмон кўрмайди. Уларни рофизий ва хаворижлар каби адашган тоифалар, мунофиқ ва дин душманларигина ёмон кўрадилар.

Аллоҳдан офият сўраймиз.

2- қисм: Фақат ва фақат ёмон кўриш лозим бўлган инсонлар.

Булар кофир (насронийлар, яҳуд)лар, мушриклар, мунофиқлар, муртад ва даҳрийлардан иборат кофирлардир.

"Аллоҳга ва охират кунига иймон келтирадиган қавмнинг Аллоҳ ва Унинг пайғамбарига мухолифлик қилган кимсалар билан – гарчи улар ўзларининг оталари ёки ўғиллари ёки оға-инилари ёки қариндош уруғлари бўлсалар-да – дўстлашаётганларини топмассиз". (Мужодала: 22)

Аллоҳ таоло Бани Исроилни айблаб айтади:

"Улардан кўплари кофир бўлган кимсаларни дўст тутганларини кўрасиз. Уларга нафси ҳаволари нақадар ёмон нарсани – Аллоҳнинг ғазабини келтирди. Энди улар абадий азобда қолгувчидирлар. Агар Аллоҳга, пайғамбарга ва унга нозил қилинган китобга иймон келтирганларида эди, уларни – кофирларни дўст тутмаган бўлур эдилар. Лекин улар кўплари итоатсиз кимсалардир". (Моида: 80,81)

3- қисм: Бир жиҳатдан яхши кўриладиган, яна бир жиҳатдан ёмон кўриладиган инсонлар.

Булар гуноҳкор мўминлардир. Иймонлари туфайли яхши кўриладилар ва гуноҳлари туфайли ёмон кўриладилар.

Уларни яхши кўриш, насиҳат қилиш ва гуноҳлардан қайтариш лозим. Улар қилаётган гуноҳларга жим қараб турмаслик керак. Гуноҳларидан тийилиб, тавба қилишлари учун уларга амру маъруф ва наҳй мункар қилинади.

Гуноҳкор мўмин хаворижлар айтганларидек ўта ёмон ҳам, муржиалар айтганларидек ўта яхши ҳам кўрилмайди. Юқорида айтганимиздек, улар хусусида ўртача йўл тутилади. Бу аҳли сунна вал-жамоанинг мазҳабидир.

Аллоҳ йўлида яхши кўриб, Аллоҳ йўлида ёмон кўриш иймон арконларининг энг мустаҳкамидир. Ҳадисда келганидек, киши Қиёмат кунида яхши кўрган кишиси билан бирга бўлади.

Бугун кўпчилик дунё учун дўстлашиб, дунё учун адоватлашадиган бўлиб қолди. Мол-дунёлари кўп бўлган кишиларни - гарчи улар Аллоҳнинг, Унинг расулининг ва диннинг душманлари бўлсалар-да дўст тутдилар. Мол-дунёси бўлмаган кишиларни - гарчи улар Аллоҳ ва Расулининг дўсти бўлсалар-да ёмон кўрдилар. Арзимаган сабаб учун уларни таҳқирладилар.

Абдуллоҳ ибн Аббос айтдилар: "Кимки Аллоҳ йўлида яхши кўриб, Аллоҳ йўлида ёмон кўрса ва Аллоҳ йўлида дўстлашиб, Аллоҳ йўлида душман тутса, Аллоҳнинг дўстига айланади. Дарҳақиқат, инсонларнинг кўплари дунё устида биродарлашадиган бўлиб қолди. Бу биродарлик ҳеч қандай фойда келтирмас". (Ибн Жарир ривояти)

Абу Ҳурайра разияллоҳу анҳудан: Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам айтдилар: "Аллоҳ таоло айтади: -Ким Менинг валийим-дўстимга тажовуз қилса, унга қарши уруш эълон қиламан". (имом Бухорий ривояти)

Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам айтдилар: "Ҳозир бўлган киши ғойиб-йўқ одамга етказсин! Асҳобларим хусусида Аллоҳдан қўрқингиз! Мендан кейин уларни нишон қилиб олманглар. Ким уларни яхши кўрса, менга бўлган муҳаббати туфайли яхши кўрибди. Ким уларни ёмон кўрса, мени ёмон кўриши сабабли ёмон кўрибди. Ким уларга озор берса, менга озор берибди. Менга озор берган кимса эса Аллоҳга озор берган бўлади. Ким Аллоҳга озор берар экан, тезда Аллоҳ уни (азоб билан) ушлайди. Аллоҳ ушлаган кимса Ундан ҳаргиз қочиб қутила олмайди". (Термизий ривояти)

Баъзи адашган тоифалар (рофиза-шийалар)нинг наздида саҳобаларни ёмон кўриш, уларни сўкиш дин ва ақида бўлиб қолди.

Аллоҳдан унинг ғазаби ва аламли азобидан паноғ тилаймиз, гуноҳларимизни кечиришини ва офиятини сўраймиз. Пайғамбаримиз Муҳаммад, аҳли-оилаларига ва асҳобларига салоту-саломлар бўлсин!