Жума 3 Май 2024 | 24 Шаввол 1445 Ҳижрий-қамарий

асосий қисм

  • lotinchaga
  • +
  • -
  • |

13.2 Меҳмоннинг мезбон устидаги ҳақлари

2760 марта кўрилган

Меҳмон учун қийналиб юриб ўз имкониятида бўлмаган нарсани ҳозирлаш мезбоннинг вазифаси ҳисобланмайди, Ислом ўзни қийнаш ва такаллуфдан қайтарган

Шақиқдан ривоят қилинади: Мен бир шеригим билан Салмон розияллоҳу анҳу ҳузурига кирдик. У бизга нон ва туз келтирди, сўнг: «Агар Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам бизларни такаллуф (яъни ўзида йўқ нарсага уриниш)дан қайтармаганларида эди, сизлар учун такаллуф қилган бўлардим», деди. Шеригим: «Туз билан бирга заътар[1] ҳам бўлса эди», деган эди, у таҳорат идишини (обдастасини) баққолга гаровга бериб, заътар келтирди ва тузга қўшиб қўйди. Тановул қилиб бўлганимиздан сўнг шеригим: «Берган ризқига қаноатлантирган Аллоҳга ҳамд бўлсин», деган эди, Салмон розияллоҳу анҳу: «Агар берилган ризқингга қаноатлансанг эди, менинг обдастам баққол қўлида гаровда қолмас эди», деди (Ҳоким ва бошқалар ривояти, Ас-силсилатус-саҳиҳа: 2392).

Салмон розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтдилар: «Бирон киши меҳмони учун ўзининг қурби етмайдиган нарса билан такаллуф қилмасин!» (Ас-силсилатус-саҳиҳа: 2440).

Умму Ҳониъ бинт Аби Толиб розияллоҳу анҳодан ривоят қилинади: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам олдимга кириб: «Сизларда бирон нарса борми?», деб сўрадилар. Мен: «Йўқ, фақат қотган нон бўлаклари ва сирка бор», дедим. Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва саллам: «Келтиринг, сирка бор уй нонхўракдан (яъни нонга қўшиб ейиладиган нарсадан) холи эмас», дедилар (Саҳиҳ сунан ат-Термизий: 1502).

Оиша розияллоҳу анҳодан ривоят қилинади: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: «Сирка нақадар яхши нонхўрак!», дедилар (Муслим ривояти).

Жобир ибн Абдуллоҳ розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтдилар: «Бир кишилик таом икки кишига кифоя қилади, икки кишилик таом тўрт кишига кифоя қилади, тўрт кишилик таом саккиз кишига кифоя қилади» (Муслим ривояти).

Абдуллоҳ ибн Убайд ибн Амирадан ривоят қилинади: Жобир ибн Абдуллоҳ розияллоҳу анҳу ҳузурига Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг бир неча саҳобалари киришган эди, у уларга нон ва сирка келтириб: «Олинглар, енглар. Мен Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг: «Сирка нақадар яхши нонхўрак» деганларини эшитганман. Бир кишининг уйига биродарлари ташриф буюришса, уларга уйида бор нарсани тақдим қилишни ҳақир санаши унга ҳалокатдир, ўзларига тақдим қилинган нарсани ҳақир санашлари қавм учун ҳалокатдир» (Мунзирий «Тарғиб»да айтади: Аҳмад, Табароний, Абу Яъло ривоятлари, баъзи санадлари ҳасан).

Анас ибн Молик розияллоҳу анҳу бемор эканида кишилар уни кўргани киришди. Шунда у: «Ҳой жория, биродарларимизга ушатилган нон бўлса ҳам олиб кел, зеро мен Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг: «Улуғ хулқлар жаннат амалларидан» деганларини эшитганман», деди (Мунзирий «Тарғиб»да айтади: Табароний «Авсат»да яхши санад билан ривоят қилган).

Энг ёмон таом ва зиёфат – бойлар чақирилиб, камбағал-мискинлар киритилмайдиган зиёфатдир

Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтдилар: «Энг ёмон таом – камбағаллар четда қолиб фақатгина бойлар таклиф қилинган валимада берилган таомдир. Ким таклифни қабул қилмаса, Аллоҳ таолога ва Унинг расулига осий бўлибди» (Бухорий ривояти).

Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳу айтардилар: «Бойлар таклиф қилиниб, камбағаллар четда қоладиган валиманинг таоми нақадар ёмон таом!» (Муслим ривояти).

Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтдилар: «Келадиган одамларни ман қилиб, келишни хоҳламайдиган одамларни чақириладиган валиманинг таоми энг ёмон таомдир» (Муслим ривояти).

Таомлар ичида Аллоҳ таолога энг суюмлиси унга кўпчилик қўли тегадиган, кўплашиб, тарқоқ бўлмасдан ейилган таомдир

Жобир ибн Абдуллоҳ розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтдилар: «Таомларнинг Аллоҳга энг суюмлиси кўпчиликнинг қўли теккан таомдир» (Абу Яъло, Табароний ривояти, Саҳиҳут-тарғиб: 2133).

Ваҳший ибн Ҳарб отаси орқали бобосидан ривоят қилади: «Ё Расулуллоҳ, биз еймиз-у тўймаймиз», дейишган эди, у зот: «Таомингизни жамланиб тановул қиласизларми, алоҳида-алоҳида ейсизларми?», деб сўрадилар. «Алоҳида (ҳар ким ўз идишида) ейди», дейишди. «Овқат устида жамланинглар, Аллоҳнинг исмини зикр қилинглар, таомингизга барака киради», дедилар (Абу Довуд, Ибн Можа, Ибн Ҳиббон ривояти, (Саҳиҳут-тарғиб: 2128).

Ибн Умар розияллоҳу анҳумодан ривоят қилинади: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтдилар: «Биргалашиб енглар, бўлинманглар» (Табароний «Авсат»да ривоят қилган, Саҳиҳут-тарғиб: 2132).

Зиёрат ва меҳмондорчиликка оид риоя қилиниши керак бўлган умумий одоблар

Абдуллоҳ ибн Буср розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам бировнинг эшигига чақириб келсалар, эшик рўпарасида турмасдан, ўнгга ё чапга ўтиб турар эдилар. Изн берилса (кириб), бўлмаса қайтиб кетар эдилар[2] (Саҳиҳул-адабил-муфрад: 822).

Саҳл ибн Саъд розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: Бир киши Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг ҳужралари тирқишидан қаради. Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам қўлларида тароқ билан сочларини тараб турган эдилар. Ҳалиги кишига: «Агар қараётганингни билсам, шуни кўзингга тиқиб олган бўлардим. Ахир изн сўраш (кўз номаҳрамларга тушиб қолмаслиги) учун буюрилган», дедилар (Бухорий ривояти).

Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтдилар: «Агар биров сенинг уйинг ичига қараётган бўлса, тош билан уриб кўзини чиқариб қўйсанг, сенга гуноҳ бўлмайди» (Саҳиҳул-адабил-муфрад: 814).

Муслим ибн Нузайрдан ривоят қилинади: Бир киши Ҳузайфа розияллоҳу анҳунинг эшигини чақира туриб ичкарига қаради ва: «Кирсам майлими?», деди. Ҳузайфа: «Кетинг ҳали кирмаган бўлса ҳам кўзинг кириб бўлди», дедилар (Саҳиҳул-адабил-муфрад: 830).

Жобир розияллоҳу анҳу шундай дейди: Бир ҳожат билан Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам ҳузурларига бориб, эшикни тақиллатдим. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: «Ким у?», дедилар. «Мен», дедим. «Мен... Мен...» деб гўё ёқтирмагандай такрорладилар[3] (Саҳиҳул-адабил-муфрад: 828).

Ибн Аббос розияллоҳу анҳумодан ривоят қилинади: Умар розияллоҳу анҳу Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам уйларига киришга изн сўраб: «Ассаламу ала Расулиллаҳ, ассаламу алайкум, Умар кирса майлими?», деб сўрадилар. (Саҳиҳул-адабил-муфрад: 827).

Абу Мусо ал-Ашъарий розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтдилар: «Бировингиз киришга изн сўраб уч марта чақирса, изн берилмаса қайтиб кетсин» (Муттафақун алайҳ).

Имом Термизий ривоятида: «Изн сўраш уч мартадир, изн берилса берилди, бўлмаса қайтиб кетсин».[4]

Мусъаб ибн Шайба отасидан марфуъан ривоят қилган ҳадисда: «Бировингиз бир ўтиришга кириб келса, сурилиб жой берилса ўтирсин, бўлмаса қарасин, қаер бўш бўлса ўша ерга ўтирсин» (Ибн Асокир ва бошқалар ривояти, Ас-силсилатус-саҳиҳа: 1321).

Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинган марфуъ ҳадисда: «Бировингиз бир мажлисга кириб келса салом берсин, туриб кетмоқчи бўлса ҳам салом берсин. Биринчи салом кейингисидан лойиқроқ (яъни ортиқроқ) эмас» (Бухорий «Ал-адабул-муфрад»да, Абу Довуд, Термизий ривоятлари, Ас-силсилатус-саҳиҳа: 183).

Абу Масъуд ал-Ансорий розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: Ансорлардан бўлган Абу Шуайб номли кишининг қассоб ғуломи бор эди. Унга: «Беш кишилик таом ҳозирла, мен Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламни чақирмоқчиман», деди. Сўнг Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламни беш киши бўлиб келишга таклиф қилди. Шунда бир киши уларга эргашиб келди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: «Сиз бизни беш киши бўлиб келишга таклиф қилгандингиз, бу киши ҳам бирга келди. Истасангиз киришига изн беринг, истасангиз қолдиринг», дедилар. У: «Йўқ, изн бераман», деди[5] (Муттафақун алайҳ).

Ибн Умар розияллоҳу анҳумодан ривоят қилинади: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтдилар: «Бировингиз бир биродарининг зиёратига бориб, унинг ҳузурида ўтирса, ундан изн сўрамасдан туриб кетмасин» (Ас-силсилатус-саҳиҳа: 182).

Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинган ҳадисда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: «Биронтангиз ўтирган ўрнидан туриб, сўнг яна қайтиб келса, у ўша ерга ҳақлироқдир», дедилар (Муслим ривояти).

Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинган марфуъ ҳадисда: «Бир киши жойини бошқа бировга бўшатиб туриб кетмасин, балки орани очиб жой беринглар, Аллоҳ сизларга (жаннатидан) жой беради» (Аҳмад ривояти, Ас-силсилатус-саҳиҳа: 228).

Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтдилар: «Агар уч киши бирга бўлсалар, бирини қолдириб, иккитаси пичирлашиб гаплашмасин»[6] (Аҳмад ривояти, Ас-силсилатус-саҳиҳа: 1402).

Абдуллоҳ ибн Амр ибн Ос розияллоҳу анҳумодан ривоят қилинган марфуъ ҳадисда: «Бир киши иккита одам ўртасига уларнинг изнисиз ўтиришидан қайтардилар»[7] (Байҳақий «Сунан»да ва бошқалар ривояти, Ас-силсилатус-саҳиҳа: 2385).

Саҳл ибн Саъд розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтдилар: «Бирон киши мажлисда ота-бола ўртасига ўтирмасин»[8] (Табароний ривояти, Ас-силсилатус-саҳиҳа: 3556).

Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтдилар: «Сизлардан бирингиз мусулмон биродариникига кирса, унга таом келтирса есин ва у ҳақда сўрамасин. Ичимлик олиб келса ичсин ва у ҳақда сўрамасин» (Ҳоким, Аҳмад ривояти, Ас-силсилатус-саҳиҳа: 627).

Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам таомни ҳеч қачон айбламаганлар, ёқса ердилар, бўлмаса тарк қилардилар» (Муттафақун алайҳ).

Ибн Умар розияллоҳу анҳумодан ривоят қилинади: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтдилар: «Учта нарса қайтарилмайди: ёстиқ, хушбўйлик ва сут» (Термизий ва бошқалар ривояти, Ас-силсилатус-саҳиҳа: 619).

Жобир ибн Абдуллоҳ розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтдилар: «Идишнинг қопқоғини ёпиб қўйинглар, мешнинг оғзини боғлаб қўйинглар. Чунки ҳар йилда бир кеча борки, унда вабо тушади. Қопқоғи бўлмаган идиш ёки оғзи боғланмаган меш ёнидан ўтса, унга ўша вабодан тушади» (Муслим ривояти).

Убайдуллоҳ ибн Алий ибн Аби Рофиъ бувиси Салмо розияллоҳу анҳодан ривоят қилади: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам таомнинг ўртасидан олинишини ёқтирмасдилар»[9] (Табароний ривояти, Ас-силсилатус-саҳиҳа: 3125).

Ибн Аббос розияллоҳу анҳумодан ривоят қилинган марфуъ ҳадисда: «Барака товоқнинг ўртасидадир, унинг четларидан енглар, ўртасидан олиб еманглар» (Ас-силсилатус-саҳиҳа: 1587).

Умар ибн Аби Салама розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг қарамоқлари остидаги ёш бола эдим. Овқат еганда қўлим товоқ устида кезиб юрарди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам менга: «Эй болам, «Бисмиллаҳ» дегин, ўнг қўлинг билан егин ва ўз олдингдан егин», дедилар (Табароний ривояти, Ас-силсилатус-саҳиҳа: 344).

Абуд-Дардо розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтдилар: «Суяниб ўтирган ҳолда емагин» (Ибн Асокир «Тариху Димашқ»да келтирган, Ас-силсилатус-саҳиҳа: 3122).

Абдуллоҳ ибн Амр розияллоҳу анҳумодан ривоят қилинади: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам суяниб таом еганликлари ҳечам кўрилмаган, у кишининг ортидан икки киши юрмас эди[10]» (Абу Довуд, Аҳмад ривояти, Ас-силсилатус-саҳиҳа: 2104).

Ибн Умар розияллоҳу анҳумодан ривоят қилинади: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам икки хил таомланишдан: маст қилувчи ичимлик ичилаётган дастурхонда ўтиришдан ва киши қорнини босиб ётган ҳолда овқатланишидан қайтардилар» (Абу Довуд, Ҳоким, Ибн Можа ривоятлари, Ас-силсилатус-саҳиҳа: 2394).

Анас ибн Молик розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламга сув қўшилган сут келтирилди, ўнг ёнларида бир аъробий, чап ёнларида Абу Бакр розияллоҳу анҳу бор эдилар. У зот ўзлари ичдилар, сўнг аъробийга узатдилар ва: «Ўнг тарафдан бошлаб», – бир ривоятда: – «Ўнг томондагилар, ўнг томондагилар, ўнг томондан бошланглар!», дедилар (Муттафақун алайҳ).

Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтдилар: «Сизлардан бирингиз ўнг қўли билан есин, ўнг қўли билан ичсин, ўнг қўли билан олсин, ўнг қўли билан берсин. Зеро, шайтон чап қўли билан ейди, чап қўли билан ичади, чап қўли билан беради, чап қўли билан олади» (Ибн Можа ривояти, Ас-силсилатус-саҳиҳа: 1236).

Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтдилар: «Сизлардан бирингиз ичаётганида идишга нафас чиқармасин, идишни оғзидан узоқлатиб (нафас чиқарсин), кейин хоҳласа яна ичаверсин» (Ибн Можа, Ҳоким ривояти, Ас-силсилатус-саҳиҳа: 386).

Абул-Мусанно ал-Жуҳаний розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам ичимликка пуфлашдан қайтардилар. Бир киши: «Ё Расулуллоҳ, мен бир нафасда қонмайман», деган эди, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: «Қадаҳни оғзингдан узоқлат, сўнг нафас чиқар», дедилар. «(Сув) ичида чўп-гард кўрсам-чи?», деган эди «(чўп-гард тушиб кетадиган миқдордаги сувни) тўкиб юбор», дедилар (Молик, Термизий, Ибн Ҳиббон, Ҳоким ривоятлари, Ас-силсилатус-саҳиҳа: 385).

Анас ибн Молик розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам ичаётганларида уч бор тин олардилар ва: «Бу (яъни уч марта дам олиб ичиш) ёқимли, фойдали ва зарардан холидир», деганлар (Муслим ривояти).

Ибн Умар розияллоҳу анҳумодан ривоят қилинади: Бир киши Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам олдиларида кекирди. Шунда у зот дедилар: «Кекиришингни биздан нарироқ қил. Чунки Қиёмат куни энг узоқ оч қолиб кетадиган одам бу дунёда энг тўқ юрадиган одамдир» (Термизий, Ибн Можа ривоятлари, Ас-силсилатус-саҳиҳа: 343).

Анас розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламга қуртлаган хурмо олиб келинар, шунда (ейишдан аввал) текшириб, қуртини олиб ташлардилар» (Абу Довуд ва бошқалар ривояти, Ас-силсилатус-саҳиҳа: 2113).

Абдуллоҳ ибн Масъуд розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам дедилар: «Ким таомланиш олдидан Аллоҳнинг исмини (бисмиллаҳ) айтишни унутган бўлса, эсига тушган пайт: «Бисмиллаҳи фий аввалиҳи ва ахириҳи» (маъноси: Аввалида ҳам, охирида ҳам Бисмиллаҳ) десин» (Ибн Ҳиббон ва бошқалар ривояти, Ас-силсилатус-саҳиҳа: 198).

Анас ибн Молик розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтдилар: «Аллоҳ таоло бир луқма таом еб, бунинг учун Унга ҳамд айтадиган ёки бир қултум сув ичиб, бунинг учун Унга ҳамд айтадиган бандасидан албатта рози бўлади» (Муслим ривояти).

Абдурраҳмон ибн Жубайрдан ривоят қилинади: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламга саккиз йил хизмат қилган кишининг унга айтишича, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам олдиларига таом келтирилганда: «Бисмиллаҳ» дердилар, таомдан фориғ бўлгач: «Аллоҳумма атъамта ва асқойта ва ақнайта ва ҳадайта ва аҳяйта, фа лакал ҳамду ала ма аътойта» (Парвардигоро, едирдинг, ичирдинг, ноз-неъмат бердинг, ҳидоят қилдинг, ҳаёт бердинг, берган нарсаларинг учун Сенга ҳамд бўлсин), дердилар (Аҳмад ривояти, Ас-силсилатус-саҳиҳа: 71).

Абу Айюб ал-Ансорий розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам есалар ё ичсалар: «Алҳамду лиллаҳиллазий атъама ва сақо ва саввағоҳу ва жаъала лаҳу махрожа» (Едирган, ичирган, емак-ичмакни томоқдан енгил ўтадиган қилган ва унга чиқиш йўлини қилиб қўйган Аллоҳга ҳамд бўлсин), дердилар (Абу Довуд ва бошқалар ривояти, Ас-силсилатус-саҳиҳа: 2061).

Муоз ибн Анас ал-Жуҳаний розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтдилар: «Ким оқватлангач: «Алҳамду лиллаҳиллазий атъаманий ҳаза ва розақонийҳи мин ғойри ҳавлин минний ва ла қувваҳ» (Мен томондан ҳеч қандай куч-қувватсиз менга бу таомни едирган ва шу билан ризқлантирган Аллоҳга ҳамд бўлсин) деса, унинг ўтган гуноҳлари кечирилади» (Саҳиҳ сунан Ибн Можа: 2656).

Юқорида зикр қилганларимиз зиёрат ва зиёфатга оид риоя қилиниши керак бўлган умумий одоблардан баъзиларидир. Аллоҳ таолодан бизларни ислом одоби билан одоблантиришини, ахлоқимизни саховат, карам ва тавозеъ билан безашини, қўрқоқлик ва бахилликдан ўзи бизларга паноҳ беришини сўраймиз. У Эшитувчи, Яқин ва Ижобат қилувчи Зотдир.

Аллоҳ таоло пайғамбаримизга, у зотнинг аҳли ва асҳобига салавоту саломлар йўлласин.

[1] Заътар – хушбўй ва ширин таъмли ўсимлик, тошчўп.

[2] Чунки эшикнинг рўпарасида туриш рухсатсиз уй ичига ва ичкаридагиларга кўз тушишига сабаб бўлади. Шунинг учун ўнг ё чапга ўтиб туриш суннат ва бу кўпчилик эътиборсиз қарайдиган пайғамбарона одобдир. Шуни ҳам айтиш керакки, биродарининг изнисиз унинг уйи ва хоналарига кўз югуртириш унга нисбатан хиёнат саналади.

[3] Киши бировнинг уйини чақириб борганида «Мен» демасдан, ўз исмини айтиши суннатдир, бу одобга ҳам кўпчилик амал қилмайди.

[4] Телефон қўнғироғи ҳам худди шунга ўхшаш, қўнғироқ чалиш вақти ва миқдори эшик қоқиш вақти ва миқдоридан – уч мартадан ортмаслиги лозим. Шу муддат ичида телефон гўшагини кўтарса яхши, бўлмаса сиз ҳам гўшакни қўйиб қўйинг. Айрим одамлар бўладики, бир вақтнинг ўзида ўнлаб марта телефон қилади, ҳар сафар телефон қўнғироғи ўн марталаб чақиради. Бу, шубҳасиз, юқоридаги ҳадисда айтиб ўтилган одобга хилоф ишдир.

[5] Бу ҳам ҳозирги замонда кам эътибор бериладиган одоблардан. Кўп ҳолатлар бўладики, бир ёки бир неча саноқли киши таом ёки зиёфатга чақирилса, хонадон соҳибининг изнисиз ҳар ким ўзининг таниш ва яқинларини етаклаб келади ва натижада ҳаражлик ва етишмаслик ҳосил бўлади.

[6] Чунки учинчи одамнинг кўнглига “улар мен ҳақимда гапиришяпти шекилли” деган гумон келиши мумкин.

[7] Бу учдан ортиқ киши йиғилган мажлисга тегишлидир. Ушбу қайтариқнинг сабаби – эҳтимол бу икки кишининг ўзларига хос гаплари бўлиб, бошқаларнинг эшитишини ва аралашишини исташмас. Бу – шариат муҳофаза қилган шахсий ҳуқуқлар жумласига киради.

[8] Ўтиришларда ота-боланинг ўртасига ўтиришдан қайтаришдаги ҳикмат шу бўлса керакки, ота кўп ишларда фарзандининг ёрдамига муҳтож бўлади, улар ўртасига бошқа бировнинг ўтириши ота эҳтиёжини фарзандига осонлик билан етказишига тўсиқ бўлиши мумкин. Шунингдек, ёнида фарзанди бўлиши ота учун ёқимли ва кўнглига мос иш бўлади.

[9] Суннат – таомни бир чеккадан ёки ўз олдидан олиб ейишдир.

[10] Яъни, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам биров у кишининг ортида юришини ёқтирмас, балки ўнг ва чап ёнларида юришини истардилар. Бу у зотнинг мўминларга нисбатан камоли тавозеълари туфайли эди.