Шанба 20 Апрель 2024 | 11 Шаввол 1445 Ҳижрий-қамарий

асосий қисм

  • lotinchaga
  • +
  • -
  • |

14. Жоннинг ўз эгаси устидаги ҳақлари

3534 марта кўрилган

Инсон Аллоҳ таолонинг махлуқи ва мулкидир. Шундай экан, у ўз жонида тасарруф қилишда фақат Яратувчиси ва Хожасининг истак-иродаси ва изнига мувофиқ ҳаракат қилиши, Аллоҳ таоло буюрган ўринларга жонини фидо ва қурбон қилишга, Аллоҳ таоло тийилишга буюрган ўринларда ўзини тийишга тайёр бўлиши лозим. Банда ўз жисмини риоя ва муҳофаза қилишга маъмур, қиёмат куни Яратувчиси ҳузурида жони ва жисмини нима ишларда қаритгани, улар билан Аллоҳ таолодан тақво қилганми, йўқми эканидан масъулдир.

Аллоҳ таоло айтади:

«Ўзингизни ўлдирмангиз! Албатта Аллоҳ сизларга меҳрибон бўлган зотдир» (Нисо: 29).

«У бу динда сизларга бирон хараж-танглик қилмади» (Ҳаж: 78).

«Аллоҳ сизларга енгилликни истайди, сизларга оғир бўлишини истамайди» (Бақара: 185).

«Аллоҳ ҳеч бир жонни тоқатидан ташқари нарсага таклиф қилмайди. (Ҳар кимнинг) қилган (яхши) амали ўзи учундир ва (ёмон) амали ҳам ўзининг бўйнигадир» (Бақара: 286).

«Ва ўзингизни ҳалокатга ташламанг!»[1] (Бақара: 195).

«Ҳар бир жон ўзи (ҳаёти-дунёда) касб қилган амали сабабли (дўзахда) ушлангувчидир»[2] (Муддассир: 38).

«(Аммо то Менинг фармоним бўлмагунча) уларни тўхтатиб (дўзахга ташламай) туринглар! Чунки улар (аввал ҳаёти дунёда қилиб ўтган куфру исёнлари тўғрисида) сўралгувчидирлар» (Вас-соффат: 24).

Абу Барза ал-Асламий розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам дедилар: «Қиёмат куни банда умрини қаерда ўтказгани ҳақида, илмини нимага ишлатгани ҳақида, молини қаердан топиб, қаерга сарф қилгани тўғрисида ва жисмини қайси ишларда қаритгани ҳақида сўралмагунча унинг қадами силжимайди» (Термизий ривояти, Саҳиҳут-тарғиб: 122).

Муоз ибн Жабал розияллоҳу анҳу ривоятида: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтдилар: «Қиёмат куни банда тўртта нарсадан: умрини нималарга сарфлагани ҳақида, ёшлигини нима ишлар устида ўтказгани ҳақида, молини қаердан топиб, қаерга сарф қилгани тўғрисида, илмини нимага ишлатгани ҳақида сўралмагунча унинг қадами силжимайди»[3] (Мунзирий айтади: Баззор ва Табароний саҳиҳ иснод билан ривоят қилган, Саҳиҳут-тарғиб: 3593).

Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинган марфуъ ҳадисда: «Банда қиёмат куни энг биринчи ҳисоб қилинадиган нарса – унга: «Жисмингни саломат қилмадимми, сени муздек сувларга қондирмадимми?!» деб айтилиши бўлади» (Термизий, Ибн Ҳиббон, Ҳоким ривоятлари, Ас-силсилатус-саҳиҳа: 539).

Инсон ўзини ўзи ўлдириши ҳаромлиги ҳақида

Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтдилар: «Ким тиғ билан ўзини ўлдирса, қўлида тиғ билан уни қорнига урганича жаҳаннам ўтида абадий қолади. Ким заҳар ичиб ўзини ўлдирган бўлса, жаҳаннам ўтида уни ичганича абадий қолади. Ким ўзини тоғдан ташлаб ўлдирган бўлса, жаҳаннам ўтида думалаган ҳолида абадий қолади»[4] (Муслим ривояти).

Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтдилар: «Ўзига тиғ урган киши дўзахда ҳам ўзига тиғ уради, ўзини (ўтга) ташлаган одам дўзахга ўзини ташлайди, ўзини бўғган одам дўзахда ҳам ўзини бўғади» (Аҳмад ривояти, Ас-силсилатус-саҳиҳа: 3421).

Собит ибн Даҳҳок розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтдилар: «Ким дунёда ўзини бир нарса билан ўлдирса, қиёмат куни ўша билан азоб берилади» (Муслим ривояти).

Жундаб ибн Абдуллоҳ розияллоҳу анҳудан марфуъан ривоят қилинади: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтдилар: «Сизлардан илгари ўтган кишилардан бири жароҳатланди ва оғриғига чидаёлмай, пичоқни олиб, у билан қўлини кесиб ташлади, сўнг қон тўхтамасдан вафот этди. Шунда Аллоҳ таоло: «Бандам Менга жонини (топширишда) шошилди, Мен унга жаннатни ҳаром қилдим», деди» (Табароний ривояти, Ас-силсилатус-саҳиҳа: 462).

Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам билан бирга Ҳунайн жангида ҳозир бўлдик. У зот мусулмон аталган кишилардан бирини: «Бу дўзах аҳлидан», дедилар. Урушга кирган пайтимизда ҳалиги киши қаттиқ жанг қилиб, жароҳатланди. Шунда: «Ё Расулуллоҳ, сиз дўзах аҳлидан деган киши бугун қаттиқ жанг қилиб вафот этди», дейилди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: «У дўзахга (равона бўлади)», дедилар. Шунда мусулмонлардан баъзилари ишонқирамагандек бўлишди. Шу аҳволда туришган пайтларида: «У ўлмаган экан, қаттиқ жароҳатланибди» деган хабар келди. Ҳалиги одам тунга бориб, жароҳатига чидаёлмасдан ўзини ўзи ўлдирди. Бу ҳақда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламга айтилган эди, у зот: «Аллоҳу акбар, гувоҳлик бераманки, мен Аллоҳнинг бандаси ва элчисиман», дедилар. Сўнгра Билолга буюрдилар, у одамлар ичида: «Жаннатга фақат мусулмон киши киради, Аллоҳ таоло бу динни фожир одам билан ҳам қувватлайди» деб нидо қилди[5] (Муслим ривояти).

Саҳл ибн Аби Ҳасма розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг минбарда туриб шундай деганларини эшитганман: «Еттита катта гуноҳлардан сақланингиз: Аллоҳга ширк келтириш, одам ўлдириш, жангдан майдонидан қочиш, етимнинг молини ейиш, судхўрлик, покиза аёлни бузуқлик билан туҳматлаш, ҳижратдан кейин бадавий бўлиб кетиш»[6] (Табароний ривояти, Ас-силсилатус-саҳиҳа: 2244).

Абу Имрон ал-Жавнийдан ривоят қилинади: Менга Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг асҳобларидан бирининг айтишича, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтган эканлар: «Ким тўсиғи бўлмаган том устида ётса ва тушиб кетиб ўлса, ундан зимма хориждир. Ким тўлқин пайтида денгизга (яъни, кемага) минса ва ҳалок бўлса, ундан зимма хориждир»[7] (Аҳмад ривояти, Ас-силсилатус-саҳиҳа: 828).

Жонни қийнамасдан ўртача тоат-ибодат қилиш, нафснинг ўз соҳиби устидаги ҳаққига риоя қилиш

Абу Жуҳайфа Ваҳб ибн Абдуллоҳ розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам Салмон розияллоҳу анҳу билан Абу Дардо розияллоҳу анҳуни биродар тутинтириб қўйдилар. Салмон розияллоҳу анҳу бир куни Абу Дардони кўргани келганида Умму Дардо розияллоҳу анҳони эскирган кийимда (яъни, ўзига беэътибор ҳолда) кўрди. Салмон розияллоҳу анҳу бунинг сабабини сўраган эди, Умму Дардо розияллоҳу анҳо: «Биродарингиз Абу Дардонинг дунёдан бирор нарсага ҳожати йўқ», деди. Кейин Абу Дардо розияллоҳу анҳу келиб биродари билан кўришди ва унга таом тайёрлади ва: сиз енг, мен рўза тутганман. Салмон розияллоҳу анҳу: «Сиз емагунингизча мен ҳам емайман», деди. Кейин Абу Дардо ҳам таом еди. Салмон розияллоҳу анҳу шу ерда тунаб қолди. Абу Дардо кечаси намозга турганида Салмон розияллоҳу анҳу уни тўхтатди ва: «Ухланг», деди. Кейин яна турмоқчи бўлганида яна: «Ухланг», деди. Кечанинг охирги қисми бўлгач: «Энди туринг», деди ва бирга намоз ўқидилар. Сўнг Салмон унга: «Эй Абу Дардо, сизда Роббингизнинг ҳаққи бор, сизда ўз танангизнинг (жонингизнинг) ҳаққи бор ва сизда аёлингизнинг ҳам ҳаққи бор. Барча ҳақдорга ўз ҳаққини адо қилинг», деди. Абу Дардо розияллоҳу анҳу Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам ҳузурларига бориб, бу ҳақда айтганида Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: «Салмон тўғри айтибди», дедилар» (Бухорий, Термизий ривоятлари).

Анас розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: Уч киши Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг хонадонига келиб, пайғамбаримизнинг ибодатлари ҳақида сўрадилар. Уларга Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг ибодатларини айтиб берилганида, гўёки улар зикр қилинган амалларни кам санагандек бўлдилар ва: «Биз қаерда-ю, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам қаердалар? У зотнинг аввалги-ю, охирги гуноҳлари кечирилган бўлса?» дедилар. Уларнинг бири: «Мен тоабад тунларни намоз билан ўтказаман», деди. Иккинчиси: «Мен умрбод кундузлари рўзадор бўлиб, оғзимни очмайман», деди. Учинчиси эса: «Мен аёллардан узлат қиламан ва ҳеч ҳам уйланмайман», деди. (Бу гаплардан хабар топгач) Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам уларнинг олдиларига келдилар ва: «Шундай-шундай гапларни айтганлар сизларми?! Аллоҳ номига қасам ичиб айтаманки, албатта мен сизлардан кўра Аллоҳдан қўрқувчироқ ва тақволироғингизман! Лекин, мен рўза ҳам тутаман, оғзим очиқ ҳам бўлади. Намоз ҳам ўқийман, ухлайман ҳам ва аёлларга уйланаман. Бас, ким менинг суннатимдан юз ўгирса, у Мендан эмас», дедилар (Муттафақун алайҳ).

Анас ибн Молик розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам масжидга кириб, икки устун орасига тортилган арқонни кўрдилар ва: «Бу қандай арқон?» деб сўрадилар. «Бу Зайнабнинг арқони, толиқиб қолганида шунга осилиб олади», дейишди. Шунда Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам: «Уни ечиб ташланглар. Сизлардан бирингиз тетик ҳолида намоз ўқисин. Толиқса, ухлаб олсин», дедилар (Муттафақун алайҳ).

Оиша розияллоҳу анҳодан ривоят қилинади: Росулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам дедилар: «Бирортангиз намоз ўқиётганида мудраб қолса ухлаб олсин, токи ундан уйқу кетсин. Чунки, бировингиз мудраган ҳолда намоз ўқиса билмайдики, эҳтимол истиғфор айтаман деб ўзини сўкаётгандир» (Муттафақун алайҳ).

Абдуллоҳ ибн Амр розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламга менинг: «Аллоҳга қасамки, умрбод кундузлари рўза тутиб, кечалари намозда қоим бўламан» деганим хабари етибди. Шунда у зот: «Сиз шундай дедингизми?» деб сўрадилар. «Шундай дедим, ота-онам сизга фидо бўлсин, ё Расулуллоҳ», дедим. «Сиз бунга қодир бўлмайсиз. Рўза ҳам тутинг, оғзингиз очиқ ҳам бўлсин. Ухланг ҳам, намозда қоим ҳам бўлинг. Ҳар ойдан уч кун рўза тутинг, зеро бир яхшилик ўн баробар миқдорида (ёзилади), бу умрбод рўза тутгандекдир», дедилар (Муттафақун алайҳ).

Ҳамза ибн Амр розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: У Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламдан сафарда рўза тутиш ҳақида сўраган эди, у зот: «Қай бири (яъни, сафарда рамазон рўзасини тутиш ё тутмаслик) ўзингиз учун енгил бўлса, шуни қилинг», дедилар (Таммом «Фавоид»да келтирган, Ас-силсилатус-саҳиҳа: 2884).

Оиша розияллоҳу анҳодан ривоят қилинади: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам қачон икки иш ўртасини танлашга ихтиёрли бўлсалар, модомики гуноҳ бўлмаса енгилроғини олардилар. Агар гуноҳ бўлса, ундан энг узоқ одам бўлардилар. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам ўзлари учун ўч олмаганлар, фақат Аллоҳнинг ҳаром қилган ишлари қилиб қўйилса, Аллоҳ учун ўч олардилар» (Муттафақун алайҳ).

Оиша розияллоҳу анҳодан ривоят қилинади: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам Аллоҳ йўлидаги жиҳоддан бошқа пайт қўллари билан бирон нарсани – на бир хизматкорни ва на бир аёлни урмаганлар. Иккита иш ўртасини танлашга ихтиёрли бўлсалар, токи гуноҳ бўлмаса уларнинг енгилроғи у зот учун суюмлироқ бўларди. Агар гуноҳ бўлса, у зот гуноҳдан энг узоқ одам эдилар» (Аҳмад ривояти, Ас-силсилатус-саҳиҳа: 507).

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг котибларидан бири бўлмиш Ҳанзала ал-Усайдий розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: Абу Бакр розияллоҳу анҳу мен билан кўришиб: «Қалайсиз, эй Ҳанзала?» деган эди, мен: «Ҳанзала мунофиқ бўлиб қолди», дедим. Абу Бакр: «Субҳаналлоҳ, нима деяпсиз?!», деди. Мен айтдим: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг ҳузурларида бўлганимизда у зот бизга дўзах ва жаннатни эслатиб, гўё кўз олдимизга олиб келиб қўядилар. Ҳузурларидан чиққач, бола-чақа ва тирикчилигимиз билан овора бўлиб, кўп нарсани унутамиз», дедим. Абу Бакр: «Аллоҳга қасамки, биз ҳам худди шундай ҳолатга тушамиз», деди. Сўнг Абу Бакр билан бирга Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам хузурларига бордик. Мен: «Ё Расулуллоҳ, Ҳанзала мунофиқ бўлиб қолди», дедим. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: «Нима бўлди?», деб сўрадилар. Мен дедим: «Ё Расулуллоҳ, сизнинг ҳузурингизда бўлганимизда бизга дўзах ва жаннатни эслатиб, гўё кўз олдимизга олиб келиб қўясиз. Ҳузурингиздан чиққач, бола-чақа ва тирикчилигимиз билан овора бўлиб, кўп нарсани унутамиз». Шунда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: «Жоним Қўлида бўлган Зотга қасамки, агар доим менинг ҳузуримдаги ҳолатларингизда бўлганингизда эди, фаришталар ётадиган ўринларингизда ҳам, юрган йўлларингизда ҳам сизлар билан қўл бериб кўришадиган бўлиб қолар эди. Лекин, эй Ҳанзала, (инсон) гоҳ ундоқ, гоҳ бундоқ бўлиб туради», дедилар уч бор (Муслим, Термизий, Ибн Можа, Аҳмад ривоятлари, Ас-силсилатус-саҳиҳа: 1948).

[1] Оятда айтилган ҳалокат дунё ва охиратда нафснинг ҳалокатига сабаб бўладиган ҳар бир нарсани ўз ичига олади. Бу эса нафсга ман қилинган ишларни қилишга имкон бериш ва дунё-ю охиратда унинг салоҳияти ва саломатлиги бўлган тоат-ибодатларни қилишдан узоқлатиш билан бўлади. Гуноҳ ва маъсият йўлларига –уларнинг турлари ва номлари қандай бўлишидан қатъий назар – юрган ва Аллоҳ ва Расулининг итоатидан узоқлашган ҳар бир кишига ушбу ояти карима маъноси татбиқ қилинади ва унга: «Ўзингни ҳалокатга ташлама», дейилади. Ояти карима маъсиятнинг барча турларини: зоҳирини ҳам, ботинини ҳам, каттасини ҳам, кичигини ҳам ўз ичига олади. Чунки ҳар қандай маъсиятнинг – тури ва миқдорига қараб – нафснинг дунё ва охиратдаги ҳалокатига ўз таъсири бўлади.

[2] Яъни, ҳар бир жон эгаси ўзи қилган ёмонлик ва гуноҳлар сабабли ушлаб турилади, улар ҳақида ҳисоб беради ва масъул бўлади. Демак, ҳеч бир киши: «Бу менинг жоним, у билан ўзим истаган ишни қиламан» дейишга ҳақли эмас.

[3] Ҳадисдан маълум бўладики, киши қиёмат куни ўзининг жаннатга ё дўзахга равона бўлишини билмасдан туриб, ёшлигини тоатда ва Аллоҳни рози қиладиган ишларда ўтказдими ё эса маъсиятда ва Роббини ғазаблантирадиган ишларда ўтказдими, жисмини маъсият ва ёмон ишларга банди қилиб, шу сабабли уни ҳалокатга дучор қилдими, ё эса тоат-ибодат ва яхши одатларда ўтказдими, мана шу тўғрида сўроққа тутилади.. Киши ўз жони хусусида – худосиз демократлар ва илмоний либераллар эътиқод қилганидек – Аллоҳ таолонинг изнисиз ўзи истаган нарсасини қилишга ихтиёрли ва ҳур эмасдир.

[4] Жаҳаннамда абадий қолиши куфр ва ширк билан ўлган кишининг абадий қолишидек деб тушунилмайди. Балки, узундан-узоқ азобга дучор бўлиш, гуноҳнинг нақадар катталигининг баёни ва уни қилишдан қўрқитиш тушунилади. Чунки қибла аҳлидан бўлган ўзини ўлдирган кишини кофир бўлмаслиги ҳақида бошқа далиллар мавжуд, валлоҳу аълам.

[5] Ҳадисдан маълум бўладики, у ҳақда очиқ-равшан нас (оят-ҳадисдан далил) келмаган бирон муайян киши ҳақида гарчи зоҳирда жиҳод қилган бўлса ҳам, шаҳид деб айтилмайди ва уни аниқ жаннат аҳлидан деб гувоҳлик берилмайди, Аллоҳ таоло Ўзининг йўлида жароҳат олган ва ўлдирилган кишини Ўзи яхшироқ билувчидир.

[6] Одам ўлдириш дегани бировни ноҳақ ўлдиришни ҳам, ўзини ўзи ўлдиришни ҳам ўз ичига олади. Ҳижратдан сўнг бадавий бўлиб кетиш дегани Аллоҳ ва расулига ҳижрат қилганидан кейин муртад бўлиб, саҳро ҳаётига қайтиб кетишдир.

[7] Бундай қилган кишидан зимма (аҳд, кафолат) покдир. Чунки бундай қилиш ақлсизлик ва ўз саломатлигига бепарво қарашдир, бу эса жоиз эмас. Ҳадисдаги “тўсиғи бўлмаган том”дан мақсад, текис сатҳли томдир. Унинг чеккасида тўсиғи бўлмаса, ухлаб ётган одам уйқусида қимирлаб, у ёқ бу ёққа ағдарилганда пастга қулаб кетиши мумкин.