Жума 3 Май 2024 | 24 Шаввол 1445 Ҳижрий-қамарий

асосий қисм

  • lotinchaga
  • +
  • -
  • |

12.3 Олимнинг ҳақлари ва мажбуриятлари

4346 марта кўрилган

Олимлар одамларга дин ишларини ўргатишда аввал энг муҳим ишларга эътибор қаратишлари, биринчи бўлиб энг муҳим ва энг мўътабар илм саналмиш тавҳид илмига аҳамият беришлари лозим. Зеро тавҳид пойдевор, усиз бино қарор топмайди ва бирон амал мақбул бўлмайди. Шу боис Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам одамлардан то улар тавҳидга ижобат қилмагунларича бирор амални қабул қилмас эдилар.

Ибн Аббос розияллоҳу анҳумодан ривоят қилинади: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам Муозни Яманга жўнатаётганларида айтдилар: «Сиз аҳли китоб бўлган қавм олдига бормоқдасиз. Уларни энг биринчи Аллоҳнинг Ўзига ибодат қилишга чақиринг. Аллоҳни таниганларидан сўнг уларга Аллоҳ бир кеча-кундузда беш вақт намозни фарз қилганини айтинг. Уни (қабул) қилишгач, Аллоҳ уларга молларидан олиниб, камбағалларига қайтариладиган закотни фарз қилганини айтинг. Агар бунга итоат қилсалар, улардан (закотларини) олинг, бироқ энг яхши ва нафис молларини олишдан сақланинг» (Муттафақун алайҳ).

Жундаб ибн Абдуллоҳ розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Биз Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва саллам билан бирга бўлганмиз, ёш йигитлар эдик. Қуръон ўрганишдан олдин иймонни ўргандик, сўнгра Қуръон ўргандик ва у билан иймонимиз зиёда бўлди»[1] (Саҳиҳ сунан Ибн Можа: 170).

Одамларни малоллантириб қўймаслик учун ваъз-насиҳатда уларни риоя қилиш, ваъз ва таблиғ учун муносиб вақт ва ўринни танлай билиш лозим

Шақиқдан ривоят қилинади: Абдуллоҳ ибн Масъуд розияллоҳу анҳу ҳар пайшанба куни одамларга ваъз-насиҳат қиларди. Бир киши: «Эй Абу Абдурраҳмон, бизга ҳар куни ваъз-насиҳат қилиб турсангиз яхши бўларди», деди. У деди: «Мени бундан тўсадиган нарса шуки, сизларга малол келиб қолишини истамайман. Мен сизларга худди Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам бизларни малоллантирмаслик учун риоя қилиб ваъз қилганларидек риоя билан (оралатиб) ваъз қиламан»[2] (Бухорий ривояти).

Икримадан ривоят қилинади: Ибн Аббос розияллоҳу анҳумо деди: «Одамларга ҳафтада бир марта (оят-ҳадис) айтиб бер, бунга кўнмасанг икки марта, жуда кўпайтириб юборсанг уч марта сўзла, одамларга Қуръонни малолли қилиб қўйма. Ҳаргиз одамлар гаплашиб ўтирган жойга бориб, уларнинг сўзларини кесиб қўйиб гапирмагин, уларни малоллантириб қўясан. Жимгина ўтиргин, ўзлари таклиф қилсалар, эшитишни истасалар гапир. Қофияли сўзларни териб дуолар қилишдан узоқ бўл, чунки Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам ва асҳоблари ундай қилмасдилар» (Бухорий ривояти).

Олим киши фатво бераётган ва даъват қилаётган пайтида одамларнинг ақлларини, табиатларини, савияларини риоя қилиши, уларга яхши сўзлар айтиши ва нафратлантириб қўймаслиги, динда ғулув кетишдан ва уни оғир-қийин қилиб кўрсатишдан сақланиши, имкон қадар динни осон-қулай қилиб кўрсатиши лозим

Аллоҳ таоло айтади: «(Эй Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва саллам), Аллоҳ томонидан бўлган бир марҳамат сабабли уларга (саҳобаларингизга) юмшоқ сўзли бўлдингиз. Агар қўпол, қаттиқ дил бўлганингизда эди, албатта атрофингиздан тарқалиб кетган бўлар эдилар» (Оли Имрон: 159).

Абу Мусо розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтдилар: «Одамларни даъват қилинглар, хушхабар беринглар, нафратлантирманглар, осон-қулай қилинглар, қийинлаштирманглар!» (Муслим ривояти).

Ибн Аббос розияллоҳу анҳумодан ривоят қилинади: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтдилар: «Таълим беринглар, осон-қулай қилиб беринглар, қийинлаштирманглар, хушхабар беринглар, нафратлантирманглар, бирортангиз ғазабланса сукут қилсин!» (Аҳмад ривояти, Саҳиҳул-жомиъ: 4027).

Оиша розияллоҳу анҳодан ривоят қилинади: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам қачон икки иш ўртасини танлашга ихтиёрли бўлсалар, модомики гуноҳ бўлмаса енгилроғини олардилар. Агар гуноҳ бўлса, ундан энг узоқ одам бўлардилар. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам ўзлари учун ўч олмаганлар, фақат Аллоҳ ҳаром қилган иш қилиб қўйилса, Аллоҳ учун ўч олардилар» (Муттафақун алайҳ).

Ибн Аббос розияллоҳу анҳумодан ривоят қилинади: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтдилар: «Динда ғулув кетишдан сақланинглар[3]! Сизлардан илгаригилар динда ғулув кетиш сабаблигина ҳалок бўлишган» (Аҳмад, Насоий, Ибн Можа ва бошқалар ривояти, Ас-силсилатус-саҳиҳа: 1283).

Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтдилар: «Албатта, дин енгилдир. Кимда-ким уни (ўзи учун) оғирлаштирса, дин уни албатта мағлуб қилгай» (Бухорий ривояти).

Бурайда ал-Асламий розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтдилар: «Мўътадил йўлни лозим тутингиз! Зеро, ким бу динга ғолиб келаман деса, дин уни мағлуб қилади»[4] (Ибн Аби Осим «Сунна»да ривоят қилган, Албоний саҳиҳ санаган).

Оиша розияллоҳу анҳодан ривоят қилинади: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтдилар: «Албатта Аллоҳ Ҳалим, ҳар бир ишда ҳалимликни яхши кўрувчи Зотдир» (Бухорий ривояти).

Оиша розияллоҳу анҳодан ривоят қилинади: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтдилар: «Албатта Аллоҳ ҳалимликни яхши кўрувчи Ҳалим Зотдир, У ҳалимликка қаттиққўлликка бермаган ва бошқа бирон нарсага бермаган мукофотларни беради» (Муслим ривояти).

Оиша розияллоҳу анҳодан ривоят қилинади: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтдилар: «Мулойимлик қай бир нарсада бўлса уни зийнатли қилади, қай бир нарсадан суғурилган бўлса уни айбли қилади» (Муслим ривояти).

Жарир ибн Абдуллоҳ розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтдилар: «Ким мулойимликдан маҳрум бўлса, яхшиликдан маҳрум бўлибди» (Муслим ривояти).

Муовия ибн Ҳакам розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам билан намоз ўқиётган эдик, бир киши акса урди. Мен: «Ярҳамукаллоҳ» деган эдим, одамлар менга қараб қўйишди. Шунда: «Ҳой, нега менга қараяпсизлар?!», дедим. Улар қўллари билан сонларига ура бошлашди. Мени гапиртирмасликка ҳаракат қилишаётганини кўргач жаҳлим чиқди, лекин жим бўлдим. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам намоз ўқиб бўлгач – ота-онам у зотга фидо бўлсин, у зотдан аввал ҳам, кейин ҳам у кишидан кўра чиройли таълим берувчи муаллим кўрмадим – Аллоҳга қасамки, мени тергамадилар, урмадилар, сўкмадилар. Балки: «Намоз ичида одамларнинг гапларидан бирон калиманинг бўлиши дуруст эмас, у фақат тасбеҳ, такбир ва Қуръон ўқишдан иборат бўлади», дедилар (Муслим ривояти).

Анас ибн Молик розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: Масжидда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам билан бирга эдик, бир аъробий келди-да, масжид ичида туриб бавл қила бошлади. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг саҳобалари: «Ҳой, ҳой!» дея бошлашди. Шунда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: «Тўхтатманглар, уни тек қўйинглар», дедилар. Улар уни тек қўйишди, ҳатто бавл қилиб бўлди. Шундан сўнг Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам уни чақирдилар ва: «Бу масжидларда бавл (сийдик), ахлат каби нарсаларни қилиш ярамайди, улар фақат Аллоҳнинг зикри, намоз ва Қуръон қироати учундир», дедилар. Сўнг бир кишига буюрдилар, у бир челак сув келтириб, бавл устига қуйиб юборди (Муслим ривояти).

Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: Бир аъробий масжидда туриб бавл қилди. Одамлар уни маломат қилишди. Шунда Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва саллам: «Уни тек қўйинглар ва бавли устига бир челак сув қуйворинглар. Зеро, сизлар осонлаштирувчи қилиб юборилгансиз, қийинлаштирувчи қилиб юборилмагансиз» дедилар[5] (Бухорий ривояти).

Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: Бир киши Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламдан рўзадор киши аёлини қучиб-ўпиши ҳақида сўраган эди, унга рухсат бердилар. Бошқа бири келиб сўраган эди, унга ман қилдилар. Рухсат берган кишиси мўйсафид, ман қилган кишиси ёш йигит эди[6] (Саҳиҳ сунан Аби Довуд: 2090).

Алий ибн Аби Толиб розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: У киши дедилар: «Одамларга ўзлари англаб биладиган нарсаларни гапиринглар. Аллоҳ ва Расули ёлғончи қилинишини истайсизларми?!» (Бухорий ривояти).

Олим ҳақни очиқ-ошкор айтиши, маъруфга буюриб, мункардан қайтариши, Аллоҳ йўлида маломатчининг маломатидан қўрқмаслиги лозим. Агар олим киши ўзи учун рухсат топиб, эҳтиёткорлик йўлини тутса, унда одамларга қачон ҳақ зоҳир бўлади?!

Ҳузайфа ибн ал-Ямон розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтдилар: «Жоним Қўлида бўлган Зотга қасамки, сизлар ё яхши ишларга буюрасизлар ва ёмон ишлардан қайтарасизлар, ёки бўлмаса Аллоҳ таоло устингизга Ўзи тарафидан бир қаттиқ азоб туширади-да, ундан кейин дуо қилсангизлар дуоингизни ижобат қилмайди» (Саҳиҳ сунан ат-Термизий: 1762).

Ториқ ибн Шиҳоб розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтдилар: «Сизлардан ким бир мункарни кўрса, уни қўли билан ўзгартирсин. Агар қодир бўлмаса тили билан (ўзгартирсин), унга ҳам қодир бўлмаса қалби билан (ёмон кўрсин), мана шу иймоннинг энг заифидир» (Муслим ривояти).

Абу Саид ал-Худрий розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтдилар: «Бирон киши ҳақни билса, одамларнинг ҳайбати уни айтишдан асло тўсмасин! Чунки бу на ажални яқинлаштиради ва на ризқни узоқлаштиради» (Аҳмад, Термизий, Ибн Можа ривоятлари, Ас-силсилатус-саҳиҳа: 168).

Убода ибн Сомит розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам бизлар билан қаерда бўлмайлик ҳақни айтишимизга ва Аллоҳ йўлида маломатчининг маломатидан қўрқмаслигимизга байъатлашдилар» (Муттафақун алайҳ).

Жобир розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтдилар: «Шаҳидларнинг саййиди – Ҳамза ибн Абдулмутталиб ва яна бир одамки зўравон ҳоким олдида турган, унга амри маъруф ва наҳий мункар қилганида ҳоким уни ўлдириб юборган кишидир» (Ҳоким ривояти, Ас-силсилатус-саҳиҳа: 491).

Абу Саид ал-Худрий розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтдилар: «Энг афзал жиҳод – зўравон султон олдида айтилган ҳақ сўздир» (Саҳиҳу сунани Аби Довуд: 3650).

Абу Умома розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтдилар: «Аллоҳга энг суюмли жиҳод – зўравон ҳокимга айтиладиган ҳақ сўздир» (Аҳмад ва бошқалар ривояти, Саҳиҳул-жомиъ: 168).

Қайсдан ривоят қилинади: Абу Бакр розияллоҳу анҳу Аллоҳга ҳамду сано айтгач, шундай дедилар: «Эй одамлар! Сизлар мана бу оятни ўқийсизлар-у, уни ўз ўрнидан бошқа ўринга қўясизлар: «Эй мўминлар, ўзингизни билингиз! (Яъни гуноҳлардан сақланингиз!) Модомики, ҳақ йўлни тутган экансиз, адашган кимсалар сизларга зарар етказа олмас» (Моида: 105). Биз Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг шундай деганларини эшитганмиз: «Одамлар зулм қилаётган кишини кўриб туриб, унинг икки қўлидан тутмасалар, Аллоҳ уларга оммавий азоб тушириши мумкин». Яна мен Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг: «Қай бир қавм ичида маъсиятлар қилинаётган бўлса, уларни ўзгартиришга қодир бўла туриб, ўзгартиришмаса, Аллоҳ уларга Ўзи тарафидан оммавий бир азобни тушириши мумкин», деганларини ҳам эшитганман» (Абу Довуд ва бошқалар ривояти, Саҳиҳ сунан Аби Довуд: 3644).

Абу Саид ал-Худрий розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтдилар: «Ҳеч бирингиз ўзини камситмасин!». Саҳобалар: «Ё Расулуллоҳ, биров ўзини қандай камситади?», деб сўрашди. «Зиммасида Аллоҳ учун гапириши лозим бўлган бир ишни кўриб туриб, у ҳақда гапирмайди. Қиёмат куни Аллоҳ азза ва жалла ундан: «Мен учун фалон-фалон гапларни гапиришдан сени нима тўсди?!», деб сўрайди. У: «Одамлардан қўрқув», деб жавоб беради. «Мендан қўрқишинг лойиқроқ эди», дейди Аллоҳ таоло» (Мунзирий «Тарғиб»да: «Ибн Можа ривоят қилган, ровийлари ишончли» дейди, Аҳмад Шокир «Умда»да: «Исноди саҳиҳ» деган).

Олим кишини иззат-икром қилишлари, унга ҳурмат-эҳтиром кўрсатишлари, бироқ бунда ғулув кетмасликлари ва жафо ҳам қилмасликлари, сўзда ва маслаҳатда уни бошқалардан муқаддам қўйишлари олимнинг одамлар зиммасидаги ҳақларидан

Убода ибн Сомит розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтдилар: «Каттамизни ҳурмат қилмаган, кичигимизга меҳрибонлик қилмаган ва олимимизнинг (ҳаққи-ҳурматини) танимаган киши менинг умматимдан эмас»[7] (Аҳмад ва бошқалар ривояти, Саҳиҳут-тарғиб: 96).

Абу Мусо Ашъарий розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтдилар: «Мўйсафид мусулмонни, Қуръонга (ундан махфий маънолар излаб ёки унга қаттиқ амал қиламан деб) ғулув кетмаган ва ундан бутунлай узоқлашиб кетмаган ҳомили қуръонни (яъни Қуръонни ёд олган кишини) ҳурмат қилиш, адолатли султонга ҳурмат-эҳтиром бажо келтириш Аллоҳни улуғлаш жумласидан» (Саҳиҳу сунани Аби Довуд: 4053).

Ибн Умар розияллоҳу анҳумодан ривоят қилинади: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтдилар: «Кичигимизга раҳм қилмаган, каттамизнинг ҳаққини танимаган киши биздан эмас» (Ҳоким ривоят қилган ва: «Муслим шартига кўра саҳиҳ» деган, Саҳиҳут-тарғиб: 95).

Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтдилар: «Аллоҳ таоло деди: «Ким Менинг дўстимга душманлик қилса, Мен унга уруш эълон қиламан»»[8] (Бухорий ривояти).

Оиша розияллоҳу анҳодан ривоят қилинади: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтдилар: «Мурувват ва яхши хислат эгаларининг хатоларини кечиринглар»[9] (Абу Довуд ва Саҳиҳул-адабил-муфрад: 362).

Ибн Умар розияллоҳу анҳумодан марфуъан ривоят қилинган ҳадисда: «Жибрил мени улуғларни муқаддам қўйишга буюрди» (Абу Бакр аш-Шофеий «Фавоид»да ривоят қилган, Ас-силсилатус-саҳиҳа: 1555).

Жобир розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва саллам Уҳуд шаҳидларидан икки кишини бир қабрга қўярканлар: «Улардан қай бири Қуръонни кўпроқ (ёд) олган?» деб сўраб, қай бирига ишора қилинса уни лаҳадга муқаддам қўйдилар» (Бухорий ривояти).

Абдуллоҳ ибн Масъуд розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтдилар: «Болиғ ва оқил кишилар (намозда) менга яқин турсин, сўнг (мазкур сифатларда) уларга яқин бўлганлар, сўнг уларга яқин бўлганлар турсин. (Сафда) нотекис турманглар, қалбларингиз номувофиқ бўлиб қолади. Бозорларда бўлганидек шоқвин-сурон қилишдан четланинглар» Термизий ва Абу Довуд ривоятлари, Саҳиҳ сунан ат-Термизий: 189).

Анас розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам муҳожир ва ансорлар у зотдан ёдлаб олишлари учун уларни ўзларига яқин туришларини ёқтирардилар (Аҳмад ва Ибн Можа ривояти).

Шаъбий айтади: Зайд ибн Собит бир маййитга жаноза намози ўқиди, сўнг хачирига минмоқчи бўлганида Ибн Аббос унинг узангисидан тутди. Зайд: «Қўйинг, эй Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг амакиваччаси», деган эди, Ибн Аббос: «Биз уламоларимиз ва улуғларимизга шундай муомала қилишга буюрилганмиз», деди. Зайд ибн Собит унинг қўлидан ўпди ва: «Биз пайғамбаримизнинг аҳли байтларига мана шундай қилишга буюрилганмиз», деди (Ироқий «Иҳё»га қилган тахрижида айтади: Табароний, Ҳоким, Байҳақий ривоят қилган, Ҳоким: «Муслим шартига кўра исноди саҳиҳ» деган).

Аллоҳ таолодан фойдали илм, холис ва мақбул амал, қўрқувчи қалб ва зикр қилувчи тил ато этишини, уламоларнинг ҳақ-ҳурматларини биладиган, уларнинг қадрларига етадиган кишилардан қилишини сўраймиз. Омийн.

Аллоҳ таоло пайғамбаримизга, у зотнинг аҳли ва асҳобига салавоту саломлар йўлласин.

[1] Иймонни ўргандик дегани тавҳидни ўргандик деганидир. Чунки, муқаддимасида тавҳид бўлмаган ва тавҳид асосига қурилмаган ҳар қандай илм ва амал мақбул бўлмайди. Аллоҳ таоло айтади: «Агар улар мушрик бўлганларида қилган амаллари беҳуда кетган бўлур эди» (Анъом: 88). Ҳадисда иймоннинг зиёда бўлиши ва камайишига далил бордир.

[2] Хоҳиш-ҳаволаридан сўзламайдиган, сўзлари асалдан ширин ва ёқимли бўлган Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламдек зотки, асҳоби киромларни малоллантириб қўйишдан қўрқиб, ваъз-насиҳатни оралатиб қилган бўлсалар, ҳозирги замондаги воиз ва машойихлар ҳам одамларни малоллантириб қўймаслик учун ваъз-насиҳат қилишда уларга қулай пайт ва ўринларни риоя қилишлари зарур бўлади.

[3] Динда ғулув кетиш деб Қуръон ва суннатда айтилганидан ошириб юборишга айтилади.

[4] Динга ғолиб келаман дейишдан мақсад – мўътадилликдан узоқлашиш ва ўзига динни қийин-қаттиқ қилиб олиш, керак пайтларда шаръий рухсатларни олмасликдир.

[5] Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва саллам у одамни тергаш ва бавлини охирига етказишдан тўсишни қийинлаштиришнинг бир тури деб эътибор қилдилар. Шундай экан, мусулмонларга дин ишларини қийинлаштирадиган киши ҳақида нима дейиш мумкин?! Фараз қилинг, ҳозирги пайтда бирорта жоҳил одам мусулмонларнинг масжиддаридан бири ичида ҳалиги аъробий қилган ишни қилса, масжиддан соғ чиқармикин?!

[6] Яъни, фатво гоҳида фатво сўровчининг ҳолига қараб берилади. Бу – фақиҳ киши одамларга фатво беришда эътибор бериши зарур бўлган фиқҳдир.

[7] Ҳозирги даврда турли қитъаларда қанчадан-қанча олимлар зулм ва туғён қамоқхоналарига ташланганлар ва ташланмоқдалар, Аллоҳнинг душманлари бўлган жиноятчи кимсалар тарафидан оғир қийноқ ва азобларга дучор қилинмоқдалар. Уларнинг ўз зиммаларидаги вожибни адо этганлик – яъни ҳақни очиқ-ошкор айтганликдан бошқа ҳеч қандай айблари йўқ! Одамлар эса улардан бепарво, лоқайд ва ғофил, уларнинг аҳволи билан қизиқмайдилар, улар ҳақида сўрамайдилар. Гўё бу уламоларнинг уммат зиммасида ҳеч қандай ҳақ-ҳуқуқлари йўқдек! Ваҳоланки, бунинг муқобилида кўрамизки, мусулмонларнинг болаларини СПИД вируси юқтириш орқали ўлдирган жиноятчи кофир кимсаларни – Ливияда бўлгани каби – қамоқдан озод қилиш учун бутун салибий-христиан олами расмий ва оммавий равишда қўзғолади, бутун оламга бу ҳақда жар солишади, агар уларни озод қилинмаса зудлик билан ҳар турли жазо чоралари кўрилиши билан дўқ-пўписа қилишади!

Мусулмон уламолар ҳақни ошкор айтганликлари сабабли зулм ва куфр тоғутлари тарафидан турли-туман азият ва балоларга дучор бўлсалар, одамлар уларни ташлаб қўядилар, гўё ҳеч нарса бўлмагандек ўзларини четга тортадилар... «У ҳолда бу адолатсиз тақсим-ку?!» (Ван-нажм: 22). Ҳаққа олимлар ва халқлар жипслашганда нусрат берилади, бир-биридан ажралган ҳолда эмас!

[8] Амалли уламолар Аллоҳ таолонинг дўстлари жумласидандир. Дўстлик эса суннатга эргашиш ва Аллоҳ йўлида жиҳод қилиш билан рўёбга чиқади. Мазкур икки хислат билан амалли уламолар бошқалардан фарқланиб турадилар.

[9] Илм аҳли ҳам мурувват ва фазлу-шараф соҳиблари жумласидан саналади.