Душанба 29 Апрель 2024 | 20 Шаввол 1445 Ҳижрий-қамарий

асосий қисм

  • lotinchaga
  • +
  • -
  • |

12.2 Олимнинг ажру-ҳасаноти вафотидан кейин ҳам, Аллоҳ унинг илмидан фойдалантириши миқдорида давом этиб туради

2722 марта кўрилган

Абу Умома ал-Боҳилий розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтдилар: «Ким фақат яхшиликни ўрганиш ва ўргатиш мақсадида масжидга борса, унга тўла-тўкис ҳаж қилган ҳожининг ажрича ажр бўлади» (Табароний ривояти, Саҳиҳут-тарғиб: 82).

Анас ибн Молик розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтдилар: «Қай бир чорловчи залолатга чақирса ва унга эргашилса, у учун ўзига эргашган кишиларнинг гуноҳидан бирон нарса камаймаган ҳолда ўшалар гуноҳича гуноҳ бордир. Қай бир чорловчи ҳидоятга чақирса ва унга эргашилса, у учун ўзига эргашган кишиларнинг савобидан бирон нарса камаймаган ҳолда ўшалар савобича савоб бордир» (Саҳиҳ сунан Ибн Можа: 176).

Анас ибн Молик розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтдилар: «Одамлар орасида яхшилик калитлари ва ёмонлик қулфлари бўлган кишилар бор, одамлар орасида ёмонлик калитлари ва яхшилик қулфлари бўлган кишилар ҳам бор. Аллоҳ яхшилик калитларини унинг қўлларида қилиб қўйган кишига жаннат бўлсин, Аллоҳ ёмонлик калитларини унинг қўлларида қилиб қўйган кишига дўзах бўлсин» (Саҳиҳ сунан Ибн Можа: 194).

Амр ибн Авф ал-Музаний розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтдилар: «Ким менинг суннатимдан бир суннатни тирилтирса, сўнг унга одамлар амал қилсалар, у учун ўшанга амал қилган кишиларнинг савобича савоб бўлади, лекин бу уларнинг савобидан бирон нарсани камайтирмайди. Ким бир бидъатни пайдо қилса, у учун ўша бидъатга амал қилган кишилар гуноҳича гуноҳ бўлади, лекин бу уларнинг гуноҳидан бирон нарсани камайтирмайди» (Саҳиҳ сунан Ибн Можа: 173).

Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтдилар: «Мўмин кишига вафотидан кейин етиб турадиган амали ва ҳасанотидан бири – ўргатган ва тарқатган илмидир» (Ибн Можа ва бошқалар ривояти, Саҳиҳут-тарғиб: 74).

Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтдилар: «Инсон вафот этгач, унинг барча амаллари тўхтайди, фақат учта амали(дан савоб келиб туради): садақаи жориядан, фойдаланиб туриладиган илмдан ва ҳаққига дуо қилиб турадиган солиҳ фарзанддан» (Муслим ривояти).

Муоз ибн Анас розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтдилар: «Ким илм ўргатса, у учун ўшанга амал қилган кишиларнинг савобича савоб бўлади, лекин уларнинг савобидан бирон нарса камаймайди» (Саҳиҳ сунан Ибн Можа: 196).

Абу Қатода розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтдилар: «Инсон ўзидан сўнг қолдирадиган нарсаларнинг энг яхшиси учта: ҳақига дуо қиладиган солиҳ фарзанд, ажри етиб турадиган садақаи жория, унинг ортидан амал қилинадиган илм» (Ибн Можа ривояти, Саҳиҳут-тарғиб: 79).

Жарир ибн Абдуллоҳ розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтдилар: «Ким Исломда бир яхши йўлни (яъни амални) йўлга қўйган бўлса, ундан кейин ўшанга амал қилинса, у учун ўшанга амал қилган кишиларнинг ажрича ажр ёзилади, уларнинг ажридан ҳам бирон нарса камаймайди. Ким Исломда бир ёмон йўлни (яъни амални) йўлга қўйган бўлса, ундан кейин ўшанга амал қилинса, у учун ўшанга амал қилган кишиларнинг гуноҳича гуноҳ ёзилади, уларнинг гуноҳларидан ҳам бирон нарса камаймайди» (Муслим ривояти).

Амалли олимлар – одамлар чигалли ишлар ва мусибатлар пайтида, шунингдек ўзлари муҳтож бўладиган диний масалаларда мурожаат қиладиган асосий манбаъдирлар

Аллоҳ таоло айтади:

«Агар билмайдиган бўлсангизлар, аҳли илмлардан сўранглар!» (Наҳл: 43).

«Қачон уларга (жангга кетган мусулмон аскарлар ҳақида) тинчлик ёки хавф-хатар (яъни ғалаба ёки мағлубият) хабари келса, уни ёйиб юборадилар. Агар (улар ўзларига келган хабарни ҳар кимга ёйиб юрмасдан) пайғамбарга ва ўзларидан бўлган аҳли илмларгагина етказганларида эди, уни (яъни мана шу хабарнинг ҳақиқатини) билмоқчи бўлган кишилар ўшалардан билган бўлар эдилар» (Нисо: 83).

«Барча мўминлар (жангга) чиқишлари лойиқ эмас. Ахир улардан ҳар бир гуруҳдан бир тоифа одамлар (жанг учун) чиқмайдиларми?! (Қолганлари эса Мадинада) динни ўрганиб, (жангга кетган) қавмлари уларнинг олдиларига қайтган вақтларида, у қавмлар Аллоҳнинг азобидан сақланишлари учун уларни огоҳлантиргани (қолмайдиларми)?!» (Тавба: 122).

«У Сизга Китоб нозил қилган зотдирки, у (Китобдан) шу Китобнинг асли моҳияти бўлган муҳкам аниқ-равшан оятлар ҳам ва бошқа (Қиёмат, жаннат, дўзах ва ҳоказолар ҳақидаги) муташобиҳ — тушуниш қийин бўлган оятлар ҳам (ўрин олгандир). Энди дилларида ҳақ йўлдан оғиш бўлган кимсалар одамларни алдаб фитнага солиш ва ўз ҳавойи нафсларига мувофиқ таъвил-тафсир қилиш учун Унинг муташобиҳ оятларига эргашадилар. — Ҳолбуки, ундай оятларнинг таъвилини ёлғиз Аллоҳгина билур. — Илмда собитқадам бўлган кишилар эса: «У Китобга иймон келтирганмиз. Ҳамма оятлари Роббимиз ҳузуридандир», дейдилар. Фақат аҳли донишларгина панд-насиҳат олурлар» (Оли Имрон: 7).

«Эй мўминлар, Аллоҳга итоат қилингиз ва пайғамбарга ҳамда ўзларингиздан (яъни, мусулмон) бўлган ишбошиларга (яъни, олимлар ва ҳокимларга) бўйсунингиз!» (Нисо: 59).

Жобир розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Сафарда эканимизда бизлардан бир кишининг бошига тош тегиб, боши ёрилди. Кейин у эҳтилом бўлиб қолиб, шерикларидан: «Мен учун таяммум қилишга рухсат бормикин?» деб сўраган эди, улар: «Йўқ, сенга рухсат борлигини билмаймиз, чунки сен сувга қодирсан», деб жавоб беришди. У (ғусл қилиши оқибатида) вафот этди. Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва саллам ҳузурларига келганимизда у зотга ушбу воқеа ҳақида хабар берилди. Шунда у зот: «Уни ўлдирибдилар, Аллоҳ уларни ўлдирсин. Билмасалар сўрасалар бўлмайдими?! Билмасликнинг давоси сўрашлик-ку! Унга таяммум қилиши кифоя эди», дедилар» (Саҳиҳ сунан Абу Довуд: 325).

Ибн Аббос розияллоҳу анҳумодан ривоят қилинган марфуъ ҳадисда айтилади: «Барака улуғларингиз биландир»[1] (Ибн Ҳиббон ва бошқалар ривояти, Ас-силсилатус-саҳиҳа: 1778).

Аллоҳ таолонинг Юзини истаб ўрганиладиган илмни бирон дунёвий ғаразда ёки баҳс-мунозара қилиш ва ўзини кўрсатиш учун ё одамларнинг эътиборига тушиш ё аҳли илм деган ном қозониш учун талаб қилган киши ҳақида

Аллоҳ таоло айтади: «Бас, ким Парвардигорига рўбарў бўлишидан умидвор бўлса, у ҳолда яхши амал қилсин ва Парвардигорига бандалик қилишда бирон кимсани (унга) шерик қилмасин! (Яъни, қиладиган барча амалларини ёлғиз Аллоҳ учун қилсин)» (Каҳф: 110).

Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтдилар: «Ким Аллоҳнинг Юзини истаб ўрганиладиган илмни фақат бирон дунёвий нарсага етишиш мақсадида ўрганса, қиёмат куни жаннатнинг ҳидини ҳам топмайди» (Термизий, Ибн Можа, Аҳмад, Абу Довуд ривоятлари, Саҳиҳул-жомиъ: 6159).

Жобир розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтдилар: «Илмни уламолар ичида мақтаниш ёки ақлсиз кимсалар билан талашиб-тортишиш учун ва мажлисларнинг тўрини эгаллаш мақсадида ўрганманглар! Ким шундай қилса, (унинг жойи) дўзахдир, дўзах!» (Ибн Можа, Ибн Ҳиббон, Байҳақий ривоятлари, Саҳиҳут-тарғиб: 102).

Каъб ибн Молик розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтдилар: «Кимда-ким илмни уламолар ичида мақтаниш ё жоҳил кимсалар билан баҳс-мунозара қилиш ё одамларнинг кўнглини ўзига ром қилиш учун талаб қилса, дўзахга (равона бўлади)» (Ҳоким, Байҳақий ривоятлари, Саҳиҳул-жомиъ: 5930).

Ибн Умар розияллоҳу анҳумодан ривоят қилинади: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтдилар: «Кимда-ким илмни уламолар ичида мақтаниш ё жоҳил кимсалар билан талашиб-тортишиш ё одамларни ўзига қаратиш учун талаб қилса, у одам дўзахдадир» (Ибн Можа ривояти, Саҳиҳут-тарғиб: 104).

Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳу Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламдан ривоят қилган ҳадисда жумладан шундай дейилади: «...Кейин илм ўрганган ва уни ўргатган, ҳамда Қуръон ўқиган кишини олиб келинади. Аллоҳ унга ҳам ўз неъматларини эслатади. У банда уларни тан олади. Сўнг Аллоҳ: «Буларнинг шукронасига нима амал қилдинг?», деб сўрайди. Банда: «Илм ўргандим, уни бошқаларга ўргатдим ва Сен учун Қуръон ўқидим», деб жавоб беради. «Ёлғон гапирдинг, сен илмни «олим» дейилиш учун ўргандинг, Қуръонни эса «қори» дейилиш учун ўқидинг, дарҳақиқат, шундай дейилди», дейди Аллоҳ. Сўнгра буйруқ берилади, уни юзтубан ерга судраб, олиб кетилади ва дўзахга ташланади» (Муслим ривояти).

Умар ибн Хаттоб розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтдилар: «Ислом ғолиб бўлади, ҳатто савдогарлар денгизларда сафарларга чиқишади ва отлар Аллоҳ йўлида (жангларга) киради. Кейин Қуръон ўқийдиган бир қавм чиқади. Улар: «Ким биздан кўра қорироқ, ким биздан кўра фақиҳроқ?!», дейишади». Сўнг у зот асҳобларидан: «Ана шуларда бирон яхшилик борми?», деб сўрадилар. Улар: «Аллоҳ ва Расули билувчироқ», деб жавоб беришди. «Улар сизлардан, мана шу умматдан. Улар дўзахнинг ёқилғиларидир», дедилар (Табароний, Баззор ривоятлари, Саҳиҳут-тарғиб: 131).

Ибн Аббос розияллоҳу анҳумодан ривоят қилинади: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтдилар: «Одамлар устига шундай бир замон келадики, унда Қуръонни таълим олишади, уни ўрганишади ва ўқишади. Кейин: «Биз ўқидик ва билдик, биздан яхшироқ ҳам одам борми?!», дейишади. Уларда бирон яхшилик борми?!». Саҳобалар: «Ё Расулуллоҳ, улар кимлар?», деб сўрадилар. «Улар сизлардан, дўзахнинг ёқилғилари ўшалардир», дедилар (Табароний ривояти, Саҳиҳут-тарғиб: 133).

Убода ибн Сомит розияллоҳу анҳу айтадилар: Мен аҳли суффалардан бир нечасига ёзиш ва Қуръон ўқишни ўргатдим. Шунда улардан бири менга бир камон ҳадя қилди. Бу нарса пул-мол эмаску, ундан Аллоҳ йўлида ўқ отаман, бироқ Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам олдиларига бориб, албатта у зотдан сўраб оламан, дедим. Сўнг у зот ҳузурларига бориб: «Ё Расулуллоҳ, мен ёзиш ва Қуръон ўқишни ўргатган кишилардан бири менга бир камон ҳадя қилди, у бир пул-мол эмас, ундан Аллоҳ йўлида ўқ отаман», дедим. «Агар бўйнингга ўтдан бўлган ҳалқа кийдирилишини истасанг, майли уни қабул қилавер», дедилар (Саҳиҳ сунан Аби Довуд: 2915).

Абу Саид ал-Худрий розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтдилар: «Қуръонни ўрганиб, у билан мол-дунё сўрайдиган бир қавм келмасидан туриб сизлар Қуръонни ўрганинглар ва у билан Аллоҳдан жаннатни сўранглар. Зеро, Қуръонни уч киши ўрганади: у билан мақтанадиган одам, у билан тирикчилик қиладиган одам ва уни Аллоҳ учун ўқийдиган одам» (Ибн Наср «Қиёмул-лайл»да ва бошқалар ривояти, Ас-силсилатус-саҳиҳа: 258).

Имрон ибн Ҳусойн розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтдилар: «Ким Қуръон ўқиса, (ажрини) Аллоҳдан сўрасин! Чунки, ҳали шундай қавмлар келадики, Қуръон ўқиб, ажрини одамлардан сўрайдилар» (Термизий ва бошқалар ривояти, Ас-силсилатус-саҳиҳа: 257).

Ибн Масъуд розияллоҳу анҳу айтдилар: «Катталарни қартайиб юборадиган, гўдакларни катталардек қилиб юборадиган, одамлар уни суннат қилиб олиб, ундан бирор нарса тарк қилинса «Суннат тарк қилинди» дейдиган фитналарга чулғаниб қолсангиз қандай қиларкинсизлар?!» «У қачон бўлади?», деб сўрадилар. «Уламоларингиз кетиб, жоҳилларингиз кўпайганда, қориларингиз кўпайиб, фақиҳ-муллаларингиз камайганда, амирларингиз кўпайиб, аминларингиз (омонатли кишиларингиз) камайганда, охират амали билан дунё талаб қилинганда ва диндан бошқа нарса учун илм ўрганилганда», дедилар (Доримий, Ҳоким ва бошқалар ривояти).

Олим кишининг сўзи амалига мувофиқ бўлиши лозим, чунки у ўз ортидагилар учун намунадир

Аллоҳ таоло айтади: «Эй мўминлар, сизлар нега ўзларингиз қилмайдиган нарсани айтурсизлар?! Сизларнинг ўзларингиз қилмайдиган ишни (қиламиз, деб) айтишларингиз Оллоҳ наздида ўта манфур (ишдир)» (Саф: 2,3).

Усома ибн Зайд розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтдилар: «Қиёмат куни бир кишини олиб келиниб, дўзахга улоқтирилади. Ичаклари қорнидан ерга осилиб тушиб, унинг атрофида тегирмон айлантираётган эшакдек айланади. Жаҳаннам аҳли унга йиғилиб келиб: «Эй фалончи, сенга нима бўлди, яхшиликка буюриб, ёмонликдан қайтариб юрган эмасмидинг ахир?», дейишади. «Ҳа, яхшиликка буюрардим-у, ўзим қилмас эдим, ёмонликдан қайтарар эдим-у, ўзим қилаверар эдим», дейди (Муслим ривояти).

Усома ибн Зайд розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтдилар: «Исро кечаси ўтдан бўлган қайчилар билан лаблари қийилаётган одамлар ёнидан ўтдим. «Ким улар, эй Жибрил?», деб сўрадим. «Умматингиз ичидаги ўзлари қилмайдиган нарсани гапирадиган хатиблар», деди» (Муттафақун алайҳ).

Абу Барза ал-Асламий розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам дедилар: «Қиёмат куни банда умрини қаерда ўтказгани ҳақида, илмини нимага ишлатгани ҳақида, молини қаердан топиб, қаерга сарф қилгани тўғрисида ва жисмини қайси ишларда қаритгани ҳақида сўралмагунча унинг оёғи турган еридан силжимайди» (Термизий ривояти, Саҳиҳут-тарғиб: 122).

Абу Барза ал Асламий розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам дедилар: «Одамларга яхшиликни ўргатиб, ўзини унутадиган одамнинг мисоли одамларга ёруғлик таратиб, ўзини куйдирадиган пиликка ўхшайди» (Баззор ривояти, Саҳиҳут-тарғиб: 126).

Абуд-Дардо розияллоҳу анҳу айтардилар: «Қиёмат куни Роббим халойиқлар устида мени чақириб: «Эй Уваймир!», деганида: «Лаббай ё Роббим», десам, «Ўқиган илмингга нима амал қилдинг?!» деб сўрашидан қўрқаман» (Байҳақий ва бошқалар ривояти, Саҳиҳут-тарғиб: 125).

Имрон ибн Ҳусойн розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтдилар: «Умматим устида энг қўрқадиганим – тили олим мунофиқ кимсалардир» (Табароний ривояти, Саҳиҳул-жомиъ: 239).

Олим киши билган илмини одамлардан яширмаслиги лозим[2]

Аллоҳ таоло айтади:

«Аллоҳ нозил қилган Китобдан иборат бўлган нарсани беркитадиган ва уни озгина қийматга сотадиган кимсалар қоринларини фақат олов билан тўлдирадилар уларга Қиёмат Кунида Аллоҳ сўзламайди боқмайди ва уларни (гуноҳларидан) покламайди. Улар учун аламли азоб бордир. Ана ўшалар ҳидоят ўрнига залолатни, мағфират ўрнига азобни сотиб олган кимсалардир. Жаҳаннам ўтига мунча сабр-тоқатли эканлар-а?» (Бақара: 174, 175).

«Биз нозил қилган ҳужжатлар ва ҳидоятдан иборат нарсаларни одамларга Китобда равшан қилиб берганимиздан кейин беркитган кимсаларни шубҳасиз Аллоҳ лаънатлагай ва лаънатловчи зотлар (фаришталар ва мўминлар) лаънатлагайлар. Магар қайсилари тавба қилиб, ўзларини ўнглаб, (одамларга ҳақиқатни) очиқ айтсалар, бас, уларнинг тавбаларини қабул қиламан. Фақат Менгина тавбаларни қабул қилувчи, Раҳимдирман» (Бақара: 159, 160).

Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтдилар: «Қай бир киши бир илмни ёд олиб, сўнг уни беркитар экан, қиёмат куни ўтдан бўлган юган билан юганлаб олиб келинади» (Саҳиҳ сунан Ибн Можа: 210).

Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтдилар: «Кимда-ким биладиган илмидан сўралса-ю, уни беркитса, қиёмат куни ўтдан бўлган жилов билан жиловланади» (Саҳиҳ сунан Ибн Можа: 213).

Ибн Масъуд розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтдилар: «Қай бир кишига Аллоҳ илм берган бўлса-ю, уни беркитса, қиёмат куни Аллоҳ таоло уни ўтдан бўлган нўхта билан нўхталайди» (Табароний ривояти, Саҳиҳул-жомиъ: 2714).

Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтдилар: «Илм ўрганиб, сўнг уни одамларга айтиб бермайдиган кишининг мисоли бойлик тўплаб, кейин ундан инфоқ қилмайдиган кишига ўхшайди» (Табароний ривояти, Саҳиҳут-тарғиб: 118).

Ибн Умар розияллоҳу анҳумодан ривоят қилинади: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтдилар: «Айтиб берилмайдиган илм сарф қилинмайдиган бойликка ўхшайди» (Ибн Асокир ривояти, Саҳиҳул-жомиъ: 4023).

Олим киши дини ҳақида савол сўраб келган толиби илмни очиқ юз билан кутиб олиши ва тавозеъли бўлиши, қўлидан келганича унга иқбол қилиши лозим

Сафвон ибн Ассол розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: Мен Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам ҳузурларига бордим, у зот масжидда қизил чопонларига суяниб ўтирган эканлар, «Ё Расулуллоҳ, мен илм излаб келдим», дедим. Шунда у зот: «Марҳабо, толиби илм!», дедилар (Аҳмад, Табароний, Ибн Ҳиббон ривоятлари, Саҳиҳут-тарғиб: 71).

Абу Саид ал-Худрий розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтдилар: «Ҳузурингизга илм талаб қилиб кишилар келишади. Уларни кўрганингизда: «Хуш келибсиз, эй Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам (марҳабо деб кутиб олишга) васият қилган кишилар!», денглар ва уларга илм ўргатинглар» (Саҳиҳ сунан Ибн Можа: 201).

Абу Рифоъа розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: Мен Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам ҳузурларига келсам, у зот хутба қилаётган эканлар. Мен: «Ё Расулуллоҳ, мен дини ҳақида билмаган нарсаларини сўраб келган бир ғарибман», дедим. Шунда у зот хутбаларини тарк қилиб, менинг ёнимга келдилар. Бир курси келтирилди, оёқлари темирдан бўлса керак эди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам унга ўтирдилар ва менга Аллоҳ ўзларига билдирган нарсалардан ўргата бошладилар. Сўнг бориб хутбаларини охирига етказдилар[3] (Саҳиҳ сунан ан-Насоий: 4970).

[1] Ҳадисдан маълум бўладики, амалли, муваҳҳид уламоларни ёшлари кичик бўлса-да, катта ёшдаги бидъат ва залолат аҳлидан кўра улуғ билиш, улар суҳбатини афзал кўриш лозим бўлади. Зеро, хайру-барака улуғлар суҳбатини лозим тутишдадир.

[2] Агар яшириб, одамларга бермаётган илми ундан бошқа одам билмайдиган илм бўлса, ёки билган одамлар етарли бўлмаса ва одамлар унга муҳтож бўлсалар, бунинг гуноҳи яна-да қаттиқроқ бўлади.

[3] Ҳозирги даврдаги машойихлар ва даъват аҳлидан кўплари Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг ушбу суннатларидан, толиби илмларга нисбатан шу қадар тавозеъ кўрсатишларидан нақадар узоқлашиб кетишган! Улар вақтлари йўқлиги ва ишлари кўплигини баҳона қилиб толиби илмлардан қочишади. Аслида эса бунга уларнинг кибрлари ва ўзларини одамлардан юқори тутишларидан бошқа нарса сабаб бўлмайди. Гўё уларнинг вақтлари Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг вақтларидан қимматлироқ, юмушлари у зотнинг юмушларидан кўпроқ!