Жума 26 Апрель 2024 | 17 Шаввол 1445 Ҳижрий-қамарий

асосий қисм

  • lotinchaga
  • +
  • -
  • |

Пулларнинг закоти ҳақидаги боб

3615 марта кўрилган

Пулларнинг закоти деганда олтин-кумуш ва улардан қилинадиган пуллар, зеб-зийнатлар, ёмбилар ва шу каби нарсаларнинг закоти тушунилади.

Олтин ва кумушга закот фарз бўлишига Қуръон, Суннат ва ижмоъ далил бўлади.

Аллоҳ таоло айтади: «Олтин-кумушни босиб, уни Аллоҳ йўлида инфоқ-эҳсон қилмайдиган кимсаларга аламли азоб «хушхабарини» етказинг!» (Тавба: 34). Ояти каримада олтин ва кумушнинг закотини чиқармайдиган одамга жуда қаттиқ азоб хабари берилди.

«Саҳиҳайн»да ҳадис борки: «Қай бир тилла ва кумуш эгаси уларнинг ҳаққини – яъни закотини – адо этмаса, қиёмат куни ўтдан бўлган тамға қилиниб, уни жаҳаннам оловида қиздирилиб, у кишининг биқинига, пешонасига, орқасига босилади. Совуб қолса, яна қайтадан (қиздириб) олиб келинади, миқдори эллик минг йилга тенг бўлган бир кунда, то бандалар ўртасида ҳукм қилиб бўлингунча (шундай қилинади)» (Муслим (987) ва Бухорий бир қисмини (1042) Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилганлар).

Уламоларнинг иттифоқларига кўра, оят ва ҳадисда айтилган олтин-кумушни хазина қилиб, босиб қўйишдан мурод – закот фарз бўлгани ҳолда уни чиқармасликдир. Агар закоти чиқарилса, хоҳ ер устида сақласин, хоҳ ерга кўмиб сақласин, уни босиб ётиш дейилмайди.

Олтин йигирма мисқолга етса, кумуш эса икки юз исломий дирҳамга етса, қирқдан бирини закот сифатида чиқариш фарз бўлади. Зарб қилинган пул шаклида бўладими, бошқа кўринишда бўладими, фарқсиз. Чунки, Ибн Умар ва Оиша розияллоҳу анҳумолар ривоят қилишларича: «Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва саллам ҳар йигирма динордан бошлаб ярим динор олардилар» (Ибн Можа (1791) ривояти). Анас розияллоҳу анҳудан ривоят қилинган марфуъ ҳадисда айтилишича: «Риққада қирқдан бир» (Бухорий (1454) ривояти). Риққа – зарб қилинган ёки қилинмаган тоза кумушдир.

Мисқол – ўлчов миқдори бўлиб, фуқаҳолар таърифига кўра, бўлиқ ва ўртача арпа донидан 72тасининг оғирлигига тенгдир.

Тилланинг нисоби саудий жунайҳга кўра 11,43 жунайҳга, кумушнинг нисоби саудия арабистони риёли билан 56 риёл (594 г кумуш) ёки шунга тенг бўлган бошқа қоғоз пул (валюта)га тўғри келади.

Тилла ва кумушнинг ҳар бири ўзига белгиланган нисоб миқдорига етса, қирқдан бирини берилади.

Эркак киши тақиши ва кийиши мумкин бўлган тилла ва кумуш нарсалар:

Эркак киши кумуш узук тақиши мумкин. Чунки, Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва саллам кумушдан узук қилдирганлар (Бухорий (65) ва Муслим (2092) Анас розияллоҳу анҳудан ривоят қилганлар).

Эркак кишига тилла узук тақиш ҳаромдир. Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва саллам эркакларни тилла билан зийнатланишдан қайтарганлар (Бухорий (5863) Баро ибн Озиб розияллоҳу анҳудан ривоят қилган), тилла узук тақиб олган кишининг бу ишини жуда ёмон санаганлар, «Сизлардан бирингиз дўзах ўтидан битта чўғни олиб, уни қўлига қўйишни истайдими?!», деганлар (Муслим (2090) Ибн Аббос розияллоҳу анҳумодан ривоят қилган).

Эркак киши зарурат туфайли тилладан бурун ё тишлар қўйиши мумкин. Чунки, Килоб куни Арфажа ибн Асъад розияллоҳу анҳунинг бурни кесилиб кетиб, кумушдан бурун қилдирганида ундан нохуш ҳид келадиган бўлди. Шундан сўнг Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг амрлари билан у тилладан бурун қилдирди (Абу Довуд (4232), Термизий (1770), Насоий (5176), Ибн Ҳиббон (12/276, №5462) ривоятлари, Ҳоким саҳиҳ санаган).

 

Аёллар учун рухсат берилган тилла ва кумуш зеб-зийнатлар:

Аёллар учун тақиб юриш одат бўлган тилла ва кумуш зеб-зийнат ва тақинчоқлар ҳалол қилинган. Чунки, шариат соҳиби аёлларга мутлақо зийнатланиб юришларига рухсат берган. Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва саллам: «Тилла ва ипак кийим умматимнинг аёлларига ҳалол қилинди ва эркакларига ҳаром қилинди», дедилар (Абу Довуд (4057), Насоий (5159), Ибн Можа (3595), Аҳмад (1/96, №750) Алий розияллоҳу анҳудан, Термизий (1720) Абу Мусо розияллоҳу анҳудан ривоят қилганлар). Ушбу ҳадис аёлларнинг тилла ва кумуш билан зийнатланишларининг мубоҳлигига далил бўлади, уламолар шунга ижмоъ қилганлар.

Аёлларнинг тилла ва кумуш тақинчоқлари агар ишлатиш учун ёки бировларга бериб туриш учун тайёрлаб қўйилган бўлса, улардан закот берилмайди. Чунки, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: «Тақинчоқларда закот йўқдир», деганларини Табароний заиф санад билан Жобир розияллоҳу анҳудан ривоят қилган, (Дорақутний (2276, №1931) ва Ибн Жавзий «Таҳқиқ»да (2/44) келтирганлар), бироқ амал шунга бўлиб келгани буни қувватлайди. Қолаверса, бир гуруҳ саҳобалар ҳам ана шу фикрни айтганлар, Анас, Жобир, Ибн Умар, Оиша, (унинг опаси) Асмо шулар жумласидандир («Мусаннаф Ибн Аби Шайба» (2/382), «Мусаннаф Абдирраззоқ» (4/81). Аҳмад раҳимаҳуллоҳ айтади: «Бу ҳақда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг саҳобаларидан беш кишидан ривоят мавжуд» (Ал-муғний: 2/322). Чунки, бу ҳолда тилла-кумуш (зеб-зийнат) ўсиб-кўпаядиган ҳолатдан кўра кийиладиган кийим, хизматкор қул ва яшаладиган турар-жойга ўхшаган нарсага айланиб қолган бўлади.

Агар тақинчоқлар ижарага беришга тайёрланган бўлса, ёки нафақа (яъни, ҳожати бўлганда ишлатиш) учун жамғарма сифатида ушлаб турилган бўлса, ёки шунчаки бойлик сифатида олиб қўйилган бўлса ва юқоридаги мақсадлардан биронтаси кўзда тутилмаган бўлса, у ўзининг аслий (тилла-кумушлик) ҳолида қолади ва закот фарз бўлади. Чунки, тилла ва кумушда закот фарз бўлади, ишлатиш ёки бировларга бериб туриш учун сақлаб туриш унинг фарзлигини соқит қилади. Бундан бошқа ҳолатларда эса у ўзининг аслида қолади ва нисобга етса ўзи мустақил равишда ёки бошқа молга қўшилиб закоти берилиши лозим бўлади.

Агар нисобдан кам бўлса ва бошқа молга қўшиш имкони ҳам бўлмаса, унда закот йўқдир. Мабодо тижорат учун ушлаб турилган бўлса, қийматида закот фарз бўлади.

 

Девор ва шифтларга тилла ва кумуш суви юритиш, тилла-кумушдан идишлар қилиш ҳукми

- Шифт ёки девор каби нарсаларга, автоулов ё унинг калитига тилла ва кумуш суви юритиш мусулмон кишига ҳаромдир. Шунингдек, қалам ва давот каби нарсаларга зарҳал (тилла ё кумуш) суви бериш ҳам ҳаром. Чунки, бу исроф ва кибр белгисидир.

- Тилла ва кумуш идишлар тутиш ёки идишларга зарҳал бериш ҳам ҳаром. Чунки, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: «Тилла ва кумуш идишда ичадиган киши қорнига жаҳаннам ўтини симираётган бўлади» (Бухорий (5634) ва Муслим (2065) Умму Салама розияллоҳу анҳодан ривоят қилганлар).

Шунингдек, тилла узук тақувчи эркак кишиларга қаттиқ ваъид (азоб хабари) айтилган. Шунга қарамай, минг афсус, айрим мусулмон эркакларнинг ушбу ваъидларга бепарволик билан ёки жоҳилликлари туфайли тилла узук тақиб юришларига гувоҳ бўлинади. Ундай кишилар бу ишларидан Аллоҳга тавба қилишлари, Аллоҳ рухсат берган кумуш узукка кифояланишлари лозим. Ҳалолни қилиб, ҳаромдан беҳожат бўлиш имконияти бор.

«Ким Аллоҳдан қўрқса, У зот унинг учун (барча ғам-кулфатлардан) чиқар йўлни (пайдо) қилур. Ва уни ўзи ўйламаган томондан ризқлантирур. Ким Аллоҳга таваккул қилса, бас, (Аллоҳнинг) Ўзи унга етарлидир. Албатта Аллоҳ Ўзи (хоҳлаган) ишига етувчидир. (Унинг хоҳишига қарши турувчи кимса йўқдир).Дарҳақиқат Аллоҳ барча нарса учун миқдор-ўлчов қилиб қўйгандир» (Талоқ: 2, 3).

Аллоҳ таолодан барчамизни Ўзининг динини билишга, шариатига амал қилишга ва ўзи учун ихлосли бўлишга муваффақ қилишини сўраймиз.