Жума 29 Март 2024 | 19 Рамазон 1445 Ҳижрий-қамарий

асосий қисм

  • lotinchaga
  • +
  • -
  • |

Дон-дун, мева, асал, кон ва хазиналар закоти ҳақидаги боб

3248 марта кўрилган

Аллоҳ таоло айтади: «Эй мўминлар, касб қилиб топган нарсаларингизнинг ҳалол-покизаларидан ва Биз сизлар учун ердан чиқарган нарсалардан инфоқ-эҳсон қилингиз!» (Бақара: 267).

Закотни инфоқ деб аталди. Аллоҳ таоло айтади: «Олтин-кумушни босиб, уни Аллоҳ йўлида инфоқ-эҳсон қилмайдиган кимсаларга аламли азоб «хушхабарини» етказинг!» (Тавба: 34). «Инфоқ-эҳсон қилмайдиган» дегани закотини бермайдиган деганидир.

Дон-дун ва мева-чеваларнинг закотини чиқаришга буюрувчи ва уларнинг миқдорини баён қилиб берувчи кўплаб ҳадислар келган. Мусулмонлар буғдой, арпа, хурмо ва майизда закот фарз бўлишига ижмоъ қилганлар. Буғдой, арпа, шоли, тариқ ва шу каби дон-дунларнинг ҳаммасида закот вожибдир. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: «Дон-дун ва хурмодан беш васақдан камига садақа йўқдир», деганлар (Бухорий (1459) ва Муслим (979) Абу Саид ал-Худрий розияллоҳу анҳудан ривоят қилганлар). Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам яна айтганлар: «Осмон (яъни ёмғир суви) ва чашмалар суғорган ёки умуман суғорилмайдиган нарсаларда ушр (ўндан бир), суғориладиган нарсаларда ушрнинг ярми (йигирмадан бир)дир» (Имом Бухорий (1483) Ибн Умар розияллоҳу анҳумодан ривоят қилган).

Мевалардан хурмо, майиз ва булардан бошқа ўлчовлик ва сақлаб қўйишга яроқли бўлганларига закот фарз бўлади. Шунда ҳам фақат нисобга етган бўлиши шарт бўлади. Абу Саид ал-Худрий розияллоҳу анҳудан ривоят қилинган ҳадис борки: «Беш васақдан камига садақа лозим эмас» (Бухорий (1405), Муслим (979), Абу Довуд (1558), Термизий (626), Насоий (2445), Ибн Можа (1793) ривоятлари). Бир васақ – Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг соълари бўйича олтмиш соъдир. Бир соъ эса жуссаси ўртача бўлган кишининг ҳовучида тўрт ҳовучдир.

Дон-дун ва мева-чевалардан закот бериш учун закот фарз бўлган пайт, яъни, мевалар пишиб етилган, донли экинларнинг дони қотган пайт нисоб даражасидаги ҳосил кишининг мулкида (яъни қўлида) бўлиши шарт қилинади.

Демак, дон-дун ва мевалардан закот фарз бўлиши учун иккита шарт топилиши шарт қилинган:

1)     Юқорида баён қилингани каби, нисобга етиши;

2)     Закот фарз бўлган пайт ўша ҳосил кишининг мулкида бўлиши.

Агар кейинроқ нисобга етса, унда закот фарз бўлмайди. Яъни, масалан, сотиб олса ёки йиғим учун иш ҳақи сифатида олса, бошоқ териб қўлга киритса ва ҳоказо.

Дон-дун ва мева-чевалардан чиқариладиган закот миқдори уларни қай йўл билан суғорилганига қараб фарқли бўлади:

-         Суғориш ускуналарисиз, сел ва оқин сувлар билан суғорилган бўлса ёки лалми ҳосил бўлса, унда ушр – ўндан бирини бериш фарз бўлади. Чунки, «Саҳиҳ»да Ибн Умар розияллоҳу анҳумодан ривоят қилинган ҳадис борки: «Осмон (яъни ёмғир суви) ва чашмалар суғорган ёки умуман суғорилмайдиган нарсаларда ушр (ўндан бир)дир (Имом Бухорий (1483) ривоят қилган). Жобир розияллоҳу анҳудан ривоят қилинган ҳадис борки: «Анҳорлар ва булутлар (яъни ёмғир) суғорган нарсаларда ушрдир» (Муслим (981) ривояти).

-         Қудуқдан тортиб ёки бошқа суғориш иншоотлари воситасида меҳнат билан суғорилган бўлса, унда ушрнинг ярми, яъни, йигирмадан бирини бериш фарз бўлади. Ибн Умар розияллоҳу анҳумо ривоят қилган ҳадисда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтганларидек: «(Туялар билан қудуқдан) сув тортибсуғориладиган нарсаларда ушрнинг ярми (йигирмадан бир)дир» (Имом Бухорий (1483) Ибн Умар розияллоҳу анҳумодан ривоят қилган). Жобир розияллоҳу анҳу ривоят қилган ҳадисда: «Сув тортувчи туялар билан суғорилган нарсаларда ушрнинг ярмидир» (Муслим (981) ривояти).

Дон-дунлардан закот чиқариш вақти – дон қотган пайт, мева-чевалардан закот чиқариш вақти эса мева ҳосили қизариб ёки сарғайиб, пишиб-етилгани маълум бўлган пайтдир. Агар шу ҳолга келганидан сўнг сотиб юборса, закоти сотувчи зиммасига бўлади, сотиб олувчига эмас.

Донни мусаффо ҳолда, яъни сомони ва пўстидан ажратиб чиқариш лозим. Мевани эса қуритилган ҳолини эътиборга олинади. Чунки, Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва саллам узумни забиб (майиз) ҳолида ўлчашга буюрганлар (Абу Довуд (1603), Термизий (643), Насоий (2617), Ибн Можа (1819) Аттоб ибн Усайд розияллоҳу анҳудан ривоят қилганлар),  унинг закоти майиз эътибори билан олинади. Хурмонинг закоти ҳам тамр, яъни қуруқ хурмо билан олинади.

Асални ўзининг мулки(да бўлган ер)дан ёки тоғларнинг тепалари каби ўлик ерлардан олса, олган асали нисобга етса, закот беради. Асалнинг нисоби Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг соълари бўйича ўттиз соъдир. Асалнинг закоти ушрдир.

 Маъдан – яъни, кон ва хазинада ҳам закот фарз бўлади. Аллоҳ таоло айтади: «Эй мўминлар, касб қилиб топган нарсаларингизнинг ҳалол-покизаларидан ва Биз сизлар учун ердан чиқарган нарсалардан инфоқ-эҳсон қилингиз!» (Бақара: 267).

Маъдан – ер остига яширинган кон ва хазина турларидан бўлиб, ердан олингани боис уларда ҳам худди дон-дун ва мева-чевада лозим бўлганидек закот лозим бўлади. Агар кон-хазина олтин ё кумуш бўлса, нисобга етса, қирқдан бир миқдорини бериш фарз бўлади. Олтин-кумушдан бошқа, сурма, маргимуш, олтингугурт, туз, нефт каби конлардан олинган маъданнинг баҳоси нисобга етса, унинг қийматининг қирқдан бирини олтин-кумуш билан бериш фарз бўлади.

Рикоз – яъни, кофирларнинг жоҳилият давридан қолган дафина (кўмилган хазина)сидан топилган нарсаларда ҳам закот фарз бўлади, у оз бўлсин, кўп бўлсин, бешдан бирини бериш вожибдир. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: «Рикозда хумс (бешдан бир)», деганлар (Бухорий (6912) ва Муслим (1710) Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилганлар).

Рикознинг кофирларга тегишли дафина экани уларга ё уларнинг бир қисмига кофирлар қўйган белгилардан ёки уларга битилган подшоҳларининг исмидан ёки бут-салибларининг шаклидан билиб олинади. Бешдан бирини чиқарилгач, қолгани топган одамники бўлади.

Агар топилган дафинада (кўмилган хазинада) ё унинг бир қисмида мусулмонлар белгиси топилса ёки умуман ҳеч қандай белги топилмаса, унинг ҳукми луқата (топиб олинган мол) ҳукмида бўлади.

Рикоздан олинган закот худди файъ (жангдаги ўлжалар) каби мусулмонларнинг умумий манфаатлари йўлида ишлатилади.

Демак, юқорида айтиб ўтилганлардан маълум бўладики, ердан чиққан нарсалар бир неча хил:

1)     Дон-дун ва мева-чевалар;

2)     Кон ва хазиналар;

3)     Асал;

4)     Рикоз.

Ушбу турларнинг барчаси Аллоҳ таолонинг қуйидаги оятлари остига киради: «Эй мўминлар, касб қилиб топган нарсаларингизнинг ҳалол-покизаларидан ва Биз сизлар учун ердан чиқарган нарсалардан инфоқ-эҳсон қилингиз!» (Бақара: 267), «Ўрим-терим кунида (бечора-мискинларга) ҳаққини беринглар»(Анъом: 141).

Закот кайл (сиғим) билан ўлчанадиган ва сақлаб қўйса бўладиган дон-дун ва мева-чеваларда фарз бўлади.

(Сиғим билан) ўлчанмайдиган ва сақлаб қўйилмайдиган олма, шафтоли, беҳи, анор каби меваларга закот фарз бўлмайди.

Шунингдек, турп (редиска), саримсоқ, пиёз, сабзи, тарвуз, тарра, бодринг, бақлажон, помидор каби сабзавот ва полиз экинларидан закот берилмайди. Алий розияллоҳу анҳудан ривоят қилинган марфуъ ҳадис борки: «Сабзавотларда садақа (закот) йўқдир» (Дорақутний (1884) ривояти). Абу Саид ал-Худрий розияллоҳу анҳудан ривоят қилинган ҳадис борки: «Беш васақдан камига садақа лозим эмас» (Бухорий (1405), Муслим (979), Абу Довуд (1558), Термизий (626), Насоий (2445), Ибн Можа (1793) ривоятлари. Бир васақ – Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг соълари бўйича олтмиш соъдир. Бир соъ эса жуссаси ўртача бўлган кишининг ҳовучида тўрт ҳовучдир).

Закот фарз бўладиган нарсаларда кайл (сиғим ўлчови) эътибор қилинди. Шундай экан, кайл билан ўлчанмайдиган ва сақлаб қўйилмайдиган нарсаларда закот лозим бўлмайди. Мазкур полиз ва сабзавот экинлари Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам даврларида ҳам, халифалари даврларида ҳам экилиб турилгани ҳолда улардан закот олинмагани уларда закот фарз бўлмаслигига далил бўлади. Ушбу нарсалардан закот олмаслик суннатга эргашиш бўлади.

Имом Аҳмад раҳимаҳуллоҳ айтади: «Бодринг, тарра, пиёз ва райҳонларда закот йўқ. Аммо, қачонки улар сотилиб, пули (нисобга етиб) бир йил айланса, закот берилади» (Мардовий, «Инсоф»: 3/87).