Жума 26 Апрель 2024 | 17 Шаввол 1445 Ҳижрий-қамарий

асосий қисм

  • lotinchaga
  • +
  • -
  • |

Одам ўлдириш ва унинг турларига доир аҳкомлар ҳақидаги боб

5609 марта кўрилган

  • Фуқаҳолар – раҳимаҳумуллоҳ – жиноятга берган таърифларига кўра, у бадан, мол ё обрў-номусга тажовуз қилишдир.

  • Фуқаҳолар бунинг биринчи турига – баданга бўлган тажовузга – жиноятлар китоби деб, иккинчи ва учинчи турига – мол ва обрў-номусга бўлган тажовузга – ҳадлар (жазолар) китоби деб номланган китоблар тузишган.

    Баданга бўлган тажовуз қасосни ёки молни (яъни, тўловни) ёки каффоратни вожиб қилади.

  • Мусулмонлар ноҳақ одам ўлдириш ҳаромлигига ижмоъ қилганлар. Бунинг далили Қуръон ва Суннатда мавжуддир:

  • Аллоҳ таоло айтади: «Аллоҳ (ўлдиришни) ҳаром қилган жонларни ўлдирмангиз, магар ҳақ билан (яъни қасос олиш учун ё муртад бўлгани, ёки зино қилгани учун шариат ҳукми билан ўлдиришингиз мумкин)» (Анъом: 151).

  • Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтганлар: «Аллоҳдан ўзга барҳақ маъбуд йўқлигига ва мени Аллоҳнинг Расули эканимга гувоҳлик берадиган мусулмон кишининг қони(ни тўкиш) фақат қуйидаги уч ҳолатдагина ҳалол бўлади: жуфти-ҳалоли бор бўлган зинокор, жонга-жон сифатида (яъни қасддан бировни ўлдирган киши) ва (муртадлик сабабли) жамоатни тарк қилиб (Ислом) динидан чиққан кимса» (Бухорий (6878) ва Муслим (1676) Ибн Масъуд розияллоҳу анҳудан ривоят қилганлар). Бу маънода бошқа ҳадислар ҳам бор.

  • Кимда-ким бир мусулмонни тажовуз билан ўлдирса, Аллоҳ таоло унга қуйидагича азоб хабарини берган: «Ким қасддан бир мўминни ўлдирса, унинг жазоси жаҳаннам бўлиб, ўша жойда абадий қолажак. Ва у Аллоҳнинг ғазаби ва лаънатига дучор бўлган, Аллоҳ унинг учун улуғ азобни тайёрлаб қўйгандир» (Нисо: 93).

  • Унинг ҳукми – гуноҳи кабира қилгани учун фосиқ саналади. Унинг иши Аллоҳ таолога ҳаволадир, У истаса азоблайди, истаса кечиради. Аллоҳ таоло айтади: «Албатта Аллоҳ Ўзига (бирон нарсанинг) шерик қилинишини кечирмас. Шундан бошқа гуноҳларни Ўзи хоҳлаган бандалари учун кечирур» (Нисо: 48). Бу одам ҳам Аллоҳнинг хоҳиш-истаги остида бўлади, чунки ширкдан паст бўлган гуноҳни содир қилди.

  • Бу тавба қилмаган одам ҳақидадир. Аммо, агар тавба қилса, тавбаси мақбул бўлади. Аллоҳ таоло айтади: «(Эй Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва саллам), Менинг ўз жонларига жиноят қилган бандаларимга айтинг: Аллоҳнинг раҳматидан ноумид бўлмангиз! Албатта Аллоҳ (Ўзи хоҳлаган бандаларининг) барча гуноҳларини мағфират қилур. Албатта Унинг Ўзигина мағфиратли, меҳрибондир» (Зумар: 53).

    Лекин, тавба қилиши билан охиратда мақтулнинг (яъни, ўлдирилган кишининг) ҳаққи ундан соқит бўлмайди. Балки, мақтул кўрган зулмига яраша қотилнинг ажру савобларидан олади ёки унга Аллоҳ таоло Ўз ҳузуридан ато этади. Қасос билан ҳам мақтулнинг ҳаққи соқит бўлмайди. Чунки, қасос мақтулнинг валийларининг ҳаққидир.

    Аллома Ибнул Қаййим раҳимаҳуллоҳ айтади: «Масаланинг таҳқиқи шуки, одам ўлдиришга учта ҳақ-ҳуқуқ тааллуқ топади: Аллоҳнинг ҳаққи, мақтулнинг ҳаққи ва валийнинг ҳаққи. Қотил агар қилган ишига пушаймон бўлиб ва Аллоҳдан қўрқиб, холис тавба қилиб, ихтиёрий равишда ўзини валий қўлига топширса, унинг тавбаси билан Аллоҳнинг ҳаққи соқит бўлади, ҳақларини тўла олиш ё сулҳ ё афв қилиш орқали валийларнинг ҳаққи ҳам соқит бўлади ва мақтулнинг ҳаққи қолади. Аллоҳ таоло қиёмат куни тавба қилган муҳсин бандасидан эваз қилиб Ўзи унга ато этади ва ўрталарини ислоҳ қилиб қўяди» (Ал-жавабул-кафий: 286-б).

  • Аксарият аҳли илмлар наздида қатл уч қисмга бўлинади. Улар: қасддан ўлдириш, қасдданга ўхшаш (шибҳул-амд) ўлдириш, қасдсиз (билмасдан) ўлдириб қўйишдир.

  • Қасддан ва билмасдан одам ўлдириш турлари ҳақида Қуръонда келган. Аллоҳ таоло айтади: «Мўмин мўминни фақат билмаган ҳолдагина ўлдириб қўйиши мумкин. Ким бир мўминни билмай ўлдириб қўйса, у бир мўмин қулни озод қилиши ва маййитнинг эгаларига — агар кечиб юбормасалар — хун тўлаши вожибдир. Агар маййит ўзи мўмин бўлиб, сизларга душман қавмдан бўлса, фақат бир мўмин қулни озод қилиши вожиб. Агар у сизлар билан сулҳ тузган қавмдан бўлса, унинг эгаларига хун тўлаш ва бир мўмин қулни озод қилиш лозим. Бас, ким (озод қилиш учун бир қул) топишга қодир бўлмаса, Аллоҳга тавба қилиб муттасил икки ой рўза тутмоғи лозим. Аллоҳ билим ва ҳикмат эгаси бўлган зотдир. Ким қасддан бир мўминни ўлдирса, унинг жазоси жаҳаннам бўлиб, ўша жойда абадий қолажак. Ва у Аллоҳнинг ғазаби ва лаънатига дучор бўлган, Аллоҳ унинг учун улуғ азобни тайёрлаб қўйгандир» (Нисо: 92, 93).

  • Қасдданга ўхшаган ўлдириш ҳақида суннати мутоҳҳарада келган. Амр ибн Шуайб отасидан, у бобосидан ривоят қилган ҳадисда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: «Қасдданга ўхшаш (ўлдириш)нинг дияси (яъни, хун пули) худди қасддан (ўлдириш)нинг диясидек оғирлаштирилган. Унинг (яъни, қатлнинг) соҳиби (яъни, қотил) ўлдирилмайди. Бу (яъни, қасдданга ўхшаш ўлдириш) шайтон одамлар орасида изғиб юриши ва (унинг ҳаракати сабабли) сабаби номаълум ҳолда, адоватсиз ва қурол кўтаришсиз қон (тўкилиши содир) бўлишидир», деганлар (Аҳмад (2/183, №6718) ва Абу Довуд (4565) ривоят қилганлар).

  • Абдуллоҳ ибн Амр розияллоҳу анҳумодан ривоят қилинишича, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: «Огоҳ бўлинглар, қасдданга ўхшаш билмасдан ўлдириб қўйиш қамчи ва асо билан (уриб) ўлдириб қўйишдир, унда юз туя (дия) бордир, ундан қирқтаси қорнида боласи бор (ҳомиладор) туялардир», деганлар (Абу Довуд (4547), Насоий (4795), Ибн Можа (2627), Аҳмад (2/164, №6533) ривоятлари).

  • Қасддан ўлдириш – бировнинг маъсум одамий эканини билган ҳолда қасд қилиш ва у билан ўлим содир бўлиши гумонда ғолиб бўлган нарса билан уни ўлдиришдир.

  • Ушбу таърифдан маълум бўладики, одам ўлдириш қачон қуйидаги шартлар топилсагина қасддан бўлган бўлади:

    Биринчи шарт: Қотилда қасд, яъни ўлдириш истаги бўлиши.

    Иккинчи шарт: Қотил ўзи ўдиришга қасд қилган шахснинг қони маъсум (яъни тўкилиши мумкин бўлмаган) одамий эканини билиши.

    Учинчи шарт: У билан қатл содир этган қурол одатда ўлдиришга яроқли бўлган нарса бўлиши, ўткир бўладими, ўтмас (тиғсиз) бўладими, фарқсиз.

    Агар мана шу шартлардан бирортаси топилмаса, қатл қасддан содир этилган саналмайди. Чунки, қасднинг бўлмаслиги қасосни вожиб қилмайди ва одатда у билан ўлим содир бўлмайдиган нарса билан қатл ҳосил бўлиши ўлимга ундан бошқа нарса сабаб бўлганига иттифоқ бўлади.

  • Қасддан ўлдиришнинг кузатувлар орқали маълум бўлган тўққизта сурати мавжуд:

    1. Танани тешиб ўтиш имкони бўлган пичоқ, санчқи (вилка) каби учи ўткир нарса билан жароҳатлаш. Ал-Муваффақ раҳимаҳуллоҳ айтади: «Бизнинг билишимизча, уламолар ўртасида бунда хилоф йўқдир» (Ал-муғний: 8/208).

    2. Тош ва шу каби оғир ва катта нарса билан уриб ўлдириши. Агар тош кичкина бўлса, қасддан ўлдирган бўлмайди. Магар ўладиган жойига бўлса, ёки ўлдирилган шахс беморлик, норасидалик, кексалик, жазирама иссиқ ё қаттиқ совуқ туфайли қувватсизлик ҳолатида бўлса, ёки кичкина тош ва шу каби нарса билан то ўлгунича қайта-қайта урса, қасддан ўлдириш саналади. Оғир нарса билан ўлдиришга мисол – устига деворни ағдариб юбориш, автоулов билан босиб ўтиш ё баландлик жойдан ташлаб юбориш кабилардир.

    3. Шер ё шу каби йиртқич ҳайвонга ёки илон ёнига ташлаш. Чунки, бундай ваҳшийлар олдига ташлашни қасд қилиш билан одатда қатлни қасд қилган бўлади.

    4. Оловга ёки ғарқ қилувчи сувга ташлаш ва улардан қутулиб чиқишига имкон бермаслик.

    5. Арқон ва шу каби нарса билан бўғиш ёки оғзи ва бурнини тўсиш ва шунинг оқибатида ўлим содир бўлиши.

    6. Қамаб қўйиб, емак-ичмакдан маҳрум қилиш ва шу ҳолда одатда ўлим ҳосил бўладиган муддат қолдириш, оқибатда ўлим содир бўлиши.

    7. Аксарият ҳолларда ўлимга сабаб бўладиган сеҳр билан ўлдириш, сеҳргар бунинг кўп ҳолларда ўлдиришини билган бўлиши.

    8. Ўзига билдирмай заҳар ичириш ё овқатига заҳар қўшиб қўйиш ва шунинг оқибатида ўлим содир бўлиши.

    9. Гувоҳлар бир одамга унинг қатлини вожиб қиладиган зинокорлик, муртадлик, қотиллик каби жиноятига гувоҳлик беришлари, у одам қатл қилинганидан сўнг гувоҳликларидан қайтиб: «Биз уни ўлдиришни қасд қилган эдик» дейишлари. Уларни ҳам қасддан ўлдиришда айбланиб, ўлдирилади.

  • Қасдданга ўхшаш ўлдиришга фуқаҳолар раҳимаҳумуллоҳ шундай таъриф берадилар: Қасдданга ўхшаш ўлдириш – бир кишига нисбатан кўпинча ўлимга сабаб бўлмайдиган бир жиноятни қасд қилиш ва у одам шу туфайли вафот этишидир, бу унга тажовуз қасди билан бўладими, адаб бериш учун бўлиб, керагидан ошириб юбориш бўладими, фарқсиз. Жиноятнинг бу турига қасдданга ўхшаш ўлдириш (шибҳул-амд) дейилади. Чунки, жиноятчи бир ишни қасд қилди ва беқасд ўлимга сабабчи бўлди.

  • Ибн Рушд раҳимаҳуллоҳ айтади: «Ким бир одамни одатда ўлдирмайдиган бир қурол билан уришни қасд қилса, унинг ҳукми қасд билан беқасдлик (билмасдан ўлдириш) ўртасида мутараддид бўлади... Қасдга ўхшаш томони – уни уришни қасд қилгани, беқасдга ўхшаш томони – у билан ўлдиришни қасд қилинмайдиган нарса билан уришидир» (Бидаятул-мужтаҳид: 4/1653).

    Қасдданга ўхшаш ўлдиришга мисол: Агар ўладиган жойидан бошқа жойга қамчи ё кичкина асо билан урса, ёки ўлмайдиган ерига қўли билан туртса ё мушт урса, шунда у одам ўлиб қолса, бу қасдданга ўхшаш ўлдириш бўлади. Бунда жиноятчининг молида каффорат, яъни қул озод қилиш фарз бўлади. Агар тополмаса, худди билмасдан ўлдиришда фарз бўлганидек, икки ой узлуксиз рўза тутади. Жиноятчининг эркак қариндошлари молида оғирлаштирилган хун пули фарз бўлади. Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳу ривоят қилган ҳадисда келганки: «Ҳузайллик икки аёл урушиб қолиб, бири иккинчисига тош отиб, уни қорнидаги боласи билан қўшиб ўлдириб қўйди... Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам аёлнинг хун пулини унинг (яъни, ўлдириб қўйган аёлнинг) эркак қариндошлари зиммасига ҳукм қилдилар» (Бухорий (6910), Муслим (1681) ривоятлари).

    Ҳадис қасдданга ўхшаш ўлдиришда қасос вожиб эмаслигига ва унинг дияси (хун пули) қатл қилган кишининг оқиласи – асаба йўли билан унга ворис бўлувчи эркак қариндошлари – зиммасига бўлишига далил бўлади. Чунки, бу қасосни вожиб қилмайдиган қатл бўлиб, унинг дияси худди билмасдан ўлдиришда бўлгани каби оқила зиммасида бўлади.

    Ибнул Мунзир раҳимаҳуллоҳ айтади: «Биз билган барча аҳли илмлар унинг оқила зиммасига бўлишига ижмоъ-иттифоқ қилганлар» (Ал-ижмоъ: 172-б).

    Ал-Муваффақ раҳимаҳуллоҳ айтади: «Унинг оқила зиммасига бўлишида хилоф борлигини билмаймиз» (Ал-муғний: 12/16). Бу икковларидан бошқалар ҳам шу каби сўзни айтганлар.

  • Билмасдан (хотоан) ўлдириб қўйишга фуқаҳолар шундай таъриф берганлар: «У – бир киши қилиши мумкин бўлган нарсани қилиши, масалан, бирон ов ёки нишонга ўқ узиши, ўқи эса у қасд қилмаган бир маъсум (қони тўкилиши мумкин бўлмаган, беайб) бир одамийга тегиб, уни ўлдириб қўйиши ёки кофирлар сафидаги бир мусулмонни кофир деган гумонда ўлдириб қўйишидир.

  • Гўдак бола ва мажнун кишининг қасддан ўлдириши ҳам билмасдан ўлдириш ўрнига ўтади. Чунки, бу иккисида қасд бўлмайди ва улар билмасдан қилган мукаллаф ўрнида бўладилар.

  • Бировнинг ўлимига сабаб бўлиш ҳам билмасдан ўлдириш қаторига киради. Масалан, бир киши йўл устига қудуқ ё чоҳ қазиб қўйиши ё сайёрасини (автоуловини) тўхтатиб қўйиши, шу сабабли бир инсон ҳалок бўлиши каби.

  • Билмасдан ўлдириб қўйишда қотилнинг молида каффорат, яъни бир мўмин қулни озод қилиш фарз бўлади. Агар қул тополмаса ёки қул топса-ю, унга етарли пул тополмаса, икки ой узлуксиз рўза тутади. Хун пули бериш оқиласига – яъни, асаба йўли билан унга ворис бўлувчи эркак қариндошларига фарз бўлади.

  • Ким кофирлар сафидаги бир мусулмонни кофир деган гумонда ўлдириб қўйса, унга фақат каффорат фарз бўлади. Чунки, Аллоҳ таоло: «Ким бир мўминни билмай ўлдириб қўйса, у бир мўмин қулни озод қилиши ва маййитнинг эгаларига — агар кечиб юбормасалар — хун тўлаши вожибдир. Агар маййит ўзи мўмин бўлиб, сизларга душман қавмдан бўлса, фақат бир мўмин қулни озод қилиши вожиб. Агар у сизлар билан сулҳ тузган қавмдан бўлса, унинг эгаларига хун тўлаш ва бир мўмин қулни озод қилиш лозим. Бас, ким (озод қилиш учун бир қул) топишга қодир бўлмаса, Аллоҳга тавба қилиб муттасил икки ой рўза тутмоғи лозим. Аллоҳ билим ва ҳикмат эгаси бўлган зотдир» (Нисо: 92), деди.

  • Демак, Аллоҳ таоло билмасдан ўлдириб қўйишни икки қисмга ажратди:

    Биринчи қисмда қотилга каффорат ва унинг оқиласига дия фарз бўлади. Бу – кофирлар сафида бўлмаган бир мўминни билмасдан ўлдириб қўйиш, шунингдек, ўлдирилган шахс биз билан улар ўртасида сулҳ шартномаси бўлган қавмдан бўлган ҳолатдир.

    Иккинчи қисмда фақат дия фарз бўлади. Бу – кофирлар сафидаги мўминни кофир деган гумонда ўлдириб қўйишдир.

    Имом Шавконий раҳимаҳуллоҳ «Агар маййит ўзи мўмин бўлиб, сизларга душман қавмдан бўлса, фақат бир мўмин қулни озод қилиши вожиб» ояти тафсирида айтади: «Яъни, агар ўлдирилган шахс сизларга душман бўлган уруш ҳолатидаги қавмдан бўлса. Бу кофирлар диёрида кофирлар ичида бўлиб, сўнг Исломни қабул қилган ва ҳижрат қилмаган бир мўминнинг масаласики, мусулмонлар унинг Исломни қабул қилганидан бехабар, қавмининг динида деб ўйлаб ўлдириб қўйишади. Унинг қотилига дия фарз бўлмайди, балки бир мўмин қулни озод қилиш фарз бўлади. Ундан диянинг соқит бўлиши сабаб ҳақида ихтилоф қилганлар. Бир қавлга кўра, унинг сабаби шуки, ўлдирилган шахснинг валийлари кофирлардир, улар дияга ҳақли эмаслар. Бир қавлга кўра, унинг сабаби шуки, иймон келтирган, лекин ҳижрат қилмаган бу одамнинг ҳурмати камдир. Чунки, Аллоҳ таоло: «Иймон келтирган, аммо ҳижрат қилмаган кишилар эса то ҳижрат қилмагунларича сизлар уларга дўстлик қила олмайсизлар» (Анфол: 72), деди. Баъзи аҳли илмлар унинг дияси байтул-мол зиммасига бўлишини айтганлар» (Фатҳул-қодийр: 1/498).

    Шайхулислом Ибн Таймия раҳимаҳуллоҳ айтади: «Бу кофирлар ичида худи асир каби маъзур бўлган мусулмон, шунингдек улар сафидан чиқишга ва ҳижрат қилишга имкон қилолмаган мусулмон ҳақидадир. Аммо, жангда ўз ихтиёри билан улар сафида бўлган мусулмон кишига асло зомин бўлинмайди. Чунки, у ўзини узрсиз ҳалокатга кўндаланг қилди» («Ҳошиятур-равзил-мурбиъ» соҳиби ундан нақл қилган: 7/178).

  • Билмасдан ўлдириб қўйишнинг дияси қотилнинг оқиласи зиммасига бўлишига Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳу ривоят қилган қуйидаги ҳадис далил бўлади: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам Бану Лаҳёнлик аёлнинг ўлик тушган ҳомиласининг диясида бир қул ё чўрига ҳукм қилдилар. Сўнг (дия учун) қул топширишига ҳукм қилган аёл вафот этди, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам унинг меросини эрига ва болаларига, (зиммасидаги тўлаши лозим бўлган) дияни эса асабасига ҳукм қилдилар» (Бухорий (6740), Муслим (1681) ривояти).

  • Ҳадис билмасдан ўлдириб қўйишдаги дия қотилнинг оқиласи зиммасига бўлишига далилдир, уламолар шунга ижмоъ қилганлар.

    Бундаги ҳикмат – валлоҳу аълам – шуки, дияни билмасдан ўлдириб қўйган кишининг молига вожиб қилиш унга ўзи қасд қилмаган бир гуноҳ сабабли катта зарар етказиш бўлади. Билмасдан қилиш кўп содир бўлиб турадиган ҳолатдир. Унга билмай қилган иши учун зоминликни (жавобгарликни) юклашда молига зиён етказиш ҳосил бўлади. Мақтул (ўлдирилган шахс) учун бадални вожиб қилиш шарт, чунки у ҳурмат эгаси бўлган бир жонзот эди. Унинг қонини (қасосдан ё диядан) бекор қилишда ворисларига, айниқса оиласига зарар бор. Шу туфайли шариат соҳиби бўлмиш ҳикматли зот қотилга биродар ва кўмакдош бўлган кишиларга бу ишда ҳам унга ёрдам беришни вожиб қилди. Бу худди нафақаларни вожиб қилиш ва асирларни бўшатиб олишдаги ёрдам кабидир. Чунки, фаразан мазкур жиноятни содир этган одам агар вафот этса, унинг оқиласи (асаба йўли билан унга меросхўр бўлувчи эркак қариндошлари) унинг меросини олишарди, энди унинг билмасдан қилган жиноятини ҳам бирга кўтаришади, фойдага ҳам, зиёнга ҳам шерик бўлишади.

  • Бир неча ишлар сабабли қотилга каффорат юклатилди:

    1. Увол кетган жоннинг ҳурмати.

    2. Ўлимга унинг бепарволиги ҳам сабаб бўлгани.

    3. Қотилга хун пули юкланмагани туфайли, биронта ҳам жавобгарликдан озод қолавермаслиги учун.

    Хун пулини қотилнинг эркак қариндошларига, каффоратни қотилга юкланишида бир неча ҳикмат ва манфаатлар борлиги маълум бўлди. Одамлар учун уларни ислоҳ қиладиган ва дину дунёларида манфаатли бўлган ҳукмларни машруъ қилган Аллоҳ таолога ҳамдлар бўлсин.

  • Қул, фақир, гўдак бола, мажнун, аёл киши, жиноят содир қилган киши билан дини бошқа одам унинг оқиласига кирмайди. Чунки, улар унинг кўмакчилари ва ёр-биродарлари эмасдир.

  • Билмасдан ўлдириб қўйганнинг хун пулини оқилага уч йил муддатда тўлашга муҳлат берилади, ҳоким улардан ҳар бирига унинг қурби етадиган миқдорни юклашга ҳаракат қилади ва бунда энг яқин қариндошларидан бошлайди.

  • Шайхулислом Ибн Таймия раҳимаҳуллоҳ айтади: «Агар имом (раҳбар) шунда манфаат бор деб кўрса, оқилага дияни кечиктириб тўлашга муҳлат бермайди...» (Ал-фатавал-кубро: 5/525).