Пайшанба 25 Апрель 2024 | 16 Шаввол 1445 Ҳижрий-қамарий

асосий қисм

  • lotinchaga
  • +
  • -
  • |

Қасосга доир аҳкомлар ҳақидаги боб

3066 марта кўрилган

  • Уламолар қасддан одам ўлдиришда – агар шартлари тўла топилса – қасоснинг машруъ эканига ижмоъ қилганлар. Чунки, Аллоҳ таоло деди: «Эй мўминлар, сизларга ўлдирилган кишилар учун озод киши муқобилига озод кишидан, қул учун қулдан, аёл киши учун аёлдан қасос олиш фарз қилинди» (Бақара: 178), «Унда (яъни Тавротда) уларга жонга жон... қасос олинади, деб фарз қилдик» (Моида: 45). Бу Таврот шариатида эди, биздан аввалгиларнинг шариати модомики бизнинг шариатимиз унга хилоф ҳукм келтирмаган бўлса, биз учун ҳам машруъдир. Аллоҳ таоло айтади: «Сизлар учун қасосда ҳаёт бор, эй аҳли донишлар! Шояд (жиноятлардан сақланиш билан) тақво ҳосил қилсангизлар» (Бақара: 179).

    Имом Шавконий раҳимаҳуллоҳ ушбу оят тафсирида айтади: «Яъни, Аллоҳ таоло сизлар учун машруъ қилган бу ҳукмда сизлар учун ҳаёт бор. Чунки, киши агар бировни ўлдирса, ўзи ҳам қасос йўли билан ўлдирилишини билса, қатлдан тийилади ва бировни ўлдиришга ошиқмайди. Бу эса одамийзотлар учун ҳаёт манзилатидадир. Бу балоғатнинг етук кўриниши ва фасоҳатнинг юксак намунасидир. Чунки, У биров учун ўлим бўлмиш қасосни унинг ортидан келувчи оқибат эътибори билан, яъни одамлар ўз жонларини сақлаб қолиш ва ўз ҳаётларини барбод қилмаслик учун бир-бирларини ўлдиришдан тийилишлари эътибори билан ҳаёт деб атади. Сўнг бу хитобни аҳли донишларга – ақл эгаларига йўналтирди. Чунки, ўшаларгина ишларнинг оқибатларига назар солувчи ва нақд зарарлардан сақланувчи кишилардир. Аммо, аҳмоқ ва енгилтак кимса ғазаби алангаланган ва жаҳл отига минган пайтда ишининг оқибатига қараб ўтирмайди, унинг ортидан келувчи натижа ҳақида фикр ҳам қилмайди. Сўнг Аллоҳ субҳанаҳу ва таоло бандаларига машруъ қилган бу ҳукмининг сабабини баён қилиб: «Шояд (жиноятлардан сақланиш билан) тақво ҳосил қилсангизлар» (Бақара: 179), деди. Яъни, қасосни риоя қилиб, қатл жиноятидан сақлансангизлар ва бу тақвога сабаб бўлса...» (Фатҳул-қодийр: 1/176).

    Суннати набавияда қасос эгаси қасосни тўла амалга ошириш ёки хун пули олиб, қасосдан кечиш ёки ҳеч нарса олмай бутунлай афв қилиш ўртасида ихтиёрли қилиниши ва мана шуниси энг афзал иш экани баёни келган. Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳу ривоят қилган ҳадисда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: «Кимнинг бир яқин кишиси ўлдирилса, у икки ишнинг бирини танлашга: ё дия ё эса қасос олишга ихтиёрлидир» (Бухорий (2434), Муслим (1355), Абу Довуд (45065), Термизий (1405), Насоий (4785), Ибн Можа (2624) ривоятлари).

    Аллоҳ таоло айтади: «Энди кимга биродари томонидан бир оз афв қилинса (яъни қотилдан қасос олиш ўрнига товон олишга рози бўлинса), у ҳолда яхшилик билан бўйсуниш ва чиройли суратда товон тўлаш лозимдир» (Бақара: 178).

    Ояти карима ва ҳадис шариф далолатига кўра, ўлдирилган шахснинг валийси қасос ё дия олишда ихтиёрли бўлади. Хоҳласа қасос олади, хоҳласа дияни қабул қилади. Ҳеч нарса олмасдан, шундоқ афв қилиб юбориши афзалдир. Чунки, Аллоҳ таоло: «Кечиб юборишингиз тақвога яқинроқ ишдир» (Бақара: 237), деди, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: «Қай бир киши бир зулмни кечириб юборса, Аллоҳ таоло шу сабабли унга азизликни зиёда қилади», деганлар (Муслим (2588), Термизий (2029), Аҳмад (2/235, №7206) Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилганлар).

    Афв қилиб юбориш модомики ёмонликка олиб бормаса, қасос олишдан кўра яхшироқдир. Шайхулислом Ибн Таймия раҳимаҳуллоҳ хиёнаткорона ўлдиришда афв қилиш яхши бўлмайди, деган фикрни ихтиёр қилган (Мажмуъул-фатава: 28/316). Қозий бир важҳни зикр қилади: Имомларни (раҳбарларни) ўлдирган кишини жазо сифатида ўлдирилади, чунки бунинг фасоди омдир. Аллома Ибнул Қаййим урайналиклар ҳақидаги воқеани келтириб, айтади: «Хиёнаткорона ўлдириш қотилни жазо сифатида ўлдиришни вожиб қилади, афв қилиш уни соқит қилолмайди, бунда тенгма-тенг муомала қилиш эътибор қилинмайди. Бу Мадина аҳлининг мазҳабидир ва Аҳмад мазҳабидаги икки хил қарашнинг биридир, шайхимиз ҳам шуни ихтиёр қилган ва шунга фатво берган» (Зодул-маъод: 4/42).

  • Ўлдирилган шахснинг валийси фақат қуйидаги шартлар топилгандагина қасос олишга ҳақли бўлади:

    Биринчи шарт: Мақтул (ўлдирилган киши) маъсум, яъни қони тўкилиши ҳалол бўлмаган киши бўлиши. Чунки, қасос олиш қонлар тўкилишини олдини олиш мақсадида машруъ қилинган. Қони тўкилиши ҳалол бўлган кишининг қонини сақлаб қолинмайди. Агар мусулмон уруш ҳолатидаги кофирни ёки муртадни тавба қилишидан олдин ўлдириб қўйса, ёки зинокорни ўлдирса, қасос билан ҳам, дия билан ҳам зомин бўлмайди, лекин унга ҳокимнинг ҳаққига тажовуз қилгани учун таъзир берилади.

    Иккинчи шарт: Қотил болиғ ва оқил бўлиши. Чунки, қасос қаттиқ уқубат-жазодир, уни ёш бола ва мажнунга қўллаш дуруст бўлмайди. Чунки, уларда қасд бўлмайди ёки саҳиҳ мақсад бўлмайди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: «Қалам (яъни савоб ё гуноҳ ёзилиши) уч кишидан кўтарилган: ухловчидан то уйғонгунига қадар; гўдак боладан то балоғатга етгунига қадар; мажнундан то ақли жойига келгунига қадар», деганлар (Абу Довуд (4398), Насоий (3432) Оиша розияллоҳу анҳодан ривоят қилганлар).

    Имом Муваффақуддин ибн Қудома раҳимаҳуллоҳ айтади: «Аҳли илмлар ўртасида гўдак бола ва мажнундан, шунингдек, уйқу ёки беҳушлик каби узрли бир сабаб билан ақли кетган одамдан қасос олинмаслиги борасида хилоф йўқдир» (Ал-муғний: 8/226).

    Учинчи шарт: Мақтул билан қотил жиноят пайтида баробар бўлишлари, яъни динда, озодлик ва қулликда тенг бўлишлари, қотил мусулмонлик ё озодлик жиҳатидан мақтулдан афзал бўлмаслиги.

  • Мусулмонни кофир муқобилига ўлдирилмайди. Чунки, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: «Мусулмонни кофир муқобилига ўлдирилмайди», деганлар (Бухорий (111), Абу Довуд (2751), Термизий 1412), Насоий (4744), Ибн Можа (2658) Алий розияллоҳу анҳудан ривоят қилганлар).

  • Озод кишини қул муқобилига ўлдирилмайди. Чунки, Аҳмад Алий розияллоҳу анҳудан ривоят қилишича: «Озод кишини қул муқобилига ўлдирилмаслиги суннатдандир» (Байҳақий (8/34) ривояти)

    Чунки, ўлдирилган шахс юқоридагилар бўйича қотил билан баробар бўлмаса, уни муқобилига буни олиниши ҳақдан ортиқча нарсани олиш бўлиб қолади.

    Юқоридагилардан бошқаларда қотил билан мақтул ўртасида бўлган тафовут таъсир кўрсатмайди. Чиройлини хунук муқобилига, шарафлини шарафсиз муқобилига, каттани кичик муқобилига ўлдирилади, эркакни аёл муқобилига, соғлом кишини мажнун ва эси паст муқобилига ўлдирилади. Чунки, Аллоҳ таоло: «Унда (яъни Тавротда) уларга жонга жон... қасос олинади, деб ёзиб қўйдик» (Моида: 45), «... озод киши муқобилига озод кишидан... қасос олиш фарз қилинди» (Бақара: 178), деди.

    Тўртинчи шарт: Мақтул қотилнинг фарзанди ё ўғлининг фарзанди ё қизининг фарзанди бўлмаслиги, ҳар қанча қуйига кетса ҳам. Ота ё она – ҳар қанча юқорига қараб кетса ҳам – фарзанд муқобилига – ҳар қанча қуйига кетса ҳам – ўлдирилмайди. Чунки, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: «Ота фарзанди муқобилига ўлдирилмайди», деганлар (Термизий (1401), Ибн Можа (2662) Ибн Аббос розияллоҳу анҳумодан ривоят қилганлар).

    Ибн Абдулбар раҳимаҳуллоҳ айтади: «Бу Ҳижоз ва Ироқдаги аҳли илмлар ўртасида жуда машҳур ҳадисдир...» (Ат-тамҳид: 23/437).

    Қасоснинг вожиблигини олиб келган умумий ҳукмлар шу каби ҳадислар билан хосланади, бу жумҳур аҳли илмнинг сўзидир.

  • Фарзандни ота ё она муқобилига ўлдирилади. Чунки, «Сизларга ўлдирилган кишилар учун ... қасос олиш фарз қилинди» (Бақара: 178) оятининг умумий маъноси шунга далолат қилади. Фақат фарзандини ўлдирган отани бошқа далил билан бундан мустасно қилинди.

    Мазкур тўрт шарт топилса, мақтулнинг валийлари қасос олишга ҳақли бўладилар.

  • Қасоснинг машруъ қилинишида одамлар учун раҳмат ва уларнинг қонларини сақлаб қолиш бордир. Аллоҳ таоло айтганидек: «Сизлар учун қасосда ҳаёт бор, эй аҳли донишлар! Шояд (жиноятлардан сақланиш билан) тақво ҳосил қилсангизлар» (Бақара: 179).

    Қуриб кетсин қасосни ваҳшийлик ва ўта қаттиққўллик дейдиган кимсалар! Ундайлар жиноятчининг бегуноҳ одамни ўлдиришга қўл урган пайтидаги, юрт қалбига қўрқув солишга уринган, хотинларни бева, болаларни етим, хонадонларни вайрон қилишга қўл урган пайтидаги ваҳшийлигига қарамайдилар. Улар тажовузкорга раҳм-шафқат қиладилар-у, бегуноҳ одамларга раҳмлари келмайди. Суф уларнинг ақлларига, туф уларнинг нодонликларига! «Жоҳилият ҳукмини истайдиларми?! Иймонлари комил бўлган қавм учун Аллоҳдан ҳам гўзалроқ ҳукм қилувчи ким бор?!» (Моида: 50).

  • Қасос – унга нисбатан жиноят содир этилган кишининг ёки унинг валийсининг жиноятчига нисбатан айни ўша ишни қилишидир. Унинг ҳикмати – кўнгил таскин топиши ва ғазаб оловининг сўнишидир. Аллоҳ таоло қасосни тажовузни тийиб қўйиш ва кўнгилларни тўлдириш, жиноятчига у жабрланган кишига тоттирган нарсани тоттириш учун машруъ қилди. Қасосда инсон зоти учун ҳаёт ва сақланиб қолиш бор.

  • Жоҳилият аҳли ўч олишда ўта муболаға қилишар, бир жиноят учун уни қилган кишидан бошқалардан ҳам ўч олишар эди. Бу эса у билан кўзда тутилган мақсад ҳосил бўлмайдиган, аксинча, фитнани зиёда қилиш ва қон тўкишни кўпайтиришга олиб келувчи иш эди. Ислом дини ва унинг комил шариати қасос ҳукмини олиб келди ва жазони жиноятчининг ўзига чеклади, бу билан адолат, раҳм-шафқат ва қонларни сақлаб қолиш қарор топди.

  • Юқорида қасос фарз бўлишининг шартларини айтиб ўтилди. Лекин, ушбу шартлар тўла-тўкис топилиб, қасос фарз бўлган тақдирда ҳам бошқа бир неча шартлар тўла бўлмагунча уни ижро қилиш жоиз бўлмайди. Фуқаҳолар — раҳимаҳумуллоҳ — ушбу шартларни қасосни тўла-тўкис охирига етказиш шартлари, деб номлаганлар. Улар учта шартдан иборат:

    Биринчи шарт: Қасос олишга ҳақли бўлган шахс мукаллаф бўлиши, яъни оқил ва болиғ бўлиши шарт. Агар қасосга ҳақдор шахс ёки ҳақдорларнинг баъзиси гўдак бола ё мажнун бўлса, уларнинг валийси улар учун қасос олиб қўймайди. Чунки, қасосда кўнгил таскин топиши ва ўчини олиш бор бўлиб, ҳақдорнинг қасосини бошқа биров олганида бу нарса ҳосил бўлмай қолади. Шунинг учун то ёш бола улғайгунигача ва мажнун ўзига келгунигача қасосни ижро қилишни кечиктириб туриш ва жиноятчини қамоқда сақлаш фарз бўлади. Муовия розияллоҳу анҳу Ҳудба ибн Хашрамни то у ўлдирган одамнинг боласи балоғатга етгунига қадар ҳибсда сақлаган (Қаранг: Тарих Димашқ: 34/374), бу иш саҳобалар асрида бўлган ва улар тарафидан инкор қилинмаган. Демак, бу Муовия розияллоҳу анҳу замонидаги саҳобаларнинг ижмоъига айланган.

    Агар қасос эгаларидан бўлган ёш бола ёки мажнун нафақага муҳтож бўлса, мажнуннинг валийси хун пулини олиб, афв қилиши мумкин, чунки унинг жунуни қачон кетиши номаълум. Ёш боланинг валийси эса бундай қилишга ҳақли бўлмайди.

    Иккинчи шарт: Валийлар ва қасосда шерик бўлувчилар уни тўла ижро қилишга келишиб олишлари, баъзилари қолиб баъзилари уни ижро қилмасликлари. Чунки, қасосни ижро қилиш муштарак ҳақдир, уни бўлакларга бўлиб бўлмайди. Агар баъзилари унинг ижросидан четда қолиб кетишса, бошқа баъзилари бировнинг ҳаққини унинг изнисиз олиб қўйган бўлади.

    Агар қасосга ҳақли бўлишда шерик бўлган кишилардан баъзилари ғойиб ё ёш бола ё мажнун бўлса, ғойибнинг келишини, ёш боланинг балоғатга етишини, мажнуннинг эси жойига қайтишини кутилади.

    Қасосга ҳақдорлардан бирови вафот этса, вориси унинг ўрнини эгаллайди.

    Агар қасосга ҳақдорликда шерик бўлганларнинг баъзилари кечириб юборсалар, қасос соқит бўлади.

    Насаб ва сабаб билан ворис бўлган барча меросхўрлар – эркагу аёл, каттаю кичик қасосга ҳақдорликда шерик бўладилар. Баъзи уламоларнинг сўзларига кўра, кечиб юбориш фақат асабаларга хосдир. Бу имом Моликнинг сўзи, имом Аҳмаддан бир ривоятдир, шайхулислом Ибн Таймия ҳам шу фикрни ихтиёр қилган. (Ал-фатавал-кубро: 5/523).

    Учинчи шарт: Қасосни ижро қилиш жиноятчидан бошқа одамга ҳам ўтиб кетишидан омонликда бўлиш. Чунки, Аллоҳ таоло: «Кимки мазлум бўлган ҳолида (яъни, ноҳақ) ўлдирилса, биз унинг эгаси — вориси учун (қасос олишга) ҳуқуқ бергандирмиз. Бас, у (қотилни) ўлдиришда ҳаддан ошмасин (яъни, қотилнинг ўрнига бошқа бировни ўлдирмасин, ё бир кишининг муқобилига икки кишини ўлдирмасин, ёки қотилни ўлдиришда унинг қулоқ-бурнини кесмасин)! Зеро, у (Аллоҳ томонидан қотилнинг устига) ғолиб қилинган зотдир», деди (Исро: 33).

    Демак, қасосда ҳаддан ошиш тажовуздир, ояти карима бундан ман қилишга далил бўлади. Агар ҳомиладор аёлдан қасос олиш фарз бўлса ёки у қасос фарз бўлганидан сўнг ҳомиладор бўлиб қолса, то ҳомиласини туққунича қасосни кечиктирилади. Чунки, уни ўлдириш бегуноҳ ҳомилага тажовуз қилиш бўлиб қолади. Аллоҳ таоло: «Ҳеч бир кўтарувчи (яъни гуноҳкор жон) ўзга жоннинг юкини (яъни гуноҳини) кўтармас», деди (Анъом: 164). Болани туққанидан сўнг агар эмизадиган одам топилса, болани унга берилади ва қасосни ижро қилинади. Агар эмизувчи топилмаса, то икки йил эмизиб, сутдан айиргунига қадар қўйиб турилади. Чунки, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: «Аёл киши қасддан ўлдирса, агар ҳомиладор бўлса то ҳомиласини туққунига қадар ва то боласи кафолатга олинмагунича уни ўлдирилмайди. Агар зино қилган бўлса ҳам то қорнидагини туққунига қадар ва то боласи кафолатга олинмагунича уни тошбўрон қилинмайди», деганлар (Ибн Можа (2694) ривояти). Зинони бўйнига олиб келган аёлга: «Қайтиб кетавер то туққунингча», деганлар, кейин: «Қайтиб кетавер то эмизиб, сутдан айиргунингча», деганлар (Абу Довуд (4442) ривояти, ҳадиснинг асли «Саҳиҳ Муслим»да (1695) мавжуд).

    Мазкур оят ва иккала ҳадис ҳомила туфайли қасосни кечиктирилишига далил бўлади ва бу ижмоъдир. Бу эса шариатимизнинг комиллиги ва адолатлилигига далил бўлади. Зеро, у қоринлардаги ҳомилаларни ҳам риоя қилди ва уларга зарар етишига йўл қўймади, ёш болалар ва заифларнинг ҳақларига риоя қилди, улардан зарарни даф қилди ва уларнинг ҳаётларини асрашни кафолатлади. Бандаларнинг манфаатларини ўз ичига олган бу комил ва шомил шариати учун Аллоҳга ҳамдлар бўлсин.

  • Қасоснинг ижроси тажовуздан холи бўлиши ва шаръий йўлга қатъий риоя қилиниши учун имом (халифа, раҳбар) ёки ноибининг кузатуви остида амалга оширилиши шарт.

  • Қасосни ижро этиш қуроли қилич ва пичоқ каби ўткир асбоб бўлиши шарт қилинади. Чунки, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: «Агар қатл қилсангиз, қатлни ҳам чиройли қилингиз», деганлар (Муслим (1955) Шаддод ибн Авс розияллоҳу анҳудан ривоят қилган).

    Қасосни ўтмас ва тўмтоқ қурол билан ижро қилиш ман қилинади, чунки бу қатлда ҳаддан ошишдир.

  • Кейин, агар валий шаръий кўринишда чиройли ижро қила олса қилади, акс ҳолда ҳоким уни ўз ўрнига қасос олиш учун бирон кишини вакил қилишга буюради.

  • Уламоларнинг сўзларидан саҳиҳроғига кўра, жиноятчига у жабрланувчига нима қилган бўлса, айни шу ишни қилинади. Чунки, Аллоҳ таоло айтади: «(Эй мўминлар), агар сизлар (ўзингизга етган бирон зиён-заҳмат учун) интиқом олмоқчи бўлсангизлар, у ҳолда фақат сизларга етказилган зиён баробарида интиқом олингиз» (Наҳл: 126), «Бас, ким сизларга тажовуз қилса, сизлар ҳам уларга тажовузлари муқобилида тажовуз қилинг!» (Бақара: 194). Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам бир яҳудий ансорлардан бўлган жориянинг бошини ёргани учун унинг ҳам бошини ёришга буюрганлар (Бухорий (6877), Муслим (1672) Анас розияллоҳу анҳудан ривоят қилганлар).

    Имом Ибнул Қаййим раҳимаҳуллоҳ айтади: «Китобга ва (адолат) тарозисига кўра, жиноятчига у жабрланувчига қилган ишни қилинади, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам шундай қилганлар, Қуръон, Суннат ва саҳобаларнинг асарлари шунга иттифоқ қилгандир» (Иъламул-муваққиъийн: 1/301).

    Бинобарин, агар қўлларини кесиб, кейин ўлдирган бўлса, унинг ўзини ҳам шундай қилинади. Агар тош билан уриб ўлдирган бўлса ёки сувга чўктирган бўлса ё бошқа бирон йўл билан ўлдирган бўлса, унинг ўзини ҳам худди шу йўл билан ўлдирилади. Агар қасос эгаси унинг калласини қилич билан олиш билан чекланишни истаса, шундай қилади ва бу энг афзалдир.

    Агар ҳаром қилинган бир иш орқали ўлдирган бўлса, уни қилич билан қатл қилинади.

    Ҳозирги замонда отишни яхши билган одам ўқ отиш қуроли билан отиб ўлдириши ҳам қилич билан ўлдиришга ўхшагандир.