Жума 26 Апрель 2024 | 17 Шаввол 1445 Ҳижрий-қамарий

асосий қисм

  • lotinchaga
  • +
  • -
  • |

Муздалифага қайтиб, кечани ўтказиш ва Муздалифадан Минога қайтиш ҳамда ийд куни қилинадиган амаллар ҳақидаги боб

3217 марта кўрилган

Кун ботганидан сўнг ҳожилар хотиржамлик ва осойишталикни сақлаган ҳолда Муздалифага қараб отланадилар. Жобир розияллоҳу анҳу ривоят қилганидек: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам туришда давом этдилар, ҳатто сариқлик кетиб кун ботди, қуёшнинг гардиши ғойиб бўлди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам Усомани ортларига миндирдилар ва йўлга чиқдилар, туялари Қасвонинг тизгинидан тортар, ҳатто туянинг боши эгарнинг қошига етарди. Ўнг қўллари билан ишора қилиб: «Ҳой одамлар! Тинчлик сақланглар!», дердилар (Муслим (1218) ривояти).

Мусулмонлар Арафотдан қайтишларида худди ана шундай хотиржамлик ва мулойимликни қўлдан бермаган ҳолда юришлари, ҳожи биродарларини қисиб, тиқилинч қилмасликлари, автоуловлари билан одамлар орасини ёриб, уларга хавф туғдирмасликлари, заифларга, кексаларга, пиёдаларга раҳм-шафқат кўрсатишлари лозим.

Ҳожи Арафотдан Муздалифага қайтишида истиғфор айтиб келади. Чунки, Аллоҳ таоло: «Сўнгра одамлар тушган томондан тушинглар ва Аллоҳдан (гуноҳларингизни) мағфират қилишини сўранглар! Албатта Аллоҳ мағфират қилувчи, раҳмлидир», дейди (Бақара: 199).

Муздалифа – «яқинлашиш» маъносидаги «издилоф» калимасидан олинган бўлиб, ҳожилар Арафотдан тушгач, унга қараб яқинлашишлари туфайли шундай аталган. Ундан ташқари уни «жамъ» (жамланиш) деб ҳам атайдилар, чунки ҳожилар унда жамланадилар. Яна унинг «ал-машъарул-ҳаром» номи ҳам бор.

«Ал-муғний»да айтилишича: «Муздалифанинг учта номи бор: Муздалифа, Жамъ ва Ал-машъарул-ҳаром» (5/83).

Ҳожи Муздалифага қараб юришида Аллоҳни зикр қилади, чунки, у машоъир (ибодат ўринлари) томон бораётган ва улар ўртасида кўчиб юрган пайтдир.

Муздалифага етиб боргач, шом ва хуфтонни жамлаб, хуфтонни икки ракъат қаср қилиб, бир азон ва икки иқомат билан ўқийди. Буни ҳали юкларини тушириб жойлашмасдан туриб қилади. Жобир розияллоҳу анҳу ривоят қилишича: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам Муздалифага етиб боргач, бир азон ва икки иқомат билан шом ва хуфтонни ўқидилар» (Муслим (1218) ривояти).

Сўнг тонг отиб, бамдод намозини ўқигунча Муздалифада тунайди. Жобир розияллоҳу анҳу айтади: «Сўнг Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам ётдилар, ҳатто тонг отди. Субҳ маълум бўлгач, азон ва иқомат билан бамдодни ўқидилар» (Муслим (1218) ривояти).

Муздалифанинг ҳаммасини «Ал-машъарул-ҳаром» деб аталади, у Арафотдан кейин келувчи икки маъзам (тоғнинг торайган жойи)дан тортиб, то Батни Муҳассиргачадир. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: «Муздалифанинг ҳаммаси мавқифдир, Батни Муҳассирдан кўтарилинглар», деганлар (Ибн Можа (3012), Насоий (3015), Абу Довуд (1907), Аҳмад (3/326, №14498).

То тонг отгунича Муздилафада тунаш ва ўша ерда бамдодни аввалги вақтида ўқигач, то кун ёришиб кетгунча дуо қилиб туриш, сўнг қуёш чиқишидан олдинроқ Минога қараб йўл олиш суннатдир.

Аёллар, ёш болалар каби заиф кишилар ой ботганидан сўнг Муздалифадан Минога жўнайверишлари мумкин.

Шунингдек, ушбу заифларни етаклаб ва қараб юрган кучли-қувватли кишилар ҳам ярим тундан сўнг улар билан бирга кетишлари мумкин.

Аммо, қарамоғида заиф кишилар бўлмаган кучли-қувватли кишилар то бамдодни Муздалифада ўқиб, кун ёришиб кетмагунича у ерда туришлари керак бўлади.

Муздалифада тунаш ҳажнинг фарзларидан саналади, у ерга ярим кечадан олдин етиб келган кишилар ундан (то ярим кеча бўлгунича) кетишлари жоиз эмас. Аммо, туннинг иккинчи ярмида келган кишилар у ерда тонг отгунча туриб, бамдодни ўқишлари афзал бўлса-да, бироқ озроқ муддат тур(иб кейин жўнаб кет)салар ҳам кифоя қилади.

«Муғний» соҳиби айтади: «Ким Муздалифага фақат туннинг иккинчи ярмида етиб келса, унга ҳеч нарса лозим эмас, чунки у туннинг биринчи ярмидан бир жузга бўлса-да етмади. Демак, унга бунинг ҳукми тааллуқ топмайди (яъни, тун яримлашидан аввал етиб келган одам узрли ё беузр бўлсин, у ердан тун яримлашидан аввал кетиб қолса унга қон вожиб бўлади. Тун яримлагандан кейин келганлар бундан мустасно. ИНТ изоҳи)» (5/286).

Шифохонада даволанишга муҳтож беморлар ёки касалнинг парваришига масъул бўлган шифокорлар, хизматчилар ва шу каби узр соҳиблари Муздалифада тунамасликлари мумкин. Чунки, Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам туяларга қаровчи кишиларга тунамасликка рухсат берганлар (Абу Довуд (1975), Термизий (955), Насоий (3069), Ибн Можа (3037) Абул-Бадоҳ ибн Осимдан, у отасидан ривоят қилганлар).

Хулоса шуки, Муздалифада тунаш тун яримламасдан туриб келган кишилар учун фарз, чунки, Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам у ерда тунаганлар ва: «Нусукларингизни (яъни, ҳажга доир ибодатларингизни) мендан (ўрганиб) олинглар», деганлар (Муслим (1297) Жобир розияллоҳу анҳудан ривоят қилган). Ярим тундан сўнг чиқиб кетишга бу борада рухсат ворид бўлгани учун изн берилди.

Шундан сўнг ҳожи кун чиқишидан олдинроқ Минога йўл олади. Умар розияллоҳу анҳунинг айтишларича: «Мушриклар то қуёш чиқмагунича Жамъдан (яъни, Муздалифадан) қайтмас эдилар, Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам уларга хилоф қилиб, кун чиқишидан олдин йўлга отландилар» (Бухорий (1684), Насоий (3047), Термизий (896) ривоятлари).

Сакинат – осойишталик билан юриб боради. Муҳассир водийсига ( Муздалифа ва Мино оралиғида бўлган, ҳар иккисидан саналмайдиган водий) етгач, бир тош отиш миқдорича масофада тезлайди (кейин яна аввалгидек юради).

Минога етмасидан йўлда майда тошлар териб олади, шуниси афзал, ёки тошларни Муздалифадан ё Минодан олиши ҳам мумкин, қаердан олса ҳам жоиз. Чунки, Ибн Аббос розияллоҳу анҳумонинг айтишларича: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам Ақаба тонги туялари устида туриб: «Менга майда тошлардан териб бер», дедилар, мен у кишига еттита тош териб бердим, уларни кафтлари билан қоқиб: «Мана шундай тошларни отинглар», дедилар. Сўнг: «Эй одамлар! Динда ғулув кетишдан сақланинглар! Зеро, сизлардан олдингиларни фақат динда ғулув кетишлари ҳалок қилган», дедилар (Насоий (3057) ва Ибн Можа (3029) ривоятлари).

Отиладиган тошлар нўхатдан каттароқ, ловия донича катталикда бўлади.

Тошдан бошқа нарсани отиш, шунингдек катта тошларни отиш ўтмайди, чунки, Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам майда тошларни отганлар ва: «Нусукларингизни (яъни, ҳажга доир ибодатларингизни) мендан (ўрганиб) олинглар», деганлар (Муслим (1297) Жобир розияллоҳу анҳудан ривоят қилган).

Минога етиб боргач, Жамратул-Ақабага (Макка тарафга яқинроқ жойлашган, охирги тош отиш ўрнига) боради. Уни Жамратул-кубро (ҳам) деб номланади. Кун чиққанидан кейин унга еттита тошни битта-битталаб отади. Тош отиш пайти кун ботгунича давом этади.

Ҳар бир тошча Жамра ҳовузига тушиши лозим. Ҳожи тошларни тиклаб қўйилган устунга теккизишга эмас, Жамра ҳовузи ичига туширишга мўлжаллаши лозим. Чунки, устун унга тош отилиши учун эмас, тош отиш ўрнига аломат бўлиши учун тикланган. Тош отиш ўрни ҳовуздир. Агар тош устунга тегиб, учиб кетса ва ҳовузга тушмаса, отилган ҳисобига ўтмайди.

Заифлар ва уларнинг ҳукмида бўлганлар тун яримлагандан кейин отадилар. Заиф бўлмаган кишилар ҳам ярим тундан сўнг отсалар кифоя қилади, бироқ улар афзалнинг хилофини қилган бўладилар.

Минога етиб борганидан сўнг энг аввал тош отиш амалини қилиш суннат, чунки, бу Минонинг таҳийясидир.

Ҳар бир тошни отишда такбир айтади, «Аллоҳумма-жъалҳу ҳажжан мабрурон ва занбан мағфурон» (Эй Парвардигор! Ҳажимни мабрур ва гуноҳимни кечирилган қилгин), дейди. Қурбонлик куни Ақаба жамрасидан бошқасига тош отмайди.

Агар таматтуъ ёки қирон ҳажини қилаётган бўлса, Ақаба жамрасини отганидан кейин афзали ҳадясини (жонлиқ) сўйишидир. Жонлиқни сўйиб, гўштини улашиб беради, ўзи ейиши учун бир қисмини олади.

Сўнг сочини қирдиради ёки қисқартиради, қирдириш афзалроқ. Чунки, Аллоҳ таоло: «... бошларингизни (сочларингизни) қирдирган ва (ёки) қисқартирган ҳолларингизда» (Фатҳ: 27), деди.

Ибн Умар розияллоҳу анҳумо ривоят қилган ҳадисга кўра: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам Ҳажжатул-вадоъда сочларини қирдирдилар» (Бухорий (4410) ва Муслим (1304) ривоятлари).

У зот соллаллоҳу алайҳи ва саллам сочларини қирдирганлар ҳаққига уч марта, қисқартирганлар ҳаққига бир марта дуо қилганлар (Бухорий (1727) ва Муслим (1301) Абдуллоҳ ибн Умар розияллоҳу анҳумодан ривоятлари).

Агар қисқартирса, бошининг ҳамма қисмини бирдек қисқартириши лозим, бир томонини ёки бир қисмини қисқартириши кифоя қилмайди. Чунки, Аллоҳ таоло: «... бошларингизни (сочларингизни) қирдирган ва (ёки) қисқартирган ҳолларингизда» (Фатҳ: 27), деди, қирдириш ва қисқартиришни бошнинг ҳаммасига нисбатлади.

Аёл киши эса соч ўримлари учидан бармоқ учлари миқдорича кесиб, қисқартиради. Ибн Аббос розияллоҳу анҳумо марфуъан ривоят қилган ҳадисда айтилади: «Аёлларга қирдириш йўқ, аёллар учун фақат қисқартириш бор» (Абу Довуд (1984), Доримий (2/89, №165), Дорақутний (2/271, №165), Табароний «Ал-муъжамул-кабир»да (12/250, №13018) ривоят қилганлар).

Чунки, аёлларнинг соч қирдиришлари мусла (бирон аъзони кесиш) ўрнида кўрилади. Агар аёл кишининг сочи ўрилмаган бўлса, сочларини жамлаб, учларидан бармоқнинг бир бўғими миқдорича қисқартиради.

Сочини қирдирган ё қисқартирган киши тирноқларини, мўйловини, қўлтиқ ва киндик ости тукларини олиши суннатдир.

Соқолини олиши ёки қисқартириши мумкин эмас. Чунки, Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам соқолни тўла қўйишга буюрганлар (Бухорий (589) ва Муслим (259) Ибн Умар розияллоҳу анҳумодан ривоят қилганлар), уни қиришдан ва қисқартиришдан қайтарганлар. Мусулмон киши пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва саллам буюрган ишга бўйсунади, қайтарган ишларидан тийилади. Бинобарин, ҳожи бунга амал қилишга лойиқроқ, чунки, у ибодатда турибди.

Сочи янги қирилган ёки умуман бошида сочи йўқ кал бўлса, бошига устара юргизиб қўяди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: «Агар сизларни бир ишга буюрсам, қодир бўлганингизча қилинг», деганлар (Бухорий (7288) ва Муслим (1337) Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилганлар).

Жамратул-ақабани отиб, соч олдиргандан ё қисқартиргандан сўнг эҳром сабабли ҳаром бўлган хушбўйлик, тикилган кийим ва ҳамма нарсалар ҳалол бўлади, фақат аёлига яқинлашиш ҳалол бўлмайди. Оиша розияллоҳу анҳо ривоят қилган ҳадисда айтилган: «Тош отганингиздан ва соч олдирганингиздан сўнг хушбўйлик, кийимлар ва ҳамма нарса сизларга ҳалол бўлади, фақат аёллар (ҳалол бўлмайди)» Абу Довуд (1987) Оиша розияллоҳу анҳодан, Ибн Можа (3041) ва Аҳмад (1/234, №2090) Ибн Аббос розияллоҳу анҳумодан ривоят қилганлар).

Оиша розияллоҳу анҳодан ривоят қилинади: «Мен Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламни эҳромга киришларидан олдин эҳром учун ва қурбонлик куни Байтни тавоф қилишларидан олдин мушкли хушбўйлик билан хушбўйлаб қўярдим» (Бухорий (1539) ва Муслим (1192) ривоятлари).

Биринчи таҳаллул (ҳалол бўлиш) мана шу бўлиб, у уч нарсадан – яъни Жамратул-ақабани отиш, соч олдириш ва тавофи ифоза (ва зиммасида саъй қилиш бўлган киши саъй) қилишидан – икки ишни қилиш билан ҳосил бўлади.

Иккинчи таҳаллул – тамомила ҳалол бўлиш – эса мазкур уч ишнинг ҳаммасини қилиш билан адо топади ва уларни тўла адо қилган кишига эҳром сабабли ҳаром бўлган ҳамма нарса, шу жумладан аёллар ҳам ҳалол бўлади.

Жамратул-ақабани отганидан, қурбонлигини сўйганидан ва сочини олдирганидан кейин Маккага тушиб, тавофи ифоза қилади, сўнг таматтуъ ҳажини қилаётган киши – шунингдек, қирон ё ифрод ҳажини қилаётган киши ҳам агар тавофи қудумдан сўнг саъй қилмаган бўлса – Сафо ва Марва ўртасида саъй қилади.

Қирон ё ифрод нияти билан ҳаж қилаётган киши агар тавофи қудумдан кейин саъй қилган бўлса, ўша қилган саъйи кифоя қилади ва тавофи ифозанинг ўзи билан чекланади.

Ушбу тўртта амални қуйидаги тартибда қилиш: Жамратул-ақабани отиш, сўнг ҳадя-жонлиқ сўйиш, сўнг соч олдириш, сўнг тавоф ва саъй қилиш суннатдир. Агар бунга хилоф қилса ва ушбу амалларнинг тартибини ўзгартириб юборса, зарари йўқ. Чунки, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам ўша куни қай бир амални олдинроқ ёки кейинроқ қилиб қўйилгани ҳақидаги саволларга «Қилавер, зарари йўқ», деб жавоб берганлар (Бухорий (83), Муслим (1306) Абдуллоҳ ибн Амр ибн Ос розияллоҳу анҳумодан ривоят қилганлар).

Лекин, мазкур тартиб бўйича қилса афзал бўлади, чунки, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам шундай тартибда қилганлар (Саҳиҳ Муслим: 1305).

Байтуллоҳни тавоф қилиш қуйидаги кўринишда бўлади:

Тавофни Ҳажарул-асвад ёнидан бошлайди, унга яқинлашиб, ўнг қўли билан истилом қилади, яъни силайди, имкони бўлса, ўпади.

Агар тиқилинч сабабли Ҳажарул-асвадга яқинлашиш иложи бўлмаса, унга қўли билан ишора қилиб қўйиши кифоя қилади, ҳажарни истилом қилиш ё ўпиш учун ўзини тиқилинч ичига урмайди.

Каъба чап томонида бўлади, сўнгра биринчи шавтни (айланишни) бошлайди ва зикр, дуо ёки Қуръон тиловати билан машғул бўлади.

Рукни ямонийга етганда имкони бўлса, уни истилом қилади, лекин ўпмайди. Рукни ямоний билан ҳажарул-асвад ўрталиғида «Парвардигоро, бизга бу дунёда ҳам яхшилик ато қилгин, охиратда ҳам яхшилик ато этгин ва бизни дўзах азобидан асрагин» маъносидаги оятни (Бақара: 201) ўқийди.

Ҳажарул-асвад ёнига келганида биринчи шавт (айланиш) тамом бўлади ва ҳажарни истилом қилади ёки унга қўли билан ишора қилади.

Сўнг иккинчи шавт бошланади ва ҳоказо етти марта айланади.

Тавоф саҳиҳ-яроқли бўлиши учун қуйидаги ўн учта шарт топилиши керак бўлади:

Ислом, ақл, ният, сатри аврат, таҳорат, етти марта тўла айланиш, Каъбани чап томонига қилиш, Каъбани тўлалигича, яъни, ҳижрни ҳам қўшиб (яъни, ярим доира шаклидаги девор ташқарисидан) айланиш, қодир бўлган одам ўз оёқлари билан юриб тавоф қилиши, шавтлар орасини узлуксиз қилиш, – аммо агар намоз вақти бўлиб қолса ёки жаноза ҳозир бўлса, ўқиб олиб, кейин намоз сабабли бўлиниб қолган шавтни бошидан бошлаб, тавофини келган жойидан давом эттиради – Масжидул Ҳаром ичкарисида тавоф қилиши, ҳажарул асваддан бошлаши, яна унинг олдида тамомлаши.

Тавофдан сўнг икки ракъат намоз ўқийди, афзали Мақоми Иброҳим ортида ўқишдир, аммо масжиднинг қаерида ўқиса ҳам жоиздир. Ушбу икки ракъат намоз ўқиш суннати муаккададир. Унинг биринчи ракъатида Фотиҳадан кейин «Кафирун»ни, иккинчи ракъатида «Ихлос»ни ўқийди.

Сўнг Сафо ва Марва оралиғида саъй қилиш учун Сафога чиқади. Сафо устига кўтарилиб, уч бора такбир айтади ва: «Ла илаҳа иллаллоҳу ваҳдаҳу ла шарийка лаҳу, лаҳул мулку ва лаҳул ҳамду, юҳйий ва юмийту, ва ҳува ҳайюн ла ямувту, биядиҳил хойр, ва ҳува ала кулли шайъин қодийр», дейди (Муслим (1218) Жобир розияллоҳу анҳудан ривоят қилган).

Сўнг Сафодан тушиб, Марвага йўл олади ва шу билан биринчи шавтни бошлаган бўлади. Икки зангори чироқ оралиғида қаттиқ югуради, чироқлар ташқарисида эса оддий юриш билан юради. Марвага етиб боргач, унга кўтарилади ва Сафода айтган сўзларини айтади. Шу билан биринчи шавтни тугатган бўлади.

Сўнг Марвадан тушиб, Сафо томонга йўл олади ва бу билан иккинчи шавтни бошлаган бўлади, юрадиган ўринда юради, югурадиган ўринда югуради...

Мана шу кўринишда етти шавтни комил қилади, саъйни Сафодан бошлаб, Марвада тугатади. Сафодан Марвага бориши бир саъй, Марвадан Сафога қайтиши бир саъй саналади.

Саъй асносида дуо, зикр ёки Қуръон тиловати билан машғул бўлиши мустаҳабдир.

Тавоф ва саъй учун махсус дуолар мавжуд эмас, билган дуоларини қилаверади.

Саъй саҳиҳ-яроқли бўлишининг шартлари: ният, Сафо ва Марва ўртасини тўла босиб ўтиш ва саъйдан олдин тавофни муқаддам қилишдир.