Пайшанба 25 Апрель 2024 | 16 Шаввол 1445 Ҳижрий-қамарий

асосий қисм

  • lotinchaga
  • +
  • -
  • |

Ташриқ кунлари қилинадиган ҳаж амаллари ва тавофул-вадоъга доир аҳкомлар ҳақидаги боб

3084 марта кўрилган

Ийд куни тавофи ифозадан сўнг Минога қайтиб, у ерда тунаш вожибдир. Чунки, Ибн Аббос розияллоҳу анҳумо ривоят қилган ҳадисга кўра: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам ҳеч кимга Маккада тунаб қолишга рухсат бермадилар, ёлғиз Аббосга сиқоят (яъни, ҳожиларни зам-зам билан суғориш юмуши) борлиги учун (рухсат бердилар)» (Ибн Можа (3066) ривояти).

Шошилмаса, Минода уч кеча тунайди, агар шошилса, икки кеча – ўн биринчи ва ўн иккинчи кечалари тунайди.

Намозларни жамламасдан, ҳар бир намозни ўз вақтида қаср қилиб ўқийди.

Ташриқ кунлари ҳар куни заволдан кейин учала жамарот (тошлари)ни отади. Чунки, Жобир розияллоҳу анҳу ривоят қилишича: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам қурбонлик куни чошгоҳ вақтида тош отдилар, қолган кунлари эса, қуёш тиккадан оғганидан сўнг отдилар» (Муслим (1299), Бухорий (3/731) «Китобул-ҳаж»да таълиқ қилган, Абу Довуд (1971), Термизий (894), Насоий (3063), Ибн Можа (3053) ривоятлари).

Ибн Умар розияллоҳу анҳумо айтадилар: «Кутиб турардик, кун зоил бўлгач, отардик» (Бухорий (1746) ва Абу Довуд (1972) ривоятлари).

«Кутиб турардик» деганидан мурод – тош отиш керак бўлган вақтни кутиб турардик, деганидир.

Чунки, Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам: «Нусукларингизни (яъни, ҳажга доир ибодатларингизни) мендан (ўрганиб) олинглар», деганлар (Муслим (1297) Жобир розияллоҳу анҳудан ривоят қилган).

Ўн биринчи куни ва ундан кейинги кунлар тош отиш вақти заволдан кейин бошланади, ундан олдин отиш кифоя қилмайди. Чунки, Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва саллам ўз феъллари билан шу вақтларни белгилаб берганлар ва: «Нусукларингизни (яъни, ҳажга доир ибодатларингизни) мендан (ўрганиб) олинглар», деганлар (Муслим (1297) Жобир розияллоҳу анҳудан ривоят қилган). Намозни вақтидан олдин ўқиш жоиз бўлмаганидек, тош отишни ҳам вақтидан олдин бажариш жоиз бўлмайди. Чунки, ибодатлар тавқифийдир.

Аллома Ибнул Қаййим раҳимаҳуллоҳ Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг суннатда ворид бўлганидек тош отишларини сифатлар экан, шундай дейди: «Сўнг Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам шу куни Минога қайтиб, унда тунадилар. Тонг отгач, завол вақтини кутиб турдилар. Завол пайти бўлгач, жамралар сари яёв кетдилар, уловга минмадилар. Биринчи бўлиб Хайф масжиди яқинидаги биринчи жамрага келиб, еттита тош отдилар. Уларни биттама-битта отиб, ҳар бир тош отишда «Аллоҳу акбар», дердилар. Сўнг олдиндаги жамра сари бир оз юриб, қиблага юзланиб турдилар, қўлларини кўтариб, «Бақара» сураси миқдорича, узоқ дуо қилиб турдилар. Сўнг ўртадаги жамрага бордилар, уни ҳам айни шаклда отдилар. Сўнг водийнинг сал чапроқ томонига тушиб, қиблага юзланиб турдилар, қўлларини кўтариб, аввалги туришларига яқин муддат дуо қилиб турдилар. Сўнг учинчи жамрага – Жамратул-ақабага – бордилар, жамрага юзланиб, Байтни чап томонларида, Минони ўнг томонларида қилган ҳолда еттита тош отдилар...» (Зодул-маъод: 2/285).

«Тошларни отиб бўлгач, дарҳол ортга қайтдилар ва Жамратул-ақаба ёнида тўхталмадилар. Бунинг сабабини тоғда жой торлиги учун, деб айтилади. Бошқа сўзга кўра – шуниси тўғрироқ – у зотнинг дуолари ибодатнинг ичида, ундан фориғ бўлишларидан илгари бўлди. Тошларни отиб бўлгач, ибодатдан фориғ бўлдилар. Ибодатнинг ичида қилинган дуо ундан фориғ бўлгандан кейинги дуодан афзалдир. У зотнинг намоздаги дуолари борасидаги суннатлари ҳам айни шундай, намознинг ичида дуо қилардилар» (Зодул-маъод: 2/286).

Тош отиш тартиби қуйидагича бўлиши зарур:

Аввал биринчи жамрадан, яъни Минога яқин, Хайф масжиди яқинидаги жамрадан бошлайди. Кейин ўртадаги жамрага отади, охирида Макка томонга яқинроқ катта жамрага – Жамратул-ақабага – отади. Ҳар бир жамрада еттитадан тош отади, ҳар бир тош отишда қўл кўтариб: «Аллоҳу акбар», дейди, ҳар битта тош ҳовузга тушиши зарур, хоҳ унда ўрнаб қолсин, хоҳ думалаб кетсин, фарқсиз, агар ҳовузга тушмаса, отилган ҳисобланмайди.

Беморлар, кекса ёшли кишилар, ҳомиладор аёллар, шунингдек, йўлда ёки жамрада тиқилинчга дош беролмаслиги хавфи бўлган аёллар тош отишга бошқа бировни вакил қилишлари мумкин.

Вакил ҳар бир жамрада ўзининг тошини отиш билан бирга уни вакил қилган кишининг тошини ҳам отади. Аввал учала жамрада ўз тошларини отиб бўлиб, кейин бировнинг тошларини яна бошқатдан отиб чиқмайди. Чунки, бундай қилинганда тиқилинч кунларда ортиқча машаққат ва ноқулайлик келиб чиқади.

Агар вакил фарз ҳажни адо қилаётган бўлса, ҳар бир жамрада аввал ўзининг тошларини отиши, кейин уни вакил қилган кишининг тошларини отиши зарур.

Ўн иккинчи куни ҳар учала жамраларни отиб бўлганидан сўнг агар шошилаётган бўлса, кун ботмасидан туриб Минодан чиқиб кетади. Хоҳласа, шу кеча ҳам тунаб, ўн учинчи куни заволдан кейин учала жамрани отиб, кейин кетади, шуниси афзалроқ. Аллоҳ таоло айтади: «Ким икки кунда шошилса (зикрни тўхтатса) унга гуноҳ йўқ, ким кейинда (учинчи кунга ҳам) қолса, унга-да гуноҳ йўқдир. (Мазкур ҳукмлар) тақводор кишилар учундир» (Бақара: 203).

Агар Минодан чиқмасидан туриб кун ботиб қолса, шу кеча ҳам тунаб қолиши ва ўн учинчи куни ҳам тош отиб, кейин кетиши лозим бўлади. Чунки, Аллоҳ таоло: «Ким икки кунда шошилса», деди (Бақара: 203), кун дегани кундузни билдиради, оқшомга қолиб кетган киши икки кунда шошилган одамлар қаторига кирмай қолади.

Аёл киши агар эҳромдан олдин ҳайз ё нифосли бўлиб қолиб, шу ҳолида эҳромга кирган бўлса, ёки пок ҳолида эҳромга кириб, кейин ҳайз ё нифосли бўлиб қолса, эҳромида қолаверади ва ҳожилар қилган барча амалларни қилади – Арафотда вуқуф қилади, Муздалифада тунайди, Минода тош отади ва тунайди, фақат то ҳайзи ё нифосидан покланмагунича Байтуллоҳни тавоф қилмайди, Сафо ва Марва ўртасида саъй қилмайди.

Лекин, агар поклик ҳолида тавоф қилган бўлса ва кейин ҳайз кўриб қолган бўлса, Сафо ва Марва ўртасида саъй қилаверади, ҳайзи бунга монеъ бўла олмайди. Чунки, саъй учун таҳоратли бўлиш шарт эмас.

Ҳожи Маккадан жўнаб кетишни ва юртига ё бошқа жойга қайтишни истаса, барча ишларидан фориғ бўлиб, фақат сафарга чиқиб кетиш қолгач, охирги иши Каъбани етти бор тавоф қилиш бўлмоғи лозим. Фақат ҳайзли аёлга вадоъ (хайрлашув) тавофи лозим эмас, тавофсиз ҳам жўнаб кетавериши мумкин. Ибн Аббос розияллоҳу анҳумо ривоят қилганидек: «Одамлар охирги аҳдлари (лаҳзалари) Байт билан бўлишига буюрилдилар, фақат бу ҳайзли аёлдан енгиллатилди» (Бухорий (1755) ва Муслим (1328) ривоятлари).

Бир ривоятда: «Одамлар ҳар тарафдан жўнаб кетаётган эдилар, Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва саллам: «Ҳеч ким охирги аҳди (лаҳзаси) Байт билан бўлмагунча кетмасин», дедилар (Муслим (1327), Абу Довуд (2002), Ибн Можа (3070), Аҳмад (1/222, №1936) Ибн Аббос розияллоҳу анҳумодан ривоят қилганлар).

Ибн Аббос розияллоҳу анҳумодан ривоят қилинишича: «Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва саллам ҳайзли аёлга агар у ифоза тавофини қилган бўлса, Байтни тавоф қилмасдан йўлга чиқиб кетишига рухсат бердилар» (Аҳмад (1/370, №3505), Табароний (11/110, №11206) ривоятлари).

Оиша розияллоҳу анҳодан ривоят қилинади: «Софийя бинт Ҳуяй ифоза тавофини қилгандан сўнг ҳайз кўриб қолди. Бу ҳақда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламга айтилганда у зот: «У бизни (йўлдан) тўсиб қолар эканда», дедилар. Шунда мен: «Ё Расулуллоҳ, у ифоза тавофини қилганидан сўнг ҳайз кўрди», дедим. «Ундай бўлса, йўлга чиқаверсин», дедилар (Бухорий (1762) ва Муслим (1211) ривоятлари).