Якшанба 28 Апрель 2024 | 19 Шаввол 1445 Ҳижрий-қамарий

асосий қисм

  • lotinchaga
  • +
  • -
  • |

Чумоли (2)

3374 марта кўрилган

Тўртинчи: Сабр ва матонат – чумолининг хусусиятларидан

Муҳтарам биродарлар, сабр ва матонат – чумолининг сифатларидан биридир. Мен бу гапларни хусусан толиби илмларга, умуман эса мусулмон дўстларимга айтмоқдаман ва ҳеч бўлмаса биттамиз илм излаш ва Аллоҳ йўлига даъват қилишдаги сабру матонатда чумолига ета олишини орзу қилардим.

Унинг сабру матонатига қуйидаги мисоллар бор:

Чумолилар ин қурар экан катта матонат кўрсатадилар. Ин қуришни бошлашлари билан бир оз кўтарилган деворлар қулаб тушади. Иккинчи, учинчи, тўртинчи, бешинчи марта қулашига қарамай ин деворларини тиклашда давом этадилар ва охири ишни ниҳоясига етказадилар. Бу ҳайратомуз матонат илмий изланишларда ўз исботини топган.

Мен ҳам уларнинг сабру матонатига гувоҳ бўлганман, бунинг ҳикоясини бир оздан кейин айтиб бераман. Чумолининг бирор силлиқ буюм юзасида ўрмалаб, юқорига қараб интилишини ҳеч кузатганмисиз? Буюм девори ҳар қанча силлиқ бўлмасин, чумоли унга чиқишга ҳаракат қилади. Йиқилади. Бироқ умидсизланиб орқасига қайтадими? Йўқ! Яна чиқишга ҳаракат қилади, яна йиқилади. Яна ҳаракат қилади, яна йиқилади. Бошқа ерига ўтиб, уриниб кўради. Бўлмаса, яна бошқа ерига ўтади. Бу иш то кўзлаган жойига чиқиб олгунича давом этаверади. Гоҳида бу уриниш ўнлаб марта такрорланади.

Бизлар эса бир лойиҳага, ишга ё илм излашга бир, икки, боринг уч марта ҳаракат қиламиз. Ишимиз олдига юрмаса, ҳафсаламиз совуб ташлаб кетамиз. Энг чидамли бўлганимиз ҳам уч мартадан ошиғига тоқат қилолмаймиз. Ҳа, чумолилар ана шундай ажойиб жониворлардир.

Тарих саҳифаларида қолган ушбу ҳикояга қулоқ тутинг:

Машҳур саркарда Темурланг жангларнинг бирида мағлубиятга учради. Мағлубиятга учраган қўшини чекиниб, тарқалиб кетди. Бу аччиқ мағлубиятдан қайғуга тушган саркарда қаерга боришини билмай боши қотди. Ватанига қайтдими? Йўқ! У сўппайиб юртига қайтишдан ор қилиб, тоғдаги ғорлардан бирига кирди. Ўзи ва қўшини тушган ҳолатдан қайғуриб, ўйга толди. Ўйланиб ўтириб кўзи бир чумолига тушди. Чумоли ғордаги силлиқ тошга чиқишга ҳаракат қилар, бироқ йиқилиб тушарди. Чумоли иккинчи, учинчи марта ҳаракат қилди, бўлмади. Бу ҳолат саркардани ўзига жалб қилиб, унинг хаёли бўлинди. Сўнгра у бутун диққати билан бу митти жониворнинг ҳаракатларини кузата бошлади. Ниҳоят ўн еттинчи уринишда чумоли тош устига чиқишга муяссар бўлди. Саркарда: "Во ажаб, чумоли йигирма мартага яқин ҳаракат қилди. Мен эса қўшиним билан биринчи мартада мағлубиятга учрадим. Биз нақадар заиф ва ожиз эканмиз-а!"- деди-да, ғордан тушиб, қўшиннинг қолган қисмини тўплашга, улардан битта жангчи тирик қолса ҳам жанг майдонини тарк этмай уруш қилишга азм қилди. Чумоли унинг хаёлидан кетмасди. У лашкарларни тўплади ва модомики ичларида бир киши тирик қолса ҳам, чекинмай жангни давом эттиришга аҳдлашишди. Шу азму-қарор ва шу ният билан жангга кирдилар ва ғалаба қозондилар.

Ҳа, азиз дўстим, ҳаракатингиз сусайса чумолини, унинг ҳаракатлари ва тиришқоқлигини эсланг. Бунга сабр ва матонат билан бирга жиддийлик ҳам илова бўлади. Бироқ жиддийлик ҳақида алоҳида тўхталиб ўтишни раво кўрдим. Биологларнинг айтишича, чумолилар жониворларнинг энг жиддийларидан ҳисобланади. Келинглар, мен сизларга бир савол берай: "Сизлар бирор кун чумолининг йўлда ухлаб ётгани ёки дам олиб турганини кўрганмисизлар?". Йўқ, асло. Чунки у ҳаёти давомида жиддий ҳаракат билан яшайди.

Сўзимнинг исботи ўлароқ анча йиллар аввал кузатганим бир чумолини мисол келтираман. Қараб турсам, ин қураяпти. Табиийки, чумолилар инларини ҳамжиҳатлик билан қуришади. Бу ҳам алоҳида бир мавзу. Бироқ мен ҳозир уларнинг нақадар жиддий ҳаракат қилганларини зикр қилмоқчиман, холос.

Чумоли ин қуриш учун шошиларди. Оғзида қум донаси билан чиқиб келар, уни ерга ташлаб, тезлик билан яна ин ичига қайтарди. Шу зайлда у ажабтовур ҳаракатлар билан ишини давом эттирарди. Мен уларни ўз ишини чин дилдан севадиган ва кўнгилдан чиқариб бажарадиган ишчиларга ўхшатдим. Жиддий, ҳаракатчан ва ҳайратомуз фаол. Чумоли биргина қум донасидан ошиғини таший олмаса-да, унинг бирон лаҳза тинганини ё дам олганини кўрмадим. Ҳолбуки, бу қум донаси унга нисбатан жуда оғир юк ҳисобланади! Жиддийликка қаранг!

Чумолининг биргина донни кўтариб бораётган пайтидаги жиддийлиги ва сабру-саботига эътибор беринг. Биологик изланишлар чумолининг ўз вазнидан бир неча ўн марта оғир юкни кўтара олишини исботлаган. Тасаввур қилинг, ёлғиз чумоли оғзида ўз вазнидан оғирроқ бўлган донни қийин ва машаққатли узоқ йўлда қийналиб кўтариб кетаяпти. Балки уни кўриб, бировимизнинг раҳми келар ва инининг қаердалигини билса уни "юки" билан олиб, ини олдига келтириб қўйгиси келар. Бироқ, чумоли учун бу кундалик вазифа, у ҳар куни бу масофани (балки ярим кунликдир) тўхтамай, эринмай босиб ўтади. Бу – кузатувлар билан билинган ҳақиқатдир.

Дўстлар, биз мана шу жиддийликка муҳтожмиз. Хусусан илм излаш чоғида. Чунки биз кўпинча илм излашдаги танбалликдан шикоят қиламиз. Мен бугун талабалар билан биргаликда устозларимизнинг илм излаш даврларидаги ҳолатлари билан бугунги талабаларнинг ҳолатларини таққослаб кўрдим.

Мен биз билан бирга яшаётган олимлардан бирининг ҳаётидан мисол келтирмоқчиман. Аллоҳ у кишининг умрларини баракотли қилсин! Бир киши устозимиз аллома Абдуллоҳ ибн Жибринга қуйидаги савол билан мурожаат қилди: "Ҳурматли шайх, устозлардан қандай дарс олар эдингизлар?". Аллома шундай жавоб бердилар: "Биз бомдод намозидан сўнг дарс олишга ўтирар, офтоб чиққанидан чошгоҳ вақтигача фалон, фалон китоблардан дарс олар эдик. Дарс олишимиз чошгоҳдан сўнг то пешин вақтигача, кейин аср намозидан шом намозига қадар давом этар эди".

Мен устозимизнинг бу сўзларидан: "Биз дангасаларга ҳужжат бўлиши учун пешин билан аср ўртасидаги вақтларини бўш қўйган эканлар-да!", деб ўйладим. Устоз сўзларида давом этиб: "шомдан сўнг то хуфтонгача яна давом эттирар эдик" деб, сўнг жим қолдилар. Бу жим қолишларидан ҳам ўзимча: "Алҳамдулиллаҳ, ҳуфтондан кейинги вақтлари ҳам бўш қолиши биз учун юпанч бўлди"- дедим. Ҳалиги савол берган одам яна: "Устоз, сизлар бомдод намозидан пешин намозигача, аср намозидан ҳуфтон намозигача дарс олар экансизлар. Матнларни қачон ёдлар эдингиз?"- деб сўраб қолса бўладими. Устоз: "Матнларни пешиндан асргача ва ҳуфтон намозидан кейин ёдлар эдик"- дедилар. Мен ичимда: "Шайх ўзимизни оқлаш учун ҳеч нарса қўймадилар!"- дедим.

Демак, улар бомдод намозидан то кечқурунги тўққиз ёки ўнгача жиддийлик билан билим олишга тиришган эканлар.

Ҳа, дўстим, чумоли дегани тинмай ҳаракат қилади. Уларнинг ҳаёти – беназир сабр, матонат, тиришқоқлик ва ҳаракатдан иборат. Чумолилар устидан тажриба ўтказган биологлардан бири: "Чумолилар – фаол, танбаллик ва ялқовлик ёт бўлган, дангасалари бўлмаган намунавий оиладир"- деб баҳо берган.

Бешинчи: Чумоли сифатларидан бири – ростгўйлик

Азиз дўстлар, чумолилар жамияти – ростгўй жамиятдир. Уларнинг жамиятида ёлғонга ўрин йўқ. Уларда ёлғоннинг на қизили, на оқи, на қораси бор ва на муғомбирлик бор! Бу сўзларга ишониш учун келинг, аллома ибн Қоййим раҳимаҳуллоҳ "Мифтаҳу дарис-саадаҳ" (Бахт-саодат диёрининг калити) китобида ҳикоя қилган қиссани айтиб берай. У чумоли ҳақидаги ажойиб қисса.

Бир одам ҳолвами ёки шакарми хуллас бир ширинликни ерга қўйибди. Ҳеч қанча вақт ўтмай чумоли келибди. — Улар худбинлиги йўқ, ҳамкор жамият бўлганлари учун (қисса мобайнида бунга гувоҳ бўласиз, иншааллоҳ) чумоли шерикларини чақира бошлабди. (Биология фанидан маълумки, чумолилар бошларидаги "сезги маркази" деб аталган икки туксимон шохлари билан биз радиоалоқа деб атаган услубда хабарлашадилар). Ширинликни қўйган одам уни жойидан олиб қўйибди. Шу лаҳзада бошқа чумолилар етиб келишибди. Бироқ ширинлик йўқ! Бу қиссанинг мағзини чақишга ҳаракат қилинглар. Чунки унинг бир иловаси бор. Чумолилар бу ҳолатдан ҳайратга тушишибди-да, ортларига қайтишибди. Хабар берган чумоли эса ўртада ҳайрон бўлиб туриб қолибди. Ҳозир у бошқа чумолилар наздида ёлғончидек бўлиб қолди. Ҳалиги одам яна ширинликни ерга қўйибди. Чумоли ҳурсанд бўлиб, дарҳол яна хабар берибди. Хабар ишорасини олган чумолилар қайтиб келишганида, яна ширинликни олиб қўйибди. Чумолилар келиб ширинлик илинжида айлана бошлашибди. Ширинликни топа олмагач, аввалгидан кўра қаттиқроқ нафратлангандек узоқ туриб қолишибди-да, сўнгра орқаларига қайтишибди. Ҳалиги одам ширинликни учинчи марта ерга қўйибди, чумоли ҳам учинчи марта хабар берибди. Кейин яна ширинликни ердан олиб қўйибди. Мана шу пайтда фожеа рўй берибди: чумолилар келиб, ширинликни топа олмаганларида биласизми нима қилишибди? Бу ёлғоннинг учинчиси эди. Ким кечирса огоҳлантирибди, ким огоҳлантирса узрга ўрин қўймабди. Улар бирваркайига хабарчи чумолига ташландилар-да, уни парчалаб ташладилар. Бириси унинг қўлини, бириси оёғини, бириси бошини, бириси думини тортиб кетди. Унда бошқалар учун ибрат бор эди. Чунки у "ёлғон" хабар берган эди! Аслида эса у бечора ёлғон хабар бермаган эди!

Қани айтингларчи, агар шу ишни одамларга татбиқ қилинса қандай бўлади? Йўқ, йўқ, одамларни қўя турайлик, чунки одамларнинг яхшиси ҳам бор, ёмони ҳам. Ҳар биримиз ўзимизга татбиқ қилиб кўрайлик: сизнинг бир ёки икки ҳафтангиз муғомбирликсиз ёки битта бўлсада ёлғонсиз ўтадими?! Агар сиз шундай бўлсангиз, мен сизни табриклайман. Бироқ, биз бу масалада ўта бепарво бўлиб кетганмиз. Демак, чумолилар жамиятида ёлғонга ўрин йўқ экан.

Олтинчи: Чумоли сифатларидан бири худбинлик эмас, ҳамкорлик

Азиз дўстлар, чумоли сифатларидан бири – ҳамкорликдир. Сиз ўн ёки йигирмата чумолининг битта йўлдан кетаётганини кўрганмисиз ёки ҳар бири алоҳида йўллардан кетаётганини кўрганмисиз? Албатта чумолилар бир чизиқдан юрадилар. Уларнинг сонлари ўнта, йигирмата, ўттизта, қирқта, юзта бўлса ҳам, бир йўлда кетма-кет юрадилар. Бу – ҳамкорлик ва бирдамлик намунасидир.

Илмий изланишлар бирорта чумоли касал бўлиб қолса бошқалари кўтариб, инига олиб бориб, даволаганларини исботлаган.

Сизлар бирдамлик ва ҳамкорлик намуналарини ўз кўзларингиз билан кўрмаганмисиз. Ахир озуқани бир неча чумоли биргалашиб кўтариб кетаётганини кўргандирсиз?! Бу ҳамкорлик ин қуришдаги чумолилар "ҳашари"да очиқ кўринади. Инни битта эмас, ўнта эмас, юзлаб чумолилар биргаликда қурадилар.

Бу ишлар чумолиларнинг ҳамкор эканини кўрсатмоқда. Аллоҳ таоло дейди:

(وَتَعَاوَنُوا عَلَى الْبِرِّ وَالتَّقْوَى وَلا تَعَاوَنُوا عَلَى الْأِثْمِ وَالْعُدْوَانِ)

"Яхшилик ва тақво йўлида ҳамкорлик қилингиз, гуноҳ ва ҳаддан ошиш йўлида ҳамкорлик қилмангиз!" (Моида: 2).

Еттинчи: Чумоли сифатларидан бири – фидокорлик

Муҳтарам дўстлар, чумолиларнинг ғаройиб жиҳатларидан бири – уларнинг фидокорликларидир.

Илмий изланишлар чумолилар ҳамкор яшашлари ва бу ҳамкорлик йўлида жонларини қурбон қилиб, фидокорлик кўрсатишларини исботлаган. Мен сизларга бу мавзуда бир иккита мисол келтирмоқчиман:

Чумоли ўз жонини шериклари учун қурбон қилади. Тажрибалар шуни кўрсатдики, чумолилар йўлларида сувга йўлиқиб қолса, нима қилади? Мен, табиийки, Фурот ёки Нил дарёларини назарда тутмаяпман.

Бу сув "ҳавза"сидан ўтишнинг икки йўли бор: улардан биринчиси жуда ҳам ғаройиб. Чумолилар бир-бирига боғланадилар. Уларнинг ҳар бири ёнидагини ушлайди ва сувнинг нариги томонига етиб боргунча боғланишади. Натижада, кўприк ҳосил бўлади. Бошқа чумолилар эса уларнинг устидан ўтиб борадилар. Ҳамма ўтиб бўлгач кўприкнинг бош тарафини тутиб турган чумоли кўприк устидан ўтиб боради. Сўнгра кейингиси, ва ҳоказо. Ва ниҳоят уларнинг ҳаммаси соғ-саломат ўтиб олишади.

Энди қаршидаги сув устига кўприк қилиб бўлмайдиган даражада каттароқ бўлса. Бу пайтда чумолиларнинг бир тўпи ўзини сувга отиб, бир-бири билан маҳкам боғланишади. Кейин бошқалари ҳам ўзларини сувга отиб (ҳудди қайиққа мингандек) уларнинг устларига чиқиб оладилар. Дўстларни қутқаришнинг бу амалиёти мобайнида сувга тушган биринчи чумолиларнинг кўпи ғарқ бўлади!

Субҳоналлоҳ! Бу фидоийлик ва олдинга интилиш – нақадар ҳайратли! Аллоҳ номига қасамки, биз шундай мисолларга қанчалар муҳтожмиз. Шунинг учун Аллоҳ таоло:

(فَاعْتَبِرُوا يَا أُولِي الْأَبْصَارِ)

"Эй оқиллар, ибрат олингиз!" – демоқда(Ҳашр: 2).

Саккизинчи: Чумоли сифатларидан бири – тартиб ва интизом

Муҳтарам дўстлар, чумолилар оиласининг тажрибалардан сўнг билинган ажойиб сифатларидан бири – тартиб ва интизомдир. Мен сизларга: "Бу митти жониворнинг ҳаётида бошбошдоқликка ўрин йўқ. Сиз бепарволик билан қараётган ушбу жониворлар оиласи ўта тартиб-интизомли оила",- десам таажжубланишингиз мумкин.

Биринчидан: чумоли эртадан кечгача ишлайди. Бирон бир узр сабабли ташқарига чиқмаган бўлса, кечқурун инига кириб ухлайди.

Иккинчидан: чумоли интизомли бўлгани учун, инини бир неча "хона"ларга бўлган: ётоқхона, меҳмонхона, омборхона ва (ўсимлик) шираси (ҳашарот) учун хона. Бу ширани чумоли ўзи билан бирга олиб юради.

Ҳа, чумолининг ини тартиблидир. Биз-чи?! Айримларимизнинг уйларига қарасак бетартиб. Китобжавони ошхонасида, китоблари уйнинг чор атрофига сочилган. Ажабо, инсоннинг ишлари тартибсиз, аммо чумолининг ини ҳайратга солгудек тартибли.

Дўстлар, чумолиларнинг ўта интизомли эканига яна бир мисол келтирмоқчиман. Баъзи чумолилар ер устига ин қурадилар. Бу ин узун бўлиб, олд тарафида кириш учун тешик, орқаси эса берк бўлади. Бунинг ҳайратли жиҳати шундаки, иннинг берк тарафи доимо шарқ тарафда бўлади. Шунинг учун ҳам бразилияликлар ва у ерга келган сайёҳлар чумоли инига қараб шарқ ва ғарб тарафни билиб оладилар. Иннинг олд кириши ғарб, орқа, берк тарафи эса шарқдир. Ҳа, дўстларим, у ҳеч хато қилмайдиган компас кабидир.

Тўққизинчи: Қора чумоли оиласидаги чумолиларнинг бошқа чумолига тажовуз қилмаслиги, чумоли сифатларидан бири

Муҳтарам дўстлар, чумоли оиласидаги аъзолар тўрт қисмга бўлинади: малика, жангчи, хизматчи ва қўриқчилар.

Маликанинг вазифаси - тухум қўйиш ва чумолилар мамлакатини бошқариш, қўриқчиларнинг вазифаси – мамлакатни ёт унсурлардан қўриқлаш, тозалаш ва малика фармонларини бошқа жангчиларга етказиш, жангчиларнинг вазифаси – чумолилар ва уларнинг инларини ҳимоя қилишдир. Хизматчи чумолиларни биз доимо ташқарида кўрамиз. Ҳа, чумолиларнинг ҳам хизматчилари бўлади, бироқ, улар бизнинг хизматчиларимиздек эмас.

Бу тўрт қисм бир-бириниг ишига зарурат туғилсагина аралашади. Бирон бир хатар туғилиб, қўриқчилар мудофаага кучи етмаса, малика фармон чиқаради-да, қўриқчилар, жангчилар ва хизматчилар хатарни даф қилиш учун бир ерга тўпланадилар.

Яна қачон тўпланишади? Хатар пайтида! Инлари бузилганида ҳам, қайта тиклаш учун зудлик билан тўпланадилар. Ва бир неча дақиқа ичида ин қайта тикланади. Бу - жиддий интизом нишонасидир.

Яқинда бир китобни ўқир эканман, чумолилар ҳаётидаги интизомнинг бошқа ажойиб қиррасини ҳам билиб олдим. Чумолилар ичида "чўпон" деб аталувчи чумоли ҳам бўлар экан. Ўз-ўзидан савол туғилиши мумкин: "У нимани боқади?". У ўсимлик шираси деб аталувчи ҳашаротни боқади. (Бундан кейин ўсимлик ширасини қисқа қилиб "шира" деймиз). Сизга маълумки, баъзи дарахтлар ўзидан ширин моддалар чиқаради. Чўпон чумоли эрталаб ширани кўтаради-да, ўша дарахтга олиб бориб қўяди. Шира у моддаларни сўради. Кечқурун эса, ширани кўтариб индаги махсус хонага олиб келади ва ширадаги ширинликни соғиб олади. Бу чумоли "чўпон" деб аталади.

Ҳар бир чумоли инида "чўпон"лар бўлади. Буни полизларда ҳам кузатишимиз мумкин. Чумоли ширани эрталаб ширин моддалар бўлган япроқларга қўйиб кетса, кечқурун қайтариб инига олиб кетади. Чунки чумоли ширинликни яхши кўради. Уйингизнинг бир бурчагига оғзи очиқ идишдаги асални қўйиб, синаб кўришингиз мумкин. Бир онда чумолилар қаердан ёпирилиб келганини билмай қоласиз. Чунки у ширинликни яхши кўради. Шунинг учун ҳам у ширани мазкур тартибда боқади.

Бундан ҳам ҳайратлиси. Чумолилар ичида "деҳқон"лари ҳам бор. Улар қўзиқоринлардан бир навини экадилар.

Биолог олим Саъд Омир: "Чумолилар – ҳайратомуз ўрнак, ўта интизомли ва вазифалари ўзаро нозик дид билан тақсимланган ҳашаротлардир"- дейди.

Ўнинчи: Чумоли сифатларидан бири бирдамлик

Дўстлар, чумолилар ҳаётидан ўрганган нуқталаримдан бири – уларнинг бирдамлигидир. Чумолилар оиласида бирдамлик ҳукмрон ва хусусан душман қаршисида бир ёқадан бош чиқариб ҳаракат қилишади. Мен бунга тааллуқли икки ҳикояни айтиб беришдан аввал, қалбимни оғритган бир ҳолатни эслатмоқчиман.

Кичик араб давлатларидан бирида бўлдим. Аҳолисининг 60 фоизи рофиза (шиа), 40 фоизи эса аҳли суннат (сунний)ларни ташкил қиларкан. Бу 40 фоиз суннийлар ичида ҳамма ерда бўлганидек, фосиғи ҳам бор, солиҳи ҳам. Аҳли суннат ичидаги яхшилар миқдори 10 фоизча ҳам келмайди. Бошқа 30 фоизи турли жамоат ва ҳизбларга мансубдирлар. Аҳли суннат ва жамоатга, бошқача сўз билан айтсак салафийликка мансуб шу 10 фоиз, етти қисмга бўлинишган экан! Мен бу гапларимни расмий ҳисоботларга кўра айтмоқдаман.

Уларнинг аҳоли ичидаги нисбати-ю, бўлинган етти қисмларини кўринг! Ҳар йигирма, ўттиз, қирқ ёки эллик киши бир жамоат бўлиб олган.

Субҳоналлоҳ! Бу нима деган гап?!

Чумолилар эса ундай эмас. Бразилияда бирон бир хатарни сезиб қолсалар, ўттиз мингта чумоли душманига ёпирилиб ҳужум қилади, ҳаттоки катта-катта ҳайвонларни ҳам ҳалок қиладилар. Қандай қилиб ўша ҳайвонларни ҳалок қилдилар? Бирдамлик ва бир ёқадан бош чиқариш билан!

Синмайди новдалар бўлса бир даста,

Битта новда синади, доим, бир пасда!

Иккинчи мисолга келсак, мен бир филм кўрдим. Унда узунлиги бир неча метр бўлган илон чумолилар йўлига тушиб қолади. Хатарни сеган чумолилар дарҳол унинг устига, қорнига ва бошига ёпирилиб чиқадилар. Илон аламидан бошини кўтариб, тишларини чиқариб, устидаги чумолилардан қутилмоқчи бўлар эди. Лекин, чумолиларга қандай зарар етказа олсин! Чумолилар унинг бошидан бошлаб то думигача ёпишиб олган эди. Ҳаш-паш дегунча баҳайбат илон жон таслим қилди! Узун илонга қарши чумолиларнинг якдил ҳаракат этишлари, зафар билан якунланди.

Ислом Умматининг сони миллиардлар дейилади. Яҳудийларники-чи? Уч ёки тўрт миллион. Араб давлатларида яшаётган арабларнинг ўзи юз миллиондан ортиқ. Бироқ, қалбларимиз жисмларимиз айрилишидан аввалроқ айрилиб бўлгани боис биз бугунги ачинарли аҳволга тушиб қолдик. Душманларимиз бизни парчалаб ташлашга қаттиқ уринаётган ҳозирги даврда Биз – Ислом уммати бирдамлик ва ҳамкорликка ўта-ўта муҳтожмиз! Машҳур инглиз мақолини эсланг: "Парчалаб ташла, ҳукмрон бўласан!".

Парвардигоримиз амри-фармонига қулоқ тутинг:

(وَاعْتَصِمُوا بِحَبْلِ اللَّهِ جَمِيعاً وَلا تَفَرَّقُوا)

"Ва барчангиз Аллоҳнинг арқонига (Қуръонга) боғланингиз ва бўлинмангиз!" (Оли Имрон: 103);

(وَلا تَكُونُوا كَالَّذِينَ تَفَرَّقُوا وَاخْتَلَفُوا مِنْ بَعْدِ مَا جَاءَهُمُ الْبَيِّنَاتُ)

"Аниқ ҳужжатлар келганидан кейин бўлиниб кетган ва бир-бирлари билан ихтилоф қилиб, талашиб-тортишган кимсалар каби бўлмангиз!" (Оли Имрон: 105).

Ҳа, чумолилар оиласи ичида келишмовчиликка ўрин йўқ. Биолог олимлардан бири шундай дейди: "Гоҳида бир гуруҳ чумоли бошқа ерга кўчиш тараддудига тушади. Бошқа бир гуруҳ эса кўчмаслик тарафдори бўлади. Биринчи гуруҳ кўчиб, иккинчи гуруҳ қолади деб, ўйлайсизми? Йўқ, улар иттифоқ қиладилар. Қандай қилиб дейсизми? Икки тараф бир-бири билан курашади. Қайси тараф ғолиб бўлса, ўшанинг фикри устун бўлади. Яъни кўчмоқчи бўлганлар ғолиб бўлса ҳамма кўчиб кетади, қолмоқчи бўлганлар ғолиб бўлса ҳамма қолади! Уларнинг муаммолари шу билан ҳал бўлади".