Жума 29 Март 2024 | 19 Рамазон 1445 Ҳижрий-қамарий

асосий қисм

  • lotinchaga
  • +
  • -
  • |

Чумоли

5261 марта кўрилган

Доктор Носир ибн Сулаймон Умар

Бисмиллаҳир роҳманир роҳийм

Биринчи: Кириш

Барча мақтовлар Аллоҳ таологагина хосдир. Биз Унга ҳамду санолар ва истиғфорлар айтамиз, Ундан ёрдам сўраймиз, нафсимизнинг шумлиги ва ёмон амалларимиздан паноҳ тилаймиз. Аллоҳ ҳидоят қилган кимсани адаштирувчи, адаштирган кимсани ҳидоят қилувчи йўқдир. Мен "Шериксиз ягона Аллоҳдан ўзга ҳақ илоҳ йўқдир ва Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва саллам Унинг бандаси ва элчисидир" деб гувоҳлик бераман.

(يَا أَيُّهَا الَّذِينَ آمَنُوا اتَّقُوا اللَّهَ حَقَّ تُقَاتِهِ وَلا تَمُوتُنَّ إِلَّا وَأَنْتُمْ مُسْلِمُونَ)

"Эй мўминлар, Аллоҳдан ҳақ-рост қўрқиш билан қўрқинглар ва фақат мусулмон бўлган ҳолларингда дунёдан ўтинглар!" (Оли Имрон: 102).

(يَا أَيُّهَا النَّاسُ اتَّقُوا رَبَّكُمُ الَّذِي خَلَقَكُمْ مِنْ نَفْسٍ وَاحِدَةٍ وَخَلَقَ مِنْهَا زَوْجَهَا وَبَثَّ مِنْهُمَا رِجَالاً كَثِيراً وَنِسَاءً وَاتَّقُوا اللَّهَ الَّذِي تَسَاءَلُونَ بِهِ وَالْأَرْحَامَ إِنَّ اللَّهَ كَانَ عَلَيْكُمْ رَقِيباً)

"Эй инсонлар! Сизларни бир жондан яратган ва ундан жуфтини вужудга келтирган ҳамда у икковидан кўп эркак ва аёлларни тарқатган Роббингиздан қўрқингиз! Яна ораларингиздаги савол-жавобларда ўртага номи солинадиган Аллоҳдан қўрқингиз ва қариндош-уруғларингиз (билан ажралиб кетишдан қўрқингиз)! Албатта Аллоҳ устингизда кузатувчи бўлган зотдир" (Нисо: 1).

(يَا أَيُّهَا الَّذِينَ آمَنُوا اتَّقُوا اللَّهَ وَقُولُوا قَوْلاً سَدِيداً يُصْلِحْ لَكُمْ أَعْمَالَكُمْ وَيَغْفِرْ لَكُمْ ذُنُوبَكُمْ وَمَنْ يُطِعِ اللَّهَ وَرَسُولَهُ فَقَدْ فَازَ فَوْزاً عَظِيماً)

"Эй мўминлар, Аллоҳдан қўрқинглар, тўғри сўзни сўзланглар! (Шунда Аллоҳ) ишларингизни ўнглар ва гуноҳларингизни мағфират қилур. Ким Аллоҳга ва Унинг пайғамбарига итоат этса, бас у улуғ бахтга эришибди" (Аҳзоб: 70, 71).

Азиз дўстлар, ассалому алайкум ва роҳматуллоҳи ва барокатуҳ.

Мен Аллоҳ азза ва жаллага ҳамду санолар ва шукроналар айтиб, Ундан ушбу учрашувни Ўзи учун холис қилишини сўрайман ҳамда бу масжидда уни уюштирган барчага, масжид мутасаддиларига ва хусусан бунга бошу-қош бўлган биродаримиз Одил Калбонийга чуқур миннатдорчилигимни изҳор этаман. Аллоҳ таоло уни ва сизларни хайрли мукофотлар билан тақдирласин. Бундан ташқари, билим ва манфаат олиш учун ҳозир бўлган сиз - тингловчиларга ҳам ўз миннатдорчилигимни изҳор қиламан. Аллоҳ таолодан мени сизлар умид қилиб келганингиз фойдаларни тақдим қила олишимга муваффақ қилишини сўрайман.

Азиз дўстлар, бугунги мавзумиз – чумоли ҳақидадир. Камина бу сўздан кўпларингизнинг ҳайратланганингизни кўриб турибман. Ҳатто, ушбу мавзунинг танланиши ва унинг сарлавҳаси ажабтовур ном билан - "Чумоли" деб аталган экани ҳақида изоҳ сўраб, менга саволлар билан мурожаат қилиб, уйимга сим қоққанлар ҳам бўлди.

Мен сизларнинг ҳайратланганингиздан ажабланаяпман. Ахир сизлар Аллоҳнинг Китобини ўқимаганмисизлар?! Ундаги суралардан бирининг номи "Чумолилар" деб аталишидан хабарларингиз бордир?! Чумолилар билан чумоли ўртасида нима фарқ бор? Униси бир исмнинг кўплик, буниси эса бирлик сони, холос. Балки Қуръон Каримда бу исмнинг бирлик сони, яъни "чумоли" зикр қилинган:

(حَتَّى إِذَا أَتَوْا عَلَى وَادِ النَّمْلِ قَالَتْ نَمْلَةٌ يَا أَيُّهَا النَّمْلُ)

"То улар чумолилар водийсига етган вақтларида, бир чумоли: «Эй чумолилар, уяларингизга киринглар, яна Сулаймон ва унинг лашкарлари ўзлари сезмаган ҳолларида сизларни босиб-янчиб кетмасинлар», деган эди" (Намл: 18).

Шунинг учун ҳам айта оламанки: Қуръоннинг узун сураларидан бирининг "Чумолилар" деб номланиши алоҳида маъно касб этади. Аллоҳ таоло айтади:

(أَفَلا يَتَدَبَّرُونَ الْقُرْآنَ أَمْ عَلَى قُلُوبٍ أَقْفَالُهَا)

"Қуръон ҳақида тафаккур қилмайдиларми ёки қалбларига қулфлар урилганми?!" (Муҳаммад: 24);

(أَفَلا يَتَدَبَّرُونَ الْقُرْآنَ وَلَوْ كَانَ مِنْ عِنْدِ غَيْرِ اللَّهِ لَوَجَدُوا فِيهِ اخْتِلافاً كَثِيراً)

"Қуръон ҳақида фикр юритмайдиларми? Агар у Аллоҳдан бошқаси тарафидан юборилса эди, (Унда) кўплаб қарама-қаршиликлар топган бўлар эдилар!" (Нисо: 82).

Азиз биродарлар, мен бу мавзу – энг муҳим мавзулардан бири деб ўйлайман. Бу муболаға эмас. Чунки, чумоли мавзуси анча вақтдан бери диққатимни ўзига тортган. Мен бу митти жониворнинг ҳаёти ҳақида фикр юритиб, у ҳақида ёзилган китобларни мутолаа қила бошладим. Муфассирларнинг "Намл" сурасининг чумоли ҳақидаги ояти тафсирлари ҳамда биология китобларига мурожаат қилдим. Ўқиганим сайин, бу ажойиб митти жониворга бўлган ҳайратим ортиб борди.

Шунинг учун ҳам, мен айтмоқчи бўлган сўзлар "Намл" сурасидаги оятлар ва улар учун ёзилган тафсирларгагина чекланган эмас. Мен сўзимни у билан бошламоқчиман, холос. Аслида бу мавзу анча узун.

Мен сизларга: "Мен мавзуни қандай қилиб мухтасар қилар эканман, чунки шом ва ҳуфтон намозлари ўртасидаги қисқа вақтда бу мавзуни тўлақонли ёрита оламанми" деб бошим қотди, десам, таажжубланасизлар. Чунки, мен бу мавзу уни тўлақонли тушунтириш учун бир неча давраларга муҳтож эканига амин бўлдим. Чумолилар ҳақида Қуръоннинг бошқа бир ояти ҳам бор. Бироқ у чумолининг бошқа тури ҳақида. Шунинг учун мен уни дарсимизнинг охирига қолдирдим. Балки баъзиларимиз Қуръонни такрор-такрор ўқиган, ҳатто Қуръонни ёд олган бўлсак-да, бу тур чумолилар унга кутилмаган нарса бўлар.

Иккинчи: Нега чумоли ҳақида?

Биродарлар, чумоли – митти жонивордир. Бироқ, Аллоҳ таоло шундай деди:

(أَعْطَى كُلَّ شَيْءٍ خَلْقَهُ ثُمَّ هَدَى)

«У барча нарсага ўз хилқатини — шаклини ато этиб, сўнгра (уни) тўғри йўлга солиб қўйган зотдир» (Тоҳа: 50);

(فَاعْتَبِرُوا يَا أُولِي الْأَبْصَارِ)

«Бас, эй ақл эгалари, ибрат олингиз!» (Ҳашр: 2)

Мен чумоли ҳақида битта эмас, кўплаб ҳикоялар бор эканини айтмоқчиман. Аллоҳ таоло баъзи қиссаларни ҳикоя қилар экан, унинг аввалида ёки охирида:

(وَإِنَّ لَكُمْ فِي الْأَنْعَامِ لَعِبْرَةً)

"Дарвоқе, сизлар учун чорва ҳайвонларида ҳам ибрат бордир." (Наҳл: 66);

(لَقَدْ كَانَ فِي قَصَصِهِمْ عِبْرَةٌ لِأُولِي الْأَلْبَابِ مَا كَانَ حَدِيثاً يُفْتَرَى)

"Дарҳақиқат, уларнинг қиссаларида ақл эгалари учун ибрат бордир. (Ушбу Қуръон) тўқиб чиқариладиган сўз эмас " (Юсуф: 111) деб айтган.

Биродарлар, мен нега чумоли мавзусини танладим? Сабаби, мен уни ўргандим. Бу - келтириладиган мисоллар ва ҳақиқатлар билан аниқ равшан бўлади. Шояд кўплаб талабалар чумоли даражасига эришса. Менинг бу сўзимда ҳеч муболаға йўқ. Аллоҳ номига қасам ичиб айтаманки, бу – ҳақиқатдир. Дўстлар, мен бу ерга маза қилиб кулишимиз учун қисса айтгани келганим йўқ. Балки ибрат учун мисоллар келтиришни хоҳладим.

Азиз дўстлар, менинг, мавзудаги асосий бўлим - чумолининг биринчи тури ҳақида айтадиган сўзларимни диққат билан тингланг, кейин мен сиздан бир нарсани илтимос қиламан: бу чумоли билан ўзингизни, чумолилар оиласи билан жамоатингизни таққослаб кўринг. Агар инсофли бўлсангиз, чумолидек яшашдан қанчалар узоқ эканингизни тушуниб етасиз!

Кўп ўринларда чумоли эришган нарсаларга эришишни орзу қиласан киши. Буни асоссиз эмас, талайгина толиби илмлар ҳаётига назар ташлашдан олган хулосамга суяниб айтмоқдаман.

Шунинг учун ҳам бу ерга шу мавзуда гапириш ва Аллоҳ таоло яратган ушбу жониворда кўпчилигимиз бирон марта ўйлаб кўрмаган ибрат ва насиҳатлар бор эканини айтиш учун келдим. Кошки буни эътироф этсак, ибрат олсак ва фойдалансак.

Ичимиздаги кўпчиликка чумолининг ҳашаротлардан бири экани, уйимизга кириб қолгудек бўлса, ундан қандай қилиб қутулиш фикри ўрнашиб қолган. Лекин ғаройиб чумолидаги чиройли жиҳатларга қараш хаёлга ҳам келмаган.

Учинчи: Чумолининг Аллоҳнинг пайғамбари Сулаймон алайҳис-саломга нисбатан муносабатидан олинадиган дарслар

Азиз дўстлар, сўзимизни Аллоҳ таолонинг Китобидаги "Намл" сурасининг оятлари билан бошлайлик:

(حَتَّى إِذَا أَتَوْا عَلَى وَادِ النَّمْلِ قَالَتْ نَمْلَةٌ يَا أَيُّهَا النَّمْلُ ادْخُلُوا مَسَاكِنَكُمْ لا يَحْطِمَنَّكُمْ سُلَيْمَانُ وَجُنُودُهُ وَهُمْ لا يَشْعُرُونَ)

"То улар чумолилар водийсига етган вақтларида, бир чумоли: «Эй чумолилар, уяларингизга киринглар, яна Сулаймон ва унинг лашкарлари ўзлари сезмаган ҳолларида сизларни босиб-янчиб кетмасинлар», деган эди" (Намл: 18).

Агар мен бугунги маърузамни фақат шу оятнинг маъноларига бағишлаганимда ҳам, унинг адоғига ета олмаган, балки, мавзунинг баъзи тарафларинигина ёрита олган бўлардим. Чунки мавзу ғоят серқирра, шунинг учун мен унинг баъзи қирраларигагина ишора қилиб ўтаман. Зеро, донога ишора кифоя.

"То улар чумолилар водийсига етган вақтларида"... Демак, у ер "Чумолилар водийси" эди. У ерни нега "Чумолилар водийси" деб аталди? Чунки у ерда яшайдиган жониворларнинг энг кўпи чумолилар эди.

Баъзи минтақаларга борсак, у ерларни Амр қабиласи ёки Шеҳр қабиласининг минтақаси деб аталади. Бу ном нимани англатади ва нимага далолат қилади? Бу, ўша минтақада яшаётган одамларнинг аксарияти Амр ёки Шеҳр ёки бошқа, сиз таниган қабилага мансуб кишилар эканини англатади.

Демак, бу водийда яшаётган жониворлар чумолилар эди. Бу нимага далолат қилади? Бу чумолилар сонининг кўплигига далолат қилади. Шунинг учун ҳам бу водий "Чумолилар водийси" деб аталди.

Муфассирларнинг бу водийнинг жуғрофий ўрни ҳақида айтган сўзлари бизни қизиқтирмайди. У Тоифдами ёки бошқа ердами, бунинг фарқи йўқ. Бизни қизиқтирган нарса – у водийнинг чумолилар билан тўлиб-тошганидир.

Хўш, қандай воқеъа содир бўлди? Воқеъа Сулаймон алайҳис-салом лашкарлари билан "Чумолилар водийси"га етиб келганидан сўнг бошланди: "То улар чумолилар водийсига етган вақтларида, бир чумоли: «Эй чумолилар, уяларингизга киринглар..." деди. (Намл: 18). Аллоҳу Акбар! Азиз биродарлар, ўз оиласига хатар яқинлашаётганини билган чумоли баланд товуш билан: "Эҳтиёт бўлинг ва ўзингизни қутқаринг!": ".. яна Сулаймон ва унинг лашкарлари ўзлари сезмаган ҳолларида сизларни босиб-янчиб кетмасинлар»" дея нидо қилди (Намл: 18).

Бу қандай ҳам ажойиб чумоли! У ўз қавми учун қайғуриб, уларнинг масъулиятини зиммасига олибди! У хатарнинг олдини олиб: "Бошингизга хатар келаяпти, жонингизни қутқаринг!", деб нидо қилмоқда. Бу чумолининг қилган иши нақадар ҳайратомуз! Эй биродарлар, бу чумоли хатарни сезган пайтида ўз жонини қутқариш учун қочиб қолдими? У: "Мен нима ҳам қила олар эдим. Мен ёлғиз чумоли бўлсам! Олдимдаги лак-лак қўшинга қарши нима ҳам қила оламан! Чумолилар уммати жуда кўп сонли, бироқ, бир ўзимнинг қўлимдан нима ҳам келарди?!"- дедими?!

Азиз дўстлар, Аллоҳга онт ичиб айтаманки, Ислом Уммати бошига келаётган хатар Сулаймон алайҳис-салом давридаги чумолилар устига ёпириб келган хатардан каттароқ эмасми?! Қайси биримиз хатарни чумолидек ҳис этиб, Уммат ҳаётини қутқариш учун тиришаяпмиз?! Чор атрофидан хатар ёпирилиб келаётган бу Умматнинг қайғуси билан ким шуғулланаяпти?! Аллоҳ номига қасамки, бу хатар – битта ёки иккита эмас, балки сон-саноқсиздир: "(Улар) устма-уст зулматлардир" (Нур: 40). Ҳа, таҳдидлар остида қолган бу Уммат ғамини ким чекаяпти?!

Ўзимиз билан очиқ ва ростгўй бўлайлик. Биз бу Уммат учун қайғураяпмизми?! Унга нисбатан қилинаётган фитналар ва ҳужумлар олдида сергакмизми?! Ёки иш, оила, бола-чақа ва бошқа ғамларимизни олдинга қўйиб, Уммат ғамини ўртага ёки орқага қўймоқдамизми?! Уммат ғамини олдинга қўйган кишиларнинг сони жуда ҳам оз!

Севимли дўстлар, оятга яна бир назар ташлайлик: "бир чумоли айтди" дейилмоқда. Бу оятда "чумоли" сўзи ноаниқлик кўринишида истеъмол қилинди. Аллоҳ таоло: "Муайян чумоли айтди", демади. Балки ноаниқлик шаклидаги "чумоли" сўзини истеъмол қилди. Бу чумоли чумолилар подшосими, йўқми, бу ҳам маълум эмас.

Ҳа, бу сўз ноаниқлик шаклида истеъмол қилинди. У – узоқларга чўзилган водийдаги оддий бир чумоли, ўзининг ким эканини билди. Бизчи, биз нима билан машғулмиз?! Биримиз: "Уммат манфаати учун фалончи шайх нима қилибди? Шайх Абдулазиз ибн Боз (раҳимаҳуллоҳ) нима қилибди?"- деб сўрасак, бошқалар: "Мўътабар Уламолар Ҳайъати нима қилибди?"- деб сўраса, яна бошқалар: "Беш кишилик қўмита нима қилаяпти?"- деб, баъзилар эса: "Фалончи ва пистончи нима қилдилар?"- деб савол берадилар. Мен айни шу саволни сизларга бермоқчиман: "Уммат манфаати учун сиз ўзингиз нима қилдингиз?!".

Номаълум чумоли бир қавмни қутқариб қолди. Аллоҳ таоло оддий бир чумоли воситаси билан катта чумоли қавмига нажот берди.

Азиз дўстим, Уммат ғамини бировлар елкасига ортиб қўйишдан кўра осонроқ иш йўқ. Келинг, очиқчасига гаплашайлик: "Сиз Уммат манфаати учун нима қилдингиз, нима қилмоқдасиз ва нима қила оласиз?!".

Номаълум чумоли... Дўстим, сиз Умматингиз учун шу бир чумоли ўз оиласи учун қила олган ишни қила оласизми?!

Биз, энди иншааллоҳ, яна бир нуктада бир оз тўхталиб ўтамиз. Чунки, юқорида дарсни мухтасар қилишимни таъкидлаган эдим.

Ушбу ҳолат ҳам ажойиб: "Ҳой чумолилар, инларингизга киринглар, яна Сулаймон ва унинг лашкарлари ўзлари сезмаган ҳолларида сизларни босиб-янчиб кетмасинлар»" ( Намл: 18).

Аллоҳу Акбар! Чумоли ниятларни йўйиш билан кутиб ўтирдими?! У: "Сулаймон сизларни таҳқирлади, чунки сизлар кучсиз махлуқотсиз! Сизларга эътибор ҳам бермади"- дедими?! У ўз қавми билан савол-жавоб қилиб ўтирдими?! Агар бирон нарса демаса ҳам яхшилик қилган бўлар эди. Чунки, у Сулаймон алайҳис-салом ва лашкарларини оқлаб: "Мен сизларни эзиб-янчиб ташласалар ҳам, уларни ниятлари боис айбламайман. Чунки, улар сизларни "ўзлари сезмаган ҳолларида..." эзиб-янчиб ташлашлари мумкин" деган эди.

Аллоҳу Акбар! Бизнинг ҳолимиз ва воқелигимизга бир назар солинг!

Жоҳилият масалаларининг бир юз ўн иккинчисида: "Пайғамбарларнинг издошларини "дунё толиблари" дея айблаш, жоҳилият масалаларидан биридир" деб айтган Сулаймон Тамимийни Аллоҳ таоло раҳмат қилсин. Ҳа, ҳозирда одамлар уламоларни кўрсалар, дарҳол уларнинг ниятлари ҳақида баҳс қила бошлайдилар: "Бу - дунё мансабларидан бирини, у – ҳокимиятни, фалончи эса фалон нарсани мақсад қилаяпти", дейдилар. Уларни "радикаллар" демоқдалар! Сизлар "радикаллар" сўзи нимани ифодалашини жуда яхши биласизлар. Кошки бу "лақаб" илмоний (секулярист)ларнинггина оғзидан чиққан бўлса. Баъзи толиби илмлар ва олимлар (биз улар ҳақида ёмон фикрда эмасмиз) ҳам ўзлари қолиб, бошқаларнинг ниятларини таъвил қилиш билан овора бўлиб қолдилар: бу даъватчи ундай, униси бундай, у уни ҳоҳлайди, бу буни истайди, деб жар солмоқдалар. Пайғамбаримиз Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва саллам Зайд разияллоҳу анҳуга ҳаммамиз билган ҳодисада ва бошқа бир ҳодисада унинг ўғли Усома разияллоҳу анҳуга: "Унинг қалбини ёриб кўра қолмабсан-да?!"- деб танбеҳ берганлар (Имом Муслим, "Иймон": 96; Абу Довуд: 2643; Имом Аҳмад: 5/ 207).

Дўстлар, бир-биримизнинг қалбимизни ёриб кўришни Аллоҳ бизга амр қилмади. Ушбу чумоли ҳам бу масалани тушуниб етди. Ўз оиласига: "... Сулаймон ва унинг лашкарлари сизларни босиб-янчиб кетмасинлар", деганида бошқа гапга ўрин қолмаган бўлар эди. Бироқ, агар у шу гапни айтиб, жим қолса, оиласи жим қолмаслиги мумкин эди. Улар: "Сулаймон нима қилмоқчи ўзи? У нега бу ердан ўтаяпти, бошқа ер қуриб кетибдими?"- деб ниятлар таъвилига киришиши мумкин эди. Шунинг учун ҳам бу чумоли савол дарвозаларини беркитди ва: "улар сезмаган ҳолларида" деди. Яъни, унинг ниятларини таъвил қилманглар!

Шундай экан, модомики, бир сўзни айтар эканлар, бандаларнинг қалбларидаги нарсаларни тахмин қилиш билан овора бўлманглар! Бир чумолининг ўз қавмини ҳақиқатан эзиб-янчиб ташлаш учун келаётган лашкар ҳақидаги фикри шу бўлса, уларнинг нажоти учун куйиб-пишаётган биродарларининг ичларидаги ниятларини таъвил қилиш билан вақтларини зое қилаётган кишиларнинг ҳолига нима дейсиз?!

Хўш, чумолилар унга: "Сен салтанатни, шуҳратни қўлга киртмоқчисан!"- дедиларми? Йўқ! Чумолилар у айтган гапга қулоқ солиб, инларига кириб кетдилар ва шу митти чумолининг чақириғи билан жонларини сақлаб қолдилар.

Ҳа, ҳикоянинг шу ерида катта ибратлар бор. Лекин мен, юқорида айтиб ўтганимдек, сўзни мухтасар қилишга ҳаракат қиламан.

Келинг, чумоли қиссасида давом этайлик.