Душанба 24 Апрель 2017 | 27 Ражаб 1438 Ҳижрий-қамарий

асосий қисм

  • lotinchaga
  • +
  • -
  • |

Аёл ва унинг жамият устиворлигидаги ўрни

4758 марта кўрилган

المرأة وأثرها في استقامة المجتمع

Шайх Муҳаммад Ҳассон
Ислом Нури таржимаси


Барча ҳамду санолар Аллоҳга хосдир. Биз Унга ҳамд ва истиғфор айтамиз, Ундан ёрдам ва ҳидоят сўраймиз, нафсимизнинг шумлигидан ва амалларимизнинг ёмонлигидан Унинг Ўзидан паноҳ сўраймиз. Аллоҳ ҳидоят қилган кимсани адаштирувчи, адаштирган кимсани ҳидоят қилувчи йўқдир.

Мен ягона, шериксиз Аллоҳдан ўзга ҳақ илоҳ йўқ ва Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва саллам Унинг бандаси ва элчисидир деб гувоҳлик бераман.

Аммо баъд...

Аллоҳ йўлидаги дўстларим, фозила опа-сингилларим! Даврамизга хуш келибсиз, ушбу учрашувимизни Аллоҳ таоло барчамизга манфаатли қилсин, уни холис Ўзининг Юзини истаб қилинган амал қилсин ва қиёмат учун ҳозирлаган йўл озуқамизга айлантирсин.

«Ҳар бир жон ўз қилган яхши амалларини ҳозиру нозир ҳолда кўрадиган, ёмон амалларининг эса олис-олисларда қолиб кетишини истайдиган КУНни (эсланглар)! Аллоҳ сизларни Ўзининг (азобидан) огоҳ қилур. Аллоҳ бандаларига меҳрибондир» (Оли Имрон: 30).

Бугунги суҳбатимизни «Аёл ва унинг жамият устиворлигидаги ўрни» деб номладик. Одатимизга кўра, уни қуйидаги бир неча моддага бўлиб олиб борамиз:

Биринчи: Зарур муқаддима.

Иккинчи: Машъум тил бириктирув.

Учинчи: Ислом аёлни мукаррам этгани.

Тўртинчи: Аёлнинг мусулмон жамиятини бунёд этишдаги роли.

Бешинчи: Олий намуналар ва покиза ўрнаклар.

Олтинчи: Табрик ва хушхабар.


Биринчи: Зарур муқаддима

Фозила ва собира синглим!

Динимиз душманлари мусулмон аёл исломий жамиятдаги энг катта куч-қувват сабабларидан эканини жуда яхши билишгани боис унинг ҳаракатини фалаж қилиш ва ўзини фитна ўринларига тортиб тушириш учун кеча-ю кундуз тиним билмай режалар тузишади. Бу нарса уларнинг «Шароб косаси ва соҳибжамол аёл мусулмон умматини вайрон қилишда мингта замбаракдан кўпроқ иш беради, шундай экан уларни мол-дунё ва шаҳватлар уммонига ғарқ қилинглар» деган сўзларида ҳам очиқ кўринади.

Мусулмон аёл ўз умматига яна янгидан амалли олимлар ва содиқ мужоҳидларни туҳфа этиши мумкинлигидан хавотирланиш уларнинг уйқусини қочиради, улар мусулмон аёл бепуштга айланишини исташади, унинг яна янгидан Холидлар, Салоҳуддинлар ва Ибн Таймияларни дунёга келтиришидан қўрқишади.

Шунинг учун ҳам мустамлакачилар ўз ўринларига уларнинг барча режаларига мос келадиган ишончли янги мафкуравий армияни қолдириб кетишаётганига тўла ишонч ҳосил қилгачгина бизнинг диёрлардан ўз армияларини олиб чиқишди ва ўз ўринларига қолдириб чиқиб кетишаётган мазкур армия аъзоларини «озод этувчилар», «янгиловчилар», «тараққийпарварлар» каби жарангдор лақаб ва сифатлар билан атадилар.

Бу туркум одамларни улар жоҳилликларини ўрайдиган ва залолатларини яширадиган ёлғон ва сохта даъволар билан кўпиртириб, шишириб кўрсатишга, уларга ҳамманинг диққатини жалб қилишга зўр бериб уринишди.

Бироқ, бу нарса уларнинг жаҳолатини билимга, фисқу-фужурларини тақвога, одамлар қалбидан узоқликларини яқинликка айлантириб қўя олмайди, аслида.

Улар ичи бўш ноғорага ўхшашади, гумбур-гумбур овозлари эшитилгани билан ичлари бўм-бўш ва яхшиликдан холидир.

Таассуфлар бўлсинки, улар ичида фатвога мутасадди бўлган ва шаръий илм аҳллари деб танилган кишилар ҳам борки, улар ботил аҳлига ва дин душманларига ботил ишларида суянадиган эгри сўзларни тўқиб  бериб туришади.

Бухорий, Муслим ва бошқалар Абдуллоҳ ибн Амр розияллоҳу анҳумодан ривоят қилган ҳадисда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтганлар: «Албатта Аллоҳ илмни бандалари қалбидан суғуриб олиш билан олиб қўймайди, балки илмни олимларни ўртадан олиш билан олиб қўяди. Ҳатто бирон бир олимни қолдирмагач, одамлар жоҳил кимсаларни ўзларига бош қилиб олишади, улардан (фатво) сўралганда илмсизлик билан фатво бериб, (ўзлари ҳам) адашиб, (бошқаларни ҳам) адаштиришади» (Саҳиҳул-жомиъ: №1854).

Ўшалар ва уларнинг валинеъматлари ўзаро тил бириктириб, «хотин-қизларни озод қилиш», «хотин-қизлар эркинлиги», «хотин-қизлар ҳуқуқлари» учун курашиш мавзусидаги сохта шиорларни баланд кўтариб, томоқларини йиртадилар.


Иккинчи: Машъум тил бириктирув

Ҳа, азиз дўстларим!  Динимиз душманлари ва уларнинг думларининг мусулмон аёлни ҳар қандай йўл билан бўлса-да бузиш, динидан ва ахлоқидан маҳрум этишни кўзлаган машъум режалари бор.

Уммат душманлари ушбу режаларини айрим мусулмон ўлкаларида тўла-тўкис, айрим ўлкаларда эса қисман амалга оширишга муваффақ бўлдилар.

Мен ҳозир ушбу машъум режаларидан баъзиларини мухтасар шаклда сизларга айтиб ўтаман.


1)    Хотин-қизлар муаммоси деб аталган нарсани ўйлаб топганликлари:

Одамлар одатда уларни қўзғотадиган ва жунбушга келтирадиган бирон масала ўртага чиқмагунича ҳаракатга тушмай, бепарво ўтираверадилар. Шунинг учун ҳам дин душманлари одамлар орасига хотин-қизлар масаласи баҳс-мунозара қилишга муҳтожлиги ва уларга ёрдам кўрсатилиш, уларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш зарурлиги ҳақидаги гапларни киритиб юборишади, бу ҳақда матбуот воситаларида турли шов-шувли мақолалар эълон қилишади, мусулмон жамиятларидаги аёлларни доимий зулм ва қийноқ остида ҳаёт кечираётган қилиб тасвирлайдилар, уларни жамиятнинг эътиборсиз ташланган бўлаги деб атайдилар, эркак киши гўё аёл устидан мутлақ ҳукмронлигини ўрнатган ва аёл шўрлик ҳеч қандай ҳуқуққа эгамас экани ҳақида жар соладилар. Шу билан улар одамларга мусулмон жамиятларида хотин-қизлар муаммоси мавжуд деган фикрни сингдириб юборадилар, ҳақиқатда эса бундай муаммонинг ўзи мавжуд эмасдир.


2)    Мусулмон жамиятининг иммунитетини (иллатларга қарши курашувчанлигини) йўқ қилиш

Мусулмон жамияти – гарчи анча заифлашиб кетган бўлса-да – вужудида ақида ва ахлоққа кириб келадиган ҳар қандай ёт нарсага қарши иммунитет – курашувчанлик руҳи сақланиб тураркан, у ўзидан ҳар қандай нопокликларни улоқтириб ташлай олади. Шунинг учун ҳам душманлар мусулмон жамияти танасидаги иммунитетни заифлаштиришга, унинг вужудида бўлган ўз дини учун ҳамият қилиш ва ақидаси учун жонбозлик туйғусини ўчириб ташлашга зўр бериб уриндилар. Чунки, фақат шундан кейингина улар мусулмон жамияти вужудига ўзлари истаганча фасод ва разолатни ёғдириб ташлашга қодир бўлардилар.

Биринчи бор мункарни кўрганда кишининг юраги қалтираб кетади. Иккинчи мартада эса қалтираш анча пасаяди. Учинчи мартасида мункарга бепарволик билан қарайди. Тўртинчи марта эса ўша мункарга йўл ахтариб қолади. Бешинчи мартасида ўзи ўша мункарга қўл уради. Олтинчи мартасида бу ҳақда фалсафа тўқиб, бошқаларни ҳам унга чақиришга киришади.

Мусулмон жамияти танасидаги иммунитетни сусайтириш кўринишларидан баъзилари:

–    Ахлоқсиз газета ва журналлар аёлларнинг шармсиз  ва беҳаё кўринишдаги суратларини тинимсиз чоп этишлари ортидан кўпчилик одамлар наздида бу нарса одатий ҳолдек қабул қилинадиган бўлиб қолди, ҳатто бундай шармандаликни инкор қилиш оёқ-қўлга кишан уриладиган жиноят сифатида талқин этилиб қолди.

–    Сериаллар, кинофилмлар, телешоулар, учрашувлар, хабарлар орқали динсизларнинг бузуқ мафкуралари мунтазам суратда одамлар ҳаётига олиб кирилди ва бу нарса улар учун оддий ишга айланиб улгурди.

–    Мусулмон жамиятида аёл киши зулм остида ҳаёт кечиради, бинобарин хотин-қизлар озодлигини ва уларнинг эркаклар билан тенг ҳуқуқлилигини талаб қилиш зарур деган фикрни ўртага олиб чиқилди.

–    Оилани, оналикни ва эркак кишининг оиладаги раҳбарлик ролини табиатлар жирканадиган даражада бузиб кўрсатилди. Улар тасвирлашларича, мусулмон кишининг хонадони бир умрлик зиндон!! Эр золим зиндонбон!! Эрлик бошқарувчи яланғочланган қилич!! Оналик ҳайвонлар мисол бола кўпайтириш!! Бундай адолатсиз ва бўҳтон гаплар билан кўплаб хотин-қизларнинг бошини айлантиришнинг уддасидан чиқдилар.

–    Кўнгил тоза ва яхши тарбия кўрган бўлиш кифоя, ҳижобга ўраниш шарт эмас, деган фалсафа ортига яшириниб, ҳижобга қарши ҳар турли йўллар билан кураш олиб бориш ва эркаклар билан очиқ аралашиб юришга чорлаш орқали покиза аёлларни разолат ва фитна ботқоқларига ботирилди. Ваҳоланки, бундай адаштирувчи фикр эгалари ўзлари вабо ўринларидан моховдан қочқандек қочишади, соғлом одамнинг юқумли касалликлар билан оғриган кишилар билан аралашиб юришларини ҳеч ҳам ёқлаб гапиришмайди, ахир!!

–    Тўлқин пасайишини кутиш сиёсати. Бу эса ахлоқсизликка поғонама-поғона олиб бориш услубига эргашиш билан ҳосил бўлади. Норозилик тўлқини кўтарилган пайтда секин бошларини эгиб, тўлқин ўтиб кетишини кутиб ўтиришади. Кейин яна ҳам қаттиқроқ ва яна ҳам ашаддийроқ кўринишда фаолиятни давом эттиришади.

Суҳбатимиз давомида энди Ислом аёл кишини қандай мукаррам қилганини мухтасар шаклда баён қилиб ўтишга ҳаракат қиламан. Аллоҳга қасамки, ер юзидаги биронта ҳам дин ва биронта ҳам тузум аёл кишини Ислом мукаррам этганича мукаррам этган эмас. Суҳбатимизнинг учинчи моддаси шу ҳақда бўлади.


Учинчи: Ислом аёлни мукаррам этгани

Мен сизларга хотин-қизларнинг Ислом келишидан олдин греклар, римликлар, хитойликлар, ҳиндлар, форслар, яҳудлар, насронийлар ва жоҳилият даври араблари ичида тутган ўрни ҳақида бирма-бир гапириб ўтган бўлардим-у, бироқ вақт бунга имкон бермайди. Бир сўз билан айтганда мазкур жамиятлар наздида аёл киши яшашга ҳам ҳақли бўлмаган нопок бир махлуқ сифатида кўрилган.

Ислом келгач, аёл кишини бундай тубан ўриндан юксалтириб, сотиладиган ва сотиб олинадиган оддий бир матоликдан, орият қилиб ва фақирлик туфайли тириклайин кўмиб юбориладиган, шафқатсизларча ўлдириб юбориладиган қадрсиз бир нарсаликдан қутқариб, ҳеч кимнинг хаёлига ҳам келмаган юқори даражаларга олиб чиқди.

Ислом келгач, аёл кишини эркак кишининг тенгига айлантирди. Аҳмад, Абу Довуд, Термизий, Ибн Можалар Оиша розияллоҳу анҳодан ривоят қилган ва Албоний саҳиҳ санаган ҳадисда Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтганлар: «Аёллар эркакларнинг туғишган опа-сингилларидир» (Саҳиҳул-жомиъ: 1983).

Ислом келгач, онага яхшилик қилишни отага яхшилик қилишдан муқаддам ўринга қўйди. «Саҳиҳайн»да Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: Бир киши Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам ҳузурларига келиб: «Ё Расулуллоҳ, яхши муомаламга ким кўпроқ ҳақли?», деб сўради. «Онанг!» дедилар Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам. «Кейин ким?» деб сўради. «Онанг!» дедилар. «Кейин ким?» деб сўради. «Онанг!» дедилар. «Кейин ким?» деб сўради. «Отанг!» дедилар (Муттафақун алайҳ).

Ислом келгач, аёл кишини турмуш ўртоқ сифатида мукаррам қилди. «Саҳиҳ Муслим»да Жобир ибн Абдуллоҳ розияллоҳу анҳудан ривоят қилинган ҳадисда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам Ҳажжатул-вадоъда шундай дедилар: «Хотинлар хусусида Аллоҳдан тақво қилинглар! Зеро, сизлар уларни Аллоҳнинг омонати билан олдинглар ва фаржларини (таносил аъзоларини) Аллоҳнинг калимаси билан ҳалол қилиб олдинглар».

«Саҳиҳайн»да Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинган ҳадисда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: «Аёлларга яхшилик қилишни бир-бирингизга тавсия қилинглар!», деганлар.

Аҳмад, Термизий, Абу Довуд ва бошқалар Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилган, Албоний ҳасан санаган ҳадисда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтдилар: «Мўминларнинг иймони комилроғи хулқи гўзалроғидир. Сизларнинг яхшиларингиз ўз аёлларига яхши бўлганларидир» (Термизий: №1162, Абу Довуд: №4682).

Ислом келгач, аёл кишини қиз фарзанд сифатида мукаррам қилди. Имом Муслим Анас розияллоҳу анҳудан ривоят қилиб келтирган ҳадисда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: «Ким икки жорияни (яъни, иккита қизни) то балоғатга етгунларича ўз қарамоғига олса, у киши қиёмат куни мен билан бирга мана бундай келади», деб икки бармоқларини бирлаштирдилар (Муслим: №2631). Термизий ривоятида: «Ким иккита қизни бўйига етгунича парвариш қилса, мен ва у жаннатга мана бундай кирамиз», дедилар ва кўрсаткич бармоқлари билан ўрта бармоқларини ёпиштирдилар (Термизий: №1917).

Ибн Аббос розияллоҳу анҳумодан ривоят қилинади: Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтдилар: «Қай бир мусулмоннинг иккита қизи бўлса-ю, уларни чиройли тарбия қилса, улар уни албатта жаннатга олиб кирадилар» (Саҳиҳул-адабил-муфрад: 57).

«Саҳиҳайн»да Оиша розияллоҳу анҳодан ривоят қилинади: «Бир бечора аёл икки қизчасини кўтариб ҳузуримга келди. Мен аёлга ҳузуримдаги бор нарсани – учта хурмо бердим. У  қизларига биттадан хурмо берди, ўзи учинчисини энди оғзига олиб борганида қизлари яна қўл чўзишди. Шунда аёл учинчи хурмони ҳам уларга бўлиб берди. Менга аёлнинг қилган иши жуда ёқди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам келганида бу воқеани айтиб бердим. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: «Аллоҳ таоло аёлга ана шу иши сабабли жаннатни вожиб қилди ёки уни дўзахдан қутқарди», дедилар.  

Бошқа бир ривоятда: «Мен бу ҳақда Расулуллоҳга айтган эдим, «Кимки қизлари тарафидан бирон имтиҳонга солинса, шунда уларга яхшилик қилса улар у учун дўзахдан парда бўладилар», дедилар (Бухорий: 4/26, Муслим: №2629, Термизий: №1916).

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам буни имтиҳон деб атадилар, чунки, кўпчилик одамлар учун бу одатда ёқимсиз иш саналади.

Исломнинг аёл кишини мукаррам этганлиги шу билан ҳам яққол кўринадики, Қуръондаги бутун бошли бир сура улар номи билан, яъни «Нисо» (аёллар) сураси деб аталди.

Шу миқдор далиллар келтириш билан кифояланаман, аслида бу ҳақда жуда кўп далиллар келган. Аллоҳга қасамки, аёл киши ўзининг азизлиги, шарафи ва улуғлигига фақат Исломда эришди.

Балки, ҳозирги пайтда шарқу-ғарбдаги аёллар ҳуррият ва маданият даъвогарлари ривожлантираётган нарсаларнинг аксини айтиб ҳайқирмоқдалар.

Яхши биласизларки, бу кофир диёрларда аёл киши ёш ва гўзал чоғида унинг ёшлиги ва жамолидан фойдаланадилар, вужудидан лаззат оладилар, кексайган чоғида эса биронта қариялар уйига ташлаб кетадилар, у ўша ерда то ўлгунича ҳеч кимнинг эсига келмай, унутилган ва ташландиқ ҳолда кун кечиради. Агар болалари бор бўлса, йилда нари борса бир ё икки марта кўргани келишади. Биз бу ҳолатни Европа ва Америкада ўз кўзимиз билан кўрдик. Америкага охирги сафарим пайтида мусулмон эри ёнида яшаётган бир америкалик муслима билан кўришиб қолдим ва унинг Исломни қабул қилганидан кейинги ҳиссиётлари билан қизиқдим. У деди: «Аллоҳга қасамки, эй оға, мен бутун дунё аёлларига айтган бўлардимки, сизлар ўзингиз учун ҳурмат-эътиборни фақат Ислом сояси остида топасиз!».